+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

«МЕН БУЮК ЮРТ ФАРЗАНДИМАН!»

(Янги китоб)

Шоирлик касб эмас, бу кўнгил иши. Шу боис ҳам шеъриятга бўлган иштиёқ ҳеч қачон сўнмайди ва бу ҳеч бир мажбуриятсиз қўлга қалам тутиб ёзишга ундайверади.

Вилоятимизда эса бу каби иштиёқмандлар талайгина. Асакалик ёш ижодкор Шоҳсанам Эргашева ҳам болалик пайтиданоқ шеърлар машқ қила бошлаган. Унинг ижодий намуналари матбуот нашрларида чоп этиб келинмоқда. Ш. Эргашева бугунги кунда вилоят ҳамда республика кўрик-танловларида иштирок этиб, маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Яқинда унинг мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли шеърий тўплами "Истиқлол нури" нашриётида нашрдан чиқди. Ушбу мўъжаз китобга Ватан, ота-она, дўстлик, меҳр-оқибат, севги-муҳаббат ҳақидаги шеърлари киритилган бўлиб, "Нурли заминлар", "Ватан сени улуғлашга сўзим етмас", "Самарқанд", "Бардош", "Ўзбекчилик" каби шеърларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тўпламдаги шеърий сатрлар содда ва самимийлиги билан ажралиб туради, ўқувчини фикрлашга, мулоҳаза юритишга ундайди.

Ижодкор изланишдан, ўқиб-ўрганишдан чарчамасагина унинг ёзган нарсалари янада сайқалланиб бораверади. Шоҳсанам Эргашева ҳам ушбу сўзларга амал қилган ҳолда, ижод йўлида изланиб, интилиб боришига ҳақиқий ижодкор бўлиб етишишига ишонамиз.

Ш.Эргашеванинг "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли китоби ҳам шеърият мухлисларига манзур бўлади, деб умид қиламиз.

«Иқбол» газетаси таҳририяти.

 

СОFЛИГИНГИЗ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

(муносабат)

Мана куз фасли тугаб, аёзли қиш бошланди. Куз ойларида, ҳатто шу кунларда ҳам баъзи юртдошларимиз дарахт барглари - хазонларни, ахлат уюмларини тўплаб ёқиб юбораётганлигини учратиб турибмиз. Табиийки бу ҳолат инсонлар саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади, атроф-муҳит мусаффолиги бузилишига сабаб бўлади. 

Хазон ва ахлат уюмларини ёқишдан ҳосил бўладиган тутун, ундаги зарарли газлар кишиларда ўпка, турли аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ахлатлар таркибидаги заҳарли моддалар қонда кислород алмашинувини бузиб, асаб тизимини зарарлайди. Энг ёмони, ахлатни ёқишдан чиқадиган заҳар юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ тарқатади. Хазон тутуни атмосфера таркибидаги кислородни камайтиради. Заҳарли газлар, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастлайди.

Демак, бундан кўринадики, инсон ўз саломатлигининг ёмонлашувига биринчи галда ўзи сабабчи бўлиши мумкин экан. Шу боис, табиат, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, заҳарланишига асло йўл қўймаслигимиз лозим.   Атроф-муҳитнинг нечоғли покиза, озода бўлса, шу билан бирга, соғлом турмуш тарзига амал қилсак, саломатлигимизда муаммолар бўлмаслиги аниқ.

 

Олеся РОГОЖНИКОВА,

 

АДТИ қошидаги академик лицей ўқитувчиси.

МЎЪЖИЗАКОР ЛИМОН

(Шифобахш неъматлар)

Лимон мeвалар ичида энг мўъжизакори ҳисобланади. Шунданми, бу мeванинг инсон саломатлигида тутган ўрни бeқиёсдир. Айниқса, нафас йўли, томоқ касалликлари ва вирусли инфeкцияларда ниҳоятда фойдалидир.

Лимон таркибида C витамини кўплиги боис, иммунитeтнинг организмдаги инфeкцияларга қарши курашиш қобилиятини кучайтиради. Қолавeрса, лимон юрак мускули тонусига ижобий таъсир кўрсатади, қон ва қон томири дeворларини мустаҳкамлайди, қон томирлари атeросклeрози ва томирда холeстирин пилакчалари билан тиқилиб қолишининг олдини олади. Лимонни шакарсиз истeъмол қилиш кўпроқ фойда бeради. Шунда у ўзининг фойдали хусусиятини йўқотмайди. Асаб толиққанда, чарчаганда лимонни қайта-қайта ҳидлаш кайфиятни кўтаради, юракка қувват бағишлайди.

Аммо лимоннинг эти мeъдага зарарли. Шу боис, мeва ва унинг шарбати гастрит касаллигига учраган бeмор-ларга тавсия этилмайди.

Лимоннинг асл ватани Ҳиндистондаги Ҳимолай тоғлари бўлиб, у ердан  дунёнинг      бошқа ўлкаларига тарқалган.

Кавказ халқларида лимон ҳақида шундай ривоят мавжуд: Қадим даврларда шоҳлардан бирининг хизматкори хатоси учун жазоланибди. Дарғазаб бўлган шоҳ хизматкорни зиндонга ташлашни ва унга фақат бир хил таом бeришни буюрибди. Қандай таомни, дeб сўрашганида шоҳ ўзи танласин, дeбди. Асир лимон бeришларини илтимос қилибди ва ҳайрон бўлган посбонларга айтибди: "Лимоннинг ҳиди руҳимни кўтаради, пўсти ва уруғлари юрагимга қувват бўлади, бўлаклари озуқа ўрнини тўлдиради, шарбати эса    чанқоғимни босади". Бундан кўринадики, лимоннинг шифобахшлиги азалдан маълум бўлган.

 

Моҳичеҳра ҲАМИДОВА тайёрлади.

ТАРFИБОТ ИШЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

(1 декабрь - Жаҳон СПИД (ОИТС) га Қарши кураш куни )

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил       7 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2013 йил 22 августда маъқулланган "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ҳамда "Ўзбекистон Республикасида 2013-2017 йилларда ОИВ инфекцияси   тарқалишига қарши курашиш стратегик дастури" ижросини таъминлаш борасида Андижон вилоятида, хусусан, вилоят     ОИТСга қарши кураш маркази томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида муайян ишлар амалга оширилди.

 Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ОИВ инфекцияси дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олган. Мамлакатимизда ана шу хавфнинг олдини олиш, унга қарши кураш чораларини ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ва тизимли олиб борилишини таъминлаш борасида вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда Марказ томонидан  ички ишлар, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими, ФҲДЁ бўлимлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кенг-кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида ОИТСнинг келиб чиқиши, тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган суҳбатлар, учрашувлар, шунингдек, касалликнинг юқиш хавфи юқори бўлган аҳоли гуруҳлари, ёшлар ўртасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоятдаги барча маҳаллаларда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда маҳалла фаоллари, хорижда бўлиб қайтган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ОИТС хасталигининг олдини олиш мавзусида 2 мингдан зиёд турли тадбирлар, шунингдек, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида "Сиз ОИТС ҳақида биласизми?" мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларининг соғлом турмуш тарзи фани ўқитувчилари ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ҳамда мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига ОИТС хасталиги, уни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида зарур маълумот ва билимлар берилмоқда. Ана шу тадбирлар доирасида иштирокчиларга кўплаб адабиётлар, буклетлар тарқатилди, кинофильмлар намойиш этилди.

- Хорижий давлатларда узоқ муддат бўлиб қайтган фуқароларимизда касалликни юқтириш хавфи юқори, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи Баҳодир Йўлдошев. -  Шу боис, чет элларда узоқ муддат бўлиб қайтган фуқароларимиз дастлабки кунларданоқ тиббий кўрикдан ўтишлари йўлга қўйилган. Бу касалликнинг ташқаридан оилага кириб келишининг олдини олади ҳамда ҳудуддаги эпедемик вазият барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Юқоридаги саъй-ҳаракатлар мазкур йўналишдаги    тарғибот ишлари самарадорлигини оширмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ОИТС ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги тушунчаларини, шунингдек,  соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини мустаҳкамламоқда.

Марказ мутахассислари томонидан вокзал, аэропорт, бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда ҳам кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, самолётларнинг учиши олдидан хорижга кетаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлар ўтказилиши йўлга қўйилганлиги, уларга ОИТСнинг     аянчли оқибатларини намойиш этувчи буклетларнинг тарқатилиши аҳолининг ҳушёрлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, аср вабоси саналган ОИТС хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш, ушбу касаллик, унинг   оқибатлари ҳақида фуқароларга кенг маълумотлар бериш борасида  вилоятимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.                           

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

"БИЗ - ОИТСГА ҚАРШИМИЗ"

Андижон давлат университетида ана шу мавзуда семинар бўлиб ўтди.

1 декабрь - ОИТСга қарши Халқаро кураш куни муносабати билан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда АДУ "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар иштирок этиб, мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбирда глобал муаммога айланган ушбу хасталикнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш, бемор фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасидаги тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокор ва мутахассислари томонидан мавзу доирасида маърузалар ўқилди. Касаллик, унинг профилактикаси хусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Талабалар ижросидаги касалликнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

- Бугунги кунда Спид/ОИТС касаллиги глобал муаммога айланган, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари Баҳодир Fаниев. - Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзидаги 34 миллион нафар киши аср вабоси деб номланган ушбу касалликдан азият чекмоқда. Ҳар йили уларнинг сафига яна 2 млн. 700 минг киши қўшилиб бормоқда. Ушбу офат дунёдаги бирор бир мамлакатни четлаб ўтгани йўқ. Минг афсуски, юртимизда ҳам ОИТС инфекцияси хасталигига чалинганлар йўқ эмас. Ана шундан келиб чиқиб, тарғибот ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда мутахассис ва иштирокчилар томонидан тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш ҳақида таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга мавзуга оид буклетлар, кўргазмали воситалар тарқатилди.

Жанона МАМАДАЛИЕВА,

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси.

СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Андижон педагогика коллежида "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими    бошқармаси ҳамкорлигида "Соғлом ҳаёт - соғлом келажак" мавзусида семинар ўтказилди.

"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида амалга оширилаётган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови"      лойиҳаси асосида ўтказилган ушбу семинарда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, шифокорлар иштирок этиб, мавзу доирасида фикр алмашдилар.

Тадбирда сўз олган коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Х. Алижонова, психолог Г. Fаниева, "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев ўқувчилар ўртасида  соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб этиш масаласининг долзарблиги ва аҳамияти, лойиҳа ва семинарнинг мақсад ва вазифалари хусусида атрофлича гапирдилар.

Шундан сўнгра "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши қошидаги "Ўқув-услубий марказ" нодавлат таълим маркази вилоят координатори О. Тожиаҳмедова, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Ж. Мамадалиеванинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.

Семинар давомида маърузалар, умуман, мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Якунда семинарда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга таҳририятнинг эсдалик совғалари -  соғлом турмуш тарзи, саломатликка оид адабиётлар тўплами тақдим этилди. Барча иштирокчиларга "Иқбол" газетасининг махсус сонлари ва буклетлар тарқатилди.

Тадбир ўқувчи ёшларнинг соғлом турмуш тарзига оид билимлари, тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтиришга хизмат қилди.

 

 

Зилола РАҲМОНОВА.

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ УЧУН ОВОЗ БЕРАМАН

(Муносабат)

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: "Эй болам, сенинг Ватанинг битта - барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг ҳоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат, сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлик адо этишингга боғлиқ" деб айтган сўзлари ҳамиша мени фаолликка, масъулият билан яшашга ундайди.

Бугун Ўзбекистонда мен каби миллионлаб ёшлар янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилиб вояга етмоқда. Дунёда, юртимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалар бизларни ҳеч вақт бефарқ қолдирмайди. Оммавий ахборот воситалари орқали жаҳондаги кўплаб мамлакатларда биз каби ёшларнинг ишсизлик, бошпанасизлик, қашшоқликдан азоб чекаётганликларини кўриб, эшитиб, Ўзбекистондек бағрикенг Ватанда туғилганимдан фахрланаман. Юртимизда биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг эса чегараси йўқ.

Бу йил 18 ёшга тўлдим.     Конституциямизнинг 117-моддасида белгилаб қўйилган ҳуқуқларимга асосан, биринчи марта 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашаман. Ватаним тақдирини ўз тақдирим, деб билиб, ушбу муҳим сиёсий тадбирда Ўзбекистоннинг эртасини янада ёруғ бўлишига хизмат қиладиган энг муносиб номзод учун овоз бераман.

 

Мавлуда АЗИМОВА,

 Балиқчи индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси.

 

АНДИЖОНЛИКЛАР FОЛИБ БЎЛДИ

(Танлов)

Фарғона политехника институтида ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Қувноқлар ва зукколар" республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Танловда Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Хўқанди латиф", Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежининг "Амакиваччалар", Асака иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Бойвачча" ҳамда Наманган тиббиёт коллежининг "Нарқоз" жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Иштирокчилар хазил-мутойиба, қизиқарли саҳна кўринишлари асосида белгиланган учта шарт бўйича ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этдилар. Якуний натижаларга кўра, "Амакиваччалар" жамоаси ғолиб деб топилиб, танловнинг республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

-  Ўзига хос кулгу байрамига жиддий тайёргарлик кўрган ўн бир нафар йигит-қиздан иборат коллежимиз жамоасининг танловда  ғолиб бўлганлиги барчамизни қувонтиради, - дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўинбосари  М. Қосимова. - Жамоа ғалабасига фаол қизларимиздан Зулхумор Нўъмонжонова, Фарангиз Абубакирова муносиб ҳисса қўшганлигини алоҳида эътироф этиш керак.

Дарҳақиқат, эришилган ғалабага нафақат, қизларимиз, балки ҳар бир жамоа аъзосининг алоҳида хизмати бор. Қолаверса, мазкур муваффақият коллеж маъмурияти, педагогик жамоаси томонидан таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва ўқувчилар фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар маҳсулидир.

Ўқувчиларимизга танловнинг республика босқичида ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.

Мавжуда РИЗАЕВА,

 

Андижон машинасозлик коллежи ўқитувчиси.

САЙЛОВДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАДИ

(4 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни) 

Андижон давлат университетида "Ўзбекистон Республикасида аёллар сайлов ҳуқуқларининг кафолотлари" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган ва олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, корхона, ташкилот ва муассасалар хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, талаба ёшлар қатнашган мазкур тадбирда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик, ушбу сиёсий жараёнда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Сайловда 994 минг нафарга яқин андижонлик хотин-қизларнинг овоз бериши кўзда тутилган, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. Сайловга саноқли кунлар қолган айни дамда опа-сингилларимизнинг ушбу жараёнда фаол иштирок этишини, сайловни очиқ-ошкора ва қонунийлик асосида ўтишини таъминлаш борасида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, шу кунларда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, унинг туман ва шаҳар тузилмалари ва бошланғич ташкилотлари томонидан "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти, сайловларда иштирок этадиган хотин-қизларнинг, айниқса, сайловда илк бор қатнашадиган ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчларини     бойитишга қаратилган мулоқот, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилаётганлиги уларнинг сайлов ҳуқуқи борасидаги саводхонлигини, бурч ва масъулиятларини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, семинарда 5278 нафар хотин-қиз, жумладан, 1083 нафар бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси участка сайлов комиссиялари раҳбари, аъзоси сифатида сайлов кампанияси жараёнидаги тарғибот ишларида фаол қатнашаётганлиги таъкидланди.

Семинарда мавзу доирасида маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА

(Маслаҳатчилар фаолиятидан)

Андижон шаҳридаги Ҳамдўстлик маҳалла фуқаролар йиғини барча йўналишлари бўйича намунали фаолият олиб бораётган маҳаллалардан биридир. Эришилаётган муваффақиятларда эса маҳалла етакчилари ва фаоллари, айниқса, маслаҳатчининг алоҳида хизматлари бор.

Ҳамдўстлик маҳалласи Андижон шаҳрининг гавжум Эски шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг кўрки, қиёфаси кундан-кунга чирой очмоқда. Маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 4420 нафар аҳолининг деярли ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла маслаҳатчиси Зулфизар Қосимова ва унинг атрофига уюшган фаол аёллар ҳар бир оила, ҳар бир хотин-қизнинг қувончу ташвишига шерик. Уларнинг ташаббуси билан тўй-маъракалар, турли маросимлар ҳамжиҳатликда, уюшқоқликда ўтмоқда.

  Миллатимизга хос бўлган одамларга меҳр улашиш, кам таъминланганлар ва кексаларни ардоқлаш, имкони борича уларга ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёш оилалар  мустаҳкамлиги, қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар самимийлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, маҳалла аҳли фаоллигини оширмоқда. Шу ўринда  5 нафар келинчакдан иборат маҳалла жамоаси "Маҳалла маликалари" кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрли 1- ўринга сазовор бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли.

- "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, оналар ва болалар саломатлиги доимий эътиборимизда, - дейди маслаҳатчи З. Қосимова. - "Саломатлик сектори" аъзолари шифокорлар билан ҳамкорликда хомиладор аёллар, ўсмир ёшдаги  йигит-қизлар, кексалар ва ногиронларнинг       соғлигини назоратга олганлар. "Саломатлик-туман бойлик", "Эрта никоҳларга йўл қўймайлик", "Соғлом турмуш тарзи - соғлом келажагимиз асоси" сингари мавзуларда ўтказилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ижобий натижалар бермоқда.

 Дарҳақиқат, маҳаллада юқоридаги каби, қолаверса, ёш оила қурувчиларга тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, ёшларнинг турли иллатлар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолиши сингари салбий ҳолатларнинг  олдини олиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Зулфизар Қосимова ўз ишига масъулият билан ёндошади. Шу боис ҳам мавжуд муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатади, мурожаат қилганларга имкон қадар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади.  Ҳар бир ишда маҳалла раиси Соҳибжон Комилжонов, сардор Музаффаржон Тошматов ҳамда маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат иш юритади.

 Фаол, ташаббускор ва самарали фаолияти билан З. Қосимова "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг шаҳар   босқичида фахрли 2- ўринни эгаллади.

Зулфизар Қосимова нафақат маҳалла аҳли орасида ҳурмат ва эътибор топган, балки намунали уй бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси сифатида ҳам кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Муштарий КАТТАБОЕВА,

жамоатчи мухбир.