+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ГЎЗАЛ ХИСЛАТЛАР ҲАМРОҲИНГИЗ БЎЛСИН

(4- сон)  Психолог маслаҳати

Ёшим 37 да, уй бекасиман. 3 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим тез-тез Россия давлатига ишга бориб келади. Негадир биз - эр-хотин ҳеч чиқиша олмаймиз, у мени умуман, эшитишни истамайди. Кўпинча уйда бўлган чоғларида спиртли ичимлик ичиб келиб, уруш-жанжал қилади. Фарзандларим ҳам отасидан қўрқиб вояга етишмоқда. Бундай шароитда қандай йўл тутсам   фарзандларим ва оилам учун яхши бўлади. Маслаҳат берсангиз.

Н. Рустамова,

Шаҳрихон тумани.  

 

Ушбу саволга Академик Норбеков раҳбарлигидаги "Бахтли аёл сирлари" курси тингловчиси Махфузахон Алимова жавоб бериб, мавзу доирасида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Инсон хато қилаётганини ўзи англаб етмаса, унга буни тушунтириш бефойда. Аммо ҳолатни яхши томонга ўзгартиришни истаётган экансиз, астойдил ҳаракат қилинг. Масалага ойдинлик киритинг. Турмуш ўртоғингиз сиз билан нима учун жанжаллашади, нега сизни эшитишни, тушунишни истамайди, нега спиртли ичимлик ичади? Бу каби саволларга жавоб топишга урининг ва шунга қараб йўл тутинг. Оилангиз тинчлиги ва ҳотиржамлиги учун аввало, сиз ўзингизни ўзгартиринг. Эҳтимол, сизнинг кийинишингиз, муомалангиз,  рўзғор тутумингиз эрингизга ёқмаётгандир. Балки сиз ўзингиз уни тушунмаётгандирсиз. Бу масалаларда ҳам сиздан зийраклик талаб қилинади. Турмуш ўртоғингизга нималар ёқади ва нималар маъқул келмайди? Муомала-муносабатда ана шунга алоҳида эътибор қаратинг. Унинг жаҳлини чиқарадиган ишлардан йироқ бўлинг.

Ваҳоланки, сизнинг сўзларингизни эшитишни истамаётган экан, бирор яқин қариндошингиз ёки сўзига қулоқ тутадиган катталардан илтимос қилинг, эрингизга насиҳат қилишсин. Бу унга таъсир кўрсатишнинг энг самарали усулидир.

Агар турмуш ўртоғингиз аввалдан бадфеъл, сизга ва оилангизга нисбатан бефарқ бўлган бўлса, унинг бу феълини ўзгартириш жуда мушкул иш. Сабаби инсон ўзгаришни ўзи хоҳламаса ёки бирор воқеа-жараён бунга туртки бўлмаса, феъл-атвор ижобийлашиб қолмайди. Аммо ҳаётингизни яхши томонга ўзгартириш ўзингизнинг қўлингизда. Бунинг учун астойдил ҳаракат қилишингиз керак. Турмуш ўртоғингизни ўзгартириш фикридан воз кечинг, Яхшиси ўзингизни, турмуш тарзингизни ўзгартиришга урининг, сизни янада ёрқин қилувчи жиҳатларга диққат-эътиборингизни қаратинг. Бирорта севимли машғулотингиз билан шуғулланинг. Аёл кишига хос барча гўзал ҳислатларни ўзлаштиринг, ҳамиша озода ва чиройли бўлишга урининг, ёмон ҳислатларингизнинг бахридан ўтинг, ҳар қандай вазиятда ҳам    сабрли бўлинг. Энг асосийси, фарзандларингизнинг тарбияси билан жиддий шуғулланинг. Уларга кўпроқ меҳр беринг, шу билан бирга, билимли, ҳунарли ва меҳнаткаш бўлиб улғайишлари учун замин яратиб беринг. Вақти келиб, фарзандларингиз улғайишганида сиз қандай қийинчиликларни бошдан кечирганингизни, матонат билан уларни енгиб ўтганингизни тушуниб етишсин. Ҳозирдан уларга буни тушунтириб боринг ва ўзлари гувоҳи бўлишсин, токи сизнинг қадрингизни фарзандларингиз англасин. Ахир бор умидингиз мана шу қоракўз фарзандларингиздан эмасми?!

Ниҳолга қанчалик парвариш берсанг, у кун келиб шундай ҳосил берадики, бундан нафақат, ўзингиз балки, кўпчилик баҳраманд бўлиши тайин. Шундай экан, фарзандларингизга кўпроқ эътибор қаратинг. Шунингдек, сабр ва чидам, меҳнат ва матонат, садоқат ва муҳаббат каби гўзал ҳислатлар ҳамроҳингиз бўлсин. Энг асосийси, ўзингизни ҳурмат қилишдан тўхтаманг ва албатта, эътиборли бўлинг. Олдингизга қўйган мақсад сари сабот билан дадил интилинг. Шундагина бахт ва қувончли кунларга ета оласиз.

 

 

Хосиятхон ёзиб олди.

ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАМИЗ

(4- сон)  "Ораста қизлар" тўгараги фаоллари

Коллежимиз Андижон шаҳридаги намунали таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ҳамма жойда бўлгани каби  ушбу таълим масканида ҳам биз - ёшларнинг ўқиб-ўрганишимиз, пухта билим олишимиз ва ҳунар эгаллашимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган.

 Коллежимизда айниқса, қизлар тарбиясига, уларнинг одоб-аҳлоқи, маънавияти, келгусида асқотадиган ҳунар ва билимларни ўзлаштиришлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, коллежимизда фаолият олиб бораётган "Ораста қизлар" тўгараги машғулотлари орқали қизлар бу борадаги билимларини мустаҳкаммлаб бормоқда. Бундан ташқари,  ўқувчи-қизлар учун ташкил этилган тикувчилик, тўқувчилик, пазандачилик, "моҳир қўллар", "мунчоқли безак" тўгараклари ҳам  билимга      чанқоқ, интилувчан ва тиришқоқ қизларнинг билим ва кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айниқса, "Ораста қизлар" тўгараги машғулотлари ўқувчи-қизларнинг одоб-алоқ, соғлом турмуш тарзи, оилавий ҳаёт борасидаги билимларини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, "Соғлом турмуш тарзига амал қилинг", "Шахсий гигиена", "Тоза қўллар", "Репродуктив саломатлик", "Қизлар бўлғуси она", "Эрта турмушнинг салбий оқибатлари", "Миллий қадриятларимиз", "Кийиниш маданияти", "Сўзлашиш одоби" каби мавзуларда мутахассислар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда барча қизлар фаол иштирок этмоқда.

Мен ҳам "Ораста қизлар" тўгарагининг фаол аъзосиман. Тўгарак машғулотларида  тиббий ва тарбиявий, миллий қадрият ва урф-одатларимизни эъзозлаш борасидаги билимларимизни бойитиб бораяпмиз.  Ўқувчи қизларнинг иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришда ушбу тўгаракнинг роли ниҳоятда катта.

Бир сўз билан айтганда, Қимматхон Нурматова раҳбарлигидаги "Ораста қизлар" тўгараги фаолияти доирасида коллежимизда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Тўгарак фаоллари бўлган биз ёшлар берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, билим ва касбий малакамизни ошириш, келажакда малакали мутахассис бўлиб етишиб, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Ҳилола БАҲОДИРЖОНОВА,

 

Андижон политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

ИНГЛИЗ ТИЛИ ДАРСИДА ЎЙИНЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ САМАРАЛАРИ

(4- сон)  Мутахассис минбари

Инглиз тили дарсларида турли ўйинлардан фойдаланиш ўқувчиларда чет тилига бўлган қизиқишни оширишнинг энг самарали усулларидан бири ҳисобланади.

Ушбу усулдан фойдаланиш ҳис-ҳаяжонни ва диққатини бир жойга қўйишни талаб қилади. Қолаверса, ўқувчини аниқ бир қарорга келишга ўргатади.

Ўйинлар ўқувчиларнинг хорижий тилни ўзлаштиришида, хусусан, тинглаб тушуниш, гапириш, ифодали ўқишни ва ёзувини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Ўқувчилар тақлид қилишга мойил ва ниҳоятда қизуқувчан бўлганлари сабабли ўйинларда образга кириш ҳолатининг асоси  қизиқувчанлик шаклида намоён бўлади, ўқувчидаги изланувчанлик қобилиятини ўстиради.

Инглиз тилини ўқитишда образга кириш элиментлари бўлган ўйинларнинг қўлланилиши муҳимдир, чунки бу машғулотлар ёрдамида нутққа ўргатишда тақлид қилиш ва кўргазмалилик ҳолатини яратиш осон кечади.  Ўйин жараёнида маълум ролларни ижро этган ўқувчи аниқ ҳаётий ҳодиса иштирокчисига айланади, эркин мулоқот қилишга ҳаракат қиладилар.

"Мусобақа" ҳамда  "элимент-ли" машғулотларда эса  ўқувчиларнинг нутқий фаоллиги, заҳирадаги сўзлар ва нутқ бойлигидан тўла фойдаланиш имкониятлари ортади. 

Ўйин-топшириқларининг хилма-хиллиги ва қизиқарлилиги ҳатто, тортинчоқ, сўзларни хато айтишдан қўрқиб, уяладиган, дарсни паст ўзлаштирадиган ва савол-жавобларда фаол қатнашмайдиган  ўқувчиларда ҳам қизиқиш уйғотади. Жавоб бераётган ҳар бир ўқувчи    нутқини нафақат ўқитувчи, балки бутун синф кузатиб боради. Бу ўқувчидаги журъат ва ўзига бўлган ишончни оширади.  Мазкур усулдаги "ғалаба" ва "мағлубият" ўқув материаллари ўқувчилар томонидан қай даражада ўзлаштирилганлигини аниқлашга ёрдам берди.

Тажрибалар шуни  кўрсатадики, ўқувчилар учун янги ўйиндан кўра, эски ўйинларнинг янги вариантлари қизиқарли бўлади. Ўйин-машғулотнинг фойдаси ўқувчиларнинг қизиқиши ва   завқини йўқотмаган ҳолда  нутқини ривожлантиришга қандай наф келтираётганлиги билан ўлчанади. Шунинг учун ўйинни ўзгартирмаган ҳолда ўқувчиларнинг нутқидаги хатоларни қандай тузатишга эътибор бериш керак. Ўйин жараёнида хатолар учун танбеҳ бериш тўғри эмас, балки тўғри гапиришга ўргатиш, тўғри жавобларни рағбатлантириш лозим.

Дарсда қўлланиладиган ўйин-машғулот дарснинг мақсад-вазифаси билан бевосита боғлиқ бўлиши шарт. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатларда ўйинларни дарснинг мақсад ва мавзусига мувофиқ ҳолда танлаш керак. Ўйинларда нотаниш грамматик машқлар ва сўзларни иложи борича ишлатмаслик, агарда  янги сўзлар қўлланилса, уларнинг маъносини тушунтириш лозим. Кўп йиллик тажрибалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, чет тили дарсларида кўпроқ мусобақа ёки образга кириш элементлари бор ўйинлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. 

Нилуфархон САЙФУТДИНОВА,

 

АндМИ қошидаги Бўстон академик лицейи инглиз тили фани ўқитувчиси.

ВАТАНГА САДОҚАТ - ОЛИЙ САОДАТ

(4- сон)

Ватан саждагоҳ каби муқаддас. Унинг сарҳадлари дахлсизлиги ҳамда тинчлигини қўриқлаш мана шу заминда вояга етаётган мард, жасур ўғлонларнинг олий бурчидир. Ватани олдидаги бурчи ва юрт тинчлигини, она заминимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган фидоийларни ҳар қанча ардоқласак кам.

Андижон давлат университети "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти томонидан 14 январь - Ватан ҳимоячилар кунига бағишланган "Ватанга садоқат - олий саодат" деб номланган тадбирда  университетнинг профессор-ўқитувчилари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, талаба бўлган ёшлар  иштирок этди.

Тадбир аввалида "Андижон ёшлари" жамоасининг ҳарбийлар ҳаётини акс эттирган чиқишлари намойиш этилди. Шундан сўнг университетнинг  маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори А. Акбаров сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги билан иштирокчиларни муборакбод этди.

Кечанинг бадиий қисми она Ватанни шарафловчи куй ва қўшиқларга, шеър ва рақсларга бой бўлди. Хусусан, хорижий тиллар факультети талабалари томонидан ижро этилган рақс, ҳарбийларни улуғловчи шеърлар, шунингдек, "Камолот" бошланғич ташкилоти қошида ташкил этилган театр жамоасининг "Аскар мактуби" номли саҳна кўриниши барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнггида университет касаба уюшма қўмитаси томонидан талабаларни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга садоқат, муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш йўлида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ устоз ҳамда фаол талабалар ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Хуршида АЪЗАМЖОНОВА.

 

АДУ "Камолот" ЁИҲ бошланғич ташкилоти фаоли.

ФОЙДАЛИ МУЛОҚОТ

(4- сон)

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан "Психологик мослашув - фаолият самарадорлигининг муҳим омили" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Андижон шаҳридаги умумтаълим мактаблари хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари ҳамда психолог мутахассислар иштирокида ўтган мазкур тадбирда аёлларнинг оилада, жамоадаги муомала-муносабати, психологик усуллардан фойдаланган ҳолда фаолиятни самарали ташкил этиш сингари қатор масалаларда  ўзаро фикр алмашилди.

Психолог Махфузахон Алимованинг "Сиз, ҳамиша бахтли бўлишга интилинг" деб номланган маърузаси иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан тингланди. Маърузада атрофдагиларга яхши кайфият улашиш, мақсадга интилиш, бахтга эришиш, ўқувчи ёшларнинг ўзига бўлган ишончини юзага чиқариш сингари қатор масалаларда психологик усуллардан самарали фойдаланиш хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берилди.

Қизиқарли савол-жавоблар асосида ўтган тадбир иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини      бойитишга хизмат қилди.

 

Озодахон ТОЖИБОЕВА,

 

Андижон шаҳридаги 39- умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ҲАРБИЙЛАРГА ЭҲТИРОМ

(4- сон)

Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ташаббуси билан Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда "Юрагимга ёзилган Ватан" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланиб ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар ҳамда Андижон тиббиёт коллежи ўқувчилари, хусусан, Одинахон Иномиддинова раҳбарлигида ташкил этилган "Андижон Саидаси" иқтидорли ўқувчилар тўгараги аъзолари иштирок этиб, она Ватан истиқболи, юрт тинчлиги  ва унинг равнақи ҳақида  фикрлашдилар.

Ҳарбийларни байрам билан муборкбод этган ўқувчи қизлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди. Чиройли ва кутаринки руҳда ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

 

Хосият СИДДИҚОВА.

"КЎКСИ ҚАЛҚОН МАРДЛАРНИ ҚУТЛАЙМИЗ!"

(4- сон)

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан  "Кўкси қалқон мардларни қутлаймиз!"  деб номланган акция ўтказилди.

 Шу куни хотин-қизлар қўмитаси фаоллари ҳамроҳлигида вилоятимиз таълим муассасаларидаги "Ораста қизлар" тўгараклари аъзолари бўлган қизларимиз миллий либосларда вилоят ҳокимлиги, унинг бошқармаларида фаолият олиб бораётган ходимлар - оилаларимизга бош бўлиб, Ватанимиз тинчлиги ва равнақи йўлида  самарали меҳнат қилаётган кишиларни гул ва эсдалик откриткалар билан қутлади. 

Кўрсатилган ушбу эҳтиром ва эътибор  барчага хуш кайфият улашди.

 

Мадина КОМИЛЖОНОВА.

СОFИНЧ

(3- сон) ҳикоя

Оппоқ "Каптива" қишлоқ йўлида силкина-силкина борарди. Ниҳоят, у икки четига тут экилган кўчага бурилди. Кўчада ўйнаб юрган болалар улкан машинага ҳайрат ва қизиқсиниш билан қараб турарди. Олмос Баҳромович каттакон темир дарвоза олдига етганида сигнал берди ва машинани тўхтатди. Ичкаридан эллик беш ёшлар чамасидаги аёл ва унинг ортидан болакай олдинма-орқа меҳмонга пешвоз чиқишди.

- Келинг, ака, хуш келибсиз, қани, ичкарига, - деди Сожида опа. Олмос Баҳромовичнинг одати шунақа: қишлоққа қачон келса, энг аввало,  якка-ю ёлғиз синглисининг ҳовлисига тушади. Унинг набиралари, яқинлари билан ҳол-аҳвол сўрашиб, кейин ўзи туғилиб-ўсган хонадонга йўл солади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Синглисининг яқиндагина олган келини - Моҳинур дарров меҳмонга дастурхон ёзиб, янги узилган нонларни келтирди. Тавозеъ билан чой узатди.

Олмос Баҳромович ўзини енгил ҳис қилди. Синглисининг набираси - бийронгина Аброр билан у ёқ - бу ёқдан гаплашган бўлди. Боланинг гапларидан "ҳийлагина" зукколигини сезди. Математикадан туман фан олимпиадасида ғолиб бўлибди. "Булар биздан кўра зўр бўлади", хаёллади ўзича. Олмос Баҳромович ҳовлига чиқди. Узоқларда бошини қор қоплаган тоғларга назар ташлади. Болалиги қолган бу кўчаларни у беш қўлдек билади. Болалигида ҳам у мана шу тоғларга узоқ-узоқ тикилар, онасига саволлар берар, неча   минглаб чақирим наридаги бу тоғларга гўё бир югуриб етиб олиши мумкиндек туюларди. Сал нарида ўзи туғилиб ўсган ҳовли, у ерда ҳозир кекса онаси бор.

Ўша болаликда осмонга боққан Олмосбекка фалак ҳам яқиндек туюларди.

- Ака, нега туриб олдингиз, овқат бўляпти, - деди ошхонадан чиққан синглиси.

- Раҳмат, овқат қочмас, бувимнинг олдига борай, - меҳмон кетишга тараддудланди - Қайтишда яна бир кираман...

- Бир-икки кун турарсиз, - деди синглиси.

- Ҳа, таътил олдим, - деди Олмос Баҳромович кўча эшикка йўналаркан. У   синглисига атаб олган совғаларини Аброрга тутқазди-да, хайрлашиб, машинани ўт олдирди.

Олмос Баҳромович ўзи туғилиб ўсган уйига кирганида онаси қўшниникига чиққан экан, дарров қайтиб чиқди. Она-бола узоқ дийдорлашишди. Олмос Баҳромович болалигидан энг азиз бўлган  онасининг иссиқ тафтини яна бир бор туйди. Бир соатлар чамаси онаси билан суҳбатлашгач, яёв кўчага чиқди. Тўппа-тўғри Даврон Чиноқнинг чойхонасига юрди. Қиш бўлишига қарамай, бу ерда одам гавжум, хоналар деярли банд эди. Қишлоқнинг кўпни кўрганларидан бири - Абдулазиз ака билан кўришиб, йўқотганини топгандек суюнди. Бир умр ҳисобчилик билан шуғулланган бу ҳалол ва чўрткесар одам отасининг дўсти эди.

- Домла, бу гал узоқиб кетдингиз-ку, - деди Абдулазиз ака.

- Ҳа, энди, иш кўп-да, - деди Олмос Баҳромович мужмалроқ қилиб.

- Иш тугармиди домла, - деди суҳбатдоши. - Ишни биздан аввалгилар ҳам тугатолмаган, биз ҳам тугатолмаймиз, биздан кейингиларга ҳам етиб-ортади, - деди у.

- Жамланиб қопсизлар-да, - деди Олмос ака гапнинг нишабини бошқа тарафга буриб.

- Ойда бир эски жўралар тўпланиб турамиз, - изоҳ берди Абдулазиз ака.

Олмос Баҳромович ҳамсуҳбатига ҳавас билан тикилди. Ахир, ўзи мана, неча ойки, пойтахтдаги жўралари билан бундоқ ёзилиб ўтиролгани йўқ. Сабаби, институтда иш кўп. Ишни топшираман-да, оёқни узатиб мундоқ одамга ўхшаб ётаман, деб эди, қаёқда! Ректор сиз бизга кераксиз, деб аризасига қўл қўймади. Шу-шу бўлди-ю, Олмос Баҳромович яна ишга шўнғиб кетди. Талабаларга маъруза ўқиш, магистрлар билан ишлаш, институтнинг ва кафедранинг ички йиғинлари, тадбирлар чилвир сингари уни аввалгидан ҳам маҳкамроқ боғлаб олгандек. Бир тарафи, ичида айримлар аллақачон пенсияга чиққан бўлса, дамини олса бўлмасмикан, деб маломат қилишидан хавотирланади. Ахир беш қўл баробар эмас-да! Аммо, начора! Манавиларнинг йўриғи бўлак - аллақачон ишни топшириб, ростмона нафақахўрга айланган. Олмос Баҳромович мана шу таътилни сабрсизлик билан кутди. Ниҳоят, қон босимининг сал кўтарилганига ҳам қарамай, она қишлоғига йўл олди. Ўтган олти ой муддат ичида бир неча ҳамқишлоғи бандаликни бажо келтирибди.

"Яқиндагина номига ёққан қор эриб битган, қишнинг ўртаси бўлишига қарамасдан, ҳаво мўътадил эди.

Олмос Баҳромович болалиги ўтган кўчадан бир-бир босиб, қабристон тарафга бурилди. Отаси ва бошқа яқинлари ҳаққига дуо ўқиди. Сўнг, унда-бунда панжара ўрнатилган баланд-паст жойлар оралаб, уйига элтувчи йўлга чиқди. Ажаб, шунча йиллар ўтибди-ю, бу манзаралар ҳали ҳам ўзгармабди - ўша йўллар, ўша дала-ю кенгликлар, суви хайқириб оқувчи ўша Хонариқ - бари-бари аввалгидек. Фақат, одамларнинг уйлари аввалгидек эмас. Бу ерларда ҳам Олмос Баҳромович болалигида кўрган, томи текис, баҳорда баъзиларининг устида лолақизғалдоқлар униб чиқувчи уйлар ўрнида кўркам, шинам уйлар қад ростлаган. Эшиги ғичирлаб очиладиган магазин ўрнига икки қаватли супермаркет қурилибди. Ҳамқишлоқларининг юзида шодлик ифодаси. Кўпларининг тагида замонавий уловлар...

Бу одамлар унинг юрагига яқин. Шу қадар яқинки, буни сўз билан ифодалашга унинг қурби етмайди. Ахир улар Олмос Баҳромовичнинг болалигига, яхши-ёмон кунларига гувоҳ бўлишган. Бир маросим ўтказса, белини боғлаб тик туришган. Ўз навбатида Олмос ҳам оёғи олти, қўли етти бўлиб, уларнинг тўй-маракасида хизмат қилган. Кейинроқ бола онасидан оқ фотиҳа олди-ю, Тошкентга йўл олди. Ўқиди. Изланди. Иқтисод фанидан илмий иш қилди. Институт зиналаридан чопқиллаб чиқиб-тушганларини у яхши эслайди. Устозлари унинг ҳаракатчанлигини кўриб, шу ерда олиб қолишди. Хуллас, оддий бир қишлоқ боласи бориб-бориб иқтисод фанлари доктори Олмос Баҳромович бўлди... бироқ, одам улғайгани сари унинг ташвишлари ҳам улғаявераркан. Бу олимнинг шахсий фалсафаси эмас. Бироқ, ҳар нима бўлганида ҳам у бирор лаҳза ўзи униб-ўсган мана шу қишлоқ сеҳридан, оҳанрабосидан айро тушган эмас. Имкон топди дегунча, қишлоққа ошиқади. У ёқда фарзандлар, набиралар... Олмос Баҳромович гоҳида уларни ҳам эргаштириб келади. Қишлоқ шундай кунларда янада обод бўлиб кетади унинг кўзига. Кекса онаси атрофида уймалашган фарзандлар, набираларни кўриб, унинг ўзи ҳам гўё болага айланиб қолади. Бироқ, бир-икки кун ичида бу "байрам" ниҳоя топади - ё ишхонадан, ё дўстлардан бири қўнғироқ қилади-да, фалон иш чиқиб қолди, дейди. Қарабсизки, олим яна йўлда. Яна эски ташвишлар, йиғилишлар, маърузалар... Йўқ, буларнинг ҳам ўзига яраша гашти бор, ахир кўзига қараб турган шогирдлар, ҳамкасблари, соҳага оид яратган дарсликлари Олмос Баҳромович умрининг мағзи-мазмуни, ортингда қани ўйла-чи бир он, нима қолди, деган саволга берадиган жавобларидир. Ахир инсон учун ўзгаларга   асқотишидек олий бахт борми бу дунёда!

У ёлғизоёқ йўлдан бораркан, шуларни ўйлаб борарди. Умуман, у ҳозир мана шу қишлоққа тўқсон икки эмас, бир минг бир юз тўқсон икки томири билан боғланганини ҳис қилди. Ортда қолаётган кенгликлар, йўллар, кўчалар - бари-бари унга қадрдон эди.

"Ёш ҳам олтмишдан ўтди, - ўйлади у. - Хотинининг энди бас, дамингизни олинг, деб куйинганига анча бўлди. У ҳам бир нарсани билмаса, гапирмайди. Мана, кўз тегмасин, бир-биридан яхши шогирдларим бор. Йилдан-йилга зукко, кадрлар етишиб чиқяпти. Улар биз бошлаган ишларни албатта охирига етказишади. Шу гал борсам, барига қўл силтайман-да, нафақага чиқиб, шу ерга - мени Олмос Баҳромович қилган табаррук манзилга кўчиб келаман..."

Қўл телефонининг жиринглаши унинг хаёлини бўлди. Олса - ректор экан. Қайдалигини сўради.

- Қишлоқда эдим, - деди Олмос Баҳромович.

- Устоз, эртагаёқ етиб келинг, чет эллик ҳамкасбларимиз тажриба алмашгани келишяпти, баҳонада иқтисодий соҳа истиқболларига оид илмий анжуман ҳам белгиладик. Ўзингиз бошида турмасангиз бўлмайди...

Ана, мулла Олмос, бу ёғи неча пулдан тушди? - гап қотди у ўз-ўзига.

Олмос Баҳромович уйига келди-да, онаси билан апил-тапил хайрлашди. Она ҳайрон эди. У вазиятни тушунтирди. Ахир, орадаги масофа шуни тақозо қиларди. Олим бир ҳафтами-бир ойми, бир йилми - барибир қишлоққа буткул қайтиш мақсад-муроди билан "Каптива"сини ўт олдирди-да, кўчада ўйнаб юрган болаларга яна бир карра ҳайрат улашиб, жўнаб кетди...

 

Икромжон АСЛИЙ.

ИФОРЛАРНИ ТЎFРИ ТАНЛАЙ ОЛИНГ

(3- сон) Аёлларга тавсиялар

Аксарият опа-сингилларимиз қиш мавсумида юз ва қўл териси учун пардоз воситаларини совуқ ҳавони ҳисобга олган ҳолда ҳарид қилади. Қишда қандай  ифорлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигига эса ҳамма ҳам эътибор беравермайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, қишки мавсумда аёлларнинг янада жозибалироқ бўлишлари учун бошқа пардоз воситалари қаторида ифорларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Ташқаридаги об-ҳаво ўзгариши, намли ва қуруқ совуқ, ёғингарчилик, қор ҳамда шамоллар таъсирида инсон терисининг ифорларга бўлган муносабати ўзгариб туради. Шу боис, атир ва ифорли сувларни (туалетный вода) ҳарид қилаётганда мавсумга алоҳида эътибор бериш керак.

Қишда океан мусаффолигини берадиган ҳидли ифор сувларини ишлатмасликни маслаҳат берамиз. Чунки қишда бизнинг ҳид билиш сезгимиз анча кучсизланади. Шу боис, қишки атирлар баҳор-ёзги атирларга қараганда анча ўткир ва хушбўйлиги билан фарқ қилиши керак.

 Қиш кунларидаги бир хиллик одамни зериктиради. Устига-устак шамоллаш ва бошқа турли хасталиклардан азият чекамиз. Руҳиятимизга баъзан тушкунлик ҳолати ҳукмронлик қила бошлайди. Кайфиятимизни кўтариш, ўзимизни ҳушчақчақ ҳис қилиш учун  ҳиди ўткир  атирлардан фойдаланган маъқул. Турли гуллар ифорининг қоришмасидан яралган атир ҳам нафақат сизга, балки атрофингиздагиларга ҳам кўтаринки кайфият беради, кишини маълум даражада сиқилиш ва зерикишдан асрайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича қўл, юз ва бўйин терисига ўткир ҳидли крем суриб, устидан бир томчи атир суртилса, кечгача хушбўй ифор сизга ҳамроҳлик қилади.

Таркибида мева,  айниқса, цитрус ва экзотик мевалар ҳиди бўлган атирлар ҳам атрофга хушбўй ифор таратади.

* * *

 Энг яхши ифор ­ бу тозалик ифоридир. Қават-қават кийилган қишки кийимлардан тер ва турли чанглар ҳиди келмаслиги, мўйна ва теридан тикилган устки кийимларингиз озода,  тери ва сочингиз турли ёғли қатламлардан ҳоли бўлгандагина атирлар ифори сизни янада назокатли қилади. Акс ҳолда энг қиммат атирлар ҳам сизга ёрдам бермаслиги мумкин.

Психологларнинг таъкидлашича, айрим атирлар одамни депрессия ва бош оғриғига дучор этаркан. Шунинг учун ҳатто, қиш мавсумида ҳам атир танлашда жуда зийрак бўлишингизни, урфга кирган ҳидлардан эмас, балки кўнглингизга   маъқул бўладиган ифорлардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.

 

ҲАҚИҚИЙ АТИРНИ ҚАЛБАКИСИДАН АЖРАТА ОЛАСИЗМИ?

Ифор сувлари(туалетная вода) билан тоза атирни асло адаштирманг!

Атир ­ муаттар бўйли, энг қиммат қоришмалардан тайёрланади. Унда 20-30 фоиз хўшбўй аралашмалар, табиий эфир мойлари ҳамда сунъий муаттар моддалар мавжуд. Уларнинг қутисида лотин       ҳарфларда: "Parfum"  ёки "Extrait" деган ёзув бўлади. 

Ифор сувларини ҳарид қилаётганингизда қутидаги: "Eau de Perfum" ёзувига эътибор беринг. Айрим қутиларда эса: "Parfum de Toilette" деб ёзилган. Одатда ифор сувларининг хушбўйлик аралашмаси 15-20 фоиз бўлади.

Шундай атир ва ифор сувлари борки, уларнинг қалбакисини аниқлаш  мушкул. Қутиларни ўраш техникаси, шакли, қадоқланиши ҳам аслидек кўринади.

Сизга сотиб олаётган атирингиз идиши шубҳали кўринса-ю, сотувчи атирнинг ҳақиқийлиги таъкидлаб, шундай идишлардан фойдаланишга лицензия олганини айтса, мутлақо ишонманг. Чунки, атирлар ишлаб чиқарувчи корохона бошқа фирмаларга бундай лицензия бермайди.

Атир қутисида майда ҳарфлар билан ёзилган "version" (версия) сўзи бўлиши керак. Синчиклаб қараб,  бу ёзувни тополмасангиз, демак, атир қалбаки ҳисобланади.

Қутидаги ҳамма ёзувлар жойида бўлса-да, севимли атирингиз номини хижжалаб ўқиб кўринг, бирорта ҳарфи нотўғри ёзилган ёки ҳарфлар ўрни алмашиб қолмаганмикан. Асло эринчоқлик қилмай, атирнинг ҳақиқий номи билан қутидаги ёзувни солиштиринг.

Атирнинг қутисига алоҳида эътибор билан қаранг. Энг устки қатламдаги селлофан жуда текис ўралган ва унинг четлари заводда дид билан елимланган бўлиши керак.

Агар қути яхши ўралмаган, устидаги селлофан ўрнига қалин полиэтилендан фойдаланилган бўлса, клейланган жойлари билиниб турса ­ бу қалбаки маҳсулот.

Ҳақиқий атирни қутидаги "parfume" сўзидан ҳам билиб олиш мумкин. Францияда бу сўзнинг охиридаги "e" ҳарфи ишлатилмай, "parfum" шаклида ёзилади. Атир идишининг шишаси хира кўринмаслиги, атир пуркагич қопқоқли бўлиши ва металл халқа ёрдамида бемалол айлантирилиши лозим.

Азиз аёллар, қизлар ўзингизга маъқул ифорни танлай олсангиз, у сизга ўзгача завқ беради. Кайфиятингиз ва руҳиятингизнинг кўтаринки бўлишини таъминлаб, малоҳатингизга янада малоҳат қўшади. Ҳар бир аёл асл ифорли атирлардан фойдаланишга муносиб эканини асло унутмаслиги керак.

 

 

Ҳамро БОНУ тайёрлади.

"МЕН ОНАМНИ СОҒИНАМАН"

(3- сон) Ҳаёт - ибрат мактаби

Ўқувчиларнинг "Мен катта бўлсам..." мавзуида ёзган иншоларини текшириб ўтирган Ноила муаллим Садоқатнинг сўзларини ўқиб, титраб кетди.

"Мен онамни жуда соғинаман, унинг меҳри тафтидан бутун жисмимни иситгим келади. Афсуски, у менинг ёнимда эмас.

...Мен катта бўлсам, дунёдаги энг яхши она бўламан, - деб ёзган эди қиз. - Биламан, ҳозир синфдошларимнинг бари бирор касб ҳақида ёзмоқда. Нилуфарни биламан, у она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлишни хоҳлайди, Азиза инглиз тилидан "беш"га ўқийди, нияти таржимон бўлиш... Мен ҳам келгусида албатта, бирор касбни эгаллайман, яхши мутахассис бўламан. Лекин биринчи навбатда бор меҳримни оиламга, фарзандларимга бераман. Мен ҳеч қачон ўз фарзандимдан воз кечмайман. Энг яхши она бўламан..."

Ноила опа бу фикрларни ўқир экан, уни олтинчи синф ўқувчиси ёзганига ишонмасди. "Наҳотки, ўн икки ёшли шу қизалоқнинг юрагида шунча гап, шунча дард бўлса. Ахир,   бинойидай ўқийди, синфдошлари билан хазиллашади, бошқалардан фарқ қилмайди-ку. Аммо кўзлари... Ҳа, кўзларида аллақандай мунг бор эди. Ўз онасининг ташлаб кетганини барибир унутолмас экан-да. Бўлмаса, отаси Хамдам ака ҳам, ўгай онаси... Нималар деяпман, Гулноза опа уни  ўз қизидай кўради. Иккаласи ҳам жуда яхши одамлар. Садоқатни     бошқа фарзандларидан кам кўрмайди. Лекин барибир ўз туққан онасининг ўрни бошқача экан-да..."

Шу кундан бошлаб унинг педагогик қарашлари ўзгарди. Университетда олган сабоқлари, мактабдаги беш йиллик иш тажрибаси бир бўлди-ю, ўн икки яшар ўқувчисининг бир ярим вараққа сиғдирган дардлари, орзу-умидлари бир бўлди. Унинг учун энди ҳар бир бола оддий ўқувчи эмас, вужудида оламжаҳон орзу-ниятлар, гўзал умидлар билан яшаётган      шахсларга айланди. Садоқатдай ўз онаси меҳрига қонмаган, бироқ яхши инсонларнинг мурувватидан баҳра олиб улғаяётганлар қанча!..

Ноила муаллима иншони текшириб бўлди-да, беғубор қизалоқ қалбидан чиққан мунгли  сўзлар таъсиридан беихтиёр йиғлаб юборди.

Моҳинур ҚОДИРОВА,

 

ЎзДЖТУ талабаси.