+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МУКОФОТЛАР МУБОРАК ҚАДРЛИ ОПА-СИНГИЛЛАР!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида бир гуруҳ андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:

"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан:

Умарова Дилфуза Исмоиловна - Жалақудуқ туманидаги 1- умумий ўрта таълим мактабининг кимё ва биология фанлари ўқитувчиси.

"Дўстлик" ордени билан

Қорабоева Момахон - Шаҳрихон туманидаги "Бувайда" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

"Шуҳрат" медали билан

Аталиқова Хаитхон - Андижон шаҳри (100 ёшдан ошган).

Жабборова Ўғилхон Мухтаралиевна - Олтинкўл туманидаги "Сафаробод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Каримова Меҳринисо Сайфутдиновна - "Соғлом авлод учун"  халқаро хайрия фондининг Асака тумани таянч пункти директори.

Ҳайдарова Хайринса Хўжамбердиевна - Балиқчи туманидаги "Антекс" масъулияти чекланган жамияти оператори.

Мамажонова Махпиратхон - Асака тумани марказий маданият ва аҳоли дам олиш маркази "Асака" халқ театри режиссёри.

"Жасорат" медали билан

Тўхтаева Дилфуза Мамасолиевна - Андижон шаҳридаги ҳунарманд-тикувчи.

ОИЛАДА ЭРКАКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Эркаклар оиланинг устунларидир. Уларнинг топгани баракадан дарак, борликлари эса оила мустаҳкамлигининг, бардавомлигининг асосидир. Шу ўринда уларнинг зиммасига ўз оиласи билан боғлиқ қатор вазифалар ҳам юкланган. Улардан бири аҳли аёлига маҳр бермоқликдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло "Нисо" сурасида маҳрни совға сифатида кўнгилдан чиқариб беришга буюради: Маҳр - хотиннинг эрнинг зиммасидаги молиявий ҳақи бўлиб, никоҳ ақди боғланиб, эр-хотин шаърий хилвати саҳиҳада бўлганларидан сўнг беришлик вожиб бўлади. Аммо оятнинг давомида баён қилинишича, хотин ўз хоҳиши билан маҳрдан кечса, эркак бемалол истеъмол қилиши мумкин.

Эрнинг яна бир муҳим вазифаси оиланинг моддий таъминотини адо этишдир. Ҳаким ибн Муовияал-Қушайрий (р.а.) отасидан ривоят қилади: "Эй Аллоҳнинг расули, хотинларнинг унда (эрнинг зиммасида) нима ҳақи бор?" деб сўрадим. Жаноб Муҳаммад (с.в.): "Қачон овқатлансанг, унга ҳам едиришинг, қачон кийинсанг, уни ҳам        кийинтиришингдир. Юзга урмагин, ҳақорат қилмагин ва уйдан бошқа жойда айро қилма!" дедилар (Абу Довуд айтади: ""Ҳақорат қилмагин" дегани - "Аллоҳ сени қабиҳ қилсин" деб айтмагин демакдир").

Нисо сурасида баён қилинишича, эрга итоат қилмаган аёлга аввал насиҳат қилинади, насиҳат фойда бермаса, жойни аоҳида қилиб ётилади. Уламоларимизнинг шарҳларига кўра, ушбу ҳадиси шарифдаги "уйдан бошқа жойда айро қилма!"    дейишдан мурод насиҳат кор қилмаган аёл билан жойни алоҳида қилганда ҳам бир уйдан бошқа уйда бўлмаслиги керак. Аксинча, бу ҳолатда хотинининг ўзини ёлғиз ташлаб, бошқа уйга чиқиб кетишга эрнинг ҳақи йўқ деганидир.

Амр ибн Аҳвас (р.а.)дан ривоят қилинишича, жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул Вадоъдаги машҳур хутбаларида жумладан, эркакларга қарата шундай деганлар: "Огоҳ бўлингларки, уларни сизларнинг устингиздаги ҳақлари - уларга кийим-кечак ва озиқ-овқатни чиройли қилиб қўймоқларингиздур!"

Мазкур ҳадиси шарифдан кўринадики, хотинларни нафақат кийим ва овқат билан таъминлаш, балки бу иккисини чиройли қилиб қўйиш керак экан. Аммо бугунги кунда шундай бир-бирига зид ҳолатлар борки, нима дейишга ҳайрон қоласан. Шундай эркаклар бор - аксарият ҳолатда кўчада овқатланади. Бироқ ўзи тансиқ таомларни истеъмол қилиб юрган одам оиласининг ейиш-ичишига у қадар эътибор бермаётган айрим кимсаларнинг борлиги динимиз, миллатимизнинг тартиб-тамойилларига у қадар тўғри келмайди. Ҳар бир киши оиласининг қозонидан ҳам хабар олиб туриши шарт.

Кийимни ҳам шунчаки кийим билан таъминлаш демасдан чиройли қилиш жумласи ишлатилиши ҳам эътиборга молик. Бундан икки маънони тушуниш мумкин. Бири имкон даражасида эл қатори кийинтириш. Иккинчиси эса шариатга, миллатимиз одоб-аҳлоқларига мувофиқ бўлган кийим билан таъминлаш.

Эркак киши оилада бошлиқ экан, ҳар соҳага эътибор бериши керак. Албатта, бу борада жуда бачканалашиб кетиш ҳам эркакнинг  ҳурматга путур етказади, аммо бугунги кунда кийим масаласи шунчаки майда-чуйда эмас, балки жамият муаммоси, миллат ташвишидир.

Барча моддий таъминотлар, жумладан, уй-жой билан таъминлаш, бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардир. Яна "бугунги кун" иборасини ишлатишга мажбур бўламиз. Хуллас, бугунги кунда келин-куёв ота-онанинг уйидан бошқа уйга чиқишига тўғри келса, айрим хонадонларда хотин томон кўпроқ харажат қилгани кўзга ташланади. Албатта, баҳамжиҳатлик ҳам ёмон эмас, лекин эркакнинг тан-жони соғ бўлсин, топганига барака берсин, қайнотасининг маблағи эвазига қурилган уйга муҳтож қилмасин.

Шунингдек, аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб қўйиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, келиб олиб кетишлик - ғурури, орияти бор ўғил боланинг иши эмаслигини унутмаслигимиз керак.

Булардан ташқари, эркак хотинга нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлиши керак. Бир умрлик турмуш ўртоғи сифатида ҳаёт йўлида аёлидан маъқул кўрган ҳолатини ўзи ҳам аёлига раво кўриши лозим. Чунки шариатимиз кундалик ишларга ҳам, шахсий ҳолатларга ҳам беэътибор бўлмаган. Ибн аббос (р.а.) : "Хотиним мен учун қандай зийнатланса, мен ҳам хотиним учун шундай зийнатланаман" деганлар.

Хотинга бепарволик жамиятнинг катта муаммоларига сабаб бўлиши мумкин. Оиладаги жанжалларнинг сабабларидан бири ҳам шу. Чунки аёлнинг эркакда моддий ҳақи бўлганидек, шахсий ҳақлари ҳам мавжуддир. Тажрибалар, ҳаётий исботлар шуни кўрсатадики, эрга итоатсизликнинг катта сабабларидан бири ҳам аёлига бепарволик ортидан келиб чиқади.

Эркакларнинг оила устуни бўлиши билан бирга, моддий ва маънавий таъминотчиси бўлишлигини истаймиз. Уларни бу йўлда Яратганнинг Ўзи собит айласин. Эркакларимиз оиласи олдидаги бурч ва вазифаларини бекаму кўст адо этишларида Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ, Асака тумани.

КУЗ ҲАДЯЛАРИ

кечинма

 Куз... Хаёл қатларини ҳар қаёққа учириб, олис-олис хотираларни қувалаб етолмаётган туйғулар манзили у...

Қадамлар остида аста шитирлаётган япроқлар нимадир демоққа чоғланаётгандек гўё. Уларни тингламоққа ошиқаман. Секин-аста тўкилмоққа, хазонга айланмоққа кўникаётган дарахтлар либосларига ачиниб боқади нигоҳлар. Уларда сўнгсиз саволлар намоён.

Осмонинг кўзларини ёшлаган нима у? Ёмғирини аямай қуяётган фалак нимадан безовта? Бунчалик хавотирнинг сабаби не? Ёмғир-ла тиллашиш умиди тинч қўймайди. Саволларга жавоб топмоқ бунчалар мушкул...

Куз хаёллари шунчалар сокин. Сукунат фасли у...

Шилдираб оқаётган анҳор суви кечагина бирам ёқимли, муздек нафаси хуш этарди вужудни. Бугун эса наҳордаёқ жунжиктирувчи зилол сув ҳам эътиборни тортолмай ҳалак. Куздан ранжийди гўё.

Кечагина хувиллаб ётган мактаб ҳовлисидаги қий-чувдан баҳри дил очилади. Ўқишга интиқ болакайлар, йигит-қизларнинг нигоҳида илмга ташналик, дарсларга соғинч балқийди. Устозалар бағрига отилаётган кичкинтойлар ҳавасни тортади.

Кузнинг бу каби тортиқларини суймай бўлмас...

Эргашой Жўраева, Марҳамат тумани.

САМИМИЙ ТУЙFУЛАРГА ЙЎFРИЛГАН КИТОБ

янги китоб

Шеърият, адабиётга меҳр қўйган инсон қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, у ҳамиша ижод билан ошно бўлади. Яқинда балиқчилик бир гуруҳ ижодкорларнинг ижод намуналари жамланган тўплам китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди.

"Чинобод чироқлари" деб номланган ушбу китобга Балиқчи туманида яшаб, ижод қилаётган бир гуруҳ ижодкорларнинг асарлари киритилган.  Унга адабиёт ихлосмандларига таниш бўлган Ҳакимжон Йўлдошев, Абдураҳим Назаров, Алижон Ҳасанов, Анваржон Қамбаров, Жўрабек Латипов Шаҳобиддин Шаробиддинов, Аҳмаджон Мамажонов, Нурматжон Исмонов, Эргашали Қўчқоров, Аҳмаджон Исмонов, Зуҳриддин Исмоил, Ўриной Акбарова, Яйрахон Халилова, Барнохон Ҳайдарова, Насибахон Каримова, Шокиржон Маҳмудов, Икромжон Орзиқулов сингари ижодкорларнинг Ватан, ота-она, ишқ-муҳаббат, дўстлик, самимий туйғулар тараннум этилган мақола, ҳикоя ва шеърлари киритилган. Уларда инсонийлик, меҳр-оқибат, висол ва ҳижрон, яхшилик ва эзгулик кечинмалари ўз хос тарзда ифодасини топган.

"Чинобод чироқлари" тўпламига киритилган асарлар сиз азиз ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди, деб умид қиламиз. Шу боис, ушбу китоб билан танишиб, ундан баҳраманд бўлинг. Муаллифларга эса ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.

 

"Иқбол" газетаси  таҳририяти.

СИЗ ҲАМИША БИЗ БИЛАН БИРГАСИЗ

мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига

      Халқимиз бошига тушган оғир жудоликни хали-хали унута олмаяпти. Мана неча кундирки, мен ҳам шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида миллатимиз отасининг вафоти учун дил нолаларимни айтиб, ёзиб тугата олмаяпман.

 Она юрт -Ўзбекистоним буюк сардоридан, йўлбошчисидан айрилди, шу юртнинг ҳар бир фуқароси фироқдан нола чекади. Бугун ёзаётганларим қалб сиёҳи билан битилмоқда, қуёш сўнгандек гўё.

Буюк даҳоларга бешик бўлган ўзбек тупроғида даҳоларнинг давомчиси сифатида Ислом бобомиз яшаб ўтди. Унинг ҳаёт йўли ёруғ юлдуз каби халқи, юрти йўлини нафақат ёритди, балки янада нурафшон йўлларга бошлади. Шу боис ҳам у улуғ зот қалбимиз тўридан, юрагимиз тубидан жой олди. Бу инсон, у киши амалга оширган улуғвор ишлар ҳақида шунчаки гапириш мумкин эмас. Ул зотнинг уммондек қалби, теран тафаккури, гўзал ва такрорланмас нотиқлик санати бугун барча-барчанинг онг-шуурига сингиб кетган.  Юртбошимиз ҳар соҳанинг раҳнамоси, ҳар бир оиланинг ғамхўри, ҳар бир боланинг меҳрибон отаси, ҳар бир инсоннинг суянган, ишонган дўсти эди.

Қанийди, ҳозир ҳаёт бўлганингизда эди озод, обод, гўзал ва бетакрор муқаддас ватаним ҳақида мадҳия ёзиб сизга юборган бўлардим. Сизга ўқувчилармизнинг ютуқларини айтиб мақтанар эдим. Азиз юртбошим! Биз педагогларга, ёш авлодга яратиб берган кенг имкониятларингиз учун Сизга раҳматлар айтаман, Сиздан умрбод миннатдорман.

"Дунё иморатлари ичида энг буюги мактаб бўлса, касблар ичида энг улуғи, энг шарафлиси ўқитувчилик, мураббийликдир" деган  пурҳикмат сўзларингизга жавобан , сиз шу мактабларнинг энг гўзали, энг мукаррами бўлмиш мазмунли умр, ибрат мактабини яратганингизни, шу мактабнинг энг ардоқли, билимдон, меҳриуммон устози эканлигингизни сизга такрор ва такрор айтаман.

Юрти учун, халқи учун

Меҳнат қилди тиним билмай.

Улар тузган мустақил юрт

Озод, обод замин бўлди.

Ўз дардидан халқ дардини

 Устун қўйган инсон учун

Жаннатнинг боғларидан

Гўзал жойлар тайин бўлди.

Улуғ юртбошим! Сизга алвидо дея олмаймиз, чунки сиз ҳамиша биз билан биргасиз, кўзлари порлаб, юраги ҳапқириб турган ўзбекнинг ҳар бир боласи,  менинг болаларим деган фарзандларингиз билан биргасиз. Сиздан айрилиш, сизни йўқотиш бахтимизни кемтик қилди. Сиздек доно, донишманд, фидоий юртбошимизнинг борлиги, сиз бошлаб берган нурафшон йўлнинг борлиги бахтимиз эди...

Азиз юртбошим! Сизга ваъда берамиз: "Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт " деган ўгитларингиз дилга тугиб, мактаб остонасига қадам қўяр эканмиз, сизнинг ҳар бир ўгитингиз, пурмаъно сўзларингизга амал қиламиз, ният ва орзу-умидларингиз рўёби учун астойдил меҳнат қиламиз.    Ишонамизки, ўзбек ёшлари Сиз айтганингиздай, дунёдаги энг бахтли, доно ва билимдон ёшлар бўлади.

Зулфизар ЭШОНОВА,

Марҳамат туманидаги  27-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

КУНДАН КУНГА ЧИРОЙ ОЧАЁТГАН ҚИШЛОҚ

Юртимизнинг обод гўшалари

Ушбу саҳифада андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида сўз юритилади.

Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.

Истиқлол шарофати билан маҳаллаларимиз кундан кунга обод бўлиб бормоқда. Ушбу муқаддас масканда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини, қалбларида эса она Ватанга хизмат қилиш, истиқлол ғояларига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамламоқда. 

Бугун ўзларининг ибратли ишлари билан нафақат туман, балки вилоят миқиёсида алоҳида эътибор топаётган маҳалла ва қишлоқларимиз жуда кўп. Ана шундай қишлоқлардан бири Андижон туманидаги Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғинидир. Айни кунда қишлоқ ўрамида 139 та фермер хўжалиги, 4 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та коллеж, 3 та қишлоқ врачлик пункти, шунингдек, шифохона, болалар мусиқа ва санъат мактаби, мурувват уйи,  50 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат шохобчалари фаолият кўрсатмоқда.

Бўтақоранинг табиати ҳам ўзгача, атрофи қир-адирлар билан ўралган, ҳавоси мусаффо, сувлари булоқ сувидек ширин, одамлари меҳнаткаш, танти ва меҳмондўст. Қишлоқда турли жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Давлат дастурлари ижросини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ва маънавиятини юксалтириш, бандлик, тадбиркорлик, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

- Айни кунда қишлоғимиздаги 8 та - Деҳқон, Наврўз, Март, Оқровот, Намуна, Мустақиллик, Беш паҳлавон, Маориф маҳалла фуқаролар йиғинлардаги 5300 дан зиёд оила таркибида 20 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Адҳамжон Тўхтаматов. - Ҳудудимиздаги ҳар бир маҳалла ўзининг ободлиги, айниқса, меҳнаткаш ва сахий одамлари билан билан ажралиб туради. Қай бир маҳалланинг қай бир хонадонига кирманг, ободликдан, ҳамқишлоқларимизнинг хуш муомаласи, меҳр-оқибатидан кўнглингиз тоғдай кўтарилади. Улар билан суҳбатлашсангиз, яратувчанлик, бунёдкорлик иштиёқи билан яшаётганликларини, нигоҳларидан эса бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналикни уқиб оласиз.   

Дарҳақиқат, бугун бўтақораликлар турли жабҳаларда юрт ободонлиги йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Бўтақора азал-азалдан миришкор деҳқонлари билан донг таратган. Қишлоқнинг уста деҳқонлари доимо ер билан тиллашиб, мўл ризқ-рўз яратиб, эл дастурхони  тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келганлар. Бугун қишлоқ ҳудудида фаолият олиб бораётган 139 та фермер хўжалиги пахтачилик, ғаллачилик, пиллачилик, боғдорчилик, чорвачилик йўналишларида иш олиб бормоқда. Айниқса, Ҳуршидбек Сайназаров раҳбарлигидаги "Ҳосилдор ғолиб", Носиржон Режапов раҳбарлигидаги "Нурафшон боғи", Шокиржон Йўлдошев раҳбарлигидаги "Абдуқаҳҳор ворислари", Баҳодир Рустамов раҳбарлигидаги "Муқимий" номли фермер хўжаликлари намунали фаолият юритаётган тумандаги илғор хўжаликлардан ҳисобланади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, фермер хўжаликларимиз томонидан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Масалан, биргина жорий йилнинг ўзида коллежларни тамомлаган 50 нафар ёшларимиз фермер хўжаликларига ишга жойлашди. 

Боғбонларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига қишлоқ ҳудудидаги боғларда етиштирилаётган шириндан-ширин мева ва узумлар тилни ёради.

- Шу кунларда ғарқ пишган мева ва узумлар элимиз дастурхонига етказиб берилмоқда, - дейди Бўтақоранинг тажрибали боғбонлардан бири "Абу Бакр нурли обод боғи" боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Хотамжон Қурбонов. - Мўл ҳосил ортидан даромадимиз ҳам ёмон бўлаётгани йўқ. Уй-жойлар соляпмиз, тўйлар қилаяпмиз.

Истиқлол берган кенг имкониятлар, юртимизда тадбиркорлик фаолиятининг доимий қўллаб-қувватланаётганлиги туфайли қишлоқда тадбиркор, ҳунармандлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этаётган оилалар сафи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Март маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳодиржон Юнусов ҳам қишлоқнинг изланувчан тадбиркорларидан бири, шу билан бирга, намунали оила бошлиғидир.

- Баҳодиржон турмуш ўртоғи Мунаввархон билан тотув ҳаёт кечириб, 4 нафар фарзандларини ўқмишли, ҳунарли, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказдилар, учта келин туширишди, - дейди маҳалла маслаҳатчиси Гулнорахон Бозорова. - Оиладаги чиройли муҳит, аҳилликка кўпчилик ҳавас қилади. Чунончи оиланинг учинчи фарзанди Бахтиёржон маҳалламизда "Ботирбек" номли чойхона қурди. Кенг, ёруғ, замонавий кўринишга эга ушбу чойхона маҳалламиз кўркига кўрк қўшди, халқимизга чиройли хизмат қилмоқда, қолаверса, 9 нафар маҳалламиз ёшлари бу ерда доимий иш ўрнига эга бўлди.

Мазкур маҳаллада яшовчи Олимжон Рашидов ҳам савдогарлик ҳунарини эъзозлаб, қишлоқ аҳлига нафи тегаётган инсонлардан. У Наврўз маҳалласида мўъжаз савдо шохобчаси ташкил этиб, аҳолига қулайлик яратмоқда, маҳалладошлари турмуш фаровонлигини оширишга ҳисса қўшмоқда, ёшларни иш билан таъминламоқда. Меҳнаткаш, изланувчан тадбиркорлардан бири Абдураҳмон ака Сайназаровнинг ташаббуси билан маҳалла ҳудудида болалар футбол майдончасининг барпо этилганлигидан барча мамнун. Умуман, кўча ва гузарларни ободонлаштириш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида Шавкатбек Раҳимов, Қудратбек Fанибоев, Баҳодир Рустамов, Шокиржон Йўлдошев, Биродаржон Юсупов, Хуршидбек Сайназаров сингари тадбиркор ва фермерлардан қишлоқ аҳли чексиз миннатдор.

Қишлоқдаги турли маҳаллаларда чеварлик, дўппидўзлик, ҳунармандлик йўналишларида фаолият юритаётган Шавкатбек Раҳимов, Наргизахон Абдурашидова, Муҳаммадсодиқ Розиқов, Марғуба Солиева, Нилуфар Мамажонова сингари  ҳунармандлар ўзлари тайёрлаётган турли либослар, кўрпа-тўшаклар ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотлари билан бозорларимизни тўлдираётганлиги, одамларга чиройли хизмат кўрсатаётганлиги, қолаверса, "устоз-шогирд" анъанаси асосида ёшларга ҳунар ўргатаётганликлари таҳсинга муносибдир.

Қишлоқдаги маҳаллаларда бунёдкорлик, ободонлаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида қишлоқда қатор савдо ва маиший хизмат шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишлар айниқса, Март, Оқровот, Беш пахлавон маҳаллаларда намунали ташкил этилди.

Эътироф этиш керакки, қишлоқдаги маҳаллаларда шахсий томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам ҳавас қилса арзийдиган ишлар олиб борилмоқда. Томорқанинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиш, йилда икки, ҳатто, уч марта ҳосил олишга эришаётган миришкорлар талайгина.

- Томорқамизда 4 сотих ерга иссиқхона қурганмиз, - дейди "Мустақиллик" маҳалласида яшовчи уй бекаси Муқаддамхон Каримова. - Бир неча йилдирки, помидор, карам кўчатлари етиштирамиз, оиламиз бундан ҳар йили қарийиб 5-6 миллион сўм атрофида  даромад олади. Иссиқхонанинг бир қисмига редиска, кашнич, укроп сингари зиравор кўкатлар экканмиз. Бундан нафақат оиламиз, балки қўни-қўшнилар ҳам баҳраманд бўлади. Эҳтиёжимиздан ортганини эса бозорда сотамиз.

Маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган "Саломатлик сектори" фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида     "Соғлом она ва бола" йили Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, оналар ва болалар   соғлигини муҳофаза қилиш борасида ибратли ишлар олиб борилмоқда. Тиббий кўриклар, тарғибот тадбирлари орқали аҳолининг тиббий саводхонлиги, соғлом турмуш тарзи борасидаги тушунчалари бойитиб борилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг турли хасталиклар билан касалланиш ҳолатлари кескин қисқармоқда.

Қишлоқ маҳаллаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ёшлар тарбияси, айниқса, ёшларнинг турли иллатлар, диний ақидапарастлик ғоялари, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушишнинг олдини олишга қаратилган тадбир ва мулоқотлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда маҳаллаларнинг диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторларининг хизматлари ниҳоятда катта.

Хиромон Сиддиқова, Давлатхон Абдуллаева, Маърифатхон Асқарова сингари маслаҳатчи, отинойи ҳамда фаолларнинг ибратли фаолиятини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

- Маҳалламизда ўтказилаётган "Қайнонам онам менинг", "Маҳалламиз маликаси", "Энг намунали оила"  сингари тадбир ва танловлар, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуронийларнинг ёшлар билан учрашувлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, - дейди "Деҳқон" маҳалласи маслаҳатчиси Гавҳархон Нуриддинова. - Хусусан, қишлоқ миқёсида ўтказилган "Энг намунали оила"  танловида маҳалламиздаги илғор оилалардан бўлган Солижон Абдураҳимов оиласи ғолиб деб топилди. Умуман, бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса,ёшлар қалбида оилани муқаддас билиш, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларни  мустаҳкамламоқда.

Маҳаллаларда бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари ташаббуси билан     "Ораста қизлар давраси" тўгараклари машғулотлари ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.

- Тўгарак маҳалладаги қизларимизни бирлаштириб, уларнинг фаоллигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда, - дейди Бўтақора қишлоқ фуқаролар йиғини бошанғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ҳабибахон опа Бозорбоева. - Машғулотларда қизларимизни турмушга тайёрлаш, айниқса, пазандалик, орасталик борасидаги билим ва кўникмаларини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, "маҳалла - таълим муассасаси - оила" ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Бу эса таълим муассасаларида давоматни яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасидаги ишларни самарали олиб бориш имконини бермоқда.

Мухтасар айтганда, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси - Ад-ҳамжон Тўхтаматов, котиби Собиржон Каримов атрофига уюшган  Бўтақора қишлоғи фаоллари томонидан олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида кўп гапириш мумкин. Маҳалла деб аталувчи қутлуғ масканда яшовчилар бир-бирларининг қувончу ташвишларига шерик. Маҳалла, ундаги ҳар бир оила тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади, жамиятимизда меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади, ҳаётимиз янада фаровон бўлади. Бугун ишонч билан айта оламизки, бўтақораликлар озод ва обод Ватанимизнинг равнақи ва ободлиги учун муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, бундан буён ҳам улар бу йўлда бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қиладилар. Тинч ва осойишта ҳаётимизга асло кўз тегмасин. Тўйларимиз тўйларга улансин. Мана шу обод юртни, тинч ва фаровон ҳаётимизни ҳар қадамда асраб-авайлайлик.

Жанона РАҲимова тайёрлади.

Таълим сифатини ошириш-бош мақсадимиз

Андижон қишлоқ ҳўжалик институти қошидаги 1- сонли Куйганёр академик лицейида ҳам янги ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган  "Хотира дарси" билан бошланди.

Вилоятимиздаги нуфузли таълим масканларидан бири бўлган Куйганёр академик лицейида айни кунда тўртта - аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда хорижий тиллар филологияси йўналишлари бўйича 150 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Лицейда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. 26 та махсус фан кабинетлари, 15 минг нусхадаги китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, 200 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис майдони, 300 ўринли йиғилиш зали ўқувчилар ихтиёрида.

Жорий йилда лицейимизда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Андижон шаҳридаги "Транспорт қурувчи-Анд" қурилиш фирмаси томонидан 800 миллион сўмдан зиёд миқдордаги бюджет маблағлари сарфланиб, алоҳида иситиш қозонхонаси қурилди, бино мукаммал таъмирдан чиқарилди. Вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан лицейга янги жиҳозлар, хусусан, 20 миллион сўм миқдордаги спорт инвентар ва жиҳозлари ажратилди.

Жамоамизда ўз ишини яхши биладиган, тажрибали мутахассислар меҳнат қилади. Уларнинг 22 нафари олий маълумотли педагоглардир. Ўқитувчиларимизнинг аксарияти ўқитиш жараёнига ижодий ёндашади, дарсларни илғор педагогик технологиялар, интерфаол усуллар асосида ўтишга алоҳида эътибор қаратадилар. Шу боис ҳам ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишлари, фанларни ўзлаштириш даражаси юқори. Пухта таълим бериш, ўқувчиларимиз фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ўтган ўқув йилида қатор ўқувчиларимиз турли тадбир ва фестивалларда фаол иштирок этди, фан олимпиадасининг туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашдилар. Жумладан, хорижий филология йўналиши  ўқувчилари Бекзод Усмонов информатика фанидан, Моҳинур Мадаминова эса инглиз тили фанидан фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1- ўринга сазовор бўлдилар.

Бу каби ютуқларга эришишда Дилдора Турғунова, Муносибхон Умарова, Муҳаррамхон Саримсоқова, Дилфуза Бўронова, Ўринбой Эргашев, Гулбаҳор Отажонова, Зумрад Эргашева, Арофат Тожибоева сингари фаол ва фидоий ўқитувчиларимизнинг алоҳида хизматлари бор.

Бундан ташқари, лицейимизда турли тадбирлар, беллашувлар ва спорт мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилади. Сентябрь ойида гуруҳлараро "Энг кўп баҳоланган гуруҳ" тадбири ўтказилмоқда. Бундан мақсад, ўқувчиларни фанларни пухта ўзлаштиришини, дарсга қизиқишини ошириш ҳамда машғулотларда узулуксиз қатнашишини таъминлашга эришишдир. Жорий ўқув йилининг дастлабки ҳафтасида мазкур йўналишда 91- гуруҳ ўқувчилари олдинда бормоқда. "Энг кўп бадиий китоб ўқиш" беллашувида эса 89- гуруҳ ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда.

Лицейимизда турли фан ва спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритади.

Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг маънавияти, фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу каби тадбирларда "тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида фаол ўқувчиларимиз тенгдошларига белгиланган мавзулар доирасида маърузалар билан иштирок этадилар. Ўқувчиларимиздан Ойдиной   Сотволдиева, Омаджон Нўъманов, Бекзод Усмонов, Ирода Бобожонова, Хонзодабегим Раҳимовалар ана шундай, балки лицейда ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этишади.

Куни кеча мамлакатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримов хотирасига бағишланиб, "Доим қалбимиздасиз" мавзусида адабий кеча ўтказилди, унда ўқувчиларимиз Президентимизга атаб ёзган шеърлари, монологлари билан иштирок этдилар.

Умумий майдони қарийб 40 минг квадрат метрни ташкил этадиган лице-йимиз ҳудудини ободонлаштириш, тоза ва озодалигини таъминлаш ҳам алоҳида эътиборимизда туради. Ҳар бир гуруҳ ўзларига ажратилган ҳудудларга гуллар экади, парваришлайди. Умуман, лице-йимизнинг озодалигини таъминлаш ишида ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи фаол иштирок этади.

Жорий ўқув йилда ўқувчиларга пухта билим бериш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш жамоамизнинг бош мақсади бўлиб қолади. Ёш авлодни билимли, ҳар томонлама етук, Ватанимиз равнақига хизмат қиладиган комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.

 

Тўлганой САИДНАЗАРОВА,

Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги Куйганёр академик лицейи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари.

БИТИРУВЧИЛАРГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР

Моҳидилхон Мусаева - олий тоифали ўқитувчи,

36 йилдан буён ёшларга касб маҳоратидан таълим бериб келади,

қариийб 20 йилдан буён коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари.

Самарали меҳнатлари учун 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Таълим аълочиси",

2016 йилда "Ўзбекистон Респубикаси мустақиллигининг 25 йиллиги" кўкрак нишонлари билан тақдирланган. 

Оилали, турмуш ўртоғи Дилмурод ака Мусаев билан 5 фарзандни тарбиялаб, юртга қўшди. 

Кейинги йилларда касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва самарадорлигини  ошириш, коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида  кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 

Жумладан, 9 та мутахассислик бўйича 1500 нафарга яқин йигит-қиз таҳсил олаётган бизнинг Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга пухта касбий таълим бериш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, битирувчиларни ишга жойлаштириш, айниқса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги битирувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Коллежда ўқувчиларнинг бугунги кун талаби даражасида билим олишлари, касбий малака эгаллашлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Яъни, бу ерда тикувчилик, чилангарлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқув устахоналари мавжуд. Дарсларнинг амалий машғулотлар билан узвий равишда ўтказилиши ўқувчиларнинг таълим ва касбга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Ўтган ўқув йилида коллежимизни тамомлаган 348 нафар ўқувчининг бандлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишлар олиб борилди. Улар тўрт томонлама шартнома асосида вилоятдаги мулкчилик шакли турлича бўлган корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтади. Бугунги кунга келиб битирувчиларимизнинг 10 нафари олий ўқув юртида таҳсилни давом эттирмоқда, 338 нафари эса ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 10 дан ортиқ битирувчининг бизнес-лойиҳалари кўриб чиқилиб, имтиёзли кредитлар ажратилиши учун тегишли     банкларга тақдим этилди.

Коллежимизда касбий таълим йўналишидаги ишларни самарали ташкил этиш ҳамда эришилаётган муваффаққиятларда касбий таълим бўйича ўқитувчи ва усталардан Гулнора Хусанова, Шерзод Абдураҳимов, Ёқубжон Қаюмов, Барно Абдураҳмонова, Фотима Саидаҳмедова, Дилноза Абдураҳмоноваларнинг меҳнатлари таҳсинга сазовор.

Мухтасар айтганда, коллежимизда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. Жорий ўқув йилида ҳам жамоамизнинг ҳар бир аъзоси эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг етук шахс, ўз соҳасининг малакали мутахассиси, энг муҳими, жамиятимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қиладиган комил инсонлар бўлиб камол топишлари учун бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қилади. 

Моҳидилхон МУСАЕВА,

коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари.

БАРКАМОЛ АВЛОД ТАРБИЯСИ - ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА

Наъмунали таълим масканлари

Юртимизнинг барча таълим муассасаларида бўлгани каби Андижон шаҳридаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам жорий ўқув йили Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган  "Хотира дарси" билан бошланди.

Бачамизга яхши аёнки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда ёшлар, уларнинг камолоти, пухта билим олиш ва касб-ҳунар эгаллашлари учун кенг имкониятлар яратилди. Тўрт босқичли таълим тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши эртамиз эгаларининг билимли ва юксак салоҳиятли бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

"Хотира дарси" жараёнида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида юртимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлиги, айниқса, ўрта махсус таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия, касб-ҳунар ўргатиш жараёнларини давр талаблари даражасида олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги, умуман, миллат отасининг ёшлар камолоти йўлидаги эзгу ва хайрли ишлари ёдга олинди.

Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган иратли ишларни коллежимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозирда коллежимизда 1500 нафарга яқин ўқувчи тўққиз мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, муайян касбни эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган.

Жамоамизда 139 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади, уларнинг 97 нафарини педагоглар ташкил этса, 50 нафари олий маълумотли педагоглардир. Жорий ўқув йилида барча мутахассислик йўналишлари бўйича 270 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Коллежимиз вилоятимизнинг саноат ва транспорт корхоналарига малакали мутахассислар етказиб бераётган етакчи таълим муассасаларидан биридир. Хусусан, таълим масканимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, касбий таълим бўйича устахоналар, махсус лабораториялар, лингафон, информатика, мультмедия хоналари, 21 мингта китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, спорт зали, ошхона ҳамда ётоқхона мавжуд. Шунингдек, 20 та фан тўгараги, 3 та спорт секцияси, "Ораста қизлар" тўгараги самарали фаолият кўрсатмоқда.

Коллежимизда гуруҳлараро турли беллашувлар, қизиқарли тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. Хусусан, "Соғлом она ва бола" йилига бағишланиб, қизлар ўртасида "Ўзбек аёллари тарих саҳнасида", "Обод юртнинг зебо қизлари", "Коллеж маликаси", "Либосларда қадрият акси", "Зулфияхоним издошлари" каби турли тадбирлар бўлиб ўтди. Ана шу тадбирларда коллежнинг 180-, 192-, 181-, 182-, 192- гуруҳ қизлари фаол иштирок этди. "Коллеж маликаси" танловида эса 192- гуруҳ ўқувчиси Ҳожарой Анваржонова ғолиб чиқди.

     Коллежимиз ўқитувчилари ҳам шаҳар, вилоят миқёсидаги турли танловларда ва тадбирларда фаол қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олмоқда. Жумладан,  касбий таълим бўйича директор ўринбосари Моҳидил Мусаева мустақиллигимизнинг 25 йиллиги кўкрак нишони билан такдирланганлиги барчамизни қувонтирди. Ҳамкасбларимиздан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нилуфар Ҳакимова, информатика фани ўқитувчиси Дилрабо Аҳмедова, биология фани ўқитувчиси Саида Мақсумова, физика фани ўқитувчилари Муҳайё Икромова, Шуҳрат Акбаров, рус тили фани ўқитувчилари Фотима Зокирова, Нигора Шоҳобиддинова, Муҳайё Баҳриддинова, иқтисод фани ўқитувчиси Маҳмуджон Қўчқоровлар ноанъанавий дарс усулларидан самарали фойдаланиб, ҳам-касбларига намуна бўлмоқда.

Жамоамиз эришаётган муваффаққиятларда ўқув, маънавий-маърифий ишлар ҳамда  касбий таълим бўйича директор ўринбосарлари Соибжон Ҳакимов, Наргиза Абдупаттаева, Моҳидил Мусаева ҳамда бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Ойдиной Умароваларнинг алоҳида хизматлари бор. Фурсатдан фойдаланиб, мен барча устоз ва мураббийларни, ўқувчи ёшларни  янги ўқув йили билан табриклайман. Машаққатли, аммо шарафли фаолиятларида уларга ҳамиша омад ёр бўлсин.

 Абдумухтор ҲАМРАҚУЛОВ, коллеж директори.

Суратда:  коллеж ҳаётидан лавҳа.

ДУНЁНИ ҚУЧМОҚДА ЎЗБЕК ДЕГАН НОМ

Бахтга туташ юксак манзиллар сари,

Қадамлаган эркка чамбарак юртим.

Айёмингга туҳфа ютуқлар бари,

Йигирма беш ёшинг муборак, юртим!

 

Не-не тўфонлардан омоним ўзинг,

Боболардан кўҳна азиз меросим.

Тарихга муҳрдир ёруғ ҳар изинг,

Эркка машъаладир эсган ҳур насим.

 

Ҳайратга етаклаб бутун жаҳонни,

Дунёни қучмоқда ўзбек деган ном.

Қўлдан бермай ҳар тонг, ҳар тун имконни,

Эркини асрагай этиб бардавом.

 

Кеча ким эдигу, бугун эса ким?

Синовларни енгган муқаддас макон.

Йигирма беш ёшли навқирон юртим,

Айёминг муборак, ҳур Ўзбекистон!

Гулшода Қўлдашева.