+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

НАВОИЙ ВА БОБУРНИНГ ЎЗБЕК АДАБИЁТИДА ТУТГАН ЎРНИ

(7- сон) Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги

 

Тоғлар бағрида яшаётган одамлар ўша тоғларнинг нечоғлик улуғворлигини ҳис этавермайдилар. Улар тоғлардан узоқлашгач, тоғлар бутун салобати, виқори, буюклиги билан равшан кўрина бошлайди. Навоий ва Бобур ижоди ҳам ана шундай тоғларга, чўққиларга ўхшайди. Улар яшаган замон ва бизнинг давримизни беш асрдан ортиқ вақт ажратиб турибди. Аммо вақт ўтгани сари бу икки буюк ижодкор ижоди нечоғлик бетакрор экани тобора ёрқинроқ кўринмоқда.

Ўзбек мумтоз адабиёти - узоқ ва теран тарихга эга, унинг бағрида минглаб етук ижодкорлар бор. Уларнинг ҳар бири  хазина мисол. Лекин серқирралиликда, сермаҳсулликда, бадиий баркамолликда Навоий ва Бобур ижоди бетакрордир. Илмий ва бадиий ижод оламида шундай ижодкорлар бўладики, улар нафақат ўз халқининг асл фарзанди, миллатининг фахр-ифтихори, шу билан бирга, бутун инсоният учун бирдек қадрли ҳисобланади. Алишер Навоий ва ҳазрат Бобур ҳам ана шундай сиймолар сирасига кирадилар.

Навоий мумтоз адабиёт тарихида лирик, эпик поэзияни энг юқори чўққига олиб чиққан бўлса, Бобур  ўзбек адабиётида наср йўналиши тараққиётида янги саҳифа очди. Бадиий ижоддаги ғоявий йўналишлар билан ижодкорнинг ҳаёт тарзи ҳамиша ҳам мос келавермайди. Бироқ уларнинг ижоди ҳаёт тарзининг ажралмас қисми ёки улар ҳаётини ижод билан тўлдирган ва безаган инсонлардир. Навоий ва Бобурнинг буюклиги шундадир эҳтимол.

Бу икки даҳо ижодкорлар бир замонда яшаган бўлса-да, уларга учрашиш насиб этмади. Шунга қарамасдан, уларнинг ҳаёт йўлларида, ижодида жуда кўп боғлиқлик, муштараклик ва ўзига хос хусусиятларга гувоҳ бўламиз.

 Европада бир нақл бор: Гёте ва Шекспир ижодини билмаган инсон зиёли саналмайди. Шу фикрга қиёсан таъкидлаш  жоизки,  Ўзбекистонда Навоий ва Бобурни, уларнинг ижодини билмаган одамни    зиёли аташ мумкин эмас. Чунки улар умуминсоний қадриятларни куйлаган, жаҳон тан олган ижодкорлардир.  Навоийнинг ижодини юксак баҳолаган улуғ рус шарқшуноси, академик Николай Конраднинг қуйидаги фикрларига эътибор қаратайлик: "Келинг, Алишер Навоийдек шоир бўлганидан қувонайлик. Бизга шундай шоирни армуғон қилган ўзбек халқига раҳматлар айтайлик. Навоийни фақат ўрганмасдан, тадқиқ этмасдан, уни ўқиб юрайлик".

Андижонлик машҳур ватандошимиз ҳақида эса Жаваҳарлал Неру ўзининг  "Ҳиндисоннинг  кашф этилиши" ва  "Жаҳон тарихига бир назар" асарларида қуйидаги фикрларни ёзади: "Бобур - дилбар шахс. Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбирли инсон бўлган. Бобур шу пайтгача улкан маданиятли жозибадор инсонлар орасида энг етукларидан бири эди". Дарҳақиқат, ҳазрат Бобур тарихда адолатли ҳукмдор сифатидагина эмас, ғоят маданиятли, ташаббускор инсон бўлиб гавдаланади.

Навоий ва Бобур ўзбек адабиётига ўзининг ноёб  адабий мерослари орқали улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлардир. Бу икки улуғ сиймо шахсияти доимо мангуликка даҳлдор. Улар ёзиб қолдирган асарлар маънавиятимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшган бебаҳо хазинадир. Шундай экан, уларнинг улкан илмий адабий меросини ҳар қанча ўргансак, ҳар қанча тадқиқ этсак шунча оз.

Мумтоз адабиёт тарихидаги ушбу икки бобокалонимиз  ижодиёти асрлар оша гўзаллик ва нафосат тимсоли бўлиб қолаверади.

 

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон шаҳар 2-умумтаьлим мактабининг она тили ва адабиёти фани  ўқитувчиси.

ЁШЛАРНИ ЁТ FОЯЛАР, МАЪНАВИЙ ТАҲДИДЛАРДАН АСРАШ - МУҲИМ МАСАЛА

(7- сон) Мулоҳаза

Замон, тараққиёт шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда  мамлакатимиз ёшлари ҳаётида ҳам турли ўзгаришлар кузатилмоқда. Уларнинг билим ва дунёқараши кенгайиб, интеллектуал салоҳияти юксалмоқда. Бу албатта яхши, лекин мана шу жараёнда "оммавий маданият" деб аталаётган таҳдидлар уларнинг   тарбиясига, руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигидан, миллий қадриятларимизга соя солаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Миллийликка таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, одамнинг том маънодаги инсон бўлиб яшашига халақит берадиган, унинг руҳий дунёсини, тарбиясини издан чиқаришга, ўзлигини унутишга қаратилган мафкуравий, ғоявий, информацион хуружларни назарда тутиш лозим. Ҳозирги кунда жуда катта имкониятларга эга ахборот коммуникация технологиялари, хусусан, интернет тармоғи ёшлар ҳаётида ниҳоятда катта роль ўйнамоқда. Интернет ёшларнинг онгида янгича қарашлар, тушунчалар ва маданият кўринишларининг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз манфаат ва ғояларини сингдириш орқали турли мақсадларни кўзлаган айрим кимсаларга қўл келмоқда.  

Айни кунда интернетнинг турли ижтимоий тармоқлари содда, қатъий фикр ва ҳаётий қарашлари шаклланмаган ёшларни қопқонга тушириш, медиа фирибгарлик майдони, ёшлар онги ва қалбини эгаллашнинг асосий қуроли бўлиб хизмат қилмоқда.

"Оммавий маданият" деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини    тарқатиш, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизига беписандлик билан қараш, уларни қўпориб ташлашга йўналтирилган таҳдидлар ҳар қандай миллий ғоя ва қадриятларга зиддир. Хусусан, ана шундай қабиҳ ниятли кучлар миллий қарашларимизга ёт ғояларни киритишга, мамлакатимиз ёшларининг онгини эгаллашга уринаётганлиги бу масалада бизни янада хушёр бўлишга чорлаши лозим. Бундай ғоялар мамлакатимиз истиқлолини мустаҳкамлаш, буюк келажагини барпо этишга тўсқинлик қилади. 

Муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ушбу муаммони кенг миқёсда халқимиз ҳаётига дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқдир. Яъни, бу ўринда биз ёшларимизга ўзбек миллатининг ўзига хос қадриятлари, маданияти, анъаналарига, миллий истиқлол ғоясига қарши тажовузлардан асраш ҳақида кенг тушунчалар беришимиз зарур. Бу масалада асло эътиборсизликка йўл қўйиш мумкин эмас. Мазкур муаммонинг ўз вақтида олди олинмаса, тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам ёшлар тарбиясига, уларда турли таҳдидларга нисбатан маънавий иммунитетни шакллантириш, уларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бунинг учун энг аввало,     қуйидаги жиҳат ва омиларга эътибор қаратишимиз керак: 

 - ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат туйғусини болаликдан    шакллантириш;

 - мустақил фикрга эга ва      соғлом негизда шаклланган  дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга шахсларни тарбиялаш;

- мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш;

- халқимизнинг  асрлар давомида шаклланган ахлоқ-одоб меъёрларига риоя қилиш;

- бундай таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш;

- ёшларни илм ўрганишга, спортга ва бошқа фойдали меҳнатга жалб қилиш.

Ана шу ишларни самарали ташкил эта олсак, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз ҳеч қачон турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолмайдилар.

Муҳайё МАМАДАЛИЕВА,

 

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ОТИН АЁЛЛАР ЯНАДА ФАОЛ ИШЛАЙДИ,

(7- сон)

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Андижон вилоят вакиллигида вилоятда фаолият олиб бораётган отин аёлларнинг 2016 йил якунлари ва жорий йилда бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олишга бағишланган ҳисобот-йиғилиши бўлиб ўтди.

- дейди вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова.

Йиғилишда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, мутасадди ташкилотлар вакиллари, туман ва шаҳарларда иш олиб бораётган отин аёллар иштирок этиб, якунланган йилда амалга оширилган ишлар хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Дастлаб, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси Саодатхон Расулованинг "Соғлом она ва бола йили"да олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи    тингланди.

- Ҳисобот даврида вилоятимизда фаолият юритаётган 185 нафар  отин аёллар томонидан маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, миллий анъана ва қадриятларимизни улуғлаш, аҳолининг маънавиятини юксалтиришга қаратилган жуда кўп тадбирлар ўтказилди, - дейди С. Расулова. - Ана шу тадбирлар фаолиятимиз самарадорлигини ошириш, ижобий натижаларга эришишимизда муҳим аҳамият касб этди. Қолаверса, олиб борилган тарғибот ишлари натижасида фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортмоқда, юртдошларимиз жамиятдаги жараёнларда фаол қатнашмоқда. Бунда албатта, отин аёлларнинг ҳам маълум ҳиссаси борлиги бизни қувонтиради.

Тадбирда Пахтаобод тумани бош отинойиси Гулчеҳрахон Насритдинова, Андижон шаҳар Гумбаз маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси Шоира Нуралиева, Избоскан туман бош отинойиси Санобархон Ашуровалар сўзга чиқиб, ҳисобот маърузаси, шунингдек, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва роли хусусида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакили Э. Алимқулов отин аёллар ўз фаолиятларига танқидий-таҳлилий назар билан қарашлари кераклиги, белгиланган ишларни ташкил этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар билан ишлашда ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдириб бўлмаслиги, муаммо ва камчиликларни ўз вақитида бартараф этиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда маҳаллаларда тўй ва бошқа турли маросимларни ўтказишда кераксиз ва ортиқча ҳашамларга йўл қўймаслик,  дастурхончилар фаолиятини назоратга олиш, маҳалла маслаҳатчилари, фаоллари билан отин аёлларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилиши белгиланган ишлар ижросини таъминлаш, айниқса, аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан зарур топшириқ ва тавсиялар берди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Жорий йилда қилиниши лозим бўлган муҳим ишлар ва вазифалар ижросини таъминлаш, отин аёллар фаоллигини  янада оширишга келишиб олинди.

Якунда самарали фаолият юритаётган, зиммасидаги вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига намуна кўрсатаётган бир гуруҳ отин аёллар  вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Элмурод АБДУЛЛАЕВ.

ХУНАРЛИ АЁЛ ОИЛАСИГА БАРАКА КИРИТАДИ

(7- сон) Маслаҳатчилар фаолиятидан

Маҳалла тинч ва обод бўлса, ана шу гўшадаги аҳоли ҳам хотиржам ва  фаровон ҳаёт кечиради. Маҳалланинг тинч, файзли бўлишида эса шубҳасиз, фуқаролар йиғинининг диний-маърифат, маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг алоҳида ўрни ва роли бор.

Дарҳақиқат, маҳалла аҳли корига яраш, яхши ва ёмон кунларида улар билан елкама-елка туриш, уларга ҳамдард бўлиш маслаҳатчи зиммасига катта масъулият юклайди.

Андижон туманидаги Орол маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд 900 га яқин оила таркибида 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла аҳли билан ҳамжиҳатликда ишлаб келаётган Малохатхон Тоштемирова ҳам  зиммасидаги масъулиятни сидқидилдан адо этаётган фидойи, жонкуяр маслаҳатчилардан биридир. Шу боис ҳам у кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозона олган. Малохат опа ҳар бир маҳалладошининг феъл-атворига қараб муомалада бўлади, кўпни кўрган онахонлар билан маслаҳатлашиб иш юритади. Кам таъминланган оилаларга, ёрдамга муҳтож  кишиларга имкон қадар кўмак беришга ҳаракат қилади. Айниқса, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида оилаларни мустаҳкамлаш, қайнона-келин муносабатлари, ёшлар тарбиясига қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади.

- Маҳалладошларим билан опа-сингил, опа-укадай яқин бўлиб кетганмиз, - дейди М. Тоштемирова. Шунинг учунми аёлларимиз ўзларини қийнаган муаммолар ҳусусида бемалол кўнгил очади. Ҳаётда учраб турадиган айрим муаммо, камчиликларни эса маҳалла фаоллари билан баҳамжиҳат ҳал қиламиз.

Ҳақиқатдан ҳам, маҳаллада ёшлар ўртасида миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсмир ёшдаги қизларни ҳаётга тайёрлаш, бандлигини таъминлаш, мактабни битираётган йигит-қизларни муайян касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. "Таълим муассасаси, маҳалла, оила" ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган.    Шунингдек, маҳалладаги хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Фаридахон Неъматова билан биргаликда "Ораста қизлар давраси" тўгараги машғулотларини самарали ташкил этиш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

 Маҳаллада миллий ҳунармандчилик анъаналари - тикувчилик, каштачилик, тўн, кўрпа-тўшак тайёрлаш, парда тикиш асосида иш олиб бораётган ҳунарманд аёллар ҳам талайгина. Хусусан, Назира Раҳимова, Хоназимхон Раҳимова, Тожихон Тешабоева, Зуҳрахн Тешабоева, Гулчеҳрахон Маъмирова, Хайитхон Маъмирова сингари ҳунарманд аёллар ёш қизларга "устоз-шогирд" анъанаси асосида ўз ҳунарлари сирларини ўргатиб келмоқда. Чунки ёшлар ўрганган ҳунарлари орқали оилаларига қўшимча даромад, барака киритадилар. Умуман, бирор касб-ҳунарнинг бошини тутган қиз-аёл ҳаётда асло қийналмайди.

М. Тоштемирова маҳалла раиси Зафарбек Мирзаев, фаоллари, ички ишлар профилактика инспектори билан хамжиҳатликда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли салбий ҳолатларнинг, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш борасидаги ишларни тизимли олиб боришда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, маҳаллада ушбу йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Мухтасар айтганда, қаердаки мутасаддилар ўз ишига масъулият билан ёндашса, ишлар самарали ташкил этилса, изланиш, илғор иш услубларини жорий этишга эътибор қаратилса, ўша ерда ютуқлар кўлами кенгаяверади. Буни маслаҳатчи Малохатхон Тоштемирова фаолияти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Ишонамизки, маслаҳатси Малохат опа одамлар ишончини оқлаб, эл-юрт равнақи йўлида янада шижоат билан меҳнат қилади.

 

Ойдиной МАЪМУРОВА.  

НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ

(6- сон)

Асака педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежида буюк шоир Алишер Навоийнинг илмий меросини ўрганиш, уни ёшлар орасида кенг  тарғиб қилишга бағишланган "Аждодлар меъроси - келажак пойдевори" мавзусида адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда коллежнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди,  турли сахна кўринишлари намойиш этилди, улуғ шоир ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Коллежда махсус бурчак ташкил қилиниб, унга Навоийнинг портретлари, ҳаёти ва фаолиятига оид китоблар,          шунингдек, ўқувчиларнинг Навоий асарлари асосида чизган суратлари кўргазмаси намойиш этилди.

- Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ўқувчиларни  адабиёт фанига бўлган қизиқишларини ошириш, улуғ сиймонинг ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш ҳамда маънавиятимизда тутган ўзига хос ўрнини англатишдан иборат, - дейди коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А. Меҳмонов.

Тадбир давомида шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди. Ижодкор ўқувчилар ўз шеърларидан намуналар ўқидилар. Кўтаринки  руҳда ўтказилган тадбир ўқувчиларнинг  Навоий ва унинг ўлмас ижоди ҳақидаги билимларини бойитишга хизмат қилди.

 

 Муҳаббат ЮЛДАШЕВА,

Асака педагогика ижтимоий-иқтисодиёт  коллежи

 она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. 

Сен қувончим, бахтимсан, Ватан

Хизматингга шайман, эй Ватан,

Бир корингга ярасам, дейман.

Сўнгги нафас бордир, танда жон,

Қароғимда асрасам, дейман.

 

Онам ёпган қайноқ нонидан

Сенинг меҳринг қалқиб туради.

Боболарим буюк шонидан,

Буюклигим балқиб туради.

 

Сен ишончим, аҳдимсан, Ватан,

Сен акамсан, менга куюнган.

Бойчечаклар териб келганда,

Отам каби суйиб, суюнган!

 

Сен қувончим, бахтимсан, Ватан,

Нурафшондир, ҳатто туним ҳам.

Киндик қоним тўкилган замин,

Бахтим тўкис, сен билан бекам.

 

Мен бахтлиман, бахтлиман, Ватан,

Сенинг боланг бўлганим учун.

Мен ҳар нафас олға бораман,

Олға, болам, деганинг учун.

 

 

Мавлуда АЗИМОВА, Балиқчи тумани.

«ОИЛАМНИ САҚЛАБ ҚОЛИШНИ ИСТАЙМАН»

(6- сон) Аёлларга тавсиялар

Таҳририятга келган ушбу мактуб ҳар қандай ўқувчини ўйга толдиради. Ахир бир оиланинг барбод бўлишини, фарзандларнинг ота меҳрига зор бўлиб ўсишини ким ҳам истайди, дейсиз? Қолаверса, мактуб муаллифи айтганидай уларнинг тарбияси қандай кечади, улар эртага жамиятимиз учун муносиб инсонлар бўлиб камол топадиларми? Бу масала, нафақат, ўша оиланинг, балки бутун жамият олдида турган муҳим масаладир. Ана шундан келиб чиқиб, психолог Махфузахон Алимовадан мактуб хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашишини сўрадик.

Қадрли Нилуфархон! Сиз оилангизни сақлаб қолиш учун бор имкониятларингизни ишга солишингиз керак. Энг муҳими, тушкунликка тушманг. Доно   халқимизнинг: "Сув бир лойқаланиб тинади" деган ҳикматомуз иборасини эсланг. Эр-хотиннинг бир-бирларини тушунмаслиги, келишмовчилик ва зиддиятлар ҳар қандай оилада ҳам учрайди. Тинимсиз жанжаллар, ақл кетганда айтиладиган ножоиз гап-сўзлар баҳона бўлиб оиланинг бузилишига йўл қўйиш мумкин эмас. Жуфтлар аввало, вазиятга вазминлик билан ёндашиб, ҳолатни  ақл кўзи билан таҳлил қилсалар ҳар қандай нохуш вазиятнинг олди олинади. Бундай вазиятда аввало, ғазабингизни енгинг, мулоҳаза билан иш юритинг. Руҳшуносларнинг қуйидаги тавсия ва маслахатарига амал қилсангиз, албатта, тўғри йўлни танлай оласиз, оилангиз билан боғлиқ кўнгилсизликларнинг олди олинади.

Оилавий ҳаёт - машаққатли меҳнат

Оилани саодат масканига айлантириш бир инсоннинг иши эмас. Уйингиздаги чиройли муҳит сиз ва турмуш ўртоғингизнинг муросаи мадора билан, бир-бирингизни тушуниб, камчилигингизга кўз юмиб, ютуғингизни ошириб яшаш эвазига келадиган неъматдир. Эр-хотиннинг бирга бахтли умргузаронлик қилиши уларнинг машаққатли меҳнатлари билан қўлга киритилади.

Оилавий ҳаёт вужуди меҳнат. Меҳнат бўлгандаям жуда оғир, машаққатли ва инсондан сабр-тоқат, матонат ва тиришқоқлик талаб қиладиган меҳнат. Меҳнатсевар инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, муҳтожлик кўрмайди. Оилавий ҳаёт борасида ҳам шундай. Оиласини қадрлаган инсон уни барбод бўлишига йўл қўймайди. Оиласининг бахти, хотиржамлиги ва нуфузи учун курашади. Бу курашдан толмайди, аксинча,  завқланади.

"Қачон қарама у ўзига ўхшаган ғийбатчи аёлларга турмушимиздан шикоят қилиб нолигани нолиган", "Эрим мендан совуган, ҳар бир ишимдан айб топади". Оилавий муносабатларда бу каби гап-сўзларга, оила сирларини бошқаларга айтишга умуман йўл қўймаслик керак. Бир-бирингизни бегоналарга ёмонлашнинг нима кераги бор? Яқинларингизга оилавий ҳаётингизни давойи достон қилиб, уларни хавотирга қўйиб, бунинг устига орага совуқчилик туширишнинг асло кераги йўқ. Қолаверса, Аллоҳ ҳар бир инсонни муносибига қовуштиради. Халқимизнинг "Ўхшатмасдан учратмас" дегани бежиз эмас. Хуллас,бир-бирингизнинг айб-нуқсонингизни қидиришни бас қилинг, оилангизни сақлаб қолиш учун бор имкониятингизни ишга солинг.

- Бир-бирингизга таъна-маломатлар отишни тўхтатинг!

- Қачонлардир бўлиб ўтган майда дилхираликларни кўтариб юрманг, уларни умуман эсламанг!

- Баҳслашманг!

- Муаммоларни жанжал билан ҳал этолмайсиз. Бир-бирингизга самимий ва меҳрли бўлишга интилинг.

Нима қилиш керак?

Узоқ давом этаётган низоларни тўхтатишга ҳаракат қилинг. Жуфтингизнинг ижобий хусусиятларини эсланг. Агар сизда жуфтингизга нисбатан озгина меҳр сақланиб қолган бўлса, унинг бир пайтлари сизни мафтун қилган хусусиятлари ёдингизга тушади. Яна эр-хотин иккалангизнинг бирга ўтказган хуш дамларингиз, эсда қоларли бахтли кунларингизни эсланг. Шу инсон билан озгина бўлса ҳам бахтни ҳис қилган экансиз, демак, яна ана шундай бахтга мушарраф бўлишингиз мумкин. Жуфтингиз сабаб фарзанд деган неъмат билан тақдирланганлигингизни унутманг. Ана шуларни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳар қандай кўнгил хираликни  четга суриб, оилангизни сақлаб қолишингиз керак.

Бунинг учун бир-бирингизга вақт беринг. Бу муддат орадаги низоларни бартараф қилинг, талашманг, тортишманг. Бироз муддат гаплашмай туриш ҳам наф беради.

Эркаклар ҳам масъулиятни унутмасин.

Эркак - оиланинг устуни, раҳбари. Аёли ва фарзандларини тўғри йўлга бошлайдиган, тарбия берадиган инсон. Эркак сўзи қаҳр-ғазаби билан эмас, балки, мақоми,  хатти-ҳаракатлари, амали билан ўрнак бўлиши керак. Оилани сақлаб қолишга кўпроқ эр масъулдир.

Аёлингиз сизга кераклигини билса,  ҳамма дилхираликларни унутиб, бағрингизга талпинади. Рафиқангизнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари, орзусига эътиборли бўлинг. Касбий фаолиятидаги ютуқлари хусусида суҳбатлашинг. Дугоналари кимлиги, уларнинг оилавий аҳволи, феъл-атвори билан қизиқинг. Қисқаси, муносабатингиздан рафиқангиз сизга кераклигини, фикри ёдингиз унда эканлигини ва албатта, унга муҳаббатингиз баланд эканлигини ҳис қилсин.

Рафиқангизнинг босган қадамини пойламанг. Аксинча, шундай йўл тутингки, хотинингиз кун давомида нималар билан шуғуллангани, ким билан қандай мавзуда суҳбатлашганини сизга гапириб берсин. Бундай пайтларда сиз аёлингизни эътибор биланг тинглашга ҳаракат қилинг. Рафиқангизга ширин сўзлар айтинг, вақти-вақти билан турли совғалар хадя этинг.  хурсанд қилинг. Чиройли гуллар ёки бир дона шоколад беринг. Муносабатларингиз меҳр асосига қурилсин.

Аёллар, ёдингизда бўлсин!

Қадрли аёллар!  Ҳеч қачон қовоғингиздан қор ёғмасин!  Оилавий ҳаётда гина-қудратни  йиғиштиринг! Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун файз-барака кўтарилади, деган ҳикматли гапни асло унутманг. Уйингиздан барака аришини истамасангиз, ҳар қандай кўнгилхиралик келиб чиқишига йўл қўйманг, табассум қилинг. Табассум қилсангиз, хурсандчилик ўз-ўзидан келаверади.

Эркак оила бошлиғи бўлса, аёл хонадоннинг чироғи. Чироқсиз уй зулматда қолади. Зулматда вазиятни бошқариш ҳар қандай кучли раҳбарга ҳам қийин бўлади. Демак, оиланинг мустаҳкамлиги, бахти кўпроқ аёлга боғлиқ. Эрингиз билан муносабатларингизни аввалги ҳолатига қайтариш ўзингизнинг қўлингизда. У сизга керакли эканини ҳис қилсин. Эрингизга  "Уйимда мени севимли аёлим кутяпти" деган фикр ишдан қайтаётганида қанот берсин. Ишдан қайтгач, куни қандай ўтгани, ишида қандай ўзгаришлар борлигини сўранг. Буни терговдай эмас, дилдан ва самимий айтинг. Эрингизга маънавий қувват беринг.

Оилавий ҳаётнинг олтин қоидаси:

Азиз аёллар, унутманг! Бўлиб ўтган дилхираликларни  эслаш ва эрингиз маломат қилиш билан муносабатларни баттар чигаллаштирасиз. Эркакни жанжал, турли босим билан ўзингизда сақлаб қололмайсиз. Эрингизни ром этишнинг йўли - ширин сўз, меҳр-муҳаббат ва кўнгилсизликларни унутиш.

Ҳар бир инсонга оилавий бахт ва севиб-севилиб яшаш саодати насиб этсин!

 

Умида АДИЗОВА ёзиб олди.

УЛУF БОБОМИЗГА ЭҲТИРОМ

(6- сон) 2017 йил Вилоятимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили

Маълумки, 2017 йил вилоятимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили, деб эълон қилинган. Шу муносабати, қолаверса, улуғ бобомизнинг 534 йиллигига бағишлаб вилоятимизнинг барча ҳудудларида Андижон фарзанди, шоҳ ва шоир, моҳир ҳарбий саркарда Бобур ҳазратлари хотирасига бағишланган қатор маънавий-маърифий, адабий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Жалақудуқ туманидаги 30-умумтаьлим мактабида ташкил этилди. Ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этган тадбирда Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумотлар берилди, шоир қаламига мансуб назмий асарлардан намуналар ўқилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Айниқса, Арофат Тошланбоева, Зилола Қаҳрамонова, Жаҳонгир Йўлдошев, Маҳмуджон Жўрабоев сингари ижодкор ўқувчиларнинг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

***

Худди шундай адабий кеча тумандаги 40-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди. Унда таълим муассасасининг иқтидорли, ижодкор ўқувчилари ҳазрат Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан намуналар ўқидилар. Шоирнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ саҳна кўринишини намойиш этдилар.

- Жорий йил вилоятимизда "Бобур йили" деб эълон қилинганлигидан биз педагог-адабиётчилар беҳад хурсанд бўлдик, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Тўлғаной Қўчқарова. - Қолаверса, бу бизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди. Улуғ бобомиз ҳаёти ва ижодини ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб этиш, уларнинг Бобур ижодига бўлган қизиқишини янада ошириш борасида тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим.

Улуғ бобомиз З. М. Бобур хотирасига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча таълим масканларида ўтказилмоқда.

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИ ҲАМИША ЁДИМИЗДА

(6- сон) Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти, миллатимиз отаси

 

ТИНЧЛИК ФАРИШТАСИ

Сиздай инсон йўқ, халқи учун яшаган,

Элим деб, юртим деб асло тинмаган,

Зукколикда сиздай инсон бўлмаган,

Тинчлик фариштаси сиз Ислом бобо.

 

Ҳар фанда-жабҳада сиздек топилмас,

Ўзбек деб юрак ёнган, одам топилмас,

Ҳеч бир юрт раҳбари сиздек бўлолмас,

Тинчлик фариштаси, сиз Ислом бобо.

 

Илмию-зехнини мерос қолдирган,

Кичикка каттани эъзоз билдирган,

Ҳар жабҳани мукаммал тўлдирган,

Тинчлик фариштаси, сиз Ислом бобо.

 

Сиздай улуғ инсонни Тангри қўллади,

Ўзбекнинг номини  дунё таниди,

Ўзбекнинг шуҳрати оламни тутди,

Тинчлик фариштаси, сиз Ислом бобо.

 

Сиз ёддан чиқмайсиз, абадий дилда,

Ҳар бир ёш, қарининг қалби тўрида,

Сиз улуғ манзилда, биз буюк йўлда,

Тинчлик фариштаси, сиз Ислом бобо.

 Нилуфар ҚАЮМОВА,

Бўз тумани.

 

 

Юртбошимиз хотирасига

Сочингиз оқига ҳавасим келди,

Алмашгум сочимнинг толаларини.

Бизни деб кўзингиз нурлари кетди,

Берсайдим кўзимнинг қораларини.

 

Бутун бир дунёга ҳали кўрасиз,

Ўзбекнинг кимлигин эслатиб қўяй.

Ўшал Амриқою Европаликни,

Лол бўлиб ёқасин тутганда кўрай.

 

Ҳали катта бўлай, Ислом бобожон,

Сиз учун атайлаб достон битаман.

Кашталаб бу байтни ажиб матога.

Юз ёш хотирангизга ҳадя этаман.

 Маҳсума АБДУЛАҲАДОВА.

 

 

ИСЛОМ БОБО ХОТИРАСИ АБАДИЙ

Ёди қалбимизда яшар абадий,

Юрган йўллари бизларга ибрат.

Ёзган асрларин умридир боқий,

Тарих китобида қолар тоабад.

 

Келажак авлодни доим ўйлади,

Халқ учун қурдилар одил жамият.

Ўзбек халқи учун доно муаллим,

Сизни унутмайди юрт, бутун миллат.

Хуснидахон ШАВКАТОВА,

Андижон шаҳридаги 10-умумтаьлим мактаби 7-синф ўқувчиси.

 

ЁДГА ОЛАР ЎЗБЕКИСТОН

Ислом бобо хотирасига

Нега яхши инсонлар ҳеч яшамас кўп,

Ҳақ дунёга эрта кетар кўнгил доғлаб.

Олтинларга айланарди ушласа чўп,

Бугун эса руҳи турар бизни қўллаб.

 

Юрт отасин вафотини эшитганда,

Ўзбек халқи нола қилди, фиғон қилди.

Яратганнинг қисматига рози бўлиб,

Жудоликка сабр билан дуо қилди.

 

Сарбонимиз афсус бизни ташлаб кетди,

Бўлмасмиди фарзандларин қўллаб юрса?

Ўғлонлари медаль билан қайтганида,

Бўлмасмиди қучоқ очиб кутиб олса?

 

Полвонлари шод этмоққа ота руҳин,

Бағишлади ўттиз битта медалини.

"Юрт сарбонин руҳи таскин топсин", дея

Пахтакорлар тўлдирмоқда хирмонини.

 

Мен-чи, унга фарзанд бўлиб нима қилдим?

Бор билганим алифбо ва тўрт мисра шеър.

Туни билан йиғлаб-йиғлаб зўрға ёздим,

Қофияси келишмаган битта шу шеър.

 

"Парвардигор, отамизга жаннатингдан

Жой бер", дея дуо қилар Ўзбекистон.

"Ўз халқини жондан севган сарбон", дея

Ҳар лаҳзада ёдга олар Ўзбекистон.

Мадинабону ҲАБИБУЛЛАЕВА,

Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 

Калбларда яшайсиз мангу

 

Бу кун жудоликдан юрагим вайрон,

Тинмас кўзимдаги аламли ёшим.

Халқингиз унутмас Сизни ҳеч қачон,

Қалбларда яшайсиз, азиз Юртбошим.

 

Суратингиз олдида чўкканимча тиз,

Йиғлайман айрилиқ ўтида ёниб.

Сиз халқнинг суянган тоғи эдингиз,

Яшардик доимо Сизга ишониб.

 

Соябон эдингиз, қалқон эдингиз.

Озодлик туйғусин бердингиз бизга.

Сиз окил йулбошчи, сарбон эдингиз,

Ташаккур айтамиз юртбошим Сизга.

 

Чорасиз миллатни зулмат қаридан,

Нурафшон хаётга етаклаган зот.

Ҳимоя қилдингиз не ғанимлардан,

Сиз туфайли халқингиз яшади озод.

 

Чорак аср ичида юксалди ватан,

Олға бошладингиз бизларни  мудом.

Ўзбекистон номин дунё олди тан,

Оламга танилди ўзбек деган ном.

 

Сиздан миннатдормиз улуғ Юртбошим,

Илохим қабрингиз нурларга тўлсин.

Сизни унутмаймиз мангулик қадар,

Аллоҳ жойингизни Жаннатдан қилсин.

 

                  Марҳабо АКБАРАЛИЕВА,

Асака тумани. 

МИЛЛАТЛАРАРО ДЎСТЛИК ТАРFИБОТЧИСИ

(6- сон)  Ўзбекистон - умумий уйимиз

Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Миллий-маданий марказлар юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга  муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Республика байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаолларини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони билан  республикамиздаги Миллий маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари турли унвон, орден ва медаллар билан  тақдирланди. Улар орасида Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий марказининг жонкуяр аъзоси, Жалақудуқ туманидаги 27-умумий ўртатаълим мактаби директори Умутхон Маматалиева ҳам бор. У фаоллиги ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги самарали фаолияти учун   "Дўстлик" орденига сазовор бўлди.

Мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида  ўзаро дўстона муносабатлар қарор топган. Миллатидан қатъи назар, юртимизнинг ҳар бир фуқароси Ватан равнақи, унинг порлоқ келажаги йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Ана шундай  юртдошларимиздан бири  Қирғиз миллий маданий марказининг изланувчан, ташаббускор, фаол аъзоси Умутхон Маматалиевадир. У фаолияти давомида миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик,  тинч ва фаровон ҳаётимиз барқарорлигини таъминлаш борасида кенг кўламли амалий ва тарғибот ишларини амалга ошириб келмоқда. 

- Умитхон Маматалиева Марказимиз томонидан турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда нафақат ташаббускор, ташкилотчи, балки ўзининг илғор ғоя ва таклифлари билан ҳам яқиндан ёрдам беради, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий-маданий маркази раиси Обиджон Носиров. - Айниқса, туман, вилоят миқёсидаги  "Ўзбекистон-умумий уйимиз", "Миллатлараро тотувлик - Ватан тараққиётининг муҳим омили", "Миллий анъаналаримиз - ўлмас қадриятларимиз" каби фестиваль ва тадбирларнинг сермазмун ўтишида унинг алоҳида хизматлари бор. Умитхон чиндан ҳам мукофотга муносиб аёл.

Умутхон Маматалиева 1966 йилда Жалақудуқ туманида туғилган. 1990 йилда Ўзбекистон Миллий университети (собиқ ТошДУ)ни тамомлаб, кимё йўналиши мутахассислигини эгаллади. Меҳнат фаолияти давомида мактаб ўқитувчиси, илмий бўлим мудири, 2013 йилдан эса Абдуллабий қишлоғида жойлашган 27-умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасида ишлаб, ўзининг ташкилотчи ва ташаббускорлигини намоён этмоқда. Касбининг етук билимдони, талабчан раҳбар сифатида ўқитиш жараёнига илғор ва интерфаол услубларни, фан янгиликларини жорий этиш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг раҳбарлигида изланиб, бугунги кун талаби даражасида иш олиб бораётган мактаб жамоаси кўплаб ютуқларга эришиб, тумандаги илғор мактаблар қаторидан жой олди.

Айни кунда мактабда ўқувчиларга пухта билим берилмоқда, шу билан бирга, "Ораста қизлар", "Моҳир қўллар", "Ёш эколог", "Ёш қутқарувчи", "Камалак", "Дўстлик", "Жаш талант" сингари тўгараклар ҳамда спортнинг бир неча тури бўйича секциялар фаолият кўрсатмоқда. Турли тадбир ва спорт мусобақалари орқали нафақат ўқувчилар, балки қишлоқдаги уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Турмуш ўртоғи Акбарали Хусанов билан аҳилликда яшаб, уч фарзандни вояга етказаётган Умутхон Маматалиева маҳалладошлари, эл-юрт орасида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган. Одамлар билан самимий муносабати, дилкаш суҳбатдош ва фаоллиги учун ҳам кўпчиликнинг меҳрига сазовор бўлган.

- Мен ўзим байналмилал оилада туғилиб, ўсганман. Онам ўзбек, отам   қирғиз миллати вакили. Икки миллат вакилларининг тинч-тотув яшаши, дўстлик, меҳр-оқибат ришталари қон-қонимизга сингиб кетган. Умуман, маҳалламизда байналмилал оилалар жуда кўп, ўзбек ва қирғизлар қуда-анда бўлиб, асрлар давомида аҳилликда яшаб келадилар. Бу дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ҳеч қачон узилмасин. Оддий бир қишлоқ аёли, яъни менинг меҳнатларим қадрланиб, мукофотга лойиқ кўрилганлигимдан беҳад мамнунман. Ушбу мукофот менга янада масъулият юклайди, шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Менинг миллатим қирғиз бўлса-да,  Ўзбекистон фуқаросиман. Шу юрт менинг Ватаним, шу юрт тараққиёти, равнақи,    тинчлиги, фарзандларимиз бахту-саодати учун астойдил меҳнат қиламан, агар керак бўлса, жонимни бахшида этишга тайёрман. Ушбу мукофотни нафақат ўзимга, балки отам-онам, яқинларим, жамоамиз, элимиз, Қирғиз миллий маданий марказига берилган мукофот деб биламан.

Ҳа, икки миллат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро хамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллатлараро аҳиллик руҳида тарбиялаш    борасида сидқидилдан меҳнат қилаётган Умутхон Маматалиевага юксак мукофот муборак бўлсин, деймиз. Юртимиздаги миллатлараро дўстликка, ҳамжиҳатликка асло кўз тегмасин.

Дилдора ХУШБАҚОВА.