Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
-Корхонамиз раҳбари ўғлига тўй қилиб, ҳаммани уйга меҳмонга таклиф этди, - дейди бир киши суҳбатларимиздан бирида. - Тўкин дастурхон атрофида содда кийим кийган оддий ишчи-хизматчилардан тортиб, бўлим бошлиқларигача бир қаторда ўтирдик. Мезбонлар чаққонлик ила хизматда бўларканлар, барчага бирдай иззат-икром кўрсатишарди. Раҳбаримиз эса асли камтар инсон - қўлини кўксига қўйганча, меҳмонлар ёнига яқин келиб: "Хуш келибсизлар..." дея, хиёл бош эгди.
Гарчи мезбон эса-да, раҳбар салобати босаркан, аммо унинг камтарлиги, оқкўнгиллиги, олижаноблиги ўз ўрнида уни энг гўзал инсонга айлантирган эди шу топда".
Дарҳақиқат, ҳаётда каландимоғ, киборли инсонларни ҳам учратиш мумкин, улар фақат одамларнинг ташқи кўринишига, топиш-тутишига, кийимининг охорига қараб муомалада бўлади. Аммо, бу дунёнинг ўткинчилигини ҳис этган киши барчага бирдай самимият ила муносабат кўрсатади. Шу боис ҳам, маънавий фазилатлар уларнинг ҳуснини оширади ва гўзал инсонга айлантиради, беихтиёр.
...Шу ўринда бир ҳикоят ёдга келди:
Қадим замонда бир донишмандни меҳмонга таклиф этишибди. У айтилган жойга оддий кийимларда борибди. Қараса, меҳмондорчилик бўлаётган жойга шаҳарнинг аслзодалари тўпланишган экан. Улар донишмандга беписандлик билан қараб, юзларини тескари ўгиришибди.
Шундай қилиб донишманд дастурхоннинг бир четида омонатгина ўтириб, тезда уйига қайтиб кетибди.
Орадан бир қанча вақт ўтибди. Донишмандни бошқа бир зиёфатга таклиф қилишибди. Донишманд суриштириб билса, у ерга ҳам шаҳарнинг бойлари тўпланишар экан. Шунда у зиёфатга қимматбаҳо кийимларини кийиб, ўзига оро бериб борибди.
Донишманд эшикдан кириши билан унга пешвоз чиқиб, иззат-икром кўрсатиб дастурхоннинг тўрига ўтқазишибди. Зиёфат давомида ҳам турли ноз-неъматларни таклиф этишиб, ҳурматини жойига қўйишибди.
Бир пайт донишманд унга узатилган егуликларни енгининг ичига ва қўйнига сола бошлабди. Буни кўриб меҳмонлар ҳайрон бўлишибди ва ундан бунинг сабабини сўрашса, у киноя билан шундай жавоб қилган экан: " - Бу ноз-неъматлар ва иззат-икром менга эмас, кийимимга тегишлидир".
Ҳа, қимматбаҳо либослар одамни азиз қилмайди, аксинча, одам кийимни эҳтиётлаши мумкин. Буни эса фақат ўзини-ўзи ҳурмат қиладиганлар ва одамларни қадрлайдиганларгина яхши англайдилар.
Маънавий баркамоллик ўз моҳияти билан инсоннинг ички ва ташқи дунёсини, иродасини, имон-эътиқодини, виждонини уйғотадиган барча ижтимоий омилларни ўз ичига олади.
Шу боис ҳам биз биринчи галда фарзандларимиз тақдирига, уларнинг ғоявий етук бўлишига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Тобора тараққийлашиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида ёшлар замон билан ҳамқадам бўлишга интилаётганлари қувонарли, албатта. Бироқ, барча ижобий томонлар билан бир қаторда айрим салбий ҳолатлардан чекинмаётган йигит-қизларимизнинг борлиги бизни янада хушёр бўлишимизни тақазо этади. Айтайлик, жамоат транспортида ўзини тута билмайдиган, одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қилмайдиган ёшлар ўзларининг салбий хатти-ҳаракатлари билан ўз тенгдошлари маънавиятини, тарбиясини бузмайди ёки ойнаи жаҳон орқали берилаётган миллий тарбиямизга зид турли теледастурлар, кинофильм ва сериалларни томоша қилаётган мактаб ўқувчисини тартибга чақирмасак, эртага бунинг ортидан тарбия билан боғлиқ қатор салбий ҳолатлар келиб чиқмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Демак, бу борада лоқайдлик ва эътиборсизлик қилишимиз асло мумкин эмас.
Бугун ёшлар маънавиятини бойитиш учун уларни кутубхоналарга, китоб ўқишга кўпроқ жалб этишимиз лозим. Ёшларимиз бўш вақтларини интернет кафеларда, кафе-барларда эмас, айнан кутубхоналарда ўтказсин.
Биз, давлатимизнинг биринчи Президенти И. А. Каримовнинг "Маънавият - енгилмас куч" деган пурмаъно сўзларини ҳамиша ёдда сақламоғимиз керак. Юқоридаги саволларимизга эса ўзимиз жавоб излашимиз, бунинг учун эса иллатнинг, муаммонинг илдизини йўқотишимиз керак бўлади. Токи, эртамиз ҳамда ёруғ келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг маънавияти, тарбияси юксак бўлсин. Бу борада педагоглар ва ота-оналар масъулиятини оширишимиз, таълим муассасаси ва оила ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашимиз муҳимдир.
Избоскан туманидаги 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида "Назм гулистони" деб номланган шеърият кечаси ҳамда тумандаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадинабону Хабибуллаеванинг "Вақт қадри" номли илк китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Иштирокчилар дастлаб тадбир доирасида "Баркамол авлодни тарбиялашда мактаб кутубхонасининг ўрни" мавзусида ташкил этилган китоблар кўргазмаси билан танишдилар.
Шундан сўнг, таниқли ижодкорлар Қамчибек Кенжа, Абдулла Комил сўз олиб, инсон маънавиятини юксалтиришда китобнинг ўрни ва роли, китоб мутоласи, ёшларнинг китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида гапирдилар.
Шоҳ ва улуғ шоир З. М. Бобур ижодига бағишланган адабий компазиция ҳамда унинг ғазалларидан ўқилган намуналар барчага хуш кайфият улашди.
Тадбирда Мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олинди. У киши раҳнамолигида ёшларга, айниқса, ёш ижодкорларга яратиб берилган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Юртбошимиз хотирасига бағишлаб ўқилган шеърлар эса иштирокчилар қалбини тўлқинлантирди.
Ижодкор ўқитувчи ва ўқувчилар ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Она Ватан, юртга муҳаббат, ижод ва истиқлолни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбирда ёш ижодкор Мадинабону Хабибуллаеванинг "Вақт қадри" деб номланган илк китоби тақдимотида эса бир гуруҳ ўқитувчи ва ижодкорлар китоб ҳақида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини айтдилар. Жумладан, тўпламга киритилган шеърлардаги содда, самимий ва болаларча туйғулар ўзига хос сатрларда тараннум этилганлиги алоҳида эътироф этилди. Ёш ижодкорга ижодий парвозлар тиланди.
Ёш, ҳаваскор шоира ўзининг янги шеърларидан намуналар ўқиди.
Ушбу тадбир ёшлар маънавиятини ошириш, уларнинг китобга, адабиётга бўлган қизиқиш, меҳр ва муҳаббатини оширишга хизмат қилди.
Бугунги кунда шеърият бўстонига кириб келаётган ёшлар жуда кўп. Олтинкўллик ёш ижодкор Ҳидоят Зуҳриддинова ҳам ижод бўстонида ўз ўрнини излаётган ёшларимиздан бири. Ҳозирда у Андижон давлат университети қошидаги 2-академик лицейда таҳсил олади, "Бобур издошлари" адабий тўгарагининг фаол аъзоларидан бири.
Устозлари сабоғини олиб, ўз устида тинмай изланаётган ёш қаламкашнинг яқинда "Қанотимни кенг ёздим, Ватан" номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқди. "Ҳаёт" нашриётида чоп этилган мазкур тўпламда ёшлик, табиат, она Ватан, севги-муҳаббат каби мавзулар тараннум этилган. Ушбу китобни мутолаа қилган ўқувчи шеърлардаги ёшлик сурури, табиатга ошуфталик, Ватанга бўлган муҳаббат, ота-онага ҳурмат ва садоқат тушунчаларини ҳис қилади. Айниқса, "Биз қуёшнинг нурли боласи", "Ўлкам", "Тун вароғи" "Fолибман", "Шамол" каби шеърларини алоҳида таъкидлаш мумкин.
"Қанотимни кенг ёздим, Ватан" номли мазкур тўпламда бу каби кўнгилга яқин сатрлар кўп учрайди. Шеърлардаги беғуборлик, самимийлик ўқувчини бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
ЁШ ОНАЛАР УШБУ ЖАРАЁНДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШЛАРИ ЗАРУР
Гўдак ҳаётининг дастлабки йили парвариш борасида ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Чунки ана шу даврда боланинг жисмоний ва ақлий ривожланишига асос солинади. Бу эса оналардан фарзанд тарбиясида ниҳоятда эътиборли бўлишни талаб этади. Гўдак парвариши, ушбу жараёнда нималарга алоҳида эътибор қаратиш керак? Бу борадаги муҳим жиҳатлар хусусида ёш оналарга Андижон шаҳар болалар шифохонаси 1-болалар бўлими шифокори Мавлудахон СОЛИЕВА қуйидаги тавсия ва маслаҳатларни беради.
БОЛАНГИЗНИ КЎКРАК СУТИ БИЛАН БОҚИНГ
Чақалоқ туғилгандан бошлаб, энг аввало, уни тўғри озуқлантириш керак. Энг тўғри озуқа албатта, табиий она сутидир. Кўкрак сути орқали гўдак барча ўзига керакли оқсил, аминокислота ва витаминлар, микро ва макро элементларни олади.
Она сути таркибидаги витамин ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор керакли нисбатда бўлади. Кўкрак сути билан озуқланган чақалоқларнинг рахит, камқонлик сингари касалликларга учраши эҳтимоли жуда паст бўлади.
ЧАҚАЛОҚНИНГ ҲОЛАТИГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛИНГ
Чақалоқнинг нормал териси юмшоқ, қизғиш, майин туклар билан қопланган бўлади. Агар бола терисининг оч пушти ранги оқара ёки сарғая бошласа, тезда неонатолог билан маслаҳатлашиш зарур.
Гўдакнинг киндиги у туғилганидан 3-5 кун ўтиб тушади. Умуман, киндик 12-14 кундан сўнг бутунлай битади. Агар киндикдан ёқимсиз ҳид келса ёки унинг атрофи қизарса, зудлик билан шифокорга мурожаат килиш керак.
Янги туғилган чақалоқ ўзига керагича вақт мобайнида ухлайди. Унинг уйқу вақти катталарникидан фарқли бўлиб, индивидуал ҳолатга эга бўлади. Айрим гўдаклар кўпроқ кундузи, бошқалари эса кечаси ухлашади. Бу ҳолат ўзгариб боради ва гўдакнинг уйғоқлик даври узайиб, уйқуси тунга ўтади. Гўдак ухлайдиган хона кенг, ёруғ, озода, тўшаги эса қаттиқ ва текис бўлиши зарур. Чақалоқнинг биринчи ойда унга ёстиқ керак эмас. Болани фақат совқотиб қолмаслигини эмас, балки исиб кетмаслигини ҳам назорат қилиш керак. Чақалоқ танасининг меъёрдаги ҳарорати 36,5 С дан 37,5 С гача бўлади.
Бола таглигини алмаштиришда эса оналар гўдакнинг нажасига эътибор қилишлари керак. Янги туғилган чақалоқнинг нажаси дастлабки уч кун ичида (меконий) ажралиб чиқади. Кейинчалик унинг ахлати сарғиш рангга киради. Кўкрак сути билан овқатлантирилган чақалоқнинг нажаси бир суткада 6-8 мартагача келади.
ГЎДАК ТАГЛИКЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?
Чақалоқларни туғилган куниданоқ йўргакламасдан, эркин кийинтириш лозим. Йўргаклаш боланинг қорнини ва кўкрак қафасини қисиб қўйиши, эркин нафас олишини қийинлаштириши мумкин. Энг муҳими, боланинг эркин ва табиий ётишига халақит беради, қон айланиши жараёнини қийинлаштиради. Кейинчалик чақалоқ ўзининг қўл ва оёқларидан қўрқиб, уларга ўрганиши қийин кечади.
Чақалоқлар учун памперс тагликларини уч соатдан кўп қўллаш тавсия этилмайди. Чунки, кечаю кундуз памперс тутилганда боланинг нозик терисида аллергик тошмалар тошиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун тагликлар учун мўлжалланган болалар кремини суртиш лозим. Ўғил болалар учун памперс тагликлари зарарли деган гаплар илмий асосланмаган.
Шунинг учун меъёрида памперс тақиш (сайрда, меҳмонга борганда, кечаси) зарар эмас.
БОЛАНИ ТЕЗ-ТЕЗ ЧЎМИЛТИРИБ ТУРИШ ЗАРУР
Шунда у яхши ухлайди. Яна чўмилтириш натижасида гўдак чиниқиб боради. Чунки, тери ҳам нафас олади. Таги қуруқ, тўйиб эмган ва соғлом гўдак тинч ухлайди. Ҳар доим гўдакни бир вақтда, кечки эмизиш олдидан чўмилтирган маъқул.
Фарзандингизни ҳар куни очиқ ҳавода сайр қилдиришни канда қилманг. Тоза ҳаво гўдакнинг соғлиги ва иммунитетини мустаҳкамлабгина қолмай, болани чиниқтиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Онага бола парвариши, уни эмизиш ва кейинчалик гўдакка қўшимча озуқалар бериш, эмлаш, касаллик белгилари ҳақида туғруқхонада зарур маслаҳатлар берилади. Муҳими, касалликлар белгиларини билишда оналар зийрак бўлишлари лозим. Чақалоқдаги битта касаллик бир неча белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Масалан, кўп тинмай йиғлаш, тана ҳароратини меъёрдан кўтарилиши ёки пасайиб кетиши, қусиш, нафас олишнинг бузилиши, талваса, кўкракни эммаслик, бола терисининг ранги ўзгариши (кўкариши, сарғайиб кетиши, оқариб кетиш) ва ҳакозо. Ана шундай ҳолларда тезда болалар шифокорига мурожаат қилиш керак.
Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилсангиз, чақалоғингиз албатта, соғлом ва дуркун ўсади, қолаверса, масъулиятли ва мураккаб парвариш даврини кўнгилдагидек ўтказасиз.
ЮРТИМИЗДА ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИ ҲАМИША МУҲОФАЗАДА
(5- сон)
Энг муҳими, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозим.
Ислом КАРИМОВ.
Истиқлолнинг илк йиллариданоқ юртимизда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, оналар ва болалар саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш масалаларига давлат сиёсатининг устивор йўналиши сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, оналик ва болалик муҳофазаси, аҳолининг тиббий маданияти ҳамда репродуктив саломатлик бўйича билимларини ошириш йўналишларида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар опа-сингилларимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, истиқлол йилларида мамлакатимизда тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган "Соғлом она - соғлом бола" миллий модели оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, миллат генофондини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
"Соғлом она ва бола йили" деб номланган 2016 йилда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида вилоятимизда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятнинг энг чекка қишлоқлари, шаҳарлардаги тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 13 та даволаш-профилактика муассасаларида 36 млрд. 131 млн. сўмлик, шунингдек, 14 та тумандаги 30 та қишлоқ врачлик пунктларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Якунланган йилда 39087 нафар никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 236 нафари диспансер назоратига олинди ва соғломлаштиришга жалб этилди. Шу билан бирга, 37500 нафар ёш оналарга туғруқ комплексларида чақалоқ парвариши, уларда турли касалликларни олдини олиш, уй шароитида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрисида буклетлар, саломатлик варақаларини тарқатилди.
Шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг парвариши бўйича қайноналар ва шифокорлар иштирокида "Соғлом онадан-соғлом бола", "Зурриётингиз соғлом бўлсин десангиз", "Келиним соғлом - неварам соғлом", "Биз ҳам эдик сиздек" каби мавзуларда аҳоли ўртасида кўплаб давра суҳбатлари ўтказилди.
Айни кунда аҳолига кўрсатилаётгани бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимида 2550 нафар патронаж ҳамширалари фаолият кўсатиб келмоқда, улар аҳоли хонадонларига ташриф буюриб, уй шароитида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий саводхонлигини юксалтириш борасида ҳам кенг кўламли тарғибоот ишларини амалга оширмоқда.
Хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида "Аёллар спорт фестивали", "Гимнастика барча учун", "Соғлом оила", "Отам, онам ва мен - аҳил спортчилар оиласимиз" мусобақалари ўтказилиб, унинг қуйи босқичларида 70 минг нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди.
Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган "Аёллар маслаҳат маркази"га жалб этилган мутахассислар томонидан йил давомида 13443 нафар хотин-қизга тиббий, ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам ва маслаҳатлар кўрсатилди.
Бир сўз билдан айтганда, вилоятимизда аҳоли, хотин-қизлар, айниқса, оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган бу каби ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Мавлудахон НИЗОМОВА,
вилоят ҳокимлиги оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш котибияти мудири.
Вилоят ҳокимлигида "Соғлом она ва бола йили"да Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова олиб борди.
Туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари мутахассислари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, турли хасталикларни эрта аниқлаш, самарали даволаш борасидаги ишлар кўлами ва сифати йилдан-йилга юксалиб бораётганлиги таъкидланиб, юқоридаги қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил этилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г. Абдуллаева вилоятимиз тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, қарор ижросини таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар хусусида гапирди.
Йиғилишда мазкур йўналишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, амалга оширилаётган ишлар сифати ва самарадорлигини, тиббиёт ходимларининг касбий билим ва малакасини ошириш, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан тегишли топшириқлар, таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Инсоннинг нафақат жисмонан, балки маънан етук, ақлан баркамол бўлиб вояга етишида спортнинг ўрни беқиёс аҳамиятга эга. Шу боис, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ спортга, айниқса хотин-қизлар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳатто, юртимизнинг олис қишлоқларида ҳам ёш қизларнинг спорт билан шуғулланишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун барча шароитлар яратилган. Улкан имкониятларга жавобан андижонлик ёшлар орасида чемпионлар, турли халқаро мусобақалар ғолибларининг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Сузиш бўйича паролимпия ўйинлари совриндори, кўп карра Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Шоҳсанам Тошпўлатова ҳам катта ютуқларга эришаётган истеъдодли спортчиларимиздан биридир.
...Ўшанда у чамаси саккиз ёшли қизалоқ эди. Ота-онасини бир амаллаб кўндиргач, маҳалладаги ўртоқлари билан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги сузиш бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнай бошлади. У дастлаб, машқларни бажаришда бироз қийинчиликларга дуч келган бўлса-да, кейин секин-асталик билан барчасига чиниқиб борди. Тажрибали мураббийлари кўмагида сузиш спортининг сир-асрорларини, унинг ўзига хос техникасини қунт билан пухта ўрганишга киришди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай у Наманган шаҳрида ўтказилган Фарғона водийси чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритди. Бу унинг келгусидаги улкан марраларни забт этишига замин яратган илк муваффақияти эди.
Устозларининг ҳар бир ўгитига амал қилиб, ўз устида астойдил ишлашга бел боғлаган Андижон шаҳрида таваллуд топган Шоҳсанам Тошпўлатова тинимсиз изланиши ва тиришқоқлиги натижасида республика ва халқаро миқёсидаги кўплаб мусобақаларда зинама-зина юқори шоҳсупаларни банд эта бошлади. У бир неча карра Ўзбекистон, Марказий Осиё чемпиони бўлди.
- Сузиш инсон руҳиятини кўтариш билан бирга, умуртқа-поғона яллиғланиши, туз тўпланиши, сколеоз каби касалликларнинг, айниқса, шамоллашнинг олдини олишда ниҳоятда муҳим, - дейди Шоҳсанам Тошпўлатова биз билан суҳбатда. - Бундан ташқари, организмда қон айланишини ҳам яхшилайди. Мазкур спорт тури билан шуғулланишдан олдин организмни чиниқтириш лозим. Бу спорт турини танлаганимдан сира афсусланмайман, аксинча, қувонаман. Спорт ҳаётимнинг мазмунига айланган. Инсон спортга ошно бўлса, ҳеч қачон касал бўлмаслиги ҳамда ҳамиша гўзал ва тетик бўлиб юришини англаб етдим.
Дарҳақиқат, юртимизда ёш авлод учун берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар самараси ўлароқ, ўз мақсадлари сари дадил одимлаётган Ш. Тошпўлатова учун 2016 йил жуда ҳам омадли келди. Сабаби, у март ойида Грецияда ўтказилган халқаро мусобақада сузишнинг эркин, чалқанча, брасс, батэрфлай ва комплекс усулларида ғолиб бўлиб, 5 та олтин медални қўлга киритди, май ойида Португалияда бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида ҳам совриндор бўлди, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган XV Паралимпия ўйинларида ҳам муваффақиятли қатнашди. У дастлаб 200 метр масофага комплекс усулда сузишда 2 дақиқаю 27 сония натижа қайд этиб, бронза медалга сазовор бўлган бўлса, 50 метр масофага эркин усулда сузишда ҳам учинчи ўринни қўлга киритди. Шохсанам тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида мамлакатимиз жамоасига иккита бронза медални туҳфа этди.
- Биласизми, мазкур нуфузли мусобақада қўлга киритган ғалабам нашидаси ва ҳис-ҳаяжонлар ҳалигача қалбимни тарк этгани йўқ, - дейди Шохсанам. - Она юртимга ёруғ юз билан қайтиб келганимдан жуда ҳам хурсандман. Айниқса, "Ўзбкистон ифтихори" унвони соҳиби бўлганлигим мени янада руҳлантириб юборди. Бунинг учун аввало, биз спортчиларга барча шарт-шароитларни яратиб берган ҳукуматимизга, ота-онамга ҳамда менга яқиндан ёрдам бериб, маслаҳатларини аямаган мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келажакда халқаро спорт майдонларида бундан-да юқори натижаларни қўлга киритиб, Она диёримиз шуҳратини янада юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан!
Миролим ИСАЖОНОВ.
Суратда параолимпия ўйинлари бронза медали соҳибаси Ш. Тошпўлатова.
уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади, таклифлар ишлаб чиқилади, - дейди оилаларидаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Дилшода МИРЗАЖОНОВА.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайитирилган мажлисидаги "Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик - ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак" деб номланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида ташкил этилган республикамиздаги қатор масъул ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи вилоятимизга ташриф буюради.
Вилоят ҳокимлигида мазкур ишчи гуруҳ фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, белгиланган ишларни самарали ташкил этиш масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, республика "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди раиси ўринбосари, Андижон вилояти бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Д. Мирзажонова сўз олиб, мазкур ўрганишнинг мақсади, мазмун-моҳияти хусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар бердилар.
Жумладан, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини, маънавий даражасини, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни аниқлаш;
- жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, юқори даражада ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- аҳолининг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва ечимини топиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш борасида давлат, нодавлат-нотижорат ҳамда жамоат ташкилотларининг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
- ҳар бир оила аъзосиининг касби-кори, меҳнат фаолияти, машғулоти, оиланинг иқтисодий аҳволи;
- оилалар даромадини ошириш бўйича таклифларни ўрганиб, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатиш;
- хонадонларда касаначилик, ҳунармандчилик, косиблик, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар бериш, ана шу ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш;
Шу кунларда республика ишчи гуруҳ аъзолари раҳбарлигида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларда ташкил этилган гуруҳлар томонидан белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.