+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МАКТАБ ҲОВЛИСИ

(Туйғу)

Бу ҳаётдаги энг гўзал, энг кўркам ва энг кўнгилга яқин  жой бу - мактаб. Бир қарашда шунчаки бир маскан. Тўрт томони девор. Лекин бағри тўла гулзор, мевазор, дарахтзор.   Соя-салқин жойлари остидаги ўтиргичлар эса ҳамиша биз учун қадрдон. Беихтиёр ўтираман...

Атроф тўла ўқувчилар, ўғил-қизлар. Кимдир қаёқадир чопади, яна кимдир кимнидир   чақиради. Мактаб формасидаги бир тўп қизлар қўлларида китоб кўтариб олишган. Кичкинтой болалар бир-бирларини қувалаб ўйнашади. Мактаб ховлиси узра ҳаёт қайнайди...

      Мактабдаги футбол майдони эса болаларнинг қий-чувига тўлиб кетган. Кимдир футболкада, яна кимдир майкада терлаб-пишиб тўп тепади. Атрофдагиларнинг кўзлари майдонда. Ўйинчиларни қўллаб бақиришади. Волейбол майдони ва бошқа ўйин жойлари  ҳам болаларга тўла.

Тадбирлар ўтказиладиган кенг майдон ўртасига ўрнатилган темир устун чўққисида она юрт байроғи мағрур ҳилпирайди. Майдон текис, тоза қилиб супирилган. Атрофида эса қишин-ёзин кўк либос кийган  арчалар бир-бирлари билан ҳусн талашгандек мағрур туради. Улар анча бўй чўзиб қолишган...

Чегара деворлари яқинидаги дарахтлар ҳам кўзга кўриниб қолган. Улар орасидаги мажнунтоллар ўзларини кўз-кўз қилиб, майин шабодада охиста тебранади. Уларга қўниб учаётган қушларнинг овозлари аҳён-аҳёнда эшитилиб қолади.Улар ҳовлига кўрк...

"Дарсга" деб чалинган жарангли қўнғироқ болаларни сергаклантиради. Улар шошиб- пишиб синфларга чопишади. Ҳовли узра яна сокинлик, сукунат бошланади. Шу дам бир зум хаёлимни жамлайман. Ўрнимдан тураман...     

Барибир, мактаб ҳовлиси  қадрдон жой...

Абдураҳим  БОЗОРБОЕВ.

ЯХШИЛИК ЯХШИ

Ҳаёт - ибрат мактаби

Дунёда яхшилик бор экан, диёнат, инсоф яшайверади. Инсон умри давомида кимгадир эзгулик соғинса, унинг қийин кунларида ёрдам қўлини узатса, дардига малҳам, ташвишига шерик бўла олса, демак, у бекор яшамабди. Қилган яхши амаллари билан одамзод атрофдагилар дилида абадий қолади, ўзидан яхши ном қолдира олади.

Имонли инсон қўлидан келганча одамларга яхшилик қилади. Тили ва иши билан бировга зиён етказмайди. Билмайин бирор хатога йўл қўйса, уни  дарҳол тўғрилашга интилади.

Яқин бир танишим бор. Унинг юзидаги нур, кўзидаги меҳр яхши ишлари билан яна-да зиё сочади. Дилоромхонни таниганлар унинг сахийлигига, оқибатлилигига, инсоний фазилатларига ҳавас билан қарайдилар. Дўсту яқинларига, ҳатто бегоналардан ҳам энг оғир вазиятларда ёрдамини аямайди.

Камхаржроқ дугонамиз тўй қилди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма ота-она ҳам эл қилганини қилгиси келади. Фарзандининг ўксинишини истамайди. Дугонам ҳам етиниб-етинмай сарполарни қилишга уринарди. Бироқ қизнинг бир камини тўлдиргунча, яна бир кам-кўсти кўринарди. Мебелгаку хали ортинганича йўқ. Дугонам қизига уларни тўйдан      кейин олиб беришларини, ҳозирча имкониятлари етарли эмаслигини тушунтиришга уринар, бўлажак келинчак эса тушунишни истамасди. Бу кўнгилхираликка олиб келарди.

Шундай қийин бир даврда Дилоромхон билан суҳбатлашиб қолдим. У дугонамизнинг қандай камлари борлиги ҳақида билишни истади. Тўй харажатлари аста-секинлик билан бўлаётгани, бироқ мебел тўғрисида муаммо чиқаётганини айтдим. Дилоромхон ўйланиб турди-да, ўша ётоқхона мебелларини тўёна қилишини айтди. Бироқ буни у қилганини ҳеч ким билмаслигини истади. Сабабини сўрадим.

- Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, дейилади ҳадисларда ҳам. Мен буни одамлар билиши учун қилмоқчи эмасман. Фақатгина ёрдамга муҳтож бўлган одамга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчиман. Эртага уларнинг манзилини бериб, тўёна дея икки энлик хат ёзиб, бозордан тўғри уйларига жўнатаман. Сиздан илтимос, бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Эҳсон айтиб қилинса, ўз қадрини йўқотади, - деди Дилоромхон. Мен рози бўлдим.

Дугонамиз тўйдан кейин ҳам анча вақтгача яхши бир одамнинг жуда оғир вазиятда ёрдам бергани, фақат ўзини таништирмагани, ундан бир умр миннатдор экани хусусида гапириб юрди, уни дуо қилишдан чарчамади.

Дарҳақиқат, орамизда мана шундай олиҳиммат инсонларнинг борлиги ҳаёт синовларини енгишимизга кўмак бериб келади. Яхшилик барибир яхши эканини ёдда тутишимизга ундайди. 

 

Оқибатхон мадаминжон қизи,

Булоқбоши тумани.

БОЙ БЎЛИШ БУРЖГА БОFЛИК...МИ?

(10- сон) ХОҲ ИШОНИНГ...

Пул ҳар бир одамга куч ва эртанги кун учун ўзига бўлган ишончни оширади. Бироқ у ҳеч қачон ўз-ўзидан қўлимизда пайдо бўлиб қолмайди. Астрологларнинг таъкидлашича, кишининг қай даражада пул топиши, бой ёки камбағал бўлиши кўп жиҳатдан буржга боғлиқ бўлиб, айрим буржлар ўз соҳибларига янада кўпроқ пул келтириши мумкин экан.

Қуйида мунажжимларнинг турли бурж вакилларини пул топиш, унга муносабат борасидаги имкониятлари ва қарашлари ҳақидаги фикрлар билан танишасиз.

Қўй

Ушу бурж вакиллари тинимсиз меҳнат қилиш орқали пул топишади. Ҳатто, баъзилари нафақага чиққанларида ҳам ишлашади. Аслида улар пул борасида "пулим йўқ" дейишни билишмайди. Доим қариндош-уруғ ва яқинларига пул беради, тартиб билан ҳаражат қилишга эътибор қаратмайдилар. Шу сабаб улар ҳеч қачон ортиқча маблағ жамғара олишмайди.

Бузоқ

Ушбу бурждагилар ўз қадрини яхши билишади. Ҳеч қачон текинга ишлашмайди. Улар пулни топиш билан бирга, ақл билан ишлатишни ҳам билишади. Бу уларнинг энг катта ютуғи. Шу боис, уларнинг пулсиз қолишлари унчалик кўпга чўзилмайди.

Эгизаклар

Улар ҳамиша ўз ақлига таянган ҳолда пул топишга ҳаракат қилишади. Битта ўқ билан иккита қуённи урмоқчи бўлишади. Лекин кўп ҳолларда бунинг уддасидан чиқишмайди. Пулни ўйламасдан сарф қилишгани учун доимо пулга муҳтожлик сезиб яшашади.

Қисқичбақа

Ушбу бурж вакиллари ҳеч қачон пулсиз қолмайди. Ҳар доим қора кунга атаганлари бўлади. Улар кўп пул топишга ва яхши яшашга уринишади. Оиласини ҳам доимо яхши таъминлашга жон-жаҳди билан ҳаракат қилишади. Фақат тинимсиз ҳаракат билангина пул топишлари мумкин.

Арслон

Ушбу бурждагилар ҳаммадан яхши яшашни, яъни шохона ҳаёт кечиришни хоҳлашади. Бироқ камдан-кам ҳоллардагина ўз ниятларига етишадилар. Улар ҳамиша юқори маош тўланадиган жойда ишлашга интилишади. Бунинг учун кечаю кундуз ишлашга ҳам рози бўладилар.

Паризод

Ушбу бурж вакиллари бир умр тинимсиз меҳнат қилишади. Лекин уларнинг меҳнати ҳар доим ҳам қадрланмайди. Бундан улар руҳан азобланади. Лекин керакли жойларга (билим олиш, соғлигини тиклаш, оиласи учун зарур жиҳозлар олиш каби) пулларини аямасдан сарф қилишни ҳам билишади.

Тарози

Ҳамиша ҳам жон куйдириб меҳнат қилмаса-да, пул топишнинг уддасидан чиқишади. Улар ўзига ҳомий топишга устаси фаранг. Пулни сарфлашда эса бир тийин устида ҳам бош қотиришади.

Чаён

Улар табиатан туғма молиячи ва бошқарувчи бўлишади. Аъло даражадаги ташкилотчи бўлишгани учун кўпроқ бозорда фаолият юритишади. Уларнинг ҳамиша қўшимча даромад (масалан, уйни ижарага, тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар бериш каби) оладиган манбаи бўлади. Умуман олганда, улар пулдан пул қилишни яхши билишади. Қарилик гаштини ҳам бемалол суриши мумкин.

Ўқотар

Бу одамларнинг қўлида ҳеч қачон пул турмаслиги аниқ. Улар ҳамиша чўнтагида охирги пули қолгунча ишлатишади. Кўпинча улар ўзларини худди пули кўп бой одамдай тутишади. Бироқ айрим ҳолларда ўз алдовларининг "қурбони"га айланишади.

Тоғ эчкиси

Қайсар, бир умр фақат ўз мақсадлари йўлида ишлайди. Лекин улар бир умр тарки дунё қилиб яшашлари ҳам мумкин. Доим атрофидаги одамларни ҳам қашшоқ деб ўйлашади. Аммо эътиборли томони шуки, бор пулини бекорга совуришмайди. Уларнинг ёнида доим маълум миқдорда пул бўлади.

Қовға

Бу бурждагилар яхши пул ишлаб топишади. Лекин пул уларнинг ҳаётида биринчи ўринда эмас. Улар дўстларига қарз бериб туришлари ва ҳатто, қарз бергани ёдидан ҳам кўтарилиши мумкин.

Балиқ

Балиқ буржидагиларнинг ҳаётида пул иккинчи даражали. Улар одатда камтарона ҳаёт кечиришади. Ҳеч қачон пулнинг ортидан қувишмайди. Ҳар қандай нарса тақдир билан боғлиқ, деган тушунча уларнинг онгига сингиб кетган.

 

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.

БОЛА ТИҚИЛИБ ҚОЛГАНДА...

шифокор тавсияси

қандай тарзда биринчи ёрдам кўрсатилади?

Аксарият болалар шўх бўлади. Уларнинг шўх бўлишлари айрим вақтларда ўзига зарар, катталарга ташвиш келтириши мумкин. Табиийки, кичкинтойлар атрофидаги нарсаларга қизиқиш билан қарайди, кўп ҳолларда оғзига солиб кўришга, унинг таъмини билишга интилишади. Баъзан айнан шу нарса кўнгилсизликларга сабаб бўлади.

Қуйида бола тиқилиб қолганида қай тарзда биринчи ёрдам кўрсатиш зарурлиги хусусидаги тавсиялар билан танишишингиз мумкин.

Дастлаб яхшилаб эътибор беринг: бола йиғласа, йўталса, гапирса, демак, унинг нафас йўллари беркилиб қолмаган. Бундай вазиятда бола нафас йўлига тиқилган нарсани йўталиш ёки бир-икки томоғини қоқиш орқали чиқариб юбориши мумкин. Бу ҳолатда ваҳимага тушиш ярамайди, агар сиз ҳаяжонлана бошласангиз, бола ҳам ваҳимага тушиб, зарур усулни бажаришга қийналади. Болада қуйидаги аломатларни сездингизми, унга биринчи ёрдам кўрсатишга шошилинг:

- бўғилаётган бўлса ёки бадани кўкара бошласа;

- бола ҳушини йўқотса (бўғилганига гумонсирасангиз);

- ташқи кўринишидан бўғилганлик аломатлари сезилса, кўзлари катталашиб, оғзи очилиб, сўлак ажралиши кузатилса;

- ниманидир ютиб юборганига ишончингиз комил бўлса, у ҳолда дарҳол илк ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилинг.

БИРИНЧИ ЁРДАМ:

1. Бир қўл билан болани ўгириб, кураклари ўртасига 4 марта тез ва қаттиқроқ шапатиланг. Иккинчи қўл кафти билан эса боланинг иягини ушлаб туринг.

2. Юқоридаги усулдан кейин ҳам бола нафас олмаса, йўталмаса, уни сонингизга ётқизиб, кўкрак қафасининг ўртасини тез ва қаттиқ-қаттиқ 4 марта босинг.

3. Агар бу усуллар ҳам ёрдам бермаса, у ҳолда боланинг тилига бош бармоғингизни босиб, иягини очиб турган ҳолда томоқ деворларини синчиклаб кўришга ҳаракат қилинг. Агар оғиз ичида бўғилишга сабаб бўлган нарсани кўрсангиз, уни дарҳол олиб ташланг. Бироқ ҳеч нима яққол кўринмаса, таваккал қилманг! Акс ҳолда ёт жисмни янада орқароққа силжитиб юборишингиз мумкин.

4. бола нафас олмаётган бўлса, оғиздан-оғизга, оғиздан-бурунга сунъий нафас юборинг.

Юқоридаги усулларни вазият яхши томонга ўзгармагунча такрорланг.

Дилафруз АБДУЛЛАЕВА,

Олтинкўл туманидаги  "Сарой-1" қишлоқ врачлик пункти шифокори.  

ТИББИЙ КЎРИК МУҲИММИ?

савол-жавоб

"Ёшим 22 да. Уч ойлик фарзандим бор. Туғруқдан     кейин менга гинеколог ҳар йили 2 марта тиббий кўрикдан ўтиб туришим зарурлигини айтди. Агар ҳеч қандай безовталик сезмасам ҳам гинеколог текширувидан ўтишим барибир шартми?

Нодира Салоҳиддинова, Пахтаобод тумани".

Ушбу саволга Андижон шаҳридаги 2- туғруқ комплекси шифокори, гинеколог Дилобар Ёқубова жавоб беради:

- Ҳозирда сизнинг ёшингиз туғиш ёши даврига тўғри келади. Бу пайтда аёлда гормонал бузилишлар, тухумдонларда  киста, бачадонда ўсимталар, кўкрак ва қалқонсимон безларда ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Чунки аёлларнинг репродуктив тизими тинимсиз ишлайди. Аслида ҳайз бошланишидан тугагунича бўлган вақт икки даврдан иборат. Яъни уруғ етилиб, 10-20 кун ичида овуляция содир бўлади, аниқроғи, уруғ ёрилади.

Айнан шу даврларда ташқи муҳит, асаб тизими билан боғлиқ ўзгаришлар, зарарли одатлар ёки бошқа аъзолар учун мунтазам ичилаётган дори препаратлари репродуктив тизимни зарарлаши мумкин. Шу билан бирга, миома, киста, ўсимталар ёки бирор ўзгаришлар ҳайзнинг бузилишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис безовталик сезмасангиз, текширувга бориш шарт эмас. Аммо ўз саломатлигингиз ҳақида қайғурсангиз фойдадан холи бўлмайди. Ҳеч қандай безовталик сезилмаса-да, йилда икки марта гинеколог кўригида бўлиб, керакли текширувлардан ўтиб туринг. Шунда узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришингиз мумкин.

Агар ўзингизда юқорида санаб ўтилган муаммолардан бирини сезсангиз, шифокор айтган вақтда текширувга боришингиз шарт. Чунки мунтазам кузатувлар орқали муаммонинг кучайиб кетмаслиги назорат қилинади.

Пойабзалингиз либосингизга мос ва ўзингизга қулай бўлсин

(12- сон) АЁЛЛАРГА ТАВСИЯЛАР

Ички гўзаллик билан йўғрилмаган ҳеч қандай ташқи хусн мукаммал бўла олмайди, деган эди улуғ француз адиби Виктор Гюго.

Дарҳақиқат, инсон ташқи қиёфасининг ўзига хослиги, нафақат, унинг такрорланмас шахсини, балки ички дунёсининг гўзаллиги, жозибасини акс эттиради. Кимки ташқи кўриниши, ўзини тутиши, равон ва маъноли нутқи, хушмуомала ҳамда меҳрибонлиги билан ўзининг ижобий қиёфаси    (имиж)ни ярата олса, шубҳасиз, ана шу инсонга омад эшиклари осон очилади.

Кишининг     ташқи кўриниши, кийинишида пойабзал ҳам муҳим роль ўйнайди. Айниқса, аёллар пойабзали ўзига қанчалик ярашиши, либосларига мослигига алоҳида эътибор қаратиши муҳимдир. Қуйида қандай пойабзал танлаш ҳақида айрим мулоҳазаларни айтиб ўтамиз.

Пойабзални, аввало, кийиниш услубингизни тўлдириб турувчи восита, деб билинг. Классик ва жиддий кўринишдаги кос-тюм билан пошнаси 10 сантиметрдан баланд бўлмаган "лодочка" (илгаксиз очиқ туфли) кийган маъқул. Ҳеч қачон урфдан қолмайдиган, ингичка пош-нали туфли ҳар қандай аёлни гўзал           кўринишига ёрдам беради.

Кроссовка эса шим ёки спорт кийимлари билан кийилади. Кийилган пойабзалнинг либос билан бир хил рангда бўлиши ёки либос билан бир турдаги матодан тайёрланганлиги (масалан, чарм, замш ва ҳакозо) ҳам жуда муҳимдир. Пойабзал харид қилишда унинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Унинг сифатини эса қайси материалдан тайёрлангани белгилайди. Тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, чарм пойабзаллари энг сифатлиги саналади. Ҳақиқий чарм сиқиб кўрилганда иссиқ, синтетика эса совуқ бўлади.

Очиқ босоножкани оёғининг юзаси кенг аёллар киймагани дуруст, уларга товони ёпиқ ва тумшуғи очиқ босоножкалар ярашади. Тагчарми у қадар сифатли бўлмаган енгил оёқ ки-йими - "сандалет" эса узоқ     давом этадиган сайрларга     кийилади. Пошнали туфли аёлни назокатли, гўзал ва хушбичим кўрсатади. Аммо бу кўриниш соғликка зиён етказишини ҳам унутмаслик лозим. Доим баланд пошна кийиш гавдани тутишни ўзгартиради, тана оғирлиги, асосан, оёқнинг олди қисмига тушади. Натижада мускулларнинг меъёрида ишлаши бузилади. Мунтазам баланд пошнали оёқ кийимларда юрган аёлларда оёқ томирларининг юзага чиқиб қолиши, яъни варикоз касаллиги кузатилади. Яъни, бунда оёқ панжасига оғир юк тушади. Вақт ўтиши билан бармоқларнинг болишчалари оғрийдиган бўлиб қолади. Айниқса, тўладан келган аёлларга баланд пошнали туфли кийиш тавсия этилмайди. Уларга учи тўмтоқ ва пошнаси кенг туфли тавсия этилади. Қора, кўк ва тўқ яшил ранглардаги замш туфлилар тўла оёқларни очиқ рангдаги туфлиларга қараганда хушбичимроқ кўрсатади.

Ҳар бир аёлнинг доимий, яъни ишга, турли жойларга борганда, шунингдек, байрам ва тўй-тантаналарда кийиладиган туфлилари бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунда пойабзаллардан узоқроқ муддат фойдаланиши, ҳар қандай даврага мос бўлиб ўзини эркин тутиши, энг асосийси, бу унинг юксак дид соҳибаси эканлигини кўрсатади.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА  тайёрлади.

 
 

ЮКСАК МАНЗИЛЛАР САРИ

Марҳамат тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 3- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатимизда ёшларга пухта билим бериш ва тарбиялаш борасидаги ишлар намунали ташкил этилган.

Зиммасидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб келаётган жамоамиз 2013-2016 йилларда салмоқли натижаларни қўлга киритди. Хусусан, ўқитувчи ва ўқувчиларимиз туман, вилоят, республика миқёсидаги турли тадбирлар, беллашувлар ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб келмоқда. 

Айниқса, ўтган ўқув йилида таълим масканимизда ўқув тарбия борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Фаолиятимизнинг барча йўналишлари бўйича эришилган натижаларга асосан муассасамиз республикадаги умумтаълим мактаблари орасида 13- ўринни эгаллаганлиги бизни қувонтиради, янада фаол ишлашга ундайди. Жумладан, билимлар беллашувининг вилоят босқичида 14 нафар ўқувчимиздан 10 нафари 2- ва 3- ўринларни,  2 нафар  ўқувчимиз эса  билимлар беллашувининг республика босқичида қатнашиб, фахрли 2- ўринни эгаллаганлигини алоҳида эътироф этишим жоиз. Бу натижалар замирида Н. Акрамов, З. Зулфиева, К. Аминжонов, М. Усмонова, З. Сулаймонова каби педагогларимизнинг заҳматли меҳнати мужассам. Шунингдек, физика фани ўқитувчилари Ю. Эргашева, З. Сулаймонова, рус тили фани ўқитувчиси М. Усмонова, география фани ўқитувчиси М. Ўриноваларнинг ўз устида ишлаши натижасида 2014-2016 ўқув йиллари мобайнида педагогларимизнинг оммалашган дарс ишланмалари ва ўқитиш бўйича методик тавсиялари вилоят ва республика миқёсида алоҳида эътироф этилди. Қувонарлиси, рус тили фани ўқитувчиси          Г. Қамчиева "Юрмала кўзи" халқаро педагогик маҳорат кўрик-танловида "Замонамиз ўқитувчиси қандай бўлиши керак?" мавзусидаги ижодий иши билан қатнашиб, жорий йилнинг куз ойида Россиянинг Юрмала шаҳрида бўлиб ўтадиган танловда иштирок этиш  ҳуқуқини қўлга киритди.

   Мактаб-интернатимизда фаолият олиб бораётган "Маҳорат мактаби"да физика, математика, рус тили, иктисод, география, информатика фанлари бўйича намунали ишлар олиб борилмокда.

Жорий ўқув йилида ҳам жамоамиз бор имкониятлари, билим ва иқтидорларини ишга солиб меҳнат қилишга бел боғлаганлар. Зеро,  келажак  авлодни тарбиялаш йўлида юксак манзилларни кўзлаб меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Маҳфузахон ЎРИНОВА,

Марҳамат туманидаги 3- ДИМИ директори. 

ТАДБИРКОР АЁЛЛАРИМИЗ КЎПАЙСИН

2010 йилдан буён "Ҳунарманд" уюшмасининг туман бўлимига раҳбарлик қилиб келаман. Уюшмамизнинг 153 нафар аъзоси ҳунармандчиликнинг турли йўналишларида фаолият юрутмоқда. Айниқса, тиришқоқ ва изланувчан ҳунарманд қиз-аёлларимиз фаолияти нафақат туманда, балки вилоят ва республикада ҳам эътироф этилаётгани қувончлидир. Айни кунда уюшма қошида компьютер хизмати ташкил қилиб, 5 нафар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга эришдик. Бундан  ташқари, компьютер ўрганувчилар учун ўқув маркази фаолиятини ҳам йўлга қўйдик.

Уюшмамиз аъзолари эришаётган ютуқлардан қувонмаслик мумкин эмас. Иқболой Исроилова қўли гул чеварлардан. Аёллар ва эркаклар либосларини тикиб, ички бозорда аллақачон ўз харидорларига эга бўлди. 2014 йилда фаолиятини кенгайтириб, туман марказида "Иқболой жилоси" тикув цехи очиб, 10 та янги иш ўрни яратди. Яна бир тикувчи Ҳилола Рустамованинг "Ҳилола" тикув цехи фаолияти ҳам анча самарали. Уюшма аъзоларидан Мавжуда Ваҳобова тумандаги Қорабоғиш маҳалла фуқаролар йиғинида тикувчилик цехи ташкил қилиб, коллеж битирувчиларидан 6 нафарини иш билан таъминлади. Ҳозирда бу цехда аёллар ва эркаклар мавсумий либослари, мактаб формалари тикилиб, аҳолига тақдим қилинмоқда. Шунингдек, Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Матлуба Муҳаммаджонова миллий ҳунармандчилик йўналишида фаолият олиб бориб, тўн, чопон, кўрпа-тўшак тикиб эътиборга тушди. У "Ташаббус-2016" кўрик-танловининг вилоят   босқичида "Энг яхши ҳунарманд" номинацияси ғолиби бўлганлиги уюшмамиз ютуғи, десам муболаға бўлмайди. Шу ўринда сунъий гулдаста, бисерлардан сунъий дарахтлар, турли гул ва манзаралар ясаб, тумандаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларига тақдим этиб, ҳунармандчиликда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ёшлардан Мавжуда Бурхонованинг ишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Аёл  жамият ҳаётининг ҳар соҳасида фаол бўлиши керак. Бунинг учун хотин-қизларимиз иқтидорларини, қизиқишларини юзага чиқариш, қўллаб-қувватлаш муҳимдир. Шундагина орамизда илғор, тадбиркор аёлларимиз сафи янада кўпаяди.

Намунахон ҚУРБОНОВА,

"Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлими раҳбари.

СОFЛОМ БОЛА - ЮРТ БОЙЛИГИ

(39- СОН)

Жорий йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб аталиши биз шифокорларга ҳар қачонгидан ҳам катта масъулият юклайди. Йил номланишининг ўзиёқ мамлакатимизда оналар ва ёш авлод саломатлигига алоҳида эътибор қаратилишини белгилайди. 

Ўткирбек Имомов раҳбарлик қилаётган Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги кўп тармоқли марказий поликлиника ва 27 та қишлоқ врачлик    пунктларида фаолият юритаётган жами 1971 нафар тиббиёт ходимининг 1586 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Бугунги кунда ушбу тиббиёт муассасалари томонидан аёллар, хусусан, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Туманимизда истиқомат қилаётган 43556 нафар фертиль ёшидаги аёллар, 11217 нафар ўсмирлар, 45126 нафар болалар доимий назоратимизда. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштиришга жалб қилинди. Бу борада Гар-гар, Ибн Сино, Полвонтош, Шукурмерган қишлоқ врачлик пунктларида амалга оширилаётган ишларни намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, жорий йилда ўтказилган "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас!" деб номланган тиббий кўрикларда тумандаги 326 нафар 2- жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар, якка-ёлғизлар, ногиронлар ва ижтимоий касалликлари бор беморлар республиканинг етук мутахассислари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва зарур тавсиялар берилди. Айни кунга қадар қишлоқ врачлик      пунктларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида  "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида тумандаги таъмирга муҳтож 4 та - Бобохуросон, Давкар, Қовунчи ва Кўтарма қишлоқ врачлик пунктларини таъмирлаш учун 105 млн. сўм бюджет ҳамда 41 млн. сўм ҳомийлик маблағлари сарфланиб, улар тўла таъмирдан чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги "Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг биринчи ярмида ўзига бириктирилган оилаларни патронаж хизматининг барча йўналишлари билан тўлиқ қамраб олган, ўз ҳудудида аҳолининг касалланиш даражасини камайтиришга, айниқса, болалар ва оналар ўлимига барҳам беришга эришган, фаолиятида ижобий натижаларни қўлга киритиб, намунали иш олиб бораётган 64 нафар патронаж ҳамшираси моддий рағбатлантирилди.

Тиббиёт бирлашмасига 2015-2016 йиллар давомида "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида 30 дан ортиқ 150 миллион сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Буларнинг барчаси туманимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Барнохон РАҲИМОВА,

Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмасининг қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти бўйича координатори. 

АЁЛ - ЖАМИЯТ КЎРКИ

Мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб аталиши миллатимиз давомчилари - оналарга ҳамда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир. Бу борада барча жойларда бўлгани каби Марҳамат туманида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Айни кунда тумандаги 133 та корхона, ташкилот, муассасаларда бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари самарали фаолият юритмоқда.  Тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинларида "Ораста қизлар давраси", 44  умумтаълим мактаби ва 6 та коллежда "Ораста қизлар", 19 та мактабгача таълим муассасасида "Зумрадойлар давраси" тўгараклари мунтазам ишлаб турибди.

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда туман хотин-қизлари учун 904 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 796 нафар қиз-аёлларимизнинг ҳамда жорий йилда 6 та касб-ҳунар коллежларини тамомлаган бир минг нафарга яқин битирувчи қизларнинг 51 фоизи иш билан таъминланди.

Туманимизда аёллар, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини, тиббий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги 27 та қишлоқ врачлик пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Саломатлик" секторлари фаолияти самарадорлиги оширилаётгани ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. "Саломатлик кунлари", "Саломатлик ҳафталиги" доирасида болалар ва аёллар, кексалар, ногиронлар, ҳомиладорлар ва фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли экстрагенитал касалликлар аниқланган беморлар соғломлаштиришга жалб этилди. Амалга оширилган бу каби тадбирлар хотин-қизлар ўртасида турли хасталикларга чалиниш, ногиронликни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг кескин камайишига хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрнини  мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, туманимизда тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб бораётган қиз-аёлларимиз сафи йилдан-йилга кўпаймоқда. "Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлими раҳбари Намунахон Қурбонова бошчилигида бу борада ибратли ишлар амалга оширилмоқда. "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳибаси, устоз педагог Хайрихон Эгамбердиеванинг илғор педагогик технологиялари асосидаги дарс ишланмалари нафақат туманимизда, балки вилоят миқёсида оммалашди. Дукчи Эшон маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Иродахон    Турғунбоева "Энг намунали диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи" кўрик-танловини туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоятда фахрли 2- ўринни эгаллади. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодларини юзага чиқариш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Омадой Алиқулованинг спортнинг оғир атлетика тури бўйича эришаётган ғалабалари, Эргашой Жўраева, Эъзоза Обиджонова ва Зулхумор Орифжоноваларнинг адабиёт соҳасидаги ютуқларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, барча эзгу ва хайрли саъй-ҳаракатлар хотин-қизларимизнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билимларини бойитишга қаратилгандир. Бу ишларни амалга оширишда қўмитамизга туманимизнинг фаол аёлларидан Оминахон Иброҳимова, Маҳфузахон Ўринова, Замирахон Худоёрова, фахрийлардан Шавкатой Аҳмедова, Хайрихон Эгамбердиевалар яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар.

Юртимиз тараққиёти,  халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, келажак авлодни маънан ва жисмонан етук қилиб тарбиялашда аёлларнинг ўрни беқиёс. Шу маънода туманимиз хотин-қизлари ҳам ана шу йўналишдаги ишларни юқори даражага кўтаришда янада фаол иштирок этадилар.

 

Маъмурахон СОТВОЛДИЕВА,

Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.