+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТЎЙ КУНИ

Риам-ЭНГ, Таиланд адиби

(ҲИКОЯ)

    Гронг хонасига ирғишлаганча кириб келди-да, каравот устида ётган оқ кўйлакни юлқиб олиб, кўксига босганча, таманно билан кўзгу қаршисида юра бошлади.

    "Менинг тўй куним, - ўйлади у, - бир неча соатдан сўнг Читнинг рафиқасига айланаман, оппоқ уйга кўчиб ўтаман, ҳашаматли автомобиль соҳибасига айланаман. Ниҳоят, бу вайронани тарк этиб, дарслардан ва болаларга қарашдан бир умрга қутуламан. Сингилларим билан бўладиган жанжалларга ҳам нуқта қўйилади!"

     Гронг қувонч-ла жойида айланиб, мароқ билан кўзгуга боқди. Бу кўйлак унинг қоматини қанчалик бўрттириб кўрсатади! У кароват четига ўтириб, тезда кўйлакни кийди ва яна кўзгу ёнига шошилди: "Панитларда ростдан ҳам ёмон тикишмайди. Кўйлак ҳудди қуйиб қўйгандек".

     Гронг кўзгу олдидан нари кетолмай чир айланди ва беҳосдан титраб кетди: "Вой Худойим-ей, ахир бу беҳаёликнинг ўзи-ку! У шунчалик тор..."

     Кўйлак ҳечам тор эмасди, бироқ ёқаси чуқур ўйилганди.

    "Меҳмонлар нима деб ўйлайди?" - бу нарса хаёлига келганида Гронг уятдан лоладай қизариб кетди. У никоҳ маросимида куёв ёнида ўтиргани,  кўплаб нигоҳлар ўзига қаратилганини тасаввур қилиб, меҳмонлар чеҳрасида ҳозирданоқ таъна аломатларини кўрди.

    Бошқа тарафдан олинса, кўйлакни танлаган, бир неча соатдан сўнг унинг эри бўлмиш Чит барчасини зиммасига олган экан, у нима учун хавотирланиши керак? Агар никоҳ кўйлаги кимгадир маъқул келмаса, унга нима? Ахир меҳмонларни деб турмушга чиқаётгани йўқ-ку.

    Яна бир неча вақт Гронг шу тарзда фикр юритди. Сўнг хаёлига, агар Читга - миллионер Читга, пхуктедаги конлар соҳибига - турмушга чиқмай, ўз қўшниси, болаликдаги дўсти Дедга чиққанимда не бўларди?

    Дед, албатта, бунақа кўйлак кийишига рози бўлмасди - ахир у ўз урф-одатларига оғишмай амал қилади. бир неча марта: "Европача удумдан эси оғиб қолувчи, ярим яланғоч енгилтабиатхонимчаларни кўргани кўзим йўқ, улар аёлнинг асл латофати камтарлик ва оқилаликда, иффатини сақлашида, европача рақсларда қабул қилингандек, дуч келган биринчи одамга ўзини қучишга йўл қўймасликда эканлигини тушунмайдилар!" - деганди.

    Гронг удумга кирган европа рақсларини умумий дўстлари уйида қунт билан ўрганаётган чоғида Дед билан бўлган сўнгги суҳбатини икир-чикиригача эслади. Ахир ўшанда бу нарса Дедни ғазаблантиришини, ораларидаги деярли йигирма йил давом этган дўстликни ўлдиришини хаёлига ҳам келтира олмасди у! Ортга-да йўл йўқ - бунинг учун ҳар иккиси ҳам керагидан ортиқ ғурурли!

    Сўнг эса тақдир Гронгни Читга дуч қилди. У деярли ярим йил барча урф-одатларни маромига келтириб, Гронга хушомад қилиб юрди ва қизга Читни севиб қолгандек туйила бошлагач, оила қуришга келишдилар.

    Гронг кўзгуга орқа ўгириб, чуқур хўрсинди.

   "Бугун тўйим, мен эса миямни бўлмағур нарсалар билан банд қилиб ўтирибман. Ўтмиш аллақачон ортда қолган. Дед бирон идорада елкаси букчайиб ишлаб ўтиргандир, мен майин чарм қопланган юмшоқ ўриндиқли, ҳашаматли автомобилда кезиб юраман. Эрим мени муҳтожлик ва қисматнинг барча кўргуликларидан ҳимоя қилади, ойдин кечалари иккимиз денгиз бўйлаб яхтада сайр этамиз, машҳур "ўн мингталикка"кирувчи олий табақага қабул қилинаман". Гронг ушбу манзарани барча тафсилоти билан кўз олдига келтириб, ёмғирдан қутулиб қолган парвонадек бахтли ҳис этди ўзини.

    У девор соатига кўз ташлади: ўзини тартибга солиш пайти келибди. Кўйлакни яна кияётганида - чўмилишдан сўнг ҳали атнаси ҳўлмиди ёки кескин қўл ҳаракатидандир, балки кўйлак беҳосдан чап сони ва қўлтиғи тагидан сўкилиб кетди ва юраги ёрилгудек бўлди: у шунчалик ишонч билан ўзини тайёрлаган нарсаларнинг бари рўёбга чиқармикин?

    Гронг ногаҳонда англади: ҳар қандай оилали аёлнинг ҳаёти ушбу кўйлакка ўхшайди. Янгилигида чиройли, нима қилиб бўлса-да, авайлаш керак, бироқ эртами-кечми охорини йўқотади ва барчаси исталган пайтда чиппакка чиқиши мумкин. Чит унга айтган назокатли сўзлар бутун умр кафолат бўлишга ишониш қийин. Янги нарсага ошуфталик ўтгач, ишқ олови сўнса, нима бўлади? Ўшанда ҳам Читнинг муҳаббати ва садоқатига суянса бўладими?

   Гронгнинг хаёллари яна Дедга қайтди. Турмушга чиққанини қанчалик оғир қабул қилади, уни бу уйда бошқа кўрмай, қанчалар қайғуга ботади! Ким-ким, аммо у Дедга тўлиқ ишониши мумкин эди - у ҳаммасини кечира оларди, ҳар қандай, ҳатто энг бемаъни қилиғини ҳам!

    Тушликдан сўнг никоҳ маросими ўтадиган уйига олиб кетиш учун Чит унинг ортидан келиши керак. Бироқ, автомобиль сигнали янграганида Гронг ҳар доимгидек дераза томон отилмади. У никоҳ кўйлагини бепарвогина эгнидан ечди-да, хаёли паришон ҳолда майда-майда парчаларга бўлиб ташлади, сўнг каравотга ўзини ташлаб, юзтубан ётганча аччиқ-аччиқ йиғлади.

  

Рус тилидан

 Иброҳим ЧОРИЕВ таржимаси.

 

 

МЕҲР

Ҳаёт - ибрат мактаби

Севишиб турмуш қурган икки ёш нима сабаб бўлди-ю, ажрашиб кетишди. Аёл ёш гўдагини отасига ташлаб, бошқа турмушга чиқди. Гўдак ўгай она қўлида қолди, унинг бағрида ўсиб-улғайди. Вояга етгач, унга тўй қилишди.

Тақдир тақозоси билан бу тўйда унинг туққан онаси ҳам қатнашди. Аммо ўз ўғли уни танимасди, ўгай она бағрида эди. Чунки ўгай она ўгайлик қилмади. Уни ўз фарзандидек ардоқлади. Ука-сингиллари ҳам унга гиргиттон эди.

Ўз онаси тўйхонанинг чеккасида кўзларидан ёши шашқатор оқиб, мунғайиб ўтирар, беҳуда ўтган умрини лаънатлар эди. Ахир, бир неча марта эрга чиққан бўлса-да, Яратган унга бошқа фарзанд бермади.

Ёшлигидаги хатоси эса уни ягона фарзандидан жудо қилган эди.

Ўшанда эрига, фарзандига меҳр бермаганидан минг пушаймон бўлди. Лекин энди кеч...

 

Комил ШАРОПОВ.

ОДАМ БЎЛ

Ҳамма жойда ва ҳамма замонларда бўлганидек гавжум бозор эди. Кенг саҳнадаги устунларининг бирига елка бериб ўтирадиган тиланчи чолга ҳам ҳар доимдагидек кўпчилик эътибор бермас, кўнглига келгани бир-икки чақа ташлар, чолнинг "Одам бўл" деган бўғиқ хитобига парво қилишмасди. Чол эса бошқаларга ўхшаб узун-юлуқ дуо қилмас, ўткинчиларга ялиниб-ёлвормас, аксинча, ўнгиб кетган дўпписини олдига қўйганча жим ўтирарди. Бозорда кўпдан буён савдо қилувчи йигит бўлиб, у ҳам чолга кўникиб қолган, аҳён-аҳён унга садақа бериб ўтарди.

Кунларнинг бирида кўнглига келган савол ўзига қизиқ туюлди ва йигит чол томонга йўл олди. Чол доимгидек ним табассум билан маъюс қиёфада ўтирарди. Йигит унинг дўпписига танга ташлади ва одатий сўзларни эшитди: одам бўл! Чол ҳатто йигитнинг юзига бош кўтариб қарамади ҳам. Шунда йигит унинг қаршисига чўккалаб ўтирди ва қариянинг юзига қаради. Чолнинг қисиқ, аммо ўткир кўзлари ялтиллаб кетгандай туюлди. Улар бир-бирига тикилиб қолишди. Йигит қизиқсиниб, чол бепарво.

- Нега сиз бошқаларга ўхшаб гапирмайсиз, дуою илтижо қилмайсиз? - чолдан сўради йигит.

Чол атрофга олазарак назар солди ва тағин қаршисидаги йигитга жилмайиб боқди. Унинг сийратидаги аллақандай нурли истара йигитни кутилмаганда эсанкиратиб қўйди ва беихтиёр ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. Шунда чол ердаги дўпписини қўлига олиб тангаларини ерга тўкди. Дўппини ушлаб, йигитга қисиқ кўзларини ўқдай қадаб деди:

- Буни жирканмасдан, ихлос билан кий!

Йигит унинг айтганини қилиб, дўппини бошига кияркан, шу заҳоти ёнгинасида ниманингдир ириллаган товушини эшитди. Илкис ўрнидан туриб қараганда ириллаган нарса каттакон кулранг бўри эканини ва жондорнинг бамайлихотир бозор оралаб кетаётганини кўрди. Бу ғаройиб ҳолдан ажабланиб турган йигитнинг кўзлари не ажабки, кўзойнак таққан, димоғдор улкан илонга тушди. Илон худди одам каби эмин-эркин вишиллаб бозор ораларди. Бу морнинг изида эса чиройли сават тишлаб, акиллаб бораётган итни ҳам кўрди савдогар йигит. Унинг бироз қўрқув ва хавотирга тўла ҳайрати баттар ошган эди.

...Новвот тарозилаётган тошбақани, ун сотаётган майна қушни, "Кеб қолинг, бахтингизни синаб кўринг" деб қичқираётган тулкини, ўроқ ясаб ўтирган темирчи йўлбарсни, унинг олдида қоп елкалаб тик турган қўйни, очиқроқ жойда тамаки тортиб турган бир жуфт каламушни ва яккам-дуккам одамларни ҳам кўрди савдогар йигит...

Шу пайт унинг тиззасида қаттиқ оғриқ турди. Бурилган эди бошидан дўпписи учиб тушди. Чол тиғли асо билан унинг тиззасига туртаётган эди. Чол тангаларини ердан олиб тағин дўпписига соларди. Йигит унга тиз чўкиб ёлвора бошлади.

- Мен кимман, одамманми-йўқми, айтиб беринг?

Чол жавоб бермади. Йигит унинг жимлигини ўзича тушунди ва дўппига яна танга ташлади. Мўйсафид эса тағин: "Одам бўл!" деб хитоб қилди. Йигит энди кўзига ёш келганини ўзи ҳам илғамай гапга тушди.

- Жон ота, бир оғиз айтинг, менинг кимлигимни. Мен шуни билайин, сизни уйимга олиб кетиб ардоқлаб юраман, ўз отамдай кўраман...

- Одам бўл, одам бўл, одам бўл... - чол бошқа жавоб қилмади.

... Бугун бозордаги донишманд қария ҳам йўқ, унинг синоатига гувоҳ йигит ҳам. Аммо ўша ҳақиқатнинг мантиғи ҳамон амалда. Шундай эмасми?

 

Шодмонқул САЛОМ.

АЁЛЛАР ҲУҚУҚИ МУҲОФАЗАДА

Эндигина хизмат хонамга кириб турганимда, телефон жиринглаб қолди: шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси Мухтасархон Ҳошимова шаҳар ҳокимлигига келиб-кетишимни, бир оиланинг муаммосини бартараф қилиш учун ҳуқуқшунос маслаҳати зарурлигини айтди.

Муаммога дуч келган ўша оила билан яқиндан танишдик. Шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшайдиган оиланинг шароити қониқарли даражада. Фақат оила бошлиғи ёш онага ҳар доимо зуғум ўтказар, ўз вазифасини бажара олмаяётганликда айблаб, "ажрашамиз" дея шарт қўяётган экан. Оила бошлиғини идорага чақириш баробарида эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ота-онанинг ҳуқуқ ва бурчлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилганлигини ҳаётий далиллар билан тушунтирдик. Оила бошлиғи ўз зиммасидаги вазифаларни билмаганлиги боис, кўп тушунмовчиликлар келиб чиққанлиги, энди уларнинг барчасига  барҳам беришини айтиб, бизларга миннатдорчилик билдирди. Оилада тинчлик-тотувлик ўрнатилди. Ўзим ҳам енгил тин олдим.

 Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан шаҳримиздаги ўн тўртта маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган уй бекалари - оналаримиз, аёлларимиз, ўртасида ҳуқуқий масалаларда тез-тез суҳбатлар, савол-жавоб кечалари, учрашувлар ўтказиб турибмиз. Ёш оила вакилларини намунали хонадонларга таклиф этиб, узоқ вақт ҳамжиҳатликда, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромда   умргузаронлик қилиб, нималарга эришаётганликлари, эл-юрт орасида қай даражада ҳурмат-эътибор топаётганликларини уларнинг ҳаётлари мисолида кўрсатмоқдамиз. Фуқаролар йиғинларининг диний-маърифат, маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари зиммасида бу борада катта масъулият бор. Аввало, улар етарли даражада диний ва дунёвий билимларга, ҳаётий тажрибага эга бўлишлари керак. Маслаҳатчи улар учун тез-тез кўргазмали семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб келаётганимиз уларнинг иш фаолиятларида катта ёрдам бермоқда.

Оила мустаҳкамлиги никоҳдан бошланади. Янги турмуш қураётган ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, ёш келин-куёвлар университети машғулотида иштироки, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган отахон-онахонларнинг панд-насиҳатларини тинглашлари оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Йил бошидан бери никоҳдан ўтган икки юз ёш оила соҳибларига оила, эр-хотин муносабатлари, фарзанд туғилгандаги, унинг тарбиясидаги муҳим вазифалари пухта тушунтирилди. Бу борада олиб борилаётган ишларимиз, шубҳасиз, ёшларимиз қурган оилаларнинг мустаҳкам бўлишига, уларда тарбияланаётган фарзандлар эса Ватанимиз учун фидойи, эл-юрти, оиласига муносиб инсонлар бўлиб вояга етишларига ёрдам беради. Озод ва обод юртимиздаги ҳар бир оилада     тинчлик-тотувлик, файз-барака ва бахт-саодат ҳукм сурсин.

 

Хулкарой БЕГМАТОВА, 

Хонобод шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири вазифасини бажарувчи. 

САБР ВА ШУКР ҲАМРОҲИМИЗ БЎЛСИН

Шундай инсонлар бўладики, улар тириклигида ўзларига мангу ҳайкал қўйиб кетадилар. Ана шундай буюк зотлардан бири мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

У кишининг шижоати ва  мардлиги билан юртимиз мустақил деб эълон қилингандан сўнг ўтган йигирма беш йил давомида Ўзбекистонимизда    асрлага татигулик ишлар амалга оширилди. Энг асосийси, юртимиз обод бўлди, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётига тамал тоши қўйилди, юртимиз қудрати, буюк келажаги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Минг афсуски, ул зот бугун орамиздан боқий дунёга кетди. Лекин у киши бошлаб берган истиқбол йўли, эзгу амаллар бардавомдир.

Халқимиз миллий истиқлолга эришган дастлабки оғир кунларни, ғанимлар диний, миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва Юртбошимизнинг оқил сиёсати туфайли халқимиз барча қийинчиликларни енгиб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Жамиятимизнинг ҳар бир фуқароси интилса, ҳаракат қилса, ҳар қандай орзу-истагига эришиши мумкин. Бундай гўзал, фаровон, тинч-осуда ҳаётни ота-боболаримиз фақат орзу қилишган, қолаверса, уруш ҳаракатлари, турли табиий офатлар рўй бераётган кўплаб давлатлар аҳолиси юртимизга ҳавас назари билан қарашлари аниқ.

Мана шундай тинч, осуда, неъматлар бисёр бир маконда яшаётганлигимизга шукрона айтишимиз зарур. Бизга эркинлик берган, ўз имкониятларимиздан тўлақонли фойдаланишимиз учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган мамлакатимиз равнақи учун қўлимиздан келганча хизмат қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳамма нарса муҳайё бўлса-да, аҳён-аҳёнда айрим юртдошларимизнинг ношукрлик қилишлари ҳар қандай одамни ранжитади. Тўғри, кишининг ҳаёти ҳамиша текис ўтмайди. Баъзида ҳаётда турли қийинчиликлар юз бериши мумкин. Бу билан ношукр бўлишимиз, бунинг учун кимларнидир айблашимиз динимизнинг ёхуд инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди. Инсон Аллоҳ берган қийинчиликларни сабр, бардош билан енгиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:  "Эй иймон келтирган бандалар, берган неъматларимга шукр қилсаларингиз зиёда қиламан, бордию ношукр бўлсаларингиз уни сизлар учун танг қиламан ва азобим ҳам қаттиқроқдир", деб марҳамат қилган.

Шу ўринда шукр қандай адо этилиши хусусида кенгроқ тўхталиб ўтишимиз ўринли бўлади. Шукр қилишлик икки хил бўлади, шукр қалбий, яъни қалбан шукр қилиш. Шукри лисоний, яъни тил билан шукр қилишлик. Банда шукр қилишлик аввало, банда эга бўлиб турган барча неъматларга хурсандлик билан рози  бўлмоғи, Тилнинг шукри ёлғон гапирмаслик, ғийбат, шикоят қилмаслик, қулоқнинг шукри эса ғийбатларни эшитмаслик, кўзнинг шукри ношаръий нарсаларга тик боқмаслик, хуллас мана шунга ўхшаб инсон ўз вужудидаги аъзоларига зиён келтирадиган барча нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмоқлигидадир.

Тил билан қилинадиган шукр ҳам доимо Аллоҳнинг зикрида бўлиш, худа-беҳуда гапларни гапирмаслик билан бўлади. Вужуднинг шукри ибодат билан, қалбнинг шукри эса қалбига гумон, иғво, бўҳтон сингари ёмон иллатларни келтирмаслик билан намоён бўлади. Улуғ донишмандлардан бири инсон: "Ё Роббим, аввало юртимизни тинч қилганингга шукр, аҳли аёл, аҳли солиҳ фарзандлар берганингга, озми-кўпми мол-мулк билан сийлаганингга, адолатли подшо, оқибатли қўни-қўшнилар билан ҳамроҳ қилганингга шукр" дея барча неъматларга шукр қилмоғи керак деб ёзади.

    Пайғамбар (с.а.в.) эса муборак ҳадису шарифларида "Қаноатли киши бой кишидир, сабрли киши иймонлидир, чунки иймоннинг ярми сабр билан ўлчанади" деганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Роббисига шукр қилмоғи, қиёмат кунини фикр қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб, сўзларини эса фикрлаб гапирмоғи зарур бўлади. Аллоҳ таоло шукр қилгувчи бандалари билан ва сабрлилар билан биргадир. Аллоҳ таоло барчаларимизга шукр қилишлигимизни зиёда қилсин, ношукр бўлишдан ўз паноҳида асрасин. Сабрли бандалари қаторида бу дунёда чиройли ҳаёт кечиришликни насиб этсин. Юртимизда тинчлик, осойишталик барқарор бўлсин.

Исомиддин ШАМСИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Шаҳид тепа" номли жомеъ масжид имоми.

 

ХОТИН-ҚИЗЛАРИМИЗ ҲАР ЖИҲАТДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Бугунги кунда клиникамизда меҳнат қилаётганларнинг 1245 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан уларни ижтимоий ҳимоялаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иш ва оилавий шароитларини яхшилаш, жамиятимиз ҳаётидаги фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш борасида қатор ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Бошланғич ташкилотимизнинг 7 нафар аъзоси, бўлимлардаги 36 нафар бошқарувчилари саъй-ҳаракати билан, энг аввало, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 1300 нафарга яқин опа-сингилларимиз чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилди. Текширув жараёнида турли хасталиклар аниқланганлар соғломлаштиришга жалб этилди. Ходималаримизнинг 267 нафари стационар    тарзда даволанган бўлса, 69 нафари турли сиҳатгоҳларда ўз саломатликларини тикладилар.

Жамоамизда байрам ва саналарга бағишланиб турли маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, касбий маҳоратларини юксалтиришга қаратилган танловлар ўтказилиши анъанага айланган. Жумладан, халқаро хотин-қизлар, Наврўз байрамлари, Халқаро ҳамширалар куни, мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тадбирларимизда хотин-қизларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Фаол ва самарали иш олиб бораётган бир гуруҳ ҳамкасабаларимиз маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг фахрий ёрлиқ, совға ва пул мукофотлари билан тақдирландилар. 

Хотира ва қадрлаш куни,   халқимизнинг буюк фарзандлари Алишер Навоий ва З. М. Бобур таваллуди муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар эса ҳамкасабаларимизнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, миллий қадрият ва анъаналаримизга, халқимизнинг қадим тарихи, бой маданий меросига бўлган ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

  Жамоамиз хотин-қизлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлиги   уларнинг ижтимоий ва касбий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўплаб шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларимиз клиника, шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган турли тадбир ва танловларда фаол иштирок этдилар. 

Офтомолог-шифокор Муфаззал Мирзаева, 2- хирургия бўлими ҳамшираси Фотимахон Узоқова, Гастроэнергерология бўлими фарроши Кимёхон Азларжонова жорий йилда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Эришилаётган ютуқлар, умуман, бошланғич ташкилотимиз фаолиятини самарали ташкил этишда Гулсарахон Йигиталиева, Раънохон Қодирова, Наргизахон Абдуқодирова, Махаррамхон Камолова сингари қўмитамиз аъзолари ва фаолларининг хизматлари катта эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, бошланғич ташкилотимиз белгиланган иш режаси асосида фаолият юритиб, жамоамизда меҳнат қилаётган хотин-қизларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида зарур барча ишларни амалга оширмоқда.

РаънохонАҲМЕДЖАЕВА,

АДТИ клиникасихотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

ХАЛҚИМИЗ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШ МУҚАДДАС БУРЧИМИЗ

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси нафақат Фарғона водийси, балки мамлакатимиздаги ўз ўрни ва нуфузига эга тиббий даволаш муассасаларидан бири ҳисобланади.

Айни кунда 665 ўринли ихтисослашган даволаш муассасамиз Фарғона водийси аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатади. Муассасамизда 1678 нафар киши меҳнат қилади. Улардан 225 нафарини шифокорлар, 693 нафарини ўрта тиббиёт ходимлари ташкил этади.

Йигирма иккита бўлим фаолият кўрсатаётган клиникамизда аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиш учун 427 та, шошилинч тиббий ёрдам  учун 106 та ўрин-жой ажратилган. Шунингдек, 400 ўринга беморларни қабул қилиш тартиби Ўзбекистон  Республикаси  Соғлиқни сақлаш  вазирлигининг 2003 йил 27 февралдаги 90- сонли буйруғи асосида Андижон, Фарғона, Наманган  вилоятлари  аҳолисининг  ижтимоий  ҳимояга муҳтож фуқаролари имтиёзли йўлланма (ордер) асосида бепул даволанишлари йўлга қўйилган. Яъни, фуқароларга туман ва шаҳарлар  тиббиёт бирлашмалари томонидан ордер берилади ва уларга тасдиқланган  даволаш стандартлари асосида бепул тиббий хизмат  кўрсатилади.   

Жамоамиз томонидан        "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар, аҳолининг соғлигини муҳофаза қилишга қаратилган дастурлар, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.

Даволаш ишлари самарадорлигини ошириш, илғор тажрибалар ва илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, беморларга қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мустақиллик байрами арафасида "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими муассасаларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида умумий қиймати 4 миллиард 195 миллион сўм миқдоридаги замонавий тиббий жиҳозлар берилганлиги ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.

Клиникамизнинг замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланиши касалликларни эрта аниқлаш, аниқ  ташҳис қўйиш, шу ернинг ўзида турли мураккаб операциялар ўтказиш имконини беради. Жумладан, бугунги кунга келиб, турли бўлимларида юрак туғма нуқсонларининг барча турлари, умурт-қа поғонасига имплантантлар қўйиш, ўт тошларини олиш, аёллардаги бачадон миомаларини бартараф этиш, бачадон найларининг тўсилиши оқибатида келиб чиқадиган бепуштликни бартараф этиш бўйича жарроҳлик операциялари ўтказилаётган-лигини эътироф этиш лозим.

Шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш масаласи ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бир гуруҳ шифокорларимиз Германия, Франция, Туркия давлатларида бўлишиб, ўз малакаларини ошириб қайтдилар. Жумладан, бош шифокор ўринбосари Шуҳратбек Қурбонов Франция ва Туркия давлатларида бўлиб, гинекологик хасталикларни самарали даволаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиб қайтди. Бундан ташқари, кўплаб шифокорларимиз республикамизнинг турли илмий, илмий-тадқиқот  марказларида ўз малакаларини оширдилар.

Кордиохирургия бўлими шифокори, доцент Абдуносир  Турғунов,  нейрохирургия бўлими мудири Шуҳрат Фозилов, профессор  Қобилжон Худойбердиев сингари фидойи ҳамкасбларимизнинг фаолияти барчага намуна бўлмоқда.

Жамоамиз аъзоларидан оториноларинология бўлими мудири Муҳаммадқодир Қўчқоров, гемотология бўлими шифокори Орифжон Нуритдинов,    проктология бўлими мудири   Сотволди Қодиров, функционал диагностика бўлими мудири Раънохон Ҳамидовалар Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўкрак нишони ва фахрий ёрлиғи билан тақдирланганлиги барчамизни қувонтиради.

Даволаш ва ёрдамчи бўлимларимизда маънавият ва маърифат хоналари ташкил этилган бўлиб, тарғибот воситалари, илмий-услубий бадиий  адабиётлар,  даврий нашрлар билан таъминланган. Шифокор, ишчи ва хизматчиларимизнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган, шунингдек, тиббий деантология қоидалари, одоб-аҳлоқ, кийиниш маданияти мавзуларида давра суҳбатлари, тарбиявий, маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади. Бундан ташқари, шифокорларимиз томонидан Андижон шаҳридаги қатор маҳаллалар, таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқароларимиз, айниқса, ёшларнинг тиббий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш мавзуларида суҳбатлар ўтказилиши ҳам анъанага айланган.

Мухтасар айтганда, клиникамиз жамоаси томонидан аҳолининг соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва савиясини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.  Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Истиқлолимизнинг 25 йиллик байрами билан муборакбод этаман.

 

Баҳодир РАҲМОНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бош шифокори.

ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА

(МАСЛАҲАТЧИЛАР ФАОЛИЯТИДАН)

Андижон шаҳридаги Ҳамдўстлик маҳалла фуқаролар йиғини барча йўналишлари бўйича намунали фаолият олиб бораётган маҳаллалардан биридир. Эришилаётган муваффақиятларда эса маҳалла етакчилари ва фаоллари, айниқса, маслаҳатчининг алоҳида хизматлари бор.

Ҳамдўстлик маҳалласи Андижон шаҳрининг гавжум Эски шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг кўрки, қиёфаси кундан-кунга чирой очмоқда. Маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 4420 нафар аҳолининг деярли ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла маслаҳатчиси Зулфизар Қосимова ва унинг атрофига уюшган фаол аёллар ҳар бир оила, ҳар бир хотин-қизнинг қувончу ташвишига шерик. Уларнинг ташаббуси билан тўй-маъракалар, турли маросимлар ҳамжиҳатликда, уюшқоқликда ўтмоқда.

  Миллатимизга хос бўлган одамларга меҳр улашиш, кам таъминланганлар ва кексаларни ардоқлаш, имкони борича уларга ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёш оилалар  мустаҳкамлиги, қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар самимийлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, маҳалла аҳли фаоллигини оширмоқда. Шу ўринда  5 нафар келинчакдан иборат маҳалла жамоаси "Маҳалла маликалари" кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрли 1- ўринга сазовор бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли.

- "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, оналар ва болалар саломатлиги доимий эътиборимизда, - дейди маслаҳатчи З. Қосимова. - "Саломатлик сектори" аъзолари шифокорлар билан ҳамкорликда хомиладор аёллар, ўсмир ёшдаги  йигит-қизлар, кексалар ва ногиронларнинг       соғлигини назоратга олганлар. "Саломатлик-туман бойлик", "Эрта никоҳларга йўл қўймайлик", "Соғлом турмуш тарзи - соғлом келажагимиз асоси" сингари мавзуларда ўтказилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ижобий натижалар бермоқда.

 Дарҳақиқат, маҳаллада юқоридаги каби, қолаверса, ёш оила қурувчиларга тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, ёшларнинг турли иллатлар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолиши сингари салбий ҳолатларнинг  олдини олиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Зулфизар Қосимова ўз ишига масъулият билан ёндошади. Шу боис ҳам мавжуд муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатади, мурожаат қилганларга имкон қадар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади.  Ҳар бир ишда маҳалла раиси Соҳибжон Комилжонов, сардор Музаффаржон Тошматов ҳамда маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат иш юритади.

 Фаол, ташаббускор ва самарали фаолияти билан З. Қосимова "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг шаҳар   босқичида фахрли 2- ўринни эгаллади.

Зулфизар Қосимова нафақат маҳалла аҳли орасида ҳурмат ва эътибор топган, балки намунали уй бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси сифатида ҳам кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Муштарий КАТТАБОЕВА,

жамоатчи мухбир.

ЭЛ СОFЛИГИ - ЮРТ БОЙЛИГИ

 

Саломатлик - энг катта бойлик. Инсон соғ бўлсагина, теран фикрлайди, жамият ривожида, жамоат ишларида фаол иштирок этади.  Истиқлол йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тоҳиржон Зокиров раҳбарлик қилаётган Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 9 та поликлиника ва 4 та шифохонада бугунги кунда аёллар, хусусан, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунда тиббиёт бирлашмаси тизимида фаолият юритаётган жами 1971 нафар тиббиёт ходимининг 1586 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.

Тўрт юз минг нафардан зиёд шаҳримиз аҳолисининг юз минг нафардан кўпроғини фертиль ёшидаги аёллар ташкил этади. Уларнинг саломатликлари мунтазам назоратимизда. Бирлашма тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан  жорий йилнинг 6 ойи давомида 61681 нафар туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, экстрагенитал касалликлар аниқланган беморлар соғломлаштиришга жалб қилинди. Шунингдек, 59 нафар туғиш ёшидаги аёлларга республика ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасаларига даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар берилди.

Шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида айни кунга қадар аҳоли ўртасида турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини оммалаштириш бўйича семинарлар, учрашувлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар орқали  кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Қатор тиббиёт муассасларимиз "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида 2015-2016 йилларда зарур тиббий жиҳозлар  билан таъминланди.  1-, 7- оилавий поликлиникаларда зарарсизлантириш бўлими ишга туширилди. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш имконини берди. Шу ўринда 1- оилавий поликлиникада давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича намунали ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жорий  йил 1 мартдан 1 апрелга қадар ўтказилган "Патронаж ойлиги"  доирасида 1- Оилавий поликлиникада ўтказилган вилоят семинари  тиббиёт ходимларининг патронаж хизмати борасидаги билим ва малакасини янада бойитди.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларида "Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари", "Эрта турмушга чиқишнинг асоратлари" мавзуларида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жаҳон бозор, марказий деҳқон бозорлари радиоузеллари орқали репродуктив саломатлик марказлари ходимлари томонидан 60 дан ортиқ эшиттиришлар ташкил этилди.

Мухтасар қилиб айтганда, шаҳримиз аҳолиси саломатлигини сақлаш йўлида хизмат қилаётган тиббиёт муассасалари фаолияти янада кенгайди. Бу эса инсон саломатлиги ҳар недан азиз эканлигига далолатдир.

Раънохон ТУРДИБОЕВА,

 

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари.

МАҚСАДИМИЗ: ЁШ АВЛОДНИ БИЛИМЛИ, ЕТУК ВА БАРКАМОЛ ТАРБИЯЛАШ

Бугун Андижон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 47 умумтаълим мактаби, 53 мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган 7 минг нафар ўқитувчи ва мураббийлар 60 минг нафардан зиёд ёшларга таълим-тарбия бермоқда.

Мамлакатимизнинг барча жойларида куни кеча янги ўқув йили машғулотлари бошланди. Жорий ўқув йилида шаҳримиздаги умумтаълим мактабларига 9431 нафар ўқувчи биринчи  синфга қадам қўйди. Биринчи синф ўқувчиларига сумка ва ўн икки турдаги  ўқув жиҳозидан иборат Президентимиз совғаси тантанали тарзда тақдим этилди. 

Маълумки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқ таълими тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилда 1- умумтаълим мактабида қурилиш, капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Ўқувчиларга пухта билим бериш учун қулай шарт-шароитлар яратилди. 

Шунингдек, шаҳримиздаги умумтаълим мактабларининг 77 та кимё-биология, 55 та физика синфлари фанга оид лаборатория асбоб-ускуналари ҳамда 100 комплект замонавий синф компьютерлари, мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Ўтган ўқув йилида таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилган кенг қамровли ишлар ўзининг ижобий натижаларини берди. Жумладан, ўқув йили давомида ўқувчиларнинг билим даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган тест синовларида ўқувчиларнинг билим самарадорлиги барча фанлар бўйича ўртача 78,7 фоизни ташкил этди.

Барча умумтаълим мактабларида 2016 йил март-апрель ойларида  "Энг яхши дарс ишланмаси" кўрик-танлови  ўтказилди. Ушбу танловда 35- ДИМ чизмачилик фани ўқитувчиси Раҳимахон Солиева 1- ўринни эгаллади. 13- умумтаълим мактаби директори Наргиза Абдураҳмонованинг намунали фаолияти барча таълим муассасалари ўртасида кенг оммалаштирилди.

Билимдон ва фаол ўқувчиларимиз сафи ҳам тобора ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилида 12 нафар ўқувчи фан олимпиадасининг, 15 нафар ўқувчи билимлар беллашувининг вилоят босқичида фахрли ўринларни қўлга киритди. Бундан ташқари, ўқувчиларимиз турли танлов ва фестивалларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 29- мактаб ўқувчиси Насиба Умарова "Ёш ихтирочи" кўрик танловининг республика босқичида, 35- ДИМ ўқувчилари жамоаси "ҳуқуқ билимдонлари" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлди.

Мактабларимизда давоматни доимий назорат қилиш, ўқитувчиларнинг касбий билим, маҳорат ва тажрибасини юксалтириш, ўқитишнинг илғор, интерфаол усулларини, янги педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этиш ўқитиш самарадорлигини ошириш ҳамда эришилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлмоқда. Эътироф этиш керакки, таълим-тарбия ишлари шаҳримиздаги 5-, 13-, 17-, 18-, 24-, 30-, 43- ва 50- мактабларда намунали тарзда олиб борилмоқда.

Айниқса, жорий йилда мактабни тамомлаган 5912 нафар ўқувчиларимиз таълимнинг кейинги босқичига тўла жалб этилди.

Мактабларимизда ўқувчиларга пухта билим бериш билан бирга, уларнинг фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, турли фан ва спорт тўгаракларига жалб этиш борасидаги ишлар ҳам изчил  олиб борилмоқда. Барча таълим муассасаларимизда "Ораста қизлар", "зумрадойлар давраси" тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Тўгарак машғулотларида қизларимиз одамийлик, катталарга ҳурмат, оила, соғлом турмуш тарзи, шунингдек, турли иллатлар - гиёҳвандлик, одам савдоси, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушишнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билим ва тушунчаларини  бойитмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, педагог ва мураббийларимиз озод ва обод Ватанимизнинг  келажаги бўлган ёш авлодни баркамол, ҳар жиҳатдан етук ва билимли вояга етказиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб меҳнат қиладилар.

 

Ёрқиной НИШОНОВА,

Андижон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири.