+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АЁЛЛАРНИНГ ЭРКАКЛАР ХУШЛАМАЙДИГАН ОДАТЛАРИ

(36 - сон ) Психолог тавсиялари

Ҳурматли аёллар! Нима ёки қандай вазият эркакларнинг жаҳлини чиқариши мумкин, деб ўйлайсиз? Ташқи кўринишингизга эътиборли бўлишга, мазали таомлар пишириш ва яна бошқа кўплаб ишларга улгуришга уринасиз-у, биргина аҳамиятсиз туюлган кичик нарса умр йўлдошингиз кўз ўнгида барча уринишларингизни чиппакка чиқариб қўйиши мумкин. Буни бўлишини истамасангиз, феъл-атворингиз кўзгусига боқиб, ўзингизга тегишли хулосалар чиқаришга ҳаракат қилиб кўринг.

Қўполлик

Қўпол ва шартаки, баланд овозда бақир-чақир қилиб, кўп гапиришни хуш кўрувчи аёллар ҳеч бир кишида яхши таассурот қолдирмайди, балки кўпчиликда салбий муносабатни шакллантиради. Оила бошлиқлари ўз ёнларида вазмин, оқила, хушмуомала, кишилар эътиборини бўлар-бўлмас гаплар билан тортмайдиган аёл ҳамроҳ бўлишини маъқул кўришади.

 

Меъёридан ортган рашк

Барчамиз барибир ўз яқинларимизни ўзгалардан рашк қилишимиз, қизғанишимиз табиий. Гарчи ўта рашкчи бўлсангиз-да, фаросат ва оқилалик билан иш тутинг, буни турмуш ўртоғингизга билдирманг. Рашк эркакларнинг ғашига тегувчи ҳолат. Аввалига рашкингиз уларга ёқади. Аммо рашк таъқиб васвасасига айлангач, ўз жуфтингизни йўқотиш ёки ўзингиздан кўнглини қолдиришингиз мумкин.  Эркакларнинг табиати шундайки, улар  стрессли вазиятларга тоқат қилишолмайди. Бу борада аёлларнинг сабр ва бардошли бўлиши муҳимдир. 

 

Баъзи майда-чуйдалар ҳақида…

Ҳеч қачон умр йўлдошингизга кўйлак, сумка ёки пардоз воситангизни қанчага олганингиз ҳақида гапириб ўтирманг. Бунинг унга нафақат қизиғи йўқ, балки ёқмаслиги ҳам мумкин. Умуман, аёллар харажатлар бобида турмуш ўртоқлари олдида ўзларини сирли тутишни  билганлари маъқул.  Шу сабабли, ўз ташқи қиёфангизни яратишга қандай эришганингизни ҳеч ким билмай қўя қолсин.

 

Қўшиқчилик санъати

Куйлашни ёқтирасизми? Жуда соз! Ошхонада, ҳовлида ёки балконда куйланг. Фақатгина "ижро санъатингизни" умр йўлдошингиздан узоқроқда намойиш этинг. Айниқса, атрофдагиларга манзур бўлувчи хуш овозга эга эмаслигингизни сезсангиз. Тадқиқотларга кўра, аксарият эркакларга аёлларнинг баланд овозда хиргойи қилишлари ҳуш келмас экан.

 

Мунозара ва тортишувлар

Уйингизга қандай рангли мебель жиҳозлари, дарпардалар танлаш борасида ўз фикрингизни билдиринг, асослар келтиринг ва мунозара қилинг. Аммо ҳеч қачон турмуш ўртоғингиз сиздан кўра анча яхши билган мавзуда баҳслашманг. Унинг жаҳлини чиқарманг.

 

Тарбиялаш

Эркаклар эркинликни ёқтиришади. Улар табиатан ўзларини кучли ва мард ҳисоблашади. Бу сизга сир эмас, демак, турмуш ўртоғингизни тарбиялашга, панд-насиҳат қилишга уринманг. Оқила аёлнинг бошқалардан фарқи шундаки, умр йўлдошининг қабул қилган қарорлари маъқул келмаса-да, буни уларга билдирмайди, унинг ҳурматини жойига қўйиб, нотўғри фикрини вақти-соати билан тушунтиришга ҳаракат қилади.

 

Ҳаддан ташқари сергаплик

Ҳатто телефон орқали дугонангиз билан кўпроқ суҳбатлашишингиз ҳам турмуш ўртоғингизнинг ғашига тегиши мумкин. У беҳуда машғулот учун кўп вақт сарфлашингизни асло ёқтирмайди. Шу боис, турмуш ўртоғингиз олдида кўпроқ уй юмушлари билан шуғулланганингиз маъқул.

Юқоридагилар сизнинг феъл-атворингиздаги энг асосий қусурлар сирасига киради. Шу ва бошқа қусурларингизни имкон қадар йўқотишга урининг. Шундагина турмуш ўртоғингиз учун янада қадрли ва жозибали бўлишингизга асло шубҳа йўқ.

Умида АДИЗОВА

 

тайёрлади.

НОМИ ДИЛЛАРДАН ЎЧМАС, БУЮК ИНСОННИНГ

36 - сон ) Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига!

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон том маънода мустақилликка эришди. Яъни нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам мустақил бўлдик. Шаҳарларимиз, қишлоқларимиз гуллаб-яшнади, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалди. Бир сўз билан айтганда, биринчи Президентимиз  ўзига қўл билан тиклаб бўлмайдиган ҳайкал қўйди. Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, Ватан тараққиёти, равнақи учун фидойилик кўрсатиб меҳнат қилган Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.

 

Отамиз авлодлар қалбида мангу яшайди!

Ўтган йили мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг соғлиги ёмонлашди. Очиғи, байрамни дилда ғашлик ва "тузалиб кетсинлар"деган илинж билан ўтказдик. Истиқлолнинг 25 йиллик шодиёнаси... Президентимиз ҳар йилгидек байрам тантаналарида қатнашмадилар, самимий чеҳралари билан концертни кузатмадилар, ва...завқлари ошиб рақсга тушмадилар. Болажонларни кўтариб бағрига босиш ҳам у кишига насиб қилмади. Биз, Ўзбекистон халқи бундай тасвирларга ўрганиб қолган эдик. Хуллас, байрам татимади. Байрамнинг эртасигаёқ президентимизнинг вафот этганлари ҳақидаги мудҳиш хабар эълон қилинди.

Гарчи ота-она ўтмоқлиги мерос эса-да, ҳеч ким ота-онасининг бу дунёни тарк этишини истамайди. Чунки бу дунёда ҳамма неъматларга тўйиш мумкин, аммо меҳрга тўймайсан киши. Президентимиз, буюк йўлбошчи И.А.Каримов вафотини ҳам тасаввуримизга сиғдиролмадик. Онгимиз билан идрок этардик, "ҳамма инсон ҳам бир кун ўлади, ўлмайдиган одам йўқ-ку дунёда", дея. Бироқ меҳрталаб, севувчи юрагимиз буни инкор этарди. Хали яна яшасалар бўларди-ку.

Мотам кунлари давомида у кишининг суратлари муҳрланган тасвирлар ойнаи жаҳонда тез-тез намойиш этиб турилди. ...Ана, у киши ёшлар билан самимий суҳбатлашяпти... Анави суратда эса президентимиз аскар ўғлонни даст кўтариб бағрига босяпти... Кейинги суратда юртбошимизнинг кекса отахон ва онахонлар билан гурунглашиб турган дамлари... Яна бирида ёш болакайни қучоқлаб, ўпмоқда... Тарих зарварақларига муҳрланган суратлар. Кўздан шашқатор ёш оқизадиган суратлар, соғиниб қўмсаганда кўриб, илиқ хотираларни уйғотадиган суратлар....Отамизнинг суратлари... Ҳа,биз у кишини отамиз, деб атардик. Отамизнинг вафоти эса биз учун чуқур қайғу бўлди.

Мен отамиз - биринчи Президентимизни севардим. Ишонинг, бу чин эътироф. Бир кишини севсанг, уни нима учун севишингни билмайсан. Фазилатлари учунми, кўркамлиги ё  яхши хислатлари учунми, салобати ёхуд меҳри учунми? Хуллас, отамизни яхши кўришимга минг сабабим бор эди. Мен отамизни ҳаётда кўрмаганман, у киши билан гаплашмаганман. Бироқ ҳамиша у кишининг меҳрини, эътиборини, меҳнаткашлигини, адолатпарварлигини ҳис қилиб яшадим. У барпо этган давлатда эмин-эркин ўсдим, яратиб берилган имкониятларидан баҳраманд бўлдим, оилам билан тинч-осойишта ҳаёт кечиряпман.Отамиздан бизга озод ва обод ватан мерос бўлиб қолди.

2011 йилда дадам Собиржон Иброҳимов 78 ёшида оламдан ўтган эдилар. Дадам ўтганларидан сўнг у кишининг ўрни жуда билинган. Хонадонимиз хувиллаб, узоқ вақтгача ўзимизга келолмаганмиз. Орада 5 йил фарқ билан юртимиз отаси - Ислом Каримов ҳам айнан 78 ёшида бизни ташлаб кетдилар. Орадан бир йил ўтаётган бўлса-да,  у кишига бўлган меҳру-муҳаббатимиз асло сусайгани йўқ. 

Отамизни хотирлаб, унинг эзгу ишлари ҳақида ҳар қанча ёзиш мумкин. Яна ўйлаб қоламан, ахир биргина мақолага инсон 25 йил давомида қурган давлат тарихини ёзиб бўладими? Ўнлаб китоб бўладиган ишларни қандай қилиб кичик мақолага сиғдира оламан?  Отамиз ёдини, хайрли ишларини хотирлар эканман, мен ўзим билган ва ҳис қилган туйғулар билангина у кишини эсга оламан. Суратларига боқиб, бу инсон мангуликка     даҳлдор, буюк тарихий шахс сифатида қалбларга абадий муҳрланганини ҳис этаман. У кишининг суратларига боқиб, буюк инсонлар ҳеч қачон ўлмаслигига яна бир бор амин бўламан.

Бугун бу каби туйғулар, хотиралар, фикрлар миллионлаб юртдошларимиз қалбида жонланаётганлиги бор гап. Ишонаманки, биринчи Президентимиз ана шу кишилар қалбида яхши инсон сифатида муҳрланиб қолган. Демак-ки, бу инсон халқи, фарзандлари қалбида мангу яшайди, номлари асрлар мангу яшайди.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Ҳамиша барҲаёт!

Ўзбекистонимизнинг биринчи президенти, фидойи ва ватанпарвар инсон - Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафот этганига бир йўл тўлди. Сир эмаски, бу буюк инсонни йўқотиш халқимиз учун оғир жудолик бўлди. Бу йўқотиш ҳар биримизнинг юрагимизни ларзага солди, қалбларимизни қайғуга тўлдирди.

Азиз ва мўътабар инсон Ислом Каримов ҳаёти, фаолияти давомида халқимизнинг ёшидан қарисигача буюк Ватанни жон дилдан севишга, ардоқлашга, жаннатмакон юртимизни янада обод ва гўзал қилишга ўргатди, ундади, рағбатлантирди. Ҳар бир чиқишларида  "Ўзбекистон -умумий уйимиз" дея  раҳбарларга хос оқиллик, одиллик, йўлбошчилик сифатлари билан Ўзбекистонда яшайдиган барча миллатлар, элатларни  бир-бирларига меҳрибон, оқибатли бўлишларига ундадилар. Тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган ватанимизда яшаётган халқларни "Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик билан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак ва зарур. Зеро, тинчлик учун курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди!", дея юртдошларимизни доимо ҳушёрликка ундардилар.

Биринчи юртбошимиз Ўзбекистонни, унинг соддадил, меҳнаткаш одамларини чин дилдан севардилар. Катта минбарлардаги чиқишларида ҳар қандай вазиятда ҳамиша ўз халқига суянишини таъкидлардилар: "Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланишида мен тинчликсевар, меҳрибон, меҳнаткаш, ватанпарвар халқимга суяндим, таяндим. Мен ҳаммангизни севаман ва яхши кўраман, ҳаммангизни бағримга босаман", - деб ўз меҳрларини чин дилдан изҳор этар эдилар.

Юртбошимиз ватанимиз келажаги бўлган ёшларни ҳам юрак-юрагидан севардилар ва ватанимизнинг кежагини ёшларга ишонардилар. "Ўзбекистоннинг барча ёшлари менинг ўғилларим, қизларим ва менинг фарзандларим", - дер эдилар фахр ва ифтихор билан.

Ислом Каримов ёшларни ўз жонажон Ватанига, халқига ҳалол хизмат қилишга чақирар, фидоийликка даъват этар эдилар. Ўзбекистон ёшларини чуқур билим олиб, ҳалол касб-кор эгалари бўлиб  етишишлари учун жон куйдирардилар. Шунинг учун ҳам ижодкор, истеъдодли ёшларни муносиб  рағбатлантириш учун ва Зулфия номли давлат, шунингдек, "Ниҳол" ва бошқа қатор мукофотларни таъсис этилишига бош-қош бўлдилар.

Муҳтарам юртбошимиз доимо "Биздан озод ва обод ватан қолсин!"дея таъкидлар эдилар. Дарҳақиқат, ўз ватанини юрак-юракдан севган ватанпарвар, жонкуяр, фидойи президентимиздан ўзи орзу қилган озод ва обод, чил дилдан истаган, гуллаб-яшнаган, ҳур Ўзбекистон қолди. Бугун у инсон орамизда йўқ бўлса-да, у кишининг эзгу орзу ва ниятлари ижоботи йўлида жипслашган, меҳнаткаш халқимиз юртимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлидан оғишмай бормоқда, бу ана шу ғоялар асосчисиз буюк юртбошимиз, улуғ инсон  Ислом Каримов ҳамиша барҳаёт эканлигига ёрқин бир мисолдир.                

 Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА,

 Қўрғонтепа тумани.

 

Болам, дуо қил!

Бу дунё фонийдир, эмас абадий,

Шоҳлар ҳам ўтади, гадолари ҳам.

Болам, аждодларинг руҳини шод қил,

Дуо қил, жаннатга тушсин, деб Бобом.

 

Бир йил тўлаётир, ўтган йил шу дам,

Бир нохуш хабарни эшитди олам.

Қолмади ҳеч кўз ёш тўкмаган одам,

Бизни тарк этдилар ногоҳ, юртбоши

 

У миллат отаси, пешвоси эди,

Гуллаб-яшнатди ҳур Ўзбекистонни!

Болам, юрагингда эъзозлаб яша,

Эли деб, юрти деб ўтган инсонни!

 

У кишидан қолди ҳур Ўзбекистон,

Келажаги порлоқ, озод ва обод!

Тоғлардай виқорли эди Отамиз.

Дуо қил, руҳлари бўлсин дея шод!

 

Эртага байрамдир, муқаддас байрам,

Байрамга Бобонгни руҳини шод эт!

Гарчи бу байрамни кўрмасалар ҳам,

Дуо қил, Жаннатга тушсин Президент!

 

Ислом Каримов - улуF йўлбошчи эди

Биз - инсонларнинг табиати шундай, борида кўп нарсаларга эътибор бермаймиз, вақтида сизу биз билан ён-ён яшаётган кишининг қадрига етмаймиз. Фақат ўша нарсалардан узоқлашганимизда, йўқотганимизда унинг қадрини англаб етамиз. Шундагина у биз учун  қанчалар муҳим ва азиз эканлигини ҳис этамиз.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг асосчиси ва биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам халқимиз, юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун нақадар қадрли ва азиз эканлигини у кишининг вафотидан кейин чуқур ҳис этдик. Шахсан мен юртбошимиз вафот этганида нафақат кўз ёш тўкиб, балки  бутун вужудим, қалбим билан йиғлаганман. Чунки у киши тинч ва осуда ҳаётимизга, буюк тараққиётимизга тамал тошини қўйган улуғ инсон эди. Энг муҳими, халқимиз етакчиси, фидойилик тимсоли  сифатида қалбимизда муҳрланиб қолган.

Англаганим шу бўлдики, биринчи Президентимиз ўз режалари ҳақида кўп гапирмасди, балки уларни амалга ошириш, эл-юртга манфаат келтириш ҳақида қайғурарди. Қай бир соҳа бўлмасин, ўша жабҳани юксалтириш, тараққиётнинг юқори даражасига кўтариш ҳақида жон куйдирарди, астойдил меҳнат қиларди.

Таълим тизимининг вакили сифатида мустақил тараққиёт йилларида у кишининг ташаббуси ва раҳнамолигида таълим тизимида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчисиман. Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ ўқитувчиларга қўшимча томорқа хўжаликлари ажратиб берилганлиги, кейинчалик юзлаб ҳамкасбларимиз президентимиз ташаббуси билан намунали лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлар соҳибига айланганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Президентимизнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" асаридаги "Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди..." деган ҳикматомуз сўзлари нафақат мен, балки соҳанинг кўплаб мутахассислари фаолияти учун дастуриламал бўлган, десам асло муболаға бўлмайди. Ана шундан келиб чиқиб, фаолиятимизда таълим-тарбияни бирдек олиб боришга, ҳар жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга астойдил ҳаракат қиляпмиз.

Мен қишлоқ аёлиман. Шу маънода биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қишлоқ ҳаётини яхшилашга, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини яхши биламан. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ опа-сингилларимизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. 

Биринчи президентимиз келажакни кўра билувчи, буюк шахс эди. Шу боис ҳам, буюк ишларнинг бошида турди.  Айниқса, ўзлигимизни англаш, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган буюк ва улуғвор ишларни бошлаб берди. Бугун биз келажаги буюк Ўзбекистонни бунёд этиш мақсадида улуғ юртбошимиз, йўлбошчимиз бошлаб берган нурли йўлдан дадил одимлаб боряпмиз. Бу йўл бизни албатта, истиқболи порлоқ манзилларга элтади. 

Ҳа, мамлакатимизнинг биринчи Президенти халқимизни зулматдан нурли йўлга олиб чиққан буюк инсон, улуғ йўлбошчи эди. Биз у кишининг табаррук номи ва хотирасини юрагимиз тўрида асраймиз.

Маъмурахон ҚЎЛДОШЕВА,

Марҳамат туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

"АЁЛЛАР МАСЛАҲАТ МАРКАЗИ": ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ КЎМАКЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА

(36 - сон )

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини кўтариш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, кейинги йилларда опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами янада ортмоқда. Бу борада вилоятимизда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Буни Пахтаобод тумани "Аёллар маслаҳат маркази" фаолияти мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Олиб борилаётган ишлар хусусида марказ раҳбари Саодатхон опа Аҳмаджонова қуйидагиларни гапириб берди:

- Туман "Аёллар маслаҳат маркази" кенг жамоатчилик, фаол хотин-қизлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг туман ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги иштироки ҳамда жамият ва оиладаги ўрнини ошириш, муаммоли, руҳан оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг муаммолари ечимини топишда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида қатор ишларни амалга оширмоқда.

 Марказимиз алоҳида бинога, зарур техник жиҳозларга эга. Фаолиятимизда хотин-қизлар ўртасида соғлом диний эътиқод ва диний маърифат ғояларини тарғиб қилиш, хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий маслаҳатлар, тавсиялар бериш, уларни тиббий, ҳуқуқий, билимларини ошириш, маънавиятини юксалтириш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Марказимизда Гулчеҳрахон Тошхўжаева раҳбарлигида "Қайноналар кенгаши", Азизахон Муродалиева раҳбарлигида "Психолог", Гавҳархон Шодмонова раҳбарлигида "Ҳуқуқ-шунос аёл" жамоатчилик уюшмалари ҳамда Танзила Мадаминова раҳбарлигида "Иқтидорли қизлар" жамоатчилик мактаби самарали фаолият юритмоқда. Барча йўналишларда ишлар намунали ташкил этилган.

Жорий йилнинг 25 августига қадар марказимизга турли муаммо ва масалаларда 171 нафар хотин-қиз мурожаат қилган бўлса, мурожаатларнинг 169 таси ижобий ҳал этилди. Жумладан, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик уюшмаси маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Яраштириш комиссия"лари билан ҳамкорликда ажралиш арафасида турган 27 оилани тиклашга эришди.     Бандлик масаласида мурожаат қилган 28 нафар опа-сингилларимизнинг икки нафари ишга жойлаштирилган бўлса, 25 нафарига ишга жойлашиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Шунингдек, тиббий хизмат, саломатликларини тиклаш бўйича мурожаат қилган 22 нафар аёлларимизнинг барчасига туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда зарур кўмак берилди. Бундан     ташқари, 20 нафар аёлга руҳий-психологик ёрдам кўрсатилди.

Ўттиздан ортиқ фаолларимиз ҳамда ҳамкор ташкилотлар мутахассислари кўмагида ёш оилаларни мустаҳкамлаш, турли ҳуқуқбузарлик,  эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, ўз жонига қасд қилиш, иш излаб турли хорижий давлатларга ноқонуний чиқиб кетиш сингари ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳам кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 

Айниқса, тўй ва бошқа маросимларни камчиқим, ихчам ва дабдабасиз ўтказиш, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш борасидаги ишларимиз ижобий самаралар бермоқда. "Иқтидорли қизлар" жамоатчилик мактаби фаоллари томонидан ўтказилаётган тадбирларда йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, иқтидорли қизларни излаш, уларни қўллаб-қувватлаш, "Тенгдош-тенгдошга" тамойили асосида ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Натижада ёшлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар миқдори камаймоқда.

Асосий мақсадимиз, хотин-қизларимизни қийнаётган     муаммоларини бартараф этишга имкон қадар кўмак беришдир. Амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, айта оламанки, марказимиз ҳақиқатдан ҳам опа-сингилларимизнинг ҳақиқий кўмакчисига айланмоқда. Бу борадаги ишлар сифати, кўлами ва самарадорлигини янада ошириш учун астойдил меҳнат қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барча опа-сингилларимизни, юртдошларимизни истиқлол байрами билан муборакбод этаман. Юртимиз тинч, ҳаётимиз янада файзли бўлсин.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

ёзиб олди.  

"МАНГУЛИК" КЎЧАСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

(36 - сон )

Андижон шаҳрида янгитдан барпо эттилган "Мангулик" кўчаси фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами арафасида ишга тушган мазкур кўча очилишига бағишланган тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлиги, шаҳар, қишлоқлар, кўча ва гузарлар  қиёфаси ўзгариб, ўзига хос, замонавий кўриниш касб этганлиги таъкидланди.

Кенглиги 32 метр, узунлиги 700 метрдан зиёд "Мангулик" кўчаси кенгайтирилиб, олтмиш кун ичида Андижон шаҳридаги "Самандар шижоати" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан  қайтадан барпо этилди. Қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларига 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Кўчанинг очилиши халқ сайлига айланиб кетди. Ташкил этилган савдо ярмаркалари, ёш рассомлар кўргазмалари, спортчи ёшларнинг чиқишлари, таниқли санъаткорлар, бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган концерт дастурлари барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.     

Кўча очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

Нигора ЎРМОНЖОНОВА,

 

жамоатчи мухбир.

ТАДБИРКОР ҚИЗЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИ ЛОЙИҲАЛАРИ АНИҚЛАНДИ

(36 - сон )иқтидорли ёшлар танлови

З. М. Бобур номли вилоят мусиқали комедия ва драма  театрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги олдидан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси - 2017" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими, маданият бошқармалари, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида  "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган мазкур танловда мутахассислар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари, тадбиркор ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллашлари, спорт, санъат, тадбиркорлик умуман, барча йўналишларда истеъдод ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, шунингдек, уларнинг Ватан равнақи йўлидаги фаоллиги, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

- Мазкур танлов қизларимизнинг тадбиркорлик борасидаги истеъдод ва салоҳиятларини юзага чиқармоқда, - дейди вилоят ўрта махсус касб ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруқов - Айниқса, касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятдаги 117 та касб-ҳунар коллежини тамомлаётган 20 минг нафар қизлардан 2870 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган. Коллежлар қошида ташкил этилган битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар аъзолари томонидан ўқувчилар билан бевосита суҳбатлар ўтказилди, улар тақдим этган бизнес-режалар ўрганиб чиқилиб, 2273 нафар қизларнинг лойиҳалари саралаб олинди.

"Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси - 2017" танловининг туман ва шаҳар босқичларида уч йўналиш бўйича 350 нафар битирувчи қиз ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этган бўлса, улардан ғолиб деб топилган 48 нафар ёш тадбиркор танловнинг вилоят босқичида иштирок этди.

 Якуний натижаларга кўра, "Ишлаб чиқариш борасида энг яхши тадбиркор қиз" йўналиши бўйича Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Фотима Қаҳрамонова, Марҳамат қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Моҳичеҳра Райимжонова, "Сервис соҳасида энг яхши тадбиркор қиз" йўналиши бўйича Балиқчи иқтисодиёт коллежи битирувчиси Шоҳсанам Маматкаримова, Балиқчи қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи битирувчиси Гулшода Каримова, "Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг яхши тадбиркор қиз" йўналиши бўйича Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Мукаррам Юсупова, Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Санобар Турсунова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Тақдим этган бизнес-лойиҳам ғолиблар қаторида эътироф этилганлигидан беҳад хурсандман, - дейди танлов ғолибларидан бири Гулшода Каримова. - "Халқ банки" туман бўлими томонидан бериладиган имтиёзли кредит ҳисобига ўзим яшаётган Балиқчи туманидаги Ўрмонбек маҳалласи гузарида компьютер ва интернет хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш билан бирга, иккита янги иш ўрни яратишни мақсад қилганман.

Fолиб ва совриндорларни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова муборакбод этиб, ташкилотчиларнинг  диплом ва эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, танловнинг 42 нафар иштирокчисига Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан имтиёзли кредит ажратилишини кафолатловчи сертификатлар тақдим этилди.

 

Зулхумор АКБАРОВА.

 

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ФУҚАРОЛАРГА НОГИРОНЛИК АРАВАЧАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

(36 - сон ) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Андижон шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғида  жисмоний имконияти чекланган уч юз нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси - ногиронлик аравачалари тантанали равишда топширилди.

Юртимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга имкон қадар кўмак беришга қаратилган саъйи ҳаракатлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, юртимизда ногирон, имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари берилганлиги бунга бир мисолдир.

Айни кунда вилоятимизда истиқомат қилаётган ногиронларни  ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатликларини мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўўлаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилда кўплаб кексалар ва ногиронлар республикамизнинг турли сиҳатгоҳларида дам олиб, ўз саломатликларини тиклади. Бундан ташқари, 300 нафар ногирон ҳаёт учун ёрдамчи техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида имконияти чекланган бир гуруҳ юртдошларимизга ногиронлик аравачалари берилганлиги улар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

    - Ўғлим Муроджон болаликдан ногирон, юра олмайди, - дейди Андижон тумани Оқёр маҳалласида яшовчи Эъзозхон Мавлонова. - Ўғлимни даволаш учун жуда кўп ҳаракат қилдик, лекин фойдаси бўлмади. Мустақиллик байрами арафасида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ўғлим каби кўплаб ногиронларга аравачалар берилганлиги биз учун байрам туҳфаси бўлди.  Юртимизда кўнгли ўксик инсонларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва   ғамхўрликдан бошим кўкка етди. Мана шундай эътибор учун давлатимиздан, Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг кўриниши бўлган бу каби хайрли ишлар юртимизда инсон омилига бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Вилоятимиз ҳокими Ш. Абдураҳмонов тадбир иштирокчилари, хусусан, имконияти чекланган фуқароларни мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, уларга Президентимиз  совғаси - ногиронлик аравачаларини топширди.

 

Умидахон СОТВОЛДИЕВА

 

Суратда: тадбирдан лавҳа.

МУКОФОТ МУБОРАК, МУҲТАРАМА ОПА-СИНГИЛЛАР!

 (36 - сон )

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш,  фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлидаги ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун  Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар орасида вилоятимиздан қуйидаги хотин-қизлар бор.

 

"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пиллачи" унвони билан

Деҳқанова Каримахон Усубжановна  - Балиқчи туманидаги "Балиқчи пилла тайёрлов" масъулияти чекланган жамияти агрономи.

"Меҳнат шуҳрати" ордени билан

Исмоилова Ўғилхон Ҳакимовна - Андижон вилояти Асака тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси врачи.

 

"Дўстлик" ордени билан

Жўраева Санобархон Раҳмоновна - Андижон вилояти Асака тумани маданият бўлими қошидаги ансамбль хонандаси.

Алимова Хосиятхон ўриновна - Избоскан туманидаги "Иттифоқ" маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

 

"Шуҳрат" медали билан

Сиддиқова Ферузахон Нўъмоновна - Андижон вилояти телерадиокомпанияси директори ўринбосари.

Юнусова Гулбаҳор   ҳайитмаматовна - Жалақудуқ туманидаги «Нурли йўл» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Эшмуратова Хуринса -  Избоскан тумани, Андижон вилояти (100 ёшдан ошганлар).

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан ёшлар тарбияси, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ишидаги фаоллиги ва самарали меҳнатлари учун бир гуруҳ ёшлар вакиллари  давлатимизнинг орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар орасида  вилоятимиз хотин-қизлари вакиласи ҳам бор.

 

 "Шуҳрат" медали билан

Рустамова Дилрабохон Абдураҳимовна - Андижон давлат университети ўқитувчиси.

* * *

 

Мукофотланган опа-сингилларимизни газетамиз муштарийлари номидан муборакбод этамиз.

«МУКОФОТ НАФАҚАТ МЕНИНГ, БАЛКИ БУТУН ЖАМОАДОШЛАРИМ МЕҲНАТИНИНГ ЭЪТИРОФИДИР»

(36 - сон )мукофот соҳибаси

- дейди Андижон вилояти телерадиокомпанияси директор ўринбосари, "Шуҳрат" медали соҳибаси  Ферузахон Сиддиқова.

- Мен кимдир кўрсин, мақтасин, деб меҳнат қилмайман. Қолаверса, ўртамиёна ишлаб, шунчаки яшаб ўтишни ҳам хоҳламайман. Ҳаётдаги шиорим: эзгу ишларни бошидан тутиб, ҳамиша интилиб, изланиб яшаш! Юртимга, жамиятга, одамларга нафим тегса, уларга фойда келтирсам дейман.

  Бугун, юрдошларимиз, айниқса, оммавий ахборот воситалари тизимида меҳнат қилаётганлар шунчаки ишлашлари мумкин эмас. Уларнинг зиммасида катта масъулият ётади. Ўта шиддат билан ривожланаётган давр матбуот ходимларидан жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларидаги, одамлар онг-шууридаги ўзгаришларни, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини, улкан бунёдкорлик ишларини ёритиб бориш, ана шу жараёнларда фаол иштирок этишни тақозо этади. Шу боис ҳам, аксарият ҳамкасбларимизнинг уйдан кўра, кўпроқ меҳнат жамоасида бўлишлари оддий ҳолга айланган.

Ҳаётим, оилам тинч, фарзанд, набираларим бахти, камолидан кўнглим хотиржам. Севимли касбим, мени ҳурмат қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган жамоам, мухлисларим бор. Аёл киши учун бундан ортиқ яна қандай бахт бўлиши мумкин? Мустақиллигимизнинг қутлуғ йигирма олти йиллик тўйи арафасида менинг камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, "Шуҳрат" медалига муносиб кўрилганлигимдан бошим кўкка етди. Очиғи, бу мен учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Ушбу мукофот нафақт менинг, балки ҳамкасбларимнинг меҳнати эътирофи, бутун жамоамизга берилган мукофот деб биламан.

Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Байрамлар байрамларга, тўйлар тўйларга улансин.  Юртдошларимизнинг барча эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

 

 

«ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - МУҲИМ МАСАЛА»

(36 - сон ) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Андижон шаҳридаги "Мустақиллик" ва "Султон Жўра" маҳалла фуқаролар йиғинларида "Оила мустаҳкамлигини таъминлаш - муҳим масала" мавзусида аҳоли вакиллари билан  очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда маҳаллалардаги    муаммолар, одамларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, айниқса, тўйларни ихчам, дабдабасиз ва камчиқим ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймаслик масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда сўз олган  Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши раиси в.б. Ҳамиджон Омонов ва бошқалар мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

 Шунингдек, мулоқот давомида йигит-қизлар қонуний никоҳдан ўтишдан олдин албатта, оилавий ҳаётга тайёр эканликлари бўйича муайян билимга эга бўлишлари,  тиббий кўрикдан ўтишлари алоҳида қайд этилди. Бу борада мутахассислар томонидан иштирокчиларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

 Абдурасул FУЛОМОВ,

 

 ЎзМТДП  вилоят кенгаши матбуот котиби.

Истиқлол муборак, Ўзбекистоним!

Нақадар гўзалсан, нафис, беғубор,

Бағрингда яшайман шод-хуррам.

Онамдек азизсан, тоғдек пурвиқор,

Сен тенги йўқ, буюксан, Ватан.

 

Боғларда очилган гулу лолалар,

Сенинг чиройингни қилади кўз-кўз.

Дунёни лол этган қадим бинолар,

Минг йиллик тарихдан очади сўз.

 

Ватан, қалбимнинг тўрида сенсан,

Муқаддас биламан танҳо ўзингни,

Сен менинг ғурурим, номус-оримсан,

Керак бўлса бергум ширин жонимни.

 

Ватан деб жонидан кечганлар бисёр,

Сендан йироқ бўлсам хумор бўламан.

Ватансиз кимсалар ҳар кўчада хор.

Тупроғинг бўйнимга тумор қиламан.

 

Дунё ҳавас қилган жаннат диёрим,

Истиқлол муборак, Ўзбекистоним!

 Манзура ЙЎЛДОШЕВА,

Асака тумани