+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ДУНЁДА ҚАНЧА СЎЗЛАШУВ ТИЛИ БОР

(38-сон) Билиб қўйган яхши

Элликка яқин тил мукаммал шаклланган

Дунё халқлари хилма-хил тилларда гаплашишади. Таъкидлаш керакки, жаҳонда қанча сўзлашув тили бор, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Бу борада иш олиб борувчи олимлар томонидан турли даврларда маълумотлар эълон қилиб келинган. Лекин эълон қилинган рақам ва маълумотлар бир-бирига доимо мос тушавермаган. Чунки у ёки бу тилни ҳамма жойда ҳам бирдек тан олавермайдилар. Натижада ўша тилни рўйхатга киритмай қўйиш ҳоллари учраб туради.

Ер юзида ҳаммаси бўлиб тахминан 5600 дан зиёд тил ва шева бўлиб, ҳозиргача улардан 500 га яқини ўрганилган холос. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эга.

Айни кунда дунё бўйича инсонлар мулоқот қилаётган 1400 тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Тилшунослар томонидан дунё тилларидан фақат элликка яқини оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган, деб ҳисобланади. Мана шу тиллар орасида ўзбек тили ҳам бор.

Шундай ҳудудлар борки, у ерларда одамлар жуда кўп тилда мулоқот қиладилар. Масалан, Осиёнинг Ҳимолай ҳудудида 160 хил тил бор. Африканинг Нигер дарёси ҳавзасида 280 дан ортиқ тилда сўзлашувчи қабила ва халқлар яшайди. Янги Гвинея оролларидаги Папуа давлатида жами 3 миллион нафардан ортиқ аҳоли 1010 хилдаги тил ва шевада сўзлашади. Яна бир қизиқ жиҳат, Хитойда инглиз тилида сўзлашувчилар сони Америка Қўшма Штатларидагидан кўпроқ.

Тилларнинг қай даражада ривожланганлиги ва тарқалиши кўп жиҳатдан  давлатларнинг ҳудуди ва аҳолисининг кўп-озлигига ҳам боғлиқдир. 2007 йил январь ойида эълон қилинган статистикага кўра, ҳудуди бўйича дунёда энг катта давлатлар  Россия, Канада, АҚШ, Хитой, Бразилия, Австралия, Ҳиндистон, Аргентина, Қозоғистон ва Судан ҳисобланади.  Аҳолиси сони жиҳатдан биринчи ўнликка  кирувчи давлатлар эса Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Индонезия, Бразилия, Покистон, Бангладеш, Россия ва Япония давлатларидир.

Олимларнинг илмий тахминларга кўра, 2057 йилга борганда Хитой Халқ Республикаси аҳолиси дунё аҳлининг ярмини ташкил этади.

 

Энг бой тиллар

Дунёдаги сўз бойлиги жиҳатдан энг бадавлат тиллар бу - араб ва инглиз тиллари бўлиб, инглиз тилида 2,5 миллиондан ортиқ, араб тилида эса 3,5 миллиондан зиёд сўз мавжуд. Шу ўринда она тилимиз - Ўзбек тили ҳам дунёдаги бой тиллар қаторига киради. Ўзбек тилида тахминан 1,5 миллиондан ортиқ сўз мавжуд.

Тилшунослик фанидан маълумки, қайси тилда "синоним" - "маънодош" сўзлар кўп бўлса, ўша тил энг бой тил ҳисобланади. Шунингдек, қайси тилда "омоним" - "шаклдош" сўзлар кўп учраса, демак ўша тил камбағал тиллар сирасига киради. Масалан, шимолий қутбда яшайдиган эскимос қабиласига мансуб миллат тилида "қор" сўзининг йигирма хил синоними мавжуд бўлса, араб тилида "чўл" сўзининг юздан ортиқ варианти бор. Синоним сўзлар араб тилида энг кўп учрайди.

 

Энг камбағал тиллар

Африканинг Гвинея давлатидаги маҳаллий Таки тилида бор йўғи 340 та сўз бор холос.

Янги Гвинеяда 4 миллион нафар аҳоли истиқомат қилса-да, улар 800 тилда гаплашадилар. Ушбу тилларнинг бирортасида ҳам 100 минг нафардан ортиқ киши мулоқот қилмайди.  Дунёдаги энг кам одам гаплашадиган тил бу - бикя тилидир. Бу тил фақатгина Африка қитъасининг Камерун ва Нигерия давлатлари ўртасидаги қишлоқда яшайдиган қабилага тегишли.

Латвияда эса шундай тил борки, уни 200 киши тушунади. Бу - ливон тилидир.

Оун ғарбий септик тилида ҳозирча 380 нафардан,  алфендио шарқий септик тилида эса 630 нафардан ортиқ киши мулоқот қилади. Лилау ва сеймит тилларида бугунги кунда 500 нафарга яқин киши сўзлашади. Кандас тилида ҳам Янги Ирландияда яшовчи 500 нафарга яқин инсон сўзлашади.

Енг кам учрайдиган тиллардан бири Ҳиндистондаги марати тилидир. Бу тилда фақат Махараштра штатида яшовчилар гаплашади. Орисса штатида эса ория тили русум бўлган. Телугу тилида Андхра Прадеш штатидагилар, тамил тилида Тамил Надуда штатидаги кам сонли аҳоли ўзаро мулоқотда бўлади.

Таиланда асосий тил тай лаҳжаси бўлса-да, аҳолининг кўп қисми турли шеваларда суҳбатлашади. Тилшунослар уларнинг ичида лао, каммуанг ва пактай тилларини мустақил, деб ҳисоблайдилар.

 

Ўлик тиллар

Жаҳонда истеъмолдан чиқиб кетган ҳамда бутунлай йўқолиб кетган тиллар ниҳоятда кўп. Тилшунослар уларни иккига бўлиб ўрганадилар, яъни ёзма нутққа эга бўлган "ўлик" тиллар ҳамда фақат оғзаки шаклда фойдаланилган "ўлик" тиллар.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, фақат оғзаки тарзда фойдаланилган ҳозирда бутунлай йўқолиб кетган тилларнинг ҳисоб-китоби деярли йўқ. Ҳам ёзма, ҳам оғзаки нутқ шаклига эга, бироқ ҳозир йўқ бўлиб кетган қадимий тиллар эса талайгина. Тилшунослик фанида бу тиллар "ўлик тиллар" деб аталади. Ўлик тилларнинг иккитаси фан оламида анча    машҳур ҳисобланади. Улардан бири Ҳиндистондаги қадимий санскрит тили бўлса, иккинчиси лотин тили ҳисобланади.

Олимлар томонидан энг кўп тарқалган "Ўлик тиллар" сифатида қадимий хитой ва инглиз тиллари эътироф этилади. Чунки давримиз кишиларининг ана шу икки тилда битилган тарихий асарларда муҳрланган сўзларни тушунишлари жуда қийин. Кўҳна хитой тилидаги манбалар хусусида ҳам шундай фикрлар айтиш мумкин.

 

Энг кенг тарқалган тил

Кўпчилик энг кўп тарқалган тил хитой тили деб ўйлайди. Тўғри, ер куррасидаги энг кўп аҳоли яшайдиган Хитой давлатда 1,5 миллиарддан ортиқ одам мана шу тилида гаплашади. Лекин хитой тили дунё бўйлаб испан тиличалик кенг тарқалмаган. Испан тили дунёда энг кенг тарқалган тил ҳисобланади. Ушбу тилнинг бу қадар оммалашиб кетишига аввало, испанлар сайёҳ ҳамда мустамлакачи сифатида жуда кўп жойларга бориб, ўша жойларда муқим яшаб қолганликлари сабаб бўлган. Яна шу нарса ҳам қизиқки, Америка Қўшма Штатларининг 50 штатидан 23 тасида испан тили давлат тили ҳисобланса, 21 тасида инглиз тили асосий тил, қолган штатларда эса француз тили ҳукмронлик мавқеига эга.

 

Мусажон БОБОЖОНОВ.

АЁЛ НАФАҚАТ ЎЗИ, БАЛКИ ОИЛАСИНИНГ САЛОМАТЛИГИ УЧУН МАСЪУЛДИР

(38-сон) Бизнинг суҳбат

Аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини сақлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда кейинги пайтларда дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётган онкологик хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, касаллик илгари асосан эркаклар ўртасида кузатилган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу касаллик билан аёлларнинг хасталаниши ҳам эркаклар билан деярли тенглашган. Бунинг сабаби нимада? Унинг олдини олиш мумкинми? Касаллик қандай оқибатларга олиб келади? Шу ва мавзу доирасидаги бошқа бошқа қатор саволлар билан Андижон давлат тиббиёт институти клиник радиология ва онкология кафедраси доценти Маҳбубахон Султонқуловага мурожаат қилдик.

 

- Айтингчи, аёллар ўртасида ўсма касалликларининг кўпайиб бораётгани ҳақида аниқ статистик маълумотлар борми?

- Албатта, бор. Аёллардаги ўсма касалликлар бугун давр муаммосига айланиб улгурган. Чунки кўкрак бези ракидан жабрланганлар сони дунё бўйича йилига 1 миллион нафардан ошиб кетмоқда. Бачадон бўйни раки билан оғриганлар сони 800 - 1 миллион нафарга яқинлашди. Таъкидлаш жоизки, бундан 10-15 йиллар аввал аёлларда ўпка раки жуда камдан-кам ҳоллардагина учраган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу хасталикка чалинган аёллар кўпчиликни ташкил этмоқда. Умуман, ошқозон, ичак раки, аёлларда лимфа тизими ўсмалари кўп учрайдиган касалликларга айланган. Бундан ташқари, аёлларда ўсма касалликларнинг ёшариши кузатилмоқда. Таҳлилларга кўра, бундан 20-30 йил аввал касалликка чалинган аёлларнинг 60-70 фоизи 50 ёшдан ошганлар бўлган бўлса, бугунги кунга келиб, мана шу тоифадаги беморларнинг 60-70 фоизини хали 50 ёшга етмаган аёллар ташкил этмоқда. Бу ташвишли ҳолат. Кўплаб аёллар ҳаётининг энг муҳим палласини бошидан кечираётган, оиласини энди-энди оёққа тургазиб, фарзандларини йўлга солаётган, яхши мутахассис сифатида шаклланаётган бир даврда ушбу касаллик билан оғриётганликлари ачинарли, албатта.

 

- Касалликка олиб келувчи омиллар ҳақида тўхталсангиз?

- Ўсма касалликларининг келиб чиқишига асосан, ташқи ва ички муҳит, шунингдек, биологик ҳамда физик-химик омиллар сабаб бўлмоқда. Айниқса,  ташқи муҳит таъсири муҳим аҳамият касб этмоқда.

Атмосферанинг канцероген моддалар билан тўйиниши, турли кимёвий моддаларнинг кундалик ҳаётимизга кириб келиши, бир неча марта техник ишловдан ўтган озиқ-овқат маҳсулотларининг ишлатилиши, фаст-фудлар, гармонлар билан боқилган жўжалар истеъмолининг кўпайиб бораётганлиги касаллик келиб чиқишига асосий омил бўлмоқда. Бундан ташқари, турмуш ўртоғи хорижга ишлагани кетиб, йиллар давомида аёлларнинг жуфтсиз яшашлари ёки бир-иккита туққандан сўнг аборт қилдиришлар, шунингдек, оилавий жанжаллар туфайли юзага келадиган стресс ҳолатлари, бола тарбиясидаги муаммолар... Буларнинг барчаси аёл организмида турли хасталиклар, айниқса, ўсма касалликларининг  урчишига олиб келаяпти.

 

- Вилоятимизда ўсма касалликларининг асосан қайси тури билан касалланиш кўпроқ кузатилмоқда?

- Айни пайтда аёл ва қизлар ўртасида сут (кўкрак) бези рак олди касалликлари ва раки нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, ҳар 100 минг нафар вилоятимиз аҳоли орасидан 17-18 нафар киши ана шундай касалликка чалинган. (Иккиламчи репродуктив) Жинсий аъзоларнинг  рак олди ва раки билан хасталаниш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Кўкрак бези раки шу қадар "айёр"ки, аёл ўзини қачон ушбу касалликка чалинганини билмай қолади. Қолаверса, касаллик бошланғич даврларда оғриқсиз кечади. Шу ўринда айрим мулоҳазаларни айтиб ўтиш муҳимдир: аёлларимиз ўз саломатликларига етарли даражада эътибор қаратмайдилар. Организмда бирор тугунча ёки шиш пайдо бўлса-да, "оғримаяптими, менга ҳалақит қилмаяптими, тураверсин!" деган салбий тушунча шаклланган. Аёлларимизда: "Менинг жисмимда ёт нарса пайдо бўлиб қолди, бу нима экан, текширтириб кўрай, шифокорга учрай" деган фикр бўлиши керак. Баъзи бир аёлларимиз ўзида рак олди касалликларини пайқасаям шифокорга учрамай юраверади. Қачонки касаллик ўтиб кетиб, оғриқ юзага келгандагина мутахассисга мурожаат этадилар. Бу опа-сингилларимизнинг тиббий саводхонлиги, маданияти етарли даражада эмаслигини кўрсатади.

Таассуф билан айтаманки, бугунги кунда кўплаб аёлларимиз гап-гаштакларга боргани вақт топади, ороланиш учун салонларда соатлаб навбат кутгани эринмайди, аммо ўз       соғликлари учун йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтгани имкон топа олмайдилар. Бу муносабат ҳаётдаги энг буюк неъмат саломатлигимизга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Бу билан аёлларимиз нафақат ўзларига жабр қилади, балки оиласига, жамиятга ташвиш келтиради.

 

- Ўсма касалликларининг ҳаммаси ҳам ракка олиб борадими?

- Йўқ, ҳаммаси ҳам ракка олиб бормаслиги мумкин. Маълумки, тиббиёт фанида ўсма касалликлари асосан иккига бўлинади, яъни яхши сифатли ва ёмон сифатли ўсма касалликлар. Яхши сифатли ўсмалар масалан, норлар, липомалар, фибромалар, аденомалар, сут безларидаги фиброаденомалар, бачадон миомалари, булар яхши сифатли ўсмалар сирасига киради. Лекин қаерда жойлашишига, қанча даражада ўсишига қараб, улар ҳам ёмон асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, бачадон миомаси аёлда қон кетишига сабаб бўлади, анемияни юзага келтиради.  Шу боис, бачадон миомасига учраган бемор тезроқ даволаниши зарур.

Сут безларидаги фиброаденомалар узоқ йиллар жим тургани билан, бир кун "портлаши" бор. Агар зарур муолажалар қилинмаса, улар бир кун ракка айланади. Оддий липомалар ҳам хатарлидир. Мухтасар айтганда, организмда пайдо бўладиган ҳар қандай ўсма, ёғ  бу жисмимиз учун "келгинди". Шифокор кўмагида, албатта, ундан қутулиш чораларини кўриш керак.

 

- Аёлларимизнинг тиббий текширувдан тез-тез ўтиб туришлари, ўз саломатликларига эътиборли бўлишлари учун, энг аввало, нима қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Бунинг учун энг аввало, опа-сингилларимизнинг тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Қачонки аёлларимиз ўз саломатликлари ҳамма нарсадан устун, у ўзининг саломатлигига масъул эканлигини англаб етмас экан, бу борада ижобий натижаларга эришишимиз мушкул. Шу боис ҳам тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Аёлларимизга касаллик келиб чиқишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига қатъий амал қилиш мавзусидаги махсус буклетлар ва йўриқномаларни кенг тарқатиш ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширади. 

Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган аёл биринчи навбатда     соғлигига эътибор қаратсин. Яъни 35 ёшдан ўтган ҳар бир аёл олти ойда бир марта маммолог, гинеколог кўригидан албатта ўтиши шарт. Агар саломатлик билан боғлиқ бирор ўзгариш бўлса УТТ, маммография, жинсий аъзоларнинг чуқур текширувидан ҳам ўтиши керак бўлади. Бундан ташқари, йилда камида бир марта терапевт, эндокринолог текширувидан ҳам ўтиш лозим. 35 ёшдан кейин ҳаёт фаслининг кузи бошланади, демак, аёл ана шу даврда ўз саломатлигига эътиборли бўлиши шарт!

Аёлларимиз яна шу нарсани унутмасликлари лозим. Турли ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, гриль, табака, синтетик ичимликлар кимнингдир организмига тўғри келади, кимгадир йўқ. Аёл - оиланинг дегустатори (синовчи, татиб кўрувчи) сифатида ўзига маъқул келган нарсаларни оила аъзоларига ҳам илинади. Шу маънода у оиласи аъзоларига нима тўғри келиш-келмаслигини аниқлаб беради. Демак, аёл нафақат ўзи, балки бутун оиласининг саломатлигига масълудир. Шундай экан, такрор-такрор айтамиз: азиз аёллар саломатлигингизни асранг, ҳаётда саломатликдан-да улуғ неъмат йўқ.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.

МАҲАЛЛА - ТАРБИЯ МАСКАНИ

(38-сон) мулоҳаза

Яқинда бувимникига, қишлоққа бордим. Бир неча йилдан буён бормаганим учун очиғи, у ердаги ўзгаришлардан лол қолдим. Кўчалар кенгайган, таъмирланган, айниқса, маҳалла гузарининг қиёфаси тубдан ўзгарган эди. Бир-биридан чиройли савдо дўконлари, маиший хизмат шохобчаларининг одамлар билан гавжум эканлиги, ораста ва покизалиги ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

Ана шу ўзгаришлардан хурсанд кетаётиб, сартарошхона олдида ёши 50-60 атрофидаги уч-тўрт нафар кишининг қартабозлик қилиб ўтиришларини кўриб, кўнглим бироз ранжиди. Улардан бири ҳатто оппоқ соқолли нуроний эди. Атрофида эса мактаб ёшидаги болалар уларнинг ўйинини кузатиб туришарди. Афсуски, отахонлар болаларга дарсингни тайёрла, бошқа фойдали иш билан шуғуллан, дейиш ўрнига қарта ўйинини томоша қилиб туришларига парво ҳам қилмас эдилар.

Очиғи, бу ҳолат анчагача хаёлимдан кетмади. Бугун газета саҳифалари, телевидение кўрсатувларида, таълим масканларида ёшлар тарбияси, уларни аҳлоқ-одобли, миллий анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳақида жуда кўп гапирилаётган бир пайтда айрим юртдошларимиз уларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи юқоридаги каби ҳолатларга эътиборсиз қарашларини асло оқлаб бўлмайди.

 Ахир ёши улуғлар ёшларга шахсий сифатлари билан ибрат бўлишлари, маҳалла гузари эса одамларнинг нафақат маданий хордиқ чиқарадиган, балки ёш авлодга инсоний бурч ва вазифалар ҳақида сабоқ берадиган тарбия маскани бўлиши керак эмасми? Қарта ўйинларини томоша қилиб ёки компьютер ўйинлари билан машғул бўлиб  улғаяётган ёшлар келажакда қандай инсонлар бўлиб камол топишлари мумкин? Улар кун келиб, жамиятга нафи тегадиган, ўз яқинлари, оиласини қадрлайдиган кишилар бўлиб вояга етадими, деган саволлар бугун барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки, юксак маънавиятли, ҳар жиҳатдан етук ва соғлом авлод тарбияси масаласи зиммамиздаги масъулиятли вазифадир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, маҳалла гузари болаларга ибратли панд-насиҳатлар, яхши билан ёмонни ажрата олишларига кўмак берадиган тарбия маскани бўлиши учун маҳалла фаоллари, айниқса, ёши улуғ инсонлар жиддий эътибор қаратишлари керак.

Халқимизда "Бир болага етти маҳалла ота-она!", "Маҳалла - муқаддас қўрғон" деган ҳикматли гаплар бежиз айтилмаган. Зотан, маҳалла ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишига муҳим таъсир кўрсата оладиган маскандир. Шундай экан, маҳаллаларда эртамиз эгалари бўлган ёшлар тарбиясига эътиборсиз қарамайлик.

Мақсуда БАҲРОМОВА,

 

АДУ филология факультети талабаси.

ГИЁҲВАНДЛИК - РАЗОЛАТГА ЙЎЛ

(38-сон)ОГОҲЛИК!

Бугунги кунда дунё аҳлини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири гиёҳвандлик иллатидир. Ушбу иллат таъсирида жуда кўплаб инсонларнинг ҳаёти издан чиқмоқда, айниқса, ушбу заҳри қотилнинг домига тушганларнинг, шу билан бирга, у билан боғлиқ жиноятлар содир этаётганларнинг аксарияти ёшлар эканлиги янада ташвишлидир.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш борасида ички ишлар тизими, умуман, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришларига қарамасдан, айрим юртдошларимиз у билан боғлиқ жиноятлар домига тушиб қолмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти ИИБ ТИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Жалақудуқ туманида яшовчи Обид (исми ўзгартирилган) исмли фуқаро Акмал (исми ўзгартирилган) исмли ҳамтовоғи билан хонадонида наша ўсимлиги етиштираётганлиги аниқланиб, қўлга олинди. Гиёҳвандлик инсонни жарга, разолатга бошлашини Обид мисолида яққол кўриш мумкин. Гиёҳванд модда истеъмолига қизиққан бу шахс уни тотиб кўргач, асирига айланиб қолди. Икки фарзанди, гулдай аёлини уйидан хайдади, уйидаги бор-будини сотиб тугатди. Гиёҳванд моддани сотиб олишга ҳеч нарсаси қолмагач, шериги билан ўз ховлисида истеъмол қилиш ва сотиш мақсадида наша ўсимлиги экиб, ўстираётганлиги учун жазога тортилди. Инсон сифатида ўзлигини йўқотган Обиднинг ҳаёти гиёҳвандлик балосининг жирканч оқибатларига бир мисолдир. Бу барчага ибрат бўлиши керак.

Ушбу иллатнинг келиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинганда, унинг асосий сабабларидан бири ота-она, маҳалла-кўй, кенг жамоатчиликнинг эътиборсизлиги сабаб бўлганлигини кўриш мумкин. Шу боис, бу борада жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси хушёр, эътиборли ва огоҳ бўлишлари лозим.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳвандлик кишини ҳам жисмонан, ҳам руҳан мажруҳ этади. Унга мубтало бўлганлар, уни сотиш эвазига мўмай даромад топишга интилганлар эртами-кечми қонун олдида жавоб берадилар.

И. АРЗИЕВ,

 вилоят ИИБ  ТЖХТБ ВЕУН ва ХПГ катта инспектори, капитан.

М. РАҲМОНОВ,

вилоят ИИБ ТЖХТБ  тергов бўлими бошлиғи, капитан.

ЮРТИМИЗ РАВНАҚИ ЙЎЛИДА АСТОЙДИЛ МЕҲНАТ ҚИЛАМАН,

(38-сон) Фаол ёшларимиз

 

- дейди "Шуҳрат" медали соҳибаси Дилрабо Рустамова.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида Андижон давлат университетининг факультетлараро чет тиллари кафедраси ўқитувчиси Дилрабохон Рустамова юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш авлод вакилларини мукофотлаш тўғрисидаги Президент Фармонига кўра "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

Дилрабохон Рустамова 1988 йилда Бўз туманида зиёли оилада таваллуд топган. Болалигидан билимга чанқоқ, тиришқоқ бу қиз Асака туманидаги 4- умумтаълим мактабида фақат аъло баҳоларга ўқиди, сўнг АДУ қошидаги Асака академик лицейида таҳсил олди, Андижон давлат тиллар педагогика институтининг (ҳозирги АДУ) хорижий тиллар факультетида ўқиб, билимларини янада мустаҳкамлади. 2009-2011 йилларда эса Тошкент давлат педагогика институти магистратурасини, 2011-2014 йилларда Андижон давлат университети докторантурасини тамомлади.

Илм йўлидан дадил одимлаётган Дилрабо ҳеч қачон ўқиб-ўрганишдан, изланишдан тўхтамади. Ҳамиша фаол ва етакчилар сафида борди.  Ҳозирда у ўзи таҳсил олган университетда талабаларга инглиз тилидан сабоқ бермоқда. Ёш мутахассис сифатида устозлари, тажрибали профессор-ўқитувчилардан касб сирларини пухта ўрганиб бормоқда. У ёш бўлса-да, ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқ ва интилувчанлиги, қолаверса, камтарлиги ва бошқа инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, устозлари, балки талабалар орасида ҳам ҳурмат топа олган.

Университет Ёшлар иттифоқининг етакчи ва ташаббускорларидан бири сифатида турли тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда доимо фаол иштирок этади. Жамоат ишларидаги фаоллиги, спорт, илм-фан йўналишидаги ютуқлари учун 2014 йилда Андижон шаҳрида барпо этилган "Камолот" уйларидан бирининг соҳибасига айланганлиги унга янада катта куч ва шижоат берди. 

Дилрабохон филология фанлари доктори, профессор Шоҳидахон Шаҳобиддинова раҳбарлигида "Метафорик эвфемизациянинг лингвомаданий ва социопрагматик аспекти" мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.  Унинг "Тил - ментал кўзгу", "Қадрият ва тил муносабати хусусида", "Эвфемизация омиллари ҳақида айрим мулоҳазалар", "Метафорик эвфемизациянинг тадқиқи ҳозирги кун тилшунослигининг долзарб муаммоларидан бири", "Борлиқни лисоний англашда миллий-маданий эвфемизмларнинг ўрни", "Атовчи ва ифодаловчи метафорик эвфемизмлар" каби илмий мақолалари қатор республика ва хорижий нашрларда чоп этилган.

Дилрабо ўқиш, илм олиш билан бирга, кўп йиллардан буён спортнинг  каратэ-до тури билан шуғулланиб келади. Устозлари кўмагида каратэ-донинг ўзига хос техникасини пухта ўрганди, маҳоратини ошириб борди. Тиришқоқлиги, ғалабага бўлган қатъий ишончи туфайли жуда кўп республика ва халқаро турнирларда ғолиблар қаторидан жой олган. У каратэ-до бўйича шаҳар, вилоят кубоги соҳибаси, уч карра Ўзбекистон, бир карра Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритган маҳоратли спортчидир.

Дилрабо ҳозирда икки нафар шириндан-шакар фарзанднинг меҳрибон онаси. У ота-онаси, қайнона ва қайнотасининг хизматларини қилиб, дуоларини олмоқда. Ана шу дуолар уни эл ичида ҳурмат-эътиборга сазовор қилаётган бўлса ажаб эмас.

Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси бўлиб меҳнат қилаётган Дилрабонинг турмуш ўртоғи  Дилшодбек Рустамов доимо уни қўллаб-қувватлайди,  кўмак беради. Ахил бу оилага барчанинг ҳаваси келади.

- Менинг камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, мукофотга лойиқ топилганимдан беҳад хурсандман, - дейди биз билан суҳбатда ёш олима, қаҳрамонимиз Дилрабо Рустамова.  -  Ушбу мукофотни нафақат менга, балки бутун Андижон ёшларига берилган мукофот деб биламан. Эришаётган ютуқларимда устозларим, яқинларимнинг хизматлари ниҳоятда катта. Энди мана шу эътиборга муносиб бўлишга, юртимиз равнақи йўлида бор имкониятимни ишга солиб, астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.

Биз ҳам ёш олима, вилоятимиз ёшларининг фаол ва ташаббускор вакиласи Дилрабо Рустамованинг келгусидаги ишларида омадлар тилаб қоламиз. 

 

 Одилжон КАРИМОВ

 

Суратда: ёш олима, "Шуҳрат" медали соҳибаси Д. Рустамова.

АЁЛ - ҲАЁТИМИЗ ҚУЁШИ

(38-сон) Эҳтиром

Аёл… у шундайин буюк    хилқат-ки, уни тасвирлашга тил ожиз, таърифига бисотимиздаги сўзлар камлик қилади, шаънига қанчалар таҳсин айтиб, ашъорлар битсак-да оз. 

Ҳа, чиндан ҳам аёл буюк ҳилқат, мўъжиза. Аёл ҳақида гап кетганда барчамизнинг кўз ўнгимизда энг аввало, муштипар онажонларимиз гавдаланади. Қароғимизда уларнинг нурли чеҳралари, майин табассуми, меҳру-муҳаббати бўй кўрсатади, вужудимизда эса ширин туйғулар, англаб бўлмас ҳаяжон пайдо бўлади. Балки бу оналар буюклигининг бир рамзидир. Шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам "Жаннат оналар оёғи остидадур"  деб бежиз ёзмаган.

Ҳа, бу ёруғ дунёда онадан, аёлдан буюк, ундан-да мўътабар зот йўқ. Аёл қуёшдек ҳар бир кунимизни ёритиб, унга файз киритиб тургувчи нурдир. Шу ўринда маънавият тарғиботчиси, мархума шоира Турсуной Содиқованинг "Ризолик излаб" номли китобидаги қуйидаги мулоҳазаларни келтириш ўринлидир: "Аёл сизга ёқмаган алфозда ҳам қозонингизни қайнатиб, чироғингизни ёқиб юраверади, ўтингиздан кириб, кулингиздан чиқаверади. Юклик холатида ҳам ўшандай - тиними йўқ. Ичидаги боласи унинг ўпка жигарига чирмовуқдай ёпишиб, бағридаги бор мағзини шимиб турса ҳам, оёқлари шишиб, бели узилай деса ҳам, ётиб олмайди, рўзғорнинг, сизнинг хизматингизни қилаверади! Сизнингча, ҳурмат унга бўлмай,  кимга бўлсин?!

... Ушбу битикларни бежиз келтирмадим. Бизни дунёга келтирган, оқ- ювиб, оқ тараган, эрта-ю кеч тиним билмай, камолимиз учун елиб-югуриб, не-не заҳмату машаққатларни чеккан табаррук оналаримизни бошимизга кўтарайлик. Аслида оналаримиз бир бурда нонга қорни тўйса-да, фарзандларим яхши есин, яхши кийсин, бировдан кам бўлмасин, деб интилади, жонини жабборга беради. Шундай экан, азиз тенгдош, азиз юртдош кўзларимиз нури, қалбимиз дури, ҳаётимиз мазмуни, умримиз қуёши бўлган оналаримизни, мўътабар аёлларимизни асрайлик, ҳурматини ҳамиша баланд тутайлик. Зеро,   Тангри таоло ҳам аёлни авлодлар давомчиси, муқаддас зот қилиб яратган.

Дилноза МУХТОРЖОНОВА,

 

Олтинкўл тумани.

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҲАРБИЙЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ

(38-сон) тадбир

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда ҳарбий хизматчилар билан мулоқот ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижросига бағишланган сайёр видеоселектор  йиғилишда берилган топшириққа асосан ўтказилган мазкур учрашувда мамлакатимиз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини юксалтириш, замонавий қурол-аслаҳа билан қуролланган, бугунги кун талабига тўла жавоб бера оладиган, тезкор миллий армиямизни шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Бевосита мулоқотда вилоят ҳокими ҳарбийларнинг фаолияти, хизмат жараёнлари билан танишди,  уларнинг яшаш ва оилавий шароитларини янада яхшилаш, ҳарбий касб нуфузини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар, айниқса, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.

Ҳарбий хизматчилар яшаётган кўп қаватли уйнинг ташқи фасадини, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг оилавий ётоқхонасини таъмирлаш, улар учун хизмат уйлари барпо этиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

-  Мулоқотда вилоят ҳокими ҳарбий қисмда махсус компьютер хонасини ташкил этиш, шунингдек, кутубхонамизга компьютерлар ажратилиши учун топшириқлар берганлиги айни муддао бўлди, - дейди Андижон гарнизонининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари, подполковник Йўлдошбой Холиқов. - Бу ҳарбий хизматчиларнинг жанговор салоҳиятини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари борасидаги билим ва малакаларини юксатиришда муҳим аҳамият касб этади.

Вилоятдаги қатор ҳарбий қисмларда бўлиб ўтаётган бу каби мулоқотлар мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ижобий ҳал этишга, харбийларнинг хизмат ва яшаш шароитларини яхшилашга яқиндан ёрдам бермоқда.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА.

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги

(38-сон)

Неча йиллар кутилган орзу,

Ўзбек-қирғиз бугун бирлашди.

Икки халқнинг дўстлиги мангу,

Яна кўкда қуёш нур сочди.

 

Азал ери бирдир, суви бир,

Мозори бир, аза, тўйи бир.

Тили, дини, ўйи, дили бир,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Улуғ Манас руҳин этиб ёд,

Мирзо Бобур руҳи бўлди шод.

Юртларимиз озод ва обод,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Тарихимиз ўхшашдир азал,

Халқларимиз башари аввал.

Дўстлик учун қўйилди тамал,

Мангу ўзбек-қирғиз дўстлиги.

 

Тўлқинжон АБАНОВ, Хўжаобод тумани.

ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ

(38-сон)

Хўжаобод туманидаги "Дўстлик" чегара мажмуасида  Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти аҳолиси вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида қўшни ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қилувчи қатор келишувлар имзоланди.

Чегара мажмуасида Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллати ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари, ҳукумат делегациялари учрашувидан кейиноқ ўтказилган мазкур тадбирда сўз олган Андижон виилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Талаайбек Сарибашев, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбаев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, давлатларимиз раҳбарлари учарашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганлигини таъкидладилар.

Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларнинг олиб ташланиши, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди. - Менинг миллатим қирғиз, Ўзбекистон фуқаросиман, - дейди Хўжаобод туманидаги 10- умумтаълим мактабининг қирғиз тили фани ўқитувчиси Хонойим Арзиева. - Шукрки, олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат     кейинги йилларда халқларимиз ўртасида юзага келган турли тўсиқлар сабаб улар билан алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувидан кейин борди-келди учун эшиклар очилишидан бошимиз кўкка етди.

- Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасидаги тўсиқлар туфайли қариндош-уруғларимиз билан борди-келди узилиб қолган эди, - дейди   Хўжаобод туманидаги Солпи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қундузхон ая Fоппорова. - Фақат тўй, яқинларимиз вафот этгандагина телеграмма орқали борди-келди қилинаётганлигидан жуда кўп фуқаролар қийналаётган эди. Ахир биз  асрлар давомида  қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни яна яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдормиз.

 - Бугунги учрашув икки қўшни халқ ўртасидаги ҳақиқий дўстлик байрамига айланди, - дейди тадбир иштирокчиси, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, "Ўш" халқаро альманахи бош муҳаррири Салима Шарипова. -  Мана шу кунни халқларимиз қатор йиллар кутиб яшади. Ишонаманки, энди қўшничилик муносабатларимиз, ҳамкорлигимиз янада юқори    босқичга кўтарилади. Бундан икки халқ вакиллари фақат фойда кўради.

- Мен уч маротаба    Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутати бўлганман, - дейди тадбир иштирокчиси, ўшлик меҳнат фахрийси Муқамбек Алиқулов. - Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталари яна тикланаётганлигидан беҳад мамнунман. Бу давлатларимиз иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

- Вилоятимизда жуда кўп қирғиз миллатига мансуб аҳоли яшайди, - дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. - Миллий анъаналаримизни ривожлантириш, ўз она тилимизда ўқиш учун барча шароитлар яратилган. Айни кунда 20 дан ортиқ умумтаълим мактабларида қирғиз тили ўқитилмоқда, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатлари қайта тикланганлигидан, айниқса, биз жуда ҳам хурсандмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар томонидан   намойиш этилган "Дўстлигимиз абадий бўлсин" деб номланган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

КИТОБХОНЛИК КЕНГ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(38-сон)

Избоскан туманидаги 28- умумтаълим мактабида "Абадият гулшани" деб номланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда тумандаги мактабларининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари,  кутубхоначилари, ўқувчилар иштирок этди.

Вилоятимиз таълим муассасаларида ўқувчи ёшларни китобхонликка жалб этиш, кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишида белгиланган ишлар ижроси доирасида ўтказилган тадбир иштирокчилари мактаб кутубхонаси фаолияти, кутубхоначи Ҳидоятхон Мирзаеванинг илғор иш услублари билан танишдилар, ўзаро тажриба алмашдилар. Тадбирда мактаб кутубхонасида ташкил этилаётган учрашув, адабий-бадиий кеча ва мушоиралар китобхонлар сафини кенгайтиришга хизмат қилаётганлиги эътироф этилди.

  Кечада ўқувчилар томонидан шеър-қўшиқлар айтилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Якунда фаол иштирок этган иқтидорли ўқувчилар ҳамда бир гуруҳ фаол китобхонларга эсдалик совғалар топширилди.

  Гулнора МАҲКАМОВА,

 

мазкур мактаб ўқитувчиси.