Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Саховатпеша киши нафақат оила аъзолари, қариндошлари, балки қўни-қўшни, маҳалладошларига ҳам саховатли бўлади. Ҳар биримиз яхши билишимиз керакки, мусулмон кишининг тани-жони соғ-саломатми, демак, беморларнинг унда ҳақи бор, меҳнатга яраб, ҳалоллик билан бойлик, давлат эгаси бўлдими, демакки ночорларнинг унда ҳақи бор, оила аъзолари билан тўкин дастурхон атрофида жамулжам ўтирибдими, бунинг шукронаси сифатида етим-есирларга хайру эҳсон қилиши керак. Имонли, саховатли мўмин банда ана шу ҳақларни адо этишлик фарз эканини англамоғи керак.
Юртимизда буни билган, англаган саховатли инсонлар жуда кўп. Шаҳримиздаги маҳаллалардан бирида саховатли кишилардан бири боқувчисини йўқотиб, ёш болалари билан ёлғиз қолган маҳалладошининг электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан бўлган қарзларини ўз ҳисобидан ҳеч кимга маълум қилмасдан тўлаб, ўша оиланинг жонига оро кирди, уларга хотиржамлик бахш этди.
Сахий инсон адоватдан қочади, ғаразгўй бўлмайди, ҳамиша, ҳар қандай вазиятда қалбида яхшиликка йўл очади. Яратганнинг ажру савобларидан умидвор бўлиб, ишонч ва эътиқод билан эзгу ва хайрли ишларни бажаришга, ўзгалар ҳаётига мазмун, қалбига умид бахш этишга ҳаракат қилади.
Саховатли кишилар ўзининг қувонч-шодликларини ўзгалар билан баҳам кўради, ўзгаларнинг қайғусига шерик бўла олади. Улар шаксиз, имон-эътиқоди бут, юксак маънавиятли инсонлардир. Бундай кишилар албатта, одамлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади, Аллоҳ ҳам ундай инсонларнинг йўлини очиқ, ишларини барокатли қилади.
...Халқимиз саховатпеша инсонларни азал-азалдан қадрлаган. Умуман, саховат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатларнинг умри боқийдир. Шу боис, ҳаётда саховатли, меҳр-оқибатли бўлайлик, бир-биримиздан ширин сўзимизни асло аямайлик. Ана шундай инсоний фазилатлар шубҳасиз, бизни янада зийнатли қилади.
Электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, сув таъминоти ва сув чиқариш тармоқларига уланиш янада енгиллашди
Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги "Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш буйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори доирасида белгиланган вазифалар мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтармоқда.
Жумладан, қарорда ҳуқуқий ва жисмоний шахсларнинг электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш ва ана шу тармоқларнинг тегишли техник ҳужжатларини тайёрлаш бўйича муҳим вазифалар, кўрсатилган йўналишлардаги ишларнинг тартиб-тамойиллари белгиланган бўлиб, истеъмолчилар учун қатор қулайлик ва енгилликлар тизими яратилган.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб қарорга асосан тасдиқланган янги тартибларнинг амалга киритилиши белгиланган. Яъни:
Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1- иловага мувофиқ;
Юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ;
Юридик ва жисмоний шахсларни иссиқлик таъминоти тармоқларига улаш буйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 3-иловага мувофиқ;
Юридик ва жисмоний шахсларни сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 4-иловага мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Демак, 2018 йил 1 апрелдан юқоридаги қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш учун фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бу албатта, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳолининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишдаги ортиқча оворагарчилик, расмиятчиликларнинг олдини олади, шу билан бирга, уларнинг қимматли вақтини, маълум миқдорда ортиқча сарфлайдиган маблағини тежаш имконини беради.
ЎҚУВЧИ ЁШЛАРНИНГ ОИЛА ВА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ҲАҚИДАГИ БИЛИМЛАРИ ЯНАДА БОЙИДИ
Андижон тиббиёт коллежида "Соғлом ва баркамол оила - жамият кўрки" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур семинарда шифокорлар, психологлар, таҳририят ходимлари ҳамда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирни коллеж директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилҳаёт Жалолов очиб, ёшлар маънавияти, семинарнинг мақсади ҳақида қисқача гапириб ўтди.
"Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев лойиҳанинг мазмун-моҳияти, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар, ундан кутилаётган натижалар, таҳририят масъул котиби М. Иброҳимова таҳририятнинг ижодий фаолияти, газета саҳифаларида оила мустаҳкамлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича чоп этилаётган мақолалар ҳусусида иштирокчиларга маълумотлар берди.
Тадбир қатнашчиларига "Иқбол" газетасининг лойиҳа доирасида чоп этилган сонлари, шунингдек, оила мустаҳкамлигини таъминлаш мавзусидаги буклетлар тарқатилди.
Шундан сўнг вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокори Жанона Мамадалиева "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови", психолог Маҳфузахон Алимованинг "Соғлом маънавий муҳит - оила барқарорлигининг муҳим омили" мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Тадбирда коллеж хотин-қизлар қўмитаси раиси Муаззам Ҳотамова коллежда қизлар тарбияси, ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, "Қизларжон" клуби машғулотлари самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди. Ўқувчилар томонидан гиёҳвандликка ружу қўйиш ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари акс этган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.
Ўқувчилар семинар мавзуси ва маърузалар юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Якунда семинарда фаол иштирок этган 10 нафар ўқувчига адабиётлар тўплами совға қилинди.
Қизиқарли тарзда ўтган тадбир ўқувчиларнинг оила, соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.
Андижон давлат тиббиёт институтида талаба қизлар жамоалари ўртасида "Моҳир пазанда" кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Талаба қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг бўш вақтларини янада қизиқарли ва мазмунли ўтказиш, талаба қизлар орасида пазандалик, орасталикни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда талаба қизлар, уларнинг устозлари, шунингдек, бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари Лазокатхон Жалолова, институт тиллар, педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси Муяссар Охунова, Андижон машинасозлик институти ўқитувчиси Феруза Носирова оилавий ҳаёт остонасида турган қизларга аввало, оқила ва озода, хушмуомала ва саришта, моҳир пазанда бўлишлари кераклиги, оила мустаҳкамлиги ҳар бир аёлнинг ўз қўлида эканлиги борасида гапириб, талаба қизларга бахт ва омад тиладилар.
Танловда даволаш факультетининг "Ораста қизлар", педиатрия факультетининг "Ўзбекойим қизлари" жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди. Жамоалар таништирув, савол-жавоб ва моҳир пазанда сингари белгиланган шартлар асосида ўз билим ва маҳоратларини намойиш этишди. Ҳайъат аъзолари жамоаларнинг ҳар бир чиқишларини муносиб баҳолаб бордилар. Якуний натижаларга кўра, иккала жамоа ҳам бир хил натижа қайд этди.
Иштирокчи қизлар институт касаба уюшма қўмитаси томонидан сертификат ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Болалигимиздан отам биз билан суҳбатларда ҳаром луқмага қўл узатмаслик, лаганбардор бўлмаслик, туҳмат қилмаслик, ёлғон гапирмаслик лозимлигини жуда кўп гапиради. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, мен, опа-сингилларим, укаларим ҳаётимизда ана шу ўгитларга қатъий амал қилиб яшашга интиламиз.
Мен агар инсон тўғри йўлдан юриб, гуноҳлардан сақланса, унинг зурриёдларидан олиму уламолар, доно, юксак мартабали кишилар етишиб чиқишига кўплаб асарларни ўқиш, қолаверса, ҳаётда кўрганларим орқали амин бўлганман. Аксинча бўлса эса инсон қийин ҳолга тушиб қолишига ҳам кўп бор гувоҳ бўлганман.
Шу ўринда отам айтиб берган бир ҳаётий ҳикояни баён этсам, зора бу кимларгадир ибрат бўлса...
- Собиқ ҳисобчимиз бўларди, бошлиқ билан келишиб, баъзан асосли, базан асоссиз важлар билан ишчиларни норози қилиб, ойлик маошидан қирқиб қолар, вақти-вақти билан ўзларига ва ўзларига яқин кишиларга мукофот пуллари ёзиб олишар эди. Бир куни ҳисобчини яқиндан танувчи ҳамкасбим гапириб қолди: "Бу одамнинг кўзи очилмас экан-да. Иккита ўғли бор эди, бирининг ақли ноқис туғилган, иккинчиси эса вояга етгач, қўққисдан вафот этди. Шундан ҳам хулоса чиқармайди. Машинаси, данғиллама уйи бор, нимасига етмас экан, ҳаром ейишни ҳеч ташламайди. Букрини гўр тўғрилайди, дегани шудир-да".
Минг афсуски, орамизда мана шундай инсонлар ҳам йўқ эмас.
Маълумотларга кўра, ер юзида ҳар йили 3 миллион нафардан ортиқ одам тамаки чекиш туфайли ҳаётдан кўз юмади. Яъни, ҳар 13 сонияда 1 нафар, ҳар 1 минутда 5 киши кашандалик сабабли вафот этади. Тамаки туфайли рўй берадиган ўлимлар сони бошқа гиёҳванд моддаларга нисбатан 13 баравар кўп. Шунинг учун ҳам кашандалик саломатликнинг кушандаси ҳисобланади.
Биргина тамаки тутунида соғлиқ учун зарарли 4 минг хил модда борлиги аниқланган. Таркибида заҳарли моддалардан миқдори энг кўплари - никотин ва унинг алкалоид қолдиғи, таркибида саратонни пайдо қилувчи бензопирин моддаси бўлган қатрон, нитрозолин, арсеник, олтингугурт каби моддалар инсон қонига сўрилгандан сўнг, организм фаолиятини сустлаштиради. Агар 100-120 миллиграмм никотин томир орқали танага юборилса, инсон шу заҳоти ҳаётдан кўз юмади. Ана шунча заҳар 2 қути тамакида мавжуд.
"Нима учун икки қути сигаретни бир кундаёқ чекиб қўядиган одамлар заҳарланмаяпти?" деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бунга биринчи сабаб: чекувчи сигаретни ёқиб тутунини тортганда, никотинни бир қисми танага, бир қисми тутун билан ҳавога учади. Иккинчи сабаб: чекувчи икки қути сигаретни кун давомида битта-биттадан чекади. Учинчи сабаб: никотин моддаси томирдан эмас, балки нафас билан аввал ўпкага, ундан сўнг қонга сўрилгани учун аста-секинлик билан заҳарланади. Бир дона сигарет чеккан одамнинг юрак уриши тезлашади. Юракнинг фаолияти оғирлашади. Қон босими ошади. Демак, сигарет тинчлантирувчи эмас, организмни танг ҳолатга солувчи ҳисобланар экан.
Кашанданинг куч-қуввати чекмайдиган кишиларга нисбатан камайиб бораверади. Узоқ йиллар давомида тамаки чеккан киши вужудида жуда кўп касалликлар пайдо бўлади. Иштаҳаси бузилади, озиқ моддаларнинг ҳазм бўлиши сусаяди. Сурункали гастрит ва ошқозон яраси пайдо бўлади. Қизилўнгач саратони, йўтал, ортиқча балғам йиғилиши, сурункали бронхит, сийдик йўллари ва замбуруғли касалликларга чалиниш эҳтимоли юқори бўлади.
Жигар ва ҳиқилдоқ саратонига чалинганларнинг 90 фоизи кашандалар ҳисобланади. Кашандалар уйқусизликдан қийналади, шунингдек, тамаки терининг эрта қаришига ҳам олиб келади. Сигарет чеккан инсон ўз хоҳиши билан ўлим сари аста-секин одимлаб боради.
Инсон боласи ҳеч қачон ноқобил бўлиб дунёга келмайди, ноқобил бўлиб вояга етади. Тарбиядаги эътиборсизлигимиз фарзандларимизнинг ноқобил бўлиб вояга етишига замин яратмасин. Боладаги ўзгаришларни биринчи бўлиб пайқовчи - она ҳисобланади. Иккинчиси устозлар, учинчиси маҳалладир. Фарзандларимиз кашандалик иллати домига тушиб қолмаслиги, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиб, бахтли ҳаёт кечириши учун уларнинг хатти-ҳаракатидан огоҳ бўлайлик.
Тамакининг зарари, чекишнинг салбий оқибатлари ҳақида фарзандларимизга, ёшларга кенгроқ тушунча берайлик, зеро улар кашандаликнинг асл моҳиятини англаб етсин. Барчамиз бирлашиб бу зарарли иллатга қарши курашсак, авлодларимиз саломатлиги, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишларига замин яратган бўламиз.
Йўловчи машинага кўҳликкина бир қиз чиқди. Чиройли, бироқ узун сочларини елкалари узра ёйиб олибди. Манзилга етгунимизча унинг ёйилган сочлари умуман ўзига ярашмаганлиги айримларнинг ғашини келтирди. Қиз эса бепарво, сочларини салгина йиғиб олишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Қизлар ҳақида гап кетганда, беихтиёр уларнинг сочларига таъриф берилади. "Равшан ва Зулхумор" достонида Зулхуморнинг сочи шундай тасвирланади: "...у ёғида тўқсон беш, бу ёғида тўқсон беш, ўн кам икки юз кокили бор эди. Бир ёғини тилла сувига ботирган, бир ёғини кумуш сувига ботирган, тонг шамолида қотирган..." Бу шубҳасиз, қизнинг гўзаллигида сочининг аҳамияти бебаҳо эканини ифода этади.
Сочни ярим ҳусн дейишлари бежиз эмас. Аммо соч турмаклашнинг миллатимизга хос ёхуд тиббиёт нуқтаи назаридан маълум тартиб-қоидалари борки, буни ҳар бир қиз билиши керак. Бундан бир неча ўн йиллар аввал қизларнинг соч қирқиши масаласида турли баҳс-мунозаралар, тортишувлар узоқ давом этди. Ахийри, бу масалага нуқта қўйилгандай бўлди. Айрим оналар буни "замона зайли"га йўйди, калта соч қулай бўлиши, бу ҳар кимнинг ўз иши, деган хулосага келинди.
Бугун қизлар ўртасида сочни ёйиб юриш урф бўлмоқда. Ўқув юртларида, жамоат жойларида қиз-жувонларнинг сочини ёйиб юришлари одатий ҳолга айланди. Табиийки, бу қайсидир, шоу-бизнес юлдузига тақлиднинг, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, "оммавий маданият"нинг таъсиридир.
Нима учун оиланинг катталари - бобо, бувилар, ота-оналар бу ҳолатга бепарво? Муаллима, тарбиячиларимиз нимага жим? Нега қизларимиз уларнинг сўзларига қулоқ тутмайдилар?
Ҳеч ким кўрмайдиган жойда соч тарашимиз кераклигини, соч толалари ерга тўкилса, ёмон бўлишини бувиларимиз тинмай уқтиришар, уйда, отамизнинг олдида, дастурхон устида албатта, рўмол ўраб юришимизни талаб қилишарди. Ҳозир айрим қизларимиз отанинг, аканинг олдида сочларини ёйиб юришдан хижолат бўлишмайди. Дуч келган жойда сумкасидан ойна, тароқ олиб, сочини тараб, ўзига оро беряпти. Қизлар тарбияси, миллий қадриятларимизни улуғлаш ҳақида кўп гапиряпмиз, бу каби ҳолатларга аксариятимиз эътиборсизмиз, фарзандимизга, ўқувчимизга бу хатти-ҳаракатлар яхши эмаслигини айтмаяпмиз.
Менинг фикримча, оилада, маҳаллада, ўқув юртида қизларимизнинг европача усулда жимжимадор соч турмаклашлари ўрнига, миллий либосларимизга мос соч ўришларини кўпроқ, кенгроқ тарғиб этишимиз керак. Қолаверса, қизларимизнинг дўппига, миллий либосларимизга меҳри, ҳурматини оширишимиз керакки, токи улар ойнага қараб бошидаги дўпписига, эгнидаги либосига кўзи тушганида, ўзбек қизи экани, унинг сиймосида миллат ғурури акс этишини ҳис этсин.
ҚИЗЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ БУТУН МИЛЛАТНИ ТАРБИЯЛАШ ДЕМАКДИР
Мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза этиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг замирида энг аввало, хотин-қизларни она, келажак авлод давомчиси ва тарбиячиси сифатида эъзозлаш, уларга зарур даражада турмуш шароитларини яратиб бериш мақсади мужассамдир. Айниқса, Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Оиланинг нечоғлик мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан аёлга, онага боғлиқ. Файласуфлардан бири "Йигитни тарбиялаш бу бир кишини тарбиялаш, қизни тарбиялаш бутун миллатни тарбиялаш демакдир" деб ёзган эди. Демак, аёл қай даражада маънавиятли бўлса, у камолга етказаётган фарзандларнинг маънавияти, одоб-ахлоқи ҳам шунга яраша бўлади. Агар у оқила бўлса, аввало оиласида, қолаверса, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топа олади.
Лицейимизда 60 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Ўқувчи қизларимиз 800 нафардан зиёд. Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси сифатида уларнинг иш шароитларини яхшилаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, нафақат ишда балки, оилаларида юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратаман. Ёшлар камолотининг асосий мезони ҳисобланган маънавий тарбия масаласини биринчи ўринга қўйган ҳолда ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар ўқувчиларимизнинг қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурматни оширмоқда.
"Қизларжон" клуби машғулотларига лицейимизнинг барча қизлари жалб этилган. Маҳалла фаоллари, ҳуқуқшунослар, ички ишлар ходимлари, шифокорлар ва бошқа турли касб эгалари ҳамда катта ҳаёт тажрибасига эга онахонлар иштирокида ўтаётган тўгарак машғулотларида қизларимизга орасталик, пазандалик, оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида кенг тушунчалар бериб борилади. Кийиниш маданияти, сўзлашиш одоби, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мавзуларидаги қизиқарли учрашувлар ва давра суҳбатлари ёшларимизнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдам бермоқда. Шу боис ҳам тўгарагимизнинг фаол қизлари сафи ортиб боряпти.
Юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш давлат аҳамиятига молик масалалар қаторига қўйилган. Бу борада лицейимизда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Китобхонлик конференциялари, викторина ва танловларнинг тез-тез ўтказилиб турилиши ёшларимизнинг китобга муҳаббатини янада юксалишида муҳим омил бўлмоқда.
Илм масканимизда ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидорли ва истеъдодли қизларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилади. Бунинг натижаси ўлароқ, кўплаб қизларимиз турли танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Ижтимоий-гуманитар йўналиши ўқувчиси Садоқат Солижонова, хорижий филология йўналиши ўқувчиси Холида Ҳасанова ана шулар жумласидандир. Фан тўгараклари билан бир қаторда волейбол, шахмат-шашка, каратэ сингари мунтазам фаолият олиб бораётган спорт секциялари ўқувчиларимизнинг жисмоний баркамоллигини оширишга ёрдам бермоқда.
Бугунги қиз эртага оиладаги маънавий муҳитни белгиловчи инсон, яъни оила бекаси, она ҳисобланади. Шунинг учун у ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етмоғи лозим. Баъзан ота-оналар фарзандларининг ўқиши, касб-ҳунар эгаллашини таъминлайдию соғлигига камроқ эътибор қаратади. Натижада фарзандининг ҳеч қандай жисмоний меҳнат қилмаса-да, чарчаб қолаётганидан, нимжонлигидан шикоят қилишади. Бу катта хато, албатта. Қиз боладаги камқонлик, йод етишмаслиги, шамоллаш каби кўзимизга арзимас бўлиб кўринган хасталиклар ўз вақтида бартараф этилмаса, эртага ўз асоратларини кўрсатиши турган гап. Бу наслнинг носоғлом бўлиши, шунингдек, оилавий низоларга ҳам сабаб бўлади.
Қизларимизнинг ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган билимли, ҳунарли, юксак маънавиятли, гўзал хулқли, соғлом қилиб тарбиялаш бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, айниқса, биз педагогларнинг зиммасидаги муҳим вазифадир.
Дилбархон ҚОСИМОВА,
АДУ академик лицейи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
Вилоят қўғирчоқ театрида "GM-Uzbekistan" АЖ маъмурияти, касаба уюшма қўмитаси ҳамда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида - "Халқаро оила куни" муносабати билан "Ибратли оила" кўрик-танлови ўтказилди.
Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фаол ва намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирни корхона касаба уюшма қўмитаси раиси Ў. Мирзаев очиб, барчани байрам билан муборакбод этди, иштирокчиларга омад тилади.
Танловда корхонада меҳнат қилаётган 9 нафар оилавий жуфтлик оила аъзолари билан иштирок этиб, белгиланган шартлар бўйича ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Иштирокчи оилаларнинг маҳалладаги ўрни, жамият ҳаётидаги фаол иштироки, фарзанд тарбияси, улар учун яратилган шарт-шароитлар, томорқадан унумли фойдаланиш, фермерлик билан шуғулланиш, янги инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишлари, спорт билан шуғулланишлари, ўз хонадонларини ободонлаштириш борасидаги ишлари акс эттирилган фильмлар намойиш этилди.
Тадбирда корхонада фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг фарзандлари томонидан тайёрланган бадиий дастур доирасида ижро этилган она Ватан, бахтли болалик, тинчликни улуғловчи куй, қўшиқ ва рақслар, ўқилган шеърлар барчага хуш кайфият улашди.
Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра, транспорт ташуви бўлими ҳайдовчиси Ойбек Жайманов оиласи 1- ўринга, бўёқ цехи ходими Иброҳимжон Мадраҳимов оиласи 2-ўринга, таъминот бўлими ходими Миркомил Юсупов оиласи эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, танловда транспорт ташувлари бўлими ҳайдовчиси Қобилжон Абдураҳимов оиласи - "Энг яхши жамоатчи оила" , мазкур бўлим ҳайдовчиси Акрамжон Баҳромов оиласи - "Энг болажон оила", йиғув цехи ходими Тимур Амиров оиласи - "Энг яхши фермер оила", транспорт бўлими ҳайдовчиси Шерзодбек Раҳмонов оиласи "Энг яхши спортчи оила", таъминот тизими ходими Эркинжон Мираҳмедов оиласи - "Энг яхши рационализатор оила", логистика бўлими ходими Азизбек Алиев оиласи - "Маҳалланинг энг намунали оиласи" номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар.
Тадбир сўнггида сўз олган Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг хотин-қизлар кенгаши раиси Д. Алимова, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари Л. Жалолова, ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси А. Нурматов ғолиб ва совриндорларни табриклаб, уларга корхона маъмурияти ва касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғаларини топширдилар.
Кўрик-танловдан сўнг Муқимий номидаги республика мусиқа ва драма театри артистлари томондан "Жайдари келин" спектакли намойиш этилди.
Маъмурахон ИСМОИЛОВА,
"GM-Uzbekistan" АЖ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.
Улуғнор тумани йилдан-йил обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиб бормоқда. Айниқса, "Обод қишлоқ" дастури доирасида тумандаги Шаҳриобод ва Обод маҳаллаларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан бутун Улуғнор аҳли беҳад мамнун.
Шаҳриобод маҳалласидаги кўримсиз, томларидан чакка ўтиб, нураш ҳолига келиб қолган ва кўрган кишининг таъбини хира қиладиган кўп қаватли уйлар бор-йўғи икки ой ичида бутунлай янги қиёфа касб этди. Шу йил бошидан бери маҳаллада бўлмаган киши, агар у шу ерда туғилиб ўсган бўлса ҳам, ҳудудни таниши қийин. Ҳатто ўз уйини ҳам тусмоллаб топади.
Шу қисқа вақт ичида қилинган ишларнинг ҳаммасини санаб ўтирмайман, айримларини айтаман ва хулосани ўзингизга қолдираман:
Мавжуд кўп қаватли уйлар томи тўла янгиланди, атрофи ободонлаштирилди. Йўлакчаларга брусчатка ётқизилиб, ёритиш чироқлари, дам олиш ўриндиқлари, йўлаклар четига лотоклар ўрнатилди. Уйлар ёнидаги майдонга тандирхоналар қурилиб, болажонлар ўйнаши учун махсус майдончалар барпо этилди. Замонавий тўйхона, ҳаммом, мини-маркет қад ростлади. Яқин кунларда қандолат ва тикувчилик цехлари ишга туширилади. Бу қанчадан-қанча иш ўрни, дегани, иш ўрни эса - даромад манбаи. Даромад бўлган жойда турмуш ҳам юксалиши эса ҳаммага аён.
Айни пайтда 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Обод маҳалласи ҳам бугун таниб бўлмас даражада ўзгарди. Маҳалладаги 380 уй таъмирланди, янги сув тармоғи тортилди, оқава сув хандақлари барпо этилди. Электр энергияси таъминоти яхшиланиб, йўллар асфальтланди, ҳудуддаги 1-мактабгача таълим муассасаси атрофи девор ва темир панжара билан ўралди. Маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг янги биноси, бозорча ва бошқа маиший хизмат шохобчалари барпо этилмоқда. Маҳалламиз пайдо бўлгандан бери бундай ўзгаришни, юксалишни кўрмаган эди. Бунинг учун аҳоли турмуши яхшиланишини ўйлаб елиб-югураётган Президентимизга раҳмат, дейишмоқда одамлар.
Одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётган бундай эзгу ишлар аҳоли, айниқса, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиш билан бирга, халқимизнинг ҳаётга муносабатини ўзгартириб, яхши яшашга иштиёқини кучайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбари Улуғнор туманида аҳоли вакиллари, фаоллар билан бўлган суҳбат чоғида "Чекка-чекка маҳаллаларимизни ободонлаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бу каби ишлар кўлами янада кенгаяди, қишлоқларимизда шаҳардан сира қолишмайдиган инфратузилма яратилади", деган гаплари қишлоқ одамларининг қалбини қувончга тўлдириш билан бирга, уларни янада фидойилик билан меҳнат қилишга ундамоқда.
Қисқача айтганда, Улуғнорни обод ҳудудга айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, давлатимиз раҳбарининг ташрифи туманимиз аҳлига куч-ғайрат ва ишонч бағишлади. Бундан буён Улуғнорда яшаётган ёшу қари, хусусан, хотин-қизлар баркамол авлод тарбияси, оилаларни мустаҳкамлаш, умуман, юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида янада фаол иштирок этишга бел боғлади.