+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЭРТА НИКОҲЛАРНИНГ ОЛДИ ОЛИНМОҚДА

Мамлакатимизда жамиятнинг бошланғич бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, шаръий никоҳларни тартибга солиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда олиб бораётган ишлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

Оила ҳаётнинг абадийлигини таъминлайди. Мамлакатимизда оила қуриш ва никоҳдан ўтиш масалалари қатъий тартибга солиниб, мазкур жараёнлар билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрлар тўла шаклланган.  Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида никоҳ ёши қизлар учун 17 ёш, ўғил болалар учун 18 ёш деб белгиланган.

- Никоҳ ёши қатъий белгиланган бўлса-да, йигит-қиз ўртасида никоҳ риштасини боғлашдан аввал, уларнинг балоғат ва камолотга етганлигига эътибор қаратишимиз лозим, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова. - Никоҳга киришдан аввал ёшлар ҳар жиҳатдан оилавий ҳаётга тайёр, зарур билим ва тушунчага эга бўлишлари лозим. Шундагина барпо бўлаётган янги оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлиб, ҳаётнинг турли синовларига дош бера олади.

Шу маънода никоҳга кирувчилар муайян билим ва тажрибага эга, ҳам жисман, ҳам маънан оила қуришга тайёр бўлишлари лозим. Лекин айни пайтда энг аввало, ота-оналар томонидан ана шу жиҳатларга етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги туфайли оз бўлса-да, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, вилоятимизда ҳам ўтган йили ана шундай нохуш ҳолатлар содир бўлганлиги бу борада тушунтириш ва тарғибот ишларини, ота-оналар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий ва тиббий саводхонлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини тақозо этади. Шу боис, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга эътибор кучайтирилмоқда.

Эрта никоҳ ҳолатлари таҳлил қилинганда уларнинг аксариятида оилада барқарор маънавий муҳит мавжуд эмаслиги, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик билан қаралганлиги, шу билан бирга, айрим ота-оналарнинг ҳавойи орзу-ҳаваслари туфайли юзага келганлигини кузатиш мумкин.    

Айни кунда Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг вилоятдаги вакиллиги томонидан вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, тиббиёт, ички ишлар бўлимлари ходимлари, имом-хатиблар, отинойилар,  маҳаллаларнинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида эрта никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, шаръий никоҳларни тартибга солиш юзасидан маҳаллаларда ота-оналар билан мулоқотлар ўтказилмоқда, коллеж, мактаб ўқувчилари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, эрта никоҳ, унинг салбий оқибатларининг олдини олиш бўйича  кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.   

 -  Қонуний никоҳдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан оила қурилишига, айниқса, эрта никоҳларга мутлақо йўл қўймаслигимиз керак, - дейди Андижон шаҳридаги "Ат Термизий" жоме масжиди имоми Абдуҳалим Ҳамроқулов. - Турли тадбир ва маросимларда аҳолига ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик борасида тушунтиришлар бериб борилмоқда. Бундан ташқари, эрта никоҳларнинг олдини олиш мақсадида шаръий никоҳлар фақат махсус рухсатномага эга имомлар томонидан қонуний никоҳдан ўтилгандан сўнг ўқилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, айни кунда вилоятимизда эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар, кенг кўламли тушунтириш, тарғибот ишлари  шубҳасиз, ўзининг ижобий самараларини беради.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

МАҚСАДИМИЗ: ОИЛАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШ, АЁЛЛАРИМИЗНИНГ ОFИРИНИ ЕНГИЛ ҚИЛИШ

 ФАРМОН ВА ИЖРО

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, бошланғич ташкилотларимиз ҳамда қатор ҳамкор ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш,  cоғлом ва баркамол фарзандларни камолга етказиш, шунингдек, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Туманимиздаги мавжуд 77 та маҳаллада 125,5 минг нафарга яқин хотин-қиз истиқомат қилади. Юқорида қайд этилган фармонга кўра, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиб, ушбу лавозимда муайян билим, малака ва ҳаётий тажрибага эга мутахассислар иш бошлади. Бу эса маҳаллаларда опа-сингилларимиз билан бевосита иш олиб бориш, жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда тизимли ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган иш олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар кўлами ва самарадорлигини янада оширади. Шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий билим ва маданиятини юксалтириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва  мустаҳкам оилалар барпо этиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол шахс этиб камол топтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туман Аёллар маслаҳат маркази, унинг қошидаги "Психолог", "Ҳуқуқшунос" уюшмалари, "Қайноналар мактаби", "Иқтидорли қизлар тўгараги", шунингдек, янги ташкил этилган "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида оналар ва болалар ўлими, аёллар жиноятчилиги, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримлар, одам савдоси, диний   экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш сингари ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини, оилалар ва маҳаллаларда маънавий муҳит  барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида ана шу йўналишларда ижобий натижаларга         эришяпмиз.  Тумандаги жами 55 мингдан ортиқ оила, 42 минг хонадон ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш     дастури доирасида иш олиб бораётган секторлар фаолияти орқали қамраб олишга эришилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қўмитамизга 15 нафар аёлдан турли масалалар юзасидан мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 95 фоизи ижобий ҳал этилди. Ҳал этилмаган масалалар бўйича тегишли ташкилотларга хатлар юборилди, мурожаат қилувчиларга масаланинг ечими бўйича зарур маслаҳат ва тушунчалар берилди.

 "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси фаоллари томонидан 3 та ажрашиш арафасида турган оиладаги низоларга барҳам берилди, 30 дан зиёд хотин-қизнинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашилди.

Айни кунда туманимизда 150 яқин ҳунарманд ва тадбиркор аёллар фаолият юритмоқда. Биргина 2017 йилда тадбиркор хотин-қизлар  қатор лойиҳалар амалга оширишди. Бунинг натижасида 174 нафар аёлнинг   бандлиги таъминланди. Тумандаги ҳар бир маҳаллада чевархоналар ташкил этилган. Касаначилик асосида хотин-қизлар учун 200 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Матога кашта тикувчи ҳунарманд Фотимахон Нурматова "Энг яхши ҳунарманд" йўналиши бўйича "Амалий санъат истиқболли ёшлар қўлида" танловининг республика босқичида фаол иштирок этди. Жаҳонобод маҳалласида яшовчи тадбиркор Дилфуза Тожибоева пойабзал ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, 4 та янги ишчи ўрни яратди. Айрилиш маҳалласида яшовчи оилавий тадбиркор Мавлудахон Ибрагимова эса иссиқхонада помидор, бодринг етиштириш, болалар ётоқхона мебеллари тайёрлашни йўлга қўйиб, 8 нафар маҳалладошининг бандлигини таъминлади.  

Ёшлар, айниқса, қизларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, уларнинг пухта билим олишлари, ўзлари ёқтирган касб-ҳунарларни эгаллашларига ёрдам бериш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, тўй ва бошқа маросимларни тартибли ўтказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури асосида тумандаги маҳаллаларда, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари қизлари ўртасида "Оила - муқаддас қўрғон", "Аёл - жамият кўрки", "Қизлар-бўлғуси келинлар", "Қайнона ҳам она, келин ҳам қиз" каби қатор мавзуларда турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда ташкил этилган "Қизларжон" клуби машғулотларини мазмунли ва қизиқарли ўтказилишига амалий  ёрдам кўрсатилмоқда.

Ободонлаштириш, хотин-қизларни спортга жалб этиш, хотин-қизларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида  Қоратут, Нўхатак,   Сайдилобод маҳаллаларида ишлар намунали ташкил этилган. Қўмита томонидан олиб борилаётган ишларда Парирўй Анорбоева, Давлатхон Қодирова, Эркиной Жалилова сингари фаолларимизнинг фаолияти кўпчиликка ибрат бўлмоқда. 

Ажримлар, аёллар, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар орасидаги муносабатларни яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, фуқаролар, айниқса, опа-сингилларимизнинг чет давлатларга ишлаш учун ноқонуний чиқиб кетишларига чек қўйиш, фарзанд тарбиясига эътиборсиз қараётган оилалар билан иш олиб боришда  маҳаллалардаги обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга зиёли, кайвони онахонлар,  бошқаларга тарбиявий таъсир ўтказа оладиган фаол аёллар, ҳар жабҳада кўпчиликка намуна бўлаётган қайноналар жалб этилган.

Бугун юртимизда соғлом ва баркамол оилани шакллантириш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, мамлакатимизнинг порлоқ эртаси баркамол оила,    соғлом ва салоҳиятли     опа-сингилларимиз фаолияти билан чамбарчас боғлиқ экан, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш учун зарур барча ишларни амалга оширамиз.

 

Нодирахон ЗОКИРОВА,

Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси. 

АЛЛА СЕҲРИ

Андижон шаҳрида "Онам айтган аллалар" республика фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Фестиваль очилишида сўз олганлар юртимизда мустақил тараққиёт йилларида халқимизнинг қадим урф-одат ва анъаналари, миллий қадриятларини улуғлаш, асраб-авйлаш, мазмунан янада бойитиш ҳамда келажак авлодга етказиш борасида кўплаб ибратли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидладилар.

 Вилоят маданият бошқармаси томонидан ёш оила соҳибаларига халқимизнинг қадим қадриятларидан бири - алла айтиш санъатини ўргатиш, алла тимсолида ўзбек онаси маънавиятининг юксак қирраларини кўрсатиш, ўзлигимизни англаш,  ёшларда алла санъатига бўлган қизиқиш ва муҳаббатни кучайтириш, алла айтиш билан боғлиқ урф-одат, анъана, маросимларни оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган "Онам айтган аллалар" фестивалининг вилоят босқичида  унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 жамоа иштирок этди.

Якунда Қўрғонтепа туманининг "Бедона" фольклор-этнографик ансамбли ғолиб деб топилиб, фестивалнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Хўжаобод туманининг "Гулёр" ҳамда Улуғнор туманининг "Ёр-ёр"  дасталари иккинчи, Балиқчи туманининг "Зилол", Андижон туманининг "Эъзоз" ҳамда Марҳамат тумани бадиий жамоалари учинчи ўринга сазовор бўлди.

- Алла сеҳрли оҳанг. Жонли, юракдан, меҳр билан айтилган алланинг сеҳри, жозибаси ҳар қандай киши қалбини ром этади, - дейди "Бедона" фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Манзурахон Мўйдинова. - Жамоамиз ижро жараёнида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. 

Фестивалда ғолиб бўлиш жамоамизга катта масъулият юклайди. Энди фестивалнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламиз.

Fолиб ва совриндорлар  фестиваль ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Нигора ЎРМОНЖОНОВА

Суратда: тадбирдан лавҳа.

 

Ҳ.Араббоев олган сурат.

АЁЛ, ОНА, ОИЛА ҲАМИША МУҚАДДАС ВА АРДОҚЛИ

Асака туманида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Халқаро оила кунига бағишланиб  "Аёл - она - оила" мавзусида қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Дастлаб "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлимининг очилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Ёдгорбек Абдуғаниев, вилоят ҳокимлиги котибият мудири Мавлудахон Низомова, "Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари Назокатхон Жалоловалар сўз олиб, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармон ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази фаолияти, марказнинг хотин-қизлар ҳаётидаги ўрни ҳақида гапирдилар.

 Маросимда марказ туман бўлими раҳбари Оминахон Иброҳимовага бинонинг рамзий калити топширилди. У марказнинг келгусидаги иш режалари хусусида тўхталди. Тадбир қатнашчилари марказда яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

* * *

Меҳмонлар Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Дилоромхон Тошматова томонидан барпо этилиб, иш бошлаган "Дилором" хусусий корхонаси очилишига бағишланган тадбирда ҳам иштирок этдилар.  Таъкидлаш керакки, ушбу ишлаб чиқариш корхонаси туманда тадбиркор хотин-қизларга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг амалий намунасидир. Тадбиркор аёл ташаббуси билан корхонада 40 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Корхона очилишига бағишланган тадбирда сўз олган вилоят ҳокимлиги котибият мудири М. Низомова, Асака тумани хокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қурбонова айни кунларда Асакада 300 га яқин тадбиркор хотин-қизлар фаолият кўрсатаётгани, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун ҳар томонлама амалий кўмак берилаётганини таъкидлади.

Меҳмонлар корхонадаги  новвойхона, ром ишлаб чиқариш цехи иш жараёнлари билан танишдилар, тикувчилик цехида ишлаётган қиз-аёллар билан суҳбатда бўлдилар.

- Туманимизда бу каби ибратли ишлар олиб бораётган тадбиркор аёлларимиз жуда кўп, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қурбонова. - Айниқса, Махфират Ўрозова, Меҳринсо Исроилова, Насибахон Парпиева сингари опа-сингилларимиз фаолияти таҳсинга сазовор. 

* * *

Тумандаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган "Аёл - она - оила" мавзусидаги хотира ва қадрлаш кечаси эса инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, ўтганлар хотирасини ёд этишдек халқимизнинг ўзига хос қадриятларининг ҳақиқий намойиши бўлди.

 "Қадр" маънавий-маърифий тадбирида туманда турли соҳаларда фаолият юритиб, давлат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган, хотин- қизлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича меҳнат қилган 7 нафар фахрий аёллар эъзозланди. Тадбирда уларнинг ҳаёт йўли, иш фаолияти, туман ижтимоий-иқтисодий соҳаси ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшган ана шу инсонларнинг яқинлари, шогирдлари, собиқ ҳамкасблари сўз олиб, самимий тилакларини изҳор этдилар. Асака иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур меҳмонларга манзур бўлди.

Шунингдек, тадбирда хотин-қизлар билан ишлаш тизимда кўп йиллар самарали фаолият кўрсатган камтарин инсон Раҳимахон Низомутдинованинг хотираси, унинг олиб борган хайрли ишлари, инсоний фазилатлари ёдга олинди.

Тадбирда  фахрий онахонларга туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Кечада "Дўстлик"ордени соҳибаси, эл суйган санъаткор Санобар Раҳмонова, туман маданият бўлими хонандалари ижросидаги дилтортар қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

Суратда: тадбирлардан лавҳа.

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида мажбурий меҳнат ва одам савдоси ҳолатларини текшириш ва идентификация қилиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда ҳуқуқшунослар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб иш шароитлари яратиш, хусусан, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш, бу борада халқаро меъёрий ҳужжатларга риоя этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

 Маълумки, жаҳоннинг 180 дан ортиқ мамлакати Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон 1992 йилнинг март ойида ушбу ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланган. Ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг 14 конвенцияси ратификация қилинган.

Таъкидлаш керакки, халқаро нормалардан ташқари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Ҳозирда юртимизда ана шу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш,  кўлами ва самарадорлигини ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Семинарда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан иштирокчиларга мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчалар юзасидан маълумотлар берилди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унга тўлиқ барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги  "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга   барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Семинар-тренинг давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва одам савдоси ҳолатларини текшириш ва идентификация қилиш бўйича амалий машғулотларда қатнашдилар.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Ҳамидулло МАТИСАЕВ,

 

вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири.

МЕҲРИНСО - АНДИЖОННИНГ ЭНГ ИШБИЛАРМОН АЁЛИ

Андижон шаҳрида "Ишбилармон аёл - 2018" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар давлатимиз раҳбари Шавкат     Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши,  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши ҳамда   бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда тадбиркор ҳамда фермер хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенг тарғиб этиш, ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар ишбилармон хотин-қиз иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, белгиланган шартлар асосида энг юқори балл тўплаган Асака туманида фаолият олиб бораётган якка тартибдаги тадбиркор Меҳринсо Исроилова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловда иккинчи ўрин Андижон шаҳридаги "Саркор-ҳамкор" оилавий корхонаси раҳбари Гулноза Мирзаевага, учинчи ўрин Бўз тумани вакиласи, юмшоқ ўйинчоқлар тайёрловчи ҳунарманд Нодирахон Холиқовага  насиб этди.

- Мен каби кўплаб тадбиркор опа-сингилларимизга рағбат бераётган ушбу танловда ғолиб бўлганлигимдан беҳад мамнунман, - дейди танлов ғолибаси М. Исроилова. - Энг аввало, мазкур танлов фаол ва тадбиркор аёллар фаолияти, уларнинг илғор тажриба ва иш услублари билан танишиш имконини берди. Бу келгусидаги фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради. Қолаверса, ғолиблик менга масъулият юклайди, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.   

Шунингдек, танловда "Замонавий тадбиркор аёл", "Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли", "Ташаббускор аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

Қадди тоғдек баланд Ўзбекистоним!

Бир гўша бор, дўстлар ёруғ дунёда,

Гўзалликда тенги йўқдир, зиёда.

Завқу-шавққа тўлдим, кезиб пиёда,

Бу - кўксимда урган  юрагим, Ватан!

 

Ҳаммага бирдай меҳрини сочган,

Рақибга ҳам кулиб бағрини очган,

Не-не тўсиқлар, тоғлардан ошган,

Орият, номусим, осмоним Ватан!

  

Кимлигин оламга этиб намоён,

Жаҳонни ҳайратда қолдирар ҳамон,

Қадим ўтмиш, минг йиллардан буён,

Таърифи тилларда достоним, Ватан!

 

Тортиқ айлаб керак бўлса гар жоним,

Бахш этайин кеча-кундуз - ҳар оним,

Ор-номус, ғурурим, шарафу шоним,

Қадди тоғдек баланд Ўзбекистоним!

 

Фирдавс МУҲАММАДЖОНОВ

ХОНОБОДДА ЁШЛАР ФЕСТИВАЛИ

Вилоятимизнинг сўлим ва гўзал гўшаларидан бири Хонобод шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Хонобод таровати" ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Қизиқарли тадбирларга бой ўтган мазкур фестиваль хонободликлар, шаҳар меҳмонлари, айниқса, ёшларга кўтаринкилик ва байрамона кайфият улашди.

Фестиваль очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шаҳарни ободонлаштириш, инфратузилмасини яхшилаш, бир пайтлар "Ўзбекистон Швейцарияси" дея эътироф этилган Хонободни туристик марказга айлантириш,  аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Халқ сайли тарзида ўтган фестиваль вилоятдаги умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги югуриш марафони билан бошланди. Ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари эса барчага манзур бўлди.

Шаҳардаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган аскиячи ва қизиқчилар танлови иштирокчиларининг ўзига хос чиқишлари барчага хушнудлик бахш этди. Бундан ташқари, палов тайёрлаш танловида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган мохир ошпазлар миллий таомимизни таёрлаш бўйича ўзаро беллашдилар.

- Озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади, - дейди Хонобод шаҳридаги "Анҳор" маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қимматхон ая Ҳасанова. - Бугунги байрамга фарзандларим, набираларим билан ташриф буюрдик. "Назм ва наво" кечаси, санъаткорларнинг, болажонларимизнинг бадиий чиқишларини кўриб мириқиб хордиқ чиқардик, катта маънавий озуқа олдик. Тинч ва фаровон ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Ўзбекистон  Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан ўтказилган "Ёшлар - келажак бунёдкори" танловида иқтидорли ёш санъаткорлар ўз маҳоратларини намойиш этди. "Назм ва наво" кечасида эса ижодкор ёшлар ўзларининг ижодий ишлари билан қатнашди. Шунингдек, ўқувчи ва талабаларнинг инновацион лойиҳа ва ишланмалари, рассом ва ҳунармандларнинг ижодий ишлари кўргазмалари, қўғирчоқ театри     артистлари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, боғчалар тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Якунда ўтказилган турли танлов ва спорт мусобақалар, кўргазмаларнинг ғолиб ва      совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Фестиваль таниқли санъаткорлар, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастури билан  якунланди.

Мазкур фестиваль шаҳар аҳолиси, меҳмонлари, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат,  эртанги кунга умид туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Андижонлик волейболчи қизлар мамлакат чемпиони

Андижон давлат тиббиёт институтида волейбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг якунловчи босқич ўйинлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг кучли саккиз жамоаси икки гуруҳга бўлиниб, ғолиблик учун курашган мазкур мусобақада вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган "АОЗК" жамоаси  Хоразм, Наманган ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари устидан ғалаба қозониб, энг кўп очко  жамғарди.

Чемпионатнинг барча   босқич натижаларига кўра, андижонлик волейболчи қизлар жамоаси мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.

 Муҳайё ИСМОИЛОВА

"ОИЛА - МУҚАДДАС ҚЎРҒОН"

Андижон шаҳридаги 30- умумтаълим мактабида 15 май - Халқаро оила кунига бағишланиб, "Оила - муқаддас қўрғон" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда кўп йиллар самарали меҳнатлари билан эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, маҳаллалардаги намунали ҳамда камтаъминланган оилалар вакиллари, аъло баҳоларга ўқиши билан тенгдошларига ибрат бўлаётган  умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари  иштирок этди.

Тадбирда Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Р. Жўрабоева, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлими раҳбари Х. Жўрабекова сўз олиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан муборакбод этиб, оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси борасида кўпчилик ибрат бўлаётган оила вакилларига, онахонларга, фаол аёлларга миннатдорчилик билдирдилар.

Кўнгилларга хушнудлик, байрамона кайфият бахш этган тадбирга таклиф этилган оилалар вакилларига, онахонларга ташкилотчиларнинг эсдалик  совғалари топширилди.

Андижон шаҳар маданият бўлими томонидан намойиш этилган байрам концерти барчага хуш кайфият улашди.

 

Наргиза УЛУFЖОНОВА,

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси.