+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МЎЪЖИЗАЛАР ОҚШОМИ

Дил туFёни

Бугун йилнинг сўнгги кунларини ўтказяпмиз. Ким учундир қувончу шодликларга бой, кимгадир одатий ва яна кимлар учундир оғир ўтган йил.

Йил қандай ўтганидан қатъи назар, қалбимизнинг тубида эртанги кундан бошланадиган янги йилдан умидлар катта. Янги йил бизга янада яхшироқ, янада қувончлироқ, янада омадлироқ кунларни, лаҳзаларни олиб келишига ишонч ва умид билан яшаймиз.

Тўғриси, инсон табиатан янги йилдан мўъжиза кутиб яшайди. Эҳтимол, айнан шу сабабли янги йил биз учун қадрдон байрамга айланиб қолгандир. Ахир, ҳар куни ҳам орзуларга берилавермаймиз.

Янги йил остонасида қилган орзуларимиз рўёбга чиқмаслиги якунланаётган йилда қилган ишларимизга боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида кўпинча унутиб қўямиз. Ўтаётган йилдаги пасту баландликлар, хатолар, амалга оширганларимиз ва қилишга улгурмаган ишларимиз эртанги кунимиз учун пойдевор, сабоқ бўлиши аниқ.

Ўтган йилнинг эшигини қанчалик ёпишга уринмайлик, у барибир бирор тирқишдан бўй кўрсатаверади. Ўзимиз яшаб ўтган йилни ҳаётимиздан ўчириб ташлашга имкон йўқлигини жуда яхши англаймиз.

Назаримда, виждони олдида ёлғиз қолганда ундан ҳижолат чекмайдиган одамгина мўъжизага лойиқ. Яна мўъжизага ишонувчилар шириндан-шакар, беғубор болажонлардир.

Нима бўлганда ҳам, эртанги кундан мўъжиза кутаверамиз. Ҳаётимизда ҳар йили ақалли бир кунгина ҳақиқий ёш болага айланамиз… ва эртаклардагидек мўъжизага ишониб яшаймиз.

Кириб келаётган янги йил барчамиз учун мўъжизаларга бой бўлсин!

 

Умида АДИЗОВА

"ҚОР МАЛИКАСИ ЁХУД ДЎСТЛИКНИНГ СЕҲРЛИ КУЧИ"

Болажонларга байрам туҳфаси

Қиш беғубор ва янги-янги орзу-умидлар фаслидир. Ана шундай пок ҳис-туйғулар ҳар бир қалбни шубҳасиз, ширин ва тотли лаҳзаларга ошно этади. Ушбу фаслнинг кўркли байрами - Янги йил эса болажонларга олам-олам қувонч, катталарга ёшлик сурурини бағишлайди.

Янги йил байрами арафасида вилоят болалар қўғирчоқ театрида ҳам жўшқин ва байрамона ҳаёт кечмоқда. Бекзодбек Қурбонов раҳбарлигидаги жамоамиз Янги йил байрамига кўтаринкилик бахш этиш, болажонларнинг таътил кунлари мароқли ўтишини таъминлаш мақсадида ўзига хос байрам туҳфасини тайёрлаган. Жамоамиз томонидан 15 декабрдан бошлаб намойиш этилаётган "Қор маликаси ёхуд дўстликнинг сеҳрли кучи" номли янги йил эртак томошаси болажонлар, ота-оналар ва вилоятимиз меҳмонларига қувонч улашмоқда. 

Болажонлар севган мулътфилмлардан саралаб олинган қаҳрамонлар иштирокидаги эртак томоша саҳналаштирувчи режиссёр Дилмурод Шайхов, режиссёр ёрдамчиси Зокиржон Аҳмадалиев, саҳна устаси Рашид Чўққиев, бош рассом Альфия Жабборова, овоз режиссёри Георгий Лебедев, либослар дизайнери Маъмура Қурбонова, бастакор  Fайратбек Жабборов томонидан тайёрланган бўлиб, унда болажонларга дўстликнинг кўринмас ришталари, дўстлар ҳар қандай синовларда бирлашиб, ғолиб чиқиши ҳақидаги эзгу ғоя илгари сурилади. 

Укасини ўғирлаб кетган Қор маликасига қарши Герда, Смурф, Смурфетта, Тимон бирлашиб, йўлида учраган тўсиқларни аҳиллик билан енгиб ўтиб, Кайни қутқарадилар.

Герда ролини актриса Нигора Казакова,  Қор маликасини Дилноза Парпиева,  Кай ролини эса Андижон санъат коллежи ўқувчиси Сардор Абдуманнопов маҳорат билан ижро этмоқдалар.

Умуман, актёрлар  Нурулло Шомуродов, Мадина Маърифжонова, Баҳодир Мухторов,  Рустамжон Адҳамжонов, Ҳаётбек Алибоев, Муҳтарам Мамадраҳимова, Аъзамжон Султонов,  Гулрухсор Раимқулова, Кибриё Камолова, Саидамирхон Латиповлар ўзларига берилган ролларни ажойиб тарзда ижро этиб, мухлислар эътирофини қозонмоқдалар.

Эртак томоша сўнггидаги "Илон рақси" ҳамда "Сабзавотлар ўйини" каби қизиқарли томошаларимиз, айниқса, декорация усталари Нигора Умарова, Дилшода Исмоилова томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ҳам мухлисларимизга албатта, манзур бўлади.

Театр томошалари 10 январга қадар ҳар куни бир неча мартадан намойиш этилади. Азиз юртдошлар, қадрли шаҳримиз меҳмонлари. Театримизга келиб кўнгилли дам олинг, шириндан-шакар фарзандларингизга қувонч ҳадя этинг.

 Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-осойишталик, бахт ва қувонч келтирсин. Юртдошларимиз санъат билан ҳамиша ошно бўлсин, фарзандлари маънавиятини ва дунёқарашини юксалтиришга хизмат қиладиган жамоамиз спектаклларининг доимий мухлиси бўлиб қолсин. 

 

Мансурбек РЎЗИЕВ,

 

Андижон вилояти қўғирчоқ театри бадиий эмакдоши.

МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Хўжаобод туманида "Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳияти бизни ишлашга ундайди" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши, партиянинг "Аёллар қаноти" ташаббуси билан Президентимизнинг  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тадбирдаги "Билимли авлод - буюк келажакнинг, тадбиркор халқ фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир" деб номланган маърузаси мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман кенгашлари депутатлари, таълим, тиббиёт тизимидаги партия бошланғич ташкилотлари етакчилари, фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Нишонова, Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Х. Халилова ва бошқалар давлатимиз раҳбари маърузаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, шунингдек, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, ана шу йўналишлардаги муаммо ва тўсиқларни бартараф этишда партия фаоллари, депутатлик гуруҳлари ҳамда кенг жамоатчилик иштироки ва фаоллигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан мавзу доирасидаги маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир доирасида самарали фаолият юритаётган бир қатор бошланғич партия ташкилотларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Давра суҳбатида маърузадан келиб чиқиб, партия  бошланғич ташкилотлари, фаоллари амалга оширадиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Умидахон ИСАЕВА,

 

ЎзЛИДеП "Аёллар қаноти" раиси.

МАҲАЛЛАДОШЛАРИМГА ЁРДАМ БЕРАЁТГАНИМДАН ХУРСАНДМАН

Мутахассис минбари

Мен мутахассис вазифасида иш бошлаганимга яқинда бир йил бўлади. Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлик, оилалар тинчлигини мустаҳкамлашдек хайрли ишига ҳисса қўшаётганлигим, одамларга нафим тегаётганлигидан хурсандман.

Маҳалламизда 4,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий йилда  84 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, шаръий никоҳ билан яшаётган 8 нафар оиланинг никоҳи расмийлаштирилди, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг турмуш шароити, муаммолари ўрганилди. 2 нафар ногирон бепул даволанишга юборилди, жисмоний имконияти чекланган 2 нафар аёлга ногиронлик аравачаси, 2 нафарига газ плитаси, 2 нафарига эса тикув машинаси берилди. Уй-жойга муҳтож аёлнинг оиласи учун ҳомийлар, мутасадди ташкилотлар ёрдамида уй қурилмоқда. Насиб қилса, бу оила янги йилда янги уйга кўчиб ўтади.

Якунланаётган йилда "Йил аёли" кўрик-танловининг туман, вилоят босқичида «Энг кучли тарғиботчи» номинацияси ғолиби бўлдим.  Бу ютуққа эришишимда ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган ишлар муҳим омил эканлигини алоҳида таъкидлашим жоиз.

Фурсатдан фойдаланиб, кириб келаётган янги йил билан барча юртдошларимизни, опа-сингилларимизни муборакбод этаман. Янги йил хонадонларимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат олиб келсин.

Одинахон ИСРОИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги "Зарғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.

ЭЪТИБОР ИЛҲОМ БАҒИШЛАЙДИ

Президентимиз қарорига мувофиқ, "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони таъсис этилгани нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятига қаратилаётган юксак эътибор ва эътироф намунасидир.

Ушбу кўкрак нишонига биринчилар қаторида муносиб кўрилганим менга илҳом бағишлайди, қолаверса, янги-янги мақсад-режаларни амалга ошириш йўлида янада фаол ишлашга, билдирилган ишончни оқлашга ундайди.

Ижодий ташкилотимиз учун жорий йил жуда муваффақиятли келди. Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги    "Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкилотимизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. "Ижод" жамоат фонди томонидан янги хизмат автомобили берилди, ҳисобимизга ҳомийлик маблағлари жалб этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фондининг давлат грантлари ажратиш бўйича эълон қилган танловида "Адабиёт яшаса, миллат яшайди" номли лойиҳамиз ғолиб, деб топилди. Ушбу лойиҳа доирасида ўсиб келаётган ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятли,   шунингдек, китобхон ёшларни рағбатлантириш мақсадида "Адабиётга эътибор - маънавиятга эътибор" ойлиги, "Мен севиб ўқиган китоб" акцияси, "Энг яхши китобхон" танловлари ўтказилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Адабиёт тарғиботи, ижодий кечалар, хотира тадбирлари, адабий анжуманлар ташкил этиш билан бирга, истеъдодларни юзага чиқариш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юзлаб ёш ҳаваскорлар вилоятда фаолият олиб бораётган "Бобур издошлари", "Ёғду", "Муҳаммад Юсуф издошлари", "Ёш ёзувчилар", "Ёш публицистлар", "Ҳабибий издошлари", "Уммон", "Нафосат", "Орзу" каби адабий тўгаракларимизда адабиёт, ижод сирларини ўрганмоқда, устоз адиблар кўмагида маҳоратларини ошириб бормоқда. Қатор йиллар давомида биргина "Бобур издошлари" тўгараги аъзоси бўлган олти нафар қизимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, кўплаб иқтидорли ёшлар мамлакат миқёсидаги турли танловлар ғолиби бўлди.

Аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини, эзгуликни, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, буюк тарихимиз ва маданиятимиздан ифтихор туйғуларини юксалтиришга хизмат қилиш асосий мақсадимиз экан, бунинг учун, аввало, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук, умрбоқий асарлар яратишга ҳаракат қилишимиз ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун яратилаётган имкониятлардан янада унумли фойдаланиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим.

Яқинлашиб келаётган янги йил барча юртдошларимизга бахт ва омад олиб келсин.

Хуршида Ваҳобжон қизи,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари.

 

 

ЯНГИ ЙИЛ ҲАР БИР ОИЛАГА ТИНЧЛИК-ХОТИРЖАМЛИК ОЛИБ КЕЛСИН

Бир неча кундан сўнг ҳаётимизнинг яна бир йили тарихга муҳрланади. Якунланаётган 2018 йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат, айниқса, тадбиркорликка, хусусий ва оилавий бизнес ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, жойларда одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Ватанимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтармоқда.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан жорий йил 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги тарихий Фармони жамиятнинг энг асосий бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳаётдаги ўрни ва нуфузини, турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлди. Чунки ҳаётимизнинг нечоғли мазмунли ва фаровон бўлиши энг аввало, оила билан боғлиқ. Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар соғлиги ва давомийлигини таъминлайдиган, миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлайдиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб камол топишига таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи ҳисобланади.

Фармонга асосан, "Оила" илмий-амалий маркази янада такомиллаштирилди, кенгайган таркибда ва янгича мазмунда фаолияти йўлга қўйилди. Маҳалла фуқаролар йиғинларида  хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар иш бошлаганлиги эса маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, одамларни, айниқса, опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби якунланаётган йилда вилоятимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам барчамизни қувонтиради. Янги-янги корхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, мактаблар, тиббиёт муассасалари, равон йўллар, тураржой бинолари қад ростлади. Жумладан, умумий қиймати 472 миллиард сўм бўлган 3 мингдан ортиқ объект ишга туширилди, 1 минг 900 га яқин хизмат ва намунавий лойиҳалар асосидаги арзонлаштирилган уйлар барпо этилди.

Бугун ҳатто чекка-чекка маҳаллалар кўрки, камолига ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Айниқса, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида жуда кўп маҳаллалар қиёфаси  тубдан янгиланди.  Дастурга асосан, вилоятдаги 9 минг 292 аҳоли хонадони, жумладан, 65 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари бажарилди.

Дастурлар доирасида ижтимоий соҳа объектларида 176 миллиард 605 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган. Айни кунга қадар уларнинг 30 дан ортиғи қайта реконструкция қилинди, 60 дан ортиғи мукаммал таъмирланди. Ижтимоий соҳа объектларининг аксариятида ишлар якунига етказилиб, фойдаланишга топширилган. 

"Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажак бунёдкори" дастурлари асосида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида кўплаб опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди. Улар энди нафақат ўз оилаларига даромад келтириш, балки юртимиз тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшиш имконига эга бўлдилар.

Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, қийин шароитларда яшаётган  хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ана шу тоифадаги юртдошларимизни эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини оширмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ногиронлиги бўлган ва қийин шароитларда яшаётган 318 нафар аёлнинг  уй-жой билан таъминланганлиги фикримизга мисолдир. Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби хайрли ва эзгу ишлар кўлами янада ортишига асло шубҳа йўқ.

Келгуси йил барча босма нашрлар қатори газетамиз таҳририяти учун ҳам оғир синов йили бўлади. Чунки, газетага кутилган даражада обуна қилинмади. Биз мухлисларимиздан мана шундай қийин вазиятда келгуси йил учун обуна бўлиб таҳририятимизни қўллаб-қувватлашларини илтимос қиламиз. Имкон қадар ижодий анъаналаримизни давом эттирган ҳолда вилоятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги воқеалар, хотин-қизлар ҳаёти, фаолларимизнинг илғор ишлари, ижодкор опа-сингилларимиз ижод намуналари билан газетхонларни мунтазам таништириб борамиз. Бундан ташқари, саҳифаларимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, қайнона-келин муносабатлари, оилада турмуш маданиятини шакллантириш, хотин-қизларимиз фаоллигини ошириш, уларнинг тиббий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, ҳаётимизга доғ бўлаётган салбий ҳолатлар, кўпларни қийнаётган муаммолар, умуман, турли-туман мавзулардаги қизиқарли мақолалар бериб борилади.

Газетамизнинг янада мазмунли ва қизиқарли чиқишини таъминлашда сиз азиз муштарийларнинг таклиф ва мулоҳазаларига таянамиз. Шу боис, газетамиз хусусида сизларнинг таклиф ва тавсияларингиз билан ўртоқлашишга ҳамиша тайёрмиз.

Янги йил ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик олиб келсин, юртимиз учун барқарор ривожланиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлайдиган йил бўлиб қолсин.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Соғинч ҳисси билан кутдим бу кунни

Ҳалима ҚОРАБОЕВА

Умрим шодасидан бир дона ўтди,

Янги остонада турибман яна.

Ўтган йил шовуллаб оқди-да кетди,

Мен янги йўлларга бўлгум равона.

 

Соғинч ҳисси билан кутдим бу кунни,

Васлига ошуфта турибман бу чоғ.

Мен қўшиқ шайдоси, қўшиқ мафтуни,

Янги йил қошимда чалар қўнғироқ.

Из тушмаган йўллар чақирар бизни,

Чала ишларимиз битар бу йилда.

Юксак чўққиларга тикиб биз кўзни,

Мақсад аҳдимизни тугайлик дилга.

 

Ширин бир ҳаяжон, ширин бир ташвиш,

Кўнгил уммонига солмоқда тўлқин.

Янги йил шаънига шараф ва олқиш,

 

Келажаги бўлсин яна ҳам ёрқин.

ҲАМКОРЛИК ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Андижон туманида "Соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ҳамкор ташкилотлар билан иш олиб боришнинг муҳим йўналишлари" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Туман тиббиёт бирлашмаси, хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, патронаж ҳамширалари, маҳалла мутахассислари иштирок этиб, мавзу доирасида туманда олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

Тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодирахон Зокирова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси Гулнаҳор Абдуллаева ва  бошқалар мавзу доирасида амалга оширилиши зарур вазифалар хусусида гапирдилар.

Тадбир иштирокчилари тумандаги 5-оилавий поликлиникада мазкур йўналишда маҳалла билан ҳамкорликда олиб борилаётган ибратли ишлар, "Чўмбоғиш" маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Саломатлик мактаби" фаолияти, шунингдек, қатор хонадонларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги ишлар билан яқиндан танишдилар.

Семинар доирасида 18-умумтаълим мактабида "Қизлар гигенаси" мавзусида бўлиб ўтган тадбирда илғор тажрибаларни оммалаштириш, йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш  масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Семинарда оилаларда     соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг тиббий билим ва саводхонлигини юксалтириш, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Маликахон ХОЛБЕКОВА,

 

тиббиёт ходимаси.

ЁШЛАР МАРКАЗИ БАЙРАМГА ТУҲФА БЎЛДИ

Андижон шаҳрининг Чўлпон шоҳкўчасида муҳташам Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил июнь ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан бунёд этилган Ёшлар маркази очилишига бағишланган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Кенг ва ёруғ, барча қулайликларга эга, фаоллар, семинар, конференция ва форумлар заллари, ахборот-ресурс маркази, "Yosh tadbirkorlar" коворкинг маркази ҳамда 500 ўринли асосий залдан иборат марказ биноси Андижон шаҳридаги "Қишлоқ қурилиш" масъулияти чекланган жамияти қурувчи ва мутахассислари томонидан барпо этилди. 2017-2018 йиллар давомида олиб борилган қурилиш ва реконструкция ишларига 11 миллиард сўмдан зиёд, жиҳозлаш учун 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳам мазкур бинода фаолият кўрсатади, шунингдек, келгусида компьютер саводхонлиги, инглиз, рус, корейс тили, шахмат-шашка, рассомчилик, пазандалик, рақс, театр, ёш журналистлар тайёрлаш, умуман, 6 та йўналиш бўйича тўгараклар, фитнесс клуб, диний-маърифат, психологик ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти йўлга қўйилади. Натижада қарийб 1,5 минг нафар йигит-қиз машғулотларда қатнашиш имконига эга бўлади.

- Марказнинг фойдаланишга топширилиши янги йил байрами олдидан андижонлик ёшлар учун байрам туҳфаси бўлди, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ойбек Юлдашев. - Қолаверса, марказ ёшларимизга янада кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Биз ёшлар кўрсатилаётган бу каби эътиборга муносиб, юрт равнақи йўлида янада фаол бўлиш учун бугунгидан-да самарали меҳнат қиламиз. 

Тадбир доирасида "Ёшлар - келажак бунёдкори" дастури доирасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган тадбиркор ҳамда ҳунарманд ёшларнинг эришган ютуқлари ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган, тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмалари, шунингдек, бир гуруҳ ёшларнинг истиқболли бизнес-лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди. Ёшлар бадиий жамоалари, ёш ижодкорлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида намойиш этилган гала-концерт барчага хуш кайфият улашди.

 

Муаззам  ИБРОҲИМОВА

Гуруч курмаксиз бўлмас

Кичик ҳикоя

Унинг жамоада ҳурмати баланд эди. Узоқ йиллар шу мактабда ўқитувчи бўлиб  ишлаган, ширинсўз, қатъиятли, неча-неча шогирдлари шу соҳани эгаллаб, ҳатто қанчаси  фан номзоди даражасига эришган. Улар қатори Сардор ҳам устозининг изидан борди. Олийгоҳни тамомлаб, у билан ишлашга ошиқди. Жамоа уни хурсандчилик билан кутиб олди. Фақат устози негадир ўзгариб қолган эди. Уни малол олар, фан ёки ҳужжатлар юзасидан савол берса, қовоқ солиб, хушламайгина жавоб берарди… 

Йил якунлангунча йигит танлаган соҳасидан безиб улгурди. Ўқув йили якунланиши   билан бошқа мактабдан иш қидиришга тушди. Лекин иш тополмади. Таътил тугагач, мактабга оёғига оғир тош осиб қўйгандек, базўр борди. Сардор устози келмаганлиги учун  қайси синфларга  дарсга киришини билмай, директорга юзланди. Директор устознинг бетоблигини, ҳозирча барча синфларни унга топширишини айтди. Иш билан бўлиб  устозини кўргани боролмади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, устозининг оламдан ўтганлиги ҳақидаги  хабарни эшитиб, уни кўргани боролмаганидан афсусланди. 

 

 

Феруза ХОЖИМАТОВА