+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Янв 2019

Ажрашиш арафасида турган 24 оила яраштирилди

Сайёр қабул

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, ажрашиш остонасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифалар ижроси доирасида  ўтказилган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролик ишлари бўйича судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, низоли ҳамда ажрашиш арафасида турган оилалар вакиллари иштирок этди.

 Тадбирда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, Президентимиз ташаббуси билан бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги  алоҳида таъкидланди.

  - Оила, оналар ва болалар давлатимиз ҳимоясида эканлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим, - дейди Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова. -  Шу маънода оила манфаатларини ҳимоя қилиш, бугунги кунда оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишдир.

Тадбир иштирокчиларига оилада ва фарзанд тарбиясида юзага келаётган низолар, қайнона-келин муносабатларидаги муаммолар оилани парокандаликка олиб келиши мумкинлиги, бундай ҳолатларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров томонидан оилалардаги муаммоларни бартараф этиш, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштириш бўйича сайёр қабул ўтказилди.

- Оиладаги турли низолар туфайли келиним бир йил аввал отасиникига кетиб қолган, - дейди Балиқчи тумани Насриддинобод маҳалласида яшовчи Маъмурахон Каримова.  - Яккагина ўғлимга ришталаримиз янада мустаҳкам бўлсин, деб қариндошдан келин олгандим. Дастлабки йиллар тинч-аҳил яшадик, кейинги пайтларда келиним билан ҳеч муроса қилолмаяпмиз.  Ҳозир ўғлим ҳарбий хизматда. Маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар билан келинимни олиб келамиз, бир оз муддат яшагач, яна кетиб қолади. Нима қилишга ҳайронман, менга маслаҳат беринг.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова қайнона-келин билан бевосита суҳбат ўтказдилар. Ўрталаридаги зиддиятлар уларнинг ҳар иккисини руҳий стресс ҳолатига тушириб қўйганлиги, оиланинг муқаддаслиги, қайнона фарзандларининг бахтли бўлишлари, келин эса оиласини асраб қолиш, фарзандининг тирик етим бўлиб қолмаслиги учун ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиши, бунинг учун энг аввало, кечиримли бўлишлари кераклигини тушунтирдилар.

Шундан сўнг қайнона-келин бир-бирларидан кечирим сўраб, биргаликда аҳил яшашга ваъда бердилар.

Турли низолар туфайли пароканда бўлиб турган оилалар вакиллари билан суҳбатларда инсон сабрли бўлиши, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда турли қийинчиликларни енгиб ўтиш, ота-боболаримиз, хатто уруш, қаҳатчилик йилларида ҳам сабрли бўлганлиги, халқимизнинг оилани мустаҳкамлаш борасидаги қадим ва бетакрор қадриятлари мисолида уларга оилаларини сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш тушунтирилди. Суҳбатлар давомида кўплаб келин-куёвлар, қайноналар ўз хатоларини англаб, бундан буён аҳил яшашга келишиб олдилар.

- Тўрт нафар фарзандим бор, - дейди Андижон шаҳридаги "Меҳнат" маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Одинахон Баротова. - Ногирон бўлиб қолганимдан кейин турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Ҳозир мени ушбу хонадондан чиқариб юборишмоқчи. Қатор ташкилотларга, ҳокимиятга, судга мурожаат қилдим. Бироқ, мени қийнаётган муаммо ҳал бўлмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бу аёл билан суҳбатда уни яшаб турган хонадонидан чиқариб юборишга қонунларимиз йўл қўймаслигини тушунтирди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раҳбарига аёл яшаётган ҳовлининг маълум қисмини фойдаланиш учун ажратиб берилиши ҳақида тегишли тартибда суд қарорини чиқариш ҳақида топшириқ берди.

- Қабулда бир неча йилларда буён мени қийнаб келаётган муаммо ечим топганлигидан хурсандман, - дейди О. Баротова. - Яқин кунларда Андижон шаҳар суди менга яшаб турган ҳовлимнинг маълум қисмидан фойдаланишим мумкинлиги ҳақида қарор чиқариб берадиган бўлди.

Сайёр қабул давомида низоли ва ажрашиш арафасида турган 40 яқин оила вакиллари билан суҳбатлар ўтказилиб, 24 оила яраштирилди, бир қатор оилаларни қийнаётган муаммолар ҳал этилди. 

Шу куни Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнорахон Маърупова ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров Болалар шаҳарчасида бўлишиб, ушбу масканда тарбияланаётган болалар ҳаёти, яшаш шароитлари билан танишдилар, улар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ