Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Гўзал куй ва қўшиқ тинглаганда, рақс томоша қилганда инсон қалби завққа тўлиб, ором олади. Бу билан, кишиларнинг маънавий олами бойиб, фикрлаш доираси янада кенгаяди.
Рақс бу - ҳаётни нозик жилвалар билан тасвирлай олиш қобилияти, уни бутун вужуд ила ҳис қила оладиган воситадир. "Раққоса рақс тушади, бўлди", деганлар қаттиқ янглишадилар. Негаки, агар рақс бўлмаганида, куйи янграётган мусиқаларнинг жиловланиши бўлмаган бўлар эди.
Устозлари йўлидан бориб, уларга муносиб ворис бўлишга сидқидилдан ҳаракат қилиб келаётган Дилфуза Соипова ҳам рақсни ҳаётининг бир бўлагига айлантира олган. Истеъдоди, иқтидори туфайли муваффақиятларга эришиб, санъат оламида ўз ўрнини топишга интилиб келмоқда.
Қўрғонтепа туманида туғилиб ўсган Дилфуза жажжи қизалоқлигиданоқ рақсга ўзгача меҳр қўйди. Жозибадор ҳаракатлар, тана ва руҳ мутаносиблиги, куй ва ҳаракатдаги мазмун уйғунлиги уни буткул ром этди. Қизидаги иштиёқ ва иқтидорни пайқаган онаси Адолатхон Дилфузани Қўрғонтепа туманидаги 4-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига берди. Бу даргоҳда қизча Роҳатой Усмоновадан илк рақс сабоқларини ўрганди.
Талабчан устоз ва меҳнаткаш шогирднинг уринишлари зое кетмади. Дилфуза Соипова санъат мактабида ўқиш давомида кўплаб фестиваллар, рақс танловларида қатнашди, кўплаб совринларнинг эгаси бўлди.
2016 йилги "Камалак юлдузлари" болалар ижодиёти фестивали вилоят босқичида ғолиб бўлиб, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига имтиёзли равишда қабул қилинди.
- Миллий рақс санъатимиз жуда қадимий илдизларга асосланган бўлиб ўзида халқ оғзаки ижодиёти, мусиқа, қўшиқ ва рақсларни мужассам этган, - дейди Д.Соипова. - Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Исахор Оқилов, Галия Измайлова, Қундуз Миркаримова, Розия Каримовалар ўзбек рақс санъатининг усталари ва устозлари сифатида тан олинган. Мен кўпроқ, устоз санъаткор Мукаррама Турғунбоевага ўхшаган раққоса бўлишни орзу қиламан. Чет давлатларда миллий чопон, атлас, адрасларимизни йўқолиб кетмаганлигини кўрсатгим, миллий рақсимизни қандай ибо-ҳаё ўраб турганини тушунтиргим, уларнинг бу ҳақдаги тушунчаларини оширгим келади.
Дилфуза шеъриятга, тил ўрганишга, қўшиқ куйлашга қизиқади. Шеърлар машқ қилиб туради. Аммо, рақс сеҳри барчасидан устун келиб, уни ўзига чорлайверади.
- Авлодимизда ижодкорлар кўп, хусусан, дадам ҳам шеърлар ёзиб туради. Аммо, раққоса ёки мусиқачи йўқ. Шунга қарамай, оиламдагилар менинг рақс тушишимга қаршилик билдиришмайди, - дейди ишонч билан Дилфуза.
Соддагина қишлоқ қизи ўзбек миллий рақсларига ўзгача меҳр қўйди, бу санъатни улуғлашни, ривожлантиришни истади, рақс ҳаракатларидаги нозик жиҳатларни ихлос билан ўрганмоқда. Энг муҳими, унинг рақсларида ажиб жозиба бор. "Тановар", "Лазги", "Доира рақси" каби миллий рақсларимизни ижро этаётганда борлиқни унутади, рақснинг сеҳрли оламига шўнғиб кетади...
Бугун мамлакатимизда жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни ривожлантириш, хусусан, ҳалқимиз, айниқса ёш авлоднинг маънавияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватани, халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик даражаси, мутолаа маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Андижон вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг китоб ўқишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрда "Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
Дастурга биноан, махсус ахборот-кутубхона муассасалари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни ахборот-кутубхона билан тўлиқ қамраб олиниши учун вилоятдаги 1-, 2- ва 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати шакллантирилади. Рўйхат асосида 250 нафар кўзи ожиз ногиронлиги бор шахслар яшайдиган туман ва шаҳарларда кўзи ожизлар учун кутубхонамиз филиалларини ташкил этиш назарда тутилган.
Чора-тадбирларда кўзи ожизларга мўлжалланган кутубхоналар моддий-техника базасини ривожлантириш, ана шу кутубхоналарда фаолият юритаётган кутубхоначиларнинг электрон техника воситалари асосида хизмат кўрсатишини йўлга қўйиш, шунингдек, брайль ва аудио китоблар фондини бойитиш, кўзи ожиз бўлган китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, хизмат машинаси ёрдамида кутубхонага кела олмаган фойдаланувчиларга китобларни буюртма асосида элтиб бериш, уларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари билан қизиқиш ҳамда уларни талаб даражасида бажаришга ҳаракат қилиш сингари муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, кўзи ожиз ногиронлиги бўлган фойдаланувчилар ўртасида "Энг фаол китобхон", "Брайль ёзувида тез ва ифодали ўқувчи китобхон", "Энг яхши китобхон оила" каби кўрик-танловларни мунтазам ва босқичма-босқич ўтказиб бориш, шунингдек, вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида брайль алифбосида ёзилган адабиётларни кўпайтиришда кичик босмахона ташкил қилиш, шунингдек, аудио китоблар яратиш мақсадида овоз ёзиш студиясини очиш, кутубхонага келишга имкони йўқ фойдаланувчилар учун интернет орқали аудио китоблардан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш сингари қатор ишларни амалга ошириш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, кўчма кутубхоналар ташкил этиш ҳам муҳим вазифаларимиздан биридир.
Таъкидлаш керакки, кўзи ожизлар кутубхоналарида фойдаланувчилар сафи кундан-кун ортиб бормоқда, хизмат кўрсатиш кўлами ҳам кенгаймоқда Бугунги кунда вилоятда истиқомат қилувчи 7 минг 981 нафар кўзи ожиз фуқародан 6 минг 70 нафардан ортиғи мавжуд 9 та кўзи ожизлар махсус кутубхоналарига қамраб олинган.
Айни кунда кутубхонамиз китоб фондида 46 минг 234 нусхада адабиётлар бўлиб, шундан 34 минг 218 нусхаси ўзбек тилидаги адабиётлардир. Шу жумладан, бўртма нуқтали адабиётлар 11 минг 539 нусхани, гапирувчи адабиётлар 8 минг 189 нусхани, электрон диск ҳолатдаги адабиётлар 810 нусхани, босма шрифтдаги адабиётлар 25 минг 696 нусхани ташкил этади. Кутубхонамизнинг китоб жамғармаси янги адабиётлар ва вақтли матбуот нашрлари билан мунтазам тўлдириб борилмоқда.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси хизмат кўрсатиш билан чегараланиб қолмай, шаҳар ва туманлардаги кўзи ожизлар кутубхоналари учун методик марказ ҳам ҳисобланади. Уларга зарур услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатиб келинади. Шу билан бирга, кўзи ожизлар кутубхоналари ходимларининг билим ва касбий малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинг, ўқув машғулотлари ҳам мунтазам ўтказиб келинади.
Бизнинг асосий мақсадимиз, кўзи ожизларга, уларнинг оила аъзоларига, қолаверса, аҳолининг барча қатлами вакилларига сифатли кутубхона хизмати кўрсатиш орқали уларнинг ахборот олишларига, китобхон бўлишларига ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишдан иборат.
Жамият ҳаётининг даражаси, ривожланиши кўп жиҳатдан ижтимоий муносабатларга боғлиқ. Айнан шу муносабатлар ҳаётимиздаги турли жараёнларни бошқариб келади.
Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилик масаласи ҳам мазкур жараёнларда муносабатларни қонунан тартибга солиниши билан муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизлар масалаларига, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароитлар яратишга, шу билан бирга, оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ижтимоий муносабатлар ҳамда қонунчиликда катта ўзгаришлар юз бермоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ушбу йўналишда туб бурилиш ясади. Мазкур қарорда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш юзасидан янги қонунлар ишлаб чиқилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган эди. Белгиланган қонунларнинг ишлаб чиқилиб, муҳокама этилиб, маъқуллангани қарор ижросининг таъминланганини кўрсатади.
Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган ҳамда Президентимиз томонидан имзоланган "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат. Бундан ташқари, у кўплаб масалаларга ойдинлик киритиш, фаолиятда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Гендер - бу хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ҳамда фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим, илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати эканлиги мазкур қонунда аниқ ёзиб қўйилган. Бу масалага оид тушунчаларга берилган тегишли изоҳларнинг мавжудлиги ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.
Қабул қилинган қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, , жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, очиқлик, шаффофлик белгилаб берилган.
Эндиликда ушбу қонун давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этиши, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ишлашини кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.
Бугун жамиятимизда аёлларнинг камситилишига йўл қўядиган, асоссиз тенгсизлик натижасида ҳаётида қийинчиликлар келиб чиқаётган оилалар, айниқса, аёлларнинг борлигидан кўз юма олмаймиз. Қабул қилинган қонундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, энди ана шу тенгсизликка барҳам берилади. Яъни, оилавий муносабатларда, айниқса, болалар тарбиясида она ҳам, ота ҳам бирдек масъулдир. Қонунда бу борада ҳам эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари аниқ белгилаб берилди. Бу борада аёллар ва эркаклар никоҳининг ихтиёрийлиги, мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслиги, эр-хотинларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенглиги кабилар шулар жумласидандир.
Фарзанд кўриш муносабати билан ҳақ тўланадиган таътил олишда ота ҳам, она ҳам тенг ҳуқуққа эга. Болага қараш бўйича таътилнинг давомийлиги ота-онанинг ихтиёрига кўра, улар ўртасида тақсимланиши, бунда ота-она таътилдан қисмларга бўлган ҳолда фойдаланишлари мумкинлиги ҳам айнан гендер тенгликнинг ифодасидир.
Бугунги кунда юртимиздаги гендер тенглиги жамият ривожини таъминлашга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.
ТЎЙЛАР ДАБДАБА ВА ЎЗИНИ КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШ ВОСИТАСИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАСИН
Муносабат
Ўзбек бағрикенг, меҳмондўст халқ. Айниқса, тўй қилиш, юртга ош бериш орзуси шубҳасиз, ҳар бир миллатдошимиз қалбидаги улуғ ниятлардан бири. Фарзандимиз улғайган сари унга тўй қилиш тараддудига тушамиз. Бу асрлар давомида шаклланган халқимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятидир. Бироқ, кейинги йилларда ана шу анъаналаримиз қаторига миллатимизга хос бўлмаган, бемаъни урфлар қўшилаётганлиги, тўйлар дабдаба ва ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланиб қолаётганлиги кўпчиликни ташвишга солади.
Ана шундан келиб чиқиб, Шаҳрихон туманида тўй-хашамларни ихчам, камчиқим, ортиқча дабдабасиз ўтказилишини таъминлаш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
Сир эмаски, тўйлар билан боғлиқ "янгича урфлар" кўплаб фуқароларни иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга солиб қўймоқда. Қолаверса, улар маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга ҳам путур етказмоқда. Тўйлар билан боғлиқ иллатларнинг олдини олиш борасида туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари, қўйингки, мана шу ишга масъул барча мутасаддилар ҳамкорлигида зарур чоралар қўрилмоқда, кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Никоҳ тўйларимиз билан боғлиқ айрим кўриниш ва жиҳатлар хусусида мулоҳаза қилиб кўрайлик. Тўй аслида йиллар давомида яхши ниятлар, эзгу орзу-ҳаваслар билан орзиқиб кутиладиган, қариндошлар, ёру биродарлар жам бўлиб, янги оилани қутлайдиган тадбир. Лекин, кейинги йилларда тўйларимизни дабдаба билан ўтказишга, "янги-янги кашфиётлар" қилишга ўрганиб қолаётгандаймиз.
Келин-куёвнинг тўйдан олдинги муносабатлари, йиққан сеп-сидирғаси муҳрланган видеотасвирлар, биргаликда тушган турли ҳолатлардаги фотосуратларнинг меҳмонларга кўрсатилиши ўзбек учун уят эмасми? Бундай "янги урф"лар, никоҳдан олдин бўладиган "Загс" базми, келин-куёвнинг қатор-қатор машиналарда сайр қилиб юриши, қайсидир кафега бориб ўйин-кулгу қилинишининг нима кераги бор? Бу ортиқча харажат, ортиқча даҳмазаку!? Бу каби кўринишлар халқимизнинг бирор-бир одоб-аҳлоқ мезонларига тўғри келмайди. Бугун айрим юртдошларимиз замонавийликни рўкач қилиб ёки ҳали кўп нарсани англаб етмайдиган фарзандлари кўнглига қараб, ана шу каби "оммавий маданият" кўринишларини ўзлари англамаган ҳолда ҳаётимизга олиб кирмоқда. Бунинг оқибатлари ўзлигимизни унутишга, маънавий қашшоқликка олиб бориши турган гап.
Унутмаслигимиз керак, ҳамма нарсада меъёр, тарози бўлгани яхши. Шу боис ҳам туманимиздаги маҳаллаларда маҳалла фаоллари, Тўй ўтказиш комиссиялари аъзолари, кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга отахон-онахонлар кўмагида тўй билан боғлиқ юқоридаги каби иллатлар бартараф этилмоқда.
Тўйдан аввал ва кейин ўтказиладиган "маъзар еди", "юз очди" тадбирлар тўй куни ўтказилиши йўлга қўйилди. "Загс" маросими умуман қилинмайдиган бўлди. Ёшларнинг алламаҳалгача ўйин-кулги қилиши сингари ҳолатларга барҳам берилди. Одамлар ўзлари англаган ҳолда тўйни қоронғу тушмасдан тугатишмоқда. Бу албатта, тўй билан боғлиқ иллатларни бартараф этиш, тўйларни ихчам ўтказиш борасида маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларининг ижобий натижасидир.
Тўйни ихчам, камчиқим ўтказишда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, маҳалла мутахассислари намуна кўрсатмоқда. Масалан, яқинда Терактаги маҳалласи мутахассиси Нокияхон Fуломова ўғли Азизбекни уйлади. Тўй куёв ва келин томонда бир кунда ихчам тарзда бўлиб ўтди. Нахорги ош, базм, "Юз очди" маросими - ҳаммаси тўй куни ихчамгина қилиб ўтказилди. Қудалар ўзаро келишиб олишди, олди-берди ҳам оддийгина бўлди. Куёв томон қудаларга мебелу ётоқхона жиҳозларини қилдирмасдан баҳоли қудрат ўзлари қилди.
Бу борада тумандаги Қалъача, Бувайдо, Дўрмон, Қорабўйин, Терактаги маҳалларида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Бундан ташқари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳам ижобий натижалар бермоқда, жорий йилнинг ўтган даврида туманимизда ана шундай салбий ҳолатлар қайд этилмади.
Фаолларимиз томонидан ота-оналарга тўйларда кераксиз, ортиқча харажатлар ўрнига уларга ҳаётда зарур бўладиган жиҳозлар ёки маънавиятини оширишга хизмат қиладиган китоблар совға қилишлари фойдалироқ эканлиги тушунтирилмоқда.
Тўйларни ихчам, дабдабасиз ўтказиш, шу билан бирга, оила қуриш остонасида турган йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги бурч ҳамда масъулияти ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш борасида ҳам зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
ТЎЙ-ҲАШАМЛАРНИ ТАРТИБГА СОЛИШ БЎЙИЧА НИЗОМ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ
Тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар давом этаётгани оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида ана шу масала муҳокама қилинди.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг қайд этишича, ўрганишлар таҳлили, шунингдек, аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом ишлаб чиқилди.
Низомга кўра, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.
Ушбу ҳужжат билан бундай тадбирларни ўтказиш тартибига умумий талаблар қўйилди.
Унга кўра, оилавий тадбирлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.
Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.
Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Оилавий тадбирларни ўтказишда қуйидаги талабларга риоя этиш шарт:
- тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
- никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
- оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;
- шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;
Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.
Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ("етти", "пайшанбалик", "якшанбалик", "йигирма", "қирқ", "ҳайит", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Низомда юқорида тилга олинганида ташқари тўй-ҳашамлар билан боғлиқ яна бошқа кўплаб жиҳатлар қамраб олинган бўлиб, 2020 йилнинг 1 январидан низом талабларини бажариш кучга киради.
Вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Иродахон МАХАТОВА тайёрлади.
"ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲИМОЯСИ - ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИК ПОЙДЕВОРИ"
Андижон туманидаги Қоратут маҳалла фуқаролар йиғинида "Хотин-қизлар ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда маҳаллалар мутахассислари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, ички ишлар ходимлари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Маҳалла" жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Семинарда Қоратут маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Парирўй Анорбоеванинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларини мустаҳкамлаш, фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш, аёллар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқа йўналишларда олиб бораётган ишлари таҳлил қилинди.
Андижон тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Т. Юлдашева, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими бош мутахассиси И. Асқарова, "Маҳалла" хайрия жамғармаси туман кенгаши бош мутахассиси Р. Маҳмудова ва бошқалар аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олишда жамоатчилик билан ҳамкорлик ижобий натижалар бераётгани, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаоллигини ошириш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбирда маҳалладаги аҳил, 4 нафардан келинлари бор ибратли қайноналар туман хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан таъсис этилган совғалар билан мукофотландилар. Боқувчисини йўқотган, ногирони бор, яшаш шароити оғир оилалардан 10 нафарининг фарзандларига ўқув қуроллари тақдим этилди. Шунингдек, миллий қадриятларни, оилаларни мустаҳкамлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ маҳалла мутахассислари туман хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.
Бир аёлга бахт бўлса, шунчалик бўлар, - дейди полвонтошлик мутахассис Озодахон Норматова.
Полвонтош - Марҳамат туманининг энг чекка маҳаллаларидан бири. Ҳудудда 1172 нафар аҳоли истиқомат қилса, шундан 586 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги мавжуд 243 та хонадонда бугунги кунда 357 нафар оила тинч-фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Озодахон Норматова маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси. Шу маҳаллада туғилиб ўсган мутахассис унинг ҳар бир қарич ерини яхши билади, кекса-ю ёшини ҳурмат қилади, ҳар бир оиласини қадрлайди.
Олий маълумотли педагог 1979 йили Андижон чет тиллар институтини аъло баҳоларга тамомлаган. Қарийб 30 йил тумандаги 15-умумтаълим мактабида ўқувчиларга француз тили ва бошланғич таълимидан сабоқ берди. Нафақага чиққанидан сўнг уни маҳалла фуқаролар йиғинига ишга таклиф этдилар. Шундан буён маҳалла ташвиши аёлнинг ўз ташвиши, одамларнинг дарди ўз дардига айланди.
- Маҳалламиз аҳолиси жуда меҳнаткаш, оқибатли, - дейди Озодахон Норматова. - Асосан, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланишади. Бекорчи аёлларнинг ўзи йўқ. Кимдир иссиқхона барпо этган, кимдир чеварлик қилади, қизларни ҳунарга ўргатади. Миллий анъана, қадриятлар туманимизда энг кўп бизнинг Полвонтошда сақланиб қолган. Тўй-маросимларимиз кенгашли, маслаҳатсиз ўтмайди, тез-тез хашар маросимлари ўтказилади. Биров уй қурса ҳам, молхона қурса ҳам дарров хашар чақирамиз.
Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Раънохон Нурматова банк кредити эвазига иссиқхона барпо этди. Чевар Холидахон Қорабоева хонадонида 25 нафар қизларга ўз ҳунари сирларини ўргатмоқда. Ёш оила вакилалари Нафиса Нурматова, Наврўза Кенжаевалар ҳам чеварлик, Дилоромхон Юсупова эса лимон етиштиришни йўлга қўйиб, тадбиркор аёллар сафига қўшилдилар. Боғдахон Қазақова, Манзурахон Мамасаидовалар эса кўрпа-тўшак қавиб, иш фаолиятларини юргизишмоқда.
- Маҳалладаги оилаларнинг ярмидан кўпини ёш оилалар ташкил этади, - дейди Озодахон опа. - Бугунги кунда маҳалла билан ишлашда бизга энг кўп қийинчилик туғдирадиган қатлам бу айнан ёш оилалардир. Ҳозирги ёшларда негадир ҳаётга енгил-елпи қараш туйғулари кўп учрайди. Фаолиятим давомида энг кўп оилавий можаролар, арзимаган маиший муаммолар сабаб "сен-мен"га бораётган оилаларнинг жанжалига дуч келаман. Шукрки, маҳалламиз аҳли ҳамжиҳат, ажримларга йўл қўймаяпмиз.
Озода опанинг эътироф этишича, Полвонтошда ўтган 2 йил мобайнида ажримлар расман қайд этилмаган. Ҳудудда маҳалла-мактаб-оила ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Тез-тез маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этиб борилади. Яқинда 15-умумтаълим мактабида ўтказилган дўппи фестивалида ўқувчи қизлар ўнга яқин миллий либос турларини намойиш этдилар.
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ижроси доирасида ҳам Полвонтошда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик тарғиботи, спорт-соғломлаштириш тадбирлари шулар жумласидандир. Спорт мусобақаларига маҳалланинг кексаю-ёш, эркагу аёли бирдек жалб қилинади.
-Маҳалламизда қиз-жувонлардан иборат волейбол жамоасини тузганмиз, - дейди мутахассис. - Ёш мураббий Ферузахон Абдуллаева ҳафтада 3 кун машғулот олиб боради. Аёлларимизнинг спортга бўлган қизиқишлари, мусобақаларга бўлган иштиёқларини кўрсангиз... Муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган мусобақаларда жамоамиз мактаб ўқитувчилар жамоасидан устун келди.
Озода опа нафақат яхши мутахасис, балки, намунали оила соҳибаси сифатида ҳам маҳаллада ҳурмат-эътибор қозонган. Турмуш ўртоғи Fанижон Мирзаев билан 4 фарзанд, 7 набирага бош бўлиб яшаб келмоқда.
- Нафақага чиққандан кейин зерикади одам, бирон машғулот топиб овунмаса, ўзини жамиятга кераксиздай ҳис қилади. Мен эса, Яратганга шукр, маҳалла иши билан бандман. Зерикишга асло вақтим йўқ. Оилам, маҳаллам тинч. Бир аёлга бахт бўлса, шунчалик бўлар, - дейди мутахассис Озодахон опа.
Юртимизда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва салоҳиятини юксалтириш, жамият ҳаётидаги обрў-эътибори ва нуфузини янада оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, аёллари улуғланган жамиятда, оилада, ижтимоий муҳитда тинчлик-тотувлик, осойишталик, эзгулик, меҳр-оқибат, фаровонлик ҳукм суради.
Қўмитамиз томонидан ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, оилаларини мустаҳкамлаш, муаммоларини бўлишиш, бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 15 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди. Мазкур ярмаркаларда 164 нафар ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган аёллардан 533 нафарига 6 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. 1634 та иш ўринлари яратилди. Чем маҳалласида тадбиркор аёл Розияхон Атабекова раҳбарлигида "Милано текстил" МЧЖ тикув-трикотаж мажмуаси ташкил этилган эди. Ҳозирги кунда ушбу корхонада ишлаётган қиз-жувонларнинг сони 215 тага етди. Нўхатак маҳалласида "Бек инвест" тикув-тўқимачилик мажмуаси ташкил этилиб, 300 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Чўнгбоғич маҳалласида эса тадбиркор Шаҳнозахон Мақсудова томонидан "Фарзона текстил ишонч" тикув-трикотаж цехи ишга туширилди ва бу ерда 30 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Ташкил этилган тикувчилик цехларида аёлларнинг самарали ишлаши учун барча шароитлар яратилган.
Ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида, жорий йил уч мавсумда ипак қурти боқишга 3006 нафар аёл жалб қилинди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 95 нафар хотин-қизга қарийб 3 млрд. сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиб, фаолият юритишлари учун имконият яратилди. 79 нафар қиз-жувон "Ҳунарманд " уюшмасига аъзоликка қабул қилинди. 181 нафар хотин-қиз эса "Устоз-шогирд" анъанаси асосида махсус курсларда ўқитилди.
Аёллар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ижобий натижаларга эришилди. Шукрки, жорий йилда туманимиз хотин-қизлари ўртасида қотиллик, оғир тан жарохати етказиш, босқинчилик, безорилик, транспорт ҳодисалари, ҳужжатларни қалбакилаштириш сингари жиноятлар содир этилмади. Бироқ, шу йилнинг ўтган даврида 5 нафар аёлнинг ўз жонига қасд қилганлиги бизни яна ҳушёр, огоҳ ва қаттиқ ишлашимиз зарурлигини тақозо этади.
Оилавий ажримлар - нафақат туманимиз, вилоятимиз, балки бутун республикамиз учун ҳам оғриқли муаммо. Туманимизда йил давомида 189 та ажрим қайд этилган. Бу ажримларнинг 110 таси оилавий келишмовчилик, 38 таси фарзандсизлик, 3 таси хиёнат, биттаси моддий қийинчилик, 14 таси турли бошқа сабаблар натижасида юз берган.
Гарчи, ажралишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 тага камайган бўлса-да, барибир, ажримлар кўп. Биронтаям оила бузилишига йўл қўймаслигимиз, оиласи пароканда бўлгани учун ҳеч бир аёл кўз ёш тўкмаслиги керак.
Ёшларимизни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, айниқса, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, сабрли бўлишларига эришиш, ажримларнинг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тумандаги 77 та маҳаллада "Қайноналар кенгаш»лари томонидан ажрашиш ёқасида турган 16 оила яраштирилди, 13 нафар оиланинг ноқонуний никоҳи расмийлаштирилди. 34 нафар нотинч оилалар аниқланиб, уларга маҳалла мутахассислари, отинойи ва намунали оила вакилларидан мураббийлар бириктирилиб, доимий назоратга олинди.
Бир сўз билан айтганда, бор эътиборимиз ҳаётимиз гултожи бўлган опа-сингил-ларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки, ўрни ва ролини янада оширишга қаратилган.
ИШСИЗ, ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ХОТИН-ҚИЗЛАРГА БЕПУЛ ҲУНАР ЎРГАТИЛАДИ
ЯНГИ ЛОЙИҲА
Бугунги кунда мамлакатимизда ишсиз, қийин шароитларда, муаммоли оилаларда яшаётган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида "Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг қишлоқ ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари" номли лойиҳа ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.
Андижон вилоятида мазкур ижтимоий буюртма вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда "Тадбиркор аёл" ассоциацияси вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланган. Бу борадаги ишларни йўлга қўйишда республика "Сабр" ижтимоий-иқтисодий ривожланиш марказининг ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиш орқали уларнинг моддий аҳволини яхшилаш борасидаги тажрибаларидан кенг фойдаланилади.
Шу кунларда лойиҳа доирасида "Тадбиркор аёл" ассоциацияси вилоят бўлинмаси қошида Маҳаллий ривожланиш маркази ташкил этилиб, Марказга алоҳида жой ажратилди. Энди бу ерда ишсиз мақомига эга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 320 нафар хотин-қиз бичиш-тикиш, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги, попопчилик, машина каштаси, бигиз кашта сингари олти йўналишда бепул ўқитилиб, уларга касб-ҳунар ўргатилади. Энг асосийси, улар муайян билимларга эга бўлганларидан сўнг тадбиркорликка йўналтирилади.
Туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари тавсияларига, шунингдек, "Тадбиркор аёл" ассоциацияси томонидан жойларда ўтказиладиган тақдимот-ахборот йиғинларида аҳоли билан бўладиган мулоқотлар, махсус сўровномалар асосида ишсиз мақомига эга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар аниқланиб, улар бепул касб-ҳунар ўрганиш учун икки ойлик курсларга ўқишга жалб этилади.
Курс машғулотлари белгиланган йўналишлар бўйича малакали мутахассислар томонидан олиб борилади, курсни муваффақиятли тамомлаганларга сертификатлар берилади. Шунингдек, ўқиш жараёнида мутахассислар томонидан опа-сингилларимизга тадбиркорлик, бизнесни йўлга қўйиш, кредитлар олиш тартиблари ҳақида ҳам кенг маълумотлар бериб борилади.
Азиз опа-сингиллар! Агар Сиз ишсиз, қийин шароитда яшаб, қандай йўл тутишни билмаётган бўлсангиз, марҳамат Марказимизга келинг. Бепул касб-ҳунар эгаллаб, ўзингиз танлаган йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйинг. Ҳеч бўлмаса, ҳунар эгаллаб, оилангизга даромад киритинг, муаммоларингизни бартараф этиб, ҳаётда ўз ўрнингизни топинг. Бу йўлда биз Сизга албатта, кўмак берамиз.
Агар касб-ҳунар ўрганиш ниятида бўлсангиз, Маҳаллий ривожланиш маркази (Андижон шаҳри, Лев Толстой кўчаси, 3-уй. Андижон компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи биноси)га ёки ўзингиз яшаётган туман-шаҳар хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилинг.
Наргиза МАРЗАЛИМОВА,
"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти бўлинмаси ижрочи директори.