Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
У қўшниси кўрсатгандай ягана қилар, шаҳарлик бўлгани учунми, бу меҳнат унга завқ бағишларди. Ширин бир ифор унинг бурнига урилди. Атрофга қаради. Узун енгларини шимариб, чаққон ҳаракат қилаётган Зарифанинг ёқасидаги қалампирмунчоққа кўзи тушди. Бир пайтлар бундай мунчоқни энасининг ёқасида кўрган эди. Хотиралар жунбушга келиб Зарифага деди:
- Зарифа опа, ёқангиздаги қалампирмунчоқни кўриб болалигим ёдимга тушди. Энамнинг ҳам қалампирмунчоғи бўлар эди. Ҳар гал бизни бағрига олганида шундай ширин ифор таралар эди.
- Ҳа, тўғри айтасиз. Илгари оналаримиз сохталикдан кўра табиийликни хуш кўрар эдилар. Бу қалампирмунчоқ онамдан қолган ёдгорлик, - дея оғир хўрсинди Зарифа.
- Онангиз оламдан ўтганларми?
- Ҳа. У пайтлар мен ва синглим жуда ёш эдик. Болалигимиз ғурбат билан ўтган.
Икки аёл ғайрат билан ишлаш давомида қизғин суҳбатга берилиб кетдилар. Зарифа қалампирмунчоқ баҳона болалик йилларини эслади.
Ўшанда ёзнинг иссиқ кунлари эди. Беш ёшлар чамаси Зарифа кўчадан ўйнаб уйга кирди. Ичкаридан отаси Санжарнинг бақир-чақириғи, онаси Ҳамиданинг йиғлаётган овози эшитилди. Бундай жанжаллардан зада бўлган жажжи юрак ҳовли саҳнида туриб қолди. Онаси:
- Сенда ҳеч қачон кўнглим бўлмаган. Ҳатто ўғил туғишни ҳам билмайсан, - деганча ташқарига чиқди ва қизига кўзи тушди.
Зарифа "дада", - дея чўчибгина унга ёпишди. Санжар совуққина қизининг юзидан ўпиб қўйди. Сўнг русчалаб бир нималар деганча, кўчага отилди.
Кун ора бўладиган бундай нохушликлардан безиллаб қолган қизалоқ онасининг пинжига суқилди. Жажжи қўлчалари билан тўзиб кетган сочларини силаб, юзидан ўпди.
Ҳамида уни бағрига босар экан:
- Бунча ҳам пешонам шўр бўлмаса?!, - деди-да ўксиб-ўксиб йиғлай бошлади. Бақир-чақирдан чўчиб уйғонган бешикдаги синглиси очиққан шекилли, лаблари тамшанди. Бешик белбоғига маҳкам боғланган қўл ва оёқларини бўшатишга ҳаракат қилди. Кучи етмагач, бошини у ёқдан-бу ёққа уриб ижирғанди.
Шу кундан бошлаб Зарифанинг бутун кўнгли ярим бўлди. Орадан учқур отдай кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Аммо, отасидан дарак йўқ эди. Эшик "тирқ" этса онаси шўрлик югуриб чиқар, отасини бир кун эшик қоқиб кириб келишига умид боғлар эди. Тоғалари келинойиларидан, холалари поччаларидан яшириб, хабар олиб турдилар. Аммо, "еб ётишга тоғ ҳам туриш бермайди" деганларидай, онаси иш қидира бошлади. Синглиси тарбияланаётган боғча мудираси диёнатли аёл экан, уларнинг қийналганини кўриб, онасини фаррош қилиб ишга олди. Кундузлари ишлар, кечалари тун ярмигача дўппи тикиб, рўзғор тебратар эди. Бу орада Зарифа ҳам мактаб ёшига етиб, ўқий бошлади. Онаси узун тунлар Чўлпоннинг шеърига айтилган қўшиқни хазин овозда хиргойи қилар, шоир гўё бу қўшиқни онасига атаб ёзгандай эди:
- Оймомо, менга ширин кулча ташла, дегин! - дер эди.
Зарифа ҳам эркаланиб, секингина онасининг ён томонидан суқилиб кириб, илиқ кўксига бошини қўяр эди. Бурмали кўйлагининг ёқасига қадалган тўғноғичдаги қалампирмунчоқ юзларига тушиб, ўзидан ажиб бир бўй таратарди. Гарчанд отаси бўлмаса-да, онасининг иссиқ бағрида ўзини бахтиёр ҳис қиларди у.
Шундай тунларнинг бирида ҳовлига чиққан онаси қайтиб кирмади. Ҳушёр ётган Зарифа ортидан чиқди. Не кўз билан кўрсинки, онаси ҳовлида чўзилиб ётарди. У бор овози билан дод солиб қўшниларни ёрдамга чақирди. Қўшнилар "Тез ёрдам" чақирдилар. Афсус, Зарифанинг онаси Оллоҳга омонатини топшириб бўлган эди.
Онасининг ўлими ёш Зарифани қайғуга ботирди. Қизалоқларни тоғаси Баҳром бағрига олди. Икки ўғли ва бир қизи ёнига яна икки фарзанд қўшилди. Хотини Назиранинг ичидан қиринди ўтиб турган бўлса-да, эл-улусдан уялиб, индаёлмади. Аслида-ку, қўлидан иш келиб қолган қизалоқлар унга тайёр дастёр эди.
Назира бу сағираларга фарзандлари қатори меҳр бера олмади. Зарифа синглиси билан тинимсиз меҳнат қилса-да, ҳамиша миннат ошини ичар эди.
Бир куни Зарифа синглиси билан жиянларини ўйнатиб ўтирган эди. Қариндошларининг тўйига кетган Назира дарвозадан катта тугун билан кириб келди.
"Ая, нима олиб келдингиз?"- дея фарзандлари тугунни ўраб олдилар. Назира тугундаги ширинликларни уларга улашди. Бир четда мунғайиб турган опа-сингилга икки дона конфет узатаркан, Зарифанинг кўйлагига қадалган тўғноғичга кўзи тушди.
Аммаси уларни яхши кутиб олди, меҳмон қилди. Уч кун ўтгач, Зарифани бир четга чақирди. "Поччанг зиқна одам. Сизлар келган кундан бери уйда тинчлик йўқ, тоғангнинг уйига кетинглар", демоқчи бўлди-ю, аммо айтолмади.
"Биз ҳам жўжабирдай жонмиз. Меҳмон бўлиб келсаларинг, ҳамиша уйимиз очиқ. Аммо, ихтиёр менда эмас. Шунинг учун сизларни уйимда ортиқ олиб қололмайман", дея жиянларини Санжарнинг ҳовлисига олиб борди. Улар билан хайрлашар экан, кўзларига ёш олди.
Шу кеча Зарифанинг кўзларига уйқу келмади. Онасининг зебигардонини очди. Унда бир жуфт тилла зирак ва қалампирмунчоқ осилган тўғноғич турарди. У қалампирмунчоқни қўлига олди. Тўйиб-тўйиб ҳидлади. Энди ундан онасининг бўйи келарди. Ўксиб-ўксиб йиғлади.
- Яхши ҳамки, жиянларим қайтиб келдилар. Агар акси бўлганда, сен ҳам бу уйда бир кун турмас эдинг. Улар менинг опамдан қолган ёдгорларим. Етимлар бўзласа, кўкда фаришталар ҳам йиғларкан. Уволидан қўрқмайсанми? - дея Санжар хотинига танбеҳ берар эди.
Бирин-кетин опа-сингилларнинг бўйи етиб, совчилар кела бошлади. Бу орада Назирага ҳам инсоф кирган эди. Эри билан қўша жон бўлиб, сеп-сидирға қилдилар. Оқ фотиҳа бериб, эгаларига топширдилар. Зарифа катта бўлгани учун онасидан қолган тилла зиракни унга бердилар. Зарифа рози бўлмади.
- Синглим олсин, она меҳрига мендан кўра кам тўйди, - дея зиракни синглисига ҳадя этди.
Орадан неча йиллар ўтди. Қанча кўйлаклари эскириб йиртилди. Аммо, қалампирмунчоқ она меҳрига тўймаган кемтик юрагига далда бўлаётгандай ҳамон у билан.
Зарифанинг ҳикояси сўнггига етгач, Ойниса кўз ёшларини арта-арта ҳовлисига қайтди. Кеча қилган иши эсига тушиб, ичи ёнарди.
Кеча эрталаб ҳовли юзини супураётиб, ерда ётган қалампирмунчоққа кўзи тушганди. Қайнонаси бомдод намози ўқиш учун таҳорат олаётиб, тушириб қўйган экан. Ойниса беписандлик қилди. Супуриб чиқиндилар билан бирга хандаққа ташлаб юборди. Қайнонаси сўраганида, ҳеч тап тортмасдан "билмасам", - деди. "Шунга шунчами?"- дегандай лабини ҳам буриб қўйди. Ҳозир эса ўз хатосини тушунди. Қайнонаси ёлғизликда беш фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказганини келин бўлиб келмасдан аввал онасидан эшитган эди.
"Отам йўқлигини сездирмай катта қилдилар. Емай едирдилар, киймай кийдирдилар, онамни ранжитманг", - дея илк никоҳ кечаси эри ҳам насиҳат қилганди. Қалампирмунчоқда қайнонасининг хотиралари яшириниб ётганини англаб етди. Секин-аста чуқурга тушди. Чиқиндилар орасидан қалампирмунчоқни ахтара кетди. Куннинг қизиган палласи бўлгани учун таралаётган бадбўй ҳидга ҳам писанд қилмади. Ваниҳоят, топди. Гўё, олмос топиб олгандай севиниб кетди. Гўдакни чўмилтиргандай авайлаб ювди. Қуриши учун офтоб юзига қўйди. Қалампирмунчоқдан ҳамон ширин бир бўй таралиб турарди.
Асаканинг Дўрмон қишлоғида бир хонадон бор. Ҳар тонг дарвозасининг олди супуриб сидирилган, қишин-ёзин ҳамиша сувлар сепилган бўлади. Ҳовли саҳни кенг ва катта, худди хонадон соҳибасининг кўнгли каби. Бу хонадоннинг чироғи ҳамиша ёниқ. "Бу ҳовлида "келди-кетди" кўп бўлади", шу боис, дарвозаси ҳамиша очиқ туради.
Хонадон соҳибаси Ҳидоятхон Хобохунова ёлғиз боши билан 6 фарзандни оёққа қўйди, уйлаб-жойлади, эл-юртга қўшди. Биронта фарзандидан ножўя гап эшитгани, биронта боласини бекор қолдиргани йўқ. Вақтида ўқитди, вақтида ҳунарли қилди, яхши жойлардан келин туширди, қизларини иффат-одоби билан узатди.
- Турмуш ўртоғим Шодмонбек Хобохунов ўқимишли, зиёли одам эди, - эслайди Ҳидоятхон ая. - Қишлоғимиздаги мактабда муаллимлик қиларди. Барча фарзандларимизни ўқиб, маънавиятли инсон бўлиб етишишларини орзу қиларди. Қўша қариб фарзандлар роҳатини кўриб юриш пешонасига ёзилмаган экан. Олтинчи фарзандимга ҳомиладор вақтим, 37 ёшида тўсатдан вафот этди. Устимга тоғлар қулаб, қанотим сингандек бўлган. Бевақт ўлим, айни "ейман-ичаман" деб турган олти бола... Янаям Оллоҳ аёлни сабрли қилиб яратар экан. Қайнонамга суяниб, болаларимни катта қилдим. Уларни отаси орзу қилганидек, ўқимишли инсон бўлиб етишишлари учун боримни бердим. Шукр, мана улар, ёнимда, қанотим бўлиб туришибди. Буларнинг барчаси учун яқинларим, айниқса менга суянч бўлган қайнонамдан миннатдорман.
Бугун оиланинг тўнғичи Ферузахон тадбиркор, Иродахон ўқитувчи, Розияхон институт ўқитувчиси, доцент, Хуршидахон Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясида бўлим бошлиғи, ўғиллари Аҳрорбек, Фаррухбеклар савдогар бўлиб етишдилар.
- Опам болаликдан меҳнаткаш, онамга ёрдамчи эди. Онам камзул, жакет тикса, тугмаларини қадаб, дазмол қилиб бозорга тайёрлаб берарди, ўртоқлари ичида ақл-фаросатли эди, бир зум бекор ўтирмасди. Балким, шунинг учун кексаликда фароғатни қаршилаётгандир. Опам мен учун мукаммал она, солиҳа аёл, - дейди синглиси Марғубахон опа.
Аллоҳ томонидан бандалар учун ато этилган улуғ неъматлардан бири, бу фарзандлардир. Уларни етук ва солиҳ инсон қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги бурч, улкан масъулият. Бу масъулиятни Ҳидоятхон ая бир ўзи аъло даражада уддалади, турмушнинг муштлари, ҳаётнинг аччиқ синовларига бардош бериб, фарзандларига ўрнак бўлди.
- Она - мўътабар, буюк зот. У тенгсиз хилқат, оиланинг баракаси, хонадоннинг меҳвари. Бежизга, "жаннат оналар оёғи остидадир" дея айтилмаган , - дейди онахоннинг қизи Иродахон. - Она - фарзандлари учун гўёки ойна. Ундаги барча ижобий фазилатлар, хислатлар фарзанд табиатида акс этади. Онамизнинг айтганларини қилиб, кам бўлмадик. У зотнинг берган тарбиялари туфайли шу даражага эришдик, ундан ўрганганларимизни фарзандларимизга, набираларимизга ўргатаяпмиз.
Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" романи оналар меҳри, садоқати, сабри, фидоийлиги ҳақидаги энг таъсирли асардир. Асарда ёзувчи онасининг кулбасида доимо чироқ ёниқ туриши, бу чироқ худдики, маёқ каби унинг йўлини ёритиб, хонадонини нурафшон қилиб туриши, онаси вафотидан сўнг чироғи ўчган кулба хувиллаб, ёзувчи дунёсини зулмат қоплагани тасвирланади.
Ҳидоятхон аянинг кулбаси... Бу уйнинг ҳамиша чироғи ёниқ... Бу уйга маҳалладаги дуоталаб ёшлар, турмушга чиқаётган қизлар, фарзанд орзусидаги келинчаклар тез-тез ташриф буюришади, онахоннинг дуосини олиб маслаҳату ўгитларидан баҳраманд бўлишади.
Бугун мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, суд тизимини ислоҳ қилиш, демократлаштириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иши юритувининг сифатини, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, суд, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини юртимизнинг ҳар бир фуқароси дилдан ҳис этмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди томонидан ана шу йўналишда, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноят келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида амалдаги қонун ва тартиблар доирасида 44 нафар шахсга нисбатан 40 та жиноят иши кўриб чиқилди. Хусусан, 35 нафар шахсга нисбатан 30 та жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Қатор маҳаллалар, Пахтаобод енгил саноат ҳамда Тиббиёт коллежларида, меҳнат жамоаларида ўтказилган сайёр суд мажлисларида суд идоралари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, турли иллатларга барҳам бериш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ўтказилаган мулоқот ва суҳбатлар ижобий натижалар бермоқда.
Амалга оширилаётган юқоридаги каби тарғибот-тушунтириш ишлар самараси ўлароқ, жорий йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрилган жиноят ишлари 8 тага камайди.
Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди Ички ишлар бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларини изчил ва тизимли равишда давом эттиради.
Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти ва адабиёти кунлари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир доирасида Чимкент шаҳрида қардош халқлар ўртасида адабий, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшни халқларнинг маданияти, санъати, тили ва адабиётини, шунингдек, ўзбек тили ва адабиётини тарғиб этишга бағишланган анжуман ўтказилди. Тадбирга Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистондан ижодкорлар таклиф этилди. Қувонарлиси, унда вилоятимиздан ҳам бир гуруҳ ижодкорлар иштирок этди.
Анжуман олдидан иштирокчилар Чимкент вилояти Сайрам туманидаги ўзбек миллий драма театрида ўтказилган тадбир меҳмони бўлдилар. Меҳмонларни қозоқ халқининг атоқли оқини Абай номидаги ўзбек академик театри жамоаси, "Истеъдод" адабий бирлашма раиси Раҳим Рашид, Қозоғистон Республкаси ўзбеклари "Дўстлик" ҳамжамияти "Ижодкор" адабий бирлашмаси раиси, Қозоғистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир, ёзувчи, таржимон Абдураҳим Пратов, "Чимкент" ижодий уюшмаси раисаси Эркиной Султонова, Қозоғистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, олий тоифали филолог, таржимон Озода Аҳмедова ва бошқалар кутиб олди. Тадбирда қардош халқлар ўртасидаги маданий, адабий, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
21 сентябрь куни меҳмонлар Чимкентдаги Қозоғистон Миллий ассамблеяси биносида ўтказилган анжуманда қатнашди. Анжуманда Марказий Осиё халқлари ҳаётида бу каби маданий, адабий тадбирлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, қўшни, қардош халқлар ўртасидаги маданий, адабий, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, умуминсоний маънавиятни бойитиш, миллатлараро муносабатлар ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, ижодий ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Турли халқлар тилларида ижро этилган куй-қўшиқлар, ўқилган шеърлар барчага хуш кайфият улашди.
Тадбирда Чимкент шаҳридаги Ойбек номли 14-ўрта мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан "Ўзбек тили - она тилим, Қозоқ тили - ватан тилим" мавзусида кўргазма ташкил этилди. Тадбир сўнггида иштирокчилар бир-бирларига ўзларининг китобларидан тақдим этдилар, совға-саломлар топширилди. Қўшни давлатлардан келган ижодкорлар Қозоғистон Республикаси ўзбек этномаданий бирлашмаси "Дўстлик" ҳамжамиятининг Ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Мазмунли, илҳомбахш, юқори ижодий кўтаринкилик билан ўтган тадбирлар унутилмас таассуротларга бой бўлди. Қардош халқлар ижодкорлари диллашиб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Энг муҳими, анжуман халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, ижодкорларни бир-бирлари билан яқинлаштирди.
Китоб - хазина. Маънавий оламимизни ана шу хазина билан безаш ўз қўлимизда. Мутолаага ҳамроҳ инсонни қўлида машъала кўтарган кимсадек тассаввур қилиш мумкин. У нафақат ўзининг, балки атрофидагиларнинг ҳам йўлини ёритади. Ҳақиқатан ҳам, китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган воситадир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китобни эъзозлаб, кўз қорачиғидек асраган кишилар алоҳида ҳурмат кўрсатилмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этишга йўналтирилган тўртинчи ташаббус доирасида Андижон машинасозлик институтининг Ахборот-ресурс марказида "Талаба ёшлар - шоир ва адиблар даврасида. Икки авлод учрашуви" мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбирда вилоят "Нафосат" ижодкорлар клуби раҳбари, Чўлпон жамоат фонди раиси Fани Мажид раҳбарлигидаги бир гуруҳ ижодкорлар иштирок этдилар.
Институт талабалари шоир ва ёзувчилар томонидан яратилган янги асарлардан намуналар тингладилар. Талабалар О. Дилшодов, Х. Муҳаммаджонов, ахборот-ресурс маркази бўлим мудири М. Ботировалар ҳам ўз ижод намуналаридан ўқиб бердилар.
Юртбошимизнинг "Китобхонлик маданиятини юксалтириш - буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир" деб айтган сўзларини шарҳлар экан, Fани Мажид талабаларга китоб - инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган мўъжизавий куч эканини, китобга ошнолик ҳаёт синовларида чалғимаслик, муаммоларга осон ечим топиш, ҳақиқатни англаш эканини таъкидлади.
Шодлик билан ғам ёнма-ён келади, деганлари рост. Юртбошимизнинг Фармони билан вилоятдаги бир гуруҳ аёллар қатори Мамлакатхон опа ҳам "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланган кунлар умр йўлдоши Шоирбек ака оғир хаста эди. У кўзларини мўлтиратиб опага қараркан, хушхабардан мамнун бўлганини билдириб, деди:
- Меҳнатларингиз қадр топганидан хурсандман. Сиз "Мўътабар аёл" деган номга муносиб аёлсиз. Сиздай аёлим борлигидан, сиздай аёл билан яшаганимдан Аллоҳга шукрона келтираман. Агар менга яна қайта дунёга келиб яшаш насиб этганида яна сизга уйланган бўлардим.
Умр йўлларида йўлдош бўлган яқин инсонининг бу шукронаси опа учун энг катта мукофот эди.
- Йиллар жуда тез ўтгандай, назаримда, - дейди опа маҳзунлик билан. - Шоирбек акангизни сўнгги йўлга кузатганимдан кейин кўп ўйладим: қаранг, шунча йил бирга яшаб, ўзимизга ватан тикладик, ўғлимиз Шерзодбек билан қизимиз Наргизахонни вояга етказиб, элгу қўшибмиз-у, буларнинг барчаси худди бир зумлик тушга ўхшайди. Яқин инсонингни йўқотиш оғир бўларкан. Дунёларга сиғмай кетаман. Яна ўзимга-ўзим таскин бераман: ахир, яхши инсон билан яшадим, қобил фарзандлар тарбияладик, улар ўзларидан кўпайиб, этагимиз набираларга тўлди. Катталари олийгоҳларда таҳсил олишмоқда. Ҳадемай насиб қилса менинг издошим бўлиб улар ҳам юртга хизмат қилишади. Шуларни ўйлаб, шукрона келтираман. Бир аёлнинг бахти шунчалик бўлади-да.
Қарийб 40 йилдан зиёд маориф соҳасида хизмат қилган Мамлакатхон опа оддий ўқитувчиликдан туман халқ таълими бўлими мудири даражасигача бўлган машаққатли, аммо, шарафли йўлни босиб ўтди. Туманнинг энг чекка ҳудудидаги мактабларда ҳам компьютер синфлари ташкил қилишга, замон талабига мос таъмирлаш ишларини амалга оширишга интилди. Энг муҳими, кўпсонли педагоглар жамоасининг ҳурматини, ишончини қозонди, уларнинг қалбига йўл топди.
- Ким бўлмасин, ҳамма ҳам инсон, - дейди опа. - Унинг кўнгли билан ҳисоблашиб муомала қилиш керак. Ҳамкасбларимга, шогирдларга ҳам тинмай уқдираман. Инсон шаънини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мамлакатхон Юсупова 2004-2005 йилларда вилоят "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси раиси сифатида ҳам фаолият олиб борган. У "Жозибали табассум" дастури асосида барча туманларда бўлганида кам таъминланган оилаларга қувонч улашишга ҳаракат қилган. Ва бунга эришган ҳам. Қанча-қанча одамлар ҳали-хануз ундан миннатдор.
Мамлакатхон опа билан кўп суҳбатда бўлганман. Унинг дунёқараши кенг, руҳи тетик, кўнглида ҳаётга, яхши яшашга, инсонларга меҳр-муҳаббати кучли. Ҳеч бир воқеа-ҳодисага бефарқ эмас. Кўмак, маслаҳат сўраб келганлардан ёрдамини аямайди.
Бугун байрам муносабати билан устозлари Мамлакатхон опани табриклаш учун кўплаб шогирдлари унинг хонадонига ташриф буюради. Опа шогирдлари, эл-юрт орасида қадр топганидан қалбида фахр ва шукроналик туйғулари жўш уради, устозлик бахтидан сармаст бўлади.
Устозни мисли ёниб турган шамга қиёс қилиш мумкин. Ўзи ёниб, атрофга нуру зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу сабаб, ҳар бир инсон ёшидан, мавқеидан, даражасидан қатъи назар, сабоқ берган устоз-мураббийи олдида мудом таъзимда. Уларнинг меҳнатлари беқиёсдир.
Андижон давлат университети қошидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази катта ўқитувчиси Шоирахон Аҳмедова ҳам 30 йилга яқин вақт мобайнида машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтди. Ўзи шогирд бўлди, ҳавас қилди устозларига, уларнинг ҳурматини жойига қўйди, эъзозлади. Бунинг самараси ўлароқ илм-фанда юқори мартабаларга эришди, обрў-эътибор топди.
Унинг болаликдан физика, математика фанларига меҳри бошқача эди. Айниқса, математикани фанларнинг гултожи деб биларди. Мактабни тамомлагач, Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги АДУ) математика факультетига ўқишга кирди. Тиришқоқ талаба ўз иқтидори билан институт ўқитувчиларининг эътиборига тушди. Олий таълим даргоҳини муваффақиятли тамомлаши биланоқ ёш мутахассисни Андижон педагогика билим юртига ишга таклиф қилдилар. Бу даргоҳда у ёшларга математика, бошланғич синфларда математика методикаси, физика фанларидан таълим берди.
Шоирахон опа 2001-2003 йилларда Андижон шаҳридаги Республика Олимпиада захиралари билим юрти(ҳозирги Олимпия захиралари спорт мактаби)да математика, физика ва информатика фанлари ўқитувчиси, 2004-2011 йилларда Андижон давлат университети "Информатика" кафедрасида "Информатика ва ахборот технологиялари" фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. 2005 йилдан Тошкент Ахборот технологиялари университети "Информатика ва ахборот технологиялар" кафедрасида Ш. Назиров илмий раҳбарлигида "Масофавий таълим бўйича электрон дарсликлар яратиш" мавзусида изланиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Қатор йиллар давомида мазкур йўналишда республика ва халқаро миқёсдаги жуда кўп семинарларда қатнашди, ўзи ҳам қатор семинарлар, кўргазмали дарслар ўтказди, унинг тажрибалари кенг оммалашди.
2007 йилда АДУ ҳузуридаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази "Информатика" қайта тайёрлаш курсида таълим олди ва унга "Информатика фани ўқитувчиси" ҳуқуқи берилди. Йиллар ўтиб, аниқроғи 2012 йилда Ш. Аҳмедова ўзи таҳсил олган мазкур марказда "Масофадан ўқитиш ҳудудий мувофиқлаштириш маркази" администратори лавозимида ишлай бошлади.
Бу даргоҳда олиб борган меҳнат фаолияти давомида Шоирахон опа ўзини изланувчан педагог, интизомли ходим, талабчан ўқитувчи, салоҳиятли мутахассис сифатида намоён этди.Университет профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари орасида ҳурмат-эътибор қозонди. У ўзининг педагогик маҳоратини мунтазам ошириб боради, маъруза ва амалий машғулотларни илмий ва методик жиҳатдан замон талаблари даражасида бўлишини таъминлайди.
Тиниб-тинчимас ўқитувчи Республика ва халқаро миқёсида ўтказилган илмий конференцияларда фаол иштирок этиб, 60 та тезис ва 9 та мақола, 4 та услубий қўлланма ва 9 та услубий тавсиянома нашр эттирди.
Айни дамда у ҳудудий марказнинг "Аниқ ва табиий фанлар методикаси" кафедраси катта ўқитувчисигина эмас, балки Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетиПедагогика кафедрасининг мустақил изланувчисидир. Опанинг малакали мутахассис, изланувчан ва ташкилотчи эканлиги ҳисобга олиниб, ўтган йили уни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси Фарғона филиалига ишга таклиф этишди. Айни кунда у ана шу даргоҳда ҳам ўриндошлик асосида фаолият юритмоқда.
Шоирахон опа таълим соҳасидаги самарали меҳнатлари, эришган ютуқлари, изланишлари учун кўп бор Халқ таълими бошқармаси, республика Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланган.
Чиндан ҳам, устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини сочади, қўлимиздан тутиб, маърифат сабоқларини беради, меҳр-муҳаббат улашади. Биз эришаётган улкан ютуқларимиз, қўлга киритаётган ғалабаларимизда уларнинг ҳиссаси катта. Шу сабаб, уларни мудом шарафлагимиз, ардоқлагимиз келади. Минглаб қалбларда эзгулик чироғини ёқиб яшаётган ана шу буюк қалб эгалари - устоз ва мураббийларга ҳамиша таъзимдамиз.
"Маҳорат мактаби, ижтимоий фанлар, жаҳон тилларини ўқитиш бўйича тажриба-таянч мактаби" ҳисобланган мактабимиз нафақат, туманимиз, балки вилоятимиздаги илғор таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
3 та ўқув корпуси, 75 та ўқув, 2 та компьютер хонаси, шунингдек, ўқув-лаборатория хонаси, стадион, спорт зали, ошхона, 4 мингга яқин ўқув ва бадиий китоб фонди бўлган кутубхонага эга мазкур мактабда айни пайтда 2 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда.
Мактабимиз жамоаси 2017 йилда "Энг обод таълим муассасаси" кўрик- танловининг республика босқичида ғолиб чиққан. Мактаб ҳудудига кирган одам бу ердаги ўзгача муҳитни ҳис этади. Тозалик, саранжом-саришталик эътиборни тортади. Мактабда барча ўқувчи, ўқитувчилар тозаликка, айниқса, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қиладилар. Муомала, сўзлашиш, одоб-аҳлоқ, кийиниш борасида мактаб жамоасига кўплар ҳавас қилади.
Фанлар бўйича синф хоналар талаб даражасида жиҳозланган. Ҳар бир хонада кўргазмалар, дидактик материаллар мавжуд, назорат ишлари банклари яратилган. Ўқувчилар тўла дарслик билан таъминланган. Барча дарслар кабинет тизимида, янги педагогик технологиялар асосида ўтилади. Дарслар жараёнида ўқувчиларнинг ўз фикрларини эркин, мустақил билдиришларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шу боис ҳам мактабимиз жамоаси икки йилдирки, ўқитиш рейтинги бўйича туманда биринчи ўринни, вилоятда ҳам юқори ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Ўқувчиларимиз фан олимпиадаси, Билимлар беллашувининг туман, вилоят босқичларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Мактабимизда "Бахтли мактаб" лойиҳаси амалга оширилди. "Бахтли билан яша, бахт билан ўқи, бахт билан ишла" шиори остидаги лойиҳа доирасида жиноятчилик ва хуқуқбузарликларнинг, наркомания, ичиш, чекиш сингари салбий иллатларнинг олдини олиш борасида ота-оналар ва болалар ўртасидаги мулоқотларни янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар бажарилди. Шу боис ҳам муассасамизда кейинги йилларда ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари, умуман қайд этилмади.
Дарсларда берилган билимларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишда тўгаракларнинг ўрни ва роли муҳимдир. Шу сабабдан мактабда 5 та ижодий, 6 та спорт ва 50 га яқин фан тўгараклари ташкил этилган.
Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган спорт тўгаракларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Спортнинг юнон-рум кураши, қўл жанги турлари бўйича бир қатор ўқувчиларимиз вилоят, республика, халқаро миқёсдаги мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Мактабимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича "Президент ташаббусига ташаббус билан жавоб берамиз" шиори остида ўтказилган фестиваль ўқувчиларимиз фаоллигини янада оширди.
Бир сўз билан айтганда, мактабимиз жамоасининг эришаётган ютуқлари салмоқли. Чунки, бу ерда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ҳар томонлама етук ва баркамол ёшларни тарбиялашга қаратилган ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Шу номдаги тадбир Асака туманидаги 27-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Туман халқ таълими бўлими вакиллари, умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ҳудуддаги тадбиркор аёллар, фахрий устозлар иштирок этган тадбир Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ўтказилди.
Тадбирни умумтаълим мактаби директори Муҳайё Исақова очиб, турли зиддиятлар, маънавий хуружлар кучайиб бораётган даврда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ экани, шу боис Юртбошимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этиши, мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилаётганини таъкидлади.
- Барча даврларда ҳам инсон ҳаёти учун энг зарур нарсалар қадрланиб, эъзозланган. Улардан энг муҳим ва азизи - нон, иккинчиси китобдир, - дейди умумтаълим мактаби хотин-қизлар бошланғич қўмитаси раиси Бушоира Исақова. - Нон - инсон танасига куч-қувват берувчи моддий неъмат бўлса, китоб - ҳамиша инсоният учун маънавий бойлик, қудрат тимсоли бўлиб келган. Шу боис, халқимиз учун китобхонлик - маънавий давлатмандликдир. Китоб ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан тўхтайди. Ҳеч қанақа интернет, телефон ё телевизор китоб ўрнини боса олмайди.
Тадбирда сўз олган фахрий устозлар, нуроний онахонлар ёшлар ҳаётида китобхонликни заруратга айлантириш кераклиги, уларда китоб ўқишга ҳавас уйғотиш, бу борада устозу мураббийлар, бобо-ю бувилар бевосита ёрдам беришлари лозимлиги ҳақида гапирдилар. Набираларга китоб ўқиб бериш, ҳадису ҳикматлар ўргатиш ҳар бир оилада йўлга қўйилиши кераклигини таъкидладилар.
Ўқувчиларнинг билими, қай даражада китобхон эканликлари синовдан ўтказилди. Меҳринисо Шодмонова, Хайринисо Шодмонова, Лайло Ўлмасбековалар муаллимлар берган саволларга жавоб бердилар, ўқиган китобларининг мазмуни, тарбиявий аҳамияти ҳақида маълумот улашдилар.
Шеърхонлик, миллий ашула ва рақслар йиғилганларга хуш кайфият улашди. Тадбир сўнггида иқтидорли, фаол қатнашчилар рағбатлантирилди, ўқувчиларга китоблар совға қилинди.
Миллатимиз азал-азалдан устоз зотини эъзозлаб, улуғлаб келган. Отадек улуғ ва онадек меҳрибон устозлар бугунги кунда ҳам улуғланиб, уларга эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Ота-она фарзандини самодан пастга туширган бўлса, устоз уни юксакка кўтаради, - деб халқимиз бежиз айтмаган. Дарҳақиқат, ота-она фарзандни дунёга келтириб, вояга етказар экан, муаллим уни таълим ва тарбия воситасида сайқаллайди.
Истиқлолимиз туфайли бугунги кунда жамиятимизда устоз ва мураббийларнинг обрў-эътибори ва масъулияти янада ошиб бормоқда. Муаллим - келажак бунёдкоридир. Жамият деб аталмиш иморатнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши унинг муҳандислари бўлмиш устозларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатларига боғлиқ.
Зеро, буюк адибимиз Абдулла Авлонийнинг "Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир" даган фиклари ҳали ҳамон ўз мазмун моҳиятини йўқотгани йўқ.
Илм инсон руҳининг озуқасидир унинг шарофати билан инсон юксалади, комилликка эришади. Устоз-муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун меҳнат қилади.
Ўқитувчи ва мураббийлар бугун ўзи муносиб бўлган мақомга эга бўлдилар. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 23 август куни таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган йиғилишида ўқитувчиларга юксак ишонч билдириб, уларни жамиятдаги обрў-эътиборини ошириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилиши долзарб бўлган масалалар юзасидан қатор вазифаларни белгилаб берди. Жамиятда эришган мавқеи ва кўрсатилаётган ғамхўрлик эса ўқитувчи ва педагогларга қанот бўлиб, янада шижоат билан меҳнат қилишлари учун замин бўлиб хизмат қилади.
Ҳаёт боғининг боғбони бўлган муаллим шогирдларига ўзидан-да буюк марраларни соғинади. Уларнинг эришган ютуқларидан қувонади, қилган меҳнатлари зое кетмаганидан боши кўкка етади. Шундай экан, устозлар эъзозланган юртда маънавият юксалади, илм-фан тараққий этади.