Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил - миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмаган.
Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Тилимизда шундай жозибакор, таъсирли сўзлар борки, уларни эшитганда, тилимиз гўзаллигидан беихтиёр қалбимиз фахр туйғулари билан тўлади.
Ўзбек адабиётининг улуғ адиблари Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор асарларини, ўзбек шеъриятининг бетакрор ижодкорлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф шеърларини севиб ўқийман. Улардаги гўзал ўхшатишлар, ташбеҳлар, содда ва равонлик мени ҳамиша асир этади, уларни қайта-қайта ўқигим келаверади.
Мактабимизда устозимиз Муаззам Отабоева томонидан ўтиладиган она тили ва адабиёти дарсига нафақат мен, балки кўплаб тенгдошларим катта қизиқиш билан қатнашади. Эҳтимол, бизнинг ана шу қизиқишимиз, иштиёқимиз она тилимизга бўлган ҳурматнинг бир кўринишидир.
Кўча-кўйда, турли тадбирларда бўлганимизда кимларнингдир тилимизни бузиб, русча сўзларни қўшиб гапиришларини эшитсам, жаҳлим чиқади. Бу билан улар ўзларини кўп нарсани биладиган қилиб кўрсатишга уринсалар-да, аслида она тилини ҳурмат қилмайдиган, маданиятсиз эканликларини кўрсатиб қўядилар. Қолаверса, уларнинг бу каби гапиришлари кўплаб ёшларда тилга нисбатан ҳурматсизликни келтириб чиқариши мумкин.
Биз ёшлар она тилимиз, унинг ривожланиш тарихи, гўзал жиҳатлари ҳақида билимларимизни мунтазам бойитиб боришимиз, унинг жозибасини асраб-авайлишимиз керак. Чунки, тилимиз бўлмаса, бизнинг келажагимиз ҳам бўлмайди. Буни асло унутмаслигимиз керак.
Табиатга ошно бўлиш, гўзал фаслнинг завқини туя билиш қандай яхши. Беихтиёр мана шундай гўзалликка ошно этгани учун она табиатга, Яратганга шукроналар келтирамиз.
Минг афсуски, орамизда шундай инсонлар ҳам борки, хазонларни тўплаб, ёқиб юборади. Мусаффо осмонимизни хазон тутуни билан захарлайди. Бундай номақбул ишни қилаётганлар наҳотки, она табиатимизни захарлаётганлигини, хазон тутунидан одамлар турли хасталикларга гирифтор бўлишини англаб етмасалар?
Бундай нохуш ҳолатни ҳар бир маҳаллада, ҳар бир кўчада учратамиз. Улардан чиқаётган тутун жамланса, унинг зарарли оқибатлари қанчалик улкан бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Тўғри, бугун бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича телевидение, радио, матбуот нашрлари орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда, кўп гапирилмоқда. Бироқ, орамиздаги эътиборсиз, лоқайд инсонлар тутунлар келтириши мумкин бўлган офатни тушуниб етмаяпти. Агар кузатадиган бўлсак, хазонларни ёқиб юбораётганлар ёш болалар эмас, балки ҳаёт тажрибасига эга, ақли расо кишилар эканлигига гувоҳ бўламиз. Улар атроф-муҳит мусаффолигига, одамлар, айниқса, фарзандларимиз саломатлиги, келажагига эътиборсиз кимсалардир. Маҳалла, кенг жамоатчилик ундайларга нисбатан қатъий чоралар кўриши керак. Зотан, мусаффо осмонимизнинг заҳарланишига йўл қўймайлик.
Хазонларни супуриб шаҳар жойларда махсус чиқинди қутиларига ташлаш, қишлоқларда эса уларни томорқанинг бирор жойига кўмиб қўйиш керак. Маълум муддат ўтиб, кўмилган хазон чириб, табиий ўғитга айланади. Энг асосийси, атрофга зарар етказмайди.
Оқилона фойдалана билсак, назаримда хазон ҳам улкан бойлик. Ундан самарали фойдаланишга илмий ёндашиш, инновацион ишланмалар яратиш масалаларига эътибор кучайтирилиши жуда муҳимдир.
МЕҲНАТ ҚИЛГАН ИНСОН КАМ БЎЛМАЙДИ, - дейди тажрибали фермер Каримахон Матмуродова.
Фермер аёлларимиз
Бўз туманидаги "Наврўз-Мингчинор" фермер хўжалиги раҳбари Каримахон Матмуродовани фидойилик билан ишлаётган маҳалла раиси, балки тажрибали фермер сифатида ҳам кўпчилик яхши билади. У болалигиданоқ ерга меҳр қўйган. Ёшлигидан ота-онасига томорқа ишларида кўмаклашар, мева ва сабзавотлар етиштириш билан боғлиқ ишларни ипидан игнасигача ўрганиб олган эди.
... Орадан йиллар ўтди. Каримахон қўшни қишлоққа турмушга чиқди. Хўжаликда табелчи, бригада бошлиғи бўлиб ишлади. Деҳқончилик бобида улкан тажриба тўплади.
Юртимизда фермерлик ҳаракати кенгайган, деҳқонларга ишлаш учун кенг имкониятлар яратилганлигидан руҳланган Каримахон оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, 2006 йилда ўзи яшаётган Наврўз маҳалласида "Наврўз Мингчинор" номли фермер хўжалигини ташкил этиб, деҳқончилик қила бошлади. Бошиданоқ ишлар ёмон бўлмади. Тажрибали деҳқонларни ёнига олди, улар билан маслаҳатлашиб иш кўрди.
Каримахон опа ўтган йиллар давомида ер билан тиллашишни ўрганди, фермерлик соҳасида муайян тажриба тўплади, фаолияти кўламини кенгайтирди. Бугунги кунга келиб, у раҳбарлик қилаётган хўжалик тасарруфида 50 гектар ер мавжуд. Фермер хўжалигида ҳар йили ғалла ва пахтадан мўл ҳосил олинади, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилади. Жумладан, жорий йилда ҳам 24 гектар ерга ғалла экилиб, режани 120 фоизга бажарди. Бу ишлар албатта, ўз-ўзидан бўлмайди, унинг ортида тинимсиз меҳнат, катта ташкилотчилик, интилиш ётади.
Айниқса, деҳқончиликда тажриба ва билим уйғунлашса, машаққатлар аста чекинаверар экан. Бундан ташқари, ҳар бир ишни тўғри ва ўз вақтида ташкил этиш ҳам самарали натижаларга олиб келишини Каримахон опа фаолияти давомида жуда кўп кузатган. Хўжалик аъзоларининг бошини бир ерга бирлаштира олган фермер уларнинг барчасини ўз оила аъзоларидек билди. Зарур пайтларда уларга моддий, маънавий кўмак беради. Шунинг учун ҳам фермер хўжалик аъзолари сидқидилдан меҳнат қиладилар. Бу эса эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.
- Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, - дейди фермер К. Матмуродова. - Ерга эътибор берсангиз, у албатта, сизни боқади. Ернинг калити ҳақиқий деҳқоннинг қўлида. Чин дилдан ерга меҳр бериб ишлаган одамни ер алдамайди. Мен бунга ҳаётим, фаолиятим давомида кўп бор амин бўлганман.
Хўжалик аъзолари жорий йилда 26 гектар майдонга чигит экиб, ғўза парваришини белгиланган агротехник тадбирлар асосида олиб бордилар. Натижада мўл пахта ҳосили етиштирилди. Хўжалик шу кунларда 79 тонна пахта топшириб, белгиланган режани адо этди. Ҳар гектар майдондан 31 центнердан ҳосил олинди.
Йиғим-теримда хўжалик аъзолари билан бирга, "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Шоҳидахон Сиддиқова раҳбарлигидаги 50-терим отрядига бирлашган уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Одамлар ишончи ва ҳурматини қозонган бу фермер аёл кўплаб хайрли ишларни бажариб келмоқда. Эл юрт ишига фидойи, маҳалладошлари қайғу ва қувончига шерик бўлган Каримахон ўзини маҳалладошларидан айро тасаввур қила олмайди. Уларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлашлари унга ҳамиша мадад беради.
Қаҳрамонимиз оилада ҳам бахтли, ҳавасга арзирли оила бекаси. Турмуш ўртоғи Абдувахоб ака билан 2 қиз, бир ўғилни тарбиялаб, элга қўшдилар. 7 набиранинг қувончи бувию бобога бир олам завқ беради.
Бугун орамизда Каримахон Матмуродова сингари фидойи ва меҳнаткаш аёлларимиз бор экан, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, юртимиз тараққиёти юксалиб бораверади.
Жорий йилда Бўз туманидаги 5 минг 169 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Тумандаги 127 фермер хўжалиги томонидан давлатга 16 минг 651 тонна "оқ олтин" етказиб бериш белгиланган. Айни кунда ташкил этилган 61 та терим отряди аъзолари йиғим-теримни юқори кўтаринкилик билан олиб бормоқда.
- Пахта - халқимизнинг миллий бойлиги, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Шу кунларда бўзлик пахтакорларга мададкор бўлаётган кўнгилли ҳашарчи опа-сингилларимиз деҳқонларнинг машаққатли меҳнатлари билан етиштирилган ана шу бойликни тезроқ йиғиб-териб олишга аҳд қилган.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан туман ва шаҳарлар маҳаллаларидан уюшмаган аҳоли вакиллари, уй бекалари, вақтинча ишсиз хотин-қизлардан иборат 800 нафардан зиёд кўнгилли ҳашарчилар айни кунда йиғим-теримдан Бўз тумани пахтакорларига яқинда ёрдам бермоқда. Улар ҳар куни 40-42 тонна пахта териб, хирмонга тўкмоқдалар.
Шижоатли ҳашарчилар томонидан тумандаги турли фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган оқ олтин йиғиб-териб олинмоқда.
- Маҳалламиздан ўндан ортиқ аёл кўнгилли бўлиб теримга келганмиз, - дейди Андижон шаҳридан Донохон Ибрагимова. - Кенг дала, очиқ ҳавода юриб, пахта териш энг аввало, соғлигимизга фойда, қолаверса, қўшимча даромад топиш имконини беряпти. Терим пуллари уч, беш кунлик қилиб бериляпти. Бундан ташқари, теримчилар туман, вилоят ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмитаси томонидан совға-саломлар билан рағбатлантириб борилаётганлиги шижоатимизни янада оширмоқда.
Теримда қатнашаётган ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилган. Уларнинг далага бориб келишлари учун транспорт ташкил этилган, тушликка эса иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда. Теримдан сўнг эса маданий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Тумандаги "Боғи Эрам" маҳалласининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Буҳалима Солиева етакчилигида 60-терим отрядига бирлашган қиз-аёллар ҳам теримда фаол иштирок этмоқда.
Пахтазорда ким билан суҳбатлашмайлик кайфияти чоғ, теримда кўнгил амри билан иштирок этаётганлигини ҳис этдик.
- Келиним билан теримга чиққанмиз, - дейди Бўз тумани "Боғи эрам" маҳалласида яшовчи Муҳайёхон Аҳронова - Биргалашиб ҳар куни 250-300 килограмм пахта теряпмиз. Уйда бўлганимизда уй юмушлари билан кунимиз ўтарди. Теримда қатнашиб, ҳар беш кунликда 1,5 миллион сўмга етказиб пул оляпмиз. Бу оиламиз учун яхшигина даромад ҳисобланади.
Ҳа, бугун пахтазор фидойи, шижоатли юртдошларимиз, айниқса, опа-сингилларимиз учун ҳақиқий меҳнат майдонига айланган. Мақсад битта, у ҳам бўлса, кузнинг қуёшли кунларидан унумли фойдаланиб, халқимизнинг миллий бойлиги бўлган пахтани нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш. Ана шу хайрли ишда фаол қатнашаётган ҳамюртларимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин.
Жорий йилда Булоқбоши тумани пахтакорлари давлатга 9 минг 300 тоннадан зиёд сифатли пахта ҳосили топшириб, белгиланган йиллик режани 21 иш кунида бажарди.
Пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Туманимиз маҳалла фуқаролар йиғинларидан уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакилларидан иборат 6 минг 200 нафар теримчи 37 терим отряди таркибида теримга жалб этилди.
Жорий йилда теримнинг маҳаллий шароитдан, пахтанинг очилиши, фермер хўжаликлари имкониятларидан келиб чиқиб бошланишига алоҳида эътибор қаратилди. Энг асосийси, пахта ҳосили четдан келадиган ёрдамчилар кўмагисиз териб олинди. Терилган ҳар бир кило пахта учун теримчиларга 1000 сўмдан пул тўланди. Шунингдек, теримчиларга тушликка иссиқ овқат ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.
Бу каби эътибор ва рағбат, терим пулларининг ўз вақтида бериб борилиши, илғорларни моддий ва маънавий тақдирлаш, маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш теримчиларни фидойиликка ундади.
Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида туман пахтакорлари эришган зафар муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда вилоятимиз ҳокими Ш. Абдураҳмонов барчани муборакбод этиб, илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари Абдуҳошим Нурматов, Исматулло Исматов ҳамда пешқадам теримчи Майрамхон Пирматовага "Жентра" ва ""Спарк" автомобиллари совға қилди.
Рағбат ва эътибордан руҳланган туман пахтакорлари далаларда етиштирилган пахта ҳосилини охирги мисқолигача йиғиб-териб олишга аҳд қилдилар.
Мактабгача таълим-тарбия сифати мутахассисларнинг билим ва малакасига боғлиқ
Мутахассис минбари
Фарзанд - инсонга ато этилган энг олий неъмат. Жажжи чақалоқнинг дунёга келиши хонадонларга қувонч, оилага бахт олиб келади, келажакка бўлган ишонч ва умидни мустаҳкамлайди. Чунки, фарзанд - ҳаётимиз гултожи, наслимиз давомчисидир.
Ҳаётимиз мазмуни бўлган фарзандларимиз тарбияси эса ҳамма нарсадан устун. Шундай экан, бугун дилбандларимизнинг униб-ўсишига, айниқса, уларнинг мактаб давригача бўлган тарбиясига алоҳида эътибор қаратишимиз ниҳоятда муҳимдир.
Боланинг ўсиши ва ривожланиши узлуксиз давом этадиган жараён. Бу жараёнда у мустақилликка ўргатиб борилади. Эндигина тетапоя қилиб қадам қўйишни, юришни ўрганган бола қўлини қўйиб юборишни хоҳлайди. Тили чиқиб гапиришни ўрганиши билан унинг тарбиясида янги давр бошланади. Умуман, болаликнинг ҳар бир даври ривожланиш хусусиятлари ва эҳтиёжларига кўра ўзига хос босқичларга бўлинади. Боланинг мактабгача бўлган даври эса унинг тарбияси, дунёқарашининг шаклланиши ва камолотида муҳим давр ҳисобланади.
Шу боис ҳам мамлакатимизда болаларнинг мактабгача бўлган даврдаги таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017 - 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат асосида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил бошида вилоят бўйича жами 451 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлиб, бола қамрови 27,7 фоизни ташкил этган бўлса, соҳага қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунга келиб, мактабгача таълим ташкилотларининг сони 900 тадан ортди. Натижада болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 45 фоизга етди.
Мактабгача бўлган даврда боланинг ахлоқий тушунчалари қатъийлаша боради. Ахлоқий тушунчалар манбаи сифатида, уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланаётган ота-оналар, тарбиячилар, шунингдек, тенгдошлари ҳам бўлиши мумкин. Ахлоқий тажрибалар асосан мулоқот, кузатиш, тақлид қилиш жараёнида, шу билан бирга, катталарнинг айниқса, ота-онанинг мақтови ёки танқидлари таъсирида ўтади ва мустаҳкамланади. Бола доимо баҳо, айниқса, мақтов олишга ҳаракат қилади. Ана шу баҳо ва мақтовлар боланинг муваффақиятга эришишга бўлган ҳаракатларининг ривожланишида, унинг шахсий ҳаёти, илм олиши, касб танлашида муҳим аҳамият касб этади.
Мактабгача ёшдаги болалар учун катталар берадиган баҳолар жуда муҳимдир. Болалар биринчи навбатда, маънавий-ахлоқий меъёр ва қоидаларини, ўз мажбуриятларига муносабат, кун тартибига риоя этиш, уй ҳайвонлари ёки бошқа жониворлар билан муомала қилиш кўникмаларини эгаллайдилар. Боғча ёшининг охирларига келиб, кўпчилик болаларда аниқ бир ахлоқий қарашлар, шунингдек, одамларга муносабат билан боғлиқ бўлган шахсий сифатлар шаклланади.
Биламизки, боғча ёшидаги болаларнинг онги турли-туман ўйинлар орқали ўсиб боради. Шу боис ҳам мактабгача таълим ташкилотларида машғулотлар, умуман, таълим-тарбия жараёнлари кўпроқ ўйинлар шаклида олиб борилиши яхши самара беришини асло унутмаслик лозим. Бу билан болаларнинг фикрлаш, ўзини мустақил тутиш қобилятлари ўсиб боради. Бу эса ўз навбатида болаларнинг ҳаётий таассуротлари бой, тафаккури ранг-баранг бўлишини таъминлайди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, эртаклар - боғча ёшидаги болалар тафаккурининг ривожланишига фаол таъсир қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Болалар ҳайвонлар ҳақидаги турли эртакларни эшитганларида шу эртаклардаги образларни тасаввур қиладилар, уларга нисбатан маълум муносабатлари юзага келади,
Унутмайликки, боғча ёшидаги болаларда ёқимли ва ёқимсиз ҳис-туйғулар алмашиб туради. Бу беқарорлик бола органик эҳтиёжларининг қондирилиши ва қондирилмаслиги билан боғлиқ. Бу эҳтиёжларнинг қондирилмаслиги сабабли болада нохушлик, норозилик, изтиробланиш туйғулари юзага келади. Болалар билан бевосита ишлайдиган тарбиячилар мана шу нозик жиҳатга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Мактабгача таълимнинг мақсади, бола шахсини соғлом ва етук, шу билан бирга, мактабга тайёрлаган ҳолда шакллантиришдир. Таълим-тарбия қанчалик эрта бошланса, унинг самараси шунчалик эрта намоён бўлади ва инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир қилади.
Мухтасар айтганда, бола тарбияси билан шуғулланувчи мутахассис, ҳар бир тарбиячи энг аввало ўз ишининг билимдони, юксак маҳорат эгаси бўлиши лозим. Улар томонидан берилган тарбия ёш авлод хатти-ҳаракатида, дунёқарашида акс этади. Ҳар томонлама ривожланаётган мурғак инсон ўзи ишонган, яхши кўрган ва ўхшашни истаган кишисига тақлид қилади. Унинг юришидан бошлаб, гапириш оҳангги, ҳатто кўз қарашларигача ўхшатишга уринади. Биз соҳа мутахассислари фаолиятимизни илғор усуллар асосида самарали олиб борсак, шубҳасиз, биз тарбиялаётган ёш авлод ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлиб камол топади.
21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Ўзбек фильмларидан бирида айтилган, кўпчиликка ёд бўлиб кетган бир ибора бор: "Музқаймоқ чет элники деса, ётволиб ялашади!" Дарҳақиқат, халқимиз янгиликка ўч, четдан кириб келаётган ҳар қандай эпкинни (яхши маънода, албатта) ўзлаштиришга уринади. Бироқ, бу ерда гап четдан кириб келаётган оддий бир музқаймоқ ё бирон бир буюм устида эмас, балки миллатнинг руҳи, жамиятнинг кўзгуси бўлган - тил, она тилимиз ҳақида кетганда, масалага шунчаки қараш мумкин эмас.
"Sinem", "Populyar", "Teddy boom", "mavi", "Utes", "Ideal", "Orkide", "По карману", "X-men", "Asia insuranse". Булар - шаҳримизнингтурли кўчаларидаги дўкон ва бинолар пештоқларига ёзилган номлар. Бунданташқари, "Супер маркет", "Мини маркет", "Лаваш центр", "Суперсомса", "Хот дог", "Шаурма", "Салон красоты", "Мы открылись", каби бошқа тилларда ҳам кам учрайдиган ўнлаб антиқа ёзувларни ҳар қадамда учратамиз.
Бундай мисоллар жуда кўп. Бунинг учун шаҳримиз кўчаларини бир айланиб, бино ва жой номларини кўздан кечириш кифоя.
Кейинги йилларда мамлакатимиз жаҳонга юз тутди, Ўзбекистон халқаро миқёсда тобора ўз ўрни, нуфузига эга бўлиб бормоқда. Ана шу жараёнда ёшларимизнинг кўплаб ютуқларни қўлга киритаётгани, тил ўрганишга бўлган иштиёқ, интилишнинг кучаяётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бугун инглиз тилини ҳеч бўлмаса бошланғич даражада билмайдиган мактаб ўқувчиси топилмаса керак. Аммо...
Ўзганинг тилини ўрганишдан олдин, ўз тилимизни мукаммал билишимиз керак эмасми? Чет тилини ўзлаштиришдан олдин ўз она тилимизни пухта ўзлаштиришимиз, гўзал она тилимизни севиб, ардоқламоғимиз, қадрини кўтармоғимиз шарт эмасми!?
"Яхшироқ жаранглайдида. Бунинг устига замонга мос. Чет элча ёзсангиз, меҳмонларни ҳам жалб қилади. Сайёҳларни ҳам назарда тутганмизда" дейди у бамайлихотир.
Тўғри, дўкон номини чиройли ёзиб илиш ҳам яхши реклама. Бироқ, савдонинг юришиши, маҳсулотнинг харидоргир бўлиши номни ажнабий тилда ёзишга боғлиқ эмас-ку. Ё ўзбек тилида маънодор, чиройли жаранглайдиган сўзлар йўқмиди? Наҳотки, ўз она тилимизга бўлган эътибор, ҳурмат шу даражада бўлса?!
Албатта, тил доимий ривожланишда. Бугунги тилимиз ҳам шу кунга қадар не замонларни босиб ўтмади, дейсиз. Аммо тил ҳар доим ҳимояга муҳтож бўлиб келган. Сизнингча, биз ўзбек тилини аждодларимиз каби ҳимоя қиляпмизми? Бунинг нақадар жиддий эканлигини ақалли ҳис эта оляпмизми? Афсуски, масала бундай қўйилганида ижобий жавоб беришга киши ўйланади. Минг афсуски, баъзи ҳолларда тилни ҳимоя қилиш ўрнига уни писанд этмаслик йўлидан борувчи ёшлар кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар уч сўзидан бирида русча ёки бошқа хорижий тилга мансуб сўзларни учратиш мумкин. Ҳатто баъзи телевидение кўрсатувларида, айниқса, шоу дастурларда, тижорат фильмларида адабий тил ўрнини шева сўзлар эгаллаб олаётганига нима дейсиз?!
Бир куни 4-синфда ўқийдиган ўғлим мендан "ойижон, "ростакасими" дегани нима?" дея сўраб қолди. У буни телевизордаги бошловчидан эшитиб қолибди. Ўғлим айтган дастурни кузатдим. Эътибор берсам "ЗўрТВ" телеканалидаги машҳур бошловчилардан бири ҳар кўрсатувда шу сўзни такрорлар экан. Ўғлимга "ростакасим" - бу "ростдан, ростакамдан" дегани, дея тушунтирдим.
Афсуски, жуда кўп теле ва радио бошловчилар адабий тил меъёрларга риоя қилмайдилар. Айниқса, хусусий теле, радиоканалларда шундай ҳолатларга кўп дуч келамиз. Ахир, оммавий ахборот воситалари тил софлигини сақлаш, адабий тил нормаларига амал қилишда барчага ўрнак, кўзгу бўлиши керак эмасми?
Албатта, ўсиб келаётган ёш авлод зиёли қатлам вакилларидан кўра шоу-бизнес санъаткорларига кўпроқ тақлид қилишга мойил. Лекин бу "ибратли" "актёр" ва "хонанда"лар оммага кўриниш берганларида адабий тилда гапиришга ҳаракат қилишадими? Биз юлдуз даражасига кўтариб, ҳурматини жойига қўядиган айрим шоу бизнес вакиллари эса ўз она тилимизда ё гапиролмайдилар ёки гапиришдан уяладилар.
Глобализация, АКТ соҳасининг ҳаётимизга чуқур кириб келиши, интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг тараққиёти туфайли кириб келаётган ахборот оқимининг кўплиги сабаб тил билан боғлиқ муаммолар бундан кейин ҳам долзарблигича қолаверади. Буларнинг бари даволаш шарт бўлган оғриқли нуқталаримиздир. Бунинг учун тил маданиятини сингдиришни, аввало, ёшларга ибрат бўлаётган, улар интилаётган қўшиқчилар, кино актёрлари, телебошловчилар, оммабоп сайтлардан бошламоғимиз лозим.
Севимли шоиримиз марҳум Абдулла Орипов:
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
дея тилимизга жуда чиройли таъриф берган эди.
Она тилимиз бизнинг бойлигимиз, фахримиз, миллатимизнинг руҳи. Уни ҳар биримиз асраб-авайламоғимиз, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоғимиз, зарур бўлса, ҳимоя қилмоғимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 4 октябрда "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорнинг қабул қилинганлиги юртдошларимизнинг кўнглидаги иш бўлди. Мазкур ҳужжат айнан ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
"МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ" ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ: "ПАРТИЯМИЗ САЙЛОВДА ЭНГ КЎП ОВОЗ ОЛАДИ"
жараён
Нима учун одамларнинг сиёсий партияларга ишончи баланд эмас? Сиёсий партиялардан сайланган депутатлар партия ва одамлар ишончини қай даражада оқлай оляпти?..
Андижон шаҳрида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши томонидан "Сайлов жараёнларида партия фаолиятини ёритишнинг янгича усуллари" мавзусида босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида юқоридаги каби қатор саволлар доирасида муносабатлар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ҳомиджон Омонов журналистларга партиянинг ОАВ билан ҳамкорлиги, умуман, сайловга тайёргарлик ишлари, партия сайловолди дастури, унинг муҳим йўналиш ва жиҳатлари ҳақида кенг маълумотлар берди.
Жорий йилда "Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар" шиори остида ўтказиладиган сайловлар аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Чунки, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги демократик ўзгаришлар нафақат партиялар, балки фуқароларнинг ҳам сайловларга бўлган муносабатини ўзгартириб юборди. Шу маънода партия вилоят кенгаши сайлов жараёнидаги тарғибот-ташвиқот тадбирларини самарали ташкил этиш, депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурларини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқди. Мақсадимиз, ана шу таклифлар асосида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш, тарғибот ишларини самарали йўлга қўйишдан, провардида сайловларда энг кўп овоз олишдан иборат.
Анжуманда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш, партия сайловолди дастурини тарғиб этиш, сайловларда фуқароларнинг онгли ва фаол иштирокини таъминлаш, партия ва ОАВ ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши матбуот котиби.
Оғир турмуш шароитидаги аёлларга арзон уй-жойлар топширилди
Ижтимоий ҳимоя
Бугунги кунда мамлакатимизда оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларни ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, уларни арзон уй-жой билан таъминлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги "Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ана шу йўналишдаги амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.
Жумладан, қарор ижроси доирасида Андижон туманида яшовчи оғир турмуш шароитидаги аёлларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларнинг яшаш шароити ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди. Куни кеча ана шундай аёллардан 20 нафарига арзон уй-жойларнинг калитлари топширилди.
Янги уй соҳибасига айланган аёлларимиз кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан чексиз миннатдор эканликларини билдирдилар.
Ферузахон УМАРОВА,
Андижон тумани хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.