+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Барака

Қатра

- Ойи, уйимизда барака йўқми?, - деб сўради шу йили мактабга борган Умидахон.

- Нега ундай дейсан? - ҳайрон бўлди онаси.

- Ўқитувчимиз кимнинг уйида тандири бўлмаса, барака ҳам бўлмайди, деб айтди. Бизнинг уйимизда тандир йўқ-ку?!

- Олдин бор эди. Бузилиб кетди. Худо хоҳласа, албатта шу йили ёзда дадангга айтамиз, зўр тандир қуриб беради. Ўзим сенга иссиқ кулчалар ёпиб бераман, - деб Умидахоннинг кўнглини кўтарди онаси.

Қизининг берган саволи онасини ўйлантириб қўйди. Анчадан бери ўзи ҳам шуни режалаштириб юрган эди. "Ҳақиқатдан ҳам тандир қурмасак бўлмайди", деб хулоса чиқарди.

Кўчадан олинган новвой нон тандирда ўзи ёпган нончалик баракали эмас. Духовкада ҳам нон пиширади-ю, барибир тандир нонининг мазаси, ҳиди бошқача. Онаси ўз қўли билан ёпган нонни ейишни ҳар бир болакай истаса керак.

Ёз кунларининг бирида тандир қуришди. Янги тандир "соқов" бўлиб қолмасин, деб одатга кўра, биринчи сомса, сўнгра нон ёпишди. Тандирдан узилган саватдаги иссиқ ноннинг иси бутун ҳовлини тутиб кетди. Унинг ҳиди димоғни чоғ қилиб, кўнгилни тўқ қиларди.

Арғимчоқ учаётган Умидани тандирдан қизариб пишган нонларни узаётган онаси чақирди: -Умидахон, қўлингни ювиб кел, қизим. Кулчанг пишди.

Она иссиқ кулчани қизининг қўлига  тутқазди. Умида "пуф-пуф" дея иссиқ кулчани у қўлидан бу қўлига олар экан, сўради:

-Ойи, ичига сут, ёғ солдингизми?

-Ҳа, солдим. Уйга кириб дастурхонга ўтириб егин. Увоғи ерга тушмасин, барака қочади.

Она тандирдаги нонларни саватга узиб бўлгач, бошига қўйганча атрофга хушбўй нон ҳидини таратиб қизининг олдига кириб кетди.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ - ЭЗГУЛИК МЕВАСИ

Инсоннинг бахт ва саодатга эришиши учун энг муҳим омил бу - тарбия. Экинлар суғорилиши қанчалик муҳим бўлса, инсон боласи учун ҳам тарбия шу даражада зарур ҳисобланади. Фарзандларни илмли, одоб-ахлоқли, гўзал тарбияли қилиб камолга етказиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она ана шу масъулиятли вазифани тўлиқ адо этса, нафақат инсоний бурчини адо этган бўлади, балки яратганнинг раҳматини олишга сазовор бўлади.

Фарзанд тарбияси шундай нозик бир масалаки, ҳар бир ота-онадан бу борада алоҳида эътибор ва хушёрлик талаб этилади. Зотан, фарзанд Аллоҳ Таоло томонидан инсонларга берилган энг улуғ неъматдир.

Ҳаётимиз мазмуни, қалбимиз қувончи бўлган дилбандларимизни яхши тарбияли қилиб ўстирмоғимиз жоиздирки, Аллоҳ Таоло ўз каломида шундай дейди: "Кейин, қиёмат кунида ҳар бир неъматдан албатта сўраласизлар". Демак, мўмин банда берилган барча неъматлар қатори фарзанд тарбияси баробарида ҳам сўроққа тутилар экан.

Сарвари коинот пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай деган эдилар: "Фарзандларингизни ҳурмат қилинг!" Албатта, фарзандларимиз ўз фикр-мулоҳазасига эгадирлар. Уларни фақат қорнини тўйдириш, устини бут қилиш билан ота-она бўйнидаги вазифа чекланиб қолмайди. Балки, фарзандларни илмли ва ҳунарли бўлиб, вояга етишлари учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш, унинг интилиш ва қизиқишларига қараб йўналиш бериш ҳам ота-онанинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Айниқса, оталар бироз  қаттиққўлроқ, оналар эса эътиборлироқ бўлишлари фарзандлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир.

Ривоят қилишларича, қайсидир бир ўрмонда ота шер улғайиб қолган уч нафар болаларини ов қилишга ўргатиш вақти етганлигини билиб, уларни паст овоз билан ёнига чақирибди. Аммо шерваччалар оталарининг чорловига эътибор беришмабди. Шунда ота шернинг жаҳли чиқиб, бор овози билан ўкирибди. Унинг овози бутун ўрмонни титратиб юборибди. Ҳайрат ва қўрқув аралаш шернинг болалари отаси олдига чопиб келишибди.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида отанинг алоҳида ўрни бор. Талабчан ва тартибли бўлган ота фарзандларини ҳам шундай бўлишга ундайди. Шундагина улар масъулиятли бўлиб улғайишади. Оилада боланинг тарбиясига бироз эътиборсизлик қилинса, тарбия кескин издан чиқиши мумкин.

Бир куни ёш болакай бир бурда нонни тишлаганча ўртоқлари ёнига ўйнагани отланибди. Уйидан чиқишда кучуги олдига югуриб келиб, қўлидаги нонга интила бошлабди. Кучукка раҳми келган болакай қўлидаги бир бўлак нонни унинг олдига қўйди. Буни кўрган онаси жаҳл билан болани койиди: "Ахир уйимизда бошқа нон йўқ бўлса, охирги бўлагини ҳам сен итга берасанми, сен бола одам бўлмадинг, бошга битган бало бўлдинг..." Бу овозларни эшитиб турган ён қўшниси бўлган яна бир кичик болакай онасидан сўради: "Энди Абдулла ўртоғим одам бўлмай қоладими?" Шунда она: "Ҳозирча одам, аммо онаси унинг одам бўлишини хоҳламаяпти", дея жавоб берибди.

Бу каби койинишлар, болага ёмон таъсир кўрсатади. Унинг хулқ-атвори бузилишига олиб келади. Фарзанд бирор ишни хато қилса, унга буни нотўғри эканлигини ётиғи билан тушунтириш афзал.

Донишмандлардан бири шундай деган: "Мураббий бир жиҳатдан табибга ўхшайди. Табиб касални бартараф қилиш учун бунга керакли дори дармонларни тавсия қилади. Мураббий эса нодонлик касаллигининг олдини олиш учун лозим бўлган даволарни қўллайди".

Ҳар бир ота-она фарзандига туганмас мерос қолдирмоғи лозим. Бу мерос тарбия, илм ва ҳунардир. Илм ва ҳунар ҳар қанча фойдаланган билан тугамайдиган ва ҳеч ким тортиб ололмайдиган катта бойликдир. Бу ҳақида имом Fаззолийнинг бир ҳикмати бор: "Савдо қилиш мақсадида танишларим билан сафарга отландим. Йўлда карвонимизни қароқчилар тунаб кетишди. Шунда қароқчилар бошлиғи ёнига бориб: "Олган нарсаларинг орасида сизларга кераксиз бўлган бир тўрва бор, уни қайтарсанглар", дедим. У мендан тўрвам ичида нима борлигини сўради. Шунда: "Унда менинг бор илмим ва жуда кўп китоблардан олиб ёзилган изоҳ ва шарҳларим бор. Умрим давомида топган қадрли бойлигим", дея жавоб бердим. Қароқчи кулиб: "Олиб қўйиши мумкин бўлган нарсангни "менинг илмим"       дейишга уялмайсанми, унинг илмини қайтариб беринглар", деб ёнидагиларга буюрди. Бундан қаттиқ мулзам бўлдим. Ва сафардан қайтиб, уйдан ташқарига чиқмай, ҳар куни ўша ёзган шарҳ ва изоҳларимни ёд олиб, ҳеч қандай ўғри ёки қароқчи ололмайдиган жойга ақлимга, хотирамга жойладим".

Албатта, фарзандлар ёшлигидан ҳунар эгалламаса, келажакда қийин вазиятга тушиб қолиши шубҳасиз. Дарахт қанчалик яхши парвариш қилинса, унинг мевалари, албатта, ширин ва тотли бўлиб етилади. Фарзандларни ҳам кўз қорачиғимиз каби асраб-авайлаб парваришласак, улар шунча гўзал тарбияли бўлиб, камол топишади. Зеро, фарзанд тарбияси - эзгулик мевасидир.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи

Қурувчилик шарафли ва улуғ касб

Илғор қурилиш ташкилотлари фаолиятидан

Ушбу саҳифада вилоятимиздаги қурилиш жараёнларида фаол қатнашиб келаётган Шарофиддин Асқаров раҳбарлигидаги "Фахр имкон қурилиш"  масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида сўз юритилади.

Пахтаобод туманидаги "Фахр имкон қурилиш"  масъулияти чекланган жамияти 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришга ихтисослашган.

Шарофиддин Асқаров раҳбарлик қилаётган мазкур жамият фаолият бошлаган дастлабки кунларданоқ самарали ишлари билан кўпчиликнинг эътиборига тушди. Ўтган давр мобайнида жамият қурувчилари томонидан кўплаб шифохона, мактаб, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа қатор объектлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий, ўзига хос кўринишга эга ана шу бинолар бугун шаҳару қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиб турибди.

Кейинги йилларда жамият қурувчилари томонидан Асака тумани ҳокимлиги тасарруфидаги меҳмонхона мукаммал таъмирдан чиқарилди, "Уз Донг Жу Пэйнт" қўшма корхонасининг кроссовка ишлаб чиқариш цехи биноси реконструкция қилинди. Бажарилган ана шу ишлар ўзининг сифати, чиройли адо этилганлиги билан буюртмачиларни хурсанд этди.

Ўтган 2018 йилда жамиятнинг моҳир қурувчилари томонидан Асака туман тиббиёт коллежида 480 млн. сўмлик, Қўрғонтепа тиббиёт коллежида 470 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Бундан ташқари, Асака дон маҳсулотлари корхонаси маъмурий биноси капитал реконструкция қилиниб, 1 млрд. 650 млн. сўм ҳажмдаги ишлар бажарилди. Жамиятнинг қурувчи ва мутахассислари энг аввало, белгиланган ишларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир жараён қурилиш-техник, ёнғин хавфсизлиги талаблари доирасида олиб борилмоқда. Муҳандис ва прораб Хушнудбек Аҳмедов, электрик Бахтиёр Худойбердиев, ҳайдовчи Исломбек Маъмировнинг олиб бораётган ишлари алоҳида эътирофга сазовор. 

Жорий йилда Асака тумани     Навкан маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган "Темурий фарзандлари" нодавлат мактабгача таълим муассасаси биноси ҳам айнан жамият қурувчилари томонидан бунёд этилди. 40 ўринли мазкур муассасанинг қурилиш, жиҳозлаш ишлари учун 1,2 млрд. сўм миқдорида маблағ сарфланди. Муассаса мудираси Зулфира Тошматова қурувчилар фаолияти, уларнинг самарали меҳнатларига алоҳида тўхталди:

- Муассасамизда болаларни жисмонан, ақлан, интеллектуал ва руҳий ривожланишлари учун барча шароитлар мавжуд. Бизнинг асосий мақсадимиз, келажагимиз эгалари бўлган жажжи болажонларни ҳар жиҳатдан етук, баркамол қилиб тарбиялашдир. Фурсатдан фойдаланиб, ана шу ишларни бекаму кўст адо этишимизга яқиндан ёрдам кўрсатиб, биз учун кўркам, замонавий ва барча қулайликларга эга муассаса биносини қуриб берган "Фахр имкон қурилиш" МЧЖ мутасаддиларига, мутахассис ва қурувчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Айни пайтда жамият қурувчилари Пахтаобод тиббиёт коллежи биноси ҳамда Асака тумани маданият ва истироҳат боғида таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.

Олиб борилаётган ишларда иш юритувчилар Хушнудбек Аҳмедов, Улуғбек Охуновларнинг алоҳида хизматлари бор. Шунингдек, Бобурмирзо Абдуллаев, Жўрабек Охунов, Муҳаммадазиз Сулаймонов, Ислом Аҳмедов, Санжарбек Солиев, Дилмурод Ҳурматов,  Бурхон Аҳмедов сингари ўз ишининг устаси бўлган тажрибали ишчилар ҳамкасбларига намуна кўрсатиб меҳнат қилмоқда.

- Бугун юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни кўрган ҳар қандай кишининг ақли шошади, - дейди жамият ишчиси Ободил Йўлдашев. - Чунки бир неча ўн йилларда ҳам бугунгидай кенг кўламдаги қурилишлар олиб борилмаган. Мен шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида ана шундай бунёдкорлик ишларида иштирок этаётганимдан фахрланаман.

Қайси бир ишчи билан суҳбатлашмайлик, ўз ишидан, яратиб берилган шарт-шароитлардан хурсанд эканликларини яширмадилар.

- Бажарган ишларимиздан келиб чиқиб,1,5-2,5 миллион сўм микдорида ойлик олаяпмиз, - дейди ишчи Жалолиддин Аҳмедов. - Ётиб ишловчиларга 3 маҳал иссиқ овқат, бепул тушлик қилиб берилмоқда,

Айни кунда қурилиш ташкилотида 30 нафардан ортиқ ишчи доимий асосда, 40-45 нафар ишчи эса мавсумий ишларда меҳнат қилмоқда. Жамият томонидан қурувчиларнинг самарали ишлашлари, вақти-вақти билан дам олишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилган. Ечиниш, кийиниш, ювиниш хоналари ташкил этилган.

Жамият раҳбари Шарофиддин Асқаров тажрибали, соҳанинг етук мутахассисларидан бири сифатида ҳар бир иш, ҳар бир жараённинг устида туради. Ишларнинг белгиланган меъёр ва талаблар асосида бажарилишини қатъий назорат қилади.

- Қурувчилик шарафли ва  улуғ касб, - дейди у. -  Бу касб ортидан ҳеч ким асло кам бўлмайди. Шу соҳада меҳнат қилиб, Ватанимиз равнақи, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳисса қўшаётганимиздан беҳад хурсандмиз.

Обод ва озод юртимиз равнақи йўлида ана шундай хайрли ишларни олиб бораётган қурувчиларимиз ҳамиша омон бўлсин.

Моҳимбону СОБИРОВА

ЯНГИ КИТОБЛАР

"Умид ғунчалари"

Президентимиз ташаббуси билан вилоятимизда ташкил этилган  Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби юрагида ижод оташи, тилида юрт мадҳи, дилида ёнмоқ завқи-ю, қаламида чархи бўлган иқтидорли ўғил-қизларни бағрида жамлаган.

Ижод мактабига 2017-2018 ўқув йилида вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманлари, республикамизнинг бошқа вилоятларидан келган 150 нафар иқтидорли ўқувчи синов асосида қабул қилинди. 2018-2019 ўқув йилида ўқувчилар сони 250 дан ошди.

Ўқувчи ёшлар барча фанларни чуқур ўрганиш билан бирга, мактаб қошида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган "Муҳаммад Юсуф издошлари" адабий тўгараги машғулотларига қатнашиб, таниқли шоир ва ёзувчилардан бадиий ижод сирларини ўрганиб келмоқдалар.

Мазкур янги китобдан Ирода Орифжонова, Машҳура Ботирова, Муҳаммадазиз Қодиржонов, Эгамберди Акмалов, Дилшода Абдумуталибова, Бокира Мўйдинова, Шаҳзод Абдуллаев каби ижодкор ўқувчиларнинг шеърий машқлари ўрин олган.

Умид қиламизки, нашрдан ўрин олган ижод намуналари сиз -китобхонларга ҳам албатта, манзур бўлади. 

 

 

"Гулбағрим"

Шеър - қалбнинг меваси. У туйғулар силсиласидан ҳосил бўлади, юракда ривожланади, меҳнат ва машаққат билан дунёга келади ва илҳом бешигида улғаяди.

Ижодкорлик эса илоҳий неъмат. Шеърият, шеър ёза олиш қобилияти -тангрининг инъоми. Шу сабаб шоирлар учун ёзган ҳар бир мисра шеъри, нашр этилган китоби қадрли, худди фарзандидай суюклидир.

"Гулбағрим"  - Моҳизода Расулованинг учинчи китобидир. Бундан аввалроқ унинг "Малика бўлгим келур" шеърий тўплами, "Ҳаётимнинг мазмуни-онам!" эссеси кенг китобхонлар оммасига ҳавола этилган. Шоиранинг қалби эзгуликка, гўзал туйғуларга йўғрилган. У юрагидаги нозик ҳисларини шеърлари орқали содда, чиройли ифодалашга, беғубор туйғуларини қоғозга тўкишга ҳаракат қилади. "Сендан кейин", "Тун", "Мазмун", "Катта ҳаёт", "Сиз менинг тонгимсиз" каби     шеърлари шулар жумласидандир.

Умидли ижодкор М.Расулованинг бундан кейинги ижодига баркамоллик тилаб қоламиз. Ўйлаймизки, иқтидорли қаламкаш изланишдан, ижод қилишдан асло тўхтамайди.

 

"Иқбол" таҳририяти

Олий бахт

  Ватан чизгилари 

Инсон умргузаронлик қилар экан, кимгадир суяниб, кимнидир суяб, кимгадир керак бўлиб, кимларгадир муҳтож бўлиб яшар экан.Инсон борки, ҳаёти давомида нимадир топиб, неларнидир йўқотиб, гоҳо кўнгли тўлиб, гоҳида тўлмай яшайди.

Орзу деган бир тилсим борки, келажакка интилиш ҳисси туғилади инсонда. Аммо, ҳаётда шундай нарсалар борки, унинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди, ҳеч нарсага алмашиб ҳам бўлмайди. Бу - Ватан!

Мен Ватан ҳақида ваъзхонлик қилмоқчи эмасман. Фақат дилимда жўш ураётган фикрларимни айтмоқчиман, холос.

Ватан деганда юраклар энтикиб кетади, бошимиз осмон қадар етади. Негадир ўқувчиларим Ватан ҳақида шеър ўқишганда кўз олдимда оилам гавдаланади. Демакки, мен учун оилам - Ватан! Отамнинг ўгити, онамнинг меҳр тўла кўзлари, сеҳр тўла сўзлари - Ватан!

Акамнинг нигоҳи, қўшнимнинг ҳар ишимдан огоҳи - Ватан! Умр йўлдошимнинг мен бош қўйган елкаси, укамнинг менга қилган эркалиги, ўпкаси - Ватан!

Яна Ватан деганда, қизимнинг навқирон бўйларини кўраман, ширин-ширин орзулаган ўйларини кўраман.

Мен келин бўлиб тушган эшик ҳам, болаларим ётган бешик ҳам - Ватан! Шу қишлоқнинг кекса-ю ёши, чанг кўчаларининг кесаги-ю тоши - Ватан!

Бағри кенг диёр бағрида тинч, осойишта яшаяпмиз. Дастурхонимиз тўкин-сочин.    Ризқимиз улуғ, бағримиз тўлиқ, меҳнат қилган инсон яхши яшаяпти.Ўтаётган ҳар кунимизга шукроналар келтириб яшашимиз керак.

Не-не буюк зотлар ўз Ватанидан айро яшаганликлари тарихдан маълум. Ҳаётимизга, турмушимизга бир назар ташланг-а, ватандош: оилангиз бағридасиз, тинчмисиз, омонмисиз? Юрагингиз уриб турибдими? Ватан ичра Ватанларни кўриб турибсизми? Шунинг ўзи бизга Оллоҳ томонидан берилган олий бахт эмасми?

Марҳабо МУРАТОВА,

Жалақудуқ тумани.

Мактаб, ўқувчи тақдири - миллат тақдири

Муносабат

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтган гаплари барча ўқитувчи-педагогларнинг қалбидаги, дилидаги гаплар бўлди.

Бу оддий йиғилиш эмас, балки миллатга, халққа Мурожаат бўлди. Мамлакат ривожи, миллат тақдирининг таянч нуқтаси мактаб экани яна бир бор кўрсатиб ўтилди.

Президентимизнинг жорий йил 29 апрелдаги фармонига мувофиқ, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди. Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг мақоми ва нуфузини ошириш, ҳуқуқлари ва имтиёзларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўша даврда бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчиларимиз мамлакат, давлат, жамиятга хизмат қиладиган баркамол авлод бўлиб камол топади, демак, мамлакат тақдири, келажаги бугун мактабда ҳал бўлмоқда.

Янги ўқув йили олдидан ишни нимадан бошлаймиз, нималарни амалга оширамиз, деган саволларни ҳар бир педагог ўз олдига қўйиши ва изланиб ишлаши керак. Шу боис ҳам янги ўқув йили учун "Таълимда ислоҳотлар: Ўзгаришни ўзимиздан бошлаймиз!", деган шиори қабул қилинди. Бунга асосан педагоглар ҳар бир дарс жараёнига пухта тайёргарлик кўриши, ўқувчини қониқтира оладиган даражада дарс ўтиш салоҳиятига эга бўлиши муҳимдир.

Президентимиз таъкидлаганидек, "...Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз,  халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ", Дарҳақиқат, ўқитувчи ўзгармаса, таълим сифати ўзгармайди.

Ана шу ишлар самарадорлигини ошириш учун мунтазам равишда "Энг яхши ўқитувчи", "Ижодкор ўқитувчи", "Китобхон ўқитувчи" каби танловлар, спорт мусобақалари, "Заковат" интеллектуал ўйинлари ташкил қилиш, "Ой ўқитувчиси" танловини ўтказиб бориш шубҳасиз, ижобий самаралар беради.

Фарзанд тарбияси ҳамда унинг пухта билим олишида таълим муассасаси ва ота-она ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ота-оналарни вақти-вақти билан дарсларда иштирок этишларига эришиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 Бошланадиган ўқув йили барчамиз учун синов эканлигини англаб турибмиз. Ўз фаолиятимиз билан мактаб таълимини ривожлантиришни умуммиллий ҳаракатга айланишига ҳисса қўшишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари "Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур", дея таъкидлади. Чунки мактаб тақдири миллат тақдиридир, миллатимиз тақдирига бефарқ бўлишга ҳеч бир ўқитувчининг ҳаққи йўқ.

 

Малоҳатхон ИБАЙДУЛЛАЕВА,

 

Андижон шаҳридаги олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси.

Боғчада байрам тадбири

Айни кунда 280 нафар бола таълим-тарбия олаётган Андижон шаҳридаги 53- мактабгача таълим ташкилотида мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрамига бағишланган "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида сўз олган ташкилот раҳбари Рохатой Ҳошимова энг улуғ, энг азиз байрам билан барчани муборакбод этди. Шундан сўнг Гулчеҳра Бўстонова, Шириной Мадаминова раҳбарлигидаги 1- ҳамда 2- тайёрлов гуруҳлари болажонлари ҳамда бошқа гуруҳлар тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. Айниқса, Манзура Маҳмудова, Шаҳриёр Иномов, Бобобек Собиров сингари кичкинтойларнинг чиқишларини барча олқишлар билан қаршиладилар.

Болажонлар қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган байрам тадбири унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

 

Моҳимбону СОБИРОВА

Жалақудуқда туғруқ комплекси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллик байрами арафасида иш бошлаган туғруқ комплекси очилишига бағишланган тадбирда иштирок этган вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов юртимизда истиқлол йилларида аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида тиббий хизмат сифати ва савияси юксалганлигини таъкидлади.

- Барча қулайликларга эга 90 ўринли туғруқ комплекси қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 5 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланди. - дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дилмуроджон Исмонов. - Натижада туғруқ олди хасталикларини эрта аниқлаш, самарали даволаш, бехатар оналикни таъминлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида аҳолига катта қулайлик яратилди.

Туғруқ комплекси фойдаланишга топширилган куннинг дастлабки соатларидаёқ тўрт аёл фарзандли бўлди. Ёш оналар яратилган шарт-шароитлардан мамнун. 

Туғруқ комплексининг ишга туширилиши билан туманда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлиги янада юксалади.

 

Мунисхон ХУСАНОВА,

 

Жалақудуқ туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси.

"Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!"

Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида энг улуғ, энг азиз байрам - Мустақиллигимизнинг 28 йиллигини муносиб нишонлаш учун турли тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида ҳам "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида кеча ташкил қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол шарофати билан мамлакатимиз дунёда ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани, мустақиллик берган имкониятлар, юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик, озод ва обод элга байрамлар ярашиши ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.

Кечада истиқлолни мадҳ этувчи, озод Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради, шеърлар ижро этилди.

Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида кутубхонамиз аъзоси бўлган китобхонлар ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилди. Мустақил Ватанимиз тарихига оид саволлардан тузилган тафаккур мусобақаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раиси О.Абдураҳмонов иштирок этди ва интеллектуал ўйин қатнашчиларига эсдалик совғалар улашди.

 

Холидахон УМАРОВА,

 

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори.

50 дан ортиқ қиз-аёл ишли бўлди

Байрам арафасида маҳалламизда янги трикотаж корхонаси иш бошлади. 

Корхона очилишига бағишланган тадбирда вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, чекка-чекка ҳудудларда барпо этилаётган бу каби корхоналар энг аввало ана шу ҳудудда яшаётган аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга, қишлоқ инфратузилмасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, барчани мустақиллик байрами ва янги корхона очилиши билан муборакбод этди.

Тадбиркор Исроилжон Ураимов раҳбарлик қилаётган "Al-Hakim" масъулияти чекланган жамияти асосан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида иш бошлаган корхонада айни кунда 150 нафар қиз-аёл меҳнат қилмоқда. Улар орасида 50 нафардан ортиқ маҳалламиз қиз-аёллари бор. Гулзирахон Набиева, Ферузахон Тўхтаохунова, Гулҳаё Боқиева сингари маҳалламизнинг моҳир чеварлари ёнларига кўплаб қиз-аёлларни олиб бу ерда астойдил иш бошлади. Бундан ташқари, маҳалламиз чегара ҳудудда жойлашганлиги учун бу ерда яшаётган 35 нафар ҳарбий хизматчиларнинг аёллари ҳам корхонага ишга жойлашди.

- Корхона иш бошлаганлиги туфайли уйда ўтирган мен каби кўплаб ҳарбий хизматчиларнинг аёллари ишли бўлди, - дейди Қундузхон Ҳошимова. - Эндиликда биз ҳам меҳнат қилиб, оиламизга даромад киритиш имконига эга бўлдик.

Корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.

Хосиятхон ОМОНОВА,

Жалақудуқ туманидаги  "Бирлашган" маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.