Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бу шарафли касбга бўлган меҳр Гулнора Ибрагимовага онасидан ўтган. Онаси Санобархон ая узоқ йиллар Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида дарс берган, нафақага чиққач ҳам шогирдлари аянинг мактабни тарк этишига қўймай, ҳамиша унинг тажрибасини ўрганиб, маслаҳат олиб турардилар.
Кичкина қизалоқ учун ўқитувчилик - сеҳрли, мўъжизавий олам эди.
- "Касбимиз жуда машаққатли, бошқа соҳадагилар ишдан сўнг дам олса, ўқитувчи уйида ҳам ишлайди, дафтар текширасан, конспект ёзасан, қолоқ ўқувчилар билан шуғулланасан, ҳозирги болалар анча шўх, эркин, асабларинг тугайди, дадангга ўхшаб шифокор бўлақолсанг-чи?!", - маслаҳат берди онаси. Аммо, Гулнора ҳам, укаси Шомирзо ҳам аҳдларида қатъий туриб олишди.
Гулнора Андижон давлат тиллар педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети)да таҳсил олди. Институтнинг энг олди талабалари қатори ўқишни муваффақиятли тамомлади. Педагогик фаолияти давомида Андижон шаҳридаги 8-, Андижон туманидаги 18-умумтаълим мактабларида ишлади. Мана, 22 йилдирки Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда.
- Ҳақиқий устоз - соҳили йўқ уммонга ўхшайди. Ундан чексиз хазина ва бойликларни топиш мумкин, - дейди Гулнорахон Ибрагимова. - Устоз бўлиш учун одам энг аввало, ўзини тарбиялаши лозим. Шу туфайли ҳар қандай устоз ўз ишини ўзига устозлик қилишдан бошлаши керак. Ҳар бир инсон, аввало ўзига устоз, ўзига шогирд бўлиши лозим. Устозликни ҳис қилмаган киши устознинг қадрига етмайди.
Гулнора опа узоқ йиллик тажрибаси давомида қўрс табиатли, тарбияси оғир, турфа феълли болалар билан ишлашга тўғри келгани, бир ўқув йилида 2 та синфга раҳбарлик қилгани, ўқувчиларига дўст тутингани, юзлаб шогирдлар чиқаргани ҳақида гапирар экан, ўқитувчилик - фидоийлик, устоз ҳаёти - ибрат мактаби бўлмоғи лозимлигини таъкидлади.
- Ўқитувчи бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман, - давом этади муаллима. - Тўғри, биз ўқитувчилар қадри арзон бўлган даврларни ҳам бошдан ўтказдик. Дала ишларими, ободончиликми, ҳаммасига биринчилардан бўлиб, ўқитувчилар сафарбар этиларди. Соҳанинг машаққатини чекмай туриб, роҳатини тотмайсан. Сабр қилдик, мактабни ташлаб кетмадик. Муҳтарам Юртбошимиз шарофати билан кўксимизга шамол тегди. Яратганга шукр, ўқитувчи яна элда азиз бўлди. Ойлик маошларимиз кўтарилди. Президентимиз "ўқитувчи фақат ўз иши билан шуғулланиши, ўқувчиларга таълим-тарбия бермоғи лозим" деганларида, хурсандлигимдан йиғлаб юборганман. Устозлари улуғланган шундай юртда яшаётганимдан ва айниқса, ўқитувчи бўлганимдан фахрланиб кетдим.
Гулнора опанинг ўқувчилари орасидан шифокорлар, инженерлар, ўқитувчилар, солиқ хизматчилари, ички ишлар ходимлари, таржимонлар етишиб чиққан. Ҳар йили 1 октябрда устознинг қўйни гулларга, кўнгли хурсандчиликка, куни тилакларга тўлиб кетади.
- Ўқувчиларим доскаларга тилаклар ёзишади, синф хонасини безаб, "сюрпризлар" уюштиришади. "Ҳам устозимиз, ҳам онамизсиз", деб мени "йиғлатишади". Бундай бахтни берган касбни севмай, ардоқламай бўладими?
Муаллиманинг оиласини ўқитувчилар сулоласи дейиш мумкин. Қизлари Зулайҳо, Меҳрихонлар ҳам онаси изидан бориб, педагогликни танлашган. Гулнора опа бир қучоқ набираларнинг маърифатпарвар бувижониси, болаларнинг эртакчи момоси бўлиб юришни, ўқувчиларининг ютуғи, камолини кўришни орзу қилади. Биз ҳам унинг бу эзгу ниятлари ижобат бўлишини тилаб, дуога қўл очамиз.
Ўқитувчи изланувчан, ўқувчилари қалбига йўл топа олувчи билимдон, маҳоратли, маънавиятли инсон бўлиши керак. Ана шундагина шогирдлари қалбида бир умр сақланиб қолади. Бундан бир неча йил аввал интернет саҳифаларидан бирида ажойиб ўқитувчи аёл ҳақидаги мақолани ўқигандим.
Ўқитувчининг кичик топшириғидан кейин ўқувчилар ўз кучларига ишона бошлашган. Ҳар қандай инсонни руҳлантирувчи доно сабоқларни сизлар билан бўлишишга қарор қилдим:
"Кунларнинг бирида математика ўқитувчиси ўқувчиларига шундай вазифа берди: синф рўйхатини тузинг, ҳар бир боланинг хулқ-атворидаги ўзингизга ёққан томони ҳақида ўйлаб кўринг ва бу сифатни унинг фамилияси қаршисига ёзинг!
Дарснинг охирида у ўқувчилардан бажарилган вазифаларни йиғиб олди. Дам олиш кунлари аёл барча натижаларни таҳлил қилиб чиқди ва душанба куни ҳар бир ўқувчига синфдошларининг у ҳақидаги ижобий фикрларини ёзиб тарқатди. Ўқувчилар уларни ўқий бошлашди, у ер-бу ердан пичирлаган овозлар эшитилди: "Наҳотки, буларнинг барчаси мен ҳақимда? Мени бундай яхши кўришларини билмас эдим". Улар натижаларни синфда муҳокама қилишмади, лекин ўқитувчи мақсадига эришгани ва ўқувчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортганини айтди.
Йиллар ўтиб, ўқувчилардан бири бахтсиз ҳодиса қурбони бўлди. У билан хайрлашишга дўстлари, синфдошлари, ўқитувчилари келишди. Дафн маросимида унинг отаси математика ўқитувчисининг ёнига яқинлашди: "Мен сизга бир нарса бермоқчиман, - у катмонидан тўрт букланган қоғозни олди. Кўринишидан у кўп марта очиб ўқилганди. - Буни ўғлимнинг кийимлари ичидан топишди, у бу қоғоз билан ажралмасди. Танияпсизми?"
Бу ўқувчининг ижобий хислатлари битилган қоғоз эди.
- Сизга катта раҳмат, - деди у. - Ўғлимиз буни жуда қадрлар эди.
Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлди: Марҳум йигитнинг синфдошлари кетма-кет ижобий хислатлари ёзилган қоғозларини ола бошлашди, кўпчилик ўзининг ижобий хислатлар рўйхатини ёнида олиб юрарди, кимдир уни оилавий альбомда сақлар эди... "
Ҳар гал устоз-мураббийлар кунида илк бор ҳарф танитган, дунёни англатган муаллимларим, ўқитувчи бўлиб етишишимда сабоқ берган устозларимни бир-бир эслайман. Ҳар бирининг ўзига хос жиҳати, ўқитиш услуби, ўзига яраша табиати кўз олдимдан ўтади. Биринчи ўқитувчимнинг бизни саводли қилиш учун куйиб-пишганлари, она тили ўқитувчимнинг шеъриятга қандай қизиқтиргани, математика ўқитувчимизнинг каррани ёдлатиш учун қўллаган услуби, раҳбаримизнинг синфимизни мактабнинг энг намунали синфига айлантириш йўлидаги маҳоратлари, гулларни севадиган биология ўқитувчимиз, кекса тарих ўқитувчисининг бизни дўстларим деб аташлари... Буларнинг барчаси бизнинг мурғак онгимизда ҳам ана шундай, бир умрга муҳрланиб қолган.
Ҳозир ўзим ўқитувчиман. Ўқувчиларимга сабоқ берар эканман, ўзимнинг бор маҳоратим, имкониятларимни ишга солишга ҳаракат қиламан. Энг муҳими, уларга меҳр улашишга, яқин инсони бўлиб қолишга интиламан.
Ана шу сатрлар билан бошланувчи машҳур қўшиқ садолари остида Пахтаобод туманида ўтказилган Дўппи сайли тадбири туман марказидаги бош кўчада миллий либос ва дўппи кийган минглаб йигит-қизларнинг оммавий юриши билан бошланди.
Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган сайил доирасидаги тадбирлар туман марказий маданият ва истироҳат боғида давом этди.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитиш, уларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш, миллий либосларимиз, хусусан, дўппини кенг тарғиб этиш, ёшларда миллий либосларимизга ҳурмат туйғусиини кучайтириш, уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш ҳамда дўппидўзларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир халқ сайлига айланиб кетди.
- Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, - дейди Пахтаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ойдиной Хайиталиева. - Миллий либосларимиз эса миллий қадриятларимизни англашга хизмат қилади. Афсуски, кейинги йилларда юртимизга кириб келаётган "оммавий маданият" кўринишлари таъсирида айниқса, ёшларимиз орасида миллий либосларимизга, хусусан, дўппига бўлган муносабат бироз пасайгандай бўлди. Лекин, халқимиз ўзининг ўлмас анъана ва қадриятларини асло унутмайди. Шу маънода, миллий бош кийимимизни эъзозлаб, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ миллий анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий қадриятларимизни тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.
Сайилда чевар, дизайнер ва дўппидўзлар томонидан тайёрланган миллий либослар, дўппилар, ёш мусаввирларнинг ижод намуналари кўргазмалари ташкил этилди.
Кекса момоларимиз, дўппидўз ҳунармандлар иштирокидаги суҳбатлар ёшларнинг дўппи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.
- Дўппи нафақат миллий кийим, балки, бошқа турли вазифаларни бажариши билан ҳам аҳамиятлидир, - дейди Қорашоҳ маҳалласида яшовчи дўппидўз Одинахон Сотволдиева. - "Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди. Ўзбек қизларининг дастурхон атрофида, таом тайёрлаётганда ялангбош юриши одобсизлик саналади. Бундан ташқари, дўппи бошнинг давлати ҳисобланган. Шу боис, халқимиз уни азалдан авайлаб-асраган, оёқости бўлишига йўл қўймаган.
Дўппидўз момоларимизнинг айтишича, дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маъноларни англатар экан. Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туришини, четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳибининг серфарзанд ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади.
Бадиий жамоалар, санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, саҳна кўринишлари, ижро этилган шеърлар, рақслар орқали миллий урф-одатларимиз, либосларимиз, дўппи кенг тарғиб этилди.
Якунда тадбирнинг фаол иштирокчилари, ўтказилган танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрда Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюцияси, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар устувор йўналишларидан бири этиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланган.
Ушбу вазифани амалга оширишда коммунал хизматлар, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя тизимларини тақдим этиш орқали аёлларни парваришлаш, уй хўжалигини юритиш бўйича ҳақ тўланмайдиган меҳнатни тан олиш ва қадрлаш, миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда оилада хўжалик юритиш учун умумий масъулият тамойилини рағбатлантириш, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишлари ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни яратиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан қабул қилинган қатор Фармон ва қарорларда хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, қўшимча имтиёзлар берилиши бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Ривожланаётган давлатларда қишлоқ аёллари аҳолининг тахминан 43 фоизини ташкил этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, хавфсизлигини таъминлашдек муҳим стратегик вазифани амалга оширишда ҳиссалари катта. Аксарият қишлоқ аёлларининг турмуш тарзи қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларга бевосита боғлиқ бўлиб, таъминланиш даражасига кўра турмуш фаровонлиги белгиланади.
Дунё бўйича аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлигига қарамай, айни пайтда 1 млрд. нафардан ортиқ инсонлар ҳаёт учун ўта ноқулай шароитларда, озиқ-овқат тақчиллигида яшамоқда. Жуда кўп давлатларда қишлоқ жойларда камбағаллик шаҳарларга нисбатан анча юқори. Аёл фермерлар эркак фермерлар каби меҳнат қилсалар-да, лекин ҳар доим ҳам уларга эркаклар билан тенг шароитлар яратилмайди. Айниқса, моддий-техник воситалар, кредит ресурлари, ер, сув ва бошқа кўплаб имкониятлардан фойдаланиш борасида ҳанузгача аёлларнинг имконияти пастлигича қолмоқда.
Дунё бўйича камбағал аҳолининг 76 фоизи қишлоқларда яшашини инобатга олиб, қишлоқ аёлларининг ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали дунёда камбағаллик даражасини пасайтириш, қишлоқ жойларда гендер тенглигини таъминлаш бўйича муҳим вазифаларни амалга ошириш бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидандир. Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, фаолиятларини самарали юритишлари учун молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда фаоллигини ошириш билан бирга, хотин-қизлар фаолият йўналишларини молиялаштириш тизимини енгиллаштириш ва мақбуллаштириш шароитларини яратиш талаб этилади. Шунга қарамасдан, 2018 йилда дунёнинг 124 та давлатида ижтимоий соҳаларни молиялаштириш миқдори камайган. Умуман, барча давлатларда хотин-қизларнинг турмуш фаровонлиги ҳамда уларнинг сиёсий ирода ва ривожланиш стратегияси даражасини оширишда жамоатчилик секторлари хизматларига муҳтожлик сезилади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабридаги йиғилиши қарорида қишлоқ аёлларининг, шу жумладан, туб аҳолининг қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ туманларини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ жойларда камбағалликни йўқотишдаги роли ва фаол иштироки эътироф этилиб, 15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни, деб расман эълон қилинган. Ушбу кун 2008 йил 15 октябрда илк бор нишонланди. Бугунги кунга келиб ушбу кун дунёнинг кўплаб давлатларида нишонланади.
Кўплаб давлатларда бу кунда семинарлар, конкурслар, кўргазмалар, тантанали йиғилишлар бўлиб ўтади, хотин-қизларга имтиёзли кредитлар бериш ва даволанишлари учун йўлланмалар тақдим этилади. Ҳар йили "Халқаро аёллар саммити" томонидан "Қишлоқда аёллар ижодиёти"танлови эълон қилиниб, айнан байрам куни ғолиблар Женевада ташкил этиладиган тадбирда тақдирланадилар.
Шу куни қишлоқ аёллари уй-рўзғор ишлари, асосий хизмат вазифаларидан ташқари томорқаларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланади, фарзандларини меҳнатга ўргатадилар. Умуман, ана шу куни турли давлатларда ўтказиладиган тадбирлар, байрам тантаналари меҳнаткаш, бағрикенг ва фидоий қишлоқ аёлларига бағишланади.
Қабул қилинган Резолюцияда БМТга аъзо бўлган давлатлар ҳамкорликка чақирилади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конференция ва саммитлари қарорларини амалга ошириш бўйича иш олиб бораётган ташкилотларга фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда қишлоқ жойлардаги аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор ишларни амалга оширишлари белгиланган.
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2007 йилда қабул қилинган Резолюциядаги барча устувор йўналишларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, қишлоқ жойларда инфратузилмаларни яхшилаш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга бевосита таъсир этувчи ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, қишлоқ жойларда хотин-қизлар учун яратилаётган янги ишчи ўринлар, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор кўлами йил сайин ортиб бораётганлиги фикримизга мисолдир.
Қишлоқ аёлларининг жамият тараққиёти, аҳолини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги улкан ҳиссаси, қишлоқларни ободонлаштиришдаги хизматлари эътироф этилган ҳолда жорий йилда мамлакатимизда биринчи бор 15 октябрда "Халқаро қишлоқ аёллари куни" нишонланади. Ушбу халқаро байрамнинг нишонланиши қишлоқда истиқомат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимиз меҳнатининг эътирофи ва уларга бўлган эътиборнинг намунаси бўлади.
Адиба АҲМАДЖОНОВА,
Ўзбекистон "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси раиси, қишлоқ хўжалик
Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалида "Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигини барқарор ва инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш" мавзусидаги анжуман бўлиб ўтди.
15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланиб, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда аграр соҳада фаолият олиб бораётган олималар, фермер хўжаликлари раҳбарлари бўлган опа-сингилларимиз, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, мавзу доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Анжуманда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова, Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали директори вазифасини бажарувчи Комилжон Комилов, Ўзбекистон аграр соҳа аёллар уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова ва бошқалар томонидан вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузи ва фаоллигини ошириш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, билим доирасини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, қишлоқдаги аёллар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, вилоят қишлоқ хўжалигини барқарор ва инновацион ривожлантиришда хотин-қизларнинг роли ва иштирокини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Анжуманда мутахассисларнинг "Андижон вилоятида раҳбар аёлларнинг ишлаб чиқаришдаги ўрни", "Андижон вилояти қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар", "Андижон вилояти шароитида чорвачилик соҳасидаги янги инновацион технологиялар", сингари қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Андижон вилояти "Аграр соҳа аёллари" уюшмаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Иштирокчиларга янги уюшманинг мақсад-вазифалари, фаолият йўналишлари хусусида кенг маълумотлар берилди.
Андижонлик ҳали ўттиз ёшни қораламаган Гўзал исмли аёл алдов йўли билан Туркия давлатига кетиб, одам савдоси қурбонига айланди. Икки йил давомида унинг бошига нималар тушмади, қандай азоб-уқубатларни кўрмади, дейсиз?!
- Мунтазам азоб-уқубатлар, қийинчиликлардан яшашдан чарчадим, - дейди у. - Қанчалар оғир бўлмасин, ҳатто икки фарзандимдан кечиб, ўз жонимга қасд қилдим. Ҳаётдан насибам узилмаган экан, атрофимдаги инсонларнинг саъй-ҳаракати билан ҳаётим сақлаб қолинди. Элчихонамиз, Ижтимоий реабилитация маркази кўмагида юртимга қайтдим. Менга зарур барча ёрдамлар кўрсатилди. Ҳунар ўргандим, ишли бўлдим. Ҳаётга, яшашга бўлган умидим яна уйғонди.
Марказимизда "Зўрлик ишлатишдан жабрланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" мавзусида ўтказилган давра суҳбатида юқоридаги каби турли азоб-уқубатлардан руҳий тушкунлик, депрессия ҳолатига тушиб қолган шахслар, хусусан, аёлларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Андижон вилоятидаги "Меҳримиз сизга" маркази, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказган давра суҳбатида Марказнинг туман, шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, вилоят прокуратураси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, меҳнат, Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармалари вакиллари, туман, шаҳар хотин-кизлар қўмиталари мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, вилоятда бу борада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилдилар.
Тадбирда оғир вазиятга тушиб қолиб, турмушдаги зўравонликлардан азият чекиб, реабилитация маркази кўмагидан фойдаланган бир гуруҳ аёллар ҳам қатнашди.
2019 йилнинг ўтган 8 ойи давомида вилоятимиздаги минг нафардан зиёд оғир ҳаётий вазиятга, руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, уларнинг кўпчилигига касб-ҳунар ўрганиши, кредит олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишларига, бир сўз билан айтганда, нормал ҳаётга қайтиб, турмушларини изга тушириб олишларига кўмаклашилди.
Таъкидлаш керакки, Марказда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним ва конфеденциаллик тамойиллари асосида шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, маънавий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш хизматлари ташкил этилган бўлиб, айниқса, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган шахслар билан бирламчи ва изчил профилактик тадбирлар олиб борилиши йўлга қўйилган.
Давра суҳбатида "Зўравонлик турлари, уларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг аҳамияти", "Оилавий зўравонликнинг фарзандлар тарбиясига таъсири", "Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ва жабрланганларга ёрдам кўрсатишда ички ишлар ходимларининг роли", "Зўрликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишда давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Шунингдек, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган аёллар билан ишлаш, жамият ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғатадиган оилавий ҳамда шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг олдини олиш, ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчилик фаол иштироки ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунда оғир вазиятга тушиб қолган, турмушдаги зўравонликлардан азият чеккан ва Марказ кўмагида ўз ҳаётларини изга тушираётган бир гуруҳ аёлларга маиший техника жиҳозлари топширилди. Зўрликдан жабрланганларга ёрдам кўрсатишда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Марказимиз томонидан мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ва кўламини кенгайтриш учун зарур барча ишлар олиб борилади. Ҳаётда турли оғир вазиятларга тушиб қолган бирор бир аёл эътиборимиздан четда қолмайди.
ВИЛОЯТИМИЗДА 55 МИНГ НАФАРГА ЯҚИН ХОТИН-ҚИЗНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ
Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятидан
Юртимизда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва салоҳиятини юксалтириш, жамият ҳаётидаги обрў-эътибори ва нуфузини янада оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, аёллари улуғланган жамиятда, оилада, ижтимоий муҳитда тинчлик-тотувлик, осойишталик, эзгулик, меҳр-оқибат, фаровонлик ҳукм суради.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш йўналиши ижроси доирасида хотин-қизлар қўмитаси ҳамда масъул ташкилотлар ҳамкорлигида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят бандлик бошқармаси томонидан ишсиз ва ишлашни хоҳловчи 16 минг 413 нафар хотин-қизнинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида 2019 йилда амалга ошириладиган 310 лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликда барпо этиладиган янги иш ўринлари бўйича дастур ишлаб чиқилди.
Амалга оширлган ишлар натижасида вилоятда жорий йил сентябрь ойига қадар 55 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шундан 43 минг 606 нафари "Андижон Агро пилла" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда ипакчилик саноати йўналишида ташкил этилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида кам таъминланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ва биринчи навбатда иш билан таъминлаш зарур бўлган хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг 2755 нафари ишга жойлаштирилди.
"Ҳар бир оила тадбиркор" дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларга зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шу кунга қадар 10 минг 918 нафар аёлга 125 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Натижада 1 минг 994 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Масалан, тадбиркор Шаҳноза Мақсудованинг ўз маблағлари ҳамда банкдан олинган 200 миллион сўм миқдордаги кредити ҳисобига Андижон туманида "Фарзона-ишонч текстил" корхонаси ташкил этилиб, 22 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
Вилоятнинг чекка ва иш ўринлари кам бўлган ҳудудларда аёллар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Ана шу ҳудудларда фаолият олиб борётган 18 нафар тадбиркор томонидан 2 миллиард 746 миллион сўм қийматдаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига хотин-қизлар учун 532 та янги иш ўринлари яратилди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизлар томонидан тақдим этилган 270 та лойиҳани амалга ошириш учун 8 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Натижада 2 минг 88 та янги иш ўринлари яратилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоат фонди томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига биргина Асака туманининг "Обод" маҳалласида тикув-трикотаж, кўрпа-ёстиқ тикиш цехларининг ишга туширилиши ҳисобига 110 та янги иш ўринлари барпо этилди.
Хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси қошида Аёллар Тадбиркорлик маркази фаолияти йўлга қўйилди. Марказ томонидан туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар учун ўқув семинарлари доимий равишда ўтказиб келинмоқда.
Вилоят, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари томонидан "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда норасмий фаолият олиб бораётган ҳунарманд хотин-қизларнинг фаолиятини расмийлаштириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, устоз-шогирд тизими асосида 2 минг 352 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.«ҳунарманд уюшмаси» вилоят бошқармаси томонидан 156 нафар ҳунарманд аёлга 3 миллиард 453 миллион сўм миқдоридаги кредитлар ажратилди.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган ишлар ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Журналистлар сайлов жараёнини ёритишда фаол бўлади
Партияларнинг сайловолди тарғибот тадбирлари қандай ёритилиши керак? Оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи, умуман, сайлов ҳақидаги тушунчаларини, ана шу жараёндаги фаоллигини ошириш учун нималарга эътибор қаратиши зарур?
Вилоят Ёшлар марказида жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнини ёритиш масалаларига бағишланган давра суҳбатида юқоридаги каби қатор саволлар хусусида фикр алмашилди.
Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда Андижон вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи 451 та сайлов округи ҳамда 827 та участка сайлов комиссияси тузилади.
Вилоятдаги электрон ва босма оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган давра суҳбатида Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаев қатнашиб, мамлакатимизда сайлов кампанияси бошланганлиги, ушбу муҳим жараён - "Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар" шиори остида ўтказилиши, мазкур жараёнда журналистлар олдида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар турганлигини таъкидлади.
Сайловолди тарғибот ишларида энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексида белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш, холислик, шаффофликни таъминлаш, партиялар фаолиятини ёритиш, фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги аниқ мисоллар асосида тушунтирилди, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Юртимизда янгича сиёсий муҳит шаклланмоқда, фуқароларнинг фаоллиги, сайлов маданияти юксалмоқда. Бу албатта, оммавий ахборот воситаларидан сайлов жараёнларини ёритишга жиддий ёндашишни, тезкор, холис ва адолатли бўлишни талаб этади.
• * *
"Сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситаларининг ўрни" мавзусидаги давра суҳбати вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасида ҳам бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи Абдуғулом Султонов, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Назиржон Саидов, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари Садбархон Мамитовалар жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловларда оммавий ахборот воситаларининг роли, сайловларни ёритишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга тўхталдилар.
Шунингдек, сиёсий жараёнларнинг боришини назорат қилиш, сайловолди тарғиботида холисликни таъминлаш, ҳар бир партия фаолиятини ёритишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Юртимизда таълим соҳасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш, чуқур билим ва касб-ҳунарга эга, мустақил фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом авлодни вояга етказиш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида бир гуруҳ андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:
Қамбарова Гулнорахон Зоҳиджоновна - Асака туманидаги 24-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг география ва иқтисодий билим асослари фанлари ўқитувчиси,.