Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Андижон шаҳридаги "Яхши" маҳалла фуқаролар йиғинида "Бугунги ўспирин қиз - эртанги бўлажак она!" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 46-қишлоқ оилавий поликлиникаси бошланғич касаба уюшма ташкилоти ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга ҳудуддаги ўспирин қизлар, уларнинг оналари, ҳомиладор келинлар, қайноналар, маҳалла фаоллари таклиф этилди.
Яхши маҳалла фуқаролар йиғинида 4,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳолисининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этадиган маҳалла шаҳардаги намунали маҳаллаларидан бири ҳисобланади.
Тадбирда сўз олган вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази гинекологи Дилноза Эгамбердиева, Андижон шаҳридаги 3-оилавий поликлиника бош шифокори Муҳаррамхон Раҳмонова, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Жанона Мамадалиева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Ураимжон Усмоновлар оилалар тинчлиги, бахти соғлик-саломатликка бевосита боғлиқ эканлиги, соғлом зурриёт дунёга келиши учун энг аввало, она соғлом бўлиши лозимлиги, қизларни турмушга тайёрлаш, саломатликларига эътиборли бўлиш, тўйдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, ҳомиладор аёллар ва ўсмир қизлар ўртасида учраётган касалликлар ва уларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойиллари ҳақида маълумот бердилар.
-Турмушга чиққан ҳар қандай қиз она бўлиш орзуси билан яшайди, - дейди гинеколог Дилноза Эгамбердиева. - Аммо, соғлом фарзанд кўриб, туғруқхонадан бағрига босиб чиқиш насиб этиши учун аёл ўз саломатлигига нафақат ҳомиладорлик вақтида, балки, ундан ҳам аввалроқ, ўспиринлик давридан бошлаб эътиборли бўлиши, соғлом фарзанд кўришга тайёрланмоғи лозим. Шуни ҳамиша ёдда тутишимиз керакки, бугунги ўсмир қизимиз - эртанги бўлажак она. Шундай экан, биз шифокорлар қиз ўстираётган оналардан қиз боланинг соғлигига, айниқса, балоғатга ўтиш даврида аҳамият беришларини, фарзандидаги ҳар бир ўзгаришни эътиборсиз қолдирмасликларини сўрар эдик.
Моҳинур Қосимова - 1985 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Мутахассислиги - педагог. Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан директор лавозимигача кўтарилган. Жорий йилдан Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатмоқда. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларида хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оилаларини мустаҳкамлаш, бугун хотин-қизларимиз олдида турган долзарб муаммолар, умуман, юрт равнақи йўлидаги ишларда муҳтарама аёлларимизнинг фаол иштироки хусусида Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимова билан суҳбатда бўлдик.
- Тизимда иш бошлаганингизга кўп вақт бўлгани йўқ. Айтингчи, фаолиятингиздан кўнглингиз тўлаяптими?
- Хотин-қизлар билан ишлаш жуда масъулиятли ва кенг қамровли вазифа. Қолаверса, бугунги кун ҳар қандай даражадаги раҳбардан фидойилик ва шижоат билан ишлашни, халқ кўнглига йўл топа билишни талаб этади. Бу борада менга айнан педагог бўлганлигим қўл келмоқда. Фаолиятим давомида соҳага чуқур кириб боришга, барча йўналишлардаги ишларни самарали юритишга ҳаракат қиляпман. Тўғри, ютуқларимиз бор, лекин ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларимиз ҳам етарли. Шу маънода айтишим мумкинки, ўтган фаолиятимдан кўнглим тўлаётгани йўқ. Чунки, шаҳримиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, айниқса, хотин-қизлар билан боғлиқ салбий кўрсаткичларни яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз талайгина.
- Бугунги кунда хотин-қизлар ўртасидаги энг долзарб муаммолар қайси, деб ҳисоблайсиз?
- Биласизми, аёлларимиз энг кўп мурожаат қилиб келаётган муаммолар асосан, ишсизлик ва уй-жой масалаларидир. Бу масалалар шу қадар долзарбки, мазкур муаммолар ҳатто оилалар бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Нега десангиз, уйсиз, ишсиз кишининг оиласида ҳар доим ғалва бўлади. Аммо, нима бўлганда ҳам шукр қилиб яшаш керак. Чунки, давлатимиз ҳеч бир оилани, ҳеч бир муҳтожни эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Шукроналик кишига бахт-саодат келтиради. Ва аксинча, ношукрлик одамга ташвиш, омадсизлик, йўқчилик олиб келади. Шундай одамлар борки, яшашга уйи бор, шароитлари яхши, аммо, боқимандалик кайфиятида. Уйини ҳам давлат таъмирлаб бериши керак, ўзи бирон жойда тайинли ўқимаган, ҳунар ўрганмаган, давлат уни қўллаб-қувватлаши керак. Ана шундай масала билан мурожаат қилиб келган аёллардан бириникига бордим. Уйига кириб кўргач, нафратим қўзиди. Уй-жойи дурустгина, машинаси бор. Эри вафот этган бўлса-да, 2 нафар норғул, балоғатга етган ўғиллари бор экан. Уйини таъмирлатиб бердик. Шундаям норози. 5-6 та муаммосини айтиб, ёрдам сўраяпти. Ҳукуматимиз унга яна нима қилиб бериши керак, ҳайронман.
Қурбон ҳайити арафаси бир ногирон аёлнинг хонадонига йўқлаб бордик. Эр-хотиннинг жасоратига тан бермай иложинг йўқ: эрнинг кўзи ожиз, аёл юрмайди, белдан пасти ишламайди унинг. Оёғини операция қилдириш учун яшаб турган уйларини сотишди. 3 хонали уй аввал 2 хонали, сўнг 1 хонали бўлди. Ва ниҳоят охирги операция учун ўша бир хонали уйни ҳам сотишди. Лекин, эр-хотин бирон жойга пул сўраб бормаган. Ваҳоланки, ўша аёл ҳам баъзи бировларга ўхшаб юз-кўзини юлиб, ёрдам сўраб келиши мумкин эди. "Аравача олиб бердинглар, етади", дея минг ҳижолат бўлди, йиғлади, дуо қилди. Уйсиз қолди бечора, аммо ҳаётидан хурсанд. Бу - уйли, тўкис эса ҳамма нарсани давлат қилиб беришга мажбурдек, талаб қилаяпти. Кейинги пайтда, асл ёрдамга муҳтож кишилар қолиб, мана шунақа, боқимандалик кайфиятидаги фуқаролар кўпайиб бораётганлигидан очиғи, хафа бўлиб кетаман.
- Ажримлар масаласида ижобий ўзгаришлар борми? Умуман, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Ҳа, албатта. Жорий йилда ажримлар сони ўтган 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 39 тага камайди. Бу яхши, бу борада ҳам ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Вилоятимиз ҳокими мазкур масала бўйича неча маротаба сессиялар ўтказди. Булар аста-секин ўз мевасини беряпти.
Оилани муқаддас деб билиш, ардоқлаш ўрнига ҳаётга енгил-елпи ёндошадиганлар, ўғил уйлаб, қиз чиқаришга беписанд қарайдиган оилалар орамизда оз эмас. Йигитларнинг беқарорлиги, қизларнинг бесабрлиги, ношукрлигига хафа бўлиб кетаман. Доим қизлар томон бўлишга ҳаракат қилиб келганман. Аммо, онасиникига гап ташиб келадиган қизларни оқлай олмайман. "Қизимнинг уйи уй бўпкетсин", деган аёл, иложи борича қизини гап ташиб келмаслигининг олдини олиши керак. Қизига панд-насиҳат қилиши, иложи борича қизини оиласига, янги уйига итариши керак. Шу ўринда, оналарнинг фарзандини ҳаддан ортиқ яхши кўришлариям бўлмас экан, деб ўйлайман. Оналарнинг меҳри фарзандининг оиласини бузиш учун эмас, бахт-саодати учун хизмат қилиши керак, назаримда.
- "Анзират бувилар" гуруҳи ҳақида ҳам тушунча бериб ўтсангиз! Бу қандай гуруҳ, нималар билан шуғулланади?
- "Суюнчи" фильмида Анзират буви образи бор, билсангиз. Бу образ қишлоқнинг виждони ва расмийлар эътиборсиз қолдираётган муаммоларни жамоатчилик кучи билан ечишга ҳаракат қиладиган аёл сифатида тасвирланади. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби шаҳримиздаги маҳаллаларда ҳам "Анзират бувилар"дан иборат Тарғибот гуруҳи ташкил қилинди. Унга маҳаллалардаги 30 нафар энг фаол, намунали уй бекалари, кайвони онахонлар, ибратли қайноналар жалб этилган. Бу гуруҳимиз "Оилага кириш", "Саломатлик" "Таълим-тарбия", "Бандлик ва тадбиркорлик" ҳамда "Жиноятчилик профилактикаси" каби 5 гуруҳга бўлинади. Мавжуд 85 та маҳаллаларда шу гуруҳ фаолияти бўйича махсус семинар ўтказдик. Гуруҳ таркибига ибратли оила вакиллари, фаол аёллар билан бирга, жиноятчиликка мойил ёки жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, келини билан муроса қилолмайдиган қайноналар, нотинч оиладаги аёллар ҳам қўшилган. Масалан, "Баркамол" маҳалласида 37 та кўп қаватли уй бор. Ҳар бир "Анзират буви" га 7 тадан уйни бўлиб олиб, ҳар бир оилага ташриф буюриб, ундаги муаммоларни ўрганиб чиқади. Ҳар шанба куни уларнинг йиғиб келган маълумотлари таҳлил қилинади ва 5 та тоифа бўйича ажратилади. Ажрим ёқасидаги оилалар бўлса "Оилага кириш" гуруҳига қўйилади, бемори бор хонадонлар "Саломатлик"гуруҳига йўналтирилади. Йиғилишда гуруҳлар муаммолар бўйича хонадонларни бўлиб олиб, муаммоларни ҳал қиладилар. Энг аввало ўзлари, сўнгра маҳалла фуқаролар йиғини, шундаям ҳал бўлмаса қўмитамиз, қўмита ечолмаган масала вилоятга олиб чиқилади. Мақсад - фуқароларнинг муаммоларини жойида, қуйидан туриб ҳал этиш, аҳолининг муаммоларини камайтириш.
Бугунги кунда Андижон шаҳрида 216 мингдан зиёд хотин-қизлар бор. Улардан 107 минг нафари 30 ёшгача бўлган қиз-жувонлардир. Аёл зоти барибир ўзгача ҳилқат. Улар билан ишлашнинг ҳам қийин, ҳам ўзига яраша завқли томони бор. Дардини эшитиб, муаммосини ҳал қилиб берсангиз, хурсанд бўлиб, раҳмат айтиб кетса, завқини туясиз. Оиласи нотинч бўлиб, фарзанд доғида куйиб, муаммоси ортиб, кўз ёш тўкиб турса ўз дардингиздай юк босади.
Энг катта бахт бу - фарзанд камолини кўриш. Барча хотин-қизларимизга ана шу бахт насиб этишини тилайман!
Педагогик фаолиятимни бошлаганимга 20 йил бўляпти. Ўтган йиллар давомида ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбиялаш ишига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқдаман. Ўқитувчилик машаққатли, аммо шарафли касб. Бироқ, шу кунгача ўқитувчилар меҳнати бу қадар қадрланмаган эди.
Биз педагоглар ҳукуматимизнинг халқ таълими ходимларига кўрсатаётган ғамхўрликларидан беҳад мамнунмиз. Айниқса, Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами муносабати билан янги ўқув йили олдидан "Шуҳрат" медали билан мукофотланганим юрагимда чексиз фахр ва ифтихор ҳиссини уйғотди.
Аёллари қадрланган, зиёлилари эъзоз топган шундай жаннатмакон юртда яшаётганимдан бахтиёрман. Мукофот мени янада руҳлантирди. Келгуси иш фаолиятимда ўқувчи ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат, ватан равнақи учун хизмат қиладиган комил инсон қилиб тарбиялашда астойдил меҳнат қиламан.
Вилоятимизда "Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик" шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланиб "Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик" шиори остида ўтказилган ёшлар фестивали андижонлик ёшлар учун ҳақиқий байрамга айланди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, мустақилликка шукроналик, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган фестиваль доирасида вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, коллеж, академик лицей, умумтаълим мактаблари, махсус мактаблар ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида турли акция, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилди.
Фестиваль тадбирлари Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида вилоят ҳокими ўринбосари Ўткирбек Шукуровнинг ёш ўқитувчилар, иқтидорли ёшлар ҳамда ёшлар ташкилоти етакчилари иштирокидаги мулоқот билан бошланди. Мулоқотда мамлакатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларга кўрсатилаётн эътибор ва ғамхўрлик, пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли номоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Ёшлар маркази фойесида иқтидорли ёшларнинг робототехника, ахборот коммуникация технологиялари ва бошқа турли техник йўналишларда ўзлари тайёрлаган жиҳозлар, ихтиро, инновацион ғоя ва ишланмалар кўргазмаси ташкил этилди.
Андижон шаҳридаги 2- сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус тарғиботи доирасида ёшлар ўртасида спортнинг сузиш, стол тенниси, каратэ турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Катта ютуқларга эришган таниқли спортчилар, мамлакат чемпионларининг ёшлар билан учрашувлари, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди.
Андижон шаҳридаги ҳарбий гарнизонда "Ватан ҳимояси - юксак шараф", "Мард ўғлон - юрт таянчи" мавзуларидаги учрашув ва мулоқотда муддатли ҳарбий хизматчиларга Қуролли Кучлар фахрийлари ўзларининг бой тажрибалари, ватан ҳимояси йўлидаги хотираларини гапириб берди.
"Уч авлод учрашуви" шиори остида ўтказилган акция доирасида ёшлар иттифоқи фаоллари, "Камалак" ташкилоти сардорлари томонидан бир гуруҳ фахрий ўқитувчилар холидан хабар олинди, уларга совға-саломлар улашилди.
Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги "З.М. Бобур издошлари" тўгараги ҳамда "Муҳаммад Юсуф издошлари" клуби аъзоларининг ёшлар билан ижодий учрашуви шеърият байрамига айланиб кетди.
- Байрамона ўтган учрашувдан бир олам таассурот олдим, - дейди Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби ўқувчиси Машхура Ботирова. - Ижодга, шеъриятга қизиқувчи, шеърият мухлиси бўлган тенгдошларимнинг гўзал шеърларини тинглаб, улардан кўп нарсаларни ўргандим.
Вилоят "Баркамол авлод" марказида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган "Математика фани билимдони" танловида ёш, иқтидорли математиклар ўз билимларини синовдан ўтказди. Фестиваль доирасида Андижон шаҳридаги "Нодира", Марҳамат туманидаги "Увайсий", Бўз туманидаги "Нодира" кинотеатрларида тарихий "Имом Ат-Термизий", "Исломхўжа" фильмлари намойиш этилди. Шунингдек, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида истиқомат қилаётган имконияти чекланган ёшлар учун музей, тарихий масканларга, "Боғи Бобур" боғига саёҳатлар уюштирилди.
Фестиваль доирасидаги қатор тадбирлар Андижон шаҳридаги Ёшлар боғида бўлиб ўтди. Жумладан, китоб савдо ярмаркаси, "Мустақилликка менинг туҳфам" шиори остида ижодкор ёшларнинг янги китоблари тақдимоти, ёш тадбиркорлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш маҳсулотлари кўргазмалари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Якунда ўтказилган танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, тадбир ва акцияларнинг фаол иштирокчилари муносиб рағбатлантирилди. Фестиваль тадбирлари "Буюк аждодларга муносиб ворис бўлайлик" шиори остидаги гала-концерт билан якунланди.
Оғир турмуш шароитида яшаётган 60 нафар аёлга янги уйлар топширилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида вилоятимизнинг турли ҳудудларида яшаётган 60 нафар хотин-қиз янги уй соҳибига айланди.
Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган тадбирда жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож аёлларга янги уйларнинг калити тантанали равишда топширилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар вакилларини, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
- Вилоятимизда ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйҳати шакллантирилиб, уларни босқичма-босқич уй-жой билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. - Хусусан, 2018 йилда 469 нафар ана шу тоифадаги аёллар уй-жой билан таъминланган бўлса, жорий йилда яна 300 нафарига уй берилиши белгиланган.
Мустақиллик байрами арафасида Андижон шаҳри, Асака, Марҳамат, Шаҳрихон, Булоқбоши ва Избоскан туманларида барпо этилган кўп қаватли уйлардаги 2-3 хонали квартиралар ҳамда 2 сотихли намунали уйлар эгаларига топширилди.
- Кўзим ожиз, 1-гуруҳ ногирониман, - дейди Асака туманидаги Сайдобод маҳалласида яшовчи Ҳавохон Ташатова. - Турмушдан ажраганман, ўғлим Қурбонали билан отамнинг торгина ҳовлисида бир неча оила яшаб келар эдик. Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шароитимизни ўрганиб, уй-жой берилиши учун рўйатга киритганларида очиғи, уй олишга ишонмаган эдим.
Бугун дунёда мендан бахтли инсон йўқ. Чунки, менга "Обод" маҳалласида қурилган янги уйлардан бири берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган Президентимизга мингдан минг раҳмат.
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, аёлларга берилган 60 та уйдан 40 тасининг бошланғич тўлови хотин-қизлар қўмитаси томонидан амалга оширилган, 20 таси эса бепул, хайрия тарзида ажратилди.
- Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, - дейди янги уй соҳибаси Марҳамат туманидаги Бозорбоши маҳалла, Юқори кўчасида яшовчи Хосиятхон Исаева. - Турмуш ўртоғимнинг биринчи оиласи вафот этган. Уч нафар ёш болаларига она бўлиб турмушга чиққанман. Кейин яна уч нафар фарзанд кўрдик. Яшаш шароитимиз ўта оғир. Ўз уйимиз йўқлигидан эрим сувчи бўлиб ишлайдиган фермер хўжалигининг қоровулхонасида яшаб келар эдик. Қанчалар қийналиб яшаганимизни фақат ўзим биламан, буни сўз билан айтиш осон эмас. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бизга ҳам уй берилди. Бундан айниқса, фарзандларимизнинг қувонганини кўрсангиз эди. Мен каби кўнгли ўксик аёлларга қувонч улашаётган Президентимизга, барча раҳбарларга миннатдорчилик билдираман.
Уй соҳибасига айланган қайси бир аёл билан суҳбатлашмайлик, қувончдан, эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдирдилар.
- Ёшим олтмишни қоралаб қолди, - дейди Андижон шаҳри Қўшариқ даҳасидаги оилавий ётоқхонада яшовчи Одинахон Холмирзаева. - Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Турмушдан ажраган қизим, унинг уч нафар фарзанди билан неча йилларки бир хонали ётоқхонада яшар эдик. Яратганга шукрлар бўлсин, Мустақиллигимиз, Президентимиз шарофати билан оиламизга янги уй берилди. Бундан бошим кўкка етди, мана шундай хайрли ишларнинг бошида турган инсонларга таъзим қиламан.
Янги уй соҳибаларига уйнинг сертификати, калити билан бирга, совға тариқасида маиший техника жиҳозлари топширилди.
Вилоятимизда жорий йил охирига қадар яна 240 нафар жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган уй-жойга муҳтож аёллар уй-жой билан таъминланади.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан, турли унвон, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Улар орасида бир гуруҳ андижонлик опа-сингилларимиз ҳам бор. Улар қуйидагилар:
"Меҳнат шуҳрати" ордени билан:
Йўлчиева Муножатхон Абдувалиевна - Ўзбекистон давлат консерваторияси анъанавий ижрочилик кафедраси профессори.
Назарханова Севара Анваржановна - "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонандаси.
"Дўстлик" ордени билан
Бабенко Елена Владимировна - Ўзбекистон рус маданият марказининг Андижон вилоят бўлими раҳбари.
Маматова Ширин Мамаджановна - "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси хонандаси.
Юнусова Нигорахон Юсупжоновна - Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиётини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарих фани ўқитувчиси.
Жорий ўқув йилида 55 минг 348 нафар ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинди
Кеча вилоятимиздаги 761 та умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларида янги ўқув йили машғулотлари бошланди. Бу йил 55348 нафар жажжи ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинди. Умуман, жорий ўқув йилида мактабларда 555 минг 162 нафар ўқувчи таҳсил олади, уларга 37 минг нафардан зиёд педагог ва мураббийлар сабоқ беради.
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Андижон вилоятида 19 мактабда капитал таъмирлаш ишлари бажарилди, 2 та янги мактаб барпо этилди.
Умуман, вилоятдаги 761 та умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароитлар яратилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида Марҳамат туманидаги Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғинида 540 ўринли 47- ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 50 миллион сўм бўлган 2 қаватли мазкур таълим маскани қурилиш-таъмирлаш ишлари "Бунёдкор дўст" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.
- Замонавий кўринишга, барча қулайликларга эга ушбу таълим маскани ўқувчи ва ўқитувчиларимиз учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлади, - дейди мактаб директори Жумагул Шербоева. - Мактабда 32 ўқув, шунингдек, физика, химия ўқув-лаборатория, компьтер хоналари, ахборт-ресурс маркази янги ўқув йилига тахт ҳолга келтирилди.
Таълим муассасасида ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун барча шароитлар яратилган. Лаборатория ва фан хоналари тегишли кўргазмали воситалар, зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Япониялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, аёл кишининг қон гуруҳи унинг феъл-атвори ва ўзига хос хусусиятларини билишга ёрдам берар экан. Бу фикр қанчалик ҳақиқатга мос эканлигини улар тақдим этган қуйидаги маълумотлар асосида ўзингизнинг қон гуруҳингиз ва хусусиятларингиз мисолида таққослаб кўринг.
I ҚОН ГУРУҲИ
Бу қон гуруҳига эга бўлган қизлар, аёллар ҳамма жойда етакчилик қилишни яхши кўрадилар ва ушбу мақсад сари олға интиладилар. Улар ўзларининг билим ва кучига ишонади. Шу билан бирга, ушбу қон гуруҳига эга бўлган қизлар эҳтиросга берилувчан ва рашкчи бўладилар.
II ҚОН ГУРУҲИ
Ушбу қон гуруҳи эгалари эса, уйғунликни, тинчлик ва тартибни хуш кўрадилар. Улар атрофдагилар билан жуда хушмуомала бўлишлари билан бирга, таъсирчан ва кези келганда инжиқ, ўзгарувчан табиатга эга бўладилар.
III ҚОН ГУРУҲИ
Бу қон гуруҳи вакиллари ўзига хос феъл-атворга эга, ўзлари истаганидек иш тутишни яхши кўрадилар. Ҳар қандай шароитга тез кўникадилар. Кечиришга интиладилар. Аммо, интилиш ва саъй-ҳаракатлари ҳар доим ҳам ижобий натижа беравермайди.
IV ҚОН ГУРУҲИ
Ушбу қон гуруҳига эга қизлар, аёллар оғир-босиқ ва ҳақиқатгўй бўладилар. Шунга қарамай яқинлари, дугоналари улар билан вақт ўтказишни яхши кўрадилар. Чунки улар хушмуомала бўлиш билан бирга, қатъий, яқинларига тўғри ва самимий маслаҳатлар бера оладилар.
Қадим замонлардан то бугунгача инсониятни "Тушлар ўнгидан келадими?" деган савол ўйлантириб келмоқда.
Тушларнинг ўнгидан келиши бор нарса эканини кўпчилик, жумладан, машҳур олимлар ҳам таъкидлайдилар.
Таниқли инглиз ёзувчиси Кеплинг дўстларига ҳайротомуз туши ҳақида бот-бот гапириб берарди.Тушида у аллақандай қабул маросимига таклиф этилганди. Катта зал, оёқ остига синиқ мармар тошлар ётқизилган. Одам кўп, қандай тантана бўлаётгани Киплингга қоронғу, сабаби олдини ёғоч одам тўсиб турибди. Маросим тугагач, бир киши ёзувчини қўлидан ушлаб, унга гапи борлигини айтди.
Шу тушни кўрганидан сўнг, орадан икки ой ўтиб, адибни ҳақиқатдан ҳам қирол саройига расмий маросимга таклиф этдилар. Бу кўрган тушининг ўзгинаси эди!
Бундай башоратлар фақат машҳурлардагина эмас, балки оддий одамларда ҳам кузатилади. Олимларнинг аниқлашларича, тушнинг ўнгидан келиши, кўпроқ туш таъбирига ишонувчи кишилар ҳаётида содир бўларкан.
Бефарзанд бир аёл тушида ўғилли бўлганини, ўғли улғайиб элига нафи тегувчи, мансабдор бўлганини кўрди. Орадан бир йил ўтиб, Яратганнинг марҳамати билан чиндан ҳам ўғил фарзанд кўрди. Қарангки, вақт ўтгач, замондошимиз бўлган ўша аёлнинг тушида аён бўлган ҳолатлар ҳақиқатга айланди.
Аристотель ўз таълимотларида тушнинг ҳаёт ва ҳаёт эмаслик орасида туришни таҳлил қилган. Йиллар ўтса-да, олимларнинг баъзилари тушни табиий физиологик жараён деб айтишса, айримлари бошланғич онгнинг алоҳида қисми деб ҳисоблашади. Уларнинг таъкидлашича, тушнинг асосий вазифаси келажакда бўладиган яхши ва ёмон воқеалардан огоҳлантиришдир.
Туш ҳақидаги бундай хилма-хил фикр ва хулосалар жуда кўп. Лекин тушнинг қандай ҳодиса эканлиги хусусида аниқ хулоса ҳозирча мавжуд эмас. Яна тиббиёт мутахассислари, одам яхши тушлар кўраётганда ортиқча ёғдан халос бўлишини таъкидлайдилар.