+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Сен 2019

Бир аёлга бахт бўлса, шунчалик бўлар, - дейди полвонтошлик мутахассис Озодахон Норматова.

Полвонтош - Марҳамат туманининг энг чекка маҳаллаларидан бири. Ҳудудда 1172 нафар аҳоли истиқомат қилса, шундан 586 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги мавжуд 243 та хонадонда бугунги кунда 357 нафар оила тинч-фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Озодахон Норматова маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни  мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси. Шу маҳаллада туғилиб ўсган мутахассис унинг ҳар бир қарич ерини яхши билади, кекса-ю ёшини ҳурмат қилади, ҳар бир оиласини қадрлайди.

Олий маълумотли педагог 1979 йили Андижон чет тиллар институтини аъло баҳоларга тамомлаган. Қарийб 30 йил тумандаги 15-умумтаълим мактабида ўқувчиларга француз тили ва   бошланғич таълимидан сабоқ берди. Нафақага чиққанидан сўнг уни маҳалла фуқаролар йиғинига ишга таклиф этдилар. Шундан буён маҳалла ташвиши аёлнинг ўз ташвиши, одамларнинг дарди ўз дардига айланди.

- Маҳалламиз аҳолиси жуда меҳнаткаш, оқибатли, - дейди Озодахон Норматова. - Асосан, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланишади.   Бекорчи аёлларнинг ўзи йўқ. Кимдир иссиқхона барпо этган, кимдир чеварлик қилади, қизларни ҳунарга ўргатади. Миллий анъана, қадриятлар туманимизда энг кўп бизнинг Полвонтошда сақланиб қолган. Тўй-маросимларимиз кенгашли, маслаҳатсиз ўтмайди, тез-тез хашар маросимлари ўтказилади. Биров уй қурса ҳам, молхона қурса ҳам дарров хашар чақирамиз.

  Маҳаллада аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Раънохон Нурматова банк кредити эвазига иссиқхона барпо этди. Чевар Холидахон Қорабоева хонадонида 25 нафар қизларга ўз ҳунари сирларини ўргатмоқда. Ёш оила вакилалари Нафиса Нурматова, Наврўза Кенжаевалар ҳам чеварлик, Дилоромхон Юсупова эса лимон етиштиришни йўлга қўйиб, тадбиркор аёллар сафига қўшилдилар. Боғдахон Қазақова, Манзурахон Мамасаидовалар эса кўрпа-тўшак қавиб, иш фаолиятларини юргизишмоқда.

- Маҳалладаги оилаларнинг ярмидан кўпини ёш оилалар ташкил этади, - дейди Озодахон опа. - Бугунги кунда маҳалла билан ишлашда бизга энг кўп қийинчилик туғдирадиган қатлам бу  айнан ёш оилалардир. Ҳозирги ёшларда негадир ҳаётга енгил-елпи қараш туйғулари кўп учрайди. Фаолиятим давомида энг кўп оилавий можаролар, арзимаган маиший муаммолар сабаб "сен-мен"га бораётган оилаларнинг жанжалига дуч келаман. Шукрки, маҳалламиз аҳли ҳамжиҳат, ажримларга йўл қўймаяпмиз.

Озода опанинг эътироф этишича, Полвонтошда ўтган 2 йил мобайнида ажримлар расман қайд этилмаган. Ҳудудда маҳалла-мактаб-оила ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Тез-тез маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этиб борилади. Яқинда 15-умумтаълим мактабида ўтказилган дўппи фестивалида ўқувчи қизлар ўнга яқин миллий либос турларини намойиш этдилар.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ижроси доирасида ҳам Полвонтошда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик тарғиботи, спорт-соғломлаштириш тадбирлари шулар жумласидандир. Спорт мусобақаларига маҳалланинг кексаю-ёш, эркагу аёли бирдек жалб қилинади.

-Маҳалламизда қиз-жувонлардан иборат волейбол жамоасини тузганмиз, - дейди мутахассис. - Ёш мураббий Ферузахон Абдуллаева ҳафтада 3 кун   машғулот олиб боради. Аёлларимизнинг спортга бўлган қизиқишлари, мусобақаларга бўлган иштиёқларини кўрсангиз... Муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган мусобақаларда жамоамиз мактаб ўқитувчилар жамоасидан устун келди.

Озода опа нафақат яхши мутахасис, балки, намунали оила соҳибаси сифатида ҳам маҳаллада ҳурмат-эътибор қозонган. Турмуш ўртоғи Fанижон Мирзаев билан 4 фарзанд, 7 набирага бош бўлиб яшаб келмоқда.

- Нафақага чиққандан кейин зерикади одам, бирон машғулот топиб овунмаса, ўзини жамиятга кераксиздай ҳис қилади. Мен эса, Яратганга шукр, маҳалла иши билан бандман. Зерикишга асло вақтим йўқ. Оилам, маҳаллам тинч. Бир аёлга бахт бўлса, шунчалик бўлар, - дейди мутахассис Озодахон опа.

Муаззам ИБРОҲИМОВА