+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Кутубхоначилар фаоллиги янада ортади

Муносабат

Мамлакатимизда китоб, китобхонликка бўлган эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлмоқда.

Кейинги йилларда китоб ва китобхонликка қаратилаётган эътибор,   қолаверса, юртбошимизнинг юқоридаги қарорига асосан, кутубхоначиларнинг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилди, шу билан бирга, уларнинг зиммасига катта масъулият юкланди. Айниқса, юртимизда 21 май - Кутубхоначилар куни, деб белгиланганлиги соҳа ходимларига кўрсатилган эътиборнинг намунасидир.

Бундан буён инсон маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли муҳим эканлигини ёшлар онгига сингдириш,       китобларни сифатли сақлаш ва келажак авлодга бус-бутун етказиб бериш борасида кутубхоначилар янада фаол иш олиб боришлари лозим. Зотан, китоб инсонни илм, маърифатли, одоб-алоқли, юксак маънавиятли бўлиб камол топишига ёрдам беради. Ана шу юксак инсоний фазилатлар билан қуролланган шахс шубҳасиз, юрт, жамият ривожига муносиб ҳисса қўша олади. Биз кутубхоначилар Ватан тараққиёти, унинг янада юксалиши учун хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, камол топтириш йўлида астойдил меҳнат қиламиз.

 

Нигорахон ЮЛДАШЕВА,

 

Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази бўлими мудири.

Кўнгиллар обод бўлди

САХОВАТ

Яқиндагина ўтган Қурбон ҳайити, қолаверса, яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллик байрами олдидан  вилоятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олийжаноб фазилатларни, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш, шунингдек, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини, кекса меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан ҳам қатор саховат тадбирлари ўтказилди.

 - Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ҳамда маданият ва спорт муассасаларидаги касаба уюшма аъзоларидан 160 нафар кўп болали, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда меҳнат фахрийларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, - дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси Насибахон Тўрақулова. - Бундан  ташқари, бир гуруҳ кексалар холидан хабар олинди.

Ана шу хайрли тадбирларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мудири С. Собиров, бўлим ҳуқуқшуноси Ф. Дадахўжаев, услубчи Л. Абдураҳимова, касаба уюшма шаҳар кенгаши аъзолари, бошланғич ташкилотлари етакчилари фаол иштирок этди.

 Бу эътибордан кўплаб инсонларнинг кўнгиллари обод бўлди, қолаверса, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, саховат ришталари янада мустаҳкамланди.

 

 

Махфузахон ПИРМАТОВА

МАКТАБЛАРДА КИМЛАР БЕПУЛ ДАРСЛИКЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ?

Буни билиб қўйинг!

Биринчи синф, "Меҳрибонлик" уйи, махсус мактаб, мактаб-интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.

 

Бунда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари рўйхати 1 сентябргача фуқаролар йиғини илтимосномаси ва ота-оналар қўмитаси хулосаси асосида мактабнинг педагогик кенгаши томонидан     тасдиқланади.

ВАТАН СУРАТИ

Ўйлаб кўрсам, аслида ўтаётган ҳар бир қувончларга тўла осуда кунимиз тинчлик ва хотиржамлик шарофатидандир.

Юртимизнинг ҳар бир куни байрам, ўтаётган ҳар бир дақиқамиз қувончу шодликларга тўла эканлигидан қувонаман. Шундай тинч, озод ва обод юрт фарзанди эканлигимдан чексиз фахрланаман. Шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлишга, ота-онам, устозларим, Ватаним ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

Ушбу нурафшон кунларда қалбимда жўш ураётган кечинмаларни биргина мўъжаз мақолада баён этишга ожизман. Бироқ, энг эзгу тилак ва орзуларимни, дил туғёнларимни айтиб хайқиргим, "Ўзбекистондай  бағрикенг юрт дунёда бормикан?" деб жар солгим келади.

Онажоним, Ватаним! Сенинг бағрингда орзу-ҳавасга тўлиб ўтаётган ҳар бир бахтли кунимизга шукрона айтаман. Бир юрт бўлса, шунчалик бўлар: осмони мусаффо, тупроғи зар, маҳаллалари тинч, халқи фаровон, бозорлари тўкин-сочин, ёшлари билим ва маҳоратда дунёдаги энг тараққий этган давлатлар ёшлари билан беллаша олади. Азиз тенгдош! Айтинг, бундай юрт яна қайда бор? Шундай обод Ватан суратини кўзу дилимизга, жисму жонимизга муҳрлаб олайлик.

Садоқат СОЛИЖОНОВА,

 

Жалақудуқ тумани.

МЕХРНИНГ КУЧИ

Ҳикоя

Неча кундан бери туз тотмай, тўшакка михланиб ётган Ойниса бувининг атрофида ўғиллари, қиз ва келинлари тун-кун навбат билан қараб ўтиришади. Қандоқ эди оналари?.. Ҳовлиларни тўлдириб юрарди. Бир зумда тандир-тандир нонлар ёпарди.

Ҳовлиларни сарамжом-саришта қилар, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлар, жамоат ишларида ҳам фаол қатнашарди. У ҳеч қачон соғлигидан шикоят қилмаган.

Бугун ёши ўтиб, нуронийлик даврини кечирмоқда. Бир неча кундир-ки бетоб, муштдеккина гавдаси тўшакка синггудек бўлиб ётибди. Онага аталган овқатлар, иссиқ чойлар ичилмай, совийди. Унинг аҳволи ўша-ўша, бир хил. Ҳеч кимга гапирмайди, баъзан кўзини очиб, қарайди, яна уйқу элитгандек, кўзларини юмиб олади.

Ойниса буви ўйга толарди: Наҳотки, умр йўлининг охирги бекатига етган бўлсам?.. У биров билан гаплашмаса-да, ён-берида бўлаётган ишларни зимдан кузатар, ҳуши ўзида эди. Ўтган кунларни бирма-бир хотирлади. Онахон Комил ота билан узоқ вақт умргузаронлик қилишди.

"Қизим, ҳеч қачон эрингнинг кўзига тик қарама.   Юмушларингни вақтида бажар. Эр киши покиза, пазанда, саришта аёлни қадрлайди", - деган эди онаси бир вақтлар. Келин бўлиб тушган кундан буён у эрини ҳурмат қилди. Ишдан келгунича, иссиқ овқат тайёрлаб, юмшоқ тўшаклар солиб, жой ҳозирлади. Оилада қатор фарзандлар туғилди, унди, ўсди. Уларни ўқитиб, уйли-жойли қилишди, бироқ ҳамон Ойнисанинг қулоғидан онасининг айтган ўша сўзлари кетмади. Эр бир нарса сўраса, овозини кўтармай, жавоб қайтарди. Шанғиллаб гапириш, уйни овози борича кўтариш унга бегона эди. Умр оқар сувга ўхшайди. Тўнғичлари эллик ёшни қоралади.

Чоли Комил ота ҳам кексаликка бўйин эггиси келмайди. Ҳаётида оғир иш қилмаган, тер тўкиб жисмоний меҳнат қилишга ўрганмаганиданми, уйда ўтириб зерикди. Гузарда тенгқурлари билан гурунглашади, уйга қайтгач, томорқа оралайди. Мўъжазгина боғ ишлари билан машғул бўлиб, вақт ўтказади. Аммо хотини билан ёнма-ён ўтириб, дардлашмайди, кўнглига қўл солиб, нима қиляпсан, нима камчилигинг бор, кўнглинг нимани хоҳлаяпти, дея ҳеч сўрамасди. Аслида кампирига бирор нарса эмас, меҳр керак эди.

Уй ишларини келинларига топширгач, югур-югурлардан бўшаган Ойниса бувининг чоли билан гаплашиб ўтиргиси келарди. Бир этак набираларнинг бувиси бўлиб, шулар сабаб овуниб ўтиради. У ҳеч вақт кам-кўстидан, ҳаётидан эрига шикоят қилмаган. Ҳали уни, ҳали буни олиб берасиз, деб хархаша қилмаган.

Комил ота турли масъул вазифаларда ишлаб ўтганлигиданми, анча инжиқ қариди. У илгарилари ҳам кампирини суюб-эркаламаган. Ойниса азонлаб кетиб, шомда қайтадиган эридан ҳеч қачон мақтов эшитмаган. Шундай бўлса-да, эрининг ҳурматини жойига қўяр, унга ўзгача меҳр кўрсатарди. У уйдаги ишларни миннатсиз, бировларга шикоят қилмай бажарарди. "Сабрнинг таги-сариқ олтин" деб билди. Комил ота болаларига ҳам қаттиққўл эди. Дам олиш кунлари оталари уйда бўлганда болалар ҳам шовқин солишмас, мабодо шўхлик қилишса, албатта, оталаридан дакки эшитишлари аниқ эди. Ана шу қаттиққўллик уларни тарбияли, тартибли, билимли бўлиб улғайишларига ёрдам берди.

...Ойнисанинг мазаси бўлмай, тўшакка чўзилди-ю, шифокорлар қилган муолажаларнинг нафи бўлмай, узоқроқ ётиб қолди. Бу ҳол Комил отани анча довдиратиб қўйди. Кампирининг қаршисида ўтирган Комил ота беихтиёр дилидагиларни пичирлаб гапирарди:

- Ойниса, биламан, мендан доим ранжигансан. Сен жаннати аёлсан, Аллоҳдан фақат соғ-саломат бўлишингни сўрайман, бахтимга сен омон бўл! Биласанми, нега мен сенга бирор марта илиқ сўз айтиб эркаламадим, қаттиққўл бўлдим. Чунки сенга назар тегишидан чўчидим. Хоҳласанг, ҳозир пойинггга тиз чўкаман, сенга соғлик тилаб, Яратганга ёлвораман. Жон керак бўлса, менинг жонимни олсин, сени асрасин. Сен билан турмуш қурганимга, сендай аёл тақдиримга битилганидан минг бора шукрона келтираман! Ойниса, қўполлигим учун мени кечир. Сендан жудо бўлиш - мен учун азоб, сендан олдин менинг жонимни олсин.

Комил ота узоқ гапирди. Ичидагиларни тўкиб солди. Ҳаммасини эшитиб ётган Ойнисанинг кўзлари ярқ этиб очилди. Чолининг меҳриданми неча кундан бери "ая, бир ҳўплам чой ичинг, ҳеч нима емаяпсиз'' дея бири қўйиб, бири зорланиб турган болаларига қулоқ солмаган Ойнисанинг баданига қувват кирди. У ўрнидан туриб, ўтирди. Чолига қаради. Комил ота энгашганича белидаги қийиққа ёшларини артди.

- Дадаси, бир ҳўплам чой беринг, оғзим қуруқшаб кетди-я, - деди кампири аста. Комил ота хотинининг ўрнидан турганини кўриб қувонди. Дарров ҳовлига қараб қичқирди:

- Ҳой, иссиқ чой дамланглар, бувингиз чанқабди.

Чол-кампирни бир зум ҳоли қўйиш учун ташқарига чиққан ўғил ва келинлар бу хабарни эшитиб, ичкарига ёпирилишди.

 

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА

РАШК - ЧИН МУҲАББАТ АЛОМАТИМИ?

Инсон руҳияти

Рашк азобидан қутулолмаяпман...

Ҳа, рашк - жуда азобли туйғу.  Бундан ҳар иккала томон ҳам жабр кўради, азоб чекади. Рашк қилувчини шубҳа-гумон емиради, жабрланувчи, яъни гумондорни асоссиз рашк ва туҳмат. Рашк қилувчи аёл ўз гумонларидан азобланади. Гумондор эса ўзини оқлай олмай оввора. Рашкнинг икки хил кўриниши мавжуд. Асосли ва асоссиз рашк. Сиз турмуш ўртоғингизни асосли рашк қиляпсизми ёки асоссизми? Аввало, шуни аниқлаб олинг.

Асосли рашк бу - ўз исботини топган рашк. Асоссиз рашк эса фақат шубҳа-гумонлардан иборат тасаввурингиз ҳосиласи. Буни энди хасталик дейиш мумкин. Ҳа-ҳа, ишонаверинг, хасталик. Туйғуларимизнинг, хоҳ у ижобий бўлсин, хоҳ салбий, меъёрдан ошгани хасталик ҳисобланади. Бутун умр эрини асоссиз рашк қилиб яшаётган аёллар бахтли кунларини елга совурган билан баробар. Хўш, ўн йил эрингизни рашк қилиб нимага эришдингиз? Фақат, оғриганингиз қолди, бу - бир. Яна ўн йил шундай рашк қилиб яшашингиз мумкин.Аммо сизнинг шубҳаларингиз ҳеч қачон ўз тасдиғини топмайди, азоб чекканингиз қолади. Бу - икки. Хўш, аёл кишининг эрини рашк қилишига нималар сабаб? Бу борада турмуш ўртоғининг  касби нечоғлик рол ўйнайди?

 

Турмуш ўртоғингиз талабами?

Ҳа, орамизда сиз каби эри талаба аёллар ҳам учрайди. Табиийки, уни сиз курсдошларидан қизғониб, рашк қиласиз. Аммо шубҳаларингиз ноўрин. Сабаби, талаба қизларнинг орзулари бир олам бўлади. Оқ от минган шаҳзодасини кутиб, унча-мунча йигитга қайрилиб қарамайди.Оилали, уйланган йигит эса улар учун шунчаки курсдош.Атрофида уйланмаган, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган йигитлар парвона бўлиб турганида сизнинг "ёши ўтиб қолган" турмуш ўртоғингиз мутлақо қизиқтирмайди.

 

Шифокорми?

Демак, у тунги навбатчиликларда қолади. Ичингизни ит тирнаётгандир. Лекин, ҳамширалар оиласига жуда садоқатли бўлади.Биринчидан, ҳамшираларни қайноналари ўзлари яхши кўриб келин қилишган, иккинчидан, эрининг ишончини қозонгани учун тунги навбатчиликка қолади. Қолаверса, ҳамшираларнинг кўпчилиги турмуш қуриш остонасидаги ёш қизлар бўлгани боис, уйланган йигитларга улар кўз олайтирмайди. Агар эрингиз атрофида бева аёл бўлмаса, хотиржам бўлинг.

 

У ички ишларда ишлайди...

Ҳавотирга мутлақо ўрин йўқ, чунки ички ишлар соҳасида  хотин қизлар камчиликни ташкил қилади. Бу соҳада ишлайдиган эркакларнинг оиласи нотинч бўлса, касбидан айрилади.

 

Эрим санъаткор...

Уларнинг атрофида бир-биридан чиройли, келишган аёлларнинг бўлиши табиий. Аммо санъаткорларимиз орасида ўз оиласига, аёлига садоқатли эркаклар жуда кўпчиликни ташкил қилади. "Барибир рашк қилавераман", деяпсизми? Демак, сиз эрингизнинг ҳамкасби бўлган аёлга ён босаяпсиз. Жанжал-тўполонингиз билан ўша аёлга бўлган қизиқишини орттиряпсиз. Яъни, ўша аёлдан рашкка сабаб бўладиган томонларини қидиришга ўзингиз йўл қўйяпсиз.Биз асоссиз рашк ҳақида гапирарканмиз, эрингизни йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Санъат аҳли романтик бўлади. Севишни ҳам, севдиришни ҳам билади.Рашк билан эмас, муҳаббатингиз билан уни ўзингизга жалб қилинг.У саҳнадан ҳақиқий ҳаётга-уйига     қайтганида, уни ҳақиқий севадиган аёл борлигини чин қалбдан ҳис қилиб яшасин.

 

Рашкчи аёллар

Оилалар ажримининг икки фоизга яқини рашк туфайли экан. Демак, арзимаган сабаб билан ўн оиланинг иккитаси рашк туфайли пароканда бўлади. Агар аёлни эри рашк қилса, нари борса касбидан воз кечади. Аммо, аёл эрини рашк қилиб, кўзини очирмаса, касбидан воз кечиб уйда ўтиролмайди-ку. Тасаввур қилинг, ишдан чарчаб-ҳориб келган эрни қўлини белига тираган аёл "қаерда эдингиз?", "нега телефонни кўтармадингиз?", "қайси ўйнашингиз олдидан  келяпсиз?" ва ҳ.к. дея кутиб олса ёки телефонини титкиласа, изқувардек ҳали ишхонасига қувлаб борса, дўстларидан суриштирса, эркакнинг ҳаёти нақ дўзахга айланмайдими?

Унутманг, оиласи учун тиним билмай ишлаётган, уйга бозор-ўчар қилиб келаётган, сизга меҳр кўрсатаётган эркакни рашк қилиш уни туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш билан баробар.

Ўзингизни севинг. Шунда эрингиз сизга хиёнат қилмайди. Ўзингизга меҳр кўрсатсангиз, рашк қилишга вақтингиз ҳам бўлмайди. Ўзига паст баҳо берадиган, ўзига ишонмайдиган аёллар рашк хасталигига дучор бўлишади. Кўзгуга қаранг - чиройлисиз, ёқимтойсиз, истаралисиз. Бугуноқ энг чиройли кийимларингизни  кийинг, ўзингиз учун қиммат атир сотиб олинг. Сочингизни чиройли турмакланг.Шубҳа-гумонлар сизни тарк этганини юзингиз айтиб турибди.Ўртангиздаги рашк деган балони ўтмишга, кечаги кунга улоқтиринг.Бугун сиз энг севимли рафиқасиз. Эртага ҳам худди шундай ўйланг: "турмуш ўртоғим учун фақат мен борман, менинг муҳаббатим бор..."   

 

 

Муштарий тайёрлади.

Қайнонамни яхши кўраман

Турмуш чорраҳаларида

Бир куни тўйдан қайтаётиб, дугонам Гулнорни кўриб қолдим. Салом -аликдан сўнг оиласи ҳақида сўрадим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлганди.

Гулнорнинг икки фарзанди бор экан. Унинг кўзларидан бахтиёр эканлигини англадим. Менинг ҳам оилам бор, лекин ҳали фарзандли бўлганимча йўқ эди. Дугонам билан учрашув баҳона яқин атрофдаги тамаддихонага кирдик. У оиласи ҳақида гапирар, турмуш ўртоғидан хурсанд эди-ю, аммо қайнонасини нуқул ёмонларди. Нима эмиш, қайнонаси Гулнорнинг ҳамма ишидан айб қидирар экан.

- Қайнонамнинг айб қидиришидан жуда безидим! - дерди у аччиқланиб.

Унинг гаплари менга сира ёқмади. Билмадим, балки мен қайнонамни ўз онамдек яхши кўрганим учунми, унинг ғийбатига тоқат қилолмай гап бошладим:

- Турмуш ўртоғинг сени ардоқлайди -а?

- Бўлмасам-чи, - деди у кулиб. - Шамолдан ҳам қизғонади, бирам меҳрибон, ақлли, мени доим тўғри тушунади.

- Кўрдингми? - дедим унга. - Турмуш ўртоғингни ким тарбия қилган, ким дунёга келтирган? Қайнонанг! Шуни унутма. Турмуш ўртоғингнинг ҳар бир яхши иши учун қайнонага раҳмат дейиш ўрнига, нега ёмонлайсан? Аслини олганда, мен сенга кимман? Ойда-йилда бир учрашадиган дугонанг-ми? У эса онанг, болаларингнинг бувиси, сени жонидан ортиқ кўрган турмуш ўртоғингни тарбия қилган инсон! Бу гапларингни бошқага айта кўрма!

Ўша куни Гулнор сўзларимдан ранжиган бўлиши мумкин. Балки, у мендан бошқача таскинни кутгандир. Лекин, мен қайнонасини "ёмон", деган келинлар фикрига қўшилмайман. Негаки, улар ҳам она, бизни тушунади.

Янги келин бўлиб тушганимда иссиқ юз билан "қизим", деб эркалаб, бағрига босган қайнонамни ўз онамдек ардоқлайман. Тўғри, янги келинлик вақтимда қайнонам кўп нарсани билмаганим учун мени койиб берардилар. Тўғри йўл кўрсатардилар. Мен ҳам ўша кезларда қайнонамдан ранжиб юрганман. Кейин яхшилаб ўйлаб қарасам, ноҳақ эканман. Она ўз қизини ҳадди сиққанидан койиганидек, қайноналар ҳам фақат яхши бўлсин, деб койишар экан.

Бир кун тонгда ухлаб қолибман. Кўчалар супурилмаган. Қайнонам уй ишларини ўзи уддалабди-ю, мени уйғотмабди ҳам. Эрка қиз бўлиб ўсганим учун келинлик даврига кўникишим қийин бўлган эди. Ўша куни қайнонам секин ёнига чақирди ва мулойимлик билан гап бошлади:

- Қизим, кеч турганингизга хафа эмасман, лекин биламан, бу айб эканини яхши тушунасиз. Эрта турсангиз ризқли бўласиз, ғафлат босмайсиз, мен сизга онаман, шунинг учун ёмонликни раво кўрмайман, гапимни тўғри тушунинг!

 Сўзларини жим тинглаб турдим-да, ўз қилмишимдан уялиб кетдим. Мени койиб берганлари учун улардан хафа бўлмадим, балки севиндим, бошқа қайнона бўлганида бу оҳангда гапириб ўтирмас эди.

Кунларнинг бирида бетоб бўлиб қолдим. Негадир қайнонам хонамга кириб ҳол-аҳвол ҳам сўрамади. Ўрнимдан туролмасдим.  Тушликка яқин ўзимни ўнглаб, қайнонамнинг олдига кирмоқчи бўлиб, эшикни очгандим. Қайнонам ичкарида жойнамоз устида менга тангридан шифо сўраётганини эшитиб қолдим.

Намозни ўқиб бўлгач:

- Қизим, қайнатма овқат тайёрладим, ичиб олинг! - дея қайноққина маставани олдимга қўйди.

"Аяжон, мени кечиринг!" дедим ичимда. Сабаби, эрталабдан бери хабар олмагани учун уларни ёмон кўраётган эдим. Қайнонамнинг меҳрибон она эканлигини ўшанда яна бир бор тан олганман. Қайнонамга қилган ноҳақликларимни ўйлаб, ўзимдан хафа бўлиб кетдим. Балки, ёшлик қилгандирман, янги келин эдим, овқатни тагига олдириб юборганим учун қайнонам мени койиб берган эди.  Уларга гап қайтариб, араз қилдим.  Ҳатто, турмуш ўртоғимни ўз онасига қарши қайрай бошладим. Гўёки, мен ҳақ эдим. Мени деб турмуш ўртоғим онасини хафа қилишгача борди.

- Ая, келинингизни ўз қизингиздек кўринг, у сизга нима гуноҳ қилдики, уни бунчалар хўрлайсиз, сиздан хафаман, - дея онасини қаттиқ ранжитди эрим.

У ишга кетгач, қайнонамнинг хонасига кирсам, йиғлаётган экан. Худди қасд олган қасоскордай мағрур эдим. Қайнонам ўша куни синглисиникига кетиб қолди. Энди катта уйда бир ўзим қолгандим. Кун ўтгани сайин қайнонамни эркалатиб чақирган овозлари эшитилаётгандек бўлаверарди.  Улар билан ҳеч зерикмас эдим-да. Ҳар доим қизиқ-қизиқ воқеаларни айтиб бериб, кулдирар эдилар. Негадир уларни ўзим тан олмаган ҳолда соғина бошладим. Ўрни жуда билинди. Зерикиб кетганимдан уйга кириб ухлаб қолибман. Дарвоза берк, турмуш ўртоғим ишдан қайтганини сезмай ҳам қолибман. Дарвоза ошиб, уйга кирибди. Бепарволигим учун мени роса уришиб берди. Илгарилари ҳеч ҳам қаттиқ гапирмайдиган турмуш ўртоғимнинг ғазабли сўзлари кўнглимга оғир ботди. Унинг устига, қайнонамнинг уйдан кетиб қолишида ўзимни айбдор ҳис этаётгандим. Аразлаб уйга кетдим. Ота -онамга "меҳмон бўлиб келдим", деб қўяқолдим.

Уйимизнинг уй бўлишини истаган турмуш ўртоғим қайнонамнинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берибди. Қайнонам мендек яхшиликни билмаган келинидан хавотир олиб, бизникига келди. Уларни кўриб, қўрқиб кетдим. Ана энди камчиликларимни, қилмишларимни онамга айтиб беради, дея уялдим. Аммо, қайнонам ундай қилмади.

- Сизсиз уй ҳувиллаб қолди. Энди кетайлик! - деди гўё ҳеч нарса бўлмагандек.

Кейин ота-онамга юзланди-да:

- Уч-тўрт кун онангизни дийдорига тўйиб келинг, деб рухсат бергандим, бир ҳафта қолиб кетди-я, мундоқ жўнатиб юборайлик ҳам демайсизлар, биз ҳам соғиниб кетдик-ку, шунинг учун ўзим келавердим, - дедилар жилмайиб.

Ўша куни қайнонам билан уйга қайтдим. Йўлда келар эканмиз, улардан жуда уялдим, юзларига қаролмасдим. Уйга етиб келгач эса, қайнонам яна нарсаларини йиғиштира бошлади.

-  Аяжон, қаерга кетаяпсиз? - шошиб сўрадим.

- Сизларга халал бермай, синглимникига кетаяпман, - дея остонага ошиқди. Қайнонамни жуда яхши кўришимни ўшанда ҳис этдим.

- Кетманг, мени кечиринг, биз билан қолинг, ўғлингиз ҳам менга сизчалик меҳр бера олмайди, - дея ёлвордим.

Қайнонам мени кечирди. Худога   шукрки, биз ҳозир ҳам биргамиз. Ҳаётда қайнонамнинг ўгитлари кўп бора қўл келяпти. Биласизми, баъзан ёшлик қилиб қайнона ўгитларини қулоққа олмаган келинларга қарата бир сўз айтмоқчи бўламан:

- Қайнонангиз сизга танбеҳ берса, хафа бўлманг. Ахир, "сувни сингган жойга сепинг", деб бежиз айтмайдилар-ку.

 

Камола АБДУВАЛИЕВА.

ЎРГАНГАН КЎНГИЛ ЎРТАНСА ҚЎЙМАС ёхуд бурнига сув кирмаган фирибгарга жазо тайинланди.

Жиноят ва жазо

Хўжаободлик Нуриддин Тошболтаев соғлом, бақувват бўлса-да, бирон тайинли ҳунарнинг бошини тутмади, бирон жойда ёлчитиб ишламади. Олти нафар фарзанднинг отаси бўлгани ҳолда, бурчи, масъулияти, фарзандларига ўрнак бўлиши кераклигини унутди. Осон даромад топишни мўлжаллаб, фирибгарликка такрор ва такрор қўл урди.

2016 йилдаги суд ҳукмига мувофиқ, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган Нуриддин ҳали жазони тўла ўтаб улгурмасидан, яна суднинг қора курсисига ўтирди. Бунга унинг қилмишлари, алдов йўли билан фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик кўчасига юргани сабаб бўлди.

"Кўза кунда эмас, кунида синади", деб бежиз айтишмаган. Нуриддин Тошболтаев Саноатчилар маҳалласида яшовчи Фаррух Мирзараҳимовнинг яшаш хонадонига бориб, унга тегишли "Нексия" автомашинасини сотиб олиш учун савдолашади. Келишилган 5.500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни бир йил мобайнида бўлиб-бўлиб беришни ваъда қилиб, автомашинани олиб кетади. Сўнг ушбу автомашинани Шерзод Қўлдашев исмли фуқарога 3.300 АҚШ долларига сотиб, пулларни Ф.Мирзараҳимовга бермасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Бундан ташқари, ҳеч қанча вақт ўтмасдан машина сотиб олиш ниятида юрган фуқаро Достонбек Саидовни ҳам чув туширади. "SPARK" русумли автомашина борлиги, уни арзон нархга олиб бериши, бироқ автомашина эгасига олдиндан озроқ пул бериши кераклигини айтиб, содда қишлоқдошидан 1.800 АҚШ доллари ҳамда 2.300.000 сўм пулларни олиб, ишлатиб юборади.

Бу билан Нуриддиннинг фирибгарликлари тугамайди, пулнинг ҳидига ўрганган, осон ва мўмай даромад топишнинг ҳадисини олган Тошболтаев шундан сўнг ҳам 3-4 содда фуқаронинг ишончига киришга, алдаб, пулларини ўзлаштиришга уринади.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди томонларнинг фикри, судланувчининг кўрсатмаларини эшитиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Н.Тошболтаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 168-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан илгариги ҳукм билан тайинланиб, ўталмай қолган жазо муддатини мазкур ҳукм билан тайинланган жазога қисман қўшиб, айбланувчига узил-кесил 6 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Яратган барчамизга буюк неъмат - фарзандни фаришта ҳолида ҳадя этади. Бироқ, унинг келажакда яхши инсон ёки манфур шахс бўлиб етишиши биз ота-оналарнинг берган тарбиямиз, едирган ҳалол луқмамизга боғлиқ. Шундай экан, ўғилдир-қиздир, фарзандларимиз тарбиясига эътиборли бўлайлик!

 

Муҳайё ТУРДИЕВА,

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди раиси.

УЛУF АЖДОДЛАРИМИЗГА МУНОСИБ ВОРИС БЎЛАЙЛИК!

Ифтихор

Ватан деганимизда, аввало, киндик қонимиз тўкилган жой кўз олдимизда гавдаланади. Жаннатларга тенг Ватанимизни қанча таърифласак, шунча оздек назаримда.

Бизнинг Ватанимиздан бутун жаҳонни лол қолдирган шахслар, олиму фузалолар етишиб чиққан. Ҳазрат Алишер Навоийни дунё билади. Муқаддас ислом динимизда "Қуръони   карим"дан кейинги ўринда турувчи "Ал жомеъ ас-саҳиҳ" китобининг муаллифи, буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ҳам бизнинг ватандошимиз эканлиги қалбимни фахрга тўлдиради. Жаҳон тиббиёти бизнинг буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино қаламига мансуб "Тиб қонунлари" асари асосида ривожланган. Шунинг учун ҳам уни ғарбда "Авиценна" деб улуғлайдилар.

Абу Райҳон Беруний эса дунёда биринчи бўлиб глобусни яратган, Америка қитъасини башорат қилган. Абу Наср Фаробий эса "Муаллим ус-соний" яъни "иккинчи муаллим" номи билан дунёга донг таратган, 70 дан ортиқ тилни билган.

Бобомиз Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солган, ўнлик саноқ системасини яратган. "Ал-жабр вал-муқобала" асари    орқали ўз номини абадиятга муҳрлаган.

Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузга ном берган ва "Зижи кўрагоний" жадвалини тузган.

Соҳибқирон Амир Темурнинг шуҳрати етти иқлимга ёйилган.

Дунё тамаддуни ривожига асос солган буюк боболаримиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бугунги кун ёшлари уларга муносиб ворис бўлишмоқда. Ёшларимизнинг халқаро спорт майдонларида, фан олимпиадаларида эришаётган ютуқлари эътирофга лойиқ.

Ўзбекистонимиздан кўплаб истеъдодлар етишиб чиқмоқда. Чунки, юртимизда биз ёшлар учун дунёнинг ҳеч бир давлатида бўлмаган имкониятлар яратилган. Булардан унумли фойдаланиб, юртимиз равнақига  муносиб ҳисса қўшиш, юрт шаънини кўкларга кўтаришни фарзандлик бурчимиз, деб билишимиз керак. Мен Ўзбекистондек буюк юрт фарзандиман. Шунинг ўзиёқ менга бир олам бахтдир. Зеро, шоир айтганидек,

Ватан, сенсиз нетардим мен,

Девонадай кетардим мен.

Гулзоридан айро булбул

Каби фарёд этардим мен.

 

Гулшаной ТОЖИМАТОВА,

Марҳамат туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

МЕҲР

Ҳаёт - ибрат мактаби

Меҳр - бу инсоннинг энг самимий ва эзгу хислатидир. Кўнглига яқин бўлган кишиларга нисбатан жўш урадиган бу туйғу инсонийликнинг муайян ва энг покиза кўринишидир.

Олимжон иш юзасидан узоқ сафарга борди. Қайтишида оила аъзоларига совға олишни унутмади. У уйига остона хатлаб кириб келдию, йўлига кўз тикиб ўтирган онажониси билан қучоқ очиб кўришди. Бир зумда атрофини болалари "дадажон"лаб ўраб олишди. Улар билан суҳбатлашаркан, бирма-бир барчасининг совғаларини улашмоқчи бўлди. Биринчи бўлиб, ҳадяни онасининг қўлига     тутди.

- Болам, совғани, аввало, отангизга беринг. Ҳали замон кўчадан қайтади, - онанинг гапи билан Олимжон совға  тарқатишни дадасининг келишига қолдирди.

Кечга томон отаси қайтгач, ҳол-аҳвол сўрашдилар. Сафар таассуротлари ҳақида бироз суҳбатлашдилар. Сўнгра Олимжон отасига аталган ҳадяни узатди. Отаси ўғлини узоқ дуо қилди. Кейин:

- Ўғлим, ўзинг саломат бўлсанг, бизга шу кифоя. Бундай оворагарчиликнинг ҳожати йўқ эди. Майли, илинибсан, аммо совғани аввал онангга бер. Уларни рози қил, - деди.

Олимжон уларнинг иккисига совғани баравар узатди. Ҳовлида шодон кулги кўтарилди. Меҳр ҳамиша инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Уларни оқибат ришталари билан боғлайди. Ота-оналардан ҳам, фарзандлардан ҳам меҳр кўтарилмасин.

Одинахон СОЛИЕВА,

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Пахтаобод туман бўлими раҳбари.