+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЖОНИМ ИЧРА ЖОНИМДУРСАН

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири.

Бу дунёда жаннатмонанд ерлар бисёр,

Бу дунёда оқу қаро эллар бисёр,

Аммо йўқдир бу дунёда сендек диёр,

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

 

Тупроғингда аждодларим изи қолган,

Боболарим терларининг тузи қолган,

Ҳар гардида момоларим кўзи қолган

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

 

Ўзбек элим, нури дийдам, қароғимсан,

Ўзбек элим, осмониму тупроғимсан,

Ҳам қувончим, ҳам бахтиму фироғимсан,

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Бешигингда аллаладинг дунёларни,

Дунё очган неча-неча даҳоларни,

Болам дединг юраклари адоларни,

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

 

Соҳибқирон қўлларида қалқон бўлдинг,

Улуғбекнинг нигоҳида осмон бўлдинг,

Мирзо Бобур юрагида армон бўлдинг,

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

 

Қўли қадоқ деҳқон элим, султон элим,

Кўкси юртга доим балогардон элим,

Ўз юртига соҳибқирон ҳоқон элим,

 

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ОЛМАХОН ҲУСАНОВАГА "СПАРК" ТОПШИРДИ

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Пахтаобод туманида пахта йиғим-теримини ўтказиш юзасидан учрашув ўтказди.

Жорий йилда тумандаги 264 та фермер хўжалиги деҳқонлари томонидан 19 минг 333 тонна пахта ҳосили йиғиб-териб олиш белгиланган. Учрашувда мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай, йиғиб, териб олиш, теримчи ва хашарчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш, терим аҳолининг даромад манбаига айланиши зарурлиги таъкидланди.

Учрашувда отрядларга бириктирилган теримчиларга эсдалик совғалар берилди. Тақдирланганлар қаторида Пушмон маҳалласида яшовчи Олмахон Ҳусанова ҳам бор. Унга вилоят ҳокими "Спарк" автомашинаси совға қилди.

- Мендай оддий бир аёлга кўрсатилган эътибордан бошим кўкка етди, - дейди Олмахон Ҳусанова. - Насиб этса,  йиғим-теримда бутун оила аъзоларим, маҳалладошларим билан фаол иштирок этиб, вилоятимиз пахта хирмонининг юксалишига муносиб ҳисса қўшаман.

Бугун туманда йиғим-тирим қизғин паллага кирган. Терим бошланганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, қатор фермер хўжаликлари давлатга пахта топшириш режасини адо этдилар.

 

 

Моҳимбону СОБИРОВА

Эълон ва билдирувлар

Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежи томонидан 2014 йилда Латипова Шоҳистахон Адаҳамжон қизи номига 457- қайд рақами билан берилган К № 3285095 рақамли диплом йўқолганлиги сабабли бекор деб ҳисоблансин.

Эълон ва билдирувлар

Андижон тумани ХТБ тасарруфидаги 25- умумий ўрта таълим мактаби томонидан 2017 йилда Мирзаева Шахнозахон Муҳаммадсодиқ қизи номига берилган OR-Sh № 2361874 рақамли шаҳодатнома йўқолганлиги сабабли бекор деб ҳисоблансин.

 

Андижон педагогика билим юрти (хозирги педагогика коллежи) томонидан 1985 йилда Қўчқарова (Исматова) Мастоной Азимовна номига берилган ИТ-I  № 143786  рақамли диплом йўқолганлиги сабабли бекор деб ҳисоблансин.

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИДА ДАРСЛИКЛАР ИЖАРАСИ УЧУН КИМ ҚАНЧА ПУЛ ТЎЛАЙДИ?

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги расмий сайтида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, 2019/2020 ўқув йили учун 36,5 миллион нусхадаги 3-, 8- ва 9-синфлар учун дарсликлар янгидан чоп этилди ва ижара тўлови миқдорлари қайтадан белгиланди.

3-синфлар учун ижара тўлови миқдори ўтган ўқув йилдагига нисбатан 12 минг 600 сўмга ошган, 8- ва 9-синфлар учун ўтган ўқув йилида белгиланган миқдорларга нисбатан 31,8-29,1 минг сўмга ўсган.

Бунинг асосий сабаблари дарсликларни чоп этиш ва етказиб бериш нархларининг ўсишидир. 8- ва 9-синф дарслик тўпламлари (16-17 та дарсликдан иборат) сўнгги бор 2014 йилда чоп этилган бўлиб, ўша йилдагига нисбатан ўртача бир дона дарсликнинг таннархи 3,4-3,8 баробарга ўсган. Шунингдек, 3-синф дарслик тўпламлари (10-11 та дарсликдан иборат) эса охирги марта 2016 йилда чоп этилган таннархларга нисбатан 2,6 баробарга ошган.

Мисол учун, 2019/2020 ўқув йилига янгидан чоп этилган таълим ўзбек тилидаги 8-синф ўқувчилари учун белгиланган 40 700 сўм ижара тўлови ушбу дарслик тўпламларининг (16 та дарсликдан иборат) эркин савдодаги тахминий нархи 140 356 сўм белгиланганлигига нисбатан 99 656 сўм ёки 3,5 баробарга арзон. Бундай ҳолатни қолган   синфлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Яъни, дарсликлар билан таъминлашнинг ижара тизими фойдаланувчиларга молиявий қулайликлар яратади.

Шу билан бирга, ўтган ўқув йилларида чоп этилган ҳамда фойдаланиш муддатлари тугамаган дарслик, машқ дафтарларининг тиллар ва синфлар кесимида белгиланган ижара тўлови миқдорлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, синфлар кесимида тенглаштирилди. Бунинг натижасида, баъзи синфлар учун ижара тўлови миқдорлари камайган.

Эслатиб ўтамиз, 2001 йилдан бошлаб республикамизда умумтаълим мактаблари дарсликларининг ижара тизими жорий қилинган.

Дарсликлар тўплами учун ижара тўлови миқдори республика бўйича ягона бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 28 апрелда 2577-сонли рақам билан рўйхатдан ўтказилган "Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 39-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб    жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан синфлар ва таълим тиллари кесимида тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 43-бандига асосан, дарсликлар тўплами учун ижара тўловлари умумтаълим мактабининг шахсий ғазна ҳисоб варағига нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда тўланиши мумкин.

Мактабдаги дарсликлар тўплами учун ижара тўлови 30 сентябргача тўлиқ ҳажмда тўланади. Демак, ижара тўловлари:

2- синф учун (12 та дарслик)  -  23 200 сўм;

3- синф учун  (10 та дарслик) -  25 800 сўм;

4- синф учун (11 та дарслик)  -  18 300 сўм;

5- синф учун  (13 та дарслик) -  13 000 сўм;

6- синф учун (15 та дарслик)  -  15 800 сўм;

7- синф учун  (16 та дарслик) -  20 000 сўм;

8- синф учун (16 та дарслик)  -  40 700 сўм;

9- синф учун  (16 та дарслик) -  38 500 сўм;

10- синф учун (17 та дарслик) -  27 200 сўм;

3- синф учун  (19 та дарслик)  -  34 700 сўм;

Ўқувчиларнинг ота-оналари пул маблағларининг вақтинчалик йўқлиги сабабли, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим мактаби маъмуриятига мурожаат қилиши мумкин.

Ижара тўлови муддати узайтирилган тақдирда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 30    сентябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.

Ҳужжатнинг 30-бандида 1-синф ўқувчилари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб ва мактаб-интернатлари тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчилар умумтаълим мактаби кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланиши кўзда тутилган.

Бунда дарсликлар тўплами билан бепул таъминланадиган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчилар рўйхати 1 сентябргача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илтимосномасига ва ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан умумтаълим мактабининг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.

 

 

Нилуфар Юлдашева тайёрлади.

ҚЎШИМЧА КОНТРАКТ НАРХИ ҚАНЧА ВА УНИ КИМЛАР ТЎЛАШИ МУМКИН?

Буни билиб қўйинг!

Давлат тест маркази жавобларни эълон қилгандан сўнг, тўплаган балли ўтиш чизиғига етмаган абитуриентларда саволлар кўпайди. Абитуриентлар белгиланган квота бўйича ўқишга киролмаган тақдирда қўшимча контракт асосида қабул қилиниши мумкин:

Қўшимча контрактда ўқиш учун неча балл олиш керак?

Фарқи йўқ. Тестга кирган бўлса, кифоя. 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкин. Фақат нархи балига қараб фарқ қилади.

Қўшимча контрактда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш, керак?

Ўқишга кира олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак.

 

Ариза қаерга берилади?

Қўшимча контрактда ўқиш истагида бўлганлар ОТМ ректори номига ариза беради.

 

Қўшимча контрактнинг нархи қанча?

Қўшимча тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

 

1-тоифа

Кириш чизиғига 4 балл етмаганлар нисбатан анча арзон контракт тўлайди. Жумладан:

 

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;

 

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;

 

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;

 

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

 

Масалан, кириш бали 140 бўлган дейлик. 139 балл тўплаган абитуриент контрактнинг 1,5 баробарини тўлайди. Масалан, асли 10 млн. сўм контракт бўлса, 15 млн. сўм тўласа кифоя.

138,9 балл олган абитуриент эса 2 баробарини тўлайди, яъни 20 млн. сўм. ва ҳ.к.

 

2-тоифа

56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган  абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан ошиқ миқдорда тўлайди.

Масалан, яна ўша кириш 140 балл бўлган йўналишни мисол олсак, 135,9 баллдан кам 56,7 баллдан кўп тўплаганлар 2-тоифага тушади.

Жорий йилда 2-тоифа учун нархлар ҳали тасдиқланмади. Шунингдек, жорий йилдан супер-контракт нархларини      ОТМлар ўзлари белгилашади.

 

3-тоифа

56,7 баллдан кам тўплаганлар 2-тоифадаги супер-контракт миқдорининг 2 баробарини тўлаб ўқишлари мумкин. Масалан, оддий супер-контракт 15 баробар бўлса, 56,7 баллдан кам тўплаганлар 30 баробар тўлаб, ўқиши мумкин.

Қўшимча контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта?

Бир марта тўланади. 1-ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги йилларда эл қатори оддий контрактни тўлаб ўқишади.

 

Магистратурада ҳам қўшимча қабул борми?

Ҳа, бор. Фақат магистратурада бакалаврга ўхшаб табақалаштирилган қиммат контракт тўланмайди, оддий контракт нархи қанча бўлса, қўшимча қабул қилинган магистрлар ҳам шунча тўлашади.

 

Супер-контрактни бўлиб-бўлиб тўласа бўладими?

Йўқ, минг афсуски ҳозирги қоидалар бўйича  супер-контрактни тўлиқ тўлаш талаб этилади. 100% тўлангандан кейингина буйруқ чиқарилади. Лекин бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш керак, менимча.

 

Супер-контракт учун таълим кредити олса бўладими?

Йўқ, супер-контракт учун таълим кредити бериш амалдаги қонунчиликда белгиланмаган.

 

ЭСЛАТМА: 10 ёки 20 баробар дегани бу энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан эмас, ўша йўналишдаги контракт нархига нисбатан. Яъни контракт 10 млн. сўм бўлса, 15 баробар бўлганда қўшимча контрактда 150 млн. сўм тўланади.

 

uza.uz сайтидан олинди.

САЖДАГОҲИМ - ОНАМ

Изҳор

Онажоним. Мунис, мушфиқ, муштипар, онажоним. Сизнинг тимсолингизда мен ҳаётни, ҳаётда қандай яшаш кераклигининг англайман. Ҳаётнинг ташвиши-ю муаммоларини енгиб ўтиш, шодлигу    қувончни бошқаларга улашиш, сабр-матонатли бўлиш, шукроналик ва меҳнат билан роҳат топишни кўраман.

Онам менинг ҳаётим қувончи, менинг умр дафтарим, онам менинг умидвор эртам, дуолари ила асрагувчи ёлғиз паноҳим.

Қиёматда сўроқ-савол оғир келганда, тарозининг савоб томонини босгувчи тош - онамнинг дуолари бўлади.

Ниятим: бебаҳо бисотим, саждагоҳим, тенгсиз меҳрибоним, давлатим - тилло-зарим - онажоним ҳамиша омон бўлсин.

Онам, онажонларимиз бор экан, ҳаётимиз қувончу шодликларга тўла, бахтимиз тўкис бўлишига асло шубҳа йўқ.

Одинахон АҲМЕДОВА,

Қўрғонтепа тумани.

ПАСХИ ОРОЛИДАГИ АҲОЛИ ҚАНДАЙ ЙЎҚ БЎЛИБ КЕТГАН?

Тинч океанида жойлашган мазкур орол билан боғлиқ шов-шувлар ҳамон тинмаган. Тош ҳайкаллари билан машҳур бу орол экоҳалокат сабаб фожиа билан тўқнаш келгани айтилади.

Маҳаллий халқ томонидан Рапа-Нуи деб аталувчи орол ўрмонлари мунтазам равишда кесилган. Бунинг оқибатида экотизим барбод бўлиб, қишлоқ хўжалигига катта зиён етган. Натижада оролда очарчилик бошланган ва халқ овқат топиш мақсадида бир-бирини қириб ташлаган. Олимларнинг фикрича, орол аҳолиси бу ерга европаликлар келишидан аввалроқ йўқ бўлиб кетиш арафасида эди. Маълумки, европаликлар оролга илк бор 1722 йилда қадам қўйган.

Пасхи (Рапа-Нуи) ороли Тинч океанининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, қуруқликдан энг олисда жойлашган жаҳондаги энг олис орол сифатида кўрилади. Орол яқин атрофдаги қитьадан, тўғрироғи Чили соҳилларидан 3 минг 514 километр узоқликда жойлашган. Пасхи оролида айни дамда 3 минг 700 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу оролга илк бор эрамиздан аввалги 400 йилда одамлар кўчиб келган. Олимлар мазкур орол вулқон кулларидан ташкил топганини тахмин қиладилар. Оролда дарё йўқ. Аҳоли тоза ичимлик сувини кўлдан олади. Флораси унчалик бой эмас. Атиги 30 хил ўсимлик мавжуд. Европаликлар илк бор оролга қадам қўйганларида бу ерда дарахтлар йўқлигидан ҳайрон бўлишган эди. Ўшанда улар одамларнинг айби билан ўрмонлар йўқ бўлиб кетишганини тахмин қилгандилар.

ХХ асрда олиб борилган тадқиқот натижаларига қараганда, бир вақтлар орол қалин ўрмон билан қопланган бўлган. Кейинчалик одамлар қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва ўтин ғамлаш мақсадида ўрмонларни кеса бошлаган. Қадимий одамларнинг тошга айланган тишлари ўрганилганда, Пасхи ороли аҳолисининг асосий таоми батат (ширин картошка) бўлгани аниқланди. Айнан картошка экиш мақсадида ўрмонлар йўқ қилинган бўлиши ҳам мумкин. Тадқиқотларга қараганда оролда пальма дарахтлари XVI асрда йўқолиб кетган. Олимлар оролга батат илк бор IX асрда олиб келинганини исботлашди. Аҳоли сони ошиб бориши билан пальма дарахтлари кесилиб, унинг ўрнига ширин картошка экила бошланган. Бу, ўз навбатида, ерларнинг эрозияга учрашига олиб келган. Натижада қирғинбаротларга сабаб бўлган. Орадан кўп ўтмай орол аҳолиси кескин қисқариб кетган. ХХI   асрга келиб тарихчи олим Жаред Даймонд одамларнинг қирилиб кетишига табиатга бўлган нотўғри муносабат сабаб бўлган деган қарашни илгари сурди. "Бир неча аср давомида орол аҳолиси ўз ўрмонларини қирғин қилиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини йўқ қилди. Бунинг оқибатида жамиятда бошбошдоқлик келиб чиқди. Улар сўнгги дарахтни қирқишаётганда нималарни ўйлади экан?", деди олим. Жаред Даймонд табиатга қирон келтираётган инсоният Пасхи ороли тақдиридан хулоса чиқариши лозимлигини эслатиб ўтди. Ҳатто, Буюк Британия бош вазири Маргарет Тэтчер 1989 йилда БМТ минбаридан туриб, бугунги цивилизация Пасхи ороли йўлидан кетаётганидан огоҳлантирган эди.

Бироқ, сўнгги йилларда орол фожиаси ҳақида бошқача тахминлар ҳам илгари сурилмоқда. Масалан, америкалик археологлар Терри Хант (Terry L. Hunt) ва Карл Липо (Carl P. Lipo)лар 2006 йилда Science журналида эълон қилинган мақоласида фожиага каламушларни айблаб чиқишганди.

Олимлар бир фикрда якдилдирлар. Уларнинг ҳаммаси миллионлаб Paschalococos disperta пальма дарахтлари XIII-XVII асрларда йўқ бўлиб кетганини таъкидлайдилар. Бироқ, дарахтларни йўқ бўлишига инсонларми ёки кемирувчилар айбдорми, деган савол ҳамон очиқ қолмоқда. Хант ва Липо каламушлар дарахтларни бир зумда йўқ қилишини исботладилар. Тинч океани каламушлари (Rattus exulans) оролга бирор-бир қаршилик ва рақибга учрамай келгани тахмин қилинади. Дарахтларнинг йўқ бўлиб кетишига айнан каламушлар айбдор эканини археологлар томонидан олиб борилган қазишмалар ҳам исботламоқда. Олимлар каламушлар 400-500 йил давомида орол ўрмонларини йўқ қилганини айтишмоқда.

Бироқ, бу борада бошқа бир қарашлар ҳам мавжуд. Айрим олимлар туб аҳоли экология қурбони бўлмаганини, балки босқинчилар томонидан геноцидга учраганини айтишади. Яъни, туб аҳоли европаликлар томонидан олиб келинган микроблар ва ўқотар қуроллар туфайли нобуд бўлган.

ШарофиддинТўлаганов

Тошпўлат аканинг армони

Ҳайдовчининг кундалиги

Танишиб қўяйлик, исмим Сафарали. Киракашман. "Нексия" русумли шахсий автомашинамда "Андижон-Тошкент" йўналиши бўйича қатнайман. Биз ҳайдовчилар жуда кўп одам билан суҳбатлашамиз. Турфа тақдирлар, турфа феъл-атворларнинг гувоҳи бўламиз. Баъзи йўловчиларим ҳақида яхши таассурот билан хайрлашаман. Айримларини қайта кўрмасам дейман. Ҳайдовчилик фаолиятим давомида жуда кўп қизиқ воқеалар, йўл ҳангомалари, шунингдек, ачинарли қисмат эгаларига дуч келдим. Мен кўрган-билганларим, гувоҳ бўлганларимни ўзим билан у дунёга олиб кетмоқчи эмасман. Ваҳоланки, қайсидир воқеа кимларгадир ибрат бўлиши мумкин. Шунинг учун таассуротларимни сизлар билан бўлишишга қарор қилдим.                                    

Бугун темир йўл вокзалидан йўловчи олдим. Аниқроғи, бугун Москва поезди келадиган кун. Россиячилар кўп бўлади. Дарров тўрт йўловчи илашди. Учтаси бир қишлоқдан. Улар билан йўл ҳақини келиша бошладим. Мен "100 минг сўм бўлади", дедим. Анави учтаси кўнди-ю, битта ёшгина йигит тириқлик қила бошлади.

- Намунча қиммат ака, шунчаям нарх айтасизми?

- Зато, йўлга жавоб бераман-да ука! - дедим.

Одамларгаям ҳайронсан. Бу ерни вокзал деб қўйибди. Вокзалнинг эса ўз "бўри"лари бўлади. Агар бу ерда бироз тентирасанг, дарров ана ўшаларга дуч келасан. Улар сени бир чеккага олиб ўтади-да...

Хуллас, Россияда ишлаб келиб бир-икки марта бўриларга дуч келганлар поезддан тушибоқ биз каби ҳайдовчиларнинг этагини тутишади. Йўл киранинг бетига ҳам қарашмайди. Эсон-омон замонавий қароқчиларга таланмасдан уйга етиб олса яхши-да.

Тўртинчи йўловчи мендан сал нари кетиб, дарров "бўри боласи"га дуч келди.

- Нима деяпсан, ҳўв?! Ҳозир бор пулингни шилиб олсам нима деёласан-а? Ёнингда қанча пулинг бор ўзи?

- Бир ярим минг рубль.

- Чиқар ҳаммасини!

Тезда ёнларига етиб бордим. Йигитнинг ранг-қути ўчиб, чўнтагини ковлаётганди.

- Машраб, бу ўзимизнинг братишка, мен билан, - дедим-да йигитнинг қўлидан сумкасини олдим. У индамай менга эргашди.

- Қалай бўларкан, ука?, - дедим унга. 400 км йўл босиб, кечаси ухламай довон ошиб,    уйингга обориб қўйсаму, 100 минг сўмни қиммат дейсан. Ҳеч бир хизмат қилиб бермаган йигитга 240 минг сўмни тутқазяпсан-ку!

Йигит индамади. Йўлга тушдик. Йўловчиларим ичида Тошпўлат ака хушчақчақ, қувноқ одам эди. Тезда чиқишиб кетдик. Машинага ёнилғи қуйиш учун тўхтаганимизда, Тошпўлат аканинг шериги телефонда ким биландир гаплашди-да, ғалати бўлиб қолди. Секин менинг ёнимга келиб:

- Тошпўлат аканинг онаси уч кун бурун қазо қилган экан.Опаси ўзига айтолмай, менга "сиз айтинг"деяпти, - деб қолди.

Тошпўлат ака хурсанд, зўр кайфиятда ўтирар, уйдаги аза хаёлининг кўчасида ҳам йўқ эди.

- Ҳозир айтмайлик! - дедим мен. - Кайфияти яхши экан. 5 соатлик йўл. Етиб боргунча адойи тамом бўлади-ку.

Тошпўлат ака 55 ёшлар атрофидаги басавлат киши эди. У бундан 2 йил олдин гулдай ҳунарини ташлаб, Россияга ишлагани кетганини ва алданиб қолганини гапириб берди.

- Номус кучидан уйдагиларга ҳеч нарса деёлмадим. Етти ой уйга на пул жўнатдим, на телефон қилдим. Ахийри ишлаётган жойимиздан қочиб бошқа иш изладик. Бир йил ишлаб оз-моз пул йиғдик. Мана ниҳоят, юртимизга қайтиб келаяпмиз. Онамнинг қанд касали бор эди. Россиянинг зўр "Дарницский қора нони"дан олиб келаяпман. Онам роса кўз тутаётгандир.

Саҳарга яқин Андижонга кириб келдик.Тошпўлат ака биринчи бўлиб тушди. Машинани аста йўл четида тўхтатдим.

- Тошпўлат ака!, - дедим секин. - Олдингизда ҳижолатдаман. Шум хабар етказиш одатим йўқ эди.Аммо айтмасам бўлмайди.Чунки ҳозир уйга кириб боргач, гангиб қоласиз. Ўзингизни қўлга олинг, бандачилик. Онахонни бериб қўйибсизлар.

...Ўша куни азали хонадонда қиёмат қўпди. Опаси Тошпўлат акага осилиб, "онамнинг кўзи очиқ кетди, дийдорингга зор бўлди ука. Эртароқ келсанг бўлмасмиди?! - деб йиғларди.

Машина юкхонасида   Тошпўлат аканинг юклари турар, уни туширадиган одамнинг ўзи йўқ, асли онахонга сўнгги дам ўғлининг дийдоридан бўлак нарса керак эмасди.

- Вой онам, меҳрибоним  онам!Тирикчилик ғамини дийдорингизга алмашдим-а, онам! Сўнгги манзилга менсиз кузатилган онам! - деб дод соларди   Тошпўлат ака.

Ҳамроҳларим билан ўтириб қуръон тиловат қилдик-да, чиқиб кетдик. Манзилига етгунча ҳеч ким чурқ этмади. Менинг эса дилимда марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг шеъри тинмай айланарди. Бу дуо, бу тилакни ҳаммага тилагим келди.

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,

Ажин тушсин, юзларига доғ тушсин.

Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,

Қўлларига асо бир таёқ тушсин.

Ва жисмига сўнгги сафар чоғида,

Ўз боласин қўлидан тупроқ тушсин.

Сафаралининг ҳикоясини оққа кўчирувчи

Муаззам ИБРОҲИМОВА

САККИЗИНЧИ МЎЪЖИЗА

"Китоб мутолаасига ҳавас аввало, оиладан бошланиши, ота-оналар фарзандларига китоб ўқишга меҳр уйғотиши учун ўзлари китобхон бўлишлари лозим", деб таъкидламоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Дарҳақиқат, саккизинчи мўъжиза сифатида эътироф этиладиган китоб инсон қалбининг чинакам ҳамроҳи, ақл ва фикр қайроғидир.

Шиддат билан тараққийлашиб бораётган даврда яшаяпмиз. Ранго-ранг, инсон онгу тафаккурига тез таъсир эта оладиган ғоялар, фикрлар шу қадар кўпки, уларни "ҳазм қилиш"имиз осон бўлмаяпти. Бугун ана шу маълумотларни сарагини сарак, пучагини пучлигини билишимизга йўл очувчи энг яхши восита бу - яхши китобдир.

Шу маънода китобхонлик маданиятини, мутолаа кўникмаларини янада юксалтиришда "Оилавий китобхонлик", "Бир фарзандга - бир китоб" каби эзгу тушунчаларни кенг тарғиб қилиш ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда бу борада олиб борилаётган сиёсат ёш авлод қалбида китобга меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотади. Шундай экан, ўқувчилар билан ҳар куни ва ҳар дарс жараёнида китоб ҳақида суҳбатлашмоғимиз лозим.

Ҳар бир болада мавжуд бўлган лаёқат, иштиёқ ва қобилиятларни эркин ва самарали ривожлантириш, ижобий-аҳлоқий масъулият, қатъият, ирода, жасорат, меҳр-мурувват каби сифатларни, миллий ва фуқаролик ҳис-туйғусини ҳамда миллий ғурурни ўстириш бошланғич синф ўқитувчилари олдига қўйилган вазифа ҳисобланади. Бошланғич синф ўқитувчилари ўз ўқувчиларининг ҳар томонлама ривожланишига замин яратиши, яъни ўқишга, таълим олишга қизиқтириши ва иштиёқ уйғотиши билан бирга, уларнинг идрок этиш, фикрлаш қобилиятларини, дунёқарашларини кенгайтиришда ўз касбий фаолиятини ишга солмоғи даркор.

Бошланғич синф ўқувчиларига ҳалол ва ҳаром, тўғрилик ва эгрилик, яхши ва ёмон, мардлик ва номардлик, маънавиятлилик ва ваҳшийлик каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини сингдиришда, боланинг эркин, мустақил ва тўғри, кенг кўламли     фикрлашларини шакллантиришда китобларнинг аҳамияти ва ўрни беқиёс.

1-синфга қадам қўяётган болаларнинг айримлари эртакларни эшитишга, тинглашга жуда қизиқади. Бу - оилада китоб ўқилишидан дарак беради. Айрим болаларда эртак эшитиш қобилиятлари ривожланмаган. Бунга сабаб, оилада умуман китоб ўқишга бўлган қизиқиш йўқ ёки ота-онанинг китоб ўқиб беришга вақтлари йўқ. Шунинг учун бошланғич синф ўқитувчилари ўқиш жараёнларида ўқувчиларга бадиий асар намуналаридан ўқиб бериш, ўқувчиларда тинглаш, эслаб қолиш ва сўзлаб бериш сифатларини ўстириб бориши керак. Ўқувчининг саводи чиққандан сўнг, у ўзи мустақил китоб ўқий олишини ҳисобга олиб, унда китобхонлик сифатларини ривожлантириб боради. Ўқиш, тарбиявий соатларда ўқувчиларнинг китобхонлик саводини ўстириш борасида "Китобхонлик дақиқалари"ни ташкил этиш мумкин.

1- ва 2-синфларда Ўқиш   дарслигидаги эртак, ҳикоя, ривоят, шеърлардан ташқари асарлардан фойдаланиш керак. Бунда ўқитувчи дарсга тайёрланиш давомида ўтиладиган мавзуга мос келадиган асарни топиб, уни ифодали ўқиб беради. Сўнг мазмуни юзасидан қисқа савол-жавоб ташкил қилинади. Шу билан ўқувчида асар мазмуни юзасидан тушунча ташкил топади. Ёки ифодали ўқий оладиган ўқувчига вазифа сифатида асар берилади. Ўқувчи кейинги дарс учун тайёрланиб келади. Ўқувчиларнинг  ўртоғидан асар эшитишлари улар учун янгилик. Шунинг учун ўқувчилар диққат билан тинглайдилар. Мазмунини эслаб қолишга ҳаракат қиладилар. Кейинги дарс учун тайёрланиб келувчи ўқувчилар сафи    кенгайиб боради.

3- ва 4-синфларда ўқувчилар мустақил китоб ўқишлари мумкин. Фақат уларни китоб ўқишларини назорат қилиб, қандай китоблар ўқиш керакликлари уқтирилади. Ўқувчилар Худойберди Тўхтабоев, Fофур Fулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳаким Назир, Ойбек, Ўткир Ҳошимов, Зафар Диёр, Турсунбой Адашбоев асарларини ўрганишга жалб қилинади. Бундан ташқари, жаҳон болалар адабиёти намоёндаларидан Ака-ука Гриммлар, Жонатан Свифт, Ганс Кристиан Андерсен каби ёзувчиларнинг асарларини ўрганиб боришлари тавсия этилади. Дарслар давомида таълимий ўйинлар ёки "Китобхонлик дақиқалари"ни ташкил этиб бориш мумкин. Бирор ёзувчининг асари танланиб, унинг энг қизиқарли жойи ўқувчилар ёрдамида саҳналаштирилади ва қолган ўқувчиларга ҳавола қилинади. Ўқувчилар кўнглида китобхонликка бўлган қизиқиш уйғонади.

Ёш авлодни одоб-ахлоқли, ростгўй, ҳалол, оддий ва камтар қилиб ўстириш бугунги даврнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Комил инсон фазилатларини таркиб топтиришда эса   китоблар муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоннинг маънавий қиёфаси унинг бутун ҳаёти давомидаги тарбия жараёнида шаклланади ва ривожланади. Илк чоғидаёқ боланинг хулқ-атвори ва ҳатти-ҳаракатида намоён бўладиган эзгу ишларга интилиш белгилари, яъни ўзгага ёрдам бериш, садоқатли бўлиш, мардлик, жасурлик каби ажойиб фазилатлар кейинчалик уларда таркиб топадиган инсоний сифатларнинг асоси бўла олади.

 

Нодира ХОЛДАРОВА,

Балиқчи туманидаги

 

 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.