+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

03 Окт 2019

ЧИРОҒИ ЁНИҚ УЙ

Фахрийлар фахримиз

Асаканинг Дўрмон қишлоғида бир хонадон бор. Ҳар тонг дарвозасининг олди супуриб сидирилган, қишин-ёзин ҳамиша сувлар сепилган бўлади. Ҳовли саҳни кенг ва катта, худди хонадон соҳибасининг кўнгли каби. Бу хонадоннинг чироғи ҳамиша ёниқ. "Бу ҳовлида "келди-кетди" кўп бўлади", шу боис, дарвозаси ҳамиша очиқ туради.

Хонадон соҳибаси Ҳидоятхон Хобохунова ёлғиз боши билан 6 фарзандни оёққа қўйди, уйлаб-жойлади, эл-юртга қўшди. Биронта фарзандидан ножўя гап эшитгани, биронта боласини бекор қолдиргани йўқ. Вақтида ўқитди, вақтида ҳунарли қилди, яхши жойлардан келин туширди, қизларини иффат-одоби билан узатди.

Бевалик нима ўзи? Узун тунлар бўм-бўш ёстиқни қучиб, ҳувиллаган хонада қўрқинч тушлар кўриб ухлашми? Ҳар бир фарзандининг бахтли кунида ёнбоши бўш тўрда ўтиришми? Ё фарзандлари роҳатини кўрадиган пайтида ёлғиз дуога қўл очишми? Ҳаж зиёратига отланиш пайти, маҳрами йўқлигини эслаб ўксинишми?

Ҳидоятхон барига кўникди. Турмуш ўртоғидан 33 ёшида айрилган аёл 4 қиз 2 ўғилни бир ўзи "тишида тишлаб" катта қилди. Ҳеч кимдан кам қилмади.

Балки, бу хонадонни элда азиз қилган нарса шу садоқатдир. Оиласига, турмуш ўртоғига бўлган вафо балки, бу аёлни шунчалик ҳурматли қилгандир. Балки, фарзанди тақдирини ўйламай сал нарсага оиласини барбод қилаётган бесабр келинчаклардан фарқли ўлароқ, унинг мукофоти сабр бўлгандир.

Алқисса, ҳозир Ҳидоятхон аяни Дўрмон қишлоғи аҳолиси, 7 ёшдан 70 ёшгача ҳурмат қилади, "ҳожи она" дея мулозамат кўрсатишади унга. Фарзандлари-чи? Онасининг фидойилиги беиз кетгани йўқ. Ўғиллар онасининг бир имосига маҳтал туришади, навбатма-навбат онасини 2-3 маротаба ҳаж зиёратига олиб боришди. Келинлар аҳил-иноқ, бирида 4 бола, бошқасида 3 та, бир ҳовлида опа-сингиллардай яшашади.

Сабрнинг меваси ширин бўларкан. Бугун Ҳидоятхон ҳожи она 73 ёшда. Невара-чеваралари ардоғида, маҳалла-кўйи эъзозида умргузаронлик қилмоқда.

- Турмуш ўртоғим Шодмонбек Хобохунов ўқимишли, зиёли одам эди, - эслайди Ҳидоятхон ая. - Қишлоғимиздаги мактабда муаллимлик қиларди. Барча фарзандларимизни ўқиб, маънавиятли инсон бўлиб етишишларини орзу қиларди. Қўша қариб фарзандлар роҳатини кўриб юриш пешонасига ёзилмаган экан. Олтинчи фарзандимга ҳомиладор вақтим, 37 ёшида тўсатдан вафот этди. Устимга тоғлар қулаб, қанотим сингандек бўлган. Бевақт ўлим, айни "ейман-ичаман" деб турган олти бола... Янаям Оллоҳ аёлни    сабрли қилиб яратар экан. Қайнонамга суяниб, болаларимни катта қилдим. Уларни отаси орзу қилганидек, ўқимишли инсон бўлиб етишишлари учун боримни бердим. Шукр, мана улар, ёнимда, қанотим бўлиб туришибди. Буларнинг барчаси учун яқинларим, айниқса менга суянч бўлган қайнонамдан миннатдорман.

Бугун оиланинг тўнғичи Ферузахон тадбиркор, Иродахон ўқитувчи, Розияхон институт ўқитувчиси, доцент, Хуршидахон Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий авиакомпаниясида бўлим бошлиғи, ўғиллари Аҳрорбек, Фаррухбеклар савдогар бўлиб етишдилар.

Ҳидоятхон онанинг ҳовлисида  оиланинг барча аъзолари йиғилса, хонадон гўёки тўйхонага айланиб кетади.

- Опам болаликдан меҳнаткаш, онамга ёрдамчи эди. Онам камзул, жакет тикса, тугмаларини қадаб, дазмол қилиб бозорга тайёрлаб берарди, ўртоқлари ичида ақл-фаросатли эди, бир зум бекор ўтирмасди. Балким, шунинг учун кексаликда фароғатни қаршилаётгандир. Опам мен учун мукаммал она, солиҳа аёл, - дейди синглиси Марғубахон опа.

Аллоҳ томонидан бандалар учун ато этилган улуғ неъматлардан бири, бу фарзандлардир.  Уларни етук ва солиҳ инсон қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг зиммасидаги бурч, улкан масъулият. Бу масъулиятни Ҳидоятхон ая бир ўзи аъло даражада уддалади,  турмушнинг муштлари, ҳаётнинг аччиқ синовларига бардош бериб, фарзандларига ўрнак бўлди.

    - Она - мўътабар,  буюк зот. У тенгсиз хилқат, оиланинг баракаси, хонадоннинг меҳвари. Бежизга, "жаннат оналар оёғи остидадир" дея айтилмаган , - дейди онахоннинг қизи Иродахон.  - Она - фарзандлари учун гўёки ойна. Ундаги барча ижобий фазилатлар, хислатлар фарзанд табиатида акс этади. Онамизнинг айтганларини  қилиб, кам бўлмадик. У зотнинг берган тарбиялари туфайли шу даражага эришдик, ундан ўрганганларимизни  фарзандларимизга,  набираларимизга ўргатаяпмиз.

Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг "Дунёнинг ишлари" романи оналар меҳри, садоқати, сабри, фидоийлиги ҳақидаги энг таъсирли асардир. Асарда ёзувчи онасининг кулбасида доимо чироқ ёниқ туриши,  бу чироқ худдики, маёқ каби унинг йўлини ёритиб, хонадонини нурафшон қилиб туриши, онаси вафотидан сўнг чироғи ўчган кулба хувиллаб, ёзувчи дунёсини зулмат қоплагани тасвирланади.

Ҳидоятхон аянинг кулбаси... Бу уйнинг ҳамиша чироғи ёниқ... Бу  уйга маҳалладаги дуоталаб ёшлар, турмушга чиқаётган қизлар, фарзанд орзусидаги келинчаклар тез-тез ташриф буюришади, онахоннинг дуосини олиб маслаҳату ўгитларидан баҳраманд бўлишади.

 

Моҳимбону СОБИРОВА