Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ушбу саҳифада вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишларида намуна кўрсатаётган Андижон туманидаги "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти ҳамда жамият раҳбари Давлатхон Қодирова фаолияти ҳақида сўз юритилади.
Андижон туманидаги "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти 2006 йилда ташкил этилган. Жамият қурилиш соҳасига ихтисослашган вилоятдаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида жамият қурувчилари томонидан умумтаълим, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосида уйлар ҳамда бошқа кўплаб объектлар барпо этилди.
Энг асосийси, ана шу объектлар ўзига хос қиёфаси, сифати, пишиқ-пухта барпо этилганлиги билан барчага бирдек манзур бўлмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу корхонада кўп йиллардан буён ўз ишининг малакали мутахассислари, соҳанинг фидойилари аҳиллик билан меҳнат қилиб келмоқда.
Биргина жорий йилнинг ўзида жамият қурувчилари томонида учта объектда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, жуда қисқа муддат ичида Хўжаобод тумани Хидирша массивида янги ташкил этилган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласида 160 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилди. Андижон давлат тиббиёт институтининг ўқув корпуси капитал таъмирланиб, қўшимча бино қурилмоқда. Бундан ташқари, Олтинкўл тумани марказидаги 4 қаватли уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Андижон шаҳри, Абдурауф Фитрат кўчасида Андижон давлат тиббиёт институтининг лаборатория машғулотлари олиб бориладиган, узоқ йиллар таъмирланмаганлиги учун анча хароб аҳволга тушиб қолган ўқув биноси жойлашган. Инвестиция дастури доирасида мазкур бинони капитал таъмирлаш, унинг ёнида тўрт қаватли янги ўқув корпуси биносини қуриш айнан "Азимут строй" МЧЖ қурувчилари зиммасига тушган эди.
Қурилиш майдонида бўлганимизда қурувчилар азму шижоат билан меҳнат қилаётганларига гувоҳ бўлдик. Иш қизғин. Бир гуруҳ қурувчилар бино томини ёпиш ҳаракатида, яна бир гуруҳи ташқи фасадга ишлов бермоқда, ичкари хоналарда эса пардозлаш ишлари авжида.
- Умумий лойиҳа қиймати 16,6 миллиард сўм бўлган мазкур объектда ишлар ўз муддатида, сифатли якунига етказилади, - дейди "Азимут строй" МЧЖ ижрочи директори Давлатхон Қодирова. - Катта масъулият билан сидқидилдан меҳнат қилган ишчи-хизматчиларимиз белгиланган ишларни бекаму кўст адо этди. Шу кунларда ўқув корпуси фойдаланишга топширилди.
Дарҳақиқат, 50 нафар доимий ишловчи ишчи-хизматчи, 250 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жамият раҳбари эса аёл киши бўлишига қарамасдан ҳамиша ишчилар орасида. Иш жараёнида ишчилар билан гаплашади, уларнинг кўнглини кўтаради. Раҳбарнинг ана шу эътибори, самимияти барчани бирдек самарали ишлашга ундайди.
Муҳандис Ойбек Аҳмедов, иш юритувчи Иброҳим Жўрабоев, бригада бошлиғи Абдураҳим Ураимов ишларни сифатли бажарилишини, барча жараёнлар белгиланган стандарт ва талаблар асосида амалга оширилишини назорат қилиб борди.
Ишнинг кўзини биладиган, ўз касбининг фидойиси бўлган Давлатхон Қодирова раҳбарлигидаги жамият қурувчилари жорий йилнинг бошида Хўжаобод тумани Хидирша массивида 160 ўринли мактабгача таълим муассасасини атиги 50 кун ичида нолдан барпо этганликлари алоҳида эътирофга сазовор. Икки қаватли, замонавий кўринишга эга мазкур боғча янги ташкил этилган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласи кўркига кўрк қўшди. Қолаверса, жамият қурувчилари томонидан Асака, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Пахтаобод туманларида қад ростлаган намунали лойиҳалар асосидаги уйлар қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада юксалишига замин бўлди.
Жамиятда ишларни самарали ташкил этиш, ишчиларга қулай шароитлар яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жамиятда бир нечта кран, юк машиналари, экскаватор, бетон қорийдиган, умуман, қурилишда ишлатиладиган турли механизм ва техникалар мавжуд бўлиб ишларни сифатли ва қисқа муддатларда бажарилиши таъминланмоқда. Бундан ташқари, ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, иш жараёнида техника, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинади. Иссиқ овқат, дам олиш хоналарининг ташкил этилганлиги, энг асосийси, ишчи-хизматчиларга ўз вақтида иш ҳақлари бериб борилиши, турли байрамлардаги рағбат эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.
Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, жамият раҳбарининг ташаббускорлиги, саъй- ҳаракати билан корхонанинг ўзида шлакоблок, брусчатка, акфа эшик-ромлар тайёрланаётганлиги барпо этилаётган янги иншоотлар таннархини арзонлаштиришга хизмат қилмоқда.
Халқимизда "Қаловини топса, қор ҳам ёнади" деган гап бор. Аёл бўлса-да айнан унинг саъй-ҳаракати, ташаббуси билан ўтган йили жамият қошида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилди, хорижда ишлаб чиқарилган, замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилиб, ишга туширилди, 65 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган сифатли, бежирим маҳсулотлар қисқа вақт ичида нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топди. Ҳозирда маҳсулотлар Қозоғистон Республикасига экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, қолипли нон, мебель ишлаб чиқарувчи цехларнинг ташкил этилганлиги ҳам юртимизда ишбилармонларга яратиб берилаётган кенг имкониятларнинг самарасидир.
- Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини тўлақонли намойиш этиш имконини бермоқда, - дейди жамият раҳбари Д. Қодирова. - Бунинг учун муҳтарам Президентимиздан, у кишининг олиб бораётган сиёсатидан беҳад мамнунмиз. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ қурилиш, ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақиятли иш олиб боряпмиз. Бу билан юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишига муносиб ҳисса қўшяпмиз, қолаверса, тадбиркорлик ортидан ўзимиз, яқинларимиз, ишчи-хизматчиларимиз моддий манфаат кўрмоқда.
Аёл киши бўла туриб, қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Чунки болалигимдан уйлар қуришга, турли кўринишдаги биноларни эскизларини чизишга қизиқардим. Ота-онам мени шифокор бўлишимни исташган, лекин қизиқишим устун чиқиб, қурувчи бўлдим. Қарийб 25 йилдан буён мана шу соҳада фаолият юритаман. Раҳматли дадам Эргашбой Жумабоев "Қилган ишингдан ўзинг ҳам наф кўр, одамларга ҳам фойдаси тегсин, яқинларинг, маҳалла, юртингга муҳаббатли бўл!" дер эдилар. Дадамнинг ана шу ўгитини ҳаётда ўзимга шиор қилиб олганман. Қилаётган ҳар бир ишда ана шу шиорга амал қиламан.
Курувчилик касбини танлаб асло кам бўлмадим. Касбимдан ҳамиша фахрланаман. Турмуш ўртоғим Рамур ака Иноқов ҳам қурувчи эдилар. Улардан жуда кўп нарсаларни ўрганганман, ҳаётимнинг энг гўзал дамларини у инсон билан ўтказганман. Афсус, умрлари қисқа экан бир неча йил аввал қазо қилганлар. Улар билан бирга олти нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик, эл қаторига қўшдик. Ўғилларим Сардорбек, Мақсудбек, Мансурбеклар ҳаётда ўз йўлини топишган, қизларим Мухлиса - фармацевт, Дилафрўз Тошкент давлат аграр университети Андижон филиали талабаси, Тахмина хали мактаб ўқувчиси.
Саксон беш ёшли дуогўй онам Санобархон ая ёнимда, оилам тинч. Менимча, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Ҳа, ҳаётидан бахт топган, ўз ишининг фидойиси бўлган аёл раҳбарлик қилаётгани учун ҳам "Азимут строй" масъулияти чекланган жамияти ана шундай юқори натижаларга эришаётган бўлса ажаб эмас.
Набирасининг эгнидаги ўзбекона либосларга ҳавас билан боқиб, беихтиёр ёшлигини эслади. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари, ўшанда тўққизинчи синфда ўқир эди. Хайит байрами куни раҳматли бувиси сандиқдан оқпар дўппи олиб, бошига кийдириб қўйди. Мунчоқлар қадалган дўппи унга жуда ёққан, ярашган эди. Шу куни дўпписини кийиб мактабга борганида рус тили ўқитувчиси "дўппи кийиш қолоқлик", дея уни койиб берганди. Яхшики, бундай кунлар ортда қолди, бугун дўппию миллий либосларимиз қадр топмоқда.
Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан халқ таълими бўлими, "Ҳунарманд" уюшмаси туман бўлинмаси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчи қизлари, уюшмаган ёшлар вакиллари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари иштирокидаги "Бувижоним кийган либослар" фестивали миллий либосларимиз умрбоқий эканлигини яна бир бор амалда кўрсатди.
- Қизлар ўртасида миллий либосларни кенг тарғиб этиш, ёшларимизнинг миллий либосларга ҳурматини ошириш, қолаверса, кийиниш маданиятини юксалтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зилола Тоштемирова. - Нафақат кенг жамоатчилик, балки ёшларимизнинг ўзларига маъқул ва манзур бўлган фестиваль шубҳасиз, ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида умумтаълим мактаблари, коллежларнинг "Қизларжон" клублари аъзолари томонидан ўз ғоялари ва қарашлари асосида тайёрланган миллий ва замонавий либослар намойиш этилди, модалар тақдимотлари ўтказилди. Буви ва момоларимиз кийган либослар, ўзбек аёлларининг кийиниш борасидаги урф-одат ва ўзига хос анъаналари кенг тарғиб этилди.
Либосларда замонавийлик ва миллийликнинг, либосларга қадалган тақинчоқ ва аксессуарларнинг матолар рангига уйғунлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги, гўзал қизларимизга янада кўрк бағишлаганлиги иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Тақдимотларда тумандаги 1-умумтаълим мактабининг "Қизларжон" клуби аъзолари намойиш этган коллекция энг яхши деб топилди.
Маҳаллаларнинг уюшмаган ёшларидан тузилган "Жалабек гулойимлари", "Кўмакай ойимлари", "Сувюлдуз санамлари", "Маслаҳат гулшани", "Оқтепалик ойимлар", "Қўштепалик санамлар", "Оразий бегойимлари" каби жамоалар қизлари ижро этган ёр-ёр, лапар ва қўшиқлар ёшлар ўртасида миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида ўқувчи ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб этиш мақсадида фаол ва иқтидорли қизлардан тузилган жамоалар ўртасида "Заковат" интеллектуал беллашуви ўтказилди.
Беллашувда барча саволларга тўла жавоб бериб, энг юқори балл жамғарган 1- ва 22-умумтаълим мактаблари ўқувчи қизларининг "Зебо санамлар" жамоаси ғолиб бўлди.
- Ушбу фестивалда иштирок этиб, момо ва бувиларимиз кийган миллий либослар нақадар жозибали ва гўзал эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик, - дейди тумандаги 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси Иродахон Комилова. - Қолаверса, мана шундай миллий либосларимиз борлигидан қалбимиз фахрга тўлади. Миллий либосларимизни қадрлашга, уларни кийиб умрбоқийлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Якунда февтиваль доирасидаги танловлар ғолиб ва совриндорлари, фаол иштирокчилар диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
"OPEN ANDIJAN" I ХАЛҚАРО ФОРУМИ ҲИНДИСТОНЛИК ТАДБИРКОР ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИККА ЙЎЛ ОЧДИ
Халқаро ҳамкорлик
"Open Andijan" I халқаро инвестиция форуми ранг-баранг тадбирлар, самарали учрашувларга бой бўлди.
Форумда Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани раҳбарлигида 80 дан ортиқ ҳиндистонлик тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Андижонда ҳиндистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ана шу дўстликни янада мустаҳкамлайди.
Икки халқ ўртасидаги ишонч ва самимийликка асосланган дўстликнинг рамзи сифатида Андижон шаҳридаги энг обод кўчалардан бирига ҳинд халқининг машҳур давлат ва сиёсат арбоби, гужаратлик Сардар Пател Валлабхай номи берилди ва кўчага унинг бюсти ўрнатилди. Форум меҳмонлари ана шу ёдгорлик очилишида иштирок этди.
- Ҳиндистон тарихи ва тараққиётида буюк давлат арбоби андижонлик З.М. Бобур ва бобурийлар сулоласининг роли жуда катта бўлган, - дейди Гужарат вилояти бош вазири В. Рупани. - Айнан Бобур юртида ҳинд халқининг улуғ давлат ва сиёсат арбоби Сардар Пателнинг бюсти ўрнатилиб, муҳташам кўча унинг номи билан аталиши ҳам икки халқ ўртасидаги боғлиқликнинг бир рамзидир. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик икки халқ учун фақат фойда келтиради.
Форум доирасида Ҳиндистоннинг Шарда университети Андижон филиалининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Андижонда Шарда университетининг филиалини ташкил этишга келишилган эди. Унга кўра, ушбу нуфузли университетнинг филиалини ташкил этиш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши белгиланган.
Жорий йилда университетнинг Андижон филиалига муҳандислик, ахборот технологиялари ва бизнес йўналишлари бўйича 400 нафарга яқин талаба қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги "Андижон-фарм" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори асосида ташкил этилган Андижон фармацевтика зонасида Ҳиндистоннинг "Cadila Pharma-ceutikals Limited" компанияси билан 2019-2022 йилларда 50 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига фармацевтика жиҳозлари, дори-дармонлар ишлаб чиқариш лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш бўйича шартнома имзоланганлиги форумнинг энг муҳим воқеаси бўлди.
Андижон вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ҳамда Гужарат вилояти бош вазири В. Рупани ҳамкорликда ана шу лойиҳа доирасида барпо этиладиган фармацевтика корхонаси қурилишига тамал тоши қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" номи остида тўқимачилик, автомобилсозлик ҳамда фармацевтика ва бошқа қатор соҳаларда фаолият олиб бораётган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмалари, тақдимотлар орқали форум иштирокчилари вилоятнинг ана шу йўналишлардаги имкониятлари билан яқиндан танишди.
Хорижий инвесторлар, халқаро молия институтлари ҳамда мамлакатимиз тадбиркорлари иштирокида инвестиция лойиҳалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Форумда Ҳиндистон Савдо-саноат палатаси Федерацияси аёллар ташкилоти президенти Харжиндер Каур Толвар хоним раҳбарлигида 20 яқин ҳиндистонлик тадбиркор аёллар ҳам иштирок этди.
Улар андижонлик тадбиркор аёллар билан учрашиб, ўз бизнеслари, ҳамкорлик имкониятлари бўйича музокаралар ўтказди. Харжиндер Толвар хоним Ҳиндистонда аёллар тадбиркорлиги ҳақида кенг маълумотлар берди. Вилоятимиз тадбиркор аёлларини Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган бизнес-форумга таклиф этди.
- Жанубий Ҳиндистондаги йирик Ченнай провинциясида мода мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш ва интерьер дизайни бўйича тадбиркорлик билан шуғулланаман, - дейди Фарида Хан. - Гўзал ва қадимий Ўзбекистонга, Бобур юрти Андижонга келганимдан бахтиёрман. Ишонаманки, "Open Andijan" I халқаро инвестиция форуми ҳиндистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркор аёллар ўртасида ҳамкорликнинг ўрнатилишида кўприк бўлиб хизмат қилади.
Форум иштирокчилари Андижон шаҳридаги Жоме ёдгорлик мажмуаси майдонида вилоят ҳунармандлари томонидан тайёрланган ҳунармандчилик ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари билан танишди.
"Open Andijan" I халқаро инвестиция форуми иккинчи кунида иштирокчи ва меҳмонлар Ўзбекистон Швейцарияси деб аталувчи сўлим Хонобод шаҳрида бўлиб, мамлакатимиз, хусусан, Андижон вилоятининг туристик имкониятлари билан танишди.
Ўттиздан ортиқ давлатлардан 350 нафарга яқин инвесторлар қатнашган "Оpen-Andijan" I Халқаро инвестицион Форуми самарали якунланди. Форум доирасида жами 405 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри 22 та, шунингдек, 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 12 та экспорт шартномаси имзоланди.
Ўтган ҳафта Навоий вилоятида "Кутубхоналарнинг китобларни сақлаш бўлимида ҳужжатларни юритиш" мавзусида республика семинари ҳамда семинар доирасида "Йилнинг энг фаол мутахассиси" республика кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ана шу тадбир ва танловда вилоятимиз вакиллари фаол иштирок этдилар. Китобларни сақлаш бўлимида иш ҳужжатларини юритиш борасидаги самарали фаолияти, илғор иш тажрибалари, қолаверса, тадбирдаги фаол иштироки учун вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директор ўринбосари Гулнорахон Маъруфова фахрий ёрлиқ билан тақдирланганлиги барчамизни қувонтирди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларнинг энг кучли мутахассислари қатнашган "Йилнинг энг фаол мутахассиси" республика кўрик-танловида кутубхонамиз мутахассиси Шаробиддин Илёсов 2-ўринни эгаллаб, иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.
Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси вакилларининг эришган муваффақиятлари бежиз эмас. Чунки, кутубхонамизда белгиланган ишларни самарали ташкил этиш, мутахассислар касбий билим ва малакасини оширишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ходимларнинг изланиб, янгиликка интилиб ишлашлари, ўз фаолиятларига илғор, инновацион усулларни татбиқ этишлари доимий қўллаб-қувватланмоқда. Мухтасар айтганда, ходимларга эътибор ва уларни қўллаб-қувватлаш ютуқларимиз омили бўлмоқда.
Андижонда Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан ана шундай шиор остида митинг ва юриш ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчиларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш мақсадида шу йил 15 октябрдан 15 ноябрга қадар "Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги" деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон "Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши муҳим сиёсий жараён, яъни жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайловлар олдидан тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
- Сайловларда аҳолининг фаол иштирок этишини, сиёсий билим ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ўтказишда сиёсий технологиялардан фойдаланиш муҳим ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон "Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов. - Шу маънода партиямиз тарғибот тадбирларини ўзига хос тарзда ўтказиш, сайловчилар фаоллигини ошириш, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришларни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Андижон ва Асака туманларида "Коррупцияни илдизи билан қуритамиз!" шиори остида ўтказилган митинг ва юришда депутатлар, партия фаоллари, аъзолари, партияга хайрихоҳ ўқувчи ва талаба ёшлар иштирок этди.
Юришлар олдидан ўтказилган тадбирларда партиянинг сайловолди дастурида қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, жамият тараққиётига раҳна солаётган коррупцияга қарши курашиш, ушбу иллатни бартараф этишга кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга алоҳида эътибор берилганлиги таъкидланди.
Юриш қатнашчилари "Биз коррупцияга қаршимиз!", "Коррупцияга йўл йўқ!" деган шиорларни кўтарган ҳолда марказий кўчалардан ўтди. Сайл тарзида ўтказилган юриш ва митинглар аҳоли, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Коррупция жинояти ҳамда партия фаолияти бўйича ўтказилган викторинада ёшлар ана шу йўналишлардаги билимларини синовдан ўтказди, ёш адолатчилар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишларида эса коррупциянинг аянчли оқибатлари кўрсатиб берилди. Санъаткорларнинг чиқишлари тадбир қатнашчиларига хуш кайфият улашди.
Тадбирлар партия ғояларини тарғиб этишга, аҳолининг сиёсий фаоллигини, сайлов тўғрисидаги билимларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
"САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАРFИБОТИ ОЙЛИГИ" O'zLiDeP: Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!
Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови арафасида турибди. Таъкидлаш керакки, сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинган стратегик вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.
"Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам, аввало, инсонга хизмат қилиши керак". O'zLiDeP айни кунларда ана шу ғоя билан сиёсий майдонга чиқмоқда. Инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, энг аввало, эркинлик шароитида рўёбга чиқади. Эркинлик, эркин ривожланиш инсоннинг салоҳияти, иқтидорини рўёбга чиқаришининг бош асосидир. Шу маънода партиянинг халқ билан бирга бўлиши, халқ дардини эшитиши ва муаммоларни биргаликда ҳал этиши, одамларнинг муаммосини ўз муаммоси, деб билган ҳолда тарғибот акцияларини ташкил этиши муҳим жараёнга айланди.
O'zLiDeP Андижон вилоят ҳамда туман, шаҳар кенгашлари томонидан бу борада қатор сайловолди тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, партиянинг вилоят ва Андижон туман кенгашлари ҳамкорлигида Андижон тумани маданият ва истироҳат боғида "Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!" шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тарғибот тадбирида партиянинг сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида иштирокчиларга маълумотлар берилди.
Тарғибот тадбири турли расмиятчиликлардан ҳоли, очиқ майдонда ўтказилди. Зеро, партия сайловолди тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этиш амалиётидан воз кечиб, эркин мулоқот тарзида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратмоқда..
Тадбирда сўз олганлар O'zLiDePнинг амалий ишлар партияси эканини таъкидладилар. Машҳур эстрада хонандаларининг чиқишлари эса иштирокчиларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бу каби тарғибот тадбирлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилади.
Ҳеч бир аёлнинг ташвиши, муаммоси эътиборимиздан четда қолмайди
Хотин-қизлар қўмиталари фаолиятидан
Туманимизда 103 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шундан 55 минг нафарга яқини хотин-қизлардир. Уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, оилаларини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда, айниқса, оилавий бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Туманимиз саноатлашган ҳудуд бўлгани учун бизда бандлик масаласида муаммолар йўқ. Айни кунда ҳудудимизда 260 дан зиёд катта-кичик тикув-трикотаж корхоналари, цехлар фаолият кўрсатади. Ҳар бир маҳаллада ишлаб чиқариш цехлари мавжуд. Биргина Мустаҳкам маҳалла фуқаролар йиғинида 8 та ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатмоқда. Юзлаб қиз-жувонларимиз ишлаб, рўзғорига ёрдам беряпти. Жорий йилда 5 та йирик ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Натижада, 1400 нафарга яқин аёллар ишли бўлди.
Бундан ташқари, 22 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларга қўмита жамоат фонди ҳисобидан 450 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида яна 175 нафар қиз-жувонларимизнинг бандлиги таъминланди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам мазкур танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда 75 нафар иқтидорли қизлар етти йўналишда белгиланган шартлар асосида ўз иқтидор, маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Саралашдан ўтган 12 нафар иқтидор соҳибалари энди вилоят босқичида ўз имкониятларини синаб кўради.
"Қизларжон" клуби фаолияти ҳам намунали йўлга қўйилган. Мактабларда бошланғич ташкилотларимиз талаб даражасида фаолият кўрсатишлари учун бор имкониятларимизни ишга солмоқдамиз. Ҳар бир мактабда қизлар ўртасида кийиниш маданияти, ахлоқ-одоб, шахсий гигиена, оилага тайёргарлик масалаларига катта эътибор қаратиляпти. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам ўсмир қизлар билан ишлаш бўйича самарали иш олиб боряпмиз. Қишлоқ оилавий поликлиникалари билан ҳамкорликда ўсмир қизлар соғлиги, туғиш ёшидаги аёллар ва айниқса, янги келинларнинг соғлигини алоҳида назоратга олганмиз. Маҳаллаларда "Қайнонам - менинг онам", "Келиним - менинг ниҳолим" мавзуларида суҳбатлар, мулоқотлар ўтказилмоқда.
Аммо, тан олиш керак, камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Айниқса, ажримлар борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Афсуски, кўрсаткичлар ҳудудимизда ажримларнинг ўтган йилга нисбатан 10 нафарга ошганини кўрсатмоқда. Яъни, жорий йилнинг шу давригача туманимизда 154 та ажрим қайд этилди. Фарзандсизлик сабаб, бир-бири билан келишолмасликдан, учинчи шахс аралашуви оқибатида, арзимаган тушунмовчилик юзасидан, бундан ташқари, телефонга келган СМСлар сабаб ҳам ажрашишга аҳд қилаётган ёшлар бор. Ажримларни камайтириш, оилалар пароканда бўлишининг олдини олиш, гўдаклар етим қолмаслигига эришиш учун ҳам астойдил ишлашимиз, камчиликларимизни бартараф этишимиз керак.
Бизнинг катта ютуғимиз - туманимизда фаол, ишбилармон аёлларнинг кўплигида деб биламан. Атрофимда яхши жамоа шаклланганлиги учун ҳам турли тоифадаги аёллар билан ишлашда қийналмаймиз. Оғир ижтимоий вазиятдаги аёллар, жиноятга мойил аёллар, турмуши бузилиб, асаби таранглашган аёллар... Уларнинг ҳар бири билан индивидуал ишлашда, ҳар бирининг дардини тинглаб, муаммосини ўрганиб, кўмак беришда ана шу фаолларимиз, жамоатчилик тузилмалари катта ёрдам беряпти.
Хўжаободдаги ҳар бир аёлнинг, оиланинг қувончи, ташвиши ва муаммоси эътибордан четда қолмайди. Энг аввало, аёлнинг оиласи тинч бўлсин, асло пароканда бўлмасин. Агар оила бузиладиган бўлса, у оилада фарзандлар сарсон бўлади, аёлнинг соғлиги йўқолади, ҳаётдан кўнгли совийди. Шу маънода оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишимиз бежиз эмас. Бу ишга барча фаол аёлларимизни жалб этганмиз, уларнинг кўмаги билан барча йўналишларда албатта, самарали натижаларга эришамиз.
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда. Жалақудуқ туманидаги 18-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида мазкур танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Танловнинг Жалақудуқ туман босқичида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 68 нафар иқтидорли қизлар адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт ва жамоатчилик иши йўналишларида белгиланган шартлар асосида ўз иқтидор, маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этдилар.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан, қизларимизнинг танловда қатнашиш имкони янада кенгайди. Шу боис ҳам танловда қатнашиш истагидаги қизлар сони аввалги йилларга нисбатан бирмунча кўп бўлди. Энг муҳими, қизларнинг фаоллиги, танловда иштирок этишга бўлган иштиёқи ортганлиги эътиборга молик.
Якуний хулосаларга кўра, ҳар бир йўналиш бўйича энг яхши натижага эришган 16 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
- Ўз билим ва маҳоратимни синовдан ўтказдим, - дейди танловнинг жамоатчилик йўналиши ғолибаси, Жалақудуқ туманидаги 49-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Маҳлиё Орифжонова. - Илгари танловда 22 ёшгача бўлган қизлар қатнашиши мумкин эди, эндиликда танловда 30 ёшгача бўлган қиз-аёллар ҳам қатнаша олади. Бу опа-сингилларимизга берилган катта имконият ва эътиборнинг намунасидир.
Ташкилотчилигим, жамоатчилик билан ишлаш борасидаги фаолиятим, эришган натижаларим ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Энди танловнинг вилоят босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, улуғ шоирамиз номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлиш учун бор билим ва истеъдодимни ишга соламан.
Маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик гуруҳлари фаолияти хусусида
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Маънавият оиладан бошланади" шиори остида тақдим этилган янги тизим асосида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарлари, маҳаллаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича бешта йўналишда жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди.
Маҳаллаларда тавсия этилган янги тизим бўйича иш олиб бориш юзасидан соғлиқни сақлаш, халқ таълими, бандлик, ички ишлар бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, қуйи бўғинларда ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Вилоятдаги 880 маҳалланинг барчасида беш йўналиш - Оилага кириш, Саломатлик мактаби, Бандлик ва тадбиркорлик, Жиноятчилик профилактикаси, Таълим ва тарбия йўналишларида 4400 та жамоатчилик гуруҳлари тузилди. Уларнинг фаолияти юзасидан режа-график тасдиқланиб, ижросини таъминлашга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.
Ҳар бир ҳудудда ҳафтанинг муайян бир кунида бир йўналишдаги жамоатчилик гуруҳи иш олиб бориши белгиланган. Гуруҳлар ташкил этилгандан сўнг ўтган бир ой давомида вилоятимиздаги 83 мингдан зиёд хонадонга кирилиб, хонадон вакиллари билан бевосита суҳбатлар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида хонадонлардаги 8 минг 330 та муаммо аниқланди.
Бундан ташқари, гуруҳлар томонидан оила қонунчилиги, оиланинг жамиятдаги ўрни ва вазифалари, унинг фаровонлигини белгиловчи омиллар, оила илмини ёшлар онгига сингдириш масалаларига бағишланган 2 минг 300 дан ортиқ давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, 3101 та оғир ижтимоий вазиятдаги эҳтиёжманд оила аниқланиб, уларнинг 128 тасини ана шундай вазиятдан чиқариш чоралари кўрилди. 322 оилага тиббий, 356 оилага моддий ёрдам кўрсатилиши ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори ижросини таъминлаш, аҳоли ўртасида қарор мазмун-моҳиятини тарғиб этиш бўйича 1 минг 874 маротаба давра суҳбати ташкил этилди. Қўмита қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмасининг бу борадаги фаолияти таҳлил қилинди.
Гуруҳлар томонидан 236 та низоли, 548 та боқувчисини йўқотган оилалар, 149 та ёлғиз оналар, 242 та отасиз (онасиз) қолган болалар билан якка тартибда иш олиб борилди. Оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарлик содир этган, фарзанди тарбиясига эътиборсиз қараётган ҳамда носоғлом ғоялар таъсирида бўлган хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказилди.
Вилоятдаги маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар бошчилигида хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси - Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари тузилди. Бошланғич ташкилотлар ишини фаоллаштириш учун қарийб 27 минг нафар фаол аёл жалб этилди. Ҳар бир туман, шаҳарда фаоллар ишини ташкил этиш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказилди.
Уйма-уй юриш давомида аниқланган муаммоларнинг 7 минг 657 таси ишчи гуруҳи иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўзида, шаҳар, туман, вилоят даражасида ҳал этиладиган 673 та муаммо ўз даражаларида ҳал этилди.
Вилоятдаги маҳаллаларда 6 кишидан иборат, жами 5 минг 328 нафар аъзога эга Саломатлик мактаби ишчи гуруҳи томонидан аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Бандлик ва тадбиркорлик гуруҳлари аъзолари Бандлик бошқармаси тизимидаги ишга жойлаштириш инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Улар томонидан ишламаётган, ишлаш истагини билдирган 1 минг 628 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни ишга жойлаш чоралари кўрилди. Бир ой давомида 859 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари опа-сингилларимизни тадбиркорликка жалб этиш бўйича семинарлар ўтказди.
Таълим ва тарбия гуруҳи таркибига вилоятдаги 741 та умумтаълим мактаби ҳамда 84 та касб-ҳунар коллежи директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари жалб этилди. Ушбу йўналишдаги гуруҳлар томонидан таълим муассасаларида кийиниш одоби, ўқувчилар давомати, фан тўгаракларига жалб этиш бўйича 2 минг 100 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Кўп дарс қолдираётган 38 нафар қиз ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилиб, қизларнинг дарсларда мунтазам иштирок этиши таъминланди.
Таълим муассасаларида эрта турмушнинг олдини олиш мақсадида тиббиёт ходимлари ва "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида 958 марта давра суҳбати ўтказилди. Барча мактаб ва коллежларда "Оилага тайёрлаш хоналари" ташкил этилди.
Ўқувчи-қизлар ўртасида миллий либос, қадрият ва анъаналарни тарғиб этиш бўйича "Дўппи" фестивали, "Либос - маънавият кўзгуси", "Узун сочли санамларга оқпар дўппи ярашар" либослар тақдимотлари, "Мен дўппининг суратини чизаман" расмлар, "Дўппи тикдим ипаклари тиллодан" қўшиқлар ижроси бўйича кўрик-танловлар ўтказилди.
Уй бекалари ва ишловчи хотин-қизларнинг миллий либосларда оммавий юришлари ўтказилганлиги аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида миллий либосларимизга бўлган ижобий муносабатни янада яхшилади.
Айни кунларда туман ва шаҳарларда, таълим муассасаларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан тавсия этилган тақдимот асосида "Бувижоним кийган либослар" шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда.
Жиноятчилик ва профилактика гуруҳига бириктирилган ички ишлар бўлимлари хотин-қизлар билан ишлаш бўйича катта инспекторлари, профилактика инспекторлари ҳамда гуруҳ аъзолари ҳамкорлигида нотинч оилалар, чет элга ишлагани кетган, озодликдан маҳрум этилган ва жазони ўташ муассасаларидан қайтган хотин-қизлар, назоратга олинган вояга етмаган ёшлар хонадонларига кириб, уларнинг яшаш шароитлари ўрганилди.
Маҳаллалар, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги, "Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда 20 мингдан ортиқ хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.
Ҳафтанинг ҳар сешанба куни "Саломатлик гуруҳи" аъзолари томонидан оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллаларда кексалар, юра олмайдиган беморлар, ногирон ҳамда ногирон фарзанди бор аёллар, ҳомиладорлар ва фертиль ёшдаги аёлларнинг холидан хабар олиниб, уларнинг саломатлиги назоратга олинди, муҳтож фуқароларга зарур тиббий хизматлар кўрсатилмоқда. Ўтган бир ой давомида 6 минг 120 нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Умуман, гуруҳ аъзолари шифокорлар билан ҳамкорликда саломатликни сақлаш бўйича 4 минг 800 дан ортиқ тушунтириш, тарғибот ишларини олиб борди. Тиббиёт муассасалари қошида "Аёллар маслаҳатхонаси", "Қизлар саломатлик маркази" ва "Қизлар саломатлик хоналари" фаолияти йўлга қўйилди.
Саломатлик мактаблари кўмагида 1 минг 242 нафар соғлигида муаммо бўлган хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида маҳаллаларда 1 минг 458 марта тадбирлар ташкил этилди. Ўтказилган спорт ҳафталиги тадбирларида эса 11 минг 850 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этди.
"Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бўлимлари қошида ташкил этилган "Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби" машғулотларида бўлажак келин-куёвларга махсус дастур асосида намунали оилалар ва "Қайноналар жамоатчилик мактаби" вакиллари иштирокида сабоқлар берилиб, уларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги билимлари бойитилмоқда. Марказ ҳудудий бўлимлари мутахассислари билан биргаликда 396 та ажримнинг олди олинди, 322 та норасмий яшаётган оиланинг никоҳи расмийлаштирилди.
Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий, тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда 17 та, шунингдек, ҳар бир маҳаллада таркибига 30 нафардан иборат фаол аёл киритилган тарғибот гуруҳлари тузилди. Ана шу тарғибот гуруҳлари томонидан вақтинча ишсиз аёллар ва уй бекалари иштирокида диний-экстремистик ва миссионерлик ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш бўйича 1 минг 800 дан зиёд суҳбатлар ўтказилди.
Маҳаллаларда фаолият юритаётган жамоатчилик тўгаракларига 34 минг нафарга яқин, "Ораста қизлар давраси" тўгараклари машғулотларига эса 16 минг нафардан зиёд уюшмаган қизлар жалб этилди.
Бу борадаги ишларнинг тизимли ва изчил амалга оширилиши бўйича зарур барча ишлар олиб борилади.