+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

03 Окт 2019

Эзгулик умрни безайди

Шодлик билан ғам ёнма-ён келади, деганлари рост. Юртбошимизнинг Фармони билан вилоятдаги бир гуруҳ аёллар қатори Мамлакатхон опа ҳам "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланган кунлар умр йўлдоши Шоирбек ака оғир хаста эди. У кўзларини мўлтиратиб опага қараркан, хушхабардан мамнун бўлганини билдириб, деди:

- Меҳнатларингиз қадр топганидан хурсандман. Сиз "Мўътабар аёл" деган номга муносиб аёлсиз. Сиздай аёлим борлигидан, сиздай аёл билан яшаганимдан Аллоҳга шукрона келтираман. Агар менга яна қайта дунёга келиб яшаш насиб этганида яна сизга уйланган бўлардим.

Умр йўлларида йўлдош бўлган яқин инсонининг бу шукронаси опа учун энг катта мукофот эди.

- Йиллар жуда тез ўтгандай, назаримда, - дейди опа маҳзунлик билан. - Шоирбек акангизни сўнгги йўлга кузатганимдан   кейин кўп ўйладим: қаранг, шунча йил бирга яшаб, ўзимизга ватан тикладик, ўғлимиз Шерзодбек билан қизимиз Наргизахонни вояга етказиб, элгу қўшибмиз-у, буларнинг барчаси худди бир зумлик тушга ўхшайди. Яқин инсонингни йўқотиш оғир бўларкан. Дунёларга сиғмай кетаман. Яна ўзимга-ўзим таскин бераман: ахир, яхши инсон билан яшадим, қобил фарзандлар тарбияладик, улар ўзларидан кўпайиб, этагимиз набираларга тўлди. Катталари олийгоҳларда таҳсил олишмоқда. Ҳадемай насиб қилса менинг издошим бўлиб улар ҳам юртга хизмат қилишади. Шуларни ўйлаб, шукрона келтираман. Бир аёлнинг бахти шунчалик бўлади-да.

Қарийб 40 йилдан зиёд маориф соҳасида хизмат қилган Мамлакатхон опа оддий ўқитувчиликдан туман халқ таълими бўлими мудири даражасигача бўлган машаққатли, аммо, шарафли йўлни босиб ўтди. Туманнинг энг чекка ҳудудидаги мактабларда ҳам компьютер синфлари ташкил қилишга, замон талабига мос таъмирлаш ишларини амалга оширишга интилди. Энг муҳими, кўпсонли педагоглар жамоасининг ҳурматини, ишончини қозонди, уларнинг қалбига йўл топди.

- Ким бўлмасин, ҳамма ҳам инсон, - дейди опа. - Унинг кўнгли билан ҳисоблашиб муомала қилиш керак. Ҳамкасбларимга, шогирдларга ҳам тинмай уқдираман. Инсон шаънини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Мамлакатхон Юсупова 2004-2005 йилларда вилоят "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси раиси сифатида ҳам фаолият олиб борган. У "Жозибали табассум"  дастури асосида барча туманларда бўлганида кам таъминланган оилаларга қувонч улашишга ҳаракат қилган. Ва бунга эришган ҳам. Қанча-қанча одамлар ҳали-хануз ундан миннатдор.

Мамлакатхон опа билан кўп суҳбатда бўлганман. Унинг    дунёқараши кенг, руҳи тетик, кўнглида ҳаётга, яхши яшашга, инсонларга меҳр-муҳаббати кучли. Ҳеч бир воқеа-ҳодисага бефарқ эмас. Кўмак, маслаҳат сўраб келганлардан ёрдамини аямайди.

Бугун байрам муносабати билан устозлари Мамлакатхон опани табриклаш учун кўплаб шогирдлари унинг хонадонига ташриф буюради. Опа шогирдлари, эл-юрт орасида қадр топганидан қалбида фахр ва шукроналик туйғулари жўш уради, устозлик бахтидан сармаст бўлади.

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА,

 

Жалақудуқ тумани.