Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Жалақудуқ тумани Қўртқи қишлоғидаги 35-умумтаълим мактаби жорий йилда янгитдан барпо этилди, замонавий кўринишга келтирилиб, янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди.
1932 йилда ташкил этилган, фақат 6-7 хонадан иборат мактаб кейинги ярим аср давомида кенгайтирилмади. Жажжи ўқувчиларнинг неча авлоди шу мўъжазгина илм масканида ҳарф таниб, савод чиқардилар. Уларнинг кенг, ёруғ, шинам хоналарда ўқиш орзулари ушалмай мактабни битириб кетдилар. Муаллимлар эса дала шийпонидай кўримсиз мактабга меҳр қўйиб, ўзлари жиҳозлаб, болаларни руҳлантириб ишладилар.
Ниҳоят, мактаб 2008 йилда капитал таъмирдан чиқарилди. Жорий йилда эса инвестиция дастури доирасида мактабнинг эски биноси ўрнида 815 ўринли янги бино қад ростлади.
Кенг, ёруғ синфхоналар, махсус жиҳозланган лаборатория хоналари, компьютер жиҳозлари, спорт зали ўқувчилар ихтиёрида. Олтмишга яқин устоз мураббийлар 600 нафардан зиёд ўғил-қизларни ҳар томонлама етук ва билимдон қилиб тарбиялаш йўлида бор билим ва маҳоратларини ишга солиб, меҳнат қилмоқдалар.
Мактаб - муқаддас даргоҳ. Бу даргоҳга берилаётган эътибор келажакка, эртанги кунга бўлган эътибордир. Жалақудуқ туманининг чекка бир қишлоғида қад ростлаган мазкур илм даргоҳидан келгусида юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар, ватан шаънини улуғлайдиган комил инсонлар етишиб чиқишига асло шкбҳа йўқ.
Кундалик ҳаётимизни табиий газ ва электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин, орамизда шундай лоқайд инсонлар ҳам борки, бу неъматларнинг қадрига етмайдилар, газ ва электрдан фойдаланиш қонун-қоидаларига риоя қилмайдилар. Натижада, аҳоли турар жойларида ёнғинлар сони ортиб, инсонларнинг куйиб тан жароҳати олишига, катта миқдорда моддий талофатлар кўрилишига олиб келмоқда.
Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ҳамда профилактик тадбирларга қарамасдан вилоятимиз ҳудудида жорий йилнинг ўтган даврида жами 586 та ёнғин ҳодисаси содир бўлган. Ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик мақсадида аҳоли турар жойлари, таълим масканлари меҳнат жамоаларида ҳушёрликни ошириб, лоқайдликка йўл қўймаслигимиз даркор.
Куз-қиш мавсумида иситиш печлари ҳамда мўриконларни мавсумга шай ҳолатга келтириш, носоз бўлган электр тармоқларини таъмирлаш, газ ускуналарини иш ҳолатга келтиришимиз зарур.
Халқимизнинг "ўзингни, ўз уйингни ўзинг асра", деган нақлига амал қилган ҳолда, ҳушёрликни ошириб иш олиб борсак, содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга муваффақ бўламиз.
Андижон шаҳрида "Ибратли оила" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, унинг жамиятдаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
- Оилаларимиз қанчалик барқарор ва мустаҳкам бўлса, жамиятимиз юксалиб бораверади, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси раҳбари Зулфияхон Қамбарова. - Шу боис ҳам оилаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган "Ибратли оила" танлови ана шу йўналишдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб деб топилган 16 оила белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун бахс олиб борди. Якуний натижаларга кўра, Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласида яшовчи Рўзивой ва Санобархон Ўтановлар оиласи биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловда Хонобод шаҳри Кампировот маҳалласида яшовчи Абдухалим ва Рўзибихон Маматовлар оиласига иккинчи, Андижон шаҳар Гумбаз маҳалласида яшовчи Жўрабек ва Барнохон Боймирзаевлар оиласига учинчи ўрин насиб этди.
Fолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, танловда "Китобсевар оила", "Файзли оила", "Саҳоватли оила", "Аҳил оила", "Ишбилармон оила", "Спортчи оила" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Очиқ дарс тарзидаги логопедия ўқув машғулоти турли расмлар, кўргазмали воситалар орқали, қизиқарли ўйинлар асосида ўтказилди. Шу боис ҳам ўқувчилар машғулотда қизиқиш ва фаоллик билан қатнашдилар.
- Бу каби дарслар орқали жисмоний имконияти чекланган болаларнинг нутқни яхшилаш, ўзини эркин тутиш, айтмоқчи бўлган гапини эркин айта олиш кўникмасини мустаҳкамлашга ёрдам беради, - дейди Н. Ўрмонжонова. - Қолаверса, турли ўйинлар билан ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқишини, ижобий муносабатини юксалтириш мумкин.
Қизиқарли, ўзига хос тарзда ўтилган машғулот кўнгли ўксик болажонлар маъқул ва манзур бўлди.
Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.
Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси
Сайлов Кодексининг 11-моддаси.
ВИЛОЯТ, ТУМАН ВА ШАҲАР САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИ ТУЗИШ
Маҳаллий Кенгашларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:
халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси;
халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси;
халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича шаҳар сайлов комиссияси тузилади.
Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти - ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.
Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади.
Ўтган асрнинг 50-йилларига қадар косметикадан фақатгина киборлар фойдаланган. Эндиликда ҳар бир хонадон жавонлари турли-туман бежирим косметика маҳсулотлари билан тўлиб кетгани рост. Косметика кунлик эҳтиёж воситаси бўлиб улгурди. Бироқ, бирор кишидан айни пайтдаги косметик воситалардан энг зарури қайси эканини сўрасангиз, аксарият одамлар ҳеч иккиланмасдан шампунь деб жавоб беришади.
Тозалик ва орасталикда доимий ҳамроҳимизга айланган бу воситадан фойдаланаётганда, унинг бизгача етиб келиш тарихи ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми?
ТАРИХГА НАЗАР
Азалдан Шарқ серқирра гўзаллиги ҳамда мафтункорлиги билан европаликларни ўзига ром этиб келган. XVII асрда инглизларнинг Ҳиндистонга мустаҳкам ўрнашиб олгани барчага маълум. Бу махарожалар юрти, илонлар макон тутмиш бут, санам ибодатхоналари, бешафқат одатлари, тропик инфекция, қашшоқлик ва ифлос муҳитдан иборат ўзига хос бир олам эди. Ўша пайтларда ҳиндларнинг мана шундай муҳитда лойқа Ганга сувида ювилган кирлари обдон қайнатилгандай оқартирилгани мўъжизага менгзалган. Европаликлар диареядан азият чекиб юрганларида, ҳиндларнинг хотиржам юриши ва қувноқ табассуми, шу баробарида ҳаётдан мамнунлиги мустамлакачиларнинг эсини оғдиргани аниқ. Энг ажабланарлиси эса инглизларнинг сочлари иссиқ ва нам ҳаводан бир-бирига ёпишиб, патила-патила юрган бир пайтда ҳиндистонлик сочи узун санамларнинг тим қора кокиллари ҳар бир толасида киши қуёш нурида ўз аксини кўргудай даражада ял-ял товланиб туриши европаликларни лол қолдирган.
Ҳиндлар сочини ювишда фойдаланадиган шампо аталмиш махсус доривор гиёҳлардан тайёрланган аралашма ҳинд тилидан таржима қилинганда "уқалаш", "суртиш" деган маънони англатган.
Бу пайтда эса туманли Альбионда ҳиндларникидек сержило сочларни фақат орзу қилишган. Негаки, XIX аср охирига қадар улар фақат кул ва совунни билишган. Ниҳоят, XIX асрнинг охирига келиб, Лондонда шампунь тарихига тамал тоши қўйилишига сабаб бўлган оламшумул воқеа содир бўлди. Шампунь ихтиросини инглиз Кейси Херберт номи билан боғлиқлигини кўпчилик билмаса керак. Унинг совун ва гиёҳлар аралашмасидан иборат кукуни номи - Shaempo, яъни, шампунь номини олди. Кейси Херберт кимёгар бўлганми, дорихона ходимими? Афсус, бу ҳақида маълумотлар бизгача етиб келмаган. Лекин шуниси аниқки, у яратган ихтиросини Лондон кўчаларида сотиб юрган.
Кейсининг ғояси - юқумли, шампунь рецепти эса оддийлиги билан кўпчиликка қўл келди. Доришунос парфьюмерлар орасида шампунь тайёрлаш тездагина оммалашиб кетди. Лондон сартарошхоналарида ҳам, дорихоналарнинг косметика бўлимларида ҳам худди шундай шампунь кукуни солинган пакетчалар савдоси йўлга қўйилди. Шундай қилиб, XX асрга Лондон янги бир ихтиро билан қадам босди.
Ўша даврда Европа бўйлаб одат тусига кирган миграция шарофати билан шампуннинг донғи Германияга етиб борди. Бу пайтда немислар бошини нима тўғри келса, ўша билан ювишарди. Совун таъсирида қазғоқ кўпайишидан безор бўлганлар сочини сирка билан ювишни маъқул кўришарди.
ШАМПУНЬ ҚИРОЛИ
1903 йил. Берлиндаги Ханс Шварцкопф дорихонасига бир мижоз аёл кириб, Англияда сотиб олган соч ювиш воситаси ҳақида гап очди. "У жуда қулай ва ажойиб, - дея завқланиб гапирди аёл. - Агар сизда ҳам шунга ўхшаш нарса бўлса бажонидил сотиб олган ва мунтазам фойдаланган бўлардим". Лекин афсуски, пакетчада на маҳсулот номи ва на уни ишлаб чиқарган одамнинг исми шарифи ёзилган эди.
Бу вақтда Ханс Шварцкопф дорихона хўжайини бўлганига беш йил бўлганди. Дори-дармон билан бир қаторда парфьюмерия бўлимини очиб, савдони анча ривожлантириб улгурганди. Қимматбаҳо атирлар савдосини йўлга қўйиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган бир пайтда унинг ишлари юришгандан-юришган. Бу ҳам камлик қилди унга. Ўй-хаёли ишини янада ривожлантириш, ўзига хос янгилик яратиш иштиёқи билан банд эди. Хоним айтган янгилик қалбини жизиллатди. Шварцкопфнинг асли касби кимёгар бўлгани, шунингдек, косметика соҳасида ҳам анчагина тажриба орттиргани боис, кукун - шампунь яратиш қийин бўлмади. Фақат Шварцкопф пакетчаларни номсиз чиқарувчи анойилардан эмасди. У ишлаб чиққан кукунли шампунь пакетчаларини ўзи ўйлаб топган ва айни пайтда барчамизга маълум-у машҳур Schwarzkopf товар белгиси - қора рангли бош тасвири билан безади. Дарвоқе, Шварцкопф сўзининг ўзи ҳам немис тилидан таржима қилинганда "қора бош" деган маънони билдиради. Энди бу шунчаки оддий шампунь эмас, балки Ханс ўша заҳотиёқ патентлаштириб олган маҳсулот маркаси эди. Буларнинг ҳаммаси 1903 йилда бўлиб ўтганди.
Янги соч ювиш воситасининг қиммат нархи ўта тежамкор немис халқи учун ҳамёнбоп бўлмаса-да, шампуннинг фойдаланишдаги қулайлиги сабаб мизожлар орасида тез оммалашди. Муҳими, сочлар кепак ёки қазғоқдан халос бўлгани. Бир йил ўтар-ўтмас пакетчали шампунлар Берлиннинг барча дорихоналарида сотила бошлади. Аста-секин бошқа давлатларга импорт қилиш йўлга қўйилди. Инсон эришган муваффақиятларида тўхтаб қолмаслиги, янгидан-янги ютуқларни эгаллаш учун ҳаракат қилиши табиий. Бундан-да юксакроқ чўққиларни забт этиш учун олға босиш даркор. Ханс эса бу соҳада пешқадамликни бой бермади. Дорихона бизнесидан бутунлай воз кечиб, бор кучини шампунь ишлаб чиқариш ва сотишга бағишлади. Илк яратилган шампунга хушбўй ифор берувчи ва тинч-лантирувчи гул экстракти қўшган бўлса, энди сочларни жонли ва сержило, соғлом бўлишига таъсир қилувчи турли хилдаги доривор ўтлар ва фаол компонентларни қўшди. Кейин эса соч илдизини озиқлантириб, мустаҳкамлайдиган пенатол, сочларни ипакдек майин қилувчи бодом ёғи шампунь таркибидан жой олди. У пайтлари Шварцкопфнинг ўзидан бўлак ҳеч ким соч учун воситалар ишлаб чиқариш билан жиддий шуғулланмаганлиги боис, мазкур соҳани жадал ривожлантирди ва тараққиёт йўлидан одимлади. 1905 йили компания маҳсулотлари Россия бозорига кириб борди. Шу билан бирга, тиниб-тинчимаган Ханс яна янги маҳсулотлар яратиш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш борасида изланишдан тўхтамади. Фақат биринчи жаҳон уруши пайтида компания фаолияти тўхтаб қолди.
Шампунлар қироли Ханс Шварцкопф 1921 йили 47 ёшида юрак хуружидан вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг компания ишларини Ханснинг умр йўлдоши Марта давом эттиради. Марта хоним эрининг бизнес мавқеини нафақат сақлаб қола олди, балки маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришни қойиллатиб уддалади. Ундан кейин ота-онаси бошлаган иш катта ўғилга мерос қолди. 1927 йили янги раҳбар билан бирга маҳсулот ишлаб чиқаришда бу компанияга янги ўзгаришлар ҳам кириб келди. Кукунли шампунлар энди ўз ўрнини суюқ шампунларга бўшатиб берди. Тўғри-да, қоғоз пакетчалар айрим пайтларда нам тортиб қолар, бунинг устига кукун чангги аллергияни қўзғаш эҳтимоли борлиги билан бироз ноқулай эди. Суюқ шампунь эса тез кўпикланиши ва сочни тозалаш хусусияти янада ошгани билан олдингисидан фарқ қиларди. Қарангки, илк шампунни яратган ота, суюқ шампунь ихтироси билан ўғилнинг номи тарих зарварақларига муҳрланди. 1927 йилнинг охирига келиб компания икки турдаги суюқ шампунни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлганди.
ЯНА БИР КОМПАНИЯ
Ўтган асрнинг 30-йиллари Европада косметика бизнесининг олтин даври бўлган, дейиш мумкин. Одамлар бу даврга келиб ўзларига оро берадиган, бадан орасталигига жиддий эътибор қаратадиган бўлишди. Ювиниш воситаларининг бозори чаққон бўлди. 1931 йилдаёқ Шварцкопфга рақобатбардошлар топила бошлади. 1934 йилга бориб Л'Ореал (L'OREAL) фабрикаси косметика бозорига таркибида совун бўлмаган шампунларни савдога чиқаришни бошлади. Л'Ореал асосчиси Эжен Шуэллер бунгача атир совун ишлаб чиқарадиган кичкинагина Монвасон номли компанияни сотиб олади. Шу мулк унга нафақат соч ювиш, балки сочни бўяш воситалари ишлаб чиқаришга туртки бўлди. Л'Ореал ишлаб чиқарган биринчи суюқ шампунь номи "Доп" деб аталган. Лекин негадир бу шампунь савдоси унчалик юришмади. Унинг сабабларини аниқлаш мақсадида уддабурон Эжен Шуэллер аҳоли ўртасида тадқиқот ўтказишга буюртма беради. Не ҳолки, сўровнома натижасига кўра, французларнинг 30 фоизи умуман, бошини ювмаслиги кузатилди! Кучли маркетолог Шуэллер бунинг ечимини топади. Рекламасида асосий эътиборни болалар ва уларнинг ота-оналарига қаратди. Яъни, шампунларни болалар учун алоҳида, катталар учун алоҳида ишлаб чиқарди. Французларнинг келгуси авлодларининг сочларини шампунь билан ювиш кўникмаси шаклланишида унинг хизмати беқиёс. Лекин, унгача кўп вақт керак бўлди. У пайтлари косметик воситаларга талабгорлар кўпайгани билан нархи қимматлиги ҳам уларнинг савдоси жадал ривожланиб кетишига тўсиқ бўлган.
АМЕРИКАНЧА МЎЪЖИЗА
Нархлар муаммосини бартараф этиш ташаббуси америкаликларга тааллуқли. Айнан Америкада оммабоп ва ҳамёнбоп шампунлар савдоси йўлга қўйилди. Бундай шампунларни ишлаб чиқарувчиси Жон Брек бўлиб, 10 йиллик изланишлар натижасида шампунларнинг янги формуласи яратилди. "Бой бўлишни истайсанми-камбағаллар учун ишла" шиори билан иш бошлаган Брек қуруқ ва ёғли сочлар учун мўлжалланган соч ювиш воситаларини яратди. Янги шампунь савдоси ёмон бўлмади, лекин Брек кўзлаган самарани бермади. Америка ҳам Европа дуч келган муаммога йўлиқди. Аксарият одамлар соч ювиш воситаси учун арзон бўлса ҳам пул сарфлашга ўрганмаган. Ҳақиқий муваффақият учун янгича турмуш тарзи, янгича тозалик маданияти керак эди. Шампунь идишларига турли тасвирларнинг туширилиши ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Сийрат ва сурат уйғунлиги ифодаси акс этган аёл тасвири туширилган маҳсулот рекламасига аҳолининг қизиқиши ниҳоятда катта бўлди. Брек шампунларини тақдим этган илк реклама Армур компанияси (Armour and Company) бўлса, унда биринчи аёл образини яратган модель Ольга Нельсон Аткинс эди. Брек шампунлари мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди.
ХОТИМА
Ҳозирги пайтда эса шампунларнинг минг бир хил тури бор. Уларни ишлаб чиқарувчи компанияларнинг эса саноғи йўқ. Улар шампунларни ишлаб чиқараверишади, биз эса сотиб олаверамиз. Савдо расталаридан ўзимизга ёққан турини танлаш инкониятимиз жуда катта. Фақат бир нарсани-қай бири сочимизга мос келишини билсак бўлгани.
Ривоят қилишларича, қадимда бир давлат бўлган экан. Унинг одил подшоҳи, содиқ аскарлари бор экан. Уларнинг сони кўп бўлмаса-да, ҳеч ёвга енгилмас экан. Бошқа бир давлатнинг шоҳи икки элчисини жўнатиб, бунинг боиси нимада эканлигини билиб келишни буюрибди. Элчилар борганда, подшоҳ отлиқлари билан машқ қилаётган экан. Шу пайт подшоҳнинг дастрўмоли жарга учиб тушибди. Шунда йигитлари ҳеч иккиланмай ўзларини жарга ташлабдилар. Бири мажруҳ, бири ҳалок бўлган, бирининг оёғи синган ҳолда дастрўмолини олиб чиқишибди. Буни кузатиб турган элчилар юртига қайтиб, бўлган воқеани шоҳга сўзлаб беришибди. Шунда у: "Ҳа, тушундим, уларнинг енгилмаслиги, қудрати фидойилигида экан" дебди.
Биз ҳам шундай обод, озод, тинч, осуда юртимиз порлоқ келажаги учун фидоий бўлишимиз, унинг юксалиши учун ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят, туман, шаҳар суди судья ва раислари томонидан жорий йил тўртинчи чорагида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича очиқ мулоқотлар ўтказишлари белгиланган.
Октябрь ойда бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ЖИБ вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Адҳамжон Мирзаев бошчилигида судьялар Илҳомжон Сотволдиев, Носиржон Расулов, Отабек Мамажонов, вилоят Маъмурий суди раиси Отабек Мирзамаҳмудов, судьялар Асрорбек Шералиев, Ойбек Баракабаев ҳамкорлигида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида, "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят кенгашида, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасида "Тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар", "Коррупция ва порахўрлик жинояти", "Босқинчилик жинояти" каби турли мавзуларда йиғилишлар ташкил этилди.
Бу каби очиқ мулоқотлар ЖИБ Андижон туман суди раиси Абдулҳаким Тўраев, туман маъмурий суди раиси Олимбек Каҳҳоров билан ҳамкорликда "Ватанпарвар" ташкилоти туман бўлимида, "Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш жинояти" бўйича, ЖИБ Асака туман суди раиси вазифасини бажарувчи Алишер Холбоев, судья Тоҳиржон Ваҳобов, Асака тумани маъмурий суди раиси Баҳромжон Бердиев иштирокида Асака саноат касб-ҳунар коллежи ҳамда Кужгон маҳалласида "Жиноят учун жавобгарлик ва унинг асослари", "Жиноятда иштирокчилик ва унинг шакллари" мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди.
Шунингдек, ЖИБ Марҳамат туман суди раиси вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Яқубхўжаев томонидан Марҳамат тумани халқ таълими бўлимида, "Оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятар" мавзусида, ЖИБ Пахтаобод туман суди раиси Шуҳратбек Мирзокиров томонидан Пахтаобод туманидаги қатор маҳаллаларда"Ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар" мавзусида мулоқотлар ўтказилди.
Бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга ёрдам беради.
Комроншоҳ РАСУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судья катта ёрдамчиси.
"Ёшим 21 да. Ўтган йили худди шу вақтда тўйим бўлганди. Аммо, ҳозир бахт аталмиш ошиённинг гўзал маликаси бўлиб яшаш ўрнига ота уйимга келиб ўтирибман. Менга оғиз солганлар кўп эди. Аммо, бўлажак турмуш ўртоғим келишган, хушмуомала йигит бўлгани сабабли, тўйдан олдин учрашувдёқ у менга маъқул келди. Дадам "оиласини суриштирайлик", дедилар. Бироқ аям "совчилар роса мақташди, ёшлар бир-бирига маъқул бўлса бўлди-да", дея оқ фотиҳа берди... Аввалига яхши яшай бошладик, лекин эри йўқ қайнонам мендан ўғлини қизғона бошлади. Турмушдан ажраб келган қайнсинглим арзимас баҳоналар билан жанжал чиқарарди. Тарафимни оладиган ҳеч ким йўқ, эрим онасининг измидан чиқа олмасди. Дадам "оиласини суриштирайлик" деганида нақадар ҳақ бўлганини тушуниб етдим. Совчилар мақтаган оила - аҳил эмас, жанжалкаш, фаришт,а деб мақтаганлари - қайнонам эса инжиқ ва жоҳил экан.
Андижон шаҳридан М".
Мактубни ўқиб ўйлаб қолдим. Нега айрим ота-оналар қизларига совчи келса, энг аввало, йигит билан қизнинг бир-бирига ёқишини ўйлайдилар. Аввал йигитнинг оиласини обдон суриштириб, ёшларни кейин кўриштирсалар ҳам бўлади-ку. Ёки, совчи бўлмиш вакиллар нега ўз вазифаларини холис адо этмайдилар? Бўлажак куёвни, унинг оила аъзоларини, оиланинг тутумини, молиявий аҳволини кўкка кўтариб мақтайдилар. Ахир, беайб парвардигор. Тўйдан сўнг оиланинг камчиликлари юзага чиқса ва оила бахтли яшаб кета олмаса, уялиб қолишни ўйламайдиларми?
Бизда азал-азалдан икки ёшнинг бошини қовуштириб қўйиш, аввало, совчилик билан бошланади. Янги барпо бўладиган оиланинг кейинги бутун умрлик ҳаётида моҳир совчиларнинг хизмати жуда муҳим. Чунки, яхши оилада тарбия топган муносиб умр йўлдош танлай билиш осон иш эмас, албатта. Шу маънода совчилик ўта масъулиятли, оила билан боғлиқ миллий қадриятларни ўзида акс эттирган ноёб таомилдир.
Мавлудахон Абдураҳмонова, Асака тумани "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари:
- Совчилик - жуда нозик удум. Ҳар икки хонадоннинг паст-баландидан хабардор, эл орасида ўзига яраша ҳурмат-эътиборга эга, ўғил уйлантириб, қиз чиқаришда етарлича ҳаётий тажрибаcи бор кишилар халқ орасида азалдан совчиликка лойиқ кўрилган. Совчиликдан мақсад қизнинг хоҳишини, шунингдек, ота-онасининг фикрини, никоҳга рози ёки рози эмаслигини билиш ҳисобланади. Аммо, афсуски, кейинги пайтларда совчиликка етарлича эътибор қаратилмай қўйди. Ўғил уйлантирадиган аёл ўз опаси ё яқинларидан биронтасини етаклаб олиб ўзи билган хонадонга совчиликка бораверяпти.
Ўзбек халқи - жуда содда, ишонувчан. Обдон суриштириб, маслаҳатлашиб иш кўриш ўрнига совчиларга ишониб, дарров қизни йигит билан кўриштирадилар. "Ёшлар бир-бирига ёқди", дея тўй бошлайдилар. Ваҳоланки, оила қуриш ўйинчоқ эмас. Етти ўлчаб, бир кесиш керак. Қиздир-ўғилдир, муносиб жуфтини топиши, юлдузи-юлдузига тўғри келиши керак. Совчилик илмидан хабардор, кўпни кўрган, тажрибали онахонлар совчиликка бош қўшса, келин олмоқчи бўлган аёлга ўзи билган, таниган яхши қизлардан тавсия қилса, ёки қиз чиқараётган хонадонга яхши оиланинг фарзандини раво кўрса, янги турмуш қурган оила бахтли ва бардавом бўлади.
Халқимизда "Маслаҳатли тўй тарқамас" деган нақл бор. Ўғил уйлантиришни ният қилган қавму-қариндош бир жойга жамланиб, қайси хонадон остонасини "супуриш"ни маслаҳат қилишади. Бу ҳам қадриятларимизнинг кичик бир кўриниши. Азалдан келин танлашда шунчаки муносибини топиш эмас, келажакни яратаётганларини ҳам инобатга олишган. Келин ота-онанинг хизматини қилибгина қолмай, фарзанд тарбиялайди ва шу орқали оила келажагини таъминлайди. Бунда асосий вазифа совчиларнинг зиммасига юкланади. Совчилик мақомига тайинланганлар оила тутумига мос қизни топиш учун юқорида айтганимиздек, етти ўлчаб, бир кесишган. Хўш, айни замонда ҳам совчилик одоби рисоладагидекми? Совчилар совчиликнинг қонун-қоидаларига қай даражада риоя этишяпти?
Муқаддасхон Солиева, Шаҳрихон тумани бош отинойиси: - Одатда никоҳгача совчилик ва қўл сўраш деган удумлар бор. Бу масала муқаддас динимиз таълимотларида батафсил ёритилган. Шаръий манбаларда ва араб тилида совчилик деган сўз "хитба" деб аталади. Динимизда совчиликнинг ўзига хос қоидалари мавжуд. Уларга риоя қилинса, кўп нохуш ҳолатлар, низо ва хусуматлар барҳам топади. Шаръий маънодаги совчилик деганда келин бўлмишга уйланиш рағбатини айтиш тушунилади. Шунингдек, идда сақлаётган аёлга ҳам совчи қўйиш ёхуд юқорида айтганимиздек, уйланиш рағбатини билдириш мумкин эмас. Яна бир ҳолатни ёдда сақлаш муҳим. Мисол учун, бир қизга совчилар келиб турибди. Мана шу ҳолатда бировнинг совчилиги устига бошқа биров совчилик қилиши жоиз эмас. Яъни, аввалги совчиларнинг иши бир ёқли бўлиб, улар рад жавобини олмагунча ўртага суқилиб, ўзгаларнинг совчилигини йўққа чиқариш динимизда ҳаром қилинган.
Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечириши учун совчилар эринмасдан иш тутиши, қудалар ҳақида суриштириши лозим. Таъкидлаш керакки, бирор кимса, маҳалламиздаги таниш оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошимиздан бири ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтиш лозим. Гувоҳлик беришда адолатли бўлмоқ керак. Қолаверса, нафақат ўзгалар ҳақида, балки ўзимиз, оила аъзоларимиз ҳақида ҳам бор гапни айтиш мусулмоннинг бурчидир.
Кўпчилик келин олаётганида ўғлининг айбини зинҳор айтмайди. Гўё яхши ниятда буни яширишади. "Ўғлимни уйлантирсам, эси кириб қолар", деган ниятда жиддий камчиликларини яширадилар. Ёки совчи бўлмиш вакиллар ўша оиланинг камчилиги, қайнонанинг характери, оиладаги вазият юзасидан холис маълумот бермайдилар. Аммо, касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу нуқсонлар тўйдан сўнг юзага чиқади. Натижада оилалар бузилади, бахтсизлар кўпаяди. Шундай экан, совчиликнинг қоидаларига виждонан амал қилсак, бахтли ва соғлом оилалар кўпайишига ҳисса қўшган, мусулмонлик бурчимизни бажарган бўламиз.
Хўжаобод туманида яшовчи С. ҳам не-не орзу умидлар билан янги уй остонасига қадам қўйди, келинликнинг такрорланмас, бахтли лаҳзаларини бошдан кечирди. Турмуш ўртоғига вафоли ёр, шириндан-шакар фарзандларнинг меҳрибон онаси бўлишни орзу қилди. Бироқ, бир ой ўтар-ўтмас, куёв бола яна Россияга, ишга отланди. Тўйдан аввал совчилар "куёв келинни ёлғиз ташлаб кетмайди, ўзи билан олиб кетади ", деган эдилар. Бироқ, тўй ўтгач, ваъдалар тез унутилди. Мусофир юртда ёш оиланинг ижарада яшаши осон эмаслиги, йўл қийинчиликлари келинчакка оғир келиши, бунинг устига қайнона-қайнота қаровсиз қолиб кетиши айтилди. Куёв кетди. Аслида ўша йигит учун бу оилага келган келинчак тунлари ёлғиз, ёстиқни қучиб қолаверди. Кейинроқ йигитнинг ўша ёқда ҳам оиласи, хотини борлиги маълум бўлди.
Хўш, бу масалада ким айбдор? С.нинг ота-онасига ёлғон гапирган совчиларми? Ёки 2-3 йилда бир кўриниш бериб, умри асосан Россияда ўтадиган, хотин эмас, ота-онасига хизматкор керак бўлган куёвми? Ёки ўғлининг вазиятини кўра-била туриб, бировнинг гулдай қизини "ўтга ташлаган" қайнона-қайнотами? Балки, сўраб-суриштирмай, 20 йил авайлаб ўстирган қизини адашиб бериб қўйган ота-онададир айб?
Нима бўлганда ҳам ғишт қолипдан кўчиб бўлди, энди С. тақдирига кўниб яшайверган тақдирда кўнгли ярим, суянчиғи йўқ, ёстиғининг ярми бўш.
- Оила қуриш - умр савдоси. Ёшлар бу ишга катталарнинг йўл-йўриқларига таянган ҳолда қадам қўяди. Агар бир-бирини ўзлари топиб, кўнгил қўйиб турмуш қурган бўлсалар, бошига тош келса ҳам чидаб, "ўзим пиширган ош" дея яшаб ўтадилар. Бироқ, ота-онаси, яқинларининг тавсияси билан турмуш қурган бўлсачи? "Онам топган қизга уйланаман, чунки, онамнинг танловига ишонаман", деган йигитлар, ёки "ота-онам кимни маъқул кўрса, ўшанга турмушга чиқаман", дейдиган одобли, эсли қизлар арзимас хатоимизни деб бахтсиз бўлиб қолмасликлари керак. Бўлажак қудалар бир-бирини маҳалладан обдон суриштириши зарур. Аммо, бир-икки яхши-ёмон таърифларга таяниб, қатъий хулоса чиқариш ҳам тўғри эмас. Бир эмас, бир неча қўшнилардан суриштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳозир баъзи маҳаллаларда йўл четига стол қўйиб олиб, турли майда-чуйда нарсалар сотиб ўтирадиган кўча тижоратчилари бор. Маҳаллага келган нотаниш одам суриштиришни, аввало, ўшалардан бошлайди. Уларнинг суриштирилган оила билан эски адоватларию, гина-кудуратлари бўлса, хонадон шаънини булғаб, "ўч" олиш пайида бўлади. Нима бўлганда ҳам, тақдирда битилгани бўлади-да, дейишади. Тақдирларнинг туташувида эса мулоҳазали совчилар, кўпни кўрган пиру бадавлат инсонларнинг кўмаги жуда зарур. Бу хайрли ишга маҳалла раиси, фаолларидан тортиб, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларгача бош қўшишса, маҳалладаги қизлар тақдирига бефарқ бўлишмаса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Бизда оила қуришдек муқаддас ва нозик масала ҳали ҳеч бир тажрибага эга бўлмаган ғўр ёшлар зиммасига ташлаб қўйилмайди. Кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, турмуш мактабида обдон тобланган, етарли малака ва тажрибага эга кишилар муносиб умр йўлдош танлаш ишига бош бўлишади. Бизнинг ҳаёт тарзимизга айланган миллий тутумларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимиз нақадар бебаҳо. Бироқ, фарзандларимиз - умримизнинг гултожи-ку. Улар учун керак бўлса бахтимиз, тахтимиз, жонимиздан кечар эканмиз, нега умр йўлдош танлашдек муҳим ва нозик масалага панжа орасидан қараймиз. Яхшилаб сўраб-суриштирмаймиз.
Уйингизга совчи келдими, обдон суриштиринг, керак бўлса, етти пуштигача ўрганинг. Келин олмоқчимиз? Кўпни кўрган, тажрибали, оилаларни яхши биладиган онахонлар билан маслаҳатлашинг. Шунда, янги барпо этилган оила мустаҳкам, фарзандингиз эса бахтли бўлади.