Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Ҳар бир инсон мустақил ҳаёт кечиришга, ўз имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга, иқтидор ва қобилиятларини намоён қилишга ҳақлидир. Бунинг учун энг аввало, жамиятда ана шу нарсаларга эришиш учун муҳит яратилган бўлиши керак. Қачонки, ҳаётда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлансагина, у ўзини эркин ва бахтиёр ҳис эта олади.
Бугун мустақил юртимизда ҳар бир фуқаро эркин ва бахтли ҳаёт кечираётгани, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига юксак қадрият сифатида эътибор қаратилаётгани бизни беҳад қувонтиради. Албатта, ана шу ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, ҳуқуқий асоси шубҳасиз, мамлакатимиз Бош қомусидир.
1992 йил қабул қилинган, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлатчилигимиз тузилиши, мамлакатимиз ички, ташқи сиёсатининг йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Биз нима учун Конституцияни бахтимиз қомуси, деб айтамиз? Чунки унда ҳар бир фуқаронинг бахтли, фаровон яшаши учун ҳуқуқий асослар белгилаб қўйилган. Жумладан, Конституциямизнинг 41-моддасида: "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади" дейилади. Бош Қомусимизда қайд этилган ана шу ҳуқуқдан фойдаланган биз ёшлар бугун барча қулайликларга эга таълим масканларида ўқиб, билим оляпмиз.
Бизга кенг имкониятлар эшигини очиб бераётган, ҳуқуқларимиз кафолати ҳисобланган Конституциямизни айниқса, биз ёшлар қадрлашимиз, уни чуқур ўрганишимиз, ҳар бир моддасини ёд олишимиз керак. Унда белгиланган ҳуқуқларимиз билан бирга, бурчларимизни ҳам яхши билишимиз муҳимдир. Бу орқали Қомусимизга бўлган ҳурматимизни, она Ватанимизга муҳаббатимизни намоён этамиз.
Истиқболимизнинг қандай бўлиши кўп жиҳатдан биз ёшларга берилаётган таълим-тарбияга боғлиқ. Юртимизда ёшларнинг билим олиши, ўқиб ўрганиши, ўз истеъдодларини намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилган.
Мен таҳсил олаётган Хўжаобод туманидаги 40-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тарих ва математика фанлари чуқур ўргатилади. Тенгдошларимнинг барчаси иқтидорли, ижодкор ёшлар. Юртбошимиз Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида устозлар келажакнинг мустаҳкам пойдеворини яратишда фидойилик билан меҳнат қилаётганликларини алоҳида эътироф этди. Шу ўринда мен биз ёшлар фидойи устозларимизнинг меҳнатлари самарасини юзага чиқаришимиз кераклигини тушуниб етдим.
Дунёни ташвишга қўйган коронавирус пандемияси ҳар бир соҳага ўз таъсирини ўтказди. Бироқ, ушбу офат ҳам биз ёшларнинг таълим олишимизга тўсиқ бўлолмади. Барча таълим масканларида бўлгани каби мактабимизда ҳам дарслар онлайн тарзида олиб борилди. Барча учун оғир синов даври бўлган кунлар ёшлар қалбига билим олишлари муҳимлигини сингдирди. Шу вақтда ҳам имкониятлардан унумли фойдаланган йигит-қизлар спортда, санъатда, фан олимпиадаларида юқори марраларни эгаллаб, юртимиз довруғини дунёга танитишди.
Май ойида Россия давлатида ўтказилган иқтидорли ёшларининг "Время знаний" халқаро танловида тарих, кимё биология, инглиз тили ва адабиёт каби фанлардан фаол иштирок этган йигит-қизлар қатори мен ҳам биология фани бўйича қатнашиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритдим. Муваффақиятимда рус ва инглиз тилларини пухта билганлигим қўл келди.
Бугун дунёда юртимизга ҳавас қилаётганлар кўп. Бу бежиз эмас албатта. Тарихда тиб илмининг султони Ибн Сино, қомусий олим Абу Райҳон Беруний, қудратли, улкан марказлашган давлат асосчиси Амир Темурдай улуғ зот, туркий тил ривожига беқиёс ҳисса қўшган ҳазрат Навоий бобомиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурдай буюк зотлар етишиб чиққан ўлкамиз барча даврларда ҳам дунё аҳлини ҳайратга солиб келган. Улуғ боболаримиз дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшганлар. Ана шундай улуғ ва буюк зотларнинг авлоди бўлган бугунги ёшларимиз ҳам ҳеч кимдан кам бўлмайди ва албатта, уларга муносиб ворис бўлади
Ҳар қандай муваффақият ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун биз ёшлар кўп ўқишимиз, изланишимиз керак. Айниқса, турли тилларни мукаммал билишимиз жуда муҳимдир.
Давлатимиз раҳбари улуғ маърифатпарвар Маҳмудҳўжа Беҳбудийнинг "Биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур" деган фикларини эсга олиб, биз ёшларни кўп тилларни билишга чақиргани ҳам бежиз эмас. Бу давлатимиз нуфузини, тараққиётини янада юксалтириш энг аввало, дунё ёшлари билан тенглаша оладиган, билимли ва юксак салоҳиятли ёшлар қўлида эканлигини англатади. Бу билан Президентимиз бизга ишонч бермоқда, биз ёшларни улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлишга ундамоқда ва биз учун зарур барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
"Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади" дея таъкидлаган Юртбошимиз ишончини оқлаш, пухта билим олиб, келажакда ўзим танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Ишонаманки, ана шундай мақсадни ўзига шиор қилиб олган тенгдошларим жуда кўп. Эзгу ният, улкан мақсадлар сари дадил одимлаётган ёшлар янги Ўзбекистоннинг шаклланиши учун бор имкониятларини ишга солади.
Ўқувчининг саводхон ва ҳозиржавоб бўлишининг энг асосий шарти - тил бойлигининг кенг бўлишидир. Ўз она тилида мукаммал сўзлаша оладиган ўқувчи хорижий тилни ҳам тез ва қисқа фурсатда ўзлаштиради. Бугун чет тилида ўз она тили каби эркин сўзлайдиган ўқувчилар жуда кўп.
Ўқувчини хорижий тилларни ўрганишга қизиқтириш, унинг дарсга меҳр қўйиши, чет тилида чоп этилаётган асарларни мустақил мутолаа қилишига кўникма пайдо қилиш кўп жиҳатдан ўқитувчининг ижодкорлигига боғлиқ. Қолаверса, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда ҳорижий тиллар ойлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Ойлик доирасида мактаб заллари фан ойлигини тарғиб этувчи ишлар, қизиқарли топишмоқ, бошқотирма ва мақоллардан ташкил топган бурчаклар билан безатилади. Ўқувчиларнинг инглиз тили фани бўйича билим кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, энг паст кўрсаткичга эга синфлар аниқланади. Уларга услубий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
ДТС ва ўқув дастурларининг ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши жараёнидаги муаммолар ечимини топиш имкониятлари яратилади. Фан ойлиги - ўша фан юзасидан билимлар, таълим-тартибни ўрганиш, билимларга баҳо бериладиган фурсатдир. Бу ҳар бир ўқитувчини, шу жумладан, инглиз тили фани ўқитувчиларини эътиборли бўлишга, дарсларни инновацион ғоялар асосида ташкил этишга ундайди.
Мактабимизда "Happy English", "We learn English", "I like motherland", "We wont peace", "Young translater" деб номланган тўгараклар фаолият олиб бормоқда.
Қуйи синфларда дарслар ўйин, мулоқот тарзида ташкил этилади. Тўгарак аъзолари фан ойлигида турли танловларда фаол иштирок этиб, инглиз тилидан ўрганаётган билимларини намойиш этадилар. Ўқувчилар ўртасида расмлар, иншолар танловлари ташкил этилганлиги ойликнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
Ойлик доирасида мактабимизда "My health - my wealth" мавзусида ўтказилган расм ва иншолар танловида Шоҳида Олтмишбоева (7- синф), Ниҳола Комилова (10- синф) ғолибликни қўлга киритди. Фан олимпиадасининг туман босқичида Н. Комилова ғолиблар сафидан ўрин олди.
Одинахон Жўраева, Фотимахон Қосимова сингари инглиз тили фани ўқитувчиларининг дарс ўтиш услубини ўрганиш мақсадида очиқ дарслар ташкил этилди. Дарслар янги педагогик технологиялар асосида, замонавий кўргазма воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда ўтказилди. Дарсларда мактаб жамоаси, ота-оналар иштирок этиб, машғулотларни бевосита кузатдилар.
Она тилидаги сўзнинг чет тилидаги ифодасини яхши билган ўқувчи сўзнинг маъноси, гўзаллигинини ҳис эта олади. Бу - улкан маънавий бойликдир. Ўқувчида ана шу бойлик имкониятларини кенгайтириш, ундан самарали фойдаланишга ўргата олиш эса ўқитувчининг маҳорати, истеъдодига боғлиқ. Қачонки, ўқитувчи қизиқарли дарс ўтсагина ўқувчи нафақат фанга оид, балки бошқа йўналишлардаги билимларни ҳам осон ўрганади.
Ўқувчида ижодий тафаккур, изланувчанлик, мавжуд имкониятлардан самарали фойдалана олиш кўникмаларини шакллантиришда инглиз тили фанининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бу борадаги ишларнинг самарали бўлишида ўқитувчи ва ўқувчи ҳамкорликда иш олиб бориши лозим.
Умуман, фан ойлиги давомида ташкил этилган ҳар бир тадбир, дарс ўқувчиларнинг нафақат хорижий тилни ўрганишига, балки тилга оид янгиликлардан кўпроқ хабардор бўлиб, замонавий фан ютуқларини эгаллашига яқиндан ёрдам беради.
Ирода ҲОЗИРДИНОВА,
Гулнора ЭРГАШЕВА,
Хўжаобод туманидаги 12-умумтаълим мактаби инглиз тили фани ўқитувчилари.
3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни вилоятимизда юқори кўтаринкилик билан нишонланди, кўплаб маънавий-маърифий, саховат тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан байрам муносабати билан "Очиқ эшиклар куни" тадбири ўтказилди.
- Бугун идорамиз эшиги жисмоний имконияти чекланган ҳар бир инсон учун очиқ, - дейди Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Ойбек Абдураҳмонов. - Уларнинг кўнглини, кайфиятини кўтариш учун астойдил тайёргарлик кўрганмиз.
- Фарзандим Асадбек 1-гуруҳ ногирони, - дейди Андижон шаҳри, Саноат кўчасида яшовчи Мадинахон Ҳасанова. - Ногиронлар куни муносабати билан фарзандим учун иссиқ кийим-бош совға қилинганидан бутун оиламиз жуда хурсанд бўлдик. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун ҳукуматимизга, Президентимизга мингдан-минг раҳмат.
Шу куни вилоятимизнинг турли ҳудудларида яшовчи имконияти чекланган шахсларга совға-саломлар етказиб берилди.
Саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртимизда жисмоний имконияти чекланган инсонларга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
Андижон давлат университетининг Ахборот-ресурс марказида маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган "Мен ўқиган китоб" танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маҳалла ёшлари ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини ошириш, буюк аллома, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, умумбашарий цивилизация, илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган асарларини, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида Андижон вилоятидаги маҳалла ёшлари ўтасида уч босқичда "Мен ўқиган китоб" кўрик-танлови ўтказилди.
- Танловнинг маҳаллалараро босқичида вилоятдаги 880 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 1 минг 500 нафардан зиёд, туман, шаҳар босқичларида эса 154 нафар ёшлар иштирок этди, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшодбек Тожибоев. - Кўплаб ёшлар катта қизиқиш билан қатнашган мазкур танлов маҳаллаларда китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилди.
Туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар иштирокчи "Буюк мутафаккир адиб", "Бадиий асарлар билимдони", "Шеърият" ҳамда "Конституция билимдони" шартлари асосида танловнинг вилоят босқичида ғолиблик учун ўзаро беллашди.
- Китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим, - дейди танлов ғолибаси Моҳларой Иброҳимова. - Шу боис ҳам жуда кўп китоб ўқийман. Менимча, инсон қанча кўп китоб ўқиса, тафаккури юксалиб, дунёни, ҳаётни шунчалар теранроқ анлаб бораверади. Тенгдошларимга бўш вақтларида телефон, интернет билан машғул бўлмасдан фақат китоб ўқишларини тавсия қиламан. Чунки кўп китоб ўқиган киши ҳаётда, албатта ўз ўрнини топа олади.
Якунда танловнинг ғолиб ва иштирокчилари вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом, фахрий ёрлиқлари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шифокорлик инсон ҳаётига дахлдор ўта масъулиятли ва машаққатли, шу билан бирга, шарафли касблардан биридир. Шу боис, халқ саломатлиги йўлида, фидойилик билан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эъзозга, эътирофга муносиб.
Бутун умрини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савобли ишлар билан ўтказаётган шифокорлар юртимизда талайгина. Ана шундай шифокорлардан бири олий тоифали шифокор Дилфуза Дўстмуродовадир.
Дилфуза опа болалигиданоқ шифокорликни танлади. Жамалак қизчалик пайти ўртоқлари билан "духтир-духтир" ўйнашар, "касал" бўлиб қолган қўғирчоқларни даволашарди. Бу оддий ҳавас эмасди. Бу ҳаётдаги улкан мақсад эди. Шу сабаб Дилфуза опа келажакда етук шифокор бўлиш учун астойдил ҳаракат қилди. 1979 йилда Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Билими, интилиши билан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси бўлди. Институтда ҳам фаол ва иқтидорли талабалар қаторида бўлди. 1985 йилда институтнинг "Даволаш иши" йўналишини тамомлади. Сўнг клиник-ординатурада таҳсил олиб, кардиолог-шифокор бўлиб етишди.
Дилфуза опа 1987 йилда меҳнат фаолиятини бошлади. Эл-юрт саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилди. Кези келганда ҳар бир бемор бошида парвона бўлди, шифохонада қолиб, кунни тунларга, тунни тонгларга улади. Жонкуяр шифокорнинг эзгу ишларидан кўпчилик миннатдор бўлиб, дуо қилдилар. Кўпнинг дуоси мустажоб бўлиб, Дилфуза опа ўз касбининг етук мутахассиси сифатида узоқ йиллар турли вазифаларда самарали фаолият юритди. Ҳозирда у Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси 5-терапия бўлими мудири бўлиб иш олиб бормоқда.
Меҳнат фаолиятини бошлаганига қарийб 33 йил бўлган Дилфуза опа Дўстмуродова ҳамон қайноқ меҳнат жараёнида. Ўтган йиллар давомида у юзлаб беморларга шифо улашди, кўплаб шогирдлар тайёрлади.
Дарқақиқат, сўзлари - ширин, меҳрлари - шифо бўлган тиббиёт ходимларини ҳар қанча таърифласак, оз. Негаки, улар беморларни нафақат, дори-дармон билан, балки ширин сўзлари, қайноқ меҳрлари билан дарддан фориғ этадилар. Улар орасида Дилфуза опа Дўстмуродова ҳам бор. У одамлар саломатлигини сақлаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган муқаддас ва шарафли касб соҳибасидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллик байрам арафасида рўмол тўқиш ҳунарини ривожлантириш, ёшларни ушбу ҳунарга қизиқишини янада ошириш мақсадида Марҳамат тумани Қорақўрғон маҳалласида "Рўмол сайли" ташкил этилди. Сайлда ушбу ҳунарни ўрганиш истагидаги кўплаб қиз-аёллар иштирок этди.
Андижон қадимдан ҳунармандлар юрти саналган. Шаҳрихон пичоқлари, андижонлик усталар тайёрлаган бешиклар, ёғоч ва ганж ўймакорлик маҳсулотлари, Андижон дўппилари, Марҳаматнинг юнг рўмоллари юртимизнинг барча жойларида шуҳрат топган.
Хусусан, Марҳамат туманидаги Қорақўрғон қишлоғи ўрамидаги маҳаллалар ўзининг жун рўмоллари билан машҳурдир. Оқ ва ангор эчкиларнинг табиий жунидан тўқилган ранг-баранг рўмолларнинг донғи Бухоро, Хоразму Сурхондарёгача етиб борган. Бугунги кунда бу ерда тайёрланаётган рўмоллар ҳатто, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларига экспорт ҳам қилинмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик ва ҳунарманд-чиликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Бугунги кунда Қорақўрғон, Бозорбоши маҳаллаларида 400 нафардан зиёд хотин-қиз рўмол тўқиш ҳунари билан шуғулланади, - дейди Қорақўрғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муротали Жўраев. - Ушбу ҳунар неча ўн йиллардан буён "устоз-шогирд" анъанаси асосида ривожланиб келади.
Қорақўрғон, Бозорбоши маҳаллаларида яшовчи ҳунарманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчиликни ривожлантириш мақсадида 2018-2020 йиллар давомида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида ҳунарманд опа-сингилларимизнинг 200 нафарига 10 миллион, 200 нафарига 5 миллион сўмдан имтиёзли кредитлар берилди. Натижада Қорақўрғон қишлоғида рўмолчилик ҳунари янада юқори босқичга кўтарилди.
Ҳунармандлар томонидан тайёрланган ранг-баранг рўмоллар кўргазмасини барча катта қизиқиш билан томоша қилди. Тўқилган рўмолларни кўриб, "Инсоннинг қўли гул" деган гап бежиз айтилмаганлигига ишонч ҳосил қиласиз, уларнинг маҳоратига қойил қолмасдан иложингиз йўқ. Маҳоратли рўмол тўқувчилар томонидан тайёрланган бежирим ва нафис рўмоллар шубҳасиз, ҳар қандай кишининг кўзини қувонтиради.
Тадбир доирасида туман Маданият маркази қошида ташкил этилган "Ёш оҳанграбо" ашула ва рақс ансамбли, шунингдек, эл суйган хонандалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.
"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунда ассоциация вилоят ҳудудий бўлими сафига фаол ва илғор тадбиркор аёллар бирлашган. Уларнинг 401 нафарини ёш тадбиркор, 367 нафарини якка тартибдаги, 112 нафарини оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи, 218 нафарини фермер, 554 нафар ишлаб чиқариш йўналишида иш олиб бораётган хотин-қизлар ташкил этади.
Аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тадбирлар режаси асосида иш олиб боряпмиз. Айниқса, опа-сингилларимизни молиявий, ахборот ресурслари билан таъминлаш, бозор муносабатларида муваффақиятли иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратиш, уларда тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни шакллантириш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш ва касбга ўргатиш борасида ўтказилаётган ўқув семинарларимиз ижобий натижалар бермоқда.
Умуман, кейинги уч йил давомида қатор лойиҳалар доирасида вилоятдаги 2 минг 522 нафар хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ўқитилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат муносабатлари ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қатор маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар "Fоядан бизнес режагача" деб номланган қисқа муддатли тадбиркорлик ўқув курсларида ўқитилди. Уларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, бизнес-режа тайёрлаш, иқтисодий самарадорликка эришиш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари бўйича зарур тушунча, тавсия ва маслаҳатлар берилди.
"Ўзбекистонда қизлар учун бизнес таълими тизимини ривожлантириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш", "Тадбиркорлик соҳасида аёлларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш", "Вилоят хотин-қизларининг демократик ва фуқаролик жамияти ривожланишидаги ўрни, мақоми, роли ва етакчилик лавозимларига кўтарилишидаги иштироки" сингари қатор мавзуларда ўтказилган семинарлар ҳам тадбиркор аёллар сафини кенгайтиришга ёрдам берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган "Аёл ва ёшларни тадбиркорликка йўналтиришда жамоат ташкилотларининг тижорат банклари билан ҳамкорлигини кучайтириш" номли грант лойиҳаси доирасида Андижон туманидаги тижорат банкларига имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилган, маҳаллаларнинг "Темир дафтари"да турувчи хотин-қизлар ўқитилиб, уларнинг ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди.
"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экиладиган ер майдонлари ҳолатини тубдан яхшилаш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини ошириш, мазкур тармоқни ривожлантириш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб этишга қаратилган лойиҳа доирасида ўтказилган семинар-тренингларда эса фермер, деҳқон ва боғдорчилик хўжаликларини бошқараётган аёлларга соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, фан ва техника янгиликларини қўллаган ҳолда иқтисодий самарадорликни ошириш юзасидан зарур билимлар берилди.
Ассоциация қошида ташкил этилган "Дизайнерлар", "Андижон маҳаллий ривожланиш" марказлари томонидан ҳам ўз йўналишларида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
Ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш, ҳокимиятнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ 229 та иш кўриб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил бошида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш хусусида фикрлар илгари сурилган.
Қолаверса, Президентимиз раҳбарлигида ўтказилаётган қатор йиғилишларда фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига қаратилгани, айниқса, суд идоралари томонидан бу борада белгиланган ишлар, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш зарурлиги қайта-қайта таъкидланмоқда.
Сир эмаски, кейинги уч йил давомида Юртбошимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар судлар фаолиятини тубдан ўзгаришига, судларнинг халққа яқинлашишига, судьяларнинг халқ ичига кириб, уларнинг дардини тинглаш ҳамда одил судловни очиқ ва ошкора амалга оширилишига ёрдам бермоқда.
Биргина сайёр судларни ўтказиш кўлами ва мазмуни ортганлигининг ўзи аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини англаб етиш, энг асосийси, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини юқори босқичга кўтарди.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш бўйича Андижон вилояти ҳамда туман, шаҳар маъмурий ишлар бўйича судлари томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят, туман, шаҳар маъмурий судларида 21 минг 39 нафар шахсга нисбатан 16 минг 436 та маъмурий иш кўриб чиқилди. Шундан 13 минг 142 нафар шахсга нисбатан 10 минг 273 та маъмурий иш бўйича жазо қўлланилган.
Ана шу давр мобайнида 7 минг 897 нафар шахсга нисбатан 6 минг 163 та маъмурий иш ҳаракатдан тугатилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига кўра, 6 минг 168 та иш бўйича 5 минг 410 нафар шахсга тегишли ишлар тугатилган.
Кўрилган маъмурий ишларнинг 5 минг 102 та шахсга нисбатан 4 минг 910 таси, яъни жами кўрилган ишларнинг 30,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Кўрилган ишлар бўйича тегишли идораларга 438 та тақдимнома чиқарилди.
Йил давомида ҳокимлар қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳокимиятнинг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан боғлиқ оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 229 та иш кўриб чиқилди. Уларнинг 108 таси қаноатлантирилган, 90 таси рад этилган, 19 таси иш юритишдан тугатилди.
Шу ўринда ҳокимлар ёки хокимият идораларининг мансабдор шахслари томонидан чиқарилган нотўғри қарорлар қонуний баҳосини топиб, фуқаро ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимояланганлиги, адолат устуворлиги таъминланганлигини алоҳида эътироф этишим лозим.
Бунинг натижасида мазкур мансабдор шахслар қонунга хилоф чиқарилган ҳар қандай қарорига нисбатан судга шикоят қилиниши мумкинлигини тушуниб етмоқда, масъулиятни ҳис этиб ишлашга ўрганмоқда.
Тўғри, фаолиятимиз самарадорлиги ортиб бормоқда, натижалар ҳам ёмон эмас. Бу билан ҳаммаси яхши, дея олмаймиз. Албатта, фаолиятимизда хато ва камчиликлар ҳам бор. Бу ўз фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, келгусида ҳар бир ишни чуқур, ҳар томонлама ўрганиб, ўз муддатида сифатли кўриш, қонуний ва адолатли қарорлар чиқариш орқали одил судловни, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича зарур барча ишларни амалга оширамиз.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилоятида "Аёллар дафтари"ни шакллантириш, ўттиз ёшдан юқори хотин-қизлар ўртасида сўровнома ўтказиш, муаммоларни аниқлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ташкил этилиш ҳолати ўрганилмоқда.
Бу борада Бўстон ва Марҳамат туманларида ишлар белгиланган тартиблар доирасида олиб борилмоқда, натижалар ҳам ёмон эмас. Масалан, Бўстон туман штабида ўтказилган сўровномаларда аниқланган муаммоларни тегишли равишда қайд этиш, уларнинг ечими бўйича корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш доирасида Fолиб маҳалла фуқаролар йиғини, Ўрта кўчаси, 65-уйда яшовчи М.Алиқулова, Анжирзор кўчасида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Х.Муродова билан суҳбатлашилди.
Fолиб маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 24 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 762 нафарини 30 ёшдан юқори хотин-қизлар ташкил этади. Сўровнома ўтказиш жараёнида аниқланган 22 та муаммодан ҳозирга қадар 8 таси бартараф этилган. Ишга жойлашиш мақсадида мурожаат қилган 6 нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 2 та оила газ баллони билан таъминланган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида Республика Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари, Халқ депутатлари Марҳамат туман кенгаши депутатлари иштирокида Марҳамат туманидаги Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғини Ал-Бухорий кўчасида яшовчи С.Хўжаева, М.Соипова билан мулоқот ўтказилди.
Суҳбат жараёнида С.Хўжаева қизини иш билан таъминлаш бўйича туман ишчи гуруҳига мурожаат қилганлигини, ишчи гуруҳ кўмаги билан қизи тикувчилик цехига ишга жойлашганлигини маълум қилди.
Айни кунда Марҳамат туманида 37 минг 294 нафар 30 ёшдан катта хотин-қизлар истиқомат қилади. Келиб тушган мурожаатлар асосида туман ҳокимлиги томонидан кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга 4 та тикув машинаси ажратилиб, 60 миллион сўмлик кўмир етказиб берилган.
Ўрганиш давомида Бўстон ва Марҳамат туманларида аниқланган муаммоларнинг ўз вақтида ҳал қилиниши сектор раҳбарлари томонидан назоратга олинган.
Ишчи гуруҳ томонидан белгиланган ишларнинг самарали ташкил этиш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида соҳага оид ҳужжатларнинг юритилиш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Шерали ҚУТЛИМУРОДОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош мутахассиси.