Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Хўжаобод туманидаги 16-мактабгача таълим ташкилотида "Конституция - бахтимиз қомуси" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур тадбирда тарбиячилар, ушбу масканда тарбияланаётган жажжи ўғил-қизлар иштирок этди.
Айни кунда 200 нафарга яқин кичкинтой тарбияланаётган боғчамизда ташкил этилган байрам тадбирини ташкилот директори Мавлуда Жалилова очиб, Конституция ҳар бир инсон ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи муҳим ҳужжат, бахтимиз қомуси эканлигини таъкидлаб, барчани ушбу байрам билан муборакбод этди.
Тадбирда Минаввар Омонова раҳбарлик қилаётган катта гуруҳ тарбияланувчилари томонидан Конституциямиз моддалари бўйича маълумотлар берилди, Ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
Юқори кўтаринкилик билан ўтган тадбир болажонларнинг Конституция ҳақидаги билимларини бойитиб, уларнинг қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Дилҳумор ОСТАНАМИРЗАЕВА,
мазкур мактабгача таълим ташкилоти мусиқа раҳбари.
"АНДИЖОН ПОЛКАСИ" ИЖРОСИ БЎЙИЧА ТАНЛОВ ЎТКАЗИЛМОҚДА
танлов
Вилоятимиз умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда уларнинг оталари ўртасида "Ёшлик рақси" деб номланган танлов ўтказилмоқда.
Вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Президентимиз томонидан илгари сурилган "Бешта муҳим ташаббус" ижросини таъминлаш, халқимизнинг миллий қадриятларини улуғлаш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Андижон полкаси" ижроси бўйича "Ёшлик рақси" кўрик-танлови ташкил этилди.
- Андижонликлар, айниқса, ёшларимиз "Андижон полкаси" билан фахрланадилар, - дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. - Таниқли мусиқачи, Ўзбекистон халқ артисти Орифжон Тошматов томонидан яратилган, "Андижон полкаси" номи билан маълум ва машҳур бўлган рақс ҳар қандай кишига шижоат, интилиш, руҳий кўтаринкилик бахш этади. Рақснинг ана шу жозибаси орқали ёшларимиз қалбида Ватанга, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш танловнинг бош мақсадидир.
Танлов икки йўналишда "Ўқувчиларнинг оталари ижросида "Андижон полкаси" ҳамда "Ўқувчилар ўртасида "Андижон полкаси" челленж усулида ўтказилади. Яъни ижро этилган рақслар видеотасвирга олиниб, вилоят халқ таълими бошқармасининг httpc://me/tanlov andijon holkasi телеграмм каналига жойлаштириб борилади.
"Андижон полкаси" рақси ижроси акс этган ва юборилган видеотасвирлар мутахассислар ҳамда мухлислар томонидан кўриб борилади. Жорий йил янги йил байрами арафасида якунланадиган танловнинг энг моҳир ижрочилари муносиб рағбатлантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейида мамлакатимиз Бош қомуси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан "Бахтимиз қомуси" мавзусида тантанали тадбир ўтказилди.
Академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирни лицей директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А. Қаюмов очиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси эканлиги, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади ва барчани байрам билан муборакбод этди.
Шундан сўнг ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган адабий композициялар, видеороликлар, Конституциямизни мадҳ этувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Барча чиқишларда қомусимизнинг халқчиллиги, дунё Конституциялари ичида ўз нуфузига эга эканлиги эътироф этилди. Ахборот-ресурс маркази томонидан китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Бундан ташқари, гуруҳлар томонидан мавзуга оид деворий газеталар тайёрланди. Якунда тадбирда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга лицей маъмуриятининг ташаккурномалари топширилди.
Ҳаётнинг баланд-паст сўқмоқлари, синовлари бисёр. Лекин, ҳар бир инсон ҳам ана шу сўқмоқлардан тўғри, катта йўлга чиқа оладими, синовлардан эсон-омон ўта оладими, деган савол инсоният тарихининг барча даврларида ҳам ўз аҳамиятни йўқотмаган. Бугун ҳам шундай.
Ҳаёт қанчалик ривожланмасин, инсонлар тафаккури қанчалик бойимасин, кўп одамлар турли синовлар олдида ўзини йўқотиб қўяверади. Бунга қуйида баён этилган ҳаётий воқеа мисолида яна бир бор амин бўламиз.
Бугун узоқ-узоқ манзилларга қатнаётган енгил автомашиналар почта вазифасини ҳам адо этмоқда. Ҳайдовчига манзилни ва жўнатмани берсангиз бас, оғирингизни енгил, узоғингизни яқин қилиб, бир зумда берган нарсангизни айтган кишингизга етказиб беради. Кўплар уларнинг ҳалол ва тўғрисўзлигига ишонишади.
Анча йиллардан буён пойтахтда яшаётган Маъруф ака ҳам шу гапларни тўғри деб билиб, қишлоқда турадиган синглисига зарур бўлиб қолган пулни ҳайдовчи орқали бериб юбормоқчи бўлди. Жиянини даволатиш учун синглиси катта пул сўради, акаси синглисини оғир вазиятда қолдиришни истамади, янги бизнеси учун жамғарган пулини синглисига юборадиган бўлди. Аслида синглиси пойтахтга келиб, ўғлини даволатмоқчи эди. Лекин вилоят шифохонасига Ҳиндистондан врачлар келиб операция ўтказадиган бўлишибди.
Аёл вилоят касалхонаси шифокорларига мурожаат қилганида, улар ўғлининг ҳолати, хасталиги бўйича керакли маълумотларни ҳиндистонлик шифокорларга юборишган экан. Улар болани тезроқ операция қилиш, операцияни муваффақиятли бажариш мумкинлигини билдиришган экан.
Маъруф ака ўзи қишлоққа бориб, пулни бериб, синглиси ва жиянининг ҳолидан хабар олишни истаса-да, муҳим ишлари сабаб боришга вақт тополмади, пулни тезроқ жўнатиб, ишларимни ҳал қилгач қишлоққа бораман, дея пулни қоғозга ўради. Таксилар турадиган жойга бориб, таниш ҳайдовчига пулларни бериб, синглисига етказишини илтимос қилди. Ҳайдовчининг хизмати учун пулни бериб, конвертда олти юз минг борлигини айтди. Шофёр қоғозни олди-да, чўнтагига солиб, йўлга отланди.
Йўловчиларни уй-уйига тарқатган шофер пулни бериш учун манзилга яқинлашгач, конвертда ҳақиқатдан ҳам олти юз минг сўммикан, деб ўйлаб қолди. Маъруф аканинг озроқ пул берганидан ва конвертни бераётиб ҳаяжонланганидан, қайта-қайта синглисининг қўлига топширишни тайинлаганидан шубҳаланди. Конвертни очиб кўришга аҳд қилди. Конвертга солинган, қоғозга ўралган сўм эмас, доллар эди. Санади, у ерда 10 минг доллар пул бор эди. Ҳайдовчининг виждонидан нафси устунлик қилди. Пулдан тўрт мингини олиб, қолганини аёлга олиб бориб берди.
Синглиси телефон орқали шофёрдан 6 минг доллар олганини айтди. Буни эшитган Маъруф аканинг жаҳли чиқди. Шофёрга қўнғироқ қилди. Нимага юборган пули тўла етиб бормаганлиги, нима учун пулдан 4 мингини олиб қўйганлигини, омонатга хиёнат жазосиз қолмаслигини айтиб, қолган пулни синглисига олиб бориб беришини тайинлади. Лекин, таниш шофёр конвертни очиб ҳам кўрмаганини, қандай берган бўлса, шундай топширганини таъкидлади.
Маъруф ака билдики, ундан иш чиқмайди, ўзи хато қилган. Шунда танишларидан қарз кўтариб, операция куни ўзи қишлоққа келди. Операция муваффақиятли ўтди. Шифокорлар тез орада жияни бутунлай соғайиб кетишини маълум қилишди.
Маъруф ака бир-иккита яқин дўстларига айтиб, таниш шофёрни қидирди, телефон қилди. Телефони ўчирилган эди. Уйига боришди, лекин ҳеч қаердан топа олишмади. Уйидагилар Тошкентга кетганини, қачон келишини билмасликларини айтишди. Маъруф ака унинг келишини икки кун кутди, бироқ шофёрдан дарак бўлмади.
Виждонсиз шофёр қишлоққа Маъруф ака келганини эшитиб, яшириниб олган эди.
Ишлари кўплиги учун Маъруф ака мажбур ортга қайтиб кетди. Тошкентга қатнайдиган машиналар турадиган жойдан ўша шофёрни қидирди. Уни билганлар бир неча кундан бери кирага чиқмаётганлигини айтишди.
Орадан тахминан бир ойча вақт ўтди. Ҳеч бир ёмонлик жазосиз қолмайди, деганларидек, шофёр жуда аянчли жазо олди. Беш ёшли фарзанди гугурт чақиб, омборхонасини ёқиб юборди, олов бутун уйга ўтди. Бутун уйи жиҳозлари билан, ҳатто эндигина тўрт ёшга тўлган фарзанди ҳам олов ичида қолди. Беш йил деганда кўрган ёлғизгина фарзанди доғига чидай олмаган она, яъни шофёрнинг хотини оғир дардга чалиниб қолди. Бу кўргиликлар виждонсизлиги, омонатга хиёнати учун берилган жазо эканини англаган шофёр машинасини сотиб, 4 минг долларни олиб Маъруф аканинг ёнига борди. Ҳаётнинг бу синовига дош беролмаганини айтиб, қилган иши, гуноҳи учун ундан кечирим сўради.
Гуноҳ каттами-кичикми жазосиз қолмайди. Буни ҳали ҳануз англаб етмаган айрим кишилар минг афсуски, гуноҳдан тийилмаяптилар. Ҳатто, айримлар гуноҳ қилишдан қўрқмайдилар ҳам. Инсонларни алдаш, ишонтириш, омонатга хиёнат қилиб пул топаётган инсонлар эртами- кечми бу иши учун жазоланишини билганларида эди, эҳтимол гуноҳ ишларга қўл урмасдилар. Ушбу воқеа бизга ибрат бўлиши керак. Ҳеч бир ёмонлик, ҳеч бир гуноҳ жавобсиз қолмайди. Буни асло унутмайлик.
- Ассалому алайкум - деди маҳзун ва синиқ бир овоз.
Бу овоз Элнурнинг юрагини ўртаб юборди. У кескин ортга ўгириларкан, қаршисида ўтмиш хотиралари ва армонларини юрагига жойлаб кетган қиз Нигорани кўрди-ю, гўё кимдир бошидан муздек сув қуйгандек бўлди. Ўртада узундан-узун жимжитлик муаллақ туриб қолгандай эди. Сўнг бу сукунатни Элнурнинг дардли овози сочиб юборди:
- Нигора! Бу ерда нима қиляпсиз? Шунча вақт ғойиб бўлиб, бугун яна қаршимда турибсиз?
- Кечирасиз, мен шу ерда фаррош бўлиб ишлайман, - деди ўзини тутиб олган Нигора ҳеч нарса бўлмагандай, - доим шу вақтда хоналарни тозалаб чиқаман.
У беихтиёр ишга уннар экан, ногоҳ стол устида турган ўзининг суратига кўзи тушди-ю, ўзини тутиб туришга сабри чидамади.
- Кечирасиз, мен кейинроқ, - деди-ю, хонадан шошилиб чиқиб кетди.
Элнур бир дам нима қилишини билмай, сукутда қолди. Хаёлидаги ўйлар унга тинчлик бермасди. "Нега, нега бундай бўлди, наҳотки, бу тақдирнинг аччиқ ҳазили бўлса?"
Қачонлардир қалбини бутунлай асир этиб, ишқ оловида беаёв ёндирган муҳаббат яна пайдо бўлса. Аввали шайдо қилиб, сўнг индамай ташлаб кетса-ю, яна масхаралагандай унинг эшигини чертаётган бўлса. Бу саволлардан Элнурнинг боши қотиб бир зум хаёлларга берилди...
Улар Нигора билан тиббиёт олийгоҳининг биринчи босқичида ўқиб юрган чоғлари танишган эдилар. Иккиси ҳам чекка қишлоқлардан илм истаб боргандилар. Улар учун бир зумгина меҳрли нигоҳ ҳамма нарсадан устун эди. Йўл четидаги ўриндиқда ўзини бемажол ҳис этган қиз ёнига басавлатгина йигит келиб, ўз ёрдамини таклиф этди. Қиз унга ийманиб, сал боши оғриётганини, бу ҳолат ўтиб кетишини айтди. Лекин йигит уни олийгоҳнинг ётоқхонасигача кузатиб қўйди. Шу-шу иккови танишиб, орада дўстона муносабат пайдо бўлди. Улар бир вилоятдан бўлиб, қўшни туманларда истиқомат қилардилар. Ўқишнинг учинчи йилига келиб, уларнинг юрагида чин муҳаббат пайдо бўлди. Ҳатто ота-оналари учрашишиб, ёшларга дуои фотиҳа қилиб, келгуси ёзда уларга тўй қилмоқчи бўлишди. Лекин аста-секин Нигора турли баҳоналар билан ўзини Элнурдан олиб қочадиган ва эътиборсизлик билан жавоб берадиган бўлиб қолди. Йигит бундан ҳайрон бўлди. У суюкли маҳбубасига нима бўлаётганини билолмай боши қотарди. Қиз эса борган сари ундан ўзини олиб қочарди. Тўйларига бир ой қолганида, Элнур ундан қатъий равишда кўнглидаги бор гапни айтишини сўради. Шундагина Нигора унда кўнгли йўқлигини, бошқа йигитни севиб қолганини очиқчасига айтди. Узр айтиб, тўйни тўхтатишни сўради. Шу тариқа икки қалб айрилдилар.
Нигора ўқишни ташлаб, қишлоғига қайтди. Элнур эса бор аламини ўқишдан олди. Унинг учун дунёда муҳаббат деган туйғу мавжуд эмасдай бўлиб қолганди. У Нигорани унутиш учун ҳам фақат илмга берилди. Ўқишни тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган жойда, марказий шифохонада врач бўлиб иш бошлади. Лекин, биринчи муҳаббатига содиқ қолиб бошқа қизга кўнгил беролмади. Ота-онасининг тўй ҳақидаги таклифларини эса эътиборсиз қолдирди. Мана бугун ўша алдамчи ёр кутилмаганда қаршисидан чиқиб ярасини янгилаб юборди. Элнур хонада узоқ вақт нима қиларини билмай туриб қолди. Сўнг навбатчи ҳамширани чақирди.
- Менга айрим маълумотлар керак, - деди хонага кириб келган ҳамширага ўйчан боқиб. - Фаррош бўлиб ишлайдиган Нигорани танийсизми? У бу ерда қачондан буён ишлайди? Оилавий шароити қанақа?
Ҳамшира аввалига ҳайрон туриб қолди. Сўнг кўп гапиришни ёқтиргани учун тўлиб-тошиб, бор гапни тўкиб солди.
- Нигоранинг бу ерга келганига бир йилдан ортди. У саратон касалига чалинган. Мунтазам шифокор назоратида туради. Менимча, давоси йўқ. Шифокорнинг айтишига қараганда, умрининг саноқли кунлари қолган. У бу ерга бир неча йил олдин оиласи билан кўчиб келган. Эшитишимча, Нигора оғир хасталикка чалингани учун унаштириб қўйилган йигити ва ўқишидан ҳам воз кечишга мажбур бўлган. Бечора йигитни ҳам бахтсиз қилишни истамаган. У шу ерда ҳам даволаниб, ҳам ўзини чалғитиш мақсадида фаррош бўлиб ишлаб юрибди.
Ҳамшира яна нималарнидир қўшимча қилди. Лекин унинг гаплари энди Элнурнинг қулоғига кирмасди. У нафратланиб келган муҳаббат олдида ўзини айбдор ҳисоблаб, ўз хаёллари билан овора эди. Наҳот, унинг бахти учун ўз севгисини қурбон қилган қиздан шунчалик нафратланиб келган бўлса, наҳот, қизнинг дардини, ички ҳис-туйғуларини тушунмаган бўлса? "Ўзи мен унинг муҳаббатига арзирли иш қилдимми? Нафратланишга у эмас, мен лойиқ эмасманми?" Бундай фикр-ўйлар уни тамом гаранг ҳолатга солиб қўйди.
Ишдан сўнг Элнур ҳамширадан Нигоранинг манзилини олиб, унинг олдига боришга қарор қилди. Эшикни очган онаси аввалига қизи уйда йўқлигини айтиб, уни кеткизмоқчи бўлди. Керак бўлса, эрталабгача кутиб туриши мумкин бўлган йигитга раҳми келди чоғи, уни уйга таклиф қилди. Йигит ва қиз ёлғиз қолишгач, йигит гап бошлади:
- Нега менга тўғрисини айтмадинг? Ахир сендан яширадиган бирор сирим йўқ эди-ку ёки кейин ташлаб кетишимдан қўрқдингми?
- Элнур ака, бундан нима фойда эди? Бекорга ўзингизни қийнаганингиз қоларди. Бу дардимнинг давоси йўқ. Мен ҳалокатга маҳкум одамман, мендан воз кечинг, бошқасини топинг. Албатта, сиздай йигит бахтли бўлишга лойиқ.
- Ундай дема, Нигор, мен бутун умр сени деганман, агар муҳаббатимиз учун чин дилдан курашсак, йўлдаги ҳар қандай тўсиқ ва дардларни енгиб ўтамиз, ноумид бўлма.
Икки дардли юрак анча вақтгача суҳбатлашди. Кўнгли сал бўлса-да таскин топган Элнур хотиржам уйига қайтди. Йўлда кетиб бораркан, фикри Нигоранинг дардли хаёли билан банд эди. "Ноумид бўлмаслик керак!" деб ўзига-ўзи такрорларди...
...Йиллар ўтди. Яна ўша дераза ёнида Элнур дарахтлар новдаларида секинлик билан бўй чўзаётган куртаклар қуёшга интилишини кузатар экан, ҳаётнинг нақадар гўзаллиги ҳақида ўйларди. Шу вақт эшик тақиллаб қолди.
Ҳаёт - шунчалар тотли, шунчалар ширин. Бироқ, кимларнидир қувнатади, яна кимларнидир йиғлатади. Қаҳрамонимиз Мавлуда опа ҳам ана шундай ширин ҳаётнинг аччиқ зарбаларидан куйган инсон. Аввалига ҳаёти бир маромда, орзу-умидларга тўла, қувончли лаҳзаларга бой эди. Гулгун очилиб келинчак бўлди. Турмуш ўртоғи Хушнуд ака билан жуда бахтли ҳаёт кечиришди. Уч нафар шириндан-шакар фарзандлар кўришди. Хушнуд ака оталик бахтига муяссар қилгани учун рафиқасидан беҳад миннатдор эди. Оиланинг бахти осмонларга сиғмасди гўё. Аммо, нима бўлди-ю, оила бахтига кўз тегди. Бу Мавлуда опа учун ҳаёт синови эдими, бахтиёр дамлар якун топди. Опанинг соппа соғ юрган умр йўлдоши юрак хасталиги туфайли оламдан ўтди.
Ўша мудҳиш кун аёлнинг кўнгли ниманидир сезгандай ғаш эди. Тушдан сўнг илиқ нурлари билан заминни иситиб турган қуёш ўрнини қоп-қора булут эгаллади. Момақалдироқ гумбурлаши бахтли хонадон остонасига фалокат яқинлашаётганидан хабар бермоқчидай эди. Жала қуя бошлади.
Ярим тун. Маҳалла осуда уйқуга чўмар пайти Мавлуда опанинг "Султонимдан айрилиб қолди-и-им..." деган фарёди оламни тутди. Бундан ярим соат аввал "Бир чой дамланг, пари!" деб турган одам хаш-паш дегунча Оллоҳга омонатини топширди.
Маҳаллада обрўси, ўрни бор оила эмасми, кечаси бўлишига қарамасдан, тумонат одам тўпланди. Мавлуда опа нима қиларини билмай карахт бўлиб қолди. Ҳазилнамо гаплари билан хотинини кулдириб турадиган қувноқ инсон наҳот энди йўқ бўлса?!
Маърака-маросимлар ўтиб, одам сепсилгач, муштипар аёл турмуш ўртоғини йўқотганини, энди ҳеч қачон қайтиб кўрмаслигини тушуниб етди. Ҳаммадан эрта турволиб дарвозани очадиган, фарзандларини меҳр билан бирма-бир уйғотиб чиқадиган, аёлини бир зум кўрмаса, излаб қоладиган яқин инсони энди йўқ. "Ҳар дарднинг давоси - вақт!" деганларидай, аёл ёлғизликка кўника бошлади. Ўзини қўлга олиб, кўз ёшларини артди. Уч фарзандини бағрига олиб, ҳаётнинг бу синовини мардона қаршилади.
Ҳали ёш эди, ўттизга ҳам етмаганди, у. Бошқа турмуш қурмади. Сабрли бўлди, ёлғиз аёл, деб отилган ҳар қандай туҳмат тошларга чидаб яшади. Бировдан ёрдам сўрамади. Лекин фарзандларини ҳеч кимдан, ҳеч нимадан кам қилмай катта қилди.
Қўшнилари унинг фарзандларини қандай эркалаб, суяётгани, уларга қандай суянаётганини кўриб, сезиб турардилар. Катта ўғли Сарварбекни - ишонган тоғим, сочлари жамалак Саидахонни - ягонам, сирдошим, онам қизим, кенжатойи Сардорбекни эса - уйимнинг устуни, деб эркаларди у.
Ҳозир фарзандлари бўй етган. Сарварбек ва Саидахонлар оила қуриб, ўзидан кўпайишди. Кенжа фарзанд Сардорбек эса олийгоҳда талаба. У ёлғиз онасининг орзуларини рўёбга чиқариш учун ўқимоқда.
Йиллар бу мушфиқ аёл юзларида ўз изини қолдирган. Аммо, ғамлар соя ташлаган кўзларида учқун, кўз илғамас ёлқин бор. "Тўғри, ёлғиз онаман. Аммо, жон йўлдошимдан, бахтли кунларимдан ёдгор - фарзандларим бор. Данагидан ширин мағизларим - набираларим бор. Мен уларга нафақат она, балки, отаси ўрнида ота ҳамман. Шулар учун ҳам яшашга куч топаман", дейди Мавлуда опа.
Бу кечинмаларни бежиз ёзмадим. Орамизда фарзандларини отасиз ўстираётган ёлғиз аёллар жуда кўп. Баъзан, "эр-хотин - қўш хўкиз" бўлиб ҳам базўр тортаётган рўзғор араваси гулдай нозик ёлғиз аёлнинг елкасига оғирлик қилмасмикан?, деб ўйлаб қоламан. Шуларни ўйлаб, фарзандлари учун ҳаётнинг улкан зарбалари, турмушнинг муштларига дош бериб яшаётган ёлғиз аёлларга тасаннолар айтгим келади.
Кечиримлилик қалби пок инсонларга хос фазилат. Қалби пок инсонлар дунёнинг қиймати қанчалар арзимас эканини билганлари учун ўзгаларнинг хатоларини кечира оладилар. Зеро, улуғлар "Ким бу дунёда камчиликсиз дўст изласа, дўстсиз қолади" деган ҳикматли гапни бежиз айтмаганлар.
Дарҳақиқат,биз учун зарарли бўлиб кўринган баъзи нарсалар ортидан яхшиликлар келиши ҳам мумкин. Турли хулқ-атворга эга одамлар орасида яшар эканмиз, албатта улардан озор-азиятлар кўришимиз табиий. Агар ҳар бир кўнгилсизликни ўзимизга олиб, ғам-андуҳ чекаверсак, бутун ҳаётимиз азобга айланиши турган гап. Шу боис, имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса синов, деб қабул қилишни ўрганайлик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики: "Шубҳасиз, ким сабр қилиб, кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир" ("Шўро" сураси, 43-оят). Аллоҳ таоло яна: "Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир" ("Аъроф" сураси, 199-оят), деб марҳамат қилган. Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлмаслик, хатоларини авф этувчи, бағрикенг бўлишга чақиради.
Ал-Асбаҳонийдан келтирилган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: "Қиёмат куни Аллоҳ бутун халойиқни жамлаганида: "Фазл эгалари қани?" деган нидо янграйди. Шунда озчиликни ташкил қилувчи бир гуруҳ инсонлар ўрнида турадилар. Улар жаннат сари шошиб юрадилар. Уларни фаришталар кутиб олиб: "Жаннат сари шошиб келаяпсизлар?" дейишганида Улар: "Биз фазл эгаларимиз", дея жавоб қайтаришади.
Фаришталар: "Фазлларингиз нимадан иборат эди?" дейдилар. Улар: "Агар бизга зулм қилинса, сабр қилар эдик. Жоҳиллик қилинса, ҳалимлик қилардик", деб жавоб беришади. Уларга: "Жаннатга киринглар! Амал қилувчиларнинг ажри (мукофоти) қандай ҳам яхши!" дейилади.
Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар. Ул зот ҳақидаги ривоятларда кишини ҳайрон қолдирадиган даражадаги ҳолатлар зикр этилган. Ул муборак зот сабрда собит, озорларни кечирадиган бағрикенг бўлишга астойдил ҳаракат қилганлар.
Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон, одамларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир" дедилар" (Термизий ривояти).
Бундан одамларнинг озор-азиятидан қўрқиб, уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслигини англаш мумкин. Одамлар ичида юриб, кимлардир етказган озорларга сабр қилган одам савоб олади. Бундай кишилар одамлар орасида бўлиб, уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Ўзига етадиган озор-азиятлардан қўрқиб, одамларга аралашмаган киши эса, кўпчиликка фойда етказишдан ўзини четга олган бўлиш эҳтимоли юқори бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақ йўлда ўзимизга етадиган озор-азиятларга сабрли бўлиб, жоҳиллардан етадиган азиятларига сабрли ва кечиримли бўлишимизни насиб этсин!
Халқимиз азал-азалдан миллати, дини, табақасидан қатъи назар жисмоний имконияти чекланган, жисми заиф одамларга меҳр-мурувват кўрсатиб келади. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда ана шу тоифа вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кўлами янада ортди. Буни Андижон тумани Бўтақора қишлоғида жойлашган "Мурувват" ногиронлар учун эркаклар интернат уйи фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги мазкур "Мурувват" уйи 345 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни кунда муассасада жисмида ва ақлида сезиларли нуқсони бўлган 18 ёшдан юқори турли ёшдаги 319 нафар шахсга тиббий, ижтимоий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Улардан 41 нафари 1-гуруҳ, 269 нафари 2-гуруҳ, 120 нафари болаликдан, 190 нафари умумий касалликлар туфайли ногиронликка чалинган инсонлардир. Бундан ташқари, 30 нафар умумий ҳаракати ва 50 нафар судралиб ҳаракат қилувчи жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳам васийликка олинган.
Муассасада Дилшодбек Ибрагимов раҳбарлигида 10 нафар врач, 39 нафар ҳамшира, 94 нафар кичик тиббиёт ходими, 55 нафар хизмат кўрсатувчи фуқаро меҳнат қилиб келмоқда.
"Мурувват" уйида васийликка олинганларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, яшаши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ётоқхоналар замонавий жиҳозлар, шунингдек, телевизор, кондиционер, ётоқ жиҳозлари билан таъминланган. Ҳаммом, ошхона доимий равишда уларнинг хизматида. Уч маҳал иссиқ овқат тайёрлаб берилади. Бу ерда яшовчилар йилнинг фаслларига мос бўлган кийим-бош билан тўла таъминланади. Саломатликлари эса шифокорлар томонидан доимий назорат қилиб борилади.
Муассасада яшовчилар эрталабдан бадантарбия билан шуғулланади, кун давомида эса жисмоний соғломлаштириш учун муолажалар олиб борилади. Велотренажер, стол тенниси, волейбол, шахмат-шашка сингари спорт машғулотлари ҳам олиб борилади. Бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли йўналишларда жисмоний меҳнат машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилган. Жумладан, улар махсус устахоналарда қизиқишлари ва имкониятидан келиб чиқиб, қовоқлардан сувенирлар тайёрлаш, гипсдан гуллар учун тувак ва вазалар ясаш, дуррага гул босиш, ҳар хил кўринишдаги саватлар тўқиш, косиблик, чеварлик ҳунари билан шуғулланиб, маҳсулотлар тайёрлайдилар
Муассасанинг ёрдамчи хўжалигида мевали боғ ташкил этилган. Олма, ўрик, беҳи, узум, нок ва бошқа мевалар, шунингдек, боғ ораларида турли сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Бир гуруҳ беморлар ёрдамчи хўжаликда боғ парвариши, деҳқончилик билан шуғулланиб, вақтларини мазмунли ўтказишга одатланган.
"Мурувват" уйи Ахборот-кутубхона марказида мингга яқин китоблар мавжуд. Бундан ташқари, кутубхонага қатор газета ва журналларнинг янги сонлари мунтазам олиб келинади. Муассасада яшовчиларнинг маълум қисми китоб, газета ва журналларни ўқиб боради. Муассасада яшовчилардан ташкил топган "Шоввоз йигитлар" маданий гуруҳи ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этади.
Бу ерда турли байрамлар муносабати билан кўнгилочар тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади. Жумладан, яқинда Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди" деб номланган байрам тадбирида муассасада яшовчилар яйраб-ўйнадилар, уларга совға-саломлар улашилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўнгли ўксик ана шу инсонларга хуш ва байрамона кайфият улашди.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан муассасага қатор ташкилотлар вакиллари, саховатпеша инсонлар ташриф буюриб, ўзларининг совға-саломларини ҳадя этди.
"Мурувват" уйида меҳнат қилиш ҳам савобли, ҳам масъулиятли эканлигини барчамиз яхши биламиз. Узоқ йиллардан буён ушбу масканда самарали меҳнат қилиб келаётган шифокорлар Муҳитдин Худойбердиев, Нодирахон Атақулова, ҳамширалар Шоҳидахон Раҳмонова, Раънохон Исмоилова, кичик тиббиёт ходимлари Хамидахон Жамолдинова, Дилфузахон Ҳасанова, Хуршидбек Омонов, Иброҳимжон Исақов, назоратчи Ҳамиджон Аҳмедов, ошпаз Рустамжон Болтабоев, умуман, бу ерда ишлаётган ҳар бир ходимнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ.
Биз "Мурувват" уйи жамоасининг олиб бораётган хайрли ва савобли ишларида омадлар тилаб қоламиз.
"Болали уй - бозор, боласиз уй - мозор!", деб халқимиз бежиз айтмаган. Болаларнинг шодон ва беғубор қий-чувларига тўла уйда ғийбат ҳам, ёмон ҳиссиётлар ҳам бўлмайди.
Эҳ-ҳ, болалик даврларимни жуда-жуда соғиндим. Болаликдаги дўстларимни, улар билан ўйнаган беғубор ўйинларимни эсласам, юрагим ширин орзиқади.
Тўғри, ҳамма инсонларда шундай. Бироқ, бу кечинмаларни ҳар киши дилидан ҳар-хил ўтказади. Кимдир болалигини шундай, юракда орзиқиш билан эслайди. Кимдир болалигини элас-элас хотирлайди. Тасаввурида ёрқин из қолдирган дамларини яхши эслай олмайди.
Ҳаёт қизиқ экан-да, ўша бахтли дамларимизнинг ўзида буни қадрламаймиз-у, бир фурсат ўтиб хотирамиз кўчаларида худди бир нарсани қаттиқ излаётгандек бесамар тентираймиз.
Ўйнаб-кулиб юрган вақтларимизда биздан катталарнинг "болалик дамларингизни қадрига етинг" деган гапларини кўп эшитганмиз. Аммо, бу гапни шунчаки эшитганмиз, эътибор бериб қулоқ солмаганмиз.
Бола бўлиш барибир яхши экан. Катта бўлганда, бирон ўйингоҳга бориб мазза қилиб ўйнай олмайсан. Шумтакалик вақтингда қилган қилиқларингни қилишга ботина олмайсан. Ярашмайдиям. Хоҳлайсану, ўзингга эп кўрмайсан.