Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Халқимиз азалдан устоз-шогирдлик анъанасини улуғлаб келади. Барча даврларда улуғ алломалар, пиру устозларнинг ўгитлари, тарбияси билан юксак салоҳиятли шогирдлар камолга етган. Арасту ҳакимдек шарқ алломалари меросини чуқур ўрганган ва кузатган ҳар бир инсон бу ҳолатга, ҳақиқатга гувоҳ бўлиши мумкин.
Биргина Алишер Навоий ҳазратлари ижодини мутолаа қилиш жараёнида ҳам биз устозликнинг нақадар улуғ ва масъулиятли эканлигини, айни чоғда, шогирднинг устоз олдидаги масъулияти ҳам нақадар чуқурлигини ҳис этамиз. Мумтоз асарларда, достонларда ҳатто, ҳукмдорлар ҳам ўз фарзандлари учун алоҳида мураббий ёллаганлар, натижада валиаҳдлар етук ва салтанат ишидан, дин ва дунё илмидан ҳар томонлама бохабар шахс сифатида вояга етганлар.
Учинчи ренессансни бошлаган мустақил Ўзбекистонимиз узра устозлар - ўқитувчиларнинг ўрни ва мавқеини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлардан, эзгу саъй-ҳаракатлардан биз, устозларнинг кўксимиз тобора кўтарилиб бормоқда. Юртбошимиз бошчилигида ўқитувчиларнинг мавқеини кўтариш, улар учун муносиб иш шароитлар яратиш бобидаги ҳаракатларни ҳар қанча эътироф этсак арзийди, албатта.
Кейинги йилларда устозлик шарафи ниҳоятда сарбаланд эканлигини кўриб, англаб, ушбу касбни танлаганлигимиздан ғурурланиб кетамиз.
Синф хонасига кирган ҳар бир ўқитувчи бугун мен тарбиялаган бола эртанинг муносиб давомчиси бўла оладими, деган саволни ўзига албатта, бериши лозим. Муаллимнинг мақсади фақат ажратилган соатнигина ўтиб чиқишдан иборат бўлмаслиги лозим. Бугуннинг ўқитувчиси ҳар томонлама етук, самимий, ўқувчиларидан беш-ўн қадам олдинда юрадиган бўлиши зарур. Зеро, бугунги тезкор замонда ҳали мактабга чиқмаган бола ҳам илғор, зукко, бийрон эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Биз ўқитадиган болалар Бухорий, Яссавий, Термизий каби боболарга муносиб издош сифатида илмли, салоҳиятли бўлиб вояга етсаларгина, эртанги кунимиз порлоқ, келажагимиз том маънода ишончли қўлда бўлади. Муҳтарам Юртбошимизнинг бугунги чақириқларининг бош мақсади ана шунга қаратилган. Давлатимиз томонидан биз, устозларнинг ортиқча ишларга эмас, фақат ва фақат таълимга банд бўлишимиз, сифатли кадрларни тайёрлаб беришимиз учун зарур барча ишлар қилинмоқда.
Келгусида нафақат муаллимлик, балки, мактаб таълимининг бошқарув тизимини ҳам демократлаштириш бобида самарали ишлар режаланмоқда. Чунончи, ҳозирги кунда тайёрланаётган қарор лойиҳасида мактаб директорларини бевосита маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлаши ҳақидаги хабар юртимизда халқ ҳокимиятчилигининг, халқ сўзининг эътибори, аҳамияти нақадар ортиб бораётганини кўрсатади.
Йиллар мобайнида мактаб ўқувчисининг неча фоизи олий таълимга киради, бу билан ўқитувчиларнинг иши бўлмасди. Мактаб битирилдими, тамом - у ёғи билан биров қизиқмасди. Эндиликда, ўқувчиларнинг олий таълим даргоҳига кириши ўша мактабнинг мавқеини, нуфузини, раҳбарларнинг савия даражасини белгилайди. Таълимнинг барча йўналишларида амалга оширилаётган бу каби ҳаётбахш ислоҳотлар бизнинг зиммамизга катта масъулият юклаб, ўқувчиларимизнинг келажакка муносиб авлод бўлишида муҳим роль ўйнайди.
Махсус муассасалардан қайтган болалар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда
Семинар
Андижон шаҳридаги "Ҳамкор" халқаро бизнес марказида ихтисослашган махсус муассасалардан қайтган вояга етмаганлар реинтеграцияси масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари, Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман, шаҳар идоралараро комиссияларнинг масъул котиблари, мутасадди идоралар вакиллари иштирокида UNICEF халқаро ташкилоти ҳамда вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда вилоятда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар хусусида сўз юритилди.
Семинарда ихтисослашган муассасалардан қайтган вояга етмаган болаларнинг ижтимоий адаптациясини шакллантириш, шу билан бирга, уларни фаол ҳаётга қайтариш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда оиласидаги муҳитни яхшилашга қаратиган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Қатнашчилар томонидан вояга етмаганлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтариш, махсус муассалардан қайтган болаларнинг ўқиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинар доирасида иштирокчилар Андижон шаҳри, Андижон, Асака, Балиқчи ва Избоскан туманларида яшаётган махсус муассасалардан қайтган болаларнинг хонадонларига бориб, оиласидаги шарт-шароитлар билан танишиб, улар билан суҳбатлар ўтказди.
Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, айниқса, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу боис ҳам, кейинги йилларда опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, қабул қилинаётган қатор қонун, фармон ва қарорлар улар учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни опа-сингилларимизнинг турли тайзиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасидаги қонуний ҳимоясини таъминлашга ҳуқуқий асос бўлди.
Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган ушбу Қонун 7 та боб ва 32 та моддадан иборат. Қонунга кўра, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланади, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмайди.
Қонунда давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредитлар олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда жавобгарлик масалалари акс эттирилган.
Шу билан бирга, мазкур ҳужжатда гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар, гендер, гендер статистикаси, гендер-ҳуқуқий экспертиза, жинси бўйича бевосита ҳамда билвосита камситиш каби асосий тушунчалар алоҳида баён этилган. Шу ўринда жинси бўйича камситиш ҳисобланмайдиган ҳаракатлар ҳам белгилаб берилган.
2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунида ҳам хотин-қизларнинг бу борадаги ҳуқуқлари билан бирга, уларга нисбатан психологик, жисмоний, жинсий ва иқтисодий зўравонлик турлари ҳақида, ана шу ҳолатлар билан боғлиқ жараёнлар бўйича ҳам кенг тушунчалар берилган. Айни кунда мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда юқорида қайд этилган ҳар икки қонун ҳужжати ижросини таъминлашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, давлат, нодавлат идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли, айниқса, опа-сингилларимиз ўртасида қонунлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши юзасидан кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Минг афсуски, давлатимиз томонидан чиқарилаётган қонунлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликларга учраши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар қайд этилаётганлиги албатта, барчани жиддий ташвишга солади. Хусусан, Олий Мажлис Сенати аъзолари томонидан жорий йилнинг биринчи уч ойида "1146" ишонч телефонига келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, оиладаги маиший зўравонликлар хотин-қизларга нисбатан энг кўп тарқалган тайзиқ эканлиги маълум бўлди. Яъни 430 та мурожаатнинг 207 тасини айнан аёлларнинг турмуш ўртоқлари томонидан қилинаётган зўравонликлар ташкил этган.
Бундан кўринадики, жамиятимизнинг асосий оғриқлик нуқталаридан бири оилаларда эр-хотинлар орасидаги муносабатлардир. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун оила институтини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, айниқса, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилага бўлган муҳаббатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Зеро, аёлга табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳаётимиз давомчиларини дунёга келтириб, тарбиялайдиган, ҳаётнинг гултожиси ҳисобланган хотин-қизлар ҳамиша эътибор ва ҳимояга эҳтиёж сезади. Ана шундан келиб чиқиб, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳар бир давлат, нодавлат ташкилотининг муҳим вазифаси эканлигини асло унутмаслигимиз, қонунларимизда белгиланган вазифаларни тўла-тўкс бажаришимиз муҳимдир.
Вилоятимизда истеъдодли, ўзига хос иқтидорга эга ёшларимиз кўп. Ана шундай иқтидорли қизлардан бири Бўстон туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Хатирахон Турсунбоевадир.
Хатирахон болалигидан шеъриятга, адабиётга меҳр қўйди. Чучук тиллари билан бийрон-бийрон сўзлаб, шеърларни маҳорат билан ифодали айтиб, барчани қойил қолдириб юрган қиз мактабда ҳам фаол ва аълочи ўқувчи бўлди. Сухандонлик қилиб, тадбирларни олиб борди. Чиройли нутқ, соҳир овози билан севимли шоир ва ёзувчиларимизнинг асарларини саҳнада жонлантирди. Ўзи кичик-кичик қатра ва ҳикоялар ёзиб, ижоднинг бетакрор оламига дадил қадам босди.
Жорий йил Хатирахон учун жуда омадли келди. 9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилган "Аждодлар жасорати - мангу барҳаёт!" шиори остида вилоятимизнинг умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида онлайн ўтказилган "Биз билган ва билмаган қаҳрамонлар!" мавзусидаги танловда совриндор бўлиб, туман ҳокими томонидан ташаккурнома билан тақдирланди. 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган "Таъзим сизга, устозим!" лойиҳасида ғолибликни қўлга киритди ва 1-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, "Зулфия" номидаги давлат мукофотига номзодлар саралаш танловининг туман босқичида ғолиб бўлди.
Ўйлаймизки, ўзига хос иқтидор соҳибаси Хатирахонинг ютуқлари бардавом бўлади.
Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига фуқаро Умар Салиховдан (исми-шарифи ўзгартирилган) ариза келиб тушган бўлиб, унга кўра, ўтган йили Самарқанд вилоятида яшовчи Достон Бўтаев уни "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ишга киритиб қўйишни айтиб, 1 минг 700 АҚШ доллари миқдоридаги маблағини олган. Бироқ, ҳозирги кунга қадар ишга жойлаштириб қўймасдан алдаб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Д. Бўтаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Албатта, фирибгарлик сингари жирканч жиноятнинг олдини олиш, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш, биринчи галда барчамиздан ҳушёрликни, теварак-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарамасликни талаб этади.
Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан ҳамкорликда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Темир йўлларда хавфсиз кун" профилактик тадбири ўтказилиб келинмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад: жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, темир йўлнинг икки томонида ўрнатилган бетон девор, темир панжара, тиканли тўсиқларнинг яроқлиги, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан яратилган пиёдалар ўтиш жойлари ноқонуний қурилма, савдо шохобчалари, шунингдек, аҳоли томонидан темир йўл атрофига ташлаб кетилган маиший чиқиндихоналарни бартараф этишдир.
Ҳар йили 1 декабрда Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни нишонланади. Айнан шу куни дунёнинг деярли барча давлатларида ОИВ билан касалланган инсонларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, ОИТС билан боғлиқ касалликлар тарқалишининг олдини олишга бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Жорий йилда дунё ҳамжамияти асосий эътиборни COVID-19 пандемиясига қарши курашга қаратди. Ушбу касаллик инсониятга саломатликка эътибор қаратиш, илм-фанга маълум бўлмаган вирус инсон ҳаёти хавфсизлигига, хасталикка қарши курашишда барчанинг ҳамжихатлиги қанчалар муҳим эканлигини кўрсатди. Қолаверса, пандемия ОИВ хасталиги билан касалланган кишилар, айниқса, аёллар ва болалар олдида турган муаммоларни янада кучайтирди.
ОИВнинг аҳоли саломатлигига таҳдидини тугатиш кўп жиҳатдан инсониятнинг СОVID-19 пандемиясига дош бера олишига боғлиқ. Шу боис ҳам, бу йилги Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни "Халқаро ҳамжиҳатлик, умумий масъулият" шиори остида нишонланади.
Пандемияга қарши курашнинг муҳим омили - бу аҳолининг касаллика қарши курашга фаол жалб этиш ҳисобланади. Кенг жамоатчилик ОИВга қарши куращда ижобий натижаларга эришган. Айниқса, ОИВдан у ёки бу тарзда зарар кўрган инсонларни зарур маълумотлар, хизматлар, ижтимоий ҳимоя билан таъминлашда, энг муҳими - уларга яшаш учун умид бахш этишда кўрсатилаётган ёрдамларни алоҳида таъкидлаш ўринли.
Мухтасар айтганда, пандемия шароитида ОИВ билан касалланганларга ҳукумат, молиявий ёрдам берувчи донорлар, маънавият ташкилотлари, умуман, кенг жамоатчилик яқиндан ёрдам бериши лозим. Бу албатта, нафақат ўзимизнинг балки, ён-атрофимиздаги, бутун инсониятнинг саломатлигини сақлашга қўшган ҳиссамиз бўлади.
Дунё ҳамжамияти 2030 йилгача ОИТСни соғликка хавф солувчи тахдид сифатида тугатиш режаси устида иш олиб бормоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун юқорида таъкидланганидек, кенг жамоатчиликнинг ҳамжиҳат ва масъулиятли бўлиши муҳимдир.
Профилактика - ОИВ инфекциясининг олдини олишдаги муҳим қадам
1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни
ОИВ инфекцияси билан яшаётган аёлларнинг кўпчилиги ҳомиладорликни сақлаб қолиш ва ОИВ инфекциясидан озод бўлган соғлом бола туғишни истайдилар. Бироқ, ҳеч қандай чоралар кўрилмаса, сунъий озиқланишдаги чақалоқларда ОИВ инфекциясини онадан болага юқиш хавфи 15-30 фоизни ташкил қилади. Гўдак ОИВ инфекциясини она қорнидалигида, туғиш пайти ёки кўкрак сути билан озиқланиш даврида юқтириши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тўртта йўналишдан иборат бўлган чақалоқларда ва ёш болаларда ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича комплекс стратегияни тарғиб этади. Булар - ОИВ инфекциясини бирламчи тарзда олдини олиш, ОИВ билан касалланган аёлларда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, инфекциянинг онадан болага юқиш профилактикаси (ОБЮП), ОИВ билан касалланган оналар ва уларнинг оилаларига даволанишда ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлашни таъминлаш.
Стратегиянинг учинчи таркибий қисми - ОИВ инфекциясини онадан болага юқиш профилактикаси бўлиб, бугунги кунда унинг самарали усуллари мавжуд. Ушбу усуллар мавжуд бўлган ва қўлланиладиган жойларда касалликни онадан болага юқиши эҳтимолини камайтиришга эришиб келинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 6 ойликкача бўлган болаларни сунъий қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминлаш" тўғрисидаги Низом ижросини таъминлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан келтирилган қуруқ сут аралашмалари 6 ойликкача бўлган болаларга тарқатиб келинмоқда.
Умуман, профилактика тадбирлари ОИВ инфекциясининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Марҳамат туманида ўтказилган "Меҳнат туризми" тадбири доирасида маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳати уюштирилди.
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, айниқса, бандлигини таъминлаш бўйича жойларда олиб борилиши лозим бўлган ишлар юзасидан қатор топшириқ ва вазифалар берилган эди.
Туман ҳокимлиги, вилоят ҳамда туман прокуратураси, сектор раҳбарлари ҳамкорлигида видеоселекторда берилган топшириқлар, шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.
Марҳамат туманида 172,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шундан 84 минг 416 нафарини хотин-қизлар, 36 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Туманда аёллар ва ёшлар фаоллигини ошириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 4 минг 406 нафар аёл ҳамда 1 минг 921 нафар ёшлар ишсиз эканлиги аниқланди.
Айни кунда туманда 13 та трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолият кўрсатади. Уларда жами 1 минг 248 нафар хотин-қизлар ишлаб келаётгани, ушбу корхоналарда яна 821 та бўш иш ўринлари мавжудлиги ҳисобга олиниб, ишсиз аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш учун "Меҳнат туризими" тадбири ўтказилди. Тадбир доирасида ишсиз аёллар ва ёшларнинг ана шу корхоналарга саёҳати ташкил этилди.
Тадбир давомида 75 нафар ишсиз аёллар ва ёшлар ишга жойлаштирилди.
Тумандаги "Барҳаёт Нозимжон файзи" масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 6 миллиард сўмга тенг лойиҳа амалга оширилиб, трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилган. Корхонада 150 та ишчи ўрни яратилган. Айни кунда эса 80 нафар киши меҳнат қилади. Корхонада ишсиз аёллар ва ёшлар билан ўтказилган учрашув давомида 15 нафар хотин-қиз ишга қабул қилинди.
Шунингдек, тадбирда "Afghan bazar silk carpets Andijan" масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган гилам ишлаб чиқариш корхонасига 15 нафар, "Марҳамат текстил" корхонасига 15 нафар, "Касаба ҳамкор текстил" масъулияти чекланган жамиятининг трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига 30 нафар аёллар ва ёшлар ишга жойлаштирилди.
- Анчадан буён ишсиз, уйда ўтирар эдим, - дейди Увайсий маҳалласида яшовчи Жумагул Шукурова. - Қишлоғимизда трикотаж корхонаси барпо этилганидан жуда хурсанд бўлдик. Чунки бу билан ўз маҳалламизда ишлаш имкони туғилди. Шахсан мен корхонага ишга кириш ниятида юрган эдим. Тумандаги трикотаж корхоналарига саёхат уюштирилгани эса мен каби кўплаб қиз-аёлларга қўл келди.
"Меҳнат туризими" тадбири давомида мен "Касаба ҳамкор текстил" корхонасига тикувчи бўлиб ишга кирдим.
Марҳамат туманида аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтиришга қаратилган юқоридаги каби ишлар бундан буён ҳам изчил ва тизимли равишда олиб борилади.
Маъмурахон СОТВОЛДИЕВА,
Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.
8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Айни кунда халқимизнинг миллий ва тарихий қадриятларига асосланган, халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган тўрт босқичли таълим тизими жорий этилган. Ушбу тизим ватанимиз равнақини таъминловчи интеллектуал салоҳиятли, ҳеч кимдан кам бўлмаган билимдон ва баркамол авлодни тарбиялаш ва вояга етказишдек масъулиятли вазифани адо этишни ўз олдига қўйган. Мазкур йўналишдаги ишларни амалга ошириш, ҳар жиҳатдан етук ёшларнинг камол топишида мамлакатимиз конституциясининг ўрни ва роли шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Конституция давлатнинг асосий қонуни сифатида узоқ муддат ҳаракатда бўлишга ва барқарор амал қилишга мўжалланган ҳамда жамиятдаги барча қонунларнинг қабул қилинишига асос бўлган олий ҳуқуқий кучга эга муҳим ҳужжатдир. Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятни шакллантириш ҳамда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этишда бош ҳуқуқий омил ҳисобланган, қолаверса, фаолиятимиз, ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг жамиятдаги аҳамиятини, мазмун-моҳиятини ҳар биримиз яхши билишимиз ва англашимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий тамойиллари - фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар, жамиятнинг иқтисодий асослари, республикамизнинг маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши, сайлов тизими, давлат ҳокимияти, олий ва маҳаллий органларнинг тузилиши, уларнинг ваколатлари ва жамият ҳаёти билан боғлиқ бошқа асосий йўналишлардан иборат бўлиб, уларнинг замирида давлат ва халқ тинчлиги, мамлакат тараққиёти мужассамдир. Хусусан, Конституциямизнинг муқаддимасидаёқ ўзбек халқининг одамийлик, инсонпарварлик, бағрикенглик фазилатлари, демократия ва адолат ғояларига содиқлиги, давлатимизнинг бош мақсади фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш эканлиги баён этилган.
Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва ривожлантиришда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий-демократик давлат тизими ва унинг моҳиятини чуқур ўрганишлари, қонунларни билишлари муҳимдир. Хусусан, ҳуқуқий, қолаверса, конституциямизга оид билимларимизни доимий юксалтириб боришимиз лозим. Бу эса қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мустақиллик ва унинг меваси бўлган мамлакатимиз Бош Қомуси халқимизга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятларимизни ривожлантиришга имкон очилди. Конституция биз учун маёқдир. Шу боис ҳам айни кунда бизнинг энг асосий вазифаларимиздан бири Конституциямизни мукаммал ўрганиш орқали Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятни шакллантиришга, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишдир.
Гулчеҳра АНОРБОЕВА,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейи Ахборот-ресурс маркази раҳбари.
Ушбу ғоя остидаги тароғибот тадбирлари вилоятимизда юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди
Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг жамоатчилик вакиллари, аҳоли ва ёшлар иштирокида "Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" ғояси остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Тадбирларда сиёсатчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, таниқли спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тарғибот тадбирларида иштирокчиларга Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида илгари сурилган фикрлар, Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устивор йўналишлари, шунингдек, "Конституция - халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги", "Янги Ўзбекистон - янги тараққиёт босқичида", "Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга инновацион ёндашув" сингари қатор мавзулар юзасидан кенг тушунчалар берилди.
- Бугун мамлакатимиз барча соҳаларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди, - дейди республика Маънавият-маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов. - Президентимиз раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижобий самаралар бериб, аҳолининг турмуш фаровонлиги, маънавияти юксалмоқда. Халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бормоқда. Ана шу ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, умуман, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида юртдошларимизга янада кенгроқ маълумотлар бериш ўтказилаётган тадбирларимизнинг бош мақсадидир.
Андижон шаҳридаги 29-, 11- ва 37- умутаълим мактабларида бўлиб ўтган тадбирларда аҳоли вакиллари, айниқса ёшлар фаол иштирок этди. Ўтказилган суҳбат ва маърузалар юзасидан қизиқарли савол-жавоблар бўлди.
Тадбирлар доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар ҳамда "Fайрат", "Иқбол", Дукчи Эшон маҳалларида яшовчи аҳоли вакиллари иштирокида мактабларнинг спорт залларида спортнинг волейбол, баскетбол, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
- Пандемия сабаб анчадан буён бу каби спорт мусобақалари ўтказилмаган эди, - дейди Fайрат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбархон Йўлдошева. - Шу боис, мусобақаларида маҳалламиз ёшлари, ҳатто уй бекалари ҳам фаол қатнашди. Қолаверса, тадбирлар орқали юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида кенг маълумотлар олдик. Бу албатта, барчамизнинг кайфиятимизни янада кўтарди.
Тадбирлар доирасида ёш рассомларнинг ижод намуналари, ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
"Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" ғояси остида тарғибот тадбирлари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида юқори кўтаринкилик билан бўлиб ўтди.