+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ёнғин хавсизлиги бўйича тавсияларга амал қилинг!

"101" огоҳлантиради!

Биламизки, куз-қиш мавсуми кириб келиши, ҳаво хароратининг пасайиб бориши билан газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғилар, иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортади. Унутмаслигимиз керакки, носоз иситиш жиҳозларидан фойдаланиш ёки улардан    нотўғри фойдаланиш турли кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқишига сабаб бўлади. 

Ҳаётимизда рўй бераётган ёнғин билан боғлиқ кўплаб салбий ҳолатларга асосан, фуқароларнинг ҳавфсизлик талабларига амал қилмасликлари ёки уларга бепарволик билан қараши сабаб бўлмоқда.

Ана шундан келиб чиқиб, бундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин    ҳавфсизлик талабларига риоя қилиниши зарурлигини эслатиб ўтамиз:

- ностандарт, қўлбола, носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг;

- иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлатиш бўйича белгиланган тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;

- иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламанг;

- тунги вақтда хонадонларда, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда иситиш тизимини назоратсиз қолдирманг;

- иситиш печлари ва мўриларининг созлигига, турли буюм ва тўсиқлар билан беркитмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг;

- газ ускуналарини улаш тартиб-қоидаларига риоя қилинг, газ тармоғига резина шланг орқали уланишига йўл қўйманг;

- агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар беринг.

Ҳурматли фуқаролар, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари! Юқорида санаб ўтилган тавсияларга амал қилинг, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олинг, ҳамиша   хушёр ва огоҳ бўлинг.  Шу орқали сиз ўзингиз, яқинларингиз, ҳамкасбларингиз саломатлиги ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлашингиз мумкин.

Алимардон

ШОКИРЖОНОВ,

 

Бўстон тумани ФВБ фавқулодда вазиятлар тизими ва фуқаро мухофазасини ташкил этиш хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи, лейтинант.

Сабрнинг таги олтин

Терговчининг ҳикояси

Ушбу ҳикояни менга вилоят прокуратурасининг терговчиси Ойбек Каримов айтиб берганди. Ойбек билан ёшликдан дўстмиз, бирга катта бўлганмиз. Мен мактаб директори бўлиб ишлар эдим. Ойбек ишдан қайтаётганда гоҳида менинг олдимга кириб ўтарди. У билан узоқ суҳбатлашар эдик. Кунларнинг бирида, Ойбек бир ишни қайта тергов қилиб, охирига етказганлигини айтди...

"Абдураҳмон олийгоҳни имтиёзли битириб, ўз қишлоғига қайтди. Мактабда ўқитувчилик қила бошлади.

Абдураҳмоннинг ота-онаси тезроқ ўғлини уйлантирса, шириндан-шакар набиралар кўрса. Улар ўғлини уйлантириш учун тайёргарлик кўришган.

Кунларнинг бирида Абдураҳмоннинг онаси Шарофатхон ая ўғлидан гап олди:

- Ўғлим маҳалламиздаги Ойшахон холанинг қизи Лобар заб гўзал, келишган қиз бўлибди-да, - деди ўғлига қараб.

- Қайси Лола? - деди Абдураҳмон қизиққандай бўлиб.

- Вой - ху, Тешавой аканинг қизичи Лола, - деди онаси қўли билан дарвоза тарафни кўрсатиб.

- Ҳа танидим, - деди Абдураҳмон.

- Ўшаларникига совчиликка борсам, нима дейсан болам?

- Эй, ая энди ўқишни битирдим ишлай, у-бу нарса орттирай, уйланиш қочиб кетмас, - деди Абдураҳмон ерга қараб.

....Кўп ўтмай Абдураҳмон билан Лоланинг тўйи бўлди. Бу икки ёш жуда бахтли эди. Лола эркатой келинчак бўлди. Эркатой келинчак бу бахтли хонадонга икки қўчқордек ўғил туғиб берди. Бирининг исмини Ҳайдарали, иккинчисининг исмини Қамбарали қўйишди.

Кеч кузнинг совуқ кунлари. Абдураҳмон бирга мактабни битирган синфдош қўшниси Бахтиёр билан тўйга боришади. Тўй қизигандан қизийди. Йигитчиликда, оз-моз ичкилик ҳам ичишади. Шира кайф ҳолда уйга қайтишади. Уйларига яқин қолганда:

- Қўшни, - дейди кайфи таранг Бахтиёр Абдураҳмоннинг елкасига қўлини қўйиб, - мен ёқтирган Лолани сен илиб кетдинг. Лолага сен уйландинг. Сендан олдин, ўқишдалигингда неча марта совчи қўйдим. Навбакор қайнотанг Тешавой ака менга қизини бермади, номард. Сенинг уйингдагилар бир марта боришига рози бўлди. Мени сендан қаерим кам, а айтгин Абдураҳмон, қаерим кам. Ҳали ҳам аламзадаман, - дея қўлини    муштлаб кўкрагига урди. Кутилмаганда айтилган бу таъна тошлари Абдураҳмонга жуда қаттиқ ботди. Оқибат икки қўшнининг муштлашиши билан тугади. Аслида бу жанжал тугагани йўқ эди. Бирининг бурни, бирининг эса лаби қонаган ҳолда уй-уйларига кириб келишди. Қўшниларнинг тинчи бузилган эди. Бахтиёр ярим тун бўлишига қарамай, лаблари қон ҳолда Абдураҳмоннинг кўча дарвозасини оёғи билан тепа бошлади. Абдураҳмон ўзини-ўзи бошқара олмай қолган эди. У хотини ҳақида бўлар бўлмас гаплар эшитди. Хотинига нисбатан нафрати ортди. Қўшниси Бахтиёрга эса бу ғазаб, бу нафрат бундан-да ортиқ эди. Бахтиёрни ўлдиришга ҳам тайёр. Шундай ҳам бўлди.

* * *

Бахтиёрнинг жони шифохонада узилди. Ўтмишдаги қанчалик рост-қанчалик ёлғон, бўлар-бўлмас ўткинчи гапларни деб, бир одам нобуд бўлди, иккинчиси эса саккиз йил қамоқ жазосини олди. Икки қўшни ўртасига бир умр совуқчилик тушди.

Умр оқар дарё, дегани рост экан. Хаш-паш дегунча саккиз йил ҳам ўтди. Абдураҳмон жазони ўтаб уйига қайтади. Ўғли Ҳайдарали ўн икки ёшда, кичик ўғли Қамбарали эса тўққиз ёшда. Бу гўзал ҳаёт яна давом этади. Оллоҳим бу оилага ўша меҳр-муҳаббатни, ўша садоқатни, ўша жўшқинликни яна бир бор қайтариб берди.

Абдураҳмоннинг хотини Лола учинчи фарзандни кутмоқда. Эри қамоқда ётганда болам-чақам, деб елиб югурди. Болаларини ҳеч нарсага муҳтож қилмади. Едирди-ичирди, оппоқ кийинтирди.

Абдураҳмон одатдагидай эртанги ўтиладиган дарсга тайёрланмоқчи бўлди. "Ўзбекистон адабиёти тарихи" китобини топиш учун, эски уйдаги сандиқни очди. У китобни топиб, чанг босиб кетган муқовасини латта билан артди. Абдураҳмон китобнинг керакли бетини очаётганда, тўрт букланган варақ китоб ичидан ерга тушди. У ерда ётган варақни қўлига олди ва ичини очди. Хатни ўқий бошлади. Хатни ўқиган сари Абдураҳмоннинг юзидаги ранг оқариб борарди.

"Салом Лола! Сен билан кўча-кўйда ҳеч гаплаша олмайман. Нима учунлиги ўзингга маълум. Эринг Абдураҳмон ака акам Бахтиёрни пичоқлаб ўлдириб қўйди. Икки хонадонга совуқчилик тушди...

Синфдошларнинг битирганига ўн йил тўлиши муносабати билан бўлган кечага борганинг яхши бўлди. Ёнимда битта столда ўтирганинг ундан ҳам яхши бўлди. Синфдошлар олдида кўзимиз билан гаплашдик. Тўғрими? Сен билан бирга ўтирганимиз менга жуда ёқди. "Шунчалик ёқар эканман нега уйланмадинг", -  дерсан. Сезган бўлсанг керак, акам Бахтиёрга қарши бора олмадим. Акам ҳарбий хизматдан келиб, сени бир кўришдаёқ ёқтириб қолган эди. "Мана бу хатни синфдошинг Лолага бериб қўй" - деганда, сал қолган эди "дод" деб юборишимга. Нима қилай, акамда, унга қарши бора олмадим. Хатга жавоб ёздинг. Аслида кўнглинг менда бор эди. Ҳа ўтган ишга саловат. Лола кечага кийиб келган атлас кўйлагинг жуда ярашибди. Ўша ўшасан. Сени ҳеч ким икки фарзанднинг онаси демайди. Сенга сўз беришганда ўрнингдан туриб ҳаммага яхши тилаклар билдирдинг. Жойингга ўтирганингда майдалаб ўрилган тим қора сочларингни бир тўпи ўнг тарафимдаги билагимга тушди. Мен алла нечук бўлиб кетдим. Менда бундай ҳолат мактабни битираётган йилимиз, қиш ойида, қор бўрон ўйнаётганимизда бўлган эди. Эсингдами юзингга қор  суртганларим. Ўшанда икки яноғинг қип-қизил бўлиб кетган эди. Пайт пойлаб ўпиб олган эдим…."

Абдураҳмон хатнинг у ёғини ўқимади. Билдики хатни Бахтиёрнинг укаси Дониёр ёзган. У хатни буклаб чўнтагига солди. Эски уйдан ҳовлига чиқди. Хотини Лола оғир оёқ. Ниманидир хиргойи қилиб, уй юмушларини қилар эди. Абдураҳмон ичимдагини топ деганлардан. Аммо унинг ҳозирги ҳолати ўзгача эди. У яна ўзини-ўзи бошқара олмади. Абдураҳмон ўғилларини чол-кампирнинг хонасига киргизиб юборди. Хотини Лолани олдига бориб:

- Мен қамоқдалигимда      синфдошинг Дониёр билан фақат хат ёзишдингми, ё..., - деди жахл аралаш овозини кўтариб. Томдан тараша тушгандай айтилган бу гап Лолани эсанкиратиб қўйди. Унинг юзи докадай оқариб кетди. Бўғиқ овоз билан:

- Бу нима деганингиз!

- Нима деганингиз, - деб шитоб билан Лоланинг узун сочини ўнг кафтига ўради.

- Вой сочим, - деди Лола бошини эгиб.

- Мана бу хат сирингни айтиб турибдику, - деб қўлидаги хатни Лоланинг юзига отди...

Абдураҳмон ўзини тўхтата олмади. Нима қилиб қўйганини англамас эди. У қўллари қон ҳолда дарвозадан чиқиб, боши оққан тарафга кетди.

Шарофат ая набираларини ухлаб қолганини кўриб, ташқаридан хабар олгани чиқди. Ошхона остонасида қонга беланиб ётган келини Лолани кўрди.

Лоланинг бадани совий бошлаган эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай хонадонига қўни-қўшнилар, маҳалладагилар кириб келишди. Ҳамма ҳайратда, вахимада эди.

* * *

Қишнинг изғирин кунлари. Абдураҳмон ҳеч ерда дам олмасдан тонггача йўл юрди. Ниҳоят катта йўл бўйидаги бекатнинг ўриндиғига бориб ўтирди. Унинг бутун аъзои-бадани совуқданми, қўрқувданми дир-дир титрар эди. Бекатнинг орқа тарафидаги хонадон дарвозасининг зулфини шарақлатиб очган аёл, эшиги рўпарасидаги бекатда қалтираб, мунгли овоз чиқариб ўтирган бир эркак кишига кўзи тушди. Аёл ҳовлисининг ичкарисига қараб югурди.

- Дадаси, хой дадаси. Дадаси дейман! Бекатда бир одам музлаб қолибди, шекилли. Ўлиб нетиб қолмасин яна, бир хабар олинг, - деди ховлиқиб. Аёлнинг эри бекатга қараб югурди. У бекат ўриндиғида совуқдан қалтираб ўтирган нотаниш эркак кишига қараб:

- Оғайни, кимсиз, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз, - деб Абдураҳмоннинг елкасини қўли билан туртди. Абдураҳмон ўрнидан турар турмас ерга йиқилди.

Абдураҳмон хушига келди. Унинг кўзи оппоқ халатли ҳамширага тушди. У шифохонада эканлигини фахмлади. Ётган кроватининг икки ёнида ички ишлар ходими турар эди...

* * *

Ўғлини суд залида кўрган Шарофат ая овозини чиқармай тинимсиз йиғлар эди. Унинг кўзларидан оққан ёш рўмолчасини жиққа хўл қилиб юборган эди. Ўғли ўзини анча олдирган. Ая кўзлари тўла ёш билан ўғлига термулди. Бу термулиш, бу нигоҳлар ая учун видолашув онлари эди. Шарофат ая якка-ю, ягона ўғлининг умрининг охиригача кўрмаслигини билар эди...

Икки набирани катта қилиш Шарофат аяга оғирлик қиларди. Сабаби касалманд чоли Карим ота ўғлининг доғида ёниб кўрпага михланиб қолган эди. Ўғлидан сўнг ота бир йил ҳам яшай олмади. Кампири ва икки невараси билан бир умрга видолашди.

Шарофат ая тонг отмасдан турарди. Ая чолидан ёдгорлик қолган сигирни соғар, бозорга сотиш учун сут-қатиқ тайёрлар эди. У шу тариқа рўзғорни базўр тебратар эди. Ҳайдарали бу йил мактабни битиради. У мактабда аълочи ўқувчилардан. Унинг орзуси олийгоҳ талабаси бўлиш. У ўқишга астойдил бел боғлаган. Бир кам дунё экан. Ҳайдаралини оиладаги етишмовчилик, ночорлик жуда қийнар эди. Унга авваллари билинмас эди. Бунга эътибор ҳам бермас эди. Бунинг барчаси юқори синфга ўтганда бошланди.

 

Ҳайдарали мактабга эскирган шим, ёқаси ювилавериб майда-майда титилган оқ кўйлак, орқа товони йиртилган эски туфлида борар эди. Қишнинг совуқ кунларида эса битта этикни ака-ука алмаштириб, навбатма-навбат кийишиб мактабга қатнашарди. Кунларнинг бирида:

- Буви шимимни ямасам ҳам йиртилиб кетяпти. Менга янги шим олиб беринг, - деб ялинди Ҳайдарали бувисига.

- Вой ўзим яхшилаб ямаб бераман болам. Ошинсам албатта олиб бераман, - деди бувиси. Ҳайдарали "хўп" дегандай бошини қимирлатди. У кўпроқ синфдош қизлардан уялар эди. Шарофат ая кўзойнагини тақиб:

- Ҳайдар шимингни олиб келчи, - деди. Ҳайдарали шимини бувисига берди. Шарофат ая астойдил шимни ямади. Ая қўли билан тиришган ерларини теккисламоқчи бўлди. Аммо ямалган жойи сиртилиб кетди.

- Ҳа сенга шим олмасак бўлмас экан. Бир-икки кун эплаб тургин хўпми болам, - деди бувиси Ҳайдаралига шимини узатиб. Ҳайдарали "хўп" дегандай бошини қимирлатди.

Эртаси куни Ҳайдаралининг бувиси янги шим олиб келди. Дўкондор сотилмай анча туриб қолган, бели кенг шимни арзон нархда сотган эди.

- Кийиб кўрчи, - деди бувиси шимни Ҳайдаралига узатиб. Ҳайдарали шимни кийиб кўрди.

- Буви бели намунча кенг.

- Ҳа, болам камар тақасанда.

- Камарим йўқ-ку.

- Дурра-пуррани белбоғ қилиб, маҳкам боғлаб оларсан, - деди бувиси. Ҳайдарали индамади. У янги шимли бўлганига хурсанд эди. Ҳайдарали эрталаб турди. У эски дуррани иккига бўлиб, янги шимга белбоғ қилди. Хуллас эплади.

Ҳайдарали мактабдан синфдоши Нодир билан ҳар куни бирга қайтади. Бугун ҳам шундай бўлди. Нодир ўзларига бир мунча тўқ оиладан. Қишлоқнинг катта-кичиги ҳурмат қиладиган Нозимбой аканинг ўғли. Нодир Ҳайдарали билан ёшликдан дўст. У билан жуда самимий. Ҳайдарали яхши ўқигани учунми ёки унинг характери Нодирга ёқадими, ўзига жуда яқин олади. Нодир уйига яқинлашганда:

- Тўхтаб тур Ҳайдар дўстим, ҳозир чиқаман, - деди дарвоза эшигини очиб. Нодир ҳовлисига кириб кетди. У бир оздан сўнг қўлида эскироқ камар кўтариб чиқди.

- Мана шуни ол Ҳайдар, бир оз эски - лекин хизмат қилади, - деди Нодир камарни Ҳайдаралига узатиб.

- Э, қўйсангчи керакмас, - деди Ҳайдарали уйи томон бурилиб.

- Агар мени "дўстим" десанг шу камарни оласан. Ёки эски деяпсанми.

- Ие, нима деяпсан, қўй энди, - деди Ҳайдарали юришда давом этиб, - синфдошлар кўриб қолишса Нодирнинг камарини тақиб олибди дейишади.

- Бу камар меники эмас, акамники, - деди Нодир кўзида жиққа ёш билан камарни Ҳайдаралига узатаркан. Нодирнинг акаси ўн олти ёшга кирганда, қишлоқ четидаги каналга чўмилгани бориб, чўкиб нобуд бўлган эди. Ҳайдарали беихтиёр камарни қўлига олиб, кўзлари ёшга тўлган Нодирни маҳкам қучоқлаб олди...

* * *

Ҳайдарали олийгоҳ талабаси бўла олмади. Дўсти Нодир эса университетга ўқишга кирди. Ҳайдарали Нодирни талаба бўлганидан хурсанд эди. Рўзғор юмушлари энди Ҳайдаралининг бўйнига тушган. У Янги бозорда картошка-пиёзни улгуржа нархда олар, устига оз-моз қўйиб харидорларга сотар эди.

Ёзнинг иссиқ кунлари. Бозор авжида. Ҳайдаралининг қўли қўлига тегмайди. Ҳайдаралини кузатиб турган Нодир унинг олдига бориб:

- Хорманг "бозорчи ака!" - деди ярим хазил аралаш. Нодирни кўрган Ҳайдарали қўлидаги челакни ерга қўйди. Нодир билан қучоқлашиб кўришди. Нодир Ҳайдаралини маҳкам бағрига босди. Ҳайдарали ён тарафида картошка сотаётган шеригига:

- Қараб тур ҳозир келаман, - деди қўли билан уюлиб ётган картошка-пиёзни кўрсатиб. Икки дўст бозорни холироқ жойига ўтишди.

- Картошка-пиёз сотаяпсанми? - деди Нодир.

- Ҳа энди, тирикчилик, - деди Ҳайдарали қўлидаги дуррага терлаб кетган пешонасини артиб.

- Ўқиш нима бўлади?

- Қанақа ўқиш?

- Ахир бу йил қайтадан олийгоҳга ҳужжат топширмайсанми? - деди Нодир куйиниб.

- Э, қўй ўша ўқишни. Рўзғорни ким тебратади. Менинг ўрнимга ана, Қамбар ўқишга киради. Ўшани ўқитаман.

Вақтни тўхтатиб бўлмайди. Кўз очиб-юмгунча орадан икки йил ўтди. Учинчи босқичга ўтган Нодир яна қишлоққа келган куннинг эртасигаёқ Ҳайдаралини уйига борди.

- Ҳайдар, хой Ҳайдар, бормисан, - деди Ҳайдаралиларнинг кўча дарвозасини очиб, ҳовлида нима биландир овора бўлиб юрган Шарофат ая Нодирни кўриб:

- Нодиржонмисан, - деди қучоқ очиб.

- Ҳа, эна, мен Нодирман, - деди Шарофат ая Нодирнинг пешонасидан ўпди. Ҳол-ахвол сўрашди.

- Ҳайдар қани эна?

- Бир таниши билан Ҳаканда ғишт қуйишяпти, - деди ая бошидаги рўмолини тўғирлаб.

 Нодир Хайдаралинини топганида у пешонасига дурра боғлаб, ғишт қуяётган эди. Икки дўст қучоқ очиб кўришишди. Улар узоқ суҳбатлашишди. Дўстлар ниманидир режалаштиришди.

Кўп ўтмай, Ҳайдарали Нодир билан цементли ғишт (шлокоблок) қуядиган кичик цех очишди. Икки дўстнинг ишлари бароридан келди. Буюртмачиларнинг кети узилмас эди. Орадан икки ой ўтди. Цех бутун кетган ҳаражатни қоплади. Нодир Тошкентга ўқишга кетди. Цехни юритиш Ҳайдаралига қолди. Ҳайдарали анча-мунча сармоя йиғди. Қўшни қишлоқда икки гектарли боғ сотиб олди. Мол-қўй орттирди. Ҳовлисидаги эски уйлар ўрнига икки қаватли уй солди. Укаси Қамбаралини  Тошкентда олийгоҳида ўқитди.

"Етимликда ўсган бу болаларни бошидан қанча ишлар ўтди. Борига ҳам, йўғига ҳам сабр қилишди. "Сабрнинг таги олтин", - деб шунга айтсалар керакда", - дея сўзларини якунлади терговчи дўстим.

Мадамин ЖЎРА,

 

Асака тумани.

ҚИШ МАВСУМИНИ БЕТАЛОФАТ ЎТКАЗАЙЛИК

Айни кунларда мутахассисларимиз томонидан ўта муҳим ва тоифаланган ҳамда бошқа объектларнинг мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда жойларда объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг бенуқсон фаолият кўрсатишига қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда.

 Амалга оширилаётган ишлар натижаси ва ўз ечимини топмаётган муаммолар ҳар ой якуни бўйича ёнғин-техник комиссия йиғилишларида кўриб чиқилиб, муҳокама этилмоқда. Ёнғинлар содир бўлишининг олдини олиш борасида объектларнинг раҳбарлари ва ҳудудий назорат органлари билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар белгиланиб, зарур профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, куз-қиш даврида асосий эътибор ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган ишлаб чиқариш участкаларига қаратилиб, биринчи навбатда, бажарилиши лозим бўлган ёнғинга қарши тадбирларни белгиланган муддатларда тўлиқ бажарилиши устидан назорат ўрнатилган.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ишчи ва хизматчилар орасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, ёнғинларнинг олдини олиш бўйича тегишли йўриқномалар берилиб, машғулотлар ўтказилмоқда.

Машғулотларда нафақат иш жойлари, балки яшаш уйларида қўлбола иситгичлардан, газсўрғичлардан фойдаланмаслик, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, ёниш ва портлаш содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни қисқа вақт ичида бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилмоқда. Шунингдек,    объектларда ёнғин ўчириш тактик ўқув машғулотлари ўтказилаётганлиги ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширмоқда

Фуқароларимиздан ёнғин хавфсизлиги талабларига оғишмай риоя этишларини сўраб қоламиз. Бу орқали ёнғинлар келиб чиқиши билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олди олинади

Искандар

ШОКИРОВ,

 

Вилоят ФВБ БЁХТТЭ бўлинмаси мутахассиси, оддий аскар

Qalbingda Vatanni asra, do'stginam

MENI SEVSANG

 

Olam-olam izhor bilanmas,

Dardli nola, ash'or bilanmas,

Sevdim so'zi takror bilanmas,

Meni sevsang qalbing bilan, sev.

 

Kerak emas, yo'q, shirin yolg'on,

Kerak emas, yo'q, soxta tug'yon,

Ko'r-ko'rona qilmagin isyon,

Meni sevsang darding bilan, sev.

 

Kamdir qancha ko'p bo'lsa mehr,

Ko'pdir qancha oz bo'lsa qahr,

Qadr qilsang toparsan qadr,

Meni sevsang qadring bilan, sev.

 

Aytma ishqing, gar bo'lsa havas,

Men qalbingda bo'lsam har nafas,

Iltimosim, nafsing bilanmas,

Meni sevsang sabring bilan, sev.

Mubina ABDUQAHHOROVA

Xotinini urgan erkakni

 

Ro'zg'orida bo'lmas baraka,

Hurmat qilmas hattoki uka,

Yeb qo'ygudek xo'mrayar aka,

Xotinini urgan erkakni.

      

Yomon ko'rar do'stu oshna ham,

Yoqtirmaydi qo'ni-qo'shni ham,

Ezar doim uni tashvish-g'am,

Xotinini urgan erkakni.

 

Farzandlari doim darbadar,

Biror yaxshi eshitmas xabar,

Go'yo kelayotgandek xatar,

Xotinini urgan erkakni.

 

Ota-ona doim tashvishda,

Unumi yo'q qilgan har ishda,

Yana qanday savdolar boshda,

Xotinini urgan erkakni.

 

Bu - besh kunlik, o'lchovli dunyo,

Tarozining pallasi go'yo,

Jazosini beradi Xudo,

Xotinini urgan erkakni.

Ismonali XOJIMATOV

 

Yo'qotilgan lahzalar

 

Sen hozir baxtlisan, bilindi chetdan,

Mendan boshqa yana suyanchig'ing bor.

Ayb senda ekanin oshkora aytib,

Beparvo ko'nglingga berdimmi ozor?

 

Alam qildi biroz beozor sevgi,

Tosh bosgan paymonam bir kun to'lmasmi?

Indamasdan kechib ketgandan ko'ra,

Janjallashib baxtli bo'lsam bo'lmasmi?

 

Muzlagan yurakni eritgan eding,

Yaxlagan tuyg'uni anglatdi kafting.

Baxt bilan siylab, so'ng alvido deding,

Yurakni cho'g'dayin kuydirdi tafting.

 

Indamasdan ketish nahotki oson,

Nahot darrov uzib bo'lsa rishtani.

Eshikni bir tepib keldimi armon,

Topdim deb o'ylabman men farishtani.

 

Seziladi darrov kuyuk bu o'rning,

Hecham o'chmaydigan dog' bo'lib qolding.

Yurakka tig' sanchdi bevafo ko'ngling,

Jarohatlab yana jonimni olding.

Qayga ketib qolding...

Qaylarda qolding..?

Arabboy VAHOBOV,

Baliqchi tumani.

Hayot poyezdi

 

Nega bu bekatda tushib qoldim men,

Qayerga ketyapman, bilmayman asli.

Chipta ham meniki bo’lmasa kerak,

Yo yana keldimi yolg’izlik fasli.

 

Xazonrezgilarga to’ldi-ku yo’lim,

Uni yoqib qalbni yoritib bo’lmas.

Dardni tashlab ketay desam shu yerga,

Zulmat qaridan hech chiqqisi kelmas.

 

Yana yo’lga chiqdim, senga boryapman,

Ruhim o’zim bilan, bundan ko’nglim to’q.

Chiptamni yurakka yashirib qo’yib,

Hayot poyezdida mangu qolgim yo’q.

Karimjon IKROMOV

Vatanim

 

Har kun tongda tilayman ravon bo'lsin yo'llaring,

Bog'u-rog'ga aylansin Qizilqumdek cho'llaring.

Bunday zamon bo'lmagan hozirgacha hech qachon,

Dunyo chetiga yetsin gar uzatsang qo'llaring.

Ostonadan boshlangan makonimsan, Vatanim.

 

Har jabhada yuksalish bunyodkordir yoshlaring,

Gavhar kabi bebaho, qoyadagi toshlaring.

Har qarichi qimmatli, azizdur tuproqlaring,

Faqat quvonchdan bo'lsin ko'zingdagi yoshlaring.

Bizlarni asrab turgan posbonimsan, Vatanim.

 

Bag'rikenglik shioring, bir yuz o'ttiz millat bor,

Barcha millat bir millat, hech biri bo'lmaydi xor.

"Kuch-adolatda" degan Temur bobom shiori,

Qomusim asosida adolatli hukm bor.

Tarixda iz qoldirgan dostonimsan, Vatanim.

Nishonboy BOLTABOYEV,

Andijon shahridagi "Yog'du" adabiy

maktabi a'zosi.

 

Onamni sog'inaman

 

Telbalardek yig'layman,

So'ng bazo'r ovunaman.

Peshonamdan  o'psa deb,

Onamni sog'inaman.

 

Goh alanglab o'ng-so'lda,

Atrofga termulaman.

Dod solib faryod bilan,

Onamni sog'inaman.

 

Singlim, ukam so'raydi,

Indamay jim bo'laman.

Yurakkinam qo'msaydi,

Onamni sog'inaman.

 

O'pib tuproq poyini,

Jannat qil deb joyini.

Ollohga yolvoraman,

Onamni sog'inaman.

Marjona ABDUSAMATOVA,

Marhamat tumanidagi

1-son kasb-hunar maktabi o'quvchisi.

Shukr qilgin,

onang bor

Hayotingda yagona,

Mehriboning  bu - ona.

Sen onangni asragin,

Asragin-avaylagin.

 

Onang tanbeh bermasa,

O'qimaysan kitobing.

Onang tanbeh bermasa,

Yomon bo'lar odobing.

 

Shukr qilgin, onang bor,

Dunyoda yagonang bor.

Bag'ring butun, qadding tik,

Yuragingda yo'q hadik.

 

So'zla shirin til bilan,

G'azabing ichingga yut.

Bilsang, poyidir jannat,

Tuprog'in ko'zingga surt.

Hadyatillo MAHMUDOV,

Andijon shahridagi

1-umumta'lim maktabi o'quvchisi.

 

ORZULAR

 

Inson yashar ekan mehrga intiq,

Orzular qo'ynida yashaydi har dam.

Hayotdan oladi in'om va tortiq,

Istagi yo'lida tashlaydi qadam.

 

Mening ham orzuim munavvar etib,

Kelajak yo'limni yoritgan mash'al.

Men uning qo'lidan borgayman tutib,

Ulug' maqsadlarga intilsam agar.

 

Tilagim orzular amalga oshsin,

Maqsadga erishmoq naqadar totli.

Go'zal hayotimiz bardavom bo'lsin,

Barcha insonlqar bo'lsinlar baxtli.

 

Madinabonu HASANOVA,

Xo'jaobod tumanidagi 40- davlat ixtisoslashtirilgan maktab-internat o'quvchisi.

Ota-onang duosin ol

 

Shukr degil, ota-onang bor,

Uying to'ri nurafshon, gulzor.

Qanotingdir, suyangan tog'ing,

Sirdoshingdir pushtipanohing.

Bardosh bilan berdi tarbiya,

Umri o'tar "farzandim" deya.

Otang duosin ol.

Mehribonu mehnatkash mushfiq,

Ketsang - kutar intizor, intiq.

Uyingdagi g'amxo'r farishta,

Duo qilib qo'llar har ishda.

Sen unga Ollohdan berilgan ne'mat,

O'tkinchi dunyoda bilgin g'animat.

Onang duosin ol.

Muhammadali AHMADALIYEV,

Andijon shahridagi 1-umumta'lim maktabi o'quvchisi.

 

Bobur sog'inchi

 

Davod, qalamni tutib dust,

Yulduzlarga boqqan Bobur.

Sog'inch o'ti dilin yoqib,

O'tli g'azallar bitgan Bobur.

 

Qarog'ida asrab Vatanni,

Yuragiga ko'mgan Bobur.

Yurtidan kelgan qovunni,

Ko'zlariga surtgan Bobur.

 

Ulug' shoir bobomning,

Aytgan so'nggi nidosi:

O'z yurtingning gadosi bo'l,

Bo'lma o'zga yurtning shoxi.

 

Ruxshona MAHMUDJONOVA,

 Asaka tumanidagi 52- umumta'lim maktabi  o'quvchisi.

QALBINGDA VATANNI ASRA, DO'STGINAM

Xalovat bo'ladi o'z vataningda,

Tinchlik bo'lar - uying, jonu taningda.

Oilang - qanoting, doim yoningda,

Qalbingda Vatanni asra, do'stginam.

 

Yuzi qaro bo'lib, Vatanni sotma,

Gumroh bo'lib, ulkan gunohga botma.

Mehr qo'y, jondan sev, cheksiz - beta'ma,

Qalbingda Vatanni asra, do'stginam.

 

Tinchlik sanaladi dunyo ustuni,

Ko'zing qarosidek asragin uni.

Vatangadolarning chiqmasin uni,

Qalbingda Vatanni asra, do'stginam.

Inobatxon MAMADHOJIYEVA,

Qo'rg'ontepa tumanidagi 3-umumta'lim maktabi o'quvchisi.

 

 

Оппоқ қорга айланиб келинг, отажон!

Қатра

Нимагадир, ҳар йили қиш келса, юзлари нурли, нигоҳлари маъюс отамни эслайман.

Отам қиш фаслида уйимизни, кўнглимизни ҳувиллатиб бизни тарк этиб кетди. Шунинг учун қорлар ёғса, қарайман, қордек оппоқ сочларини, оппоқ кўнглини эслайман.

Отам болаликданоқ бизга эътиборли, меҳрли эди. Ҳар куни кундалик дафтаримизни текширар, қайси фандан паст баҳо олсак, шу фанни ўзлаштиришимизга ёрдам берарди. Олий маълумотли бўлмаса ҳам, Навоийни, Яссавийни биларди. Ҳар ҳафта бадиий китоб совға қиларди ва бу асар нима ҳақида эканлигини сўраб оларди. Опа-сингилларим билан "отам сўрайди" деб ҳам ўқиб чиқардик, муҳокама қилардик.

Отам бизни дипломли, уй-жойли қилди, китобларга меҳр уйғотди, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда ҳисса қўшди.

Мана, бугун ҳам самодан ўйнаб-учиб қор ёғмоқда.Отажон, келинг, соғиндим. Ўқиган китобим ҳақида сўранг. Армонларимни аритиб, қорларга айланиб келинг, отажон!

Ҳурматой

АЗИМШЕР қизи,

 

Асака тумани.

КЎЧМАС МУЛК ИЖАРА ШАРТНОМАСИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА РАСМИЙЛАШТИРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 535-моддасига асосан, Мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Фуқаролик кодексининг 537-моддасида ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган     участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари мулк сифатида ижарага берилиши қайд этилган.

Белгиланган тартибларга кўра, ижарага берилган мулк бўйича тузилган мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 540-моддасига биноан, мулк ижараси шартномаси маълум белгиланган муддатга тузилади.

Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 574-моддасига биноан "Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолайдиган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади. Ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.

Фуқаролар ўртасида тузилган ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Шунингдек, "Ижара тўғрисидаги" Қонунга мувофиқ ижара шартномасида ижарага берилаётган мол-мулкнинг таркиби ва қиймати, уни ижарага бериш тартиби, ижара муддати, ижара ҳақи шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари, мавжуд мол-мулкнинг ҳолати, ижарачининг мол-мулкдан фойдаланиш сингари қатор шарт ва тартиблар кўрсатилади.

 

Шаходатхон ҚОДИРОВА,

 

Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

ИС ГАЗИ - КЎРИНМАС ЁВ

Қадрли юртдошлар! Ис газининг энг кам миқдори ҳам заҳарланишга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам уни "кўринмас ёв", "сездирмасдан ўлдирувчи офат" деб номлашади.  Ис гази ҳосил бўлишининг асосий сабаби - ёниш майдонида кислороднинг етишмаслиги, яъни ёнувчи моддаларнинг (газ, кўмир ва хакозо) чала ёнишдир.

Мамлакатимизда ис газидан захарланиш ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ортиб бораётгани ҳар бир фуқарони огоҳликка, мулоҳаза қилишга чорлаши керак.  Шу ўринда ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 56 та ис газидан заҳарланиш, 106 та чақнаш ҳолатлари рўй берган. Бунинг оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафар киши эса заҳарланган ва турли даражада куйиш тан жароҳатини олган.

Жорий йилнинг ўтган даврида ҳам бу каби нохуш ҳолатлар қайд этилгани янада ташвишлидир. Бундай кўнгилсизликларнинг келиб чиқиши ва юз беришига йўл қўймаслик, кўп жиҳатдан ўзимизга, хушёр ва огоҳлигимизга боғлиқ.

Марҳамат туманида ҳам мутахассислар томонидан ёнғинлар профилактикаси, ис газидан захарланиш, чақнашларнинг олдини олиш бўйича корхона, ташкилотларда, ўқув муассасалари ва маҳаллаларда кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аҳолининг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги билим ва тушунчалари бойитилмоқда.

Шу ўринда ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун юртдошларимизни хушёрликка чақирамиз. Азиз ҳамюртлар, ёш болаларни асло ёлғиз қолдирманг, олов билан ўйнашига йўл қўйманг. Хонадонларингизда, иш жойларингизда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинг. Уйларни истишда қўлбола ва носоз элект ва газ қурилмаларидан фойдаланманг.

 

Б. АБДУҲАМИДОВ,

Марҳамат тумани ФВБ инспектори, лейтинант.

А.АБДУРАҲМОНОВ,

 

Асака туман ФВБ инспектори лейтенант.

Ўзингиз ва мол-мулкингизни асранг!

"101" огоҳлантиради!

Жорий йилнинг 14 январь куни Пахтаобод тумани Дўнгқишлоқ маҳалласида яшовчи М.Ибрагимовнинг яшаш уйидаги мўрикон узоқ муддатлардан буён тозаланмаганлиги сабабли, ёнғин келиб чиққан. Натижада, фуқаро яшаш уйининг 20 м.кв майдони ёниб, зарарланган.

Шу кунларда Пахтаобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини фуқароларга тушунтириш борасида тарғибот ишлари, рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Рейдлар давомида тумандаги мавжуд 67 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 2 минг 545 та хонадонида газ ва электр тармоқларининг, шунингдек, яшаш уйларидаги 3 минг 167 та иситиш печлари ва мўриконларнинг ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида 1 минг 825 та мўрилар атрофлари тозаланиб, яшаш уйларидан чиқарилган мўриларга шамол йўналишига қарши чиғаноқлар ўрнатилди.

Олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан, айрим кишиларнинг белгиланган ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этмаётганлиги кузатилмоқда. Бу эса юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

Азиз ҳамюртлар! Сиз хонадонларингизда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиб, нафақат ёнғин хавфсизлигини таъминлаган, балки, ўзингиз ва яқинларингиз, кўп йиллар давомида тўплаган мол-мулкингизни асраб  қолган бўласиз. Мавжуд ёнғин хавфсизлигига оид муаммоли, ўз ечимини топмаётган масалалар бўйича эса туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Аброрбек УМАРОВ,

 

Пахтаобод тумани ФВБ ва НБ бошлиғи, майор.

Мактабгача таълим ташкилотида фаоллик марказлари: уларнинг самарали фаолияти мутахассисларнинг билим ва тажрибасига боғлиқ

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ишини юқори босқичга кўтариш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражасини ошириш хусусида қатор вазифаларни белгилаб берди. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш соҳа раҳбарлари, мутахассислари зиммасига улкан масъулият юклаш билан бирга, уларни янада фаол ва фидойи бўлишга ундайди.

Сир эмаски, кейинги йилларда мактабгача таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тизимда янгича, илғор ва инновацион иш услублари жорий этилмоқда, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етказишга қаратилган ишлар замон талаблари асосида йўлга қўйилмоқда. 

Буни мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилаётган Фаоллик марказлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Муассасаларда бешта, яъни "Қурилиш ва конструкциялаш", "Сюжет ролли ўйинлар ва драммалаштириш",  "Тил ва нутқ", "Илм-фан ва табиат" ҳамда "Санъат" фаоллик марказларининг ташкил этилиши болажонларнинг иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришда, айниқса, уларнинг яширин қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

 Марказларнинг самарали фаолияти кўп жиҳатдан тарбиячининг маҳорати, иқтидори, ишга инновацион ва ижодий ёндашишига боғлиқ. Болалар билан ноанъанавий, уларнинг характери, дунёқарашига хос ва мос тарзда иш олиб бориш  боланинг яширин иқтидор ва имкониятларини юзага чиқаришга имкон яратади.

Бизнинг ташкилотимизда ҳам Фаоллик марказлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Избоскан тумани Анорзор маҳалласида жойлашган 245 ўринли, тажрибали мудира Иродахон Деҳқонова раҳбарлик қилаётган боғчамизда 6 та оммавий, 5 та қисқа, жами 11 та гуруҳда 250 нафарга яқин бола тарбияланмоқда. Бу ерда 22 нафар педагог, 13 нафар ишчи-ходим фаолият олиб боради. Айниқса, изланувчан услубчи Соҳибахон Чунаева, малакали психолог Паризода Обиджонова, рус тили тўгараги раҳбари Маъмурахон Деҳқонова, инглиз тили тўгараги раҳбари Нигора Арифжонова сингари мутахассислар, қолаверса, тарбиячиларимиз намунали иш олиб бормоқда.

Муассасада болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Қўлигул ошпазлар болажонларга мазали таомлар тайёрлаб берса,  малакали ҳамшира доимо уларнинг соғлиги ва сифатли овкатланишини назорат қилиб боради. Ташкилотимизда тез-тез ўқув ва амалий семинарлар, очиқ эшиклар куни,  ота-оналар иштирокида спорт мусобақалари ўтказилиши анъанага айланган. 

Айни кунда ташкилотимизда юқорида қайд этилган бешта Фаоллик марказлари ташкил этилган. Марказ машғулотларини олиб бораётган тарбиячилармизнинг барчаси етарли билим, малака ва тажрибага эга бўлган мутахассислардир. Улар белгиланган ишларни самарали ташкил этиш, болажонларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол тарбиялаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.

Дилбарой ОЛИМОВА,

Избоскан туманидаги

 

17-ДМТТ тарбиячиси.

Фахрийларга юксак эҳтиром кўрсатилди

Асака туманида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланиб, "Сизга таъзим, сизга шараф-шон" деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Асака туман  кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда кекса авлод вакиллари - фахрий ҳарбийлар, меҳнат фахрийлари, афғон уруши қатнашчилари, бугунги кунда ҳарбий хизматни адо этаётган ҳарбийлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Асака тумани халқ таълими бўлими мудири Ш. Қосимов, Ўзбекистон "VETERAN" жангчи-фахрий ва ногиронлари уюшмаси Асака туман бўлими раиси      Б. Қоратоев, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Ш. Ярашев ва    бошқалар Ватан ҳимояси муқаддас ва шарафли бурч, ҳарбийларимиз юртимиз тинчлиги, чегаралари даҳлсизлигининг мустаҳкам қалқони эканликларини таъкидлаб,   тадбир қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.

Байрам тадбирида ҳарбий фахрийлар, афғон уруши қатнашчилари хизмат ва уруш ҳаракатлари давридаги хотиралари билан ўртоқлашиб, Ватан ҳимояси, унинг тинчлиги ва сарҳадлари даҳлсизлигини сақлаш ҳар бир инсоннинг, айниқса, эр йигитнинг муқаддас бурчи эканлиги ҳақида гапирди.

Тадбирда бир гуруҳ жангчи-фахрийлар "VETERAN"  уюшмаси олдидаги хизматлари учун", "Жанговор ҳаракатлар иштирокчиси", "Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун", "Фахрийлар ҳаракатини қўллаб-қувватлагани учун", "Шарафли жасорати учун" кўкрак нишонлари ҳамда "Ташаккурнома"лар билан тақдирландилар.

Байрам тадбирида фахрийларга юксак эҳтиром кўрсатилди. Тадбирда қатнашган 25 нафар афғон уруши иштирокчиси ҳамда меҳнат фахрийларига Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Асака туман кенгашининг эсдалик совғалари   тарқатилди.

Ўқувчи ёшлар томонидан намойиш этилган сахна кўринишлари, айтилган шеър ва қўшиқлар иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.

 Уч авлод вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур тадбир ўқувчи ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш, миллий армиямиз ва ҳарбийларга бўлган ҳурмат туйғуларини ошириш билан бирга, ўқувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

 

Шухратбек

АБДУРАҲМОНОВ,

 

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Асака туман кенгаши раиси.