+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ходимларнинг 260 миллион сўмга яқин иш ҳақлари ундириб берилди

Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимлари томонидан суд ҳужжатларига асосан, белгиланган солиқ ва     бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашни пайсалга    солаётган жисмоний ва юридик шахслардан қарзларни,    шунингдек, ўзлари ишлаётган корхоналардан иш хақларини ололмаётган ходимларнинг иш ҳақларини ундириш бўйича  зарур ишлар олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Шаҳрихон туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг 31 та суд буйруғи келиб тушган бўлиб, унда қарздор Шаҳрихон "Пилла тайёрлов" масъулияти чекланган жамиятидан 31 нафар жамият ходимига жами 259 миллион 982 минг 213 сўм миқдорида иш ҳақлари ундириб берилиши белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжатлари юзасидан ижро иш юритиш қўзғатилиб, қарор нусхаси тарафларга юборилди. Шаҳрихон "Пилла тайёрлов" МЧЖ мутасаддиларига суд буйруғи ижросини таъминлаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Шаҳрихон "Пилла тайёрлов" масъулияти чекланган жамияти томонидан 31 нафар фуқарога жами 259 миллион 982 минг 213 сўм миқдорида иш ҳақи пуллари ундирилиб берилиши таъминланди. Хусусан, фуқаро Б.Махбубовга 24 миллион 470 минг 257 сўм, М.Жамоловга 20 миллион 831 минг 25 сўм, У.Олимовга 16 миллион 526 минг 551 сўм ва бошқа барча ходимларга ҳисобланиб, қўлига олиши кўрсатилган иш ҳақлари нақд пул кўринишида топширилди.

Қобилжон ҲАЙДАРОВ,

 

 МИБ Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бош инспектори.

БАНДЛИК МУАММОСИ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

Хотин-қизларга тикув машинаси ва духовкалар берилди

Бўстон тумани аҳолисининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Айни кунда уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, ижобий ҳал этиш, хусусан, "Аёллар дафтари"ни шакллантириш, айниқса, вақтинча ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш, оғир шароитда яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш  борасида туманда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

- Туманимизда "Аёллар дафтари"га киритилган ҳар бир аёл билан аниқ ва манзилли ишлар олиб борилмоқда, - дейди туман ҳокими Садбархон Мамитова. - Хусусан, ишлаш истаги ва имконияти бор опа-сингилларимизни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, хатлов давомида "Аёллар дафтари"га киритилган, тикувчилик орқали ўзини ўзи банд қилиш ва даромад топиш истагини билдирган тумандаги турли маҳаллаларда яшовчи 11 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит асосида замонавий тикув машиналари берилди.

- Тикувчилик ҳунарини эгаллаганман, - дейди Маориф маҳалласида яшовчи Хуршидахон Тўланова. - Тикув машинаси олиб, тикувчилик билан шуғулланишга моддий имкониятим етарли эмас эди. Маҳалламизга келган мутасаддилар билан суҳбатда тикув машинаси олишимга ёрдам беришларини сўрагандим. Илтимосим ерда қолмади. Имтиёзли кредит эвазига замонавий тикув машинаси олдим. Энди, ўз хонадонимда чеварлик қилиб, даромад топиш имконига эга бўлдим.

 Бундан ташқари, турмуш шароити оғир бўлган 17 нафар хотин-қизга ҳомийлик асосида духовка топширилди.

Туманда аёллар бандлигини таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ишлар давом эттирилмоқда.

 

Муаззам

 

ИБРОҲИМОВА

Қишлоқ ва маҳаллаларимиз янада обод бўлади

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди.  Жумладан, Президентимизнинг: 

"Яна бир муҳим масала - сўнгги 3 йилда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Лекин пандемия туфайли ушбу йўналишдаги ишларимизни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган эдик. 

Ҳукумат бир ой муддатда 2021 йил учун "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқласин. Ушбу дастурларни республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан тенг улушларда молиялаштиришни назарда тутсин" деган фикрлари барча юртдошларимиз, айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшовчиларни қувонтирди. 

Ҳақиқатдан ҳам кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан бошланган  "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла"   дастурлари доирасида жуда катта ҳажмдаги қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Юзлаб, минглаб қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси бутунлай ўзгарди, инфратузилмаси тубдан янгиланди. Бу албатта, ана шу ҳудудларда яшовчи аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг маҳалла ва қишлоқларида бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги уч йил ичида вилоятимиздаги юзлаб маҳаллалар, туманлар марказларининг аввалги кўриниши бутунлай ўзгарди. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, хиёбонлар бунёд этилиб, ана шу ҳудудлар қиёфасига ўзгача кўрк бағишлади. 

Бу борадаги ишларни вилоятимиз маҳаллаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Қайси ҳудудга борманг, маҳалла ҳаётидаги ўзгаришларни ҳис этасиз. Энг асосийси, ана шу ўзгаришлар, амалга оширилаётган ишлар натижасида маҳаллаларда йиллар давомида тўпланиб, одамларни қийнаб келаётган қатор муаммолар тўла-тўкис ҳал этилмоқда. 

Бу ишлар одамларнинг кайфиятини кўтариб, ҳаётга, эртанги кунга, мамлакатимизнинг порлоқ истиқболига бўлган ишончини оширади, шу юрт равнақи учун фидойи бўлишга ундайди.

Умуман, юртимизда "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида маҳаллаларда амалга оширилган юқоридаги каби ишлар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.  

Ишонаманки, жорий йилда ҳам юртимизда, хусусан, Андижонимизда бу борадаги ишлар кўлами кенгайиб, қишлоқ ва маҳаллаларимиз янада обод бўлади.

 Хуршида

Ваҳобжон қизи, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  вилоят

 

бўлими раҳбари.  

Мурожаатнома мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда

Вилоятимиз туман ва шаҳарларида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида "2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар" шиори остида маънавий-маърифий  тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Секторлар кесимида ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, асосий йўналишлари, Мурожаатномада илгари сурилган фикрлар, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши белгиланган асосий вазифалар, уларни самарали ташкил этиш йўллари хусусида сиёсатчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар томонидан иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилмоқда.

 Ана шундай тадбирлардан бири Булоқбоши туманидаги 11-сонли санатория мактабида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров,  1-сектор ҳудудидаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.

- Тарғибот тадбирининг асосий мақсади, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, қолаверса, Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга оширишда асосан нималарга эътибор қаратиш ва қандай йўллар билан ижросини таъминлаш кераклиги ҳақида ўрта бўғин раҳбарларига зарур билим ва тушунчалар беришдан иборат, - дейди тарғибот гуруҳи раҳбари, Андижон машинасозлик институти профессори Қиёмиддин Муфтайдинов. - Улар ўз навбатида ўзлари раҳбарлик қилаётган жамоаларда, маҳаллаларда,  аҳоли ўртасида Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича зарур тарғибот ишларини олиб боради. Натижада тарғибот тадбирлари самарадорлиги янада ортади.

Тадбир аввалида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Сўнг тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан Мурожаатномадаги иқтисодий, ижтимоий масалалар, уларни самарали ташкил этиш юзасидан маърузалар ўқилди.

Савол-жавоб, мулоқот тарзида ўтган тадбир иштирокчилари Мурожаатнома юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олди.

- Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда асосан нималарга эътибор қаратиш зарурлиги хусусида зарур билим ва тушунчалар олдик, - дейди тумандаги 3- умумтаълим мактаби директори Нафиса Шуҳратбекова. -  Бу албатта, Мурожаатномадаги бутун  ҳалқимиз, Ватанимиз тақдири, айниқса, ёш авлод тарбияси, таълим олиши билан боғлиқ муҳим вазифаларни нафақат тарғиб этиш, балки самарали амалга оширишимизда бизга ёрдам беради.

 "2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар" шиори остидаги маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

Фахриддин 

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Бир куни келарсан, сен, мени йўқлаб

Бир куни келарсан, сен, мени йўқлаб,

Сенга, соғинчимни элтади тушлар.

Тунги тиловатлар ўзини оқлаб,

Айрилиқ қолади деворни ушлаб.

 

Бахтдан ўзига сиғмасдан хушҳол,

Ўзини пойингга отади йўлак.

Мудраган эшик ҳам уйғониб дарҳол,

Сенинг қўлларингдан тутади ҳалак.

 

Мен эса севгимдан тузаб дастурхон,

Яшамай тураман, кутиб тураман.

Умрдек катта ва кичик хонада,

Жонимни томчилаб ичиб қўяман.

 

Умрим хонасига тушаяпти тун,

Бир куни келарсан сен мени йўқлаб.

Уйғотиб қўйгин яшамоқ учун,

Мангуга бош қўйиб қолсам гар ухлаб.

 Раҳимахон ЭРМАТОВА,

Шаҳрихон тумани. ин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

"Обод ва хавфсиз маҳалла" танлови їолиблари тақдирланди

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида "Обод ва хавфсиз маҳалла" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида мамлакатимизда маҳалла институти мавқеини юксалтириш, унинг обод ва хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, "Обод ва хавфсиз маҳалла" концепцияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Айни кунда Андижон вилоятида 882 та маҳалла мавжуд бўлиб, унда 800 мингга яқин оила истиқомат қилади. Юртдошларимизда тарбия, одоб-ахлоқ, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, умуман, жуда кўп инсоний фазилатлар  айнан қадриятлар бешиги бўлмиш маҳаллада шаклланади. Маҳаллада ана шу йўналишларда, қолаверса, "Обод ва хавфсиз маҳалла" концепцияси доирасида олиб борилаётган ишлар сифати ва кўламини, маҳалланинг жамият, инсон ҳаётидаги ўрни ва ролини янада ошириш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловда унинг туман, шаҳар босқичлари ғолиблари орасидан белгиланган мезон ҳамда шартлар асосида энг юқори натижаларга эришган иштирокчилар аниқланди.

Тадбирда "Энг фидойи маҳалла раиси", "Маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича энг маҳоратли ўринбосари", "Маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича энг фаол ўринбосарлари", шунингдек, "Маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича энг ташаббускор маслаҳатчиси", умуман, 25 номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда маҳалла ва оилани қўллаб қувватлашда ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар вакиллари, хусусан, "Энг фидойи сектор раҳбари", "Фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича энг фидойи ўринбосари", "Профилактика инспекторининг энг фаол ёрдамчиси", "Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор" каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

БАЙРАМ ДАСТУРХОНИМИЗ ЧИРОЙЛИ БЎЛСИН

Пазанда маслаҳати

Янги йил байрами ҳар бир оила учун қадрли, инсон қалбига яқин байрамдир. Ана шу байрам дастурхонининг тўкин, лаззатли таомлару пишириқларга бой бўлишига ҳаракат қилайлик. Зеро, гўзал чиройли дастурхон билан байрам файзли ўтади, қолаверса, фарзандларимиз қувончига-қувонч қўшамиз. Бу шубҳасиз, ҳар биримизнинг қўлимиздан келади.

Янги йил барча хонадонларга қувонч ва шодлик олиб келсин.

Қуйида байрам дастурхони учун айрим таомлар рецептини ҳавола этамиз:

"БАЙРАМ"САЛАТИ

Керакли масаллиқлар: Яримта қайнатилган товуқ, 3-4 та қайнатилган тухум, 0,5 банка яшил нўхат, 50-70 гр. пишлоқ, 1 бўлак саримсоқ пиёз, 2-3 ош қошиқ майонез, бир чимдим мурч. Таъбга кўра туз.

Тайёрланиши: Товуқ қайнатиб, пишириб олинади. У катта бўлмаган тўртбурчаклар шаклида тўғралади. Пишган тухумнинг оқи ва пишлоқ йирик қирғичдан чиқарилади. Товуқ гўшти, пишлоқ, тухум ҳамда яшил нўхат бирга аралаштирилади. Тухумнинг сариғи олиниб, майонез қўшилади. Майонезга саримсоқпиёз эзиб солинади. Озгина мурч ва таъбга кўра туз солинади. Майонез салат устига    қуйилади.

"ҚОРҚИЗ" САЛАТИ

Керакли масаллиқлар: 1 та кичикроқ карам, 3 дона бодринг, 3 дона картошка, 5 та тухум, пишлоқ 150 гр. майонез 450 мл. укроп 1 боғ.

Карам майда хашак шаклида тўғралади. Тухум сувда қайнатиб пиширилади. Тухум оқ ва сариғи алоҳида қирғичдан чиқарилади. Бодринг, пишлоқ, қайнатилган картошка ва бошқа маҳсулотларнинг ҳаммаси (тухум оқи ва сариғидан ташқари) тўғралиб, каттароқ идишга солинади ва майонез билан аралаштирилади. Идишга солиб, усти тухумнинг оқи билан қопланади, унинг устидан эса тухум сариғи сепилади.

 

Нигорахон РАЗЗОҚОВА тайёрлади.

ДУНЁ ҚОРБОБОЛАРИ БОШҚА ДАВЛАТЛАРДА УНИ ҚАНДАЙ АТАШАДИ?

Янги йил - дунёдаги энг яхши оилавий байрам. Ер юзидаги одамларнинг катта қисми, айниқса, болалар бу айёмни сабрсизлик билан кутишади. Ахир тантананинг бош қаҳрамони - Қорбобо уларга совғалар улашади-да! Чунончи, деярли ҳар бир мамлакатнинг ўз Қорбобоси бўлиб, улар турли номлар билан аталади.

Чехия, Микулаш

Айримлар Ежишек ва Микулашни битта қиёфа деб аташади. Бироқ, кўпчиликнинг фикрича, улар ака-укалар эмиш. Чехларнинг қорбобоси умумий қорбобога ўхшаб кетади, фақат унга яхшилик ва ёмонлик ҳамроҳлик қилади. Яхши болалар ширинликлар олади, ёмон болаларга эса бир дона картошка ёки кўмир бўлаги насиб этади.

Финландия, Ёулупукки

Финларнинг бобоси бошига конуссимон шляпа, эгнига қизил рангли кийим кияди. Унга ҳамиша ҳар жойда гномлар ҳамроҳлик қилади. Ёулупукки олис Корваптуппури тоғида (Россия билан чегарадош) хотини Муори билан яшайди. Бу отахон исмининг бир қисми қулоқ маъносини билдириши бежиз эмас: Ёулупукки барча яхши болаларнинг хоҳиш-истакларини ана шу қулоқлари орқали эшитади.

Буюк Британия, Фазер Крисмас (Рождество отаси)

У Авлиё Николай ҳамда Тор ва Сатурн маъбудларининг қоришмасидир. Ўзи билан ҳамиша бир йил мобайнида ёмон болаларни жазолаш учун хивич олиб юради. Яхши болаларни эса ширинликлар билан сийлайди.

Словакия, Ежишек

Ежишек - мавжуд Қорбоболар орасида энг камтари. У   совға қўяётганда ҳеч ким кўрмаслигига ниҳоятда эътибор беради. Шу сабабли Ежишекнинг ташқи кўриниши ҳақида жуда маълумотлар кам.

Беларусь, Музбобо ёки Зюзя

Беларуслар Қорбобосининг ўтмиши фольклар қаҳрамони Зюзяга бориб тақалишини  ҳамма ҳам билавермайди. Узун соқолли бу қария саховатли бўлиб, ўрмонда яшаган ва ялангоёқ  юрган.

Франция, Пьер Ноэль

Французчадан таржима қилинганда Пьер Ноэль "Январь бобо"ни англатади. Унга Қорқиз эмас, балки совғаларни фақат яхши болаларга улашишни қаттиқ назорат қиладиган қаттиққўл ёрдамчи - Пьер Фуетар ҳамроҳлик қилади.

Татаристон,   Қиш бобо

Қиш бобо яқинда пайдо бўлди, аммо ҳозирча қароргоҳи йўқ. Қиш бобо вақтинча шоир Абдулла Тўқай қўриқхонасидан жой олган. Ташриф буюрувчилар бу ерда, шунингдек, шайтон, аждархо ва алвасти Шурали билан учрашишлари мумкин.

Польша, Бельгия,

Авлиё Николай

Авлиё Николай Қорбобонинг тимсоли саналади. У 4  асрдан буён яшаб келади ва болалигидан раҳмдиллиги билан ажралиб турган. Николай бадавлат бўлиб, кўпинча камбағаллар учун совғаларни махфий равишда деразага қўйган. Афсонага кўра, бир куни барча деразалар ёпиқ бўлгани боис, у олтин тўла халтачаларни мўрига жойлаган экан. Халтачалар ўчоқ ёнига қуритиш учун қўйилган пайпоқларга тушибди. Ўша замондан буён католикларнинг анъанаси бор -         совғаларни пайпоқларга беркитишади.

АҚШ, Санта Клаус

Санта - ўрта ёшлардаги хушмуомала эркак. У калта қизил иштон ва алвон поча пўстинда намоён бўлади. Санта Клаус буғуларга қўшилган чанада ўзининг ёрдамчилари - элф ва гномлар билан бирга келади. Келиб   чиқиши Лапландиядан.                                       

       Муҳаррамой ҚОСИМЖОНОВА

 

тайёрлади.

ТИНИМСИЗ МАШҚЛАР FАЛАБАГА ЭЛТАДИ

Спорт

Биз баркамол авлод деганда аввало, соғлом, замонавий билимларни ўзлаштирган ҳамда юксак маънавиятли, ватанпарвар шахсни кўз олдимизга келтирамиз. Айниқса, спорт инсонда ана шу жиҳатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда аҳоли ўртасида болалар спортини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Муҳаммадали Ўрмонов Андижон давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт йўналиши талабаси бўлиш билан бирга, Хўжаобод туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўқувчиларга кикбоксинг бўйича мураббийлик қилади. Спортнинг айнан шу тури бўйича ташкил этилган республика  мусобақаларида бир неча марта Муҳаммадали раҳбарлигидаги тўгаракда шуғулланаётган болалар ғолибликни қўлга киритган.

- Спортнинг кикбоксинг турига ўқувчилар орасида қизиқиш катта. Айни чоғда туманимиздаги мактабларнинг 7-11-синфларидан 70 дан зиёд ўқувчи машғулотларга қатнашмоқда, - дейди М.Ўрмонов. - Яқинда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Гулистон шаҳрида 2001-2007 йилларда туғилган ўсмир ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида Давронбек Раимов, Жамшид Ўринбоев (12-мактаб), Турсунбой Муҳаммадиев, Комил Тамилов (14-мактаб), Моҳир Ҳусанбоев(18-мактаб) сингари ўқувчилар биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритдилар. Бу бизнинг мактабимиз, қолаверса, туманимиз учун юқори натижадир.

Ўқувчиларнинг спортга қизиқиши, машғулотларда доимий иштирок этиши, БЎСМ ҳамда мактаблардаги спорт залларида яратилган шароитлар, юқори натижаларга эришишларида муҳим омил бўлмоқда. Тўгарак машғулотларида болалар бир-бирлари билан ўзаро куч синашадилар,  жанг санъати усулларини ўрганадилар, ҳаракатлардаги хатоликларини такрорламаслик, чаққон, тезкор, илдам бўлиш сабоғини оладилар.

Ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда, улар спортнинг инсон саломатлиги учун катта аҳамиятга эга эканини, мактаб сабоқларини ўзлаштиришда ёрдам бераётганини, иродаларини чиниқтириб, ўзига бўлган ишончни ошираётгани ва яна бир муҳим жиҳат - мусобақаларда дўстлар орттиришига сабаб бўлишини таъкидладилар.

Дарҳақиқат,  жаҳон ареналарига йўл - тинимсиз машқлардан, кичик мусобақалардан бошланади. Ёшларимизни ана шу мусобақаларда муносиб иштирок этадиган, юксак мақсадлар сари интилувчан қилиб тарбиялаш - мураббийларнинг маҳоратига боғлиқ.

 

Руслан ҲАМРОЕВ,

Хўжаобод туманидаги 14-умумтаълим мактаби

 

директор ўринбосари.

ШУКРОНАЛИК НЕЪМАТЛАРНИ ЗИЁДА ҚИЛАДИ

Ислом дини ҳамиша инсонларни берилган неъматларга, яхши-ёмон кунларга, дарду қувончга шукр қилиб яшашга чақиради.

Орамизда синов учун берилган      қийинчиликка чидай олмай, ношукрлик қилиб, тақдирини, замонни айблаётган кимсалар ҳам бор, шу билан бирга, оғир дард ёхуд айрилиқ азобини чекса-да, тилидан шукрни қўймаётган одамларнинг борлиги эса қалбларга нур беради. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён келтирилади: "Ва яна эсланг, вақтики Парвардигорингиз хабар беради. Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман сизларга. Ва агар ношукрлик қилсангиз, албатта, менинг азобим жуда ҳам қаттиқдур" ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Муфассир Ибн Касир (р.а.) "Тафсирул Қуръонил аъзим" номли китоби тафсирида қуйидаги ҳадисни келтиради: "Албатта, банда қилган гуноҳлари сабабли ризқдан маҳрум бўлади".

Бу хусусда яна шундай ривоят келтирадилар: "Бир куни Расули акрам (с.а.в.) нинг ҳузурларидан бир соил (тиланчи) ўтди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга бир дона хурмо ҳадя қилдилар. Соил ҳадяни оз санаб, ғазаби келиб қабул қилмади. Сўнгра бошқа бир соил келди. Унга ҳам сарвари коинот бир дона хурмо ҳадя этдилар. У бир дона хурмони расулуллоҳ (с.а.в.)дан деб муҳаббат ва шукроналик билан қабул қилди. Шунда у зоти шариф жория Умму Салама (р.а.)га ҳузурларидаги 40 тангани шу соилга беришликни буюрдилар".

Юқоридаги "Агар ношукрлик қилсангизлар, менинг азобим жуда қаттиқдур" деган ояти карима хусусидаги тафсирларда айтиладики, "Албатта, азобнинг қаттиғи дунёда неъматни олиб қўйиш ва охиратда дўзах азоби билан бўлади". Бу баённинг маъноси шуки, инсон ўзига берилган неъматга шукр қилиши ўша неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Бугунги тинч-тотув кунларимизга шукрона айтиб яшаш ҳар бир юртдошимиз учун фарздир. Юртимиз тинчлигига, кунларимизнинг осуда ўтаётганига шукрона айтишдан чарчамайлик. Ҳар бир бандани Аллоҳ таоло ҳидоятда собит қилсин, ношукрлик балосидан барчамизни Яратганнинг ўзи сақласин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жоме масжиди имоми.