+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ПОЕЗД КЕЛЯПТИ

Огоҳлик!

Кейинги вақтларда йўловчи ва юк поездларининг хавфсизлигига таҳдид солаётган салбий ҳолатлар, яъни фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш, йўловчи поездлар вагон ойналарига тош отиб синдириш, темир йўлга бегона жисм қўйиш, темир йўл атрофида чорва молларини боқиш, темир йўлдан ўтиш даврида қўл телефони қулоқчинидан фойдаланиш, қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларида содир бўлаётган транспорт ҳодисалари натижасида фуқаролар,айниқса, вояга етмаганлар билан боғлиқ кўплаб бахтсиз ҳодисалар кузатилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Транспортда ХТБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари томонидан очиқ станция ва вокзаллар ҳудуди ҳамда темир йўл атрофида, аҳоли гавжум ҳудудларда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида темир йўл атрофини темир панжара ва тўсиқлар билан ўраш, фуқароларни огоҳлантирувчи темир йўл белгилари ҳамда тунги ёритиш ва видеокузатув мосламаларини ўрнатиш бўйича алоҳида таклифлар тайёрланиб, мутасадди идораларга тақдимномалар мунтазам равишда киритиб борилмоқда.

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида видеороликлар тайёрланиб, темир йўлга яқин жойлашган маҳаллаларда учрашувлар ташкил этилмоқда. Аҳоли орасида флаерлар тарқатиш, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ташкил этиш бўйича ҳам амалга ошириладиган тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

 

Илҳомжон АБРАЛОВ,

вилоят ИИБ Транспортда ХТБ ХПБ катта инспектори, лейтенант.

Диёрбек  ТУРСУНОВ,

 

вилоят ИИБ Транспортда ХТБ ЖКБ тезкор вакили,  капитан.

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ - МУҲИМ МАСАЛА

Мутахассис минбари

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чеклайди.

Жорий йилнинг 16 мартида Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот, узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланиши қайд этилган.

Қолаверса, халқаро нормаларда белгиланган тартибдан келиб чиқиб, қабул қилинган қонун ҳужжатида мамлакатимиз аҳолиси сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, белгиланган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш бўйича вазифалар белгиланган.

Ҳусанбой РАҲИМОВ,

Улуғнор тумани статистика бўлими бошлиғи.

Ўткирбек ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

 

Бўстон тумани статистика бўлими бош мутахассиси.

Куз таровати

дил туFёни

Ҳар бир фаслнинг ўз таровати, жилоси бор. Қишнинг зийнати, баҳорнинг бетакрорлиги, ёзнинг тантилиги-ю, кузнинг барокати кишига ҳузур бахш этади. Айни пайтда юртимизда олтин куз. Бугун қизғиш тусга кирган дов-дарахтлар киши кўзини қувонтиради. Борлиқнинг кузги, ёрқин рангларга бурканиши эса одамларга хушкайфият улашади.

Уйдан чиқиб ишга, ўқишга йўл оларкансиз, атрофдаги дов-дарахтларнинг қизил, сариқ ва оловранг барглари аста тебраниб сизга "оқ йўл" тилаётгандек туюлади.

Айниқса, кузги ёмғирлардан сўнг ердан тупроқнинг ёқимли ифори таралади. Бу ёқимли ифор барчамизга Она Ватанимизни, яқинларимиз, қондош-жигарларимизнинг қайноқ меҳрини ёдга солади.

Йўлак орқали аста юриб бораркансиз, ўз қадамларингиз сизни елкангизни босиб турган тирикчилик ташвишидан бир зумга халос этиб, руҳингизни кенглик сари бошлайди. Атрофдаги сокинлик сизни тинчлантиради. Руҳингизни тетиклаштиради. Сабаби, она табиат куздагина қир-адирларни, тоғу-тошларни, чўлу-биёбонларни қизғиш тусга, гўзал рангларга ўрайди.

Борлиқнинг бир бўлаги бўлган инсон эса она табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиб, ҳамду-санолар айтади. Барча фасллар билан бирга куз фаслининг гўзал тароватидан илҳомланиб, ижод қилади, шеърлар ёзиб, куйга солади.

Куз фасли гўёки, инсон умрига қиёсланади. Ҳаёт баҳорининг ҳам охири, кузи борлигини эслатади. Шу билан бирга, олдинда оппоқ қорга бурканувчи қиш фасли кутаётганидан ҳам огоҳ этади.

 

Хатирахон ТУРСУНБОЕВА,

Бўстон туманидаги

10-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

 

Мақсадимиз - таълим сифатини ошириш

Мулоҳаза

Мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида таълим муассасалари, жумладан, мактаблар вақтинча ёпилган бўлса-да, ўқувчилар учун таълим жараёни тўхтамади. Дарслар телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали масофавий тарзда олиб борилди.

Пандемия шароитида ташкил этилган масофавий таълим жараёнларида мактабимиз жамоаси ҳам астойдил меҳнат қилди. Қувонарлиси, устозларнинг масофадан туриб берган сабоқлари натижасида аксарият ўқувчиларимиз дарсларга масъулият билан ёндошиб, фаол иштирок этдилар.

Карантин давридаги масофавий таълимнинг афзалликларидан яна бири шу бўлдики, нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар ҳам мактаб, устозларнинг қадрига етдилар, анъанавий таълим барибир юқори самара беришини  эътироф этдилар.

Бу билан масофавий таълимни қораламоқчи эмасман, асло. Юқорида тилга олиб ўтганимдек, онлайн таълимда биз илгари бўлмаган кўникмаларга эга бўлдик, ўз устимизда ишлаб тажриба орттирдик.

 Анъанавий дарсларга қайтилгач, ўқувчиларимиз билан кўпроқ ишлашимиз лозимлиги, уларнинг таълим ва тарбиясига янада масъулиятлироқ бўлишимиз, карантин пайтида ҳосил бўлган бўшлиқ ўрнини тўлдиришимиз кераклигини англаб етдик. Айрим ота-оналар карантин даврида фарзандлари таълим-тарбиясига етарли эътибор қаратмади. Натижада  болаларнинг ўзлаштириши, дарс қилишларида муаммолар кўриниб қолди. Тан олиб айтиш керак, мактабга қайтган айрим ўқувчиларнинг билим даражасида пастлаш кузатилди. Анъанавий таълимга қайтилган     дастлабки ҳафталарда ўқувчилар билан ишлашда анча қийнчиликлар туғилганги ҳам бор гап.

Жамиятимиздаги жараёнлар, таълим сифати борасидаги турли мулоҳазалар бизни яна бир бор тафаккур қилишга ундайди. Доно халқимиз: "Мингни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил", деб бежизга айтмаган.

Ана шундан келиб чиқиб, ўқувчилар билан қўшимча     дарслар ва тўгарак машғулотлари орқали кўпроқ шуғулланяпман. Ҳамкасбларим билан бу борада фикр алмашиб ишлаяпмиз, ота-оналардан эса фарзандлари таълим-тарбиясига эътибор билан ёндашишларини талаб қиляпмиз.

Мақсадимиз - таълим сифати ва самарадорлигини ошириш. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта. Буларнинг замирида изланиш, катта меҳнат ётади. Ўқувчиларимизнинг билимли, маънавиятли, юртга, жамиятга фойда келтирадиган инсонлар бўлиб етишишлари учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Нигорахон  МАМАДАЛИЕВА,

Булоқбоши туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Ўқувчи пухта билим олиши учун ўқитувчи билимдон бўлиши керак

ФАН ОЙЛИГИ

Мактабларда фанлар ойлигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, таълимни такомиллаштирилган талаблар асосида янада юқори даражага кўтариш, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, педагоглар ўртасида изланувчанлик ва дарсларга ноанъанавий ёндашишни тарғиб этиш, ўқувчиларнинг иқтидор ва имкониятларини ривожлантиришга қаратилган.

Вилоятимиздаги умумтаълим мактабларида ноябрь - рус ва хорижий тиллар фан ойлиги, деб эълон қилинган. Жумладан, мактабимизда ҳам рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари томонидан ойлик доирасида қатор қизиқарли тадбирлар ташкил этилди.

Дарсларни илғор педагогик технологиялар асосида қизиқарли ва ноанъанавий тарзда ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Очиғи, фан ойлиги ҳар бир ўқитувчи учун ташаббус, изланиш, янги-янги ғоялар сари кенг йўл очиб беради. Буни мактабимиз, қолаверса, туманимиздаги мактабларда рус тили фан ойлиги доирасида олиб борилаётган  ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мактабимизда кичик ва катта ёшдаги ўқувчилар учун "Русское слово", "Русская речь" деб номланган  тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Дарсдан  ташқари машғулот ва тадбирларда ҳам тўгарак аъзолари фаол иштирок этмоқда. Айниқса, "Мы изучаем русский язык" шиори остида ташкил этилаётган фан ойлиги тадбирларида уларнинг фаоллигини алоҳида эътироф этиш лозим. 

Ойлик доирасида "Стихотворения русских поэтов" мавзусида 5-11 синф ўқувчилари ўртасида рус шоирларининг шеърларини ёддан ва ифодали ўқиш мусобақаси,  ўқувчиларнинг рус тилида хатоларсиз ёзиш, эркин фикрлай олиши борасидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган "Деворий газета"лар танлови ҳамда очиқ дарслар ўқувчиларнинг рус тили ва адабиёти фанига бўлган қизиқишларини янада оширишга ёрдам берди.

Бундан ташқари, 2- синфларда ўтказилган "Наша семья", 7-синф ўқувчилари иштирокидаги "Порядковые числительные" мавзуларидаги ҳамда Сергей Есенин ҳаёти ва ижодига бағишланган очиқ дарслар, "Что за прелесть эти сказки" мавзусидаги расмлар танлови ноанъанавийлиги билан ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Ойлик доирасида ўтказилган танлов ва очиқ дарсларда фаол иштирок этган ўқувчилар  мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Эътироф этиш керак, мактабимизда рус тили ва адабиёти фанини ўқитиш бўйича олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар ижобий самаралар бермоқда. Хусусан, яқинда ўтказилган рус тили бўйича фан олимпиадасининг туман босқичида 10-синф ўқувчиси Умида Нурмаматова совриндорлар қаторидан жой олди.

Ўқувчининг пухта билим олиши, истеъдодини юзага чиқариши учун энг аввало, ўқитувчилар ўз касбини яхши билиши, дарсларни қизиқарли, инновацион технологиялар асосида ўтиши муҳим аҳамият касб этади. 

Ўтказилаётган фан ойлиги ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашишга, илғор иш услубларини ўрганишларига яқиндан ёрдам бермоқда. Жумладан, биз ҳам фан ойлиги доирасидаги тадбирлар орқали рус тилини ўқитиш бўйича шаклланган илғор тажрибаларни ўрганиб, фаолиятимизни янада такомиллаштиряпмиз. Айниқса, Россия давлатидаги мактабларда иш олиб бораётган рус тили фани ўқитувчилари билан ўтказилаётган онлайн мулоқотлар бизга жуда қўл келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ўз устимизда ишлаб, янги-янги адабиётлар билан танишиб,  касбий малака ва кўникмаларимизни бойитиб боряпмиз. Мақсадимиз, ўқувчиларнинг пухта билим олиши, рус тилида эркин сўзлашиш ва ёзишни яхши ўзлаштиришларига эришишдир.

 

Гулнозахон БАХТИЁРОВА,

Гавҳарой ҚОСИМОВА,

Умида ЭРГАШЕВА,

Хўжаобод туманидаги

 

12-умумтаълим мактаби ўқитувчилари.

Бир куни изимни излаб қоласиз...

Рашида Жавлон билан танишган кунлари чор тараф оппоққина қорга  бурканган эди. У Жавлоннинг муҳаббат изҳор қилишларини эшитиб, юзлари дув қизарди. Бу изғиринли совуқдан эмас, унинг юрагидан чиққан дил розлари Рашиданинг бошини айлантириб қўйди. Ёноқларини қирмизи олмадай қизартириб юборди. У авваллари ҳам Жавлоннинг кўз қарашларидан, гап-сўзларидан  кўнгли борлигини сезиб юрарди-ю, лекин  юрак ютиб бундай бирданига севги изҳор қилишини кутмаганди. Довдираб қолди. Нима дейишини билмай "бундай гапларни гапирманг, биз ахир дўстмиз", дея уни чалғитишга уринди. 

Лекин тақдирлари бир эканми, уларнинг тўйлари бўлди. Бирин-кетин муҳаббат мевалари - фарзандлар туғилди. Оила аталмиш қўрғон мустаҳкамланиб борди. Жавлон Рашидани еру-кўкка ишонмас, болаларини жонидан ортиқ кўрарди. Уйим-жойим, хотиним, болаларим деган Жавлоннинг юриш-туриши ўзгариб қолди. Унинг кунда ширакайф келиши, бақир-чақиридан Рашиданинг ғазаби келди.

Энди Жавлон ва Рашиданинг ҳаётида қайғу ва алам булутлари суза бошлади.

Эр-хотин энди бир-бирларидан яхши хислат қидирмас, фақат ёмон жиҳатларнигина кўрарди. Рашида ҳар гапида эрининг рўзғорга  аввалгидай қайишмаётгани, топгани ўзидан, ичкиликдан ортмаётганини айтиб, эрининг "қитиқ пати"га тегарди. Албатта, ширакайф келган Жавлон ҳам қараб турмас,  шунда шайтон оралаган бу хонадонда қиёмат бўларди. "Эр-хотиннинг уриши - дока рўмолнинг қуриши" деган мақол энди уларнинг андозасига тўғри келмай қолганди.

Бундай кезларда уларни ўртадаги норасидалар қизиқтирмасди. Санжар ҳам, Барно ҳам кўзларини пирпиратганча қўқувдан дағ-дағ титрарди. Рашида ҳам кейинги пайтда асаблари таранглашганидан ўзини тутолмай қоларди.Жавлон-ку ичкилик таъсирида нима деяётганини билмас, оғзига келганини қайтармасди.

Ўшанда унинг энг оғир ҳақорати Рашидани нопокликда айблади. Хатто, бегуноҳ ота-онаси ҳам қуруқ туҳматдан бенасиб қолмади. Рашиданинг устидан биров қайноқ сув қуйиб юборгандай сесканиб, жони халқумига келди. Ўзини тутиб туролмади.

- Исботлаб берасан, - дея эрининг ёқасига ёпишди. Бу унинг эрини илк бор сансираши эди. Жавлон оғзидан тупик сачратиб, ғўлдирай бошлади. Ўзини ҳимоя қиламан, деб Рашиданинг сочига ёпишди. Унинг бақириқ овозига болалар хоналаридан югуриб чиқишди.

- Онамни урманг, жон дада, - дея Барно дадасининг оёғидан тортқилади. Санжар қўшниси Ойниса холани чақириб чиқди.

Хола эр-хотиннинг важохатини кўриб, "хай-хай"лади.

-      Эсингизни йиғинг, ўғлим, аёл кишига ҳам қўл кўтарадими, - дея Жавлоннинг билагидан тортди.

Рашида патила бўлиб кетган сочларини тўғрилаб, алам билан ўкириб йиғлади. Болалари ҳам онасининг пинжига суқилиб ҳиқиллашди.

Жавлон эса ҳиссиз кўзларини бақрайтириб, оғир-оғир нафас ола бошлади.

Ранглари докадай оқарган, бежо ҳаракатлари билан яна ичкиликни қумсай бошлаганди...

... Аслида ҳам оиладаги хотиржамликка шу ичкилик путур етказганди. "Қўли гул уста" деб танилган Жавлоннинг қишлоқдошлари орасида ҳурмати баланд эди. Манаман деган пулдорлар ҳам унинг олдига бош эгиб келар, хизматидан фойдаланишарди. Бу эса Жавлонга мойдай ёқар, ўзини баланд тутишга ҳаракат қиларди. Зиёфатдаги ичкиликлар аввалида унинг бош-кўзини айлантирди. Бора-бора эса қаерга борса ҳам ўша савилнинг бўйини кўрмаса, иши юришмайдиган бўлди.

Жавлоннинг хурмача қилиқлари ичига шайтон оралагандан кейин бошланарди.

Кеч кирди дегунча Рашида ҳам, болалари ҳам унинг қай аҳволда келишидан ваҳима қила бошларди. Энг ёмони унинг заҳарли, аччиқ тили эди.

Аввалига Рашида кайфи тарқагунча унга лом-лим демасди. Негаки, у оғзига келганини қайтармас, хумордан чиққунча хотинининг устидан мағзава ағдарарди. У уйқуга кетгандан сўнг, ёнига қайнатилган муздек сув ва чойнакда аччиқ кўк чойни қўйиб, оёқ учида юриб чиқиб кетарди.

Шундан сўнггина болалари билан эркин нафас олар, уйқуга кетгунигача телевизор кўришарди. Лекин кўнглидаги тунги ҳадикни фақат ўзи биларди.

Қани энди уйқу келса. Йўқ у ёққа ағдарилиб, бу ёққа ағдарилиб, тунни тонг қилди. Рашида бошини лўқиллаб оғришига қарамай, ҳовлини супириб-сидирди. Мол-қўйга қаради. Болаларга чой бериб, уларни мактабга кузатди.

Жавлоннинг ёнига келди. "Ишингизга бормайсизми", - деди мажбуриятдан унинг елкасига туртиб.

-      Ўзим биламан, қачон туришни. Қоққан қозиқдай тепамда турма.

Рашиданинг юзи қаҳрли тус олди. Жавлон билан танишган кунларига лаънатлар ўқиди. Қани энди ўша кунларни ортга қайтариб бўлса.  Йўқ, энди иложи йўқ. "Чидайсан", деди ички бир овоз. "Ўнгланиб қолар", деди умиднинг сўнгги нафаси. Рашида болалар ҳаққи ҳурмати умиднинг қўлидан, сабрнинг этагидан тутди.

Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Лекин Жавлон оиласи, болаларини ўйламади. Маишатга берилди. Топган пуллари ўзидан ортмай қолди.

Рашида ҳаловат нима эканлигини ёдидан чиқарди. Бор-э, деб ота эшигига кетворай деса, у ҳовлида ҳам уч келин, бола-чақалар. Қаерга сиғади. Ўзи сиғса ҳам болалари туртиниб қолмайдими? Ўзининг ҳаловатини ўйласа, болаларининг бошини эгиб қўймайдими? Ахир уларнинг ҳам бўй етиб қолди. Бировнинг эшигига бориши бор...

Энди болалари учун ҳар қандай қийинчиликка, ситамларга чидай олишига ўзида куч топди. Эгилиб бораётган қаддинги тик тутди. Қўлидан анча-мунча бичув-тикув ишлари келарди. Шундан фойдаланишни ўйлади. Бир тадбиркор очган цехга ишга кирди. Болалари мактабдан қайтгунча иш олиб келадиган, тайёрларини топшириб қайтадиган бўлди. Қўли пул кўрди, қозонига гўшт тушди. Анча-мунча ошинганига қизининг кўрпа-тўшагини қилди. Яхши ният билан эрига инсофу, ўзига сабр тилади. Қишлоқчилик эмасми, Рашиданинг қаноатлилиги, уйдаги гапни кўчага чиқармай яшаётганини кўпчилик биларди. Цех бошлиғи Маннон ака ва хотини Зубайда опа ҳам унинг шароитини билгани учун цехда кўп ушлаб қолишмас, тикадиганларини уйга олиб кетишга рухсат беришарди. Чунки чоки текис, қўли ҳам тез эди.  Хайит, байрамларда эса кўпчилик қаторида уларнинг оиласинини ҳам йўқлаб туришарди.

Жавлон бу "йўқлов"дан ҳам айб қидирди. "Бошингда эринг бор, нега сенинг уйингга гўшт, ёғ киргизади", - дея Рашидага зуғум қиларди.

Қишлоқдаги баобрў хонадон соҳиби ишсиз аёлларни иш билан таъминлаб, уларга рағбат тарзида байрамларда йўқлаб, боши балога қолди.

- Иккинчи у уйга қадам босмайсан, ишингни йиғиштир, - деди кайфи тароқ Жавлон уйга кирар-кирмас.

- Харом пулларинг керак эмас.

- Бу нима деганингиз. Игналаб топяпман. Кўнглингиз қинғирлигидан уйга олиб келиб тиксам ҳам кун бермаяпсиз.

Жавлоннинг оғзидан боди кириб, шоди чиқди.

Рашиданинг жони халқумига келди. Таранг тортилган асаб торлари чирт-чирт узилди. У ҳам ханжар янглиғ сўзларини эрининг кўксига суқиб-суқиб олди. Жавлон эса аламини ичкиликдан олиб, тўйгунча ичди. Ярим тунда бошланган тўст-тўполон, хўрлашлар Рашиданинг юрагини тилка-пора қилди.

Ноўрин рашк, қуруқ туҳматни Рашиданинг юраги кўтара олмади. Тонг отмай у омонатини топширди.

Жавлоннинг одамийликдан йироқ қиёфаси ҳозирги ҳолатни идрок этолмасди. Рашиданинг ярим-юмуқ кўзи жон ҳолатда "она"лаб ўзига ёпишган болаларининг кўзига қараб қотиб қолди...

Жиноят  бир сонияда содир этилмайди. Бўғзига пичоқ тортмасдан ҳам қотиллик қилиши мумкинлигини Жавлон жуда кеч англади. Ётса ҳам, турса ҳам унинг руҳи атрофида айланаверди. Ичкиликдан кўнгли совиганида, соғлом ҳаётга қайтганида эса ёнида шу кун умиди билан яшаган Рашидасини тополмади. У фақат бир кишинигина эмас, болаларини ҳам йўқотди.

Қишнинг рутубатли кунлари изғириндай унинг ҳаётини зулматга айлантирди. Тун чачвонини ёйганда эса Рашида тим қора сочларини ёйиб, оппоқ либосда унинг қаршисида намоён бўларди.

Қўрқинчли тушдай кечаётган кимсасиз ҳовлида Жавлонга ойнаи жаҳонда янграётган қўшиқлар бироз таскин бергандай бўларди. Ўзини чалғитиб, бутун борлиғи билан тинглашга ҳаракат қиларди. Янграган қўшиқ эса анчадан буён дийдаси қотиб кетган Жавлоннинг юрагини сел қилиб юборди.

   Хўрлайверманг менинг ҳам уволим бор,

   Бир куни изимни излаб қоласиз.

   Қадрим ўтганида эй ҳоли абгор,

   Ортимдан мунғайиб бўзлаб қоласиз.

 

 

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА

Камтар ва ширинсўз ижодкор

Тўйхат

Бугун ўзининг муборак ёшини нишонлётган ҳамкасбимиз, устозимиз Зумрадхон Абдуллаеванинг журналист, ижодкор сифтидаги фаолияти, унинг инсоний фазилатлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.

Асли Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган Зумрадхон Абдуллаева 1983 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаб, Андижонга, Олтинкўлга, ибратли меҳнатлари билан бутун юртга довруғи кетган раҳматли Сиёсатхон опа Абдуллаева хонадонига келин бўлиб тушган. Меҳнат фаолиятини ҳам айнан "Олтинкўл" газетасида бошлаган. Опа қарийб 33 йил журналистика соҳасида сидқидилдан меҳнат қилди.

"Олтинкўл" "Иқбол" газеталари, "Водий гавҳари" журнали таҳририятларида ишлаб, малакали журналист, серқирра ижодкор эканлигини намоён этди. Айниқса, "Оила ва жамият" газетасининг вилоят мухбири сифатидаги фаолияти давомида ёзган қизиқарли ва долзарб мавзулардаги мақолалари билан бутун мамлакатимизга танилди. Ўз мақолалари орқали қатор оилаларнинг, кўплаб аёл ва қизларнинг муаммоларини ҳал этишга, ҳаётда тўғри йўл топишларига кўмак берди.

Зумрадхон Абдуллаева "Иқбол" газетаси таҳририятида қатор йиллар меҳнат қилди.   Фаолиятида у газетанинг ўқишлилиги ва оммавийлигини оширишга муносиб ҳисса қўшди. Умуман, опа қаерда, қайси вазифада ишламасин, ҳамиша ўз ишига катта масъулият билан ва сидқилдан ёндашди. Касбининг турли машаққатларини, бор-йўқ кунларни сабр билан енгиб ўтди. Камтарлиги, тўғрисиз, ҳалол ва меҳнатсеварлиги, ҳар қандай масалага мулоҳаза, ширинсўзлик ила ёндашиши  билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди.

Опанинг "Ўш тоғига қорлар тушганда", "Юрагимда яшаган дунё"  номли китоблари аллақачон ўз мухлисларини топган бўлса, "Моҳларойим издошлари", "Мафтункор сиртмоқ", "Қалам учидаги жозиба" номли жамоа тўпламларидан жой олган ҳикоя ва қиссалари ҳам китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.

  "Атиргул", "Ўткир қалам соҳиби", "Қадри баланд бўлсин, ўзбек аёлин", "Йилнинг энг фаол журналисти" каби вилоят, республика танловларининг ғолиб ва совриндори, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси фахрий ёрлиғ ва ташаккурномаларига сазовор бўлганлиги Зумрадхон опанинг ижодига, самарали меҳнатларига берилган муносиб баҳодир.

З. Абдуллаева нафақат истеъдодли журналист, ижодкор, балки кўпларга ибрат бўладиган оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. У турмуш ўртоғи Fолибжон ака билан уч қиз - Хуснора, Зилола, Юлдузой ва бир ўғил - Элёрбекни тарбиялаб камолга етказдилар,  ўқитиб, уйли-жойли қилдилар.  Фарзандлари бугун турли жабҳаларда сидқидилдан меҳнат қилиб, эл-юрт ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Бугун фарзандлари, 10 нафар набираси камолидан қувониб, уларнинг ардоғида яшаб келаётган опа нафақада бўлса-да, қўлидан қалами тушган эмас. Ҳаётдаги қувонч ва ташвишлар, замондошларимизнинг тақдирлари ҳақида қизиқарли мақола ва ҳикоялар ёзиб, мухлисларга ҳадя этмоқда.

Зумрадхон опани қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, ҳамиша соғ-саломат юришлигини, фарзанд, набира ва шогирдларига дуода бўлиб, янги-янги ҳикоялари билан муштарийларни хушнуд этишини тилаб қоламиз.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

НУРАФШОН ЙЎЛИМИЗ МАЁFИ

Ифтихор

Дунёдаги ҳар қандай жамият маълум бир қонун-қоидалар асосида шаклланади ва тараққий этиб боради. Агар жамиятда бу нарса бўлмас экан, у таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидаларидан иборат конституцияси мавжуд. Ана шу конституциядан келиб чиқиб, ҳар бир давлат ва жамият ривожланиш йўлидаги мақсад ва вазифаларини белгилаб олади.

Жорий йилда 28 йиллиги нишонланаётган бизнинг Бош қомусимиз ҳам халқимизнинг эзгу мақсад-муддаоларини, тараққиёт йўлини ўзида мужассам этган. 1992 йилда қабул қилинган Конституциямизда давлатимиз, халқимиз манфаатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек энг олий тушунча мужассамлашган.

Конституциямизнинг қай бир боби ёки моддасини олиб қараманг, уларнинг узоқ йиллар тажрибаси ва чуқур билимга асосан яратилганлигага гувоҳ бўламиз. Унинг замирида ҳамма нарса инсон манфаатлари учун хизмат қилиши керак, деган эзгу ғоя мужассам. Шу боис дунё ҳамжамияти ҳам унинг умуминсоний қадриятларга тўла мос келишини муносиб эътироф этган.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон ҳаётга етказувчи нурли йўлимиздир.

Инобатхон МАМАДХОЖИЕВА,

 

Қўрғонтепа туманидаги  3- умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Ноқонуний цех фаолияти тугатилди

Огоҳлик!

Айни кунда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, қатор ютуқларга эришаётган юртдошларимиз ҳам талайгина. Бироқ,  гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир кишилар фақат ўз манфаатини кўзлаб, амалдаги қонун талабларини бузаётганлиги ачинарлидир.

Иброҳим Асроров 1986 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Ўтган йили у рўзғор тебратиш мақсадида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган мойжувоз дастгоҳини сотиб олди. Олишга олди-ю, уни ўрнатиш, фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-тамойилларнинг бирортасига амал қилмади. Уч фазали электр токига ҳам ҳеч кимдан сўрамай, электр тармоғи корхонасининг рухсатисиз уланиб олди. Ана шу тариқа унинг қўштирноқ ичидаги фаолияти бошланиб кетди. Кунжара ишлаб чиқариб, уни Пахтаобод туманидаги бозорга элтиб пуллаб ҳам қайтди. Ишлаб чиқарган пахта ёғини эса, Жаҳон бозорига элтиб сотиб келди. Агарда, унинг фаолиятига қонун нозирлари вақтида барҳам бермаганида, бугун Иброҳим яна ўз билганича иш тутаётган, қанча инсонларнинг соғлигини ўзи ишлаб чиқарган истеъмолга яроқсиз маҳсулот билан хавф остига қўяётган бўлиши мумкин эди.

 Жорий йил январида унинг яшаш хонадонига келган қонун ҳимоячилари уй эгасининг яширин цехини фош этдилар. Афсуски, сохта тадбиркор фаолияти учун зарур бирорта расмий ҳужжат кўрсата олмади. Кунжара, пахта ёғи, турли буюмлар эса, воқеа жойидан ашёвий далил тариқасида мусодара қилинди. Юқоридаги ҳолат албатта, Иброҳимнинг қонун олдида жавоб беришига олиб келди. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида бўлиб ўтган мажлисда ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди.

И. Асқаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли модда ва бандларига кўра айбдор, деб топилди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан у 1 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Таъкидланганидек, бугун қонуний иш юритаман деган одамга зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ, қаҳрамонимиз каби ўзбошимчалик билан, ноқонуний ишга қўл урган кишилар албатта, жазога тортилади.

Акмалжон ИСАҚОВ,

 

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Андижон шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари.

Ёлғизликдаги энг мунис ҳамдам

Зиё маскани

Кимки кўп китоб ўқиса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади. Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир. Китоб инсондан ҳеч нарса талаб қилмайди, аммо уни камолга етказади. Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир. Шундай экан, ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида кўпроқ китоб ўқиса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Мен Избоскан туманидаги 49-умумтаълим мактабида АРМ мудираси бўлиб ишлайман. Қишлоғимиз марказдан анча ичкарида жойлашган бўлиб, шаҳарга боришимиз, мактабга бориб таълим олишимиз учун анча узоқ йўл босишимизга тўғри келарди. Қишлоғимиз "Обод қишлоқ" дастурига киритилгач, фарзандларимиз таълим олишлари учун янги мактаб биноси қуриб битказилди. Кутубхона ишларини йўлга қўйиш олдинига бироз қийин бўлди. Лекин маҳалламиз фаоллари, ҳомийларимиз ва мактабимиз ўқитувчилари кўмаги билан бу қийинчилик, камчиликлар тез орада бартараф этилди.

Мактабимиз кутубхонасига ҳар бир ота-она қўлдан келганича ёрдам кўрсатди. Мактабимиз директори Юлдузхон Нишонова бошчилигида Китоб акцияси ва турли тадбирлар ўтказилди. Бунинг натижасида кутубхонамиз китоб жавони анча бойиди. Бундай хайрли ишларга мактабимизнинг ташаббускор математика фани ўқитувчиси Муҳаммаджон Юсупов бош қўшганини алоҳида айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Бундан ташқари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Ҳуснида Саидова, Гулшаной Ориповаларнинг ҳам хизматлари беқиёс. Улар она тили ва адабиёт фани ойлигини маҳорат дарслари, адабий кечалар, турли маданий-маърифий дастурлари билан бойитдилар. Кутубхонамизга эса бадиий китоблар   совға қилдилар.

Куни кеча туман халқ таълими бўлими мудири А.Абдукаримов томонидан  мактабимиз кутубхонасига китоблар туҳфа этилди. Бундай эътибор бизни янада руҳлантирди, десам муболаға бўлмайди. Эндиликда кутубхонамизда ўқувчиларнинг китоб ўқишлари учун барча шароитлар мавжуд.

Китоб - инсоннинг беминнат дўсти, таъмасиз улфати, энг ишончли сирдоши ва вафоли йўлдошидир. Мен  янги-янги китоблар нашр этилиб, ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлса, фарзандларимиз ўзаро суҳбатлашганда сўнгги русумдаги смартфонлари билан эмас, ким кўп китоб ўқигани билан фахрлансалар, деб орзу қиламан. Кунлар келиб бу орзум албатта, амалга ошишига ишонаман.

       Маҳлиё ҚЎЧҚАРОВА,

Избоскан тумани.