+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚАЛБИМДАГИ ҚИЗИЛ АТИРГУЛ

У пайтда университетнинг сўнгги курсида ўқирдим. Кичик курсда ўқийдиган Зиёда эс-ҳушимни ўғирлаганди. У ётоқхонада турар, ҳар куни эрталаб ўқишга кетаётганимда, эшигига бир дона қизил атиргул қистириб ўтардим. Атиргулларнинг ҳаммаси деярли бир хилда - чиройли ва муаттар эди. Ҳар тонгда тиқилинч автобусда одамларнинг қарашидан хижолатда кўзимни деразадан узмасликка ҳаракат қилар эканман, атиргулнинг хушбўй ҳиди димоғимга урилар эди. Бир куни ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, гулни эшикка қистирмоқчи бўлганимда, ўша қиз ичкаридан чиқиб қолди.

- Вой, нима қиляпсиз? - деди у худди ҳеч нарса билмайдигандай.

Тўғриси, ўша пайтда қочиб кетишнинг иложи бўлганда, албатта, бошим оққан томонга қочган бўлардим. Лекин бунинг сира иложи йўқ эди.

- Ўзим, - дея ғўлдирадим.

- Бу гуллар кимга ахир, - деди у бироз зардали, бироз илтижоли овоз билан.

- Наҳотки, билмасангиз, - дедим кўзларим жавдираб. У бошини қуйи эгди. Шунда қайси дугонаси унинг кўнглига шубҳа солди экан, дея  ўйлай бошладим. У назаримда, ўша лаҳзаларда ожиз, ўксик ва чорасиз эди.

- Бу гуллар фақат сиз учун, - дедим. Мен ортиқча гапиролмасдим. Чунки юрагимда энг катта сирни очаётгандим. Бу сир шу қадар ардоқли эдики, фақат шу қизнинг ўзигагина, у мендан илтижо қилиб сўрагандагина айтишим мумкин эди. Аммо у хонасига кириб кетар экан, аксинча "Кетинг" дея фармон берди.

Орадан кунлар ўта бошлади. Бир сония бўлсин, ортидан эргашишдан ўзимни тиёлмасдим. У қаерга борса, мен ўша ерда эдим. У ким билан нимани гаплашганини сўраб олар, нимаики истаса, муҳайё қилар, фақат унинг ўзи билан гаплашишга юрагим бетламасди. У гоҳида ғамзали қараб қўяр, гоҳида умуман бепарво эди. Лекин у ҳам мени яхши кўришини ич-ичимдан ҳис қилардим. Гоҳида қиз бола ҳам шу қадар мағрур бўладими, дея ҳайратга тушардим.

Ёзги таътил ҳам бошланди. Ўқишим тугади, қишлоққа жўнадим. У ҳам амалиётни ўташ учун ўз вилоятига кетди. Онам "Мана ўқишинг битди, энди уйлантирайлик", дея маслаҳат солдилар. Зиёдани кўрмаганимга ўн кундан ошгани учун жоним ҳиқилдоғимга келиб турганди. Ойимга "Ўйлаб кўрайлик-чи!?" дедим-да, сафарга отландим.

У жуда олис қишлоқда турар экан. То уйини сўраб боргунимча келганимдан бутун қишлоқ аҳли огоҳ бўлди. Зиёда мени дарвозаси олдида кўриб, эсанкираб қолди. Ичкарига таклиф қилди. Мен бироз овлоқ жойда гаплашиб олармиз, деган умидда таклифига кўнмадим. У кийиниб чиқиш учун уйига кириб кетди. Лекин биз борадиган, одамлар кўзидан пана жойнинг ўзи йўқ эди. Қишлоқ ўртасидан ўтган ариқ кўприги устида учрашадиган бўлдик. Мен айтадиган гапларимни ичимда такрорлаб турардим. Ҳали ўн дақиқа ҳам ўтмай, қишлоқ йигитларидан уч-тўрттаси атрофимни ўраб олди. Улар нима сабабдан, кимнинг олдига келганимдан огоҳ бўлишган эди. Бирпасда ёқалашиб кетдик. Мен ҳозир улар ўнта бўлса ҳам ҳеч нарсадан қўрқмасдим. Менга у қизга рўбаро бўлишдан шу ўнта бола билан уришиш осонроқ эди. Лекин кўп ўтмай, оғзи-бурним қон бўлди. Бу ҳолатда энди ким билан учрашаман, дея баттар жаҳлим чиқиб кетди. Катта-кичик тошларни олиб, аямай ота бошладим. Йигитлар бирма-бир ўзларини четга олишди. Мен шу бўйи, шу ғазабда қизнинг уйига юриб кетдим. Атрофимдагилар орқамдан кела бошладилар. Кимдир гап етказган шекилли, уйдан қизнинг отаси чиқиб келди. Бир қўлимда тош, кўйлагим қон, шимим чанг-тупроққа беланган эди.

- Мен қизингизни олдига келдим, уни яхши кўраман. Унга уйланаман, - дедим дарғазаб.

- Уйга киринг, меҳмон, - деди отаси фарғонача илтифот билан. Мен унинг отасини ғойибдан ҳурмат қилар, у ҳақда  кўп яхши гапларни эшитгандим.

- Қизим менга сиз ҳақингизда ҳеч нарса демагандику, - деди.

- Чақиринг қизингизни, - дедим ўзимни босолмай. Шунда боя мен билан урушган йигитлар орасидан бири чиқиб:

- Чақиринг, - деди. - У энди меники, бизни унаштиришган.

Ишнинг бу қадар чаппа кетганидан ўзимни тутолмай қолдим.

- Мен яхши кўрган қизни-я, ахир у мени яхши кўради. Мен уни севганман, қучоқлаганман... - дедим олғирлик қилиб. Аслида сўнгги гапларим ёлғон эди.

- Ит сув ичган билан дарё харом бўлиб қолмайди, - деди у безбетларча.

- Харом билан ҳалолнинг фарқига бормайдиган ит сенсан, - дедим ўзимни тутолмай.

Шу пайт ичкаридан Зиёда чиқди. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганди. Отасининг ёнига келди-да, менга қараб:

-      Кетинг, - деди. Бу сўз барча жанжалимизга хотима ясаган эди. Билмадим, ўшанда қандай тилим айланди? Уни қаттиқ сўкиб, ортга бурилдим. Автобусда кела-келгунча йиғлаб келдим. Орадан ўн беш кун ўтиб, ўзим мутлақо билмайдиган қизга уйландим.

Тўйимдан бир кун олдин Зиёданинг дугонаси қоғозга ўроғлиқ "Ўткан кунлар" китобини бериб кетди. Китоб ичидан қуриб, қовжираб кетган бир дона атиргул чиқди. Мен қачонлардир унга совға қилган атиргулни танидим...

Орадан йиллар ўтди. У ўғлининг исмини Аҳмад қўйди. Мен эса қизимга Зиёда деб исм қўйдим. Унинг исмини шу қадар севардимки, бу номдан гўзалроқ, жозибалироқ, айтсам юрак-юрагим   зирқираб кетадиган бошқа бирорта исм мен учун йўқ эди.

Орадан йиллар ўтди. Бир куни юрагим оғриб, шифохонага тушдим. Уйдагиларга - умуман ҳаммага сафарга кетдим, деб хасталигимни яширдим. Оғир операцияга киришим керак эди. Бундай оғир синовдан фақат бир ўзим матонат билан ўтишим, атрофимдагилар қийналмаслиги шарт эди.

Шифтга қараб ётарканман, кўзимдан дув-дув ёш оқарди. Наҳотки, энди бари тугаса. Танамдаги азоб бир оғриқ берса, дилимда яна бир оғриқ бор эди: "Наҳотки, бу дунёга келиб, муҳаббат нималигини билмай ўтиб кетсам", дердим.

Шу бўйи бошим тошдай қотиб, ухлаб қолибман. Юзимни кимдир силаётганидан уйғониб кетдим. Кўзим юмуқ, кимнинг қўли эканлигини билолмасдим. Умуман, билишни ҳам истамасдим. Менга яқин одамларни бир-бир кўз олдимдан ўтказа бошладим. Эслаганларимнинг бирортаси ҳам кўзимни очириш учун истак уйғотмасди. Менга ҳеч кимнинг қўли керакмас эди. Балки, қизим келдимикан, дея ичимда бир қувонч ярқ этди. Юзимда ўзгариш рўй бера бошлади.

- Туринг, Аҳмад ака, - деган нотаниш овозни эшитиб, ҳафсалам баттар пир бўлди. Овоз яна хукмфармо равишда янгради:

- Туринг, уйқучи!

Кўзимни очдиму, қаршимда Зиёда турганини кўрдим. Кўзларимга ишонмадим. Унинг ёнида бир болакай ҳам бор эди. Мен ҳайрон бўлиб бошимни кўтардим:

- Ия, сизмисиз?!

- Ҳа, мен. Бу ўғлим Аҳмад.

Биз алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик. Мени қандай топиб келганини, ҳаёти қандай кечаётганини суриштирдим. Суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз илк бор танишганимиздан то бугунга қадар неча бор кўришиб, неча бор суҳбатлашган бўлсак, ҳаммасини йиғиб келганда, бугунгичалик чиқмасди. Ўн беш йил ўтибгина илк бор бемалол гаплашиб ўтиришимиз эди. У кетар олди сумкасидан битта қуриб қолган атиргул олиб узатди... мен атиргулни танидим. Бу мен қачонлардир унинг эшигига қистириб кетган атиргуллардан эди.

- Сизга жуда кўп атиргул совға қилганман, ҳаммасини бирма-бир олиб келсангиз, ҳаётимнинг охиригача улгурармикинсиз? - дедим ҳазиллашиб.

- Мен улгурмасам, ўғлим Аҳмаджон қизингизга совға қилиб улгурар, - деди у.

- Айтиб қўйинг, мабодо қизимни    бошқасига унаштириб қўйсам, кечикиб юрмасин, - дедим мен ҳам.

- Йўқ, уни сиздан кўра уддабуронроқ қилиб тарбиялаяпман. Сиз билан ҳозирдан таништириб қўяётганим ҳам бежиз эмас, - деди у.

- Илоё, шу кунлар насиб қилсин, - дедим ютиниб. У кетди. Шифохонада анча вақт ётиб чиқдим. Лекин тўлиқ соғайиб кетишимга умид йўқ эди.

У бирма-бир икки бора келтирган иккита атиргулни уйимнинг ҳеч ким билмайдиган жойида сақлаб қўйибман. Мабодо, бир кун ҳаётдан кўз юмсам, уларни бошим устига қўйишади.

Зиёда эса тақдир тақозоси билан фарзандларимиз бир-бирларига кўнгил қўйишса, никоҳ тўйлари куни неча йиллардан буён ўзида сақлаб келаётган атиргулларни уларнинг сандиқларига сеп сифатида қўймоқчи.

 

 

Муҳаммад ИСМОИЛ.

ТОШ АСРИ АЁЛЛАРИ - ЭРКАКЛАР БИЛАН ТЕНГМА-ТЕНГ ОВ ҚИЛГАН

(Тарихнинг сирли жумбоқлари)

 

Жамиятда аёлларнинг ўрни беқиёс. Улар ижтимоий ҳаётнинг барча   жабҳаларида эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат қилишмоқда.

Аёлларнинг иштирокисиз бирор-бир соҳани тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо уларнинг меҳнати ўтмишда, мисол учун, тош асрида қандай бўлган? Улар бола опичлаган, ҳайвон терисига бурканган, ўчоқ ёнидан нари силжимайдиган итоаткор бўлишганми ёхуд эркаклар билан овда баб-баравар қатнашган довюрак эдиларми? Тош асри аёлларининг турмуш тарзига оид бу ва     бошқа саволлар кўпдан буён олимларнинг эътиборини ўзига жалб этаётир.

Кейинги йилларда археологлар ибтидоий одамлар яшаган манзилларда тош асрида яратилган кўплаб аёллар акс этган сирли ҳайкалчаларни топишга муваффақ бўлишди. Европа қитъасининг деярли барча қисмидан топилган бу ҳайкалчаларнинг суяк, тош, буғу шохлари ва сополдан ясалганлиги аниқланган. Улардан айримларининг ёши 30 минг йилга     тенглиги тахмин қилинмоқда. Тош асри ҳайкалтарошлари аёлларнинг аксариятини дўмбоқ ҳолатда тасвирлашган.  Нодир топилмаларни ўрганиш асносида мутахассислар тош асри аёллари ҳақида мутлақо кутилмаган хулосаларга келдилар. Археологларнинг илгариги тасаввурларига кўра, тош асрида эркаклар ов қилишган, аёллар эса ғор ва унгурларда бола боқиб кун кечиришган. Масалага жиддий ёндошган олимлар бу манзара воқеликка унчалик тўғри келмайди, деб ҳисобладилар. Муз асри бўйича йирик мутахассис, АҚШлик олима Ольга Соффер қадимда одамларнинг ҳаёт-мамоти биринчи галда аёлларга боғлиқ бўлган, деган тахминни илгари сурмоқда.  Мазкур далил эса узоқ ўтмишда овчилик тўр воситасида олиб борилганлиги билан изоҳланади. Ольга Соффернинг фикрича, тўр тортишда аёллар ва болалар ҳам фаол қатнашганлар. Олима ибтидоий одамлар манзилларидан бирида тўғри чизиқ шаклидаги жуда кўп сопол синиқларига дуч келган. Кейин эса бошқа мутахассислар ёрдамида бундай сопол асбоблар тўр тўқишда ишлатилганлигини аниқлашга муваффақ бўлди. 

Юқори палеолит манзилларида сақланиб қолган суяк қолдиқларининг 50 фоизга яқини майда ҳайвонлар: қуён, тулки, турли кемирувчиларга тегишли экани ҳам олимлар томонидан аниқланди. Хуллас, ўша даврда жамият аёллар иштирокидаги овчиликдан катта наф кўрган. Яқин-яқингача  қадимги одамлар озуқасининг 90 фоизини гўшт ташкил этган деган асосий фикр мавжуд эди. Эндиликда мутахассислар бу фикрни янглиш ҳисоблашмоқда. Тош қуролларини ўрганаётган олимлар бундай қуроллар орасида илдиз ковлаш учун мўлжалланганлари ҳам борлигини аниқладилар.

Аёллар истеъмол қилиш мумкин бўлган барча илдизларни ердан ковлаб олишган, мевалар, қурт-қумурсқалар йиғишган, балиқ овлашган ва   бошқа ҳаётий зарур юмушлар билан машғул бўлишган. Баъзи тахминларга қараганда, истеъмол учун мўлжалланган озуқаларнинг 50-70 фоизи аёллар томонидан тайёрланган. Бундан тош асридаги тирикчиликда аёллар эркакларга қарам бўлишмаган, деган хулоса келиб чиқади.

Тош асрига оид аёллар тасвирланган сирли ҳайкалчалар ҳақида таниқли олима, итальян археологи Маргарита Муссининг таъкидлашича, улардан аёллар етакчилик қилган аллақандай русумларда фойдаланилган. "Аёллар ўзлари яшаган даврнинг маънавий етакчилари бўлишган", дейди олима. Улар ўз овининг бароридан келишига, беморларнинг соғайишига ёрдам берадиган русумларни адо этишган.

Хуллас, сўнгги археологик топилмалар тош асри аёлларининг оилавий турмушдаги ўрни анча юқори бўлганини, улар бола туғиш ва ўстириш билангина чекланмай, балки иқтисодий ва маънавий ҳаётда ҳам фаол қатнашганларидан далолат бермоқда. Археологлар тош асри аёлларининг ижтимоий мавқеини ўрганишни тўхтатишгани йўқ.  

 

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ тайёрлади.

МЕҲР ЭЗГУЛИККА ДОЯ

Меҳр туйғулар ичида энг гўзалидир. Айниқса, ота-онанинг фарзандига бўлган муҳаббатининг чеки бўлмайди. Яхши тарбия кўрган, меҳрга қонган инсон улғайганда ота-онасига ҳам меҳр кўрсата олади. Бунинг учун, аввало, ота-онанинг ўзи дилбандига меҳр бермоғи, эркаламоғи, ўпиб-суймоғи лозим.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан шундай марҳамат қилинади: "Мўмин Аллоҳнинг дўстидир, фарзанди Аллоҳнинг туҳфаси. Кимга Парвардигор Исломда фарзанд берса, уни кўпроқ ўпсин, чунки ҳар бир ўпишига шаҳиднинг савоби бордир. Ҳар бир ўпишига Жаннатда бир уй бордир".

Фарзандларга меҳр ва раҳмдиллик билан қарамоқ зарур. Негаки инсонийлик, оқибат мана шу туйғулар замирида шаклланади, ривож топади. Меҳр билан инсонлар юксалади, камолотга эришади.    Меҳрсиз одамлар яхшиликдан қочадилар, бу эса уларнинг роҳат кўрмаслигига сабаб бўлади. бундайлар охиратда ҳам Яратганнинг туҳфаларидан бенасиб қоладилар. Зеро, меҳрсиз меҳр кўрмайди, дея бежиз айтмайдилар.

Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) жамоат билан намоз ўқиётган эдилар. Набиралари имом Ҳусайн Расулуллоҳ сажда қилиб турганларида, бўйнига миниб олди. Расулуллоҳ (с.а.в.) саждани узайтирдилар. Сабабини сўраганларида, , ул зот шундай жавоб бердилар: "Неварамнинг завқи бузилмасин деб, саждадан туришга шошилмадим". Расули Акрам (с.а.в.) нинг бу ҳаракатида ибратли жиҳатлар бор: 1. Аллоҳ таолога яқинлик (Яратганга энг яқин пайт саждада турмоқлик). 2. Болага шафқат ва яхшилик. 3. Умматига шафқат ва марҳамат ўргатиш. Зотан, ҳадиси шарифларда боланинг ҳиди жаннат Ҳидидан эканлиги таъкидланади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан марҳамат қилинади: "Агар мўмин киши фарзандлари билан бирга овқатланса, бир қул озод қилганнинг савоби ёзилади ва унинг учун шаҳар барпо этилади, яна Аллоҳ таоло унга номаи аъмолини ўнг томонидан беради".

Меҳрли инсонларнинг диний ўлчовлари ва мезонлари бўйича қадри баланд ва олийдир. Ривоят қилишларича, Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) болаларга меҳр ва шафқат кўрсатмаганларни хуш кўрмас эдилар. Болаларига нисбатан марҳаматли бўлмаганларни қаттиқ қоралардилар. Бир куни ул зоти шарифнинг олдиларига қабиланинг катталаридан бири келди. Бу вақтда Расулуллоҳ (с.а.в.) набираларини ўпиб эркалардилар. Келгувчи одам буни кўриб: "Ё Расулуллоҳ, менинг ўн нафар ўғлим бор. Шу пайтгача ҳеч бирин ўпмаганман", деди. Унга жавобан Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: "Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан марҳаматни чиқариб юборган бўлса, мен нима ҳам қила олардим?  Марҳамат этмаган кишига марҳамат бўлмайди, меҳр кўрсатилмайди". Яна дедилар: "Фарзандларини яхши кўриш дўзахдан пардадир. Улар бирга овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир".

Шундай экан, фарзандларимизга меҳр кўрсатайлик. Меҳр берган меҳрсиз ўтмас деганларидек, меҳримизни дилбандларимиздан дариғ тутмайлик. "Меҳрибонлик уй"ларининг кўплаб очилишига, меҳрга зор болаларнинг кўпайишига йўл қўймайлик. Яратганнинг иродаси билан етим қолган болаларга давлатимизнинг бундай ғамхўрлиги кераклигини инкор этиб бўлмайди, аммо ота-онаси айби билан тирик етимликка маҳкум этилаётган гўдакларнинг меҳрга зор юраклари қақшамасин. Меҳр уруғи ўрнига қаҳр уруғи унмасин.

Аллоҳ барчамизга фарзандпарвар, меҳрли бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Бахтиёр САИДАЛИЕВ,

 

Улуғнор тумани бош имоми.

Борингизга шукр, онажон...

(Дил изҳори)

Oнa, мaнa бугун янa сизнинг тaърифингизни келтирмoқ чун, жуда кўп китoблaрни aтрo-фимгa йиғдим, лекин, бир китoб йўқки, ундa сизнинг тaърифин-гиз тўлa келтирилгaн бўлса. Гaрчи шундaй бўлсa-дa, бу кун мен ҳaм қaлбим дaрёсининг туб-тубигa яширингaн, у қадар мaънo-мaзмунгa эгa бўлмaсa-да, бирoқ, чин дилдaн, сaмимий вa сoддa сўзлaр билaн безaтилгaн тaърифимни сиз учун келтирмoқчимaн.

Oнa, сиз менинг гўдаглигимдан покиза туйғуларингизнинг қайноқ ҳaрoрaти ила меҳрингиз булoғидa чўмилтириб, тафтли бaғрингизгa бoсгaнсиз.

Тунлaри тўлғoниб уйғoн-гaнимдa ҳaр дaм ёнимдa бўлгaнсиз, бирoр жoйимгa кичкинaгинa зирaпчa кирсa, мен эмaс, бaлки, сиз йиғлaрдингиз. Ҳaммaдaн aсрaб-aвaйлaб, гул япрoғигa ўрaгaн ҳoлдa нoзик ниҳoл вa ҳaқиқaтгўй, oчиқ-кўнгиллик билaн мени вoягa еткaздингиз.

Меҳрибоним вoлидaм, менгa бўлмaсa ҳaм мaйли, мaнa шу бoлaм ўксимaсин, дўст-дугoнaлaридaн кaм бўлмaсин,- дея кечaю-кундуз мен учун қилгaн меҳнaтлaрингиз ҳaққини қaндaй aдo этaй? Сизнинг мaнa шундaй жoнкуярлигингиз қиёсини ҳеч нарса билан тенглаштира олмайман.  Сиз барчадан улуғ вa мўътaбaр зoт экaнингизни ич-ичимдан ҳис этаман. Сизнинг борлигингиз учун Яратганга чексиз ҳамду санолар айтаман.

Oнaжoним, Сизни ҳaққин-гизгa қaнчa илиқ сўзлар айтсам ҳам камлик қилади. Axир, сиз эмaсми, мени шу дaрaжагa еткaзгaн. Axир, сиз эмaсми, мен учун рўё бўлгaн дунёлaрдaн бу дунёгa келтиргaн.

Axир, сиз эмaсми, менинг нoзик қaлбимгa меҳр гуллaрини қaдaгaн.

Тўғри, шу пaйтгaчa пoк, меҳр билaн тўлдирилгaн қaлбингизгa кўп мaрoтaбa oзoр бергaнмaн. Лекин, кечирим сўрaй oлмaгaнмaн. Бунинг учун мен - нодон қизингиз сиздан минг-минг бора узр сўрайман. Aгaр сиз мендaн рaнжисaнгиз, хaёллaрим денгизидa бургутдек елиб борaётгaн кемa чўкиб бoрaди, гўё. Чунки ўша кеманинг елкaни сизнинг меҳрингиз мaтoсидaн тикилгaндир.

Мени авайлашингизни гул вa унинг бaргигa қиёс этaмaн. Зерo, мен бир гулмaн, сиз эсa мени ғубoру-гaрдлaрдaн асрагувчи ҳимоячимсиз.

 Борингизга шукр, Онажон!!!

Хуршидахон АЪЗАМЖОНОВА,

 

АДУ Хорижий тиллар факультети талабаси.

ВИДО

(39- сон, 2016 й. кечинма)

Хотиралар мудом бизни тарк этмайди. Улар аччиқ, қалбга озор беради.     Қувончли кунимизда ҳам юрагимизнинг бир четини кемиради. Сиз ҳам ана шундай аччиқ хотираларимда яшайсиз. Муҳаббатимиз сўнги айрилиқ бекатига етиб келган. Бироқ сиз яна қўнғироқ қилдингиз. Ахир сиз эмасми мени унут, ўзга орзулар билан яша, мени бошқа безовта қилма деган, ҳудди мана шу   дилга озор етказувчи сўзлар билан видолашган. Энди эса бахтим ўзга билан боғланаётган бир пайтда қўнғироқ қилдингиз. Сўзларимга ишонмадингиз. Мени ўзга билан тасаввурингизга сиғдиролмадингиз.

Нега энди? Мени ўзга қўлларга, ўзга манзилларга топшириб қўйиб, энди афсусланяпсизми? Энди кеч, сизни хаёлан ўйлашга ҳам ҳаққим йўқ, мумкин ҳам эмас. Албатта, мумкин бўлмайди-да, ахир энди ўзганинг ёри, ўзганинг ҳасму-ҳалолиман. Мен ҳам афсусландим, фақат Сизга ишониб, Сизни интизор кутганимга ачиндим, Сиздек ожиз инсонни севганимга ўз-ўзимни кечира олмадим.

Хайр, алвидо! Бошқа қўнғироқ қилманг, янги орзулар тузинг. Фақат сиздан илтимос, яна бошқа юракни ўзингизга боғлаб, зинҳор ташлаб кета кўрманг. Бу гал севгилингиз қўлидан маҳкам тутинг, токи яна афсуслар чекиб, бир инсоннинг бахтсизлигига сабаб бўлиб қолманг.

Азизим демоққа энди ҳаққим йўқ,

Мен ўзганинг қадрдониман.

Меҳрим пойингизга сочилган хазон,

Энди боғлар гулистониман.

 Малика ТУРСУНОВА.

«МЕН БУЮК ЮРТ ФАРЗАНДИМАН!»

(Янги китоб)

Шоирлик касб эмас, бу кўнгил иши. Шу боис ҳам шеъриятга бўлган иштиёқ ҳеч қачон сўнмайди ва бу ҳеч бир мажбуриятсиз қўлга қалам тутиб ёзишга ундайверади.

Вилоятимизда эса бу каби иштиёқмандлар талайгина. Асакалик ёш ижодкор Шоҳсанам Эргашева ҳам болалик пайтиданоқ шеърлар машқ қила бошлаган. Унинг ижодий намуналари матбуот нашрларида чоп этиб келинмоқда. Ш. Эргашева бугунги кунда вилоят ҳамда республика кўрик-танловларида иштирок этиб, маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Яқинда унинг мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли шеърий тўплами "Истиқлол нури" нашриётида нашрдан чиқди. Ушбу мўъжаз китобга Ватан, ота-она, дўстлик, меҳр-оқибат, севги-муҳаббат ҳақидаги шеърлари киритилган бўлиб, "Нурли заминлар", "Ватан сени улуғлашга сўзим етмас", "Самарқанд", "Бардош", "Ўзбекчилик" каби шеърларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Тўпламдаги шеърий сатрлар содда ва самимийлиги билан ажралиб туради, ўқувчини фикрлашга, мулоҳаза юритишга ундайди.

Ижодкор изланишдан, ўқиб-ўрганишдан чарчамасагина унинг ёзган нарсалари янада сайқалланиб бораверади. Шоҳсанам Эргашева ҳам ушбу сўзларга амал қилган ҳолда, ижод йўлида изланиб, интилиб боришига ҳақиқий ижодкор бўлиб етишишига ишонамиз.

Ш.Эргашеванинг "Мен буюк юрт фарзандиман!" номли китоби ҳам шеърият мухлисларига манзур бўлади, деб умид қиламиз.

«Иқбол» газетаси таҳририяти.

 

СОFЛИГИНГИЗ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

(муносабат)

Мана куз фасли тугаб, аёзли қиш бошланди. Куз ойларида, ҳатто шу кунларда ҳам баъзи юртдошларимиз дарахт барглари - хазонларни, ахлат уюмларини тўплаб ёқиб юбораётганлигини учратиб турибмиз. Табиийки бу ҳолат инсонлар саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади, атроф-муҳит мусаффолиги бузилишига сабаб бўлади. 

Хазон ва ахлат уюмларини ёқишдан ҳосил бўладиган тутун, ундаги зарарли газлар кишиларда ўпка, турли аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ахлатлар таркибидаги заҳарли моддалар қонда кислород алмашинувини бузиб, асаб тизимини зарарлайди. Энг ёмони, ахлатни ёқишдан чиқадиган заҳар юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ тарқатади. Хазон тутуни атмосфера таркибидаги кислородни камайтиради. Заҳарли газлар, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастлайди.

Демак, бундан кўринадики, инсон ўз саломатлигининг ёмонлашувига биринчи галда ўзи сабабчи бўлиши мумкин экан. Шу боис, табиат, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, заҳарланишига асло йўл қўймаслигимиз лозим.   Атроф-муҳитнинг нечоғли покиза, озода бўлса, шу билан бирга, соғлом турмуш тарзига амал қилсак, саломатлигимизда муаммолар бўлмаслиги аниқ.

 

Олеся РОГОЖНИКОВА,

 

АДТИ қошидаги академик лицей ўқитувчиси.

МЎЪЖИЗАКОР ЛИМОН

(Шифобахш неъматлар)

Лимон мeвалар ичида энг мўъжизакори ҳисобланади. Шунданми, бу мeванинг инсон саломатлигида тутган ўрни бeқиёсдир. Айниқса, нафас йўли, томоқ касалликлари ва вирусли инфeкцияларда ниҳоятда фойдалидир.

Лимон таркибида C витамини кўплиги боис, иммунитeтнинг организмдаги инфeкцияларга қарши курашиш қобилиятини кучайтиради. Қолавeрса, лимон юрак мускули тонусига ижобий таъсир кўрсатади, қон ва қон томири дeворларини мустаҳкамлайди, қон томирлари атeросклeрози ва томирда холeстирин пилакчалари билан тиқилиб қолишининг олдини олади. Лимонни шакарсиз истeъмол қилиш кўпроқ фойда бeради. Шунда у ўзининг фойдали хусусиятини йўқотмайди. Асаб толиққанда, чарчаганда лимонни қайта-қайта ҳидлаш кайфиятни кўтаради, юракка қувват бағишлайди.

Аммо лимоннинг эти мeъдага зарарли. Шу боис, мeва ва унинг шарбати гастрит касаллигига учраган бeмор-ларга тавсия этилмайди.

Лимоннинг асл ватани Ҳиндистондаги Ҳимолай тоғлари бўлиб, у ердан  дунёнинг      бошқа ўлкаларига тарқалган.

Кавказ халқларида лимон ҳақида шундай ривоят мавжуд: Қадим даврларда шоҳлардан бирининг хизматкори хатоси учун жазоланибди. Дарғазаб бўлган шоҳ хизматкорни зиндонга ташлашни ва унга фақат бир хил таом бeришни буюрибди. Қандай таомни, дeб сўрашганида шоҳ ўзи танласин, дeбди. Асир лимон бeришларини илтимос қилибди ва ҳайрон бўлган посбонларга айтибди: "Лимоннинг ҳиди руҳимни кўтаради, пўсти ва уруғлари юрагимга қувват бўлади, бўлаклари озуқа ўрнини тўлдиради, шарбати эса    чанқоғимни босади". Бундан кўринадики, лимоннинг шифобахшлиги азалдан маълум бўлган.

 

Моҳичеҳра ҲАМИДОВА тайёрлади.

ТАРFИБОТ ИШЛАРИ КУЧАЙТИРИЛМОҚДА

(1 декабрь - Жаҳон СПИД (ОИТС) га Қарши кураш куни )

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил       7 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2013 йил 22 августда маъқулланган "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ҳамда "Ўзбекистон Республикасида 2013-2017 йилларда ОИВ инфекцияси   тарқалишига қарши курашиш стратегик дастури" ижросини таъминлаш борасида Андижон вилоятида, хусусан, вилоят     ОИТСга қарши кураш маркази томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида муайян ишлар амалга оширилди.

 Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда ОИВ инфекцияси дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олган. Мамлакатимизда ана шу хавфнинг олдини олиш, унга қарши кураш чораларини ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш ва тизимли олиб борилишини таъминлаш борасида вилоят ОИТСга қарши кураш маркази томонидан мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда.

Айни кунда Марказ томонидан  ички ишлар, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими, ФҲДЁ бўлимлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кенг-кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида ОИТСнинг келиб чиқиши, тарқалиши, унинг олдини олишга қаратилган суҳбатлар, учрашувлар, шунингдек, касалликнинг юқиш хавфи юқори бўлган аҳоли гуруҳлари, ёшлар ўртасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Вилоятдаги барча маҳаллаларда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда маҳалла фаоллари, хорижда бўлиб қайтган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ОИТС хасталигининг олдини олиш мавзусида 2 мингдан зиёд турли тадбирлар, шунингдек, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида "Сиз ОИТС ҳақида биласизми?" мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларининг соғлом турмуш тарзи фани ўқитувчилари ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ҳамда мактабларнинг юқори синф ўқувчиларига ОИТС хасталиги, уни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида зарур маълумот ва билимлар берилмоқда. Ана шу тадбирлар доирасида иштирокчиларга кўплаб адабиётлар, буклетлар тарқатилди, кинофильмлар намойиш этилди.

- Хорижий давлатларда узоқ муддат бўлиб қайтган фуқароларимизда касалликни юқтириш хавфи юқори, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош врачи Баҳодир Йўлдошев. -  Шу боис, чет элларда узоқ муддат бўлиб қайтган фуқароларимиз дастлабки кунларданоқ тиббий кўрикдан ўтишлари йўлга қўйилган. Бу касалликнинг ташқаридан оилага кириб келишининг олдини олади ҳамда ҳудуддаги эпедемик вазият барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Юқоридаги саъй-ҳаракатлар мазкур йўналишдаги    тарғибот ишлари самарадорлигини оширмоқда. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ОИТС ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги тушунчаларини, шунингдек,  соғлом турмуш тарзи борасидаги билимларини мустаҳкамламоқда.

Марказ мутахассислари томонидан вокзал, аэропорт, бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда ҳам кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, самолётларнинг учиши олдидан хорижга кетаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатлар ўтказилиши йўлга қўйилганлиги, уларга ОИТСнинг     аянчли оқибатларини намойиш этувчи буклетларнинг тарқатилиши аҳолининг ҳушёрлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, аср вабоси саналган ОИТС хасталиги келиб чиқишининг олдини олиш, ушбу касаллик, унинг   оқибатлари ҳақида фуқароларга кенг маълумотлар бериш борасида  вилоятимизда самарали ишлар олиб борилмоқда.                           

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

"БИЗ - ОИТСГА ҚАРШИМИЗ"

Андижон давлат университетида ана шу мавзуда семинар бўлиб ўтди.

1 декабрь - ОИТСга қарши Халқаро кураш куни муносабати билан вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда АДУ "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар иштирок этиб, мавзу доирасида ўзаро фикр алмашдилар.

Тадбирда глобал муаммога айланган ушбу хасталикнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш, бемор фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасидаги тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази шифокор ва мутахассислари томонидан мавзу доирасида маърузалар ўқилди. Касаллик, унинг профилактикаси хусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Талабалар ижросидаги касалликнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган саҳна кўринишлари барчада катта таассурот қолдирди.

- Бугунги кунда Спид/ОИТС касаллиги глобал муаммога айланган, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори ўринбосари Баҳодир Fаниев. - Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзидаги 34 миллион нафар киши аср вабоси деб номланган ушбу касалликдан азият чекмоқда. Ҳар йили уларнинг сафига яна 2 млн. 700 минг киши қўшилиб бормоқда. Ушбу офат дунёдаги бирор бир мамлакатни четлаб ўтгани йўқ. Минг афсуски, юртимизда ҳам ОИТС инфекцияси хасталигига чалинганлар йўқ эмас. Ана шундан келиб чиқиб, тарғибот ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда мутахассис ва иштирокчилар томонидан тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш ҳақида таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга мавзуга оид буклетлар, кўргазмали воситалар тарқатилди.

Жанона МАМАДАЛИЕВА,

Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси.