+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

Андижон педагогика коллежида "Иқбол" газетаси таҳририяти ҳамда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими    бошқармаси ҳамкорлигида "Соғлом ҳаёт - соғлом келажак" мавзусида семинар ўтказилди.

"Иқбол" газетаси таҳририяти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида амалга оширилаётган "Соғлом турмуш тарзи - саломатлигимиз гарови"      лойиҳаси асосида ўтказилган ушбу семинарда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, шифокорлар иштирок этиб, мавзу доирасида фикр алмашдилар.

Тадбирда сўз олган коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Х. Алижонова, психолог Г. Fаниева, "Иқбол" газетаси муҳаррири Ф. Ибайдуллаев ўқувчилар ўртасида  соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб этиш масаласининг долзарблиги ва аҳамияти, лойиҳа ва семинарнинг мақсад ва вазифалари хусусида атрофлича гапирдилар.

Шундан сўнгра "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши қошидаги "Ўқув-услубий марказ" нодавлат таълим маркази вилоят координатори О. Тожиаҳмедова, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Ж. Мамадалиеванинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди.

Семинар давомида маърузалар, умуман, мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Якунда семинарда фаол иштирок этган бир гуруҳ ўқувчиларга таҳририятнинг эсдалик совғалари -  соғлом турмуш тарзи, саломатликка оид адабиётлар тўплами тақдим этилди. Барча иштирокчиларга "Иқбол" газетасининг махсус сонлари ва буклетлар тарқатилди.

Тадбир ўқувчи ёшларнинг соғлом турмуш тарзига оид билимлари, тиббий маданияти ва саводхонлигини юксалтиришга хизмат қилди.

 

 

Зилола РАҲМОНОВА.

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ УЧУН ОВОЗ БЕРАМАН

(Муносабат)

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: "Эй болам, сенинг Ватанинг битта - барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболарингнинг ҳоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат, сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам ана шу бурчингни нечоғлик адо этишингга боғлиқ" деб айтган сўзлари ҳамиша мени фаолликка, масъулият билан яшашга ундайди.

Бугун Ўзбекистонда мен каби миллионлаб ёшлар янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилиб вояга етмоқда. Дунёда, юртимизда юз бераётган воқеа-ҳодисалар бизларни ҳеч вақт бефарқ қолдирмайди. Оммавий ахборот воситалари орқали жаҳондаги кўплаб мамлакатларда биз каби ёшларнинг ишсизлик, бошпанасизлик, қашшоқликдан азоб чекаётганликларини кўриб, эшитиб, Ўзбекистондек бағрикенг Ватанда туғилганимдан фахрланаман. Юртимизда биз ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг эса чегараси йўқ.

Бу йил 18 ёшга тўлдим.     Конституциямизнинг 117-моддасида белгилаб қўйилган ҳуқуқларимга асосан, биринчи марта 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашаман. Ватаним тақдирини ўз тақдирим, деб билиб, ушбу муҳим сиёсий тадбирда Ўзбекистоннинг эртасини янада ёруғ бўлишига хизмат қиладиган энг муносиб номзод учун овоз бераман.

 

Мавлуда АЗИМОВА,

 Балиқчи индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси.

 

АНДИЖОНЛИКЛАР FОЛИБ БЎЛДИ

(Танлов)

Фарғона политехника институтида ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Қувноқлар ва зукколар" республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Танловда Қўқон қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Хўқанди латиф", Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежининг "Амакиваччалар", Асака иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг "Бойвачча" ҳамда Наманган тиббиёт коллежининг "Нарқоз" жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Иштирокчилар хазил-мутойиба, қизиқарли саҳна кўринишлари асосида белгиланган учта шарт бўйича ўз иқтидор ва маҳоратларини намойиш этдилар. Якуний натижаларга кўра, "Амакиваччалар" жамоаси ғолиб деб топилиб, танловнинг республика финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

-  Ўзига хос кулгу байрамига жиддий тайёргарлик кўрган ўн бир нафар йигит-қиздан иборат коллежимиз жамоасининг танловда  ғолиб бўлганлиги барчамизни қувонтиради, - дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўинбосари  М. Қосимова. - Жамоа ғалабасига фаол қизларимиздан Зулхумор Нўъмонжонова, Фарангиз Абубакирова муносиб ҳисса қўшганлигини алоҳида эътироф этиш керак.

Дарҳақиқат, эришилган ғалабага нафақат, қизларимиз, балки ҳар бир жамоа аъзосининг алоҳида хизмати бор. Қолаверса, мазкур муваффақият коллеж маъмурияти, педагогик жамоаси томонидан таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва ўқувчилар фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар маҳсулидир.

Ўқувчиларимизга танловнинг республика босқичида ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.

Мавжуда РИЗАЕВА,

 

Андижон машинасозлик коллежи ўқитувчиси.

САЙЛОВДА ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАДИ

(4 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни) 

Андижон давлат университетида "Ўзбекистон Республикасида аёллар сайлов ҳуқуқларининг кафолотлари" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Андижон вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган ва олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, корхона, ташкилот ва муассасалар хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, талаба ёшлар қатнашган мазкур тадбирда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик, ушбу сиёсий жараёнда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Сайловда 994 минг нафарга яқин андижонлик хотин-қизларнинг овоз бериши кўзда тутилган, - дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. Сайловга саноқли кунлар қолган айни дамда опа-сингилларимизнинг ушбу жараёнда фаол иштирок этишини, сайловни очиқ-ошкора ва қонунийлик асосида ўтишини таъминлаш борасида кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, шу кунларда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, унинг туман ва шаҳар тузилмалари ва бошланғич ташкилотлари томонидан "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти, сайловларда иштирок этадиган хотин-қизларнинг, айниқса, сайловда илк бор қатнашадиган ёшларнинг бу борадаги билим ва тушунчларини     бойитишга қаратилган мулоқот, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилаётганлиги уларнинг сайлов ҳуқуқи борасидаги саводхонлигини, бурч ва масъулиятларини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, семинарда 5278 нафар хотин-қиз, жумладан, 1083 нафар бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси участка сайлов комиссиялари раҳбари, аъзоси сифатида сайлов кампанияси жараёнидаги тарғибот ишларида фаол қатнашаётганлиги таъкидланди.

Семинарда мавзу доирасида маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.

 

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРИМИЗДА

(Маслаҳатчилар фаолиятидан)

Андижон шаҳридаги Ҳамдўстлик маҳалла фуқаролар йиғини барча йўналишлари бўйича намунали фаолият олиб бораётган маҳаллалардан биридир. Эришилаётган муваффақиятларда эса маҳалла етакчилари ва фаоллари, айниқса, маслаҳатчининг алоҳида хизматлари бор.

Ҳамдўстлик маҳалласи Андижон шаҳрининг гавжум Эски шаҳар ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг кўрки, қиёфаси кундан-кунга чирой очмоқда. Маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 4420 нафар аҳолининг деярли ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла маслаҳатчиси Зулфизар Қосимова ва унинг атрофига уюшган фаол аёллар ҳар бир оила, ҳар бир хотин-қизнинг қувончу ташвишига шерик. Уларнинг ташаббуси билан тўй-маъракалар, турли маросимлар ҳамжиҳатликда, уюшқоқликда ўтмоқда.

  Миллатимизга хос бўлган одамларга меҳр улашиш, кам таъминланганлар ва кексаларни ардоқлаш, имкони борича уларга ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёш оилалар  мустаҳкамлиги, қайнона-келин ўртасидаги муносабатлар самимийлигини таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бу албатта, маҳалла аҳли фаоллигини оширмоқда. Шу ўринда  5 нафар келинчакдан иборат маҳалла жамоаси "Маҳалла маликалари" кўрик-танловининг шаҳар босқичида фахрли 1- ўринга сазовор бўлганлигини айтиб ўтиш ўринли.

- "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, оналар ва болалар саломатлиги доимий эътиборимизда, - дейди маслаҳатчи З. Қосимова. - "Саломатлик сектори" аъзолари шифокорлар билан ҳамкорликда хомиладор аёллар, ўсмир ёшдаги  йигит-қизлар, кексалар ва ногиронларнинг       соғлигини назоратга олганлар. "Саломатлик-туман бойлик", "Эрта никоҳларга йўл қўймайлик", "Соғлом турмуш тарзи - соғлом келажагимиз асоси" сингари мавзуларда ўтказилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари ижобий натижалар бермоқда.

 Дарҳақиқат, маҳаллада юқоридаги каби, қолаверса, ёш оила қурувчиларга тиббий кўрикнинг аҳамияти, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, ёшларнинг турли иллатлар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолиши сингари салбий ҳолатларнинг  олдини олиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.

Зулфизар Қосимова ўз ишига масъулият билан ёндошади. Шу боис ҳам мавжуд муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатади, мурожаат қилганларга имкон қадар ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади.  Ҳар бир ишда маҳалла раиси Соҳибжон Комилжонов, сардор Музаффаржон Тошматов ҳамда маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат иш юритади.

 Фаол, ташаббускор ва самарали фаолияти билан З. Қосимова "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг шаҳар   босқичида фахрли 2- ўринни эгаллади.

Зулфизар Қосимова нафақат маҳалла аҳли орасида ҳурмат ва эътибор топган, балки намунали уй бекаси, фарзандларининг меҳрибон онаси сифатида ҳам кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Муштарий КАТТАБОЕВА,

жамоатчи мухбир.

Сен менинг онамсан - эй, Ўзбекистон!

Энг азиз, муқаддас, мукаррам ўзинг,

Мен учун ягона мўътабар Ватан.

Қайда бор сендайин яшнаган бўстон,

Қайда бор сендайин гуллаган чаман?!

 

Яшнагай гул боғлар, кўчалар обод,

Бинолар қурилар осмонни ўпар.

Бизларга бегона ҳар қандай хатар,

Йўлимиз нурафшон, бахт эшик очар.

 

Fуруринг юксалди, шаънинг юксалди,

Fалаба қозондинг катта майдонда.

Ҳамроҳ бўлди доим ота дуоси,

Довруғинг достонлар бўлди жаҳонда.

 

Тупрођинг жаннатдан эрур бир парча,

Бағрингда бахтиёр, одамлар шодон.

Ахил, иноқликда яшайди барча,

Сен менинг онамсан - эй, Ўзбекистон!

 

Баҳодиржон УСМОНОВ, Андижон шаҳри.

Ўзбегим дўпписи

Пилва - мўъжаз шаҳарча. Атрофи ўрмонзор. Гўё денгиз ўртасидаги кичик оролга ўхшайди. Шаҳар атрофидаги кўз илғамас игна баргли ям-яшил ўрмонга боқиб тўймайсан киши. Ҳарбий хизматни шу ерда ўтар эдим. Август ойи. Командиримиз мени ҳузурига чақирди.

- Ўзбекистондан сени кўргани отанг, аканг келишибди. Рухсат бераман, бориб учрашасан, - деди жуда самимий оҳангда. Беҳад қувондим. Хизмат қилаётган жойимдан Соликамск шаҳрига самолётда учиб келдим. Не кўз билан кўрайки, меҳмонхона олдидаги арчалар ёнида отам, акам мени интизорлик билан кутиб туришарди. Севинганимдан жуда хаяжонланиб кетдим. Юрагим ховлиқарди. Кўзимга ёш олдим. Бутун диққатимни отамнинг салобати-ю, акамнинг юз-кўзлари ўзига тортарди. Отам кенг елкали, бошида "Анжон" дўпписи, оёғида этик, эгнида янги костюм-шим, кўкрак нишонлари ярқираб турарди. Хушчақчақ, кулишлари бир олам, йўл азобини билинтирмас, ҳорғинлигини сездирмас эди. Акам Неъматжон озғинроқ, чарчаган кўринарди. Унинг бошида ҳам "Анжон" дўпписи. Уччовимиз меҳмонхонага жойлашдик. Кўк чой ичиб, дилдан суҳбатлашдик. Яхши дам олдик. Сутдек оппоқ тонг отди. Нонуштадан сўнг шаҳар айлангани чиқдик. Ота-бола бирин-кетин шаҳарни томоша қилиб борардик. Сап-сариқ "Волга"ни бошқариб бораётган рус шофёри сигнал чалиб, кулимсираб "Ачаломелей", - деди бизларга ҳайратомуз боқиб. Шунда отам:

"Ҳа, шўпир-ей, ўзбеклигимизни дўппимиздан билдия", - деди кулимсираб. Ҳақиқатдан шофёр отамни, акамни дўпписидан таниб "Ассалому алайкум" сўзини тўғри талаффуз қилолмай, уларни хуш келибсиз юртимизга, шаҳримизга дегандай эди.

Суратхонага кириб расмга тушдик. Мен ҳарбий кийимда. Отам, акамнинг бошида "Анжон" дўппи. Сурат жуда чиройли чиқди. Бу нодир эсдалик расмни ҳамон кўз қорачиғимдай сақлайман. Менга рус шофёрининг гаплари, отамнинг қишлоқча содда сўзлари, кўзи, қуюқ қоши, "ўзбеклигимизни дўппимиздан таниди-я", - деган гапи ҳали-ҳали, шу бугунгидай қулоғимга эшитилиб туради. Мен рус шофёрининг гапларидан қувондим. Юртим, халқим, ўзбегим, отам ва акам билан чексиз фахрландим. Шоир Эркин Воҳидов ёзганидек:

Қайга бормай, бошда дўппим,

Шуҳратим, қадрим буюк.

Олам узра номи кетган,

Ўзбекистон, ўзбегим.

Ҳа, бугунги кунда ўзбек дўпписининг Андижон, Фарғона, Наманган, Марғилон сингари турлари, бичими, ўзига хос ва мос гули бор. Дўппидаги тўртта гул тўрт мучангиз соғ бўлсин. Тоғ мисоли оқ гуллари эса серфарзанд бўлинг, деган маъно англатишини дўппидўз аёллардан қизиқиб сўраб билдим.

Ўзбек дўпписи - миллатимизнинг фахри. Чеварларимизнинг моҳирона санъат намунаси. Юртимизга ташриф буюришган азиз меҳмонларга нон-туз тутиб, бошига ўзбек дўпписини кийдиришимиз, совға қилишимизнинг боиси ҳам мана шунда. Бугунги кунда Андижон, Булоқбоши, Хўжаобод, Марғилон бозорларидаги қати бузилмаган ўзбек дўппиларини кўриб, кўз қувонади. Чеварларнинг тоқати-ю, шуҳратини оламга кўз-кўз қилаётганлигидан беҳад қувониб кетасан киши.

Мустақиллик миллий қадрият ва анъаналаримизга кенг йўл очиб берди. Ўзбек дўпписининг шуҳрати, таърифи анча баланд. Мен ўзбек дўпписи кийган азиз инсонларни кўрсам, уларга ҳавас билан боқаман. Андижон дўпписига эса ихлосим баланд. Ўзбек дўпписини кийиб, чеварлар меҳнатини, каштачилик санъатини бошимдан юқори олиб юргайман!

Одилжон ҚОДИРОВ.

 

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ ВА ҲИКМАТИ

Саломлашиш миллий қадриятларимизнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. "Ассалому алайкум" ибораси ҳар қандай кишига жозибали ва жарангдор эшитилиши аниқ. Бу иборани айтиш билан сизга пешвоз чиқаётган инсоннинг кайфиятини, руҳиятини кўтарасиз, қалбига хушнудлик бахш этасиз.

"Ассалому алайкум" асли арабча сўз бўлиб, "сизга соғлик, омонлик, тинчлик тилайман" деган маънони англатади. Кишиларнинг саломлашиш орқали ўзаро самимий бўлиши, бир-бирларига яхшилик тилаши дунёдаги барча халқларга хос жиҳатдир. Гарчи уларнинг айтилиши ва ёзилиши турли хил бўлса-да, маъно ва моҳияти ўхшаш.

Саломлашиш бекаму кўст адо этилса, унинг таъсири шу қадар кучли бўлади. Салом берувчи ва алик олувчи саломлашиш қоидаларини тўла ва чиройли адо этишлари эса киши одоб-ахлоқини кўрсатувчи гўзал зийнат ҳисобланади.

Лекин бугун ҳаётни, айниқса, ёшларнинг ўзаро муносабатларини кузатиб, саломлашишдек гўзал қадриятимизга бироз соя тушаётгандек назаримда. Кимдир салом берса, кимдир саломга алик олмаслиги ёки тушунарсиз ёҳуд "саломалейкум" тарзида бузиб айтилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганлиги кўпчиликни ташвишга солиши аниқ. Эътиборсизлик, саломи жавобсиз қолган ёки одобсизлик билан олинган алик ҳар қандай кишининг кайфиятини бузиши аниқ. Саломга алик олмаган киши ҳақида эса турли гумон ва салбий фикрлар шаклланади. Қолаверса, салом бермаслик ёки алик олмаслик кишилар орасидаги дўстона муносабатнинг бузилганлигини англатади.

Халқимизда "Жанжаллашиб қолган одамларни салом-алик муросага келтиради" деган гап бежиз айтилмаган. Ота-боболаримиз салом-алик ҳамиша биринчи ўринга қўйганлар, яқинми, узоқми, таниш ёки нотаниш бўлишларидан қатъи назар саломни канда қилмаганлар.

Шариатимизда ҳам саломлашиш, саломлашиш одоби ҳақида жуда кўп гапирилади. Жумладан, салом берган одам ҳам, алик олган одам ҳам ўз зиммасидаги фарзни бажарган бўлиб, савоб олар экан. Агар улардан бири узрсиз салом беролмай ёки алик ололмай қолса, унга гуноҳ ёзилиб, савоби салом берган ёки алик олган одамга ёзилар экан.

Куръони карим ва ҳадисларда озчилик кўпчиликка, кичик каттага, уловдаги киши яёв бораётган одамга аввал салом бериш афзаллиги айтилади. Озчиликнинг кўпчиликка, кичикнинг каттага аввал салом бериши ҳурматни билдиради.

Саҳобалар пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан "Ё расулуллоҳ, ким олдин салом бергани маъқул?" деб сўраганларида, ул зот "Кимнинг Худодан умиди кўп бўлса, шу олдин салом берган яхши", дея жавоб берган эканлар.

Саломлашиш соф ва тўғри талаффуз асосида бўлиши керак. Умуман, саломлашишда ҳикмат кўп. Минг афсуски, бугунги кунда баъзи ёшларимиз буни у қадар ҳис қилмаяптилар. Очиғи, уларнинг ғалати ҳолатларлардаги кўришишлари, турли-туман сўзларни айтиб сўрашишларидан энсамиз қотади.

Азиз ёшлар унутмайлик, юқорида таъкидлаганимиздек саломлашиш одоб-ахлоқимизнинг, маънавиятимизнинг бир кўринишидир. Шундай экан, гўзал талафузда, кўринишда саломлашайлик. Дўстларимизга, яқинларимизга тинчлик, омонлик тилашдан асло чарчамайлик.

Маъмурахон БОЗОРОВА,

Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 2-сон академик лицей ўқитувчиси.

КЕКСАЛАРНИНГ БОРЛИГИ - БАХТИМИЗ

Инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик - буларнинг барчаси умуминсоний қадриятлари. Ушбу қадриятларнинг миллий анъана, урф-одатларимиз билан янада гўзал эканилиги қалбимни фахрга тўлдиради. Инсон қадр-қимматини улуғловчи, одоб аҳлоқини мукаммал бўлишига хизмат қилувчи ўзига хос удумларимиз борки, уларни эъзозлаш, асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Халқимиз оилани муқаддас билади. Боиси, оила -- энг яқин ва азиз инсонларимиз яшайдиган, ўзига хос қадриятлар шаклланадиган, эртамиз эгалари, келажагимиз ворислари камол топадиган улуғ маскан. Оила кексалари эса тарбия беришда энг оқил ва одил инсонлардир. Уларнинг борлиги бахтимиз.

... Собир ота ҳам умри давомида эл-юрт ишига камарбаста бўлди. Оиласини ҳалол меҳнати билан боқди. Фарзандларини меҳр-оқибатли, диёнатли, яхшиликка интилувчан қилиб тарбиялади, юртпарвар бўлишга ундади. Бу борада унга ота-онаси ёрдам берди. Ўғли Алишер атак-чечак қилиб тетапоя қила бошлаган пайтдаёқ бобоси ва бувиси ёнига олди. Набиралари улғайиб борган сари унинг қалбига барча инсоний фазилатларни сингдириб бордилар. Алишер мактабда, коллежда, олий билим даргоҳида аъло баҳоларга ўқиди. Изланди, ўрганди, яхши мутахассис, жамиятда ўз ўрнига эга инсон бўлиб улғайди.

Бугун эса Собир ота -- ўзи бобо. Ўғлининг оилада яхши фарзанд, яхши, турмуш ўртоқ, яхши ота бўлганидан, жамиятда эса ўз ўрнига эга етук мутахассис эканлигидан фахрланади. Тарбия борасида раҳматли ота-онаси ўгитларини асло унутмайди. Энди у ҳам набираларига ота-онасидай меҳр, тарбия бермоқда.

Оила ана шундай анъаналар давомийлигини таъминлайдиган тарбия маскани эканлиги билан ҳам қадрлидир. Оилада кексаларнинг борлиги эса бахтимиз. Уларнинг бизларга ибрат бўладиган ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларга ўхшашга ҳаракат қилиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак.

Эргашой ЖЎРАЕВА,

Марҳамат тумани.

ОЛТИН ОЛМА, ДУО ОЛ

(Фикр)

Тарихдан маълумки, илм-маърифатга кенг йўл очилган, инсон қадр-қиммати юксакларга кўтарилган, айниқса, кексалари эъзозлаган, юрт юксак даражада тараққий этган, ана шу юртда ҳамиша тинчлик-осойишталик ҳукм сурган.

Чунки илм-маърифат инсон тафаккурини юксалтиради, илм-маърифатга ошно инсонлар эса янгиликка интилади, бунёдкорлик ишлари билан банд бўлади. Тинчлик-осойишталик туфайли одамлар эркин меҳнат қилади, деҳқончилик, ҳунармандчилик юксалади, юртда мўл-кўлчилик бўлади, қадри баланд кексаларнинг дуолари эса ўша заминга қут-барака келтиради.

Бугун озод ва обод юртимизда илм-маърифат юксалмоқда, айниқса, биз ёшларнинг пухта билим олишимиз, ўз имкониятларимизни юзага чиқаришимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Тадбиркорлик, ҳунамандчилик билан шуғулланаман, деган киши ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Фуқароларимизга, хусусан, кексаларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади.

Ҳар бир маҳаллада истиқомат қилаётган ёши улуғ онахон-у отахонларимиз, бахт ва иқболимизни, юрт тинчлигини тилаб, дуо қиладилар. Улар бор экан, уйларимиз нурли, ҳаётмиз файзли, йўлларимиз нурафшондир.

Биз ёшлар мана шундай бағрикенг юртнинг фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз, Ватанга бўлган муҳаббатни қалбан ҳис этиш, кексаларнинг ўгитларига амал қилиш, ўқиб-ўрганиш, танлаган соҳамиз бўйича юксак мақсадларни кўзлаб олға интилиш бизнинг асосий бурчимиз эканлигини яхши англаймиз. Қолаверса, ёши улуғ инсонларга иззат-икром кўрсатиш, уларнинг холидан хабар олиб туриш, доим хизматларида бўлиб, дуоларини олишга интиламиз. Зеро, халқимизда "Олтин олма дуо ол", деган нақл бежиз айтилмаган.

Ирода ХАЛИЛОВА,

Улуғнор тумани.