Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
" Қарздор (бўлиб юриш)лик киши ақидасининг гўзал эмаслигидандир"
(52- сон, 2016 й.) ҲАДИС
Шарҳ: инсоний муносабатларда қарз, олди-берди қилиш табиий ҳолат ҳисобланади. Бу муҳим масалада қарз олувчининг ҳам, қарз берувчининг ҳам ўзига хос масъулиятлари бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга мурожаат қилиб: "Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!..." (Бақара сураси, 282-оят) деб амр қилган. Ана шу оятда қарз олди-бердисининг тартиблари батафсил баён этилган. Кишилар оят ва ҳадис мазмунидан келиб чиқиб, қарзга оид масалада икки муҳим жиҳатга эътибор қаратганлар.
Биринчидан, қарз берувчи берган маблағи эвазига ҳар қандай кўринишдаги моддий ва маънавий манфаатдорликни кўзламаслиги керак. Акс ҳолда, у қарздорга нисбатан зулм қилган бўлади ва ғараз-гўйлик билан ундирилган маблағ рибога айланиши эҳтимолдан узоқ эмас. Зулм ҳам, рибохўрлик ҳам катта гуноҳлар сирасига киради. Бундай хатти ҳаракат учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жазо муқаррардир.
Иккинчидан, қарз олувчи қарзини ўз вақтида кам-кўстсиз қайтариши керак. Бунга лоқайд бўлиб, бесабаб чўзиб юрмаслиги, олишдан олдин қайтариб беришга қодир эканлигига амин бўлиши, бировнинг моли бўйнидаги омонат эканини унутмаслиги зарур. Зеро, ҳадисда таъкидланганидек, қарздор бўлиб юриш диндор киши учун иснод келтирадиган иллат эканлигини унутмаслигимиз керак.
Олинган қарзни ўз вақтида ёки муддатидан илгарироқ қайтариш ҳайрли ишдир.
Муқаддас динимиз бандаларни хасадгўйликдан қайтаради. Анас (р.а.)дан шундай ривоят келтирилади: "Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир-бирингиздан узилманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар, нафрат-адоватда бўлманглар, ўзаро ҳасад қилманглар" дея таъкидлаганлар.
Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон учун биродарини уч кундан ортиқ тарк қилиши ҳалол бўлмайди", дедилар" (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, ҳасадгўйлик динимизда қораланади. Ҳасад икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийга бўлинади. Ҳақиқий ҳасад - Аллоҳ бир кишига берган бойлик, илм ёки бирор яхшиликни кўриб, унга ўзи эришмаса-да, ўша киши эришган нарсалар ундан мусово бўлишликни хоҳлашидир. Бундай ҳасад қилишлик динимизда ҳаром қилинган.
Мажозий ҳасадни ҳавас маъносида тушуниш мумкин. Бундай ҳасадгўйлик қилишда киши бошқа кишилардаги неъмат улардан кетмаган ҳолда ўзида ҳам бўлишини истайди. Агар ҳасад қилаётган нарсаси дунёвий ишлар учун бўлса, албатта, уларни сўраб, Яратганга ибодат қилишлик лозим. Аллоҳ таоло айтади: "Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!" (Мутаффифун сураси, 26-оят). Бу ўринда мусобақалашиш деганда бировга зарар етказмаган ҳолда ундан ўзиб кетиш тушунилади. Зеро, дунё неъматларига эришишда бирор кишининг бошқасидан ўзиб кетиши ҳеч кимга зарар етказмаслиги, бундан одамлар, жамият наф кўриши аниқ. Шунинг учун инсон яхши ишларда мусобоқалашишга буюрилган.
Бундан ташқари, маъжозий маънодаги ҳасад хусусида Ибн Умар (р.а.) дан шундай ривоят келтирилади: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Икки нарсадан бошқасида ҳасад йўқ. (Бири) Аллоҳ таоло бир кишига мол-дунё берган ва у кеча-ю кундузи уни инфоқ қилади.(Иккинчиси) Аллоҳ таоло бир кишига Қуръонни берган ва у кеча-ю кундуз уни қоим қилади", дедилар".
Юқорида келтирилган ҳадисларда ҳасад қилиш мумкин бўлган икки ҳолат мисол тариқасида келтирилган бўлиб, ундан диний амаллар зикр этилади. Дунёвий ишларда ҳасад қилишлик масаласи эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонидан тарғиб қилинмаган.
Ҳар қандай неъмат бандага Аллоҳ томонидан берилади. Кимгадир берилган ана шу неъмат учун ҳасад қилишликдан асло фойда йўқ. Ҳасад-гўйлик инсонни залолатга, гуноҳга бошлайди. Агар ҳар бир инсон шу ҳақиқатни, яъни ҳасад қилишликдан асло наф йўқлигини англаб етса, инсонлар ўртасидаги ўзаро жанжаллар, адоватлар келиб чиқмаслиги аниқ. Шундагина улар ўзаро аҳил-иноқ яшашлари мумкин, қолаверса, жамиятда меҳр-оқибат, яхшилик, ҳавас деган эзгу амаллар бардавом бўлади.
Бир оғир хаста одам тўшакда ётарди, жойидан тура олмасди. Уни кучли ташналик қийнамоқда. Аксига олиб, уйда ҳеч ким йўқ. Ҳамма ҳар ёққа ўз иши билан чиқиб кетган. Касалнинг ноласи-ю, оҳ-воҳига ҳатто, шундоққина яқинида турган сопол кўзача ҳам чидай олмади. Аммо кўзача унга қандай қилиб етиб боришни билмасди.
- Сув беринглар... сув... ҳой ким бор? - дея ингради касал. Унинг овози борган сари сўниб борарди.
Шунда кўзача бор кучи ва иродасини ишга солиб, унинг яқинигача юмалаб борди. Хаста кўзларини очди. Чанқоғини қондириш учун кўзачани ташналикдан тарс ёрилган лабларига яқинлаштирди. Аммо кўзача ичидаги сув тўкилиб кетган эди.
Касал одам сўнги кучини тўплаб, сопол кўзачани пойгакка улоқтириб юборди. У чил-чил бўлди...
Афсус бундай ношукр кимсалар дардни енгиллатишга интилаётганларнинг қадрига етмайдилар ва сўнгги умидни ҳам қўлдан бой берадилар.
Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам?
Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
Инсон бошига иш тушмагунча, тинч ҳаётининг қадрига етмас экан. Баъзида ўйланиб қоламан. Қайси айбим учун тақдир мени бунчалар жазолади. Балки бунга эътиборсизлигим сабаб бўлгандир.
Мактубимни таҳририятга жўнатишдан олдин анча ўйландим. Кейин кўнглимдагиларни баён этсам уларни ўқиб ёки эшитганлар, ўзларига тегишли хулосани чиқариб олар, деб ўйладим.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз жуфти бор бўлади. Қиз бола вояга етганда уни сўраб-суриштирувчилар кўпаяр экан. Ўшанда энди 18 ёшга тўлгандим. Мени бир оиланинг якка-ю ёлғиз ўғлига сўраб келишди. Йигит чет давлатга бориб ишлар экан. У билан учрашдик. Уй-жойлари, оила аъзолари ота-онамга маъқул келди. Улар бой-бадавлат хонадонда кам-кўстсиз яшайди дея тузукроқ сўраб-суриштирмай тўйга рози бўлишди. Мен ҳам уларни раъйини қайтармадим.
Тўй куни ҳам белгиланди.. Барча меҳмонлар айтилган, тўйхона билан келишилган. Келин либос ҳам сотиб олинган, хуллас тўйга барча нарса тахт эди. Тўйга икки кун қолганда, уйимизга икки аёл келди. Тўйнинг ширин ташвишлари билан уларга эътибор бермагандим. Ўша икки аёл бўлажак куёвболанинг маҳалласидан экан. Маълум бўлишича, куёв бўлмиш йигит чет давлатдан қайтганида тузалмас дардга гирифтор бўлганини ота-онамга етказишибди. Шу куни тўй тўхтатилди. Ҳамманинг оғзида ҳар хил гап. Кимдир тушунади, кимдир холимга ачинади, яна бошқаси эса "фотиҳаси бузилган қиз бахтсиз бўлади" дейди.
Йигитнинг ота-онасини мен тушунаман. Улар ҳам фарзандининг бахтини ўйлашган. Бироқ менинг тақдирим-чи? Наҳот қиз боланинг қадр-қиммати йўқ бўлса? Наҳот оила пойдевори ёлғонлар асосида барпо бўлса?
Эҳтимол, тақдиримга шундай бўлишлик ёзилгандир. Нима бўлганда ҳам бундан ҳафа бўлмадим. Аксинча, кўнгилсизликнинг, ҳаётим барбод бўлиши мумкинлигининг олди олинганидан хурсанд бўлдим. Шу ўринда ота-оналарга айтардимки, қизингизни бойлик ёки орзу-ҳавас деб, сўраб-суриштирмай, қандайлигини билмаган инсон билан ҳаётини боғламанг. Азиз фарзандингизнинг орзу умидларини барбод қилманг.
Зайтун мойи ёғлар орасида энг фойдалиси ҳисобланади. Унинг ёрдамида киши ошқозон ва ичак касалликларини даволаш мумкин. Умуман, зайтун мойининг кўплаб фойдали хусусиятлари мавжуд. Зайтун мойини гўзаллик эликсири деб ҳам аташ мумкин. У терини намлантириб, рангини яхшилайди ва ажинларни йўқотади.
1. Намлантириш. Зайтун мойи нафақат терини намлантиради, балки қайта тиклайди, яллиғланган жойларни самарали даволайди. Шу сабабли мутахассислар ўта қуруқ тери соҳибларига ва териси қуёш нуридан куйганларга зайтун мойи суртишни тавсия этади.
2. Пардозни тозалаш. Агар сизнинг косметика воситаларига аллергиянгиз бўлса, унда зайтун мойидан пардозни тозаловчи восита сифатида фойдаланинг. Шунчаки пахтали тампонни мойга ботириб олиб, кўзлар устига бир неча дақиқага қўйинг. Кейин эса уқаловчи ҳаракатлар ёрдамида кўздаги бўёқларни артиб ташланг.
3. Сочларни мустаҳкамлаш. Зайтун мойи заифлашган сочларни мустаҳкамловчи энг яхши воситалардан биридир. Мойни бироз илитиб, соч илдизи ва узунлигига қараб суртинг.
4. Лаблар учун малҳам. Куз ва қиш мавсумида лаблар тез қуриб қолади, ёрилади. Лабларингизни яна аввалги ҳолатига келтириш ва лаб териси тикланиши учун бир хил миқдордаги зайтун мойи ва асалари мумини аралаштиринг. Сўнгра ана шу аралашмани кун давомида бир неча маротаба лабларингизга суртинг.
Куз-қиш ойларида аҳоли ўртасида, айниқса, болалар орасида шамоллаш ва грипп касалликлари кўпаяди. Шамоллаш касалликлари ва грипп ўткир респиратор вирусли инекциялар (ЎРВИ)гуруҳига киради. Улар кўп ҳолларда иситма, нафас тизими аъзолари фаолиятини издан чиқариш билан кечади.
Шамоллаш ва гриппга эътиборсизлик билан қараш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу касалликлар ўз вақтида даволанмаса, асоратлари бартараф этилмаса, оғир зотилжам, нафас қисиши билан кечадиган обструктив бронхитларнинг узоқ қайталаниши бронхиал астмага уларнинг олиб келади. Айниқса, бу борада болажонларимизнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Чунки, болаларнинг нимжон, ногирон бўлиб қолишлари ёки уларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларда нафас аъзолари касалликлари биринчи ўринда туради.
Аксарият кишилар шамоллаш, грипп ва зотилжам касалликлари қайси жиҳатлари билан бир-биридан фарқланишини у қадар яхши билмайдилар. Шу боис, касалликка бепарво бўлиб, шифокорга мурожаат қилмай, касалликни ўзларича даволашга уринадилар. Бу одатнинг хатарли жиҳати шундаки, ҳар қандай касаллик ёндош касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини англаб етмайдилар.
Кўп ҳолларда беморлардан "Шамоллаб қолиб, дори ичгандим. Юрагим сиқилаяпти", "Дорининг энг кучлисини ичдим. Роса терладим, бўшашиб кетаётган бўлсам-да, оёқда юрибман" сингари гапларни эшитамиз. Кишининг ўзига дори қабул қилиши у қадар тўғри эмас. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган одам, организмида озгина салбий ўзгаришни сезган заҳоти шифокорга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқдир.
Киши шамоллаш, грипп ва зотилжам касалликларини фарқлашни билиши лозим. Чунки уларнинг аломатларини билиш, касаллик авж олиб кетишининг олдини олишда зарур чоралар кўриш имконини беради. Ана шундан келиб чиқиб, қайд этилган хасталиклар бир-биридан қандай фарқланиши ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз.
ГРИПП. Тўсатдан ва кескин равишда тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши, титраш, кучли интоксикация (заҳарланиш) кўринишида намоён бўлади. Болаларда касаллик ёшига қараб фарқланади: кичик ёшдаги болаларда иштаҳа йўқолиши, ланжлик, иситма кўринишида намоён бўлса, каттароқ ёшдаги болаларда бош оғриғи, кўз олмалари соҳаси ва мушакларда оғриқлар билан, 3-4 кундан кейин эса катарал белгилар - акса уриш, тумов қўшилиши билан белги беради.
ШАМОЛЛАШ. Аста-секинлик билан бошланади ва биринчи навбатда тумов, томоқда ачишиш ҳислари, йўтал, иситма билан кечади. Иситма 38 даражагача кўтарилади. Боланинг умумий аҳволи кам ўзгаради. Шамоллаш кўп ҳолларда совуқда узоқ қолиш, енгил кийиниш, елвизак, салқин ва совуқ ичимликлар истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади.
ЗОТИЛЖАМ. Бошланғич белгилари шамоллаш ва гриппга ўхшаш бўлади. Зотилжам ўпка яллиғланиши касаллиги бўлиб, одамдан одамга юқмайди. Хасталик бактериялар ва вируслар сабаб юзага келади, организмда иммун тизими сусаяди. Зотилжамга сурункали грипп, шамоллаш, елвизакда қолиш, ўпка касалликлари асоратлари сабаб бўлиши мумкин. Агар зотилжам бошланган бўлса, йўтал ўпкадан чиқади, балғам ажралиши кучаяди, ўпкада хириллаш эшитилади. Бир ёшгача бўлган болаларда аниқланган зотилжам зудлик билан шифокор назоратида даволаниши керак.
ЎРВИ билан касалланган болаларни парваришлаш қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур:
- касал болани алоҳида хонага ётқизиш (бошқаларга юқмаслиги учун);
- хонани тез-тез шамоллатиш;
- хонани кунда 2 марта артиш, ювиш;
- идиш-товоқларни алоҳида ишлатиш, сўнгра қайноқ сув билан чайиш;
- алоҳида сочиқ ва рўмолча ишлатиши;
- даволанаётган шахс ҳар 2 соатда докали ниқобини алмаштириб туриши;
- кўп миқдорда қайнатилган, илиқ суюқликлар ичириш;
- витаминга бой енгил ҳазм бўлувчи таомлар, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши лозим.
Касалликнинг олдини олишда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:
- касал шахс билан мулоқотда бўлмаслик;
- совуқ олишдан сақланиш;
- гриппга қарши эмлатиш;
- совуқ ва салқин ичимликлар ичишдан сақланиш;
- соғлом турмуш тарзига риоя қилиш;
- касалликнинг дастлабки белгилари намоён бўлганидаёқ шифокорга мурожаат қилиш керак.
Ўткир респиратор касалликларга бепарво бўлиш оғир оқибатларга олиб келишини унутмаслигимиз керак. Айниқса, ёш оналар фарзандларининг саломатлигига жиддий эътибор қаратишлари жуда муҳимдир. Зеро, боланинг порлоқ келажаги унинг гўдаклигидан соғлом ўсиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Нима учун терида оқ доғлар пайдо бўлади? Уни келтириб чиқарувчи омиллар нималардан иборат? Унинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Ана шу ва бу борадаги бизни қизиқтирган бошқа саволлар хусусида Андижон далат тиббиёт институти тери-таносил касалликлари кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаббатхон Ёқубова қуйидагиларни гапириб берди.
- Теридаги оқ доғлар дастлаб пушти рангли доғ пайдо бўлиши билан бошланади. Улар кейинчалик оқариб, терида турли катталикдаги оқ доғларни ҳосил қилади. Касаллик тиббий тилда "витилиго" дейилади. Бу тери ёки тери шиллиқ қаватларида пайдо бўладиган оқ рангли доғлар бўлиб, уни келтириб чиқарувчи бир қанча омиллар мавжуд. Айрим беморларда унинг пайдо бўлиши жигар хасталиги билан боғланса, бошқаларида асаб тизимидаги бузилишлар сабаб бўлади.
Руҳиятимиз кучли бўлсин
Терида оқ доғларнинг пайдо бўлиб, кўпайиб бориши инсон саломатлигидан кўра, кўпроқ унинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатади. Аксарият тери касалликларининг келиб чиқишига ҳам асосан, инсон ҳаётидаги турли салбий ҳолатлар, яъни қаттиқ қўрқиш, асабийлашиш каби руҳий зарбалар сабаб бўлади. Айнан бу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ҳам асаб тизимининг бузилиши, эндокрин, иммун тизими ва метаболик ўзгаришлар ҳисобланади.
Пархез муҳим эмас
Витилиго, яъни оқ доғлар пайдо бўлишини турли ёшдаги кишилар, ҳатто 1-2 ойлик гўдакларда ҳам кузатиш мумкин. Бунга сабаб бўлажак она организмида ҳомиладорлик вақтида витаминлар етишмаслиги натижасидаги эндокрин ўзгаришлардир. Ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг гипоксияси, яъни кислород ва бошқа моддаларнинг бола организмига етишмаслиги туфайли туғилажак фарзандда витилиго пайдо бўлиши мумкин. Ҳомиладор онадан болага касаллик ўтиш-ўтмаслиги маълум эмас. Ўсмир ёшдаги болаларда гормонал ўзгаришлар кузатилади, бу ҳам касалликни қўзғатувчи сабаблардан бири ҳисобланади.
Бошқа тери касалликларидан фарқли ўлароқ, витилиго билан хасталанган беморлар парҳезга риоя қилиш шарт эмас. Лекин бундай беморларга кўпроқ табиий маҳсулотларни истеъмол қилиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши тавсия этилади.
Тавсиялар
Агар бу касаллик вақтида даволанмаса, терида оқ доғлар кўпайиб, бутун тана бўйлаб ёйилиб кетиши мумкин. Одатда зарарланган жойлар оғримайди ва қичишмайди. Беморлардаги кайфиятнинг бузилиши арзимас нарсаларга хафа бўлиш ёки жаҳл чиқиши, депрессия ҳолатларини енгиш учун тинчлантирувчи таъсирга эга дори воситларини қабул қилиш, асаб тизимини мустаҳкамлаш учун чиниқиш, бадантарбия билан шуғулланиш тавсия этилади.
Асабий зўриқиш пайтида органзмдаги ҳужайраларнинг озиқланиши бузилади. Бу ҳужайралар эса терининг ҳимояловчи пигментини ҳосил қилишда бевосита иштирок этади, яъни асабий зўриқиш оқибатида тери га ранг берувчи ҳужайралар нобуд бўлади.
Аввало, бу касаллик бемор терисида кичик ўлчамда пайдо бўлади. Терида айрим сабабларга кўра, ранг берувчи - мелланоцит, деб аталувчи ҳужайра нобуд бўлади ва кейинчалик унинг атрофидаги ҳужайралар ҳам шу ҳолатга тушади. Натижада вақт ўтган сари беморларда оқ доғ эгаллаган жой катталашиб боради. Шу омилларни ҳисобга олган ҳолда бемор дастлабки нуқтадек доғлар пайдо бўлганда мутахассисга мурожаат қилса, шифокор дерматолог аниқ ташҳис қўйиб, мақсадли даволаш услубини қўллайди. Шунда муолажа самарали бўлади.
Олтинкўл туманидаги 34-умумтаълим мактабининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Муаттар Эргашева ўз ишининг етук мутахассиси, болажонларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун фидоийлик билан меҳнат қилаётган тажрибали педагоглардан биридир.
1994 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган ёш мутахассис ўша йили ушбу таълим даргоҳида меҳнат фаолиятини бошлади. Мана қарийб 25 йилдирки, жамоада самарали меҳнат қилиб, ўқувчиларига таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ёшларга рус тили ва адабиёти фани сирларини пухта ўргатишга ҳаракат қилди. Умуман, ўқувчиларнинг билим олиши ва камол топишида унинг алоҳида хизматлари бор.
Эътироф этиш керакки, М. Эргашева меҳнат фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўрганди. Мактаб раҳбарлари, устозлари кўмагида катта тажриба тўплади. Ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди. У дарс жараёнида илғор иш услубларини қўллаш бўйича кўплаб очиқ дарслар ўтказди.
- Муаттар Эргашева мактабимизнинг фаол ва фидойи ўқитувчиларидан бири, - дейди мактаб директори Ш. Эгамбердиев. - Фаолияти давомида ноанъанавий усулларни қўллаган ҳолда ўқувчиларни рус тили ва адабиёти дарсига қизиқтириш, фанни чуқур ўргатиш борасида яхшигина тажриба тўплаган. Бунинг самараси ўлароқ, унинг кўплаб ўқувчилари билимлар беллашуви ва фан олимпиадасининг мактаб ва туман босқичларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Бугун Муаттар Эргашева ўз ишининг етук мутахассиси, моҳир педагог сифатида, қолаверса, ўзининг ташаббускорлиги, интилувчанлиги, касбига фидойилиги билан ҳам ҳамкасблари орасида ҳурмат-эътибор топган. Ана шу фазилатлари, шу билан бирга, ўқувчиларига бўлган самимий муносабати, ҳар қандай, вазиятда ўқувчилар кўнглига йўл топа олиши унинг меҳнат фаолияти самарали бўлишида, ёшларга пухта билим беришда муҳим омил бўлмоқда.
Муаттар Эргашева нафақат моҳир педагог, балки меҳрибон она, ҳавас қилса арзийдиган оиланинг бахтли бекаси эканлигини ҳам кўпчилик яхши билади. У ҳозирда турмуш ўртоғи Шуҳратбек ака билан уч нафар фарзандларини тарбиялаб, камолга етказмоқда. Катта ўғиллари Шоҳруҳбек Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган бўлса, яна бир фарзанди Дилшодбек айни кунда мазкур институтда таҳсил олмоқда, кичиги Жаҳонгирмирзо эса мактаб ўқувчиси. У дарсдан бўш пайтларида туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг шахмат тўгарагига қатнайди. Ёш истеъдодли шахматчи сифатида туман, вилоят ва республика миқёсидаги шахмат турнирларида фаол иштирок этиб, ўз иқтидорини намоён этиб келмоқда. Хусусан, у жорий йилда ўтказилган шахмат бўйича Олтинкўл тумани очиқ биринчилигида 10 ёшли шахматчилар ўртасида биринчи ўринни эгаллаб, фахрий ёрлиқ ва медаль билан тақдирланди. Кўп ўтмай "Тошкент кузи - 2016" шахмат мусобақасида ҳам фахрли ўринни эгаллади.
- Фарзандларим камолидан, айниқса, кенжа ўғлимнинг спортда эришаётган ютуқларидан қалбим ғурурга тўлади, - дейди Муаттар опа. - Энг муҳими юртимизда азиз фарзандларимизнинг ўз иқтидорларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Албатта, ёшларимиз озод ва обод юртнинг бахтли фарзандлари эканлигидан беҳад қувонамиз.
Мен шу юртнинг бахтли аёлиман. Оилам, фарзандларим тинч, ҳаётим фаровон, севимли касбим, мени ҳар қадамда қўллагувчи жамоам бор. Инсон, айниқса, аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Дарҳақиқат, орамизда ана шундай бахти бекам аёллар жуда кўп. Демак, аёллари бахтдан масрур яшаётган тинч ва обод юртимиз янада юксалишига, ҳаётимиз бундан-да, гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз Бош Қомуси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган йиғилишдаги "Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови" деб номланган маърузасида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим масалалар хусусида сўз юритди.
Маърузада айниқса, "Адолат - қонун устуворлигида" деган тамойил асосида жамиятимизда қонун устиворлигини таъминлаш, аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Маърузада давлат идоралари томонидан аҳоли мурожаатлари юзасидан иш олиб борилишининг сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимини шакллантириш бўйича фикрлар илгари сурилди. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилиши, айниқса, ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш халқ билан мулоқотнинг ўзига хос шакли бўлиб, кўплаб муаммоларни бартараф этишда, фуқаролар фаоллигини оширишда муҳим роль ўйнайди.
Жумладан, аҳолининг ҳуқу-қий билимларини юксалтириш бўйича 20 йил аввал қабул қилинган Миллий дастурни янгидан ишлаб чиқиш, бу борада Парламент янги Миллий дастурни яратишда бош-қош бўлиши мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳамиша эътиборда бўлишлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, маърузада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш, хусусан, судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, суд ишларида адолатли қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, юксак малакали суд ходимлари корпусини шакллантириш лозимлиги ҳам ниҳоятда муҳим масала эканлиги айтиб ўтилди.
Маърузада адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган. Лекин, афсуски, адвокатура ҳанузгача фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институтига айлангани йўқ. Шу боисдан ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур, деган фикрлар жуда ўринлидир.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг маърузасида жамиятда қонун устиворлигини таъминлаш, фуқароларимизда қонунларга ҳурмат билан қараш тушунчасини янада бойитиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини, маданиятини юксалтириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, айниқса, биз ҳуқуқшунослар зиммасига катта масъулият юклайди. Ана шундан келиб чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришимиз зарур.
Роҳатой ҚОДИРОВА,
Андижон шаҳридаги 10- сон давлат нотариал идораси нотариуси.