+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

АМАЗОНКАЛАР КИМ ЭДИ, УЛАР ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ БЎЛГАНМИ?

(47- сон, 2016 й.)

Ҳаётнинг биз билмаган жумбоқлари

Кўп асрлардан буён амазонкалар ҳақидаги ривоят ва афсоналар одамларни қизиқтириб келади. Турли даврларда амазонкалар ҳақидаги манбалар тўғри-нотўғри маълумотлар билан тўлдирилган, айримлари эса жуда бўрттириб юборилган. Бугунги кунга қадар амазонкалар кўплаб  фильмлар, адабий ва фантастик асарлар қаҳрамонларига айланиб улгуришган. Чунки аёллар учун амазонкалар - эркинлик ва  мустақиллик рамзи бўлса, эркаклар уларни гўзаллик ва жозибадорлик тимсоли сифатида эътироф этишади.

Аввало, "амазонка" атамасининг келиб чиқиши ҳақида тўхталиб ўтсак. Мазкур атаманинг пайдо бўлиши тўғрисидаги турли манбалар бўлиб, бу борада ҳатто олимлар ўртасида ҳам баҳс-мунозаралар    мавжуд. Баъзи манбаларда бу сўз қадимги форсча "ha-mazan" яъни "жангчи аёл" маъносини билдирилиши айтилса, бошқа таҳминларга кўра, "амазонка" сўзи "a masso"  яъни "дахл қилинмаган" (эркаклар томонидан) маъносида келиши таъкидланади.

Яна бир манбада   "amazos" -  "бир кўкраги йўқ" деган тахмин ҳам илгари сурилади. Бунга сабаб амазонкалар жангда ва камондан фойдаланганда ҳалал бермаслиги учун вояга етаётган ёш амазонканинг ўнг кўкраги чўғда куйдирилган. Бироқ, мазкур талқин бироз гумонли бўлиши мумкин. Сабаби, шу кунга қадар амазонкалар сиймоси тасвирланган санъат асарларида бирорта ҳам бундай тасвир учрамаган. Айрим манбаларда эса жангчи аёлларнинг "амазонка" деб номланиши бирмунча кейинги даврлар хусусан, Жанубий Америка ҳудудлари билан боғлиқ эканлиги таъкидланади.

Амазонкалар ҳақида маълумот берувчи қатор манбалар бир-бирига умуман тўғри келмаслигини ҳам кузатиш мумкин. Дастлабки маълумотлар антик давр юнон мифологияси, яъни афсона ва ривоятларида, кейинроқ эса  қадимги юнон тарихчилари асарларида келтирилади. Унга кўра, амазонкалар - эркак кишиларга тоқат қилмайдиган ва бўйсунмайдиган аёллардан таркиб топган, жанг санъатини мукаммал эгаллаган, ўз маликаси бошчилигидаги қабила тарзида талқин этилади. Улар ўзларини қадимги юнонларнинг уруш худоси Арес ва илоҳа Гармониядан келиб чиққан, деб ҳисоблашган. Маъбудаси ва ҳомийси сифатида Артемидага сиғинганлар.

Афсоналарга кўра, амазонкалар Фермодонт ва Ирис    дарёлари яқинида, Қора денгизнинг бўйларида яшашган. Тарихчи А. Б. Снисаренконинг таъкидлашича, уларнинг энг аввал яшаган жойлари Туркиянинг Амасия (эҳтимол бу вилоятнинг номи қабиланинг амазонкалар дея номланишига сабаб бўлгандир) ва Самсун вилоятлари ҳудудларига тўғри келади. Ҳудди шу ердан амазонкалар Кичик ва Олд Осиё ҳудудларига ўзларининг юришларини бошлаганлар. Айнан улар томонидан Эфес, Смирна ва бошқа шаҳарлар барпо этилган.

Профессор И. Е. Суриков амазонкаларнинг эллинлар ерларидан дунё бўйлаб     тарқалиб борганлигини таъкидласа, тарих фанлари доктори М.В.Скржинская амазонкаларнинг кийиниши маданиятидаги такомиллашув ҳақида маълумотлар беради.

Гомер асарларида амазонкаларнинг Беллерофонт ва фригияликлар билан олиб борган жанглари тасвирланади. Амазонкалар қабиласининг сардори Ипполита (бошқа манбаларда - Антиопа) ҳукмдор Еврисфейнинг буйруғига кўра, юнон паҳлавони Геракл томонидан ўлдирилади.   

Плутархнинг "Ҳаётий ёзишмалар"ида эса, амазонкаларнинг Юнонистоннинг Аттика вилояти ҳукмдори Тесей устига юришлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Унда амазонкалар Киммерий Босфоридан сузиб ўтишади ва Тесей билан тўрт ой давомида муваффақиятсиз жанглар олиб боради. Шундан сўнг яна ўз ватанларига қайтиб кетишлари тасвирланган.

Қиролича Пентесилеянинг ҳукмронлиги даврида амазонкалар юнонларга қарши Троя подшоси Приам билан иттифоқ тузади ва бу шаҳар-давлатни ҳимоя қилади.

Қадимги юнон солномачиси Диодорнинг ёзишича, амазонкалар ҳарбий санъат борасида эркаклардан асло қолишмаган. Уларнинг жамиятида эркаклар рўзғор ишлари билан банд бўлиб, хотинлари измида бўлишган. Фарзандлар    тарбияси ҳам эркаклар зиммасида бўлган. Тарихий манбааларнинг гувоҳлик беришича, амазонкалар Троя урушларида қатнашиб, киммерийлар (Қрим ярим ороли ва унга яқин ҳудудларда яшаган кўчманчи қабила) билан Кичик Осиёга ва Қадимги Юнонистон ҳудудидаги Аттика давлатига юришлар қилиб, Афина шаҳрини ҳам ишғол қилишган.

Афсона, ривоят, солнома ва турли тарихий манбааларда тилга олинган жангчи аёллар - амазонкаларнинг  ҳақи-қатда ҳам мавжуд бўлганлиги масаласи ҳам мунозарали. Кўплаб тарихчилар улар одамлар томонидан тўқиб чиқарилган ривоят қаҳрамонлари дейилса, айрим тарихчилар улар ҳақидаги ёзма манбаларга таяниб, улар ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлган, деган    фикрни илгари суради ҳамда сўнгги жангчи амазонкалар Александр Македонский ҳукмронлиги даврига тўғри келишини таъкидлайдилар.

Яна бир гуруҳ олимлар амазонкалар ҳақидаги турли афсоналарнинг келиб чиқишини энг қадимги даврларга, жумладан, Крит оролидаги Миной цивилизацияси мавжуд бўлган пайтга бориб тақалиши ҳақидаги фикрни илгари сурадилар.

Амазонкалар яшаган, дея тахмин қилинадиган ҳудудлардан бири - ҳозирги  Украинада 1971 йилда олиб борилган археологик тадқиқотларда камон, ўқлар ва қалқонлар билан дафн этилган аёлларнинг суяк қолдиқлари топилади. Бироқ, бу ҳудудлардан амазонкаларнинг асосий жанг қуроллари ҳисобланган қилич ва жанг ойболталари топилмаган.

Шунингдек, 1993-1997 йилларда Қозоғистон ҳудудларида олиб борилган қазишмалар чоғида қурол-аслаҳалар билан дафн этилган жангчи аёлларнинг кўплаб қабрлари топилган. Ўрганишлар натижасида мазкур археологик топилмаларнинг ёши 2,5 минг йилдан кам эмаслиги аниқланган.

Тарихда амазонкалар ҳақиқатда ҳам мавжуд бўлганлигини ёқловчи тарихчилар томонидан афсона ва ривоятлар қисман бўлса-да, рўй берган реал воқеа-ҳодисаларга асосланганлиги таъкидланади. Афсоналардаги жангчи аёллардан иборат қабилалар қачонлардир Қора денгиз бўйлари ва Фермодонт дарёси этакларида яшаб, ўз давлатининг пойтахти қадимий Фемискира шаҳрини барпо этганлар, деган фикр илгари сурилади.

Бу борада тарихчи Геродотнинг ёзишича, айнан Троя урушлари пайтида мағлубиятга учраган ва асирга олинган амазонкаларни юнонлар учта кемага жойлаб, ўз юртларига олиб кетишга қарор қиладилар. Аммо амазонкалар йўлда қўзғолон кўтариб, юнон жангчиларини қириб ташлашган. Кемани бошқаришни билмаган амазонкалар уни сув оқими ва шамоллар ёрдамида ҳаракатлантириб, Қора денгиз бўйларидаги скифлар ери бўлган Кремна шаҳрига етиб келадилар ва шу ерда муқим қоладилар. Бу ерда жангчи аёллар маҳаллий халқнинг отлари, қурол-яроғларини қўлга киритиб, уларнинг ерларини талай бошлайдилар. Скифлар талончилар билан жанг қилмоқчи бўлганларида уларнинг барчаси аёллар эканлиги аён бўлади. Аёллар билан курашишни ўзларига эп кўрмаган скифлар ғайриоддий кийинадиган, бошқача тилда сўзлашадиган     жангчи аёллар қабиласига маълум ҳудудларини ташлаб кетишади. Бироқ, амазонкалар талончиликни давом эттираверади. Кўп ўтмай, уларга бас келиб бўлмай қолади.

Амазонкаларнинг асосий машғулоти жанговар машқлар билан шуғулланиш, жанг қуролларини тайёрлаш ҳамда овдан иборат бўлган. Авлодни давом эттириш учун қўшни қабилалар эркаклари билан алоқалар ўрнатишган. Янги туғилган ўғил - чақалоқ отасига юборилган ёки ўлдирилган. Қизларни эса ўзлари олиб қолиб, уларнинг тарбияси билан шуғулланганлар.

Амазонкалар қабиласининг Жанубий Америкада мавжуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумотни илк бор Испания қироллиги мансабдорлари Хуан де Сан Мартин ва Антонио де Лебрихнинг қайдларида учратиш мумкин.  Улар 1539 йил июлида Колумбия ҳудудларига юриш қилган Гонсале Хименес де Кесада қўшини таркибида иштирок этганлар.

"Қўшинимиз Богота водийсига келганида биз бу ерда яшовчи аёллар қабиласи ҳақида эшитиб қолдик. Буни бизга улар томонидан қулга айлантирилган ҳиндулар сўзлаб бердилар. Жангари аёллар ўз қабиласи юмушларини бажаришлари учун эркак қулларни асир олишар ёки сотиб олишар, туғилган ўғил бола чақалоқларни бошқа қабилаларга бериб юборишар, қиз болаларни эса ўзлари билан олиб қолишар, уларни жангчи этиб тарбиялашар экан. Уларнинг маликаси Харатива деб аталар экан".

Янги Гранада Қироллигининг забт этилиши ҳақидаги ҳисоботдан (1539 йил июль).

Испания мустамлакачилик юришларининг раҳбари Хименес де Кесада эса амазонкалар яшайдиган қишлоққа ўз укасини юборганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор.

Амазонкалар бошқа қабилалар билан бир сафда туриб мустамлакачиларга қарши жанг қиладилар. Уларнинг   мардлиги, жасорати ва ҳарбий маҳоратини кўрган испанлар лоақал бирорта амазонкани ушлаб, ўз қиролига кўрсатмоқчи бўладилар. Аммо ҳеч ким уларни тутишнинг уддасидан чиқа олмайди.

Шу ўринда табиий савол туғилади: Жанубий Америкадаги дунёга машҳур бўлган дарё нима учун Амазонка деб аталади?  Геракл, Тесей, Ахиллес каби донғи кетган юнон паҳлавонлари билан олишган жангчи аёлларнинг Амазонка дарёсига алоқаси борми?

Франциско де Орельян бошчилигидаги испан истилочилари гуруҳи 1542 йилнинг ёзида маҳаллий, фақат аёллардан иборат қабила билан тўқнаш келиб, жанг қилганликлари ҳақида ҳам маълумотлар ёзилган. Бироқ баъзи тадқиқотчилар кейинчалик  бу ерларда ҳеч қандай амазонкалар бўлмаганлигини таъкидлайдилар. Испанлар ҳинду аёлларига дуч келиб қолган ёки аёллар дея тахмин қилинган узун сочли ҳинду эркакларини учратганлар, деган фикрни илгари сурганлар.

Амазонка дарёси ҳақида илк маълумот Сьеса де Леоннинг 1553 йилдаги "Перу ҳақида эсдаликлар"ида учрайди: "Ҳозир қаршимизда шундай ҳайратланарли дарё гавдаланмоқдаки, уни ҳатто денгиз кўрфази дейиш мумкин. Перудан шимолдаги денгизга қадар чўзилган бу дарё Амазонкалар дарёси ҳисобланади".

Жанубий Америка ҳудудидан оқиб ўтувчи, афсонавий жангчи аёллар номи билан аталган Амазонка дарёси      география фани манбаларида ўзининг серсувлиги ва ҳавзасининг улканлиги жиҳатидан дунёда (ирмоқлари билан қўшиб ҳисоблаганда узунлиги 7 минг километр) Нил дарёсидан    кейин иккинчи ўринда туради.

Жанубий Америка чангалзорларида испанлар томонидан олиб борилган истилочилик юришлари натижасида амазонкалар ҳақидаги турфа афсоналар бутун дунёга шов-шув бўлади. Мазкур афсоналардан бири ҳинду қизларининг ўғриси, ёвуз руҳ  Журупари ҳақида бўлиб, бу афсона Амазонка дарёсининг қуйи ирмоқларида яшаган ҳинду қабилалари орасида кенг тарқалган.

Қадимдан амазонкалар нафақат достон ва афсоналарнинг, балки тасвирий ва амалий санъатнинг асосий мавзуларидан бири бўлган. Амазонкалар тасвирланган юнон тасвирий санъати дурдоналари милоддан аввалги VII асрдан шакллана бошлаган. Бу тасвирларни бутун дунёга    донғи кетган юнон  обидалари - Парфенон, Дельфа ва Аполлон ибодатхоналари ҳамда Эпидавра шаҳридаги Асклепий қадамжоси пештоқлари ва деворларида учратиш мумкин. Амазонка аёллар образи қадимги юнонларнинг буюк мусаввири Микон ҳамда ҳайкалтарошлар Фидий ва Поликлетнинг асарларида ҳайратланарли тарзда тасвирланган.

Амазонкалар ҳақидаги афсона ва ривоятлар XVI - XVII асрлардан бошлаб европалик шоир ва драматургларни ўзига жалб этиб, улар ҳақида бадиий асарлар яратилишига (Р.Гарньенинг "Ипполита", Лопе деВеганинг "Амазонкалар", Тирсо де Молинининг "Амазонкалар Ҳиндистонда", Г. Клейстнинг "Пенфесилея" асарлари) туртки бўлади.

ХХ асрда амазонкалар кино асарларда ҳам гавдалантирила бошланади. Ўтган асрнинг 90-йилларида жангчи аёл ва унинг ҳамроҳи Габриэль тўғрисидаги "Ксена - жангчилар маликаси" сериалида амазонкалар, уларнинг ҳаёти зангори экранларда дунё юзини кўради. Шунингдек, илм-фан соҳасида ҳам афсонавий саналган амазонкалар эътироф этила бошланади ва турли илмий ихтиролар уларнинг номи билан номланади. Жумладан, 1868 йилда очилган астероид (104) амазонка Климена шарафига, 1908 йилда кашф этилган астероид (658) Астерия шарафига, 1988 йилда очилган астероид (10295) Ипполита шарафига, 2004 йилда очилган Нептун сайёраси ўрамидаги астероид (385571) эса Отрера деб номланган.

Равшанбек АБДУРАҲИМОВ  тайёрлади.