+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

УСТОЗИГА САБОҚ БЕРГАН ШОГИРД

(2- сон) Ҳоқон МАНГУЧ

Жаҳон адабиёти намуналаридан

Мактабда дарслар бошланган куни ўқитувчи 5-синф ўқувчилари қаршисида туриб ёлғон гапирди. Ўқувчиларига бир-бир қараб чиқди-да, уларни жуда яхши кўришини айтди. Аммо бу чин дилдан айтилган сўз эмас эди. Чунки бурчак партада боши бир ёнга эгилган Мустафо Йилмаз исмли бола ўтирарди. Мадиҳа хоним бир йил олдин Мустафони кузатганди, у болалар билан ўйнамаслиги, уст-боши кирлиги, қачон қарамасин йиртиқ, увада кийимларда юришини кўрганди. Мадиҳа хоним Мустафони шу қадар ёмон кўрардики, охир-оқибатда бу нафрат ўқитувчига ўқувчисининг дафтарларини қизил қалам билан "безаш" ва унга "паст ўзлаштирувчи ўқувчи" деган нисбатни беришига сабаб бўлди. Ҳатто, Мадиҳа хоним Мустафога паст баҳо қўйишдан завқланарди ҳам.

Мадиҳа хоним синфдаги ҳар бир боланинг тавсифномаси билан танишиш керак эди. Шунда ҳам Мустафонинг тавсифномаларини энг охирига қўйди. Аммо унинг ҳаёти билан танишганида кутилмаган ҳолатдан юраги орқага тортиб кетди. Мустафони биринчи синфда ўқитган ўқитувчиси шундай ёзган эди:

"Мустафо ҳар доим кулиб юрадиган, кўзлари порлаб турадиган шўх бола. Уй вазифаларини тўлиқ ва хатосиз бажаради. Тарбияси чиройли. Уни кўрган ҳар бир киши шундай фарзанди бўлишини орзу қилади".

Иккинчи синфда ўқитган ўқитувчиси эса шундай деганди: "Мустафо ҳар томонлама мукаммал ўқувчи. Синфдошлари уни жуда яхши кўришади. Аммо онаси оғир касал бўлгани учун қайғуда ва уй ишлари ҳам унга қолиб кетган".

Учинчи синф ўқитувчиси: "Онасининг ўлими Мустафо учун жуда оғир бўлди. Мустафо бу ғамни қўлидан келганча енгишга уриняпти, аммо дадаси бола билан мутлақо қизиқмаяпти. Агар болакайга ёрдам берилмаса, уйдаги ҳолат уни чўктириб қўяди" деганди.

Тўртинчи синфда Мустафони ўқитган ўқитувчи эса шундай ёзади: "Мустафо ҳеч ким билан гаплашмайди. Дарсларни яхши ўзлаштирмайди. Ўртоқлари ҳам йўқ. Баъзан дарсда ухлаб қолади..."

Тавсифномаларни ўқиркан Мадиҳа хоним муаммо нимадалигини англади ва ўзидан уялди. Ўқувчилари устозлар байрамида унга чиройли совғалар, ялтироқ гулқоғозларга ўралган ҳадялар берганида ҳам қувонмади. Мустафонинг совғасини қабул қилгунича Мадиҳа хонимга ҳеч бир ўқувчисининг совғаси татимади. Мустафонинг ҳадяси кичик дўкондан олинган қалин, қаҳваранг газета қоғозига тартибсиз ўралган эди.

Мадиҳа хоним уни бошқа совғаларнинг ичида очишга юраги дов бермади. Ўқитувчи ҳадя халтаси ичидан сохта олмос тошларининг айримлари тушай деб турган билагузук ва бир флакон ифорни олаётганида ўқувчилар кула бошлаганди. Мадиҳа хоним билагузукнинг қанчалик чиройли эканини айтганида болаларнинг кулгуси тинди. Дарҳол билаг- узукни тақиб олди ва ифордан билакларига суртди. Мустафо ўша куни дасрдан кейин қолиб ўқитувчисига: «Устоз, Сиздан онамнинг ҳиди келяпти!»- деди.

Болалар уйга кетгач, Мадиҳа хоним бир соатча йиғлади. Ўша кундан кейин Мустафо билан алоҳида шуғулланадиган, ўқиш-ёзиш ва арифметикадан унга сабоқлар беришни бошлади. Ўқувчиларни ҳам бунга жалб қилди. Мадиҳа хоним Мустафо билан шуғулланаётганида болакайнинг зеҳнида ижобий ўзгаришлар сезиб, хурсанд бўларди. У билан қанчалик қаттиқ ишламасин, Мустафо ҳам устозига тезлик билан жавоб қайтараётганди. Ўқув йили охиригача Мустафо синфдаги энг аълочи ўқувчига айланди. Мадиҳа хоним ҳамма ўқувчисини бир хил яхши кўришини айтишига қарамай, Мустафони бошқача кўз билан севарди. Бир йилдан кейин Мадиҳа хоним эшиги олдидан бир хат топиб олди. Унда Мустафо ҳаётида унга учраган энг яхши устоз эканини ёзган эди.

Олти йилдан кейин Мустафодан яна бир хат олди. Лицейни аълода битирганини, имтиҳонлар баҳоси бўйича синфда учинчи ўринни олганини ва ҳанузгача Мадиҳа хоним унинг ҳаётидаги энг яхши ўқитувчи эканини ёзганди.

Бу мактубдан тўрт йил ўтиб Мадиҳа хоним собиқ ўқувчисидан яна хат олди. Баъзан жуда қийналган бўлса-да, ўқишдан воз кечмаганини, яқинда энг аълочи талаба даражасида коллежни тамомлашини ёзган. Бу мактубда ҳам бутун ҳаётидаги энг яхши ва фидойи ўқитувчи Мадиҳа хоним эканлиги алоҳида қайд этилган эди.

Орадан яна тўрт йил вақт ўтди ва муаллима бошқа бир хат олди. Бу сафар олий маълумотли диплом олганидан сўнг ўқишни давом эттириб, бунданда юксак мартабаларни мўлжаллаётгани ҳақида гапирган собиқ ўқувчи, Мадиҳа хоним ҳамон унинг ҳаётидаги энг яхши ва доно устоз бўлиб қолаётганини таъкидлаганди. Аммо энди исм-насаби бироз узунроқ эди. Мактуб "Проффессор, тиббиёт доктори Мустафо Йилмаз" дея имзоланганди.

Мустафо бир қиз билан танишган  ва у билан ҳаётини никоҳ риштаси асосида боғлаш ниятида эди. Отаси бир неча ой олдин вафот этгани учун, никоҳ тўйи тўрида куёвнинг онаси ўтирадиган ўриндиқда Мадиҳа хоним ўтиришини сўради. Шубҳасиз бу таклифни Мадиҳа хоним шараф билан қабул қилди. Тошлари тушиб ётган ўша Мустафо совға қилган билагузукни тақди. Мустафонинг онаси бир пайтлар сепиб юрган ифордан сепди. Бир-бирларини қучоқладилар. Ва доктор Мустафо Мадиҳа хонимнинг қулоғига шивирлади: "Менга ишонганингиз учун ташаккур, устоз! Ўқишим кераклиги, буюк инсон бўлиб етишишим мумкинлигини англатганингиз ва муҳими мен оддий ўқувчи эмаслигимга ишонтирганингиз учун ташаккур, устоз!" Мадиҳа хоним кўзларида ёш билан собиқ ўқувчисига пичирлади:

Мустафо, жон болам, мен хато ўйлардим. Менга ҳаётингни ўзгартиришимни, меҳр-муҳаббат қандай бўлишини сен ўргатдинг! Сен билан танишгунимга қадар қандай ўқитувчилик қилганимни билмайман...

Бу ҳаётий воқеа ҳар биримизга ибрат бўлсин. Инсонларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилинг. Бу билан ўз ҳаётингиз ҳам нурли бўлади...

 Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси.