Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Икки кундан сўнг улуғи ва фазилатларга бой Рамазон ойи кириб келади. Рўза поклик, гуноҳлар мағфират этилувчи муборак ойдир.
"Рўза" сўзи араб тилида "сиём" деб аталиб, бирор нарсадан ўзини тиймоқлик маъносини билдиради. Шариат истилоҳида эса "тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқлик", рўзани очувчи сабаблар деганда эса еб-ичмоқ, жинсий яқинлик ва бошқа рўзани очиб юборадиган ҳолатлар тушинилади.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, халқимиз ҳар йили муборак рамазон ойини, рўза тутиш фарзини тинчлик ва омонликда, бекаму кўст шароитларда адо этиб келмоқда. Ушбу муборак ойда, албатта, имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки ушбу ойда Аллоҳ Таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилдилар: "Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиги ёпилур. Улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиги очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: "Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!" деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кеча шундоқ бўлур", дея таъкидланган.
Бундан кўринадики, Рамазони шариф дўзах азобидан қутулишнинг имконини беради ва ҳар бир банда учун савобли ва хайрли амалларни бажаришга ундайди. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дейди: "Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур".
Юқоридаги ҳадисларда рўза тутишлик нақадар улуғ ибодат эканлиги баён этилмоқда. Шунингдек, рўзани иймон ва ихлос билан фақат Аллоҳнинг Ўзидан савоб умид қилган ҳолда тутиш зарурлиги таъкидланмоқда. Банданинг билиб-билмай қилган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнинг катта марҳаматидир. Бунга рўза тутибгина эришиш мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладилар: "Аллоҳ Таоло одам боласининг ҳаммма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман", деди. Яна "Рўза - сақловчидир. Қачон биронтаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай".
Аллоҳ Таоло Рамазони шарифни барчаларимиз учун қутлуғ ва муборак қилсин. Бу улуғ ойда қиладиган ибодатларимиз қабул бўлиб, дуоларимизни ижобат айласин. Бу ойнинг шарофати билан юртимиз тинч, хонадонларимиз осойишта ва файзли, дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлсин.
Барчаларимизга Рамазон ойи муборак бўлсин!
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакилиги раҳбари.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар ўртасида "Энг намунали бошланғич ташкилот" кўрик-танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Бошланғич ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг фаоллигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида ўтказилган танловда барча бошланғич ташкилотлар иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, касаба уюшма аъзолари 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида 10- умумтаълим мактаби, касаба уюшма аъзолари 100 нафардан зиёд бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида Андижон педагогика коллежи бошланғич касаба уюшма қўмитаси ғолиб деб топилди.
Шунингдек, "Энг чиройли кўргазма ташкил этган бошланғич ташкилот", "Энг чиройли тақдимот қилган бошланғич ташкилот", "Ижтимоий шериклик муносабатлари энг яхши йўлга қўйилган бошланғич ташкилот", "Касаба уюшма фаолиятини оммавий ахборот воситаларида энг кўп ёритган бошланғич ташкилот" сингари бешта номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Fолиб ва совриндорлар эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Танлов доирасида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар касаба уюшма қўмиталари томонидан касаба уюшмаси фаолиятига оид кўргазмалар ташкил этилди. Санъаткорлар, маданият ташкилотлари бадиий жамоалари томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
Фарҳод Маманазаров,
Андижон педагогика коллежи бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси.
Илк бор мактаб остонасига қадам қўйганингизда биринчи қўнғироқ жарангги қулоғингизга чалингани ёдингиздами? Ўша дамда мактаб формасида, сочларга оппоқ тасмалар тақилган, қўлларида гул билан шўх-шодон қизалоқларнинг, завқ-у шавққа тўлган болаларнинг ғала-ғовури эшитилиб туради.
Ёруғ синф хонаси, сизни кутиб турган меҳрибон муаллима, янги дўстлар, пастаккина парта ва стуллар, доска, хона гуллари барчаси хотирага муҳрланиб қолган.
Гўё тўққиз йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетгандек. Мана бугун сўнгги қўнғироқ жарангламоқда. Ҳар бир битирувчи-ўқувчининг кўнглида ажиб ҳислар туғён урмоқда. Энди улар қадрли масканини тарк этишади, қадрдон устозлари, синфдошлари билан хайрлашишади.
Шу лаҳзаларда менинг кўз олдимдан мактаб ва синфдошларим билан ўтказган хуш ва бахтиёр дамларим ўтади. Эсимда тўртинчи синфда ўқир эдик. Қўнғироқ чалиниб дарс бошланди. Биринчи соат математика дарси. Барча ўқувчилар дарсга тайёргарлик кўра бошладик. Негадир синдошимиз Муслима бесарамжон эди. Муаллима синф хонага кирди ва дарсни бошлади. Салом-аликдан сўнг у ҳамма ўқувчиларга бир-бир назар ташлаб чиқди. Муслиманинг хавотирда эканлигини кўриб, ундан сўради:
- Муслима нега хомуш ўтирибсан, китоб, дафтарларингни олмайсанми? У ҳижолат чекиб шундай деб жавоб қайтарди:
- Устоз, сумкамни тополмаяпман...
Ўқитувчимизнинг ҳайронлиги ошиб, бизга юзланди.
- Ким унинг сумкасини яшириб қўйган бўлса тезда қайтариб берсин, акс ҳолда...
Бундай қизиқарли ва ширин хотираларга бой мактабимиз бизнинг иккинчи уйимиз эди. Тўққиз йил давомида таълим берган устозларимиз худди ота-онамиздек меҳрибон бўлиб қолганди. Синфдошлар билан гўё опа-сингил, ака-укадек қадрдон эдик. Бугун сўнгги қўнғироқ чалиниб, севимли масканимиз билан хайрлашамиз ва янги ҳаётга қадам қўямиз. Мактаб билан боғлиқ хотиралар эса бир умр қалбимизда муҳрланиб қолади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида бешта устувор йўналиш белгиланган. Хусусан, қонун устиворлигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши ҳам муҳимдир.
Улуғларимиздан бири: "Жиноятлар ичида энг оғири лоқайдликдир" деган эди. Дарҳақиқат, лоқайдлик барча жиноятларга, қабиҳликларга йўл очиб берадиган иллатдир. Бу иллат жамиятни ичидан емирилишига сабаб бўлади.
Психологларнинг таъкидлашича, бу иллат ўсмир болаларнинг келажакка бўлган интилишини сўндиради, ҳаётга ҳам жангари ўйинлар таъсирида заҳарланган фикр билан қарай бошлайди. Бу эса ота-онаси, туғишганлари, тенгдошлари билан муносабатининг бузилишига олиб келади. Қолаверса, унинг табиатида жиззакилик, тундлик пайдо қилади. Шу даражага етади-ки, атрофидаги ўзгаришлар, жамиятдаги жараёнларга бефарқ бўлиб қолади.
Шу ўринда савол туғилади, ёшларимизнинг бундай ҳолатга тушиб қолишига ким айбдор? Бунда болани айблаш адолатдан эмас. Халқимизда: "Ниҳолни қайси томонга эгсанг, шу томонга қараб ўсади", деган ҳикматли гап бор. Менимча, фарзандларимизнинг шу ҳолга тушишларига энг аввало, бизнинг лоқайдлигимиз, тарбиядаги эътиборсизлигимиз сабаб бўлмоқда. Баъзи ота-оналар фарзанд тарбиясидан кўра, кўпроқ ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб қолмоқдалар. Ҳаттоки, фарзанди вақтини бекор ўтказмаслиги учун компьютер олиб бермоқда, лекин ундан қай тарзда фойдаланаётганлигини умуман, назорат қилмаяпти. Боласини кўчада бемаҳал юришдан, ножўя ишлардан асрагандай бўладилару, аммо, интернетдаги оғу унинг руҳий-маънавий оламига чанг солаётганига лоқайдлик билан қарамоқдалар.
Муҳаммад Қуроновнинг "Эзгу ғоялар рўёби" китобида екатеринбурглик ўсмир компьютерда 12 соатлик узлуксиз ўйиндан кейин мия инсультидан вафот этгани ҳақида сўз боради. Ўйин пайтидаги узлуксиз руҳий зўриқишдан бола миясининг қон билан таъминланиши бузилган, жазавага тушган ўсмир ўзининг ўлаётганини билса ҳам ўйинни тўхтатмаган. Зўриқишдан мия томирлари ёрилиб кетган.
Компьютер ўйинлари ҳаётимиздан сиқиб чиқараётган қадимий, миллий ўйинларимиз инсонни зукко, иродали, довюрак ва ҳалол инсон қилиб тарбиялаган. Миллий ўйинлар замирида самимийлик, ростгўйлик, ҳалоллик каби олийжаноб фазилатлар инсонни камолотга етказган. Минг афсуски, бугун катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган миллий ўйинларимиз унутилиб бормоқда.
Машҳур руҳшунос Турман Сорнуриснинг "Замонавий технология инқилоби олдин маълум бўлмаган компьютер ва интернетга қарамлик каби руҳий касалликларни келтириб чиқарди. Бу касалликларнинг хатари омма хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатишда гиёҳвандликка берилишдан асло кам эмас. Кейинги йилларда асаб ва инсон руҳияти билан боғлиқ бошқа касалликлар кўпайди. Бунга компьютер, интернет, видео ва уяли телефоннинг оммалашгани сабаб бўлди. Чунки, булар инсоннинг ёлғизланишига, оилавий алоқаларнинг узилишига олиб келди. Булар инсонни бошқаларга эътиборсиз, фақат ўзи билан ўзи банд бўладиган қилиб қўйди", деган фикрлари мавзуга янада ойдинлик киритади.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар онгини юксак маънавий, одоб-аҳлоқ ва миллий қадриятларимизга хизмат қиладиган билимлар билан бойитишимиз ва аждодларимиздан мерос одамийлик фазилатини уларда шакллантириб бориш ўта долзарб вазифадир. Мустақил Ўзбекистонимиз истиқболининг порлоқ бўлиши ёшлар қўлида экан, бугун уларни интернетнинг бузғунчи ғояларидан асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз.
(22-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" муносабати билан ижтимоий ҳаётимизнинг турли йўналишларида мутасаддилар иштирокида ўтказилаётган мулоқотлар натижасида фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Мавжуд муаммоларнинг ижобий ҳал этилаётганлиги аҳоли турмуш фаровонлигини, фуқароларимизнинг давлатга бўлган ишончини оширишга, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
"Андижон ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти ҳамда "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими томонидан ташкил этилган аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқот ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Андижон Янги шаҳар, Эски шаҳар ва Бобур номли электр таъминоти корхоналари раҳбарлари, мутасаддилари, шунингдек, электр энергияси истеъмолчилари иштирок этган мулоқотда соҳадаги муаммолар, уларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалари атрофлиича муҳокама қилинди.
Дастлаб, "Андижон ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти бош директори И. Ҳакимов, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Андижон ҳудудий бўлими бошлиғи М. Мирзакаримов вилоятимизда энегетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, эришилаётган ютуқлар, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, жумладан, Андижон шаҳри мисолида электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатларининг бузилиши, истеъмол қилинган электр учун тўловларни амалга оширишдаги муаммолар, баъзи бир ходимлар томонидан содир этилган таъмагирлик ҳолатлари ҳақида гапирдилар.
Яхши биламизки, электр энергияси иқтисодиётимиз ривожини таъминловчи муҳим энергия манбааларидан бири ҳисобланади. Шу боис, уни узлуксиз истеъмолчиларга етказиб бериш, сотиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш борасидаги ишларни тизимли ва белгиланган тартиблар асосида олиб бориш муҳим вазифа ҳисобланади. Бироқ, соҳанинг айрим нопок вакиллари, баъзи бир фуқаролар томонидан ноқонуний ишлар, электр энергиясидан ўғирликча фойдаланиш ҳолатлари содир этилаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Мулоқотда айнан ана шу масала, яъни электр энергиясини реализация қилиш жараёнида содир этилган жиноятлар атрофлича таҳлил этилди. Электр энергиясини реализация қилиш соҳасидаги жиноятлар, уларга нисбатан кўрилган қонуний чоралар тўғрисида маълумотлар берилди. Ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний хатти-ҳаракатларга шароит яратиб берувчи омилларнинг олдини олиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, мулоқотда Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил, 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил, 13 декабрда маъқулланган Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни мазмун-моҳияти, хусусан, коррупция билан боғлиқ жиноятлар хавфли жиноят эканлиги, у ҳар қандай жамиятни таназзулга олиб бориши, унинг оқибатлари халқимизнинг давлатга, турли соҳалар ходимларига бўлган ишончини йўқотиш билан бирга, улкан моддий ва маънавий зиён келтириши ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Очиқ мулоқот якунида аҳолига, тадбиркорлик субъектларига бир маромда электр энергияси етказиб бериш бўйича қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Иштирокчилар соҳага оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар.
Тақдирга тан берган аёл бор кучи билан меҳнат қилди. Фабрикада ишлади. Кечалари чеварлик қилди. Икки қизни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялади. У болаларга ҳам оналик, ҳам оталик қилди. Таниш-билиш, баъзи одамлар ёлғиз умри ўтаётган бу аёлга "Ҳали ёшсиз, турмушга чиқинг!" дейишди. Салтанатхон кўнмади. Турли ўй-хаёлларга борди. "Қандай бўларкин? Иккинчи эр қизларимни малол олса чидай олармиканман?" деган андишага борди. "Таниш-билиш, эшитган қариндош-уруғ нима деб ўйлайди" деди. Ҳуллас, у эрга тегмай ўтди.
Йиллар ўтиб қизлар ҳам бўй чўзишди. Бирин-кетин балоғат ёшига етишди. Улар ўқиб, ўрганиб маълум мутахассисликни эгалладилар. Катта қизи - Нодирани турмушга чиқарди. Салтанатнинг ота-она, ака-укаси тўйда ёнида тик туришди. Улар келинчак қизга отасининг йўқлигини билдиришмади. Вақти соати етиб, кенжа қиз Шоира ҳам муносиб хонадонга узатилди. Икки қизни чиқарган Салтанатхоннинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Эркин нафас олди. У тўйни ўтказиб, мазар ташидию, тезда келин-куёв чақириқ маросимини ўтказишни ният қилди. Икки ёш келин-куёвнинг оила аъзолари, ошна оғайниси билан чиройли меҳмон қилишни хоҳларди.
Бу тўғрида қудалар билан маслаҳатлашди.
- Мен эри йўқ хотиннинг уйига меҳмонга бормайман, - дебди бу гапни хотинидан эшитган куёвнинг дадаси Иброҳим ака. - Хаётда эрсиз яшаш жуда қийин. Хотин қуда шунча йил қийналиб, ёлғиз ўзи икки қизни тарбиялаб, вояга етказибди. Турмушга узатибди. Буларни бажариш ёлғиз бошига осон бўлмагандир. У кенжа қизини ҳам турмушга узатиб, ўз вазифасини бажарибдими, бўлди бас, Салтанатхоннинг болалари олдида қиладиган вазифаси тугабди. Энди кўпроқ ўзини ўйлаб, ўзи учун яшасин. Бошида эри бўлган қизларининг ғамини еб, ўзини ўққа-чўққа урмасин. Ойда бир марта бериладиган маошга қараб яшайдиган аёл кишига ҳозирги кунда «чақирди» қилиш осонми?! Салтанатхон бизни деб овора бўлмасин. Сарпо-суруғ оламан деб, қарз кўтармасин. Ўғлимиз тўйдан олдин ҳам кийим топиб кийиниб юрган, энди ҳам ўзига кийим керак бўлса, ўзи топиб кияди. Мен маросимга керакли бозор-учарни сизларга қилиб берай. Чақирдига келин билан ўғилнинг ўзи борса бўлди. Бизнинг ўғлимиз энди Салтанатхонга ҳам ўғил бўлди. Уларни ҳам жўнатмасак, қуда ҳафа бўлади. Хоҳласанг синглингними ёки опамними олиб сен ҳам бор, хотин. Боринглару, қудани кўп уринтирманглар...
- Ханифа опа эрининг гапларини Салтанат опага етказди. "Эри йўқ хотиннинг уйига бормайман" деган сўз унинг қулоғига ғалати эшитилган бўлса-да, бу гапнинг таг-замирида эрсиз аёлни авайлаш, қийналиб ортиқча ҳаражатлар қилишига йўл қўймаслик маънолари борлиги уни ич-ичидан севинтирди. Қизнинг онаси қуда томонни авайловчи шундай диёнатли, кишининг қадрига етадиган одамларга қуда бўлганидан қувонди.
"Илоё, умринг зиёда бўлгур янги қуда - Иброҳим ака шунақа антиқа одам экан -а!" дея ичида алқаб қўйди Салтанатхон.
Унинг хонадони билан қуда бўлиб ҳеч қийинчиликка учрамади. Тўйни кам харажат, кам чиқим қилиб, жуда чиройли тарзда ўтказишди. Тўйдан олдин онаси ўзича катта талабларни қўяётган бўлғуси келинчак Шоиранинг ҳам "уни ўчди", қолди. "Сиз қийналманг, нима керак бўлса, ёшлар тўйдан кейин ўзлари ишлаб, топиб олишади. Ўшанда ҳар бир буюм улар учун қадрли бўлади. Қарзга келган нарсаларни уйимга киргизмайман" деганди қуда ўшанда.
Салтанатхон тўйдан кейин мазар, тоғора-тоғора егуликлар ҳам ташиб қийналмади. Иброҳим ака бу бидьатни ҳам таъқиқлади.
Икки қизни узатиб уйда ёлғиз қолган аёлга таниш-билишлари:
Чақириқ маросими бўлди. Орадан маълум вақт ўтди. Салтанатхонга эркак қуданинг гаплари оғир ботдими, кейинги гал қизи уникига меҳмонга келганда: - Бошимда агар эрим бўлса, даданг бизникига меҳмонга келар эканми, - деди у қизи Шоирага. - Ундай бўлса, энди сенларга янги дада топганим бўлсин...
Тақдир эканми, ниҳоят 45 ёшли, аёллик нафосатини йўқотмаган Салтанат нафақага энди чиққан яхши бир эркак билан умрини боғлади. Ҳаётда бахтли инсонлар кўпайди. Салтанатхон ва Каримжон акалар хонадонидаги меҳмондорчилик янги қудаларнинг ташрифи билан янада кенгроқ тарзда ўтказилди.
* * *
Ҳурматли газетхон! Бу воқеага, Иброҳим аканинг хатти-ҳаракатига сиз қандай қарайсиз, билмадиму, лекин мен хонадонларимиздаги оила бошлиқларини худди Иброҳим акага ўхшашини жуда-жуда хоҳлардим. Зеро, эркакларимиз оиламиз бошлиғи. Ҳар бир иш уларнинг бошчилигида, рухсати билан амалга оширилиши керак, деб ўйлайман.
Оилада эркакнинг борлиги бахт. Унинг йўқлиги кўргулик, алам. Лекин уни оиладан ўлим бевақт олиб кетган бўлса-чи?! Йўқлигига чидаймиз. Барча вазифаларни аёл ўз бўйнига олиб, сабр ва тоқат билан уларни бажаради. Ҳозирги ким ўзарга бўлаётган дабдабали тўй маросимлари анча-мунча бели бақувват эркакларни ҳам шошириб, ўйлантириб қўймоқдаки, бошида эри йўқ аёллар қиз чиқариб, ўғил уйлаш пайтида нима қилсинлар, қайга бориб бошини урсинлар?! Шундай вазиятда Иброҳим акага ўхшаган танти, ўзининг қатъий сўзи, фикри бўлган эркаклар оқилона иш тутиши билан тул хотинларга енгиллик бериши одамийлик, савоб ишлардан бири эмасми?!
Ҳаётда ўлим, ажралиш можаролари бор экан, дунёда ёлғиз яшовчи, эрсиз аёллар бор. Биз - инсонлар, эркакми, аёлми, ким бўлмайлик, аёлни ёлғиз эканлигини билдикми, унга қўлимиздан келганча мадад беришга шошилайлик. Уларнинг ҳаёт ташвишларини енгиб ўтишларига, айниқса, улар ўтказаётган тўй маросимларини камчиқим, чиройли бўлиши учун кўлимиздан келганча кўмак берайлик. Чунки у ёлғиз, ҳаёт синовларига дош бериши жуда қийин. Зотан, ҳофиз ўз қўшиғида айтганидай:
Никоҳ узуклари тақилди, оилавий ҳаётга қадам қўйилди. Шу пайтгача бир-бирини ардоқлаб келган икки инсон, энди бир оила бўлиб яшай бошлади. Бироқ ҳамиша ёқимли ва ҳаммадан яқин инсон энди аввалгидай эмас. Нимага, деган савол қалбингизни ўртайди?.
Ҳаётингизга янги одамлар кириб келади, зиммангиздаги масъулият ҳисси ортди. Ҳаёт эса олдингизга янги-янги синовларни қўя бошлайди. Бу каби синовлардан ўтиш, узоқ ва бахт-ли ҳаёт кечириш учун тинимсиз меҳнат қилишингиз, сабр-бардошли бўлишингиз керак. Бу эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслиги аниқ. Тўғри, ҳар бир жуфтнинг, оиланинг ўзига хос муаммоси бўлади. Уларни ўзлари истаган тарзда ҳал этишни хоҳлайди. Лекин оилавий ҳаётнинг шундай шартлари борки, унга амал қилмасликнинг умуман имкони йўқ. Ана шу шартларга кўниб, мослашиб иш тутсангиз, бахтга тезроқ эришишингиз мумкин.
Бу борада кўпроқ нималарга эътибор қаратиш лозим, қандай йўл тутсангиз тўғри бўлади? Шу ва бошқа қатор саволлар юзасидан психолог Маҳфуза Алимова қуйидаги тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашди.
Кўпроқ мулоқотда бўлинг
Оилавий ҳаётингиз, келажагингиз хусусида иккингиз, яъни турмуш ўртоғингиз билан ўтириб гаплашиб олинг. Сиз авваллари муҳаббат ҳақида фикрлашгансиз. Энди оилали инсонсизлар. Оила ҳақида бир-бирингизнинг тасаввурингиз билан қизиқинг. Қарашларингиз мутаносиб бўлгани яхши. Сизга ёки унга нима ёқади, нима ёқмайди, қандай ҳолатда хафа бўласиз, нима қилсангиз бир-бирингизнинг кўнглингизни кўтаришингиз мумкин, шулар хусусида батафсил гаплашиб олишингиз керак. Инсоннинг қисқа вақтда оилавий ҳаётга, бошқа оила муҳитига мослашиб кетиши осон эмас. Умр йўлида бир-бирига ҳамроҳ бўладиганлар учун ўзаро ишонч ва феъл-атворини яхши билиб олиш фойдали. Бир-бирингизга феъл-атвориниз, фазилату нуқсонингиз ҳақида айтиб беришингиз бахтли турмуш учун биргаликда ҳаракат қилишга қўйилган илк қадам бўлади.
Шикоят қилманг
Ҳеч қачон турмуш ўртоғингизга оила аъзолари ва дўстларидан шикоят қилманг. Ва аксинча, ҳеч қачон турмуш ўртоғингизга яқинларингиз ва дўстларингиз устидан ҳам шикоят қилманг. Биринчидан, бу инсон сиз билан умрбод бирга яшайди. Унинг яхши ва ёмон томонларини бирдек қабул қилишингиз лозим. Оилавий муаммоларингиз ҳақида ўзгалар берадиган маслаҳат турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Иккинчидан, сиз бўлиб ўтган дилхираликни унутиб юборасиз, лекин онангиз сизга озор берган одамни ҳеч қачон унутмайди ва кечирмайди. Шу боис бу борада жуда эҳтиёткор бўлинг, яқинингиз ҳақида кимларгадир шикоят қилишни умуман, эсингиздан чиқаринг.
Ўзгартиришга уринманг
Ўзингиз танлаган инсонни тарбиялашга, ўзгартиришга уринманг. Сизлар бола эмассиз, бир-бирингизнинг тарбиянгиз билан шуғуллансангиз. Ахир сиз уни бир пайтлар севгансиз, айнан ўша хислатлари учун ёқтиргансиз? Сизга ёққан одам энди ёқмай қоладими? Унинг қиёфасида бошқача инсонни кўраяпсизми? Тарбиялашга уринманг, характерини ўзгартираман, деб ўйламанг. Борича қабул қилинг, мослашинг ва ҳурмат қилинг. Юқорида айтилганидек, бир-бирингизга маъқул ва номаъқул феълингиз ҳақида гаплашиб олганингиз яхши.
"Мен" эмас "биз" деб иш тутинг
Никоҳгача бўлган даврингизни эсланг, ҳар бир ишингиз биргаликда бўларди. Романтик учрашувлар, бирга вақт ўтказиш учун албатта, вақт топардингиз. Бундай учрашувлар ва дилдан қуриладиган суҳбатларни никоҳдан кейин ҳам давом эттиринг. Ўқиган китобларингиз, томоша қилган кинофильмларингиз, режаларингиз, орзуларингиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни бир-бирингиз билан баҳам кўринг. Ҳар ким ўз дунёси, ўз иши билан банд бўлса, никоҳнинг, оиланинг қадр-қиммати пасаяди.
Гина сақламанг
Бир-бирингиздан аразлаб, гина-кудурат сақлаб юрманг. Муаммо кўпайтирманг. Зиддиятга бордингизми, ўз ўрнида ҳал қилинг ва гапни чўзманг. Турмуш ўртоғингиз сизни қўллаб-қувватлашини истаяпсизми? Буни очиқ-ойдин билдиринг. Бир-бирингизни кўпроқ тингланг ва тушунинг. Хатоларни кечиришга одатланинг. Оддийроқ айтганда "битта гапдан қолсангиз, осмон узилиб ерга тушмайди". Шундай қилсангиз, албатта ҳурматингиз ошади.
Яқинларингизга жуфтингизни яхши кўрсатинг
Ота-онангизни яхши кўрасиз, қадрлайсиз. Улар сиз учун энг азиз инсонлар. Лекин сиз улардан кўра турмуш ўртоғингиз билан кўпроқ бирга яшайсиз. Шундай экан, жуфтингизни ота-онангизга ёмон кўрсатманг. Ота-онангиз ва жуфтингиз орасида яхши муносабатни йўлга қўйиш учун нима керак бўлса қилинг. Шунда ҳам яқинларингиз, ҳам турмуш ўртоғингиз олдида ҳурмат топасиз.
Ўзингизга аталган вақтингиз бўлсин
Турмуш қургунингизга қадар сиз ҳаммадан айрилиб яшамагансиз, тўғрими? Дўсту дугоналарингиз, севимли машғулотингиз бўлган. Оила қурганингиздан сўнг ҳам бўш вақтингизни мароқли ўтказишга ҳаракат қилинг. Бу турмуш ўртоғингизга ҳам маъқул бўлади. Чунки унинг ҳам ўзига ажратилган вақти, ўзининг дўстлари ва севимли машғулоти бор.
Эътибор
Яқин инсонингизни хурсанд қиладиган "сюрприз"лар қилишни унутманг. Ширин сўзлар билан кўнглини олинг. Ҳатто, чин дилдан билдирилган миннатдорчилик ҳам уйда муҳаббат муҳитини ўрнатади. Мақтов - эркакни бахтиёр қилиш ва қалбини забт этишга ёрдам берадиган энг мақбул усулдир.
Топганингизни баҳам кўринг
Оила бюджети ўртада бўлгани маъқул. Тўғри, ишлаб топган пулингизни ўзингизга, хоҳлаганингизча сарфлашни истайсиз. Лекин асосий даромад ва харажатлар ўртада бўлган, бир-бирингиздан бамаслаҳат оила маблағини бошқарганингиз яхши. Агар қайнота-қайнонангиз билан бирга яшасангиз, уларнинг йўриғига мослашишга, уларнинг айтганини қилишга ўрганинг.
Нозик муносабатлар
Бу масалада гапириш ножоиз бўлса-да, бир нарсани унутмангки, оилавий ҳаётда нозик муносабатларни энг охирги ўринга қўйиш у қадар тўғри эмас. Унинг завқини моддият билан ўлчаманг. Жуфтингиз билан нозик муносабатларингиз биргаликдаги бахтингиз ва завқингиз бўлсин. Эсингизда бўлсин, айнан шу муносабатлар бир-бирингизни яхши тушуниб, биргаликда бахт топа олишингизда катта ёрдам берди, шунда бошқа муаммолар сизларга хавф сола олмайди!
Унутманг!
Мукаммал инсон бўлмайди. Севган инсонингизнинг қайси хусусиятига кўз юмиб, қайсинисини кечиришни ақл билан ҳал қилишингиз керак. Ҳаёт ойнага ўхшайди. Унга қандай ҳолатда боқсангиз ўзингизга шу нарса қайтади.
Инсон ҳаётда бошқаларнинг фақат ёмон томонини кўриши эмас, балки яхши фазилатларини ҳам ахтариши керак. Шунда инсонларга бўлган меҳр янада ошади. Фақат ёмонлигини ахтариб, ҳаммадан нафратланадиган одам худбин одамдир. Ўткир Ҳошимовнинг бир гапи бор: "Ўзидан бошқа ҳаммани ёмон кўрадиган одам охир-оқибат ўзидан бошқа ҳамманинг нафратига йўлиқади". Бу сўзларнинг туб маъносини тушуниш учун олим ёки донишманд бўлиш шарт эмас. Ҳаётимиз давомида ўзимиз буни англаб етамиз.
Мен ўзимга тенгдош бир қизни билардим. У ўзига тўқ оиланинг қизи. Ҳеч кимни менсимайдиган бу қиз ҳамманинг ёмон томонини ахтарар, ўша одамнинг орқасидан бошқаларга ёмонлаб, қизларни бир-бири билан уруштириб, роҳатланарди. У кимнингдир бир нуқсонини айтмаса туролмасди. Бора-бора унинг гапига ҳеч ким ишонмай, унга қулоқ солмай қўйди. Синфдошлар орасида унинг бор-йўқлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. У ҳаммадан нафратланарди. Фақат ўзини яхши кўрарди.
Орадан кўп вақт ўтмай ундан ҳамма нафратлана бошлади. Лекин кунлар ўтиб у бир ўзи ҳеч нарсага эришолмаслигини, дунёдаги ҳамма нарса пул билан ўлчанмаслигини тушуниб етди.
Бир куни у ҳаммамиздан кечирим сўради. Ўзининг ёмон одатларини ташлаб, бизнинг сафимизга қўшилди. Биз бугун бир-биримизга меҳр кўрсатсакгина худбинлик балоси қалбларимизни эгаллай олмайди.
Зеро, яхшилик, меҳр бор жойда худбинликка ўрин йўқ.
Ўзбек мумтоз адабиётида инсонпарварлик ва Ватанни севиш, ардоқлаш мавзуларидаги назмий асарлари билан халқнинг, шеърият мухлисларининг қалбидан жой олган ижодкорлар талайгина. Улардан бири ўзининг пурҳикмат рубоийлари билан ўзбек адабиёти тарихида алоҳида мавқега эга бўлган шоир Паҳлавон Маҳмуддир.
Ҳунармандлар орасидан етишиб чиққан зукко шоир нафақат ижоди, балки ўзининг юксак инсоний фазилатлари билан эл-юрт орасида маълуму машҳур бўлган. Тарихда унинг шахси билан боғлиқ кўплаб ривоятлар юзага келган. Шоирнинг исми Маҳмуд бўлиб, Хоразим, қўшни ўлкалар шаҳарлари, ҳатто Ҳиндистонга бориб кураш тушиб, доимо ғалаба қозонгани боис, у Паҳлавон Маҳмуд номи билан шуҳрат таратган. Айрим манбааларда шоир "Пурёйвалий" деб ҳам аталганлиги ёзилади. Бу эса маърифат, маънавиятни, зиёлиларни улуғлаганлиги, кўплаб хайрли ишларга ҳомийлик қилганлиги билан боғлиқдир.
Кўринадики, шоир юксак инсоний фазилатлари, мазлумларга кўмак бериши, уларни ҳурлик нуридан баҳраманд этишга қилган саъй-ҳаракатлари туфайли халқнинг беқиёс муҳаббатига сазовор бўлган. У ҳаёти давомида мардлик ва жасурликни, муҳтожларга беминнат саховат кўрсатишни, ўзи учун бирор нарса таъма қилмасликни тарғиб этган ва ботинида илоҳий маърифатни кашф этиш, риёзат билан ирфоний камолот сари боришни ҳидоят қилади ва буни ўзининг рубоийларида баён этади. Унинг қатор рубоийлари қабри устига ўрнатилган мақбара деворлари пештоқларига бадиий нақш сифатида туширилган. Шоир ижодининг, у ҳақдаги маълумотларнинг бизгача етиб келишида мақбарадаги ана шу ёзувлар муҳим ўрин тутади.
Инсон нафсдек қаттол душманидан доимо ғолиб келишга ҳаракат қилмоғи лозим, - дейди шоир рубоийларидан бирида:
Оҳ тортган чоғингда йўлга кўз тиккил,
Йўлда қудуқ бордир эҳтиётинг қил.
Дўст уйида маҳрам бўлган чоғингда,
Қўлингни, кўзингни, дилни тия бил.
Паҳлавон Маҳмуд мазкур рубоийда ниҳоятда муҳим мавзуни қаламга олади. "Оҳ тортган чоғ" деганда шоир киши бошига тушган кулфатларни назарда тутади. Шундай чоғда инсон, табиийки, йўлга кўз тикиб, яқин кишиларидан шу ҳолатдан чиқиб кетиши учун қандайдир мадад кутади. Унда инсон мураккаб руҳий изтироблар гирдобида қолганда, мусибатли инсоннинг ўшандай ҳолатидан қувонадиган нотавон, нокас шахслар назарда тутилади. Шоирнинг таъкидича, улардан доимо эҳтиёт бўлмоқ керак. Рубоийнинг кейинги мисраларида эса шоирнинг асл нияти, рубоийнинг бош ғояси ўз ифодасини топган. Унда дўст уйида меҳмон бўлганда, қўлни, кўзни, дилни тийиб туришдек инсоний фазилатлар тараннум этилади.
Кўринадики, шоир рубоийда ўзининг олижаноб ахлоқий-таълимий мазмун-моҳият касб этувчи фикрларини гўзал бадиий мисраларда талқин этади. Бундай рубоийларни Паҳлавон Маҳмуд ижодида кўп учратиш мумкин. Чунончи,
Уч юз Кўҳи кофни келида туймоқ,
Дил қонидан бермоқ фолакка бўёқ.
Ёинки бир асир зиндонда ётмоқ,
Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.
Ёки
Токи бор мардлиг-у ғайратдан асар,
Аҳл-у аёлингиз этма дарбадар.
Мева шохи агар девордан ошса,
Йўловчилар унга бешак қўл чўзар.
Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари шоирнинг илм-фан, ислом шариати, бадиий адабиёт ва тасаввуф таълимоти билан жиддий шуғулланганлиги ҳамда форс-тожик шоири Умар Хайёмнинг изидан бориб, рубоий жанири нафислигини янада юксалтиришда донг таратганлигини кўриш мумкин.
Истиқлол йилларида шоирнинг абадий макон топган мақбараси обод зиёратгоҳга айланганлиги, шоир, ориф, улуғ ва саҳоватли шахс, паҳлавон инсон сифатида авлодларининг эъзозга сазовор бўлганлиги халқимизнинг унга бўлган ҳурмат ва эҳтироми рамзидир.
Ҳар йили баҳорда ҳовлимизда оқ, пушти ва қизил атиргуллар бирам нафис бўлиб очиладики, улардан таралаётган муаттар ҳид кўнглимизни яшнатади.
Биз бу гуллар ҳар баҳор яна қайта ғунча тугиши учун уларни кузнинг охирги кунларига бориб ортиқча шохларини кесамиз, томирини тупроқ билан кўмиб қўямиз. Шунинг билан баҳорда атиргул новдалари қайта униб чиқади. Ўзгача ҳусн ва тароват билан турган бу гуллар бизга бувижоним Қумрихон аяни эслатиб туради. Чунки бу атиргулларни бувижоним ўз қўллари билан ҳовлига ўтқазганлар. Улар хушбўй, анвойи атиргулларни жуда яхши кўрардилар.
Ҳовлимизга ким келмасин, мана шу гуллар уларнинг эътиборини тортиб, ўзига маҳлиё қилади. Бу гал бувижоним 33 йил фаолият кўрсатган таълим муассасаси ходимлари, яъни ҳамкасб ва шогирдлари бизни йўқлаб келишибди. Уларни меҳмонхонамизга таклиф қиларканмиз, барчанинг нигоҳлари ариқ ёқасида тизилишиб турган атиргулларга қаратилган эди. Мен уларни бувим экканликларини, бизларга ёдгорлик бўлиб қолганлигини гапириб бердим.
Меҳмонлар қайтишаётиб, атиргуллардан узиб беришимизни сўрашди. Уларнинг қўлларига гулларни тутқазарканман, гўё бувимнинг нурли чеҳраси кўз олдимда намоён бўлди...