+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

БОЛАЖОНЛАРИМИЗ САЛОМАТЛИГИ БИЗ УЧУН МУҲИМ

(25- сон) мутахассис минбари

Жорий ёз мавсумида вилоятда шаҳар четида жойлашган 14 та, умумтаълим мактаблари қошидаги 43 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 22 минг 450 нафар боланинг дам олиши, шунингдек, корхона ва ташкилотларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари учун 10 та "Меҳнат ва дам олиш" масканлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларни соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  вилоятимизда ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жорий мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди, оромгоҳлар ободонлаштирилди, зарур жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармонлар билан таъминланди, ишларнинг санитария-гигиена талаблари асосида ташкил этилиши бўйича барча ишлар бажарилди.

Куни кеча оромгоҳлар илк дам олувчи болажонларни ўз бағрига олди. Биз учун энг муҳими, фарзандларимизнинг соғ-саломат, кўнгилли дам олишларидир. Бунинг учун вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият бошқармалари ҳамда вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорат маркази томонидан ташкилий тайёргарликлар олиб борилди.

Оромгоҳларга етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари жалб этилди. Шунингдек, сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш, уларни сифатли сақлаш бўйича намунали ишлар ташкил этилган.

Дам олувчи болаларнинг соғлигини назорат қилиш, турли касалликлар келиб чиқиши, лат ейиш сингари кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, мутахассислар томонидан санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш қатъий назоратга олинган. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун 14 турдаги, режали ёрдам кўрсатиш учун 32 турдаги дори-дармонлар заҳираси яратилди, тиббий пунктларда фаолият юритиш учун муайян касбий тажрибага эга, малакали мутахассислар жалб этилди. Бундан ташқари, покизалик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, озиқ-овқатлар сифати, берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгиланган.

Оромгоҳларда маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бўйича ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек,  ижодиёт марказлари фаолияти, спорт ва  фанлар бўйича тўгараклар ташкил этилади.

Шаҳноза  ҲАКИМОВА,

 

 вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири.

АЁЛ ОҚИЛА, МАЪНАВИЯТЛИ ВА ГЎЗАЛ ХУЛҚЛИ БЎЛСИН

(25- сон) Хотин-қизлар қўмиталари фаолиятидан

Муқаддасхон Қурбонова 1967 йилда Асака шаҳрида туғилган. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Асака ип йигирув-тўқув фабрикасида бўлим мудири вазифасида бошлаган. Кўп йиллар масъул вазифаларда иш юритган. Жорий йил май ойидан  туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида иш юритмоқда.

Бугунги кунда юртимизда, хусусан, вилоятимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги жадал ривожланмоқда. Опа-сингилларимиз турли йўналишларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, янги иш ўринлари яратмоқдалар, юртимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Асака туманида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муқаддасхон Қурбонова билан суҳбатимиз ана шу мавзуга бағишланди.

***

- Муқаддас опа, туманда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

 - Бугун туманимизда 308 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 152 минг нафардан ортиғини қиз-аёллар ташкил этади. Уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш каби қатор йўналишларда, айниқса, оилавий бизнес, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар туманимизда 761 тадбиркор аёл рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 148 нафари фермер хўжаликлари ташкил этган, 481 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланади, 132 нафар аёлларимиз мулкчилик шакли турлича бўлган корхоналарга раҳбарлик қилиб келмоқда. Улар, қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Туман ҳокимлиги, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди, "Ҳунарманд" уюшмаси, савдо саноат палатаси туман бўлимлари, солиқ инспекцияси, банклар, хотин-қизлар қўмитаси томонидан уларнинг самарали иш олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Туманда оилавий бизнесни ташкил этиш, опа-сингилларимизни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг тадбиркорлик борасидаги  билим ва малакаларини ошириш мақсадида давра суҳбатлар, ўқув семинарлар ўтказиб борилмоқда.

  Ўтказилган тадбирлар доирасида хотин-қизлар тадбиркорлиги ривожлантириш, тадбиркорлик йўналишида иш бошлаш арафасида турган опа-сингилларимизга бизнесни ташкил этиш, ҳужжатларни юритиш, солиқ имтиёзлари, кредитлар олиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. 

Жорий йилнинг ўтган 5 ойида хотин-қизлар тадбиркорлиги учун банклар томонидан 5 миллиард 366 миллион 800 минг сўм кредит ажратилиб, қатор лойиҳаллар амалга оширилди.  Бунинг самараси ўлароқ, ана шу давр мобайнида опа-сингилларимиз учун 421 та янги иш ўрни яратилди.

- Туманда томорқадан унумли фойдаланиш борасида илғор тажрибалар шаклланганлигини яхши биламиз. Шу ҳақда ҳам  қисқача тўхталиб ўтсангиз?

- Маълумки, кейинги йилларда мавжуд имкониятлардан, айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги аҳолининг мева, полиз ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Туманимиздаги 73 та маҳалла фуқаролар йиғинининг деярли барчасида томорқадан унумли фойдаланиш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллаларимизда оилавий бизнесни ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар талайгина. Айниқса, юртбошимиз ташаббуси билан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш бўйича ташкил этилган гуруҳлар томонидан оилаларнинг имкониятлари ўрганилиб, хонадонларда паррандачилик, чорвачилик, кўчат етиштириш, боғ ва иссиқхоналар ташкил этиш учун кредитлар берилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1142 оила ана шу йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, қўшимча даромад топиш имконига эга бўлдилар.

Мазкур йўналишдаги ишлар, айниқса, Қўнғирот, Қайрағоч, Файзобод, Маркаюз, Деватаги, Ахтачи, Обод, Отуш маҳаллаларда намунали йўлга қўйилган.

 - Ёш қизларга ҳунар ўргатиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар қандай йўлга қўйилган?

- Маҳаллаларимизда фаолият юритаётган кўплаб ҳунарманд аёлларимиз иш олиб бориш жараёнида ҳунар ўрганиш истагидаги ёшларга "устоз-шогирд" анъанаси асосида ўз ҳунарларини ўргатиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишим жоиз. Бундан ташқари, амалга оширилаётган қатор лойиҳалар самараси ўлароқ, кўплаб опа-сингилларимиз доимий иш ўринларига эга бўлмоқда. Масалан, "Тадбиркор аёл"  уюшмаси туман бўлинмаси томонидан қиз-аёлларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биргина уюшма раиси Махфиратхон Ўрозованинг ўзи томонидан ташкил этилган нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехларида хотин-қизлар учун 21 та янги иш ўрни яратилди.

Яқинда ҳукуматимиз томонидан 18 нафар аёлларнинг шарт-шароити ўрганилиб, уларга тикув машиналари олиб бериш ва ўз хонадонида тикувчилик биланг шуғулланиб, қўшимча даромад топиш масаласи ҳал этилди. Ҳозирга қадар 11 нафар аёлга тикув машиналари тақдим этилди. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

- Ёш мутахассислар - касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлаш ишлари қандай кечмоқда?

- Бу йил туманимиздаги касб-ҳунар коллежларини 5145 нафар ўқувчи битирмоқда. Улардан 2406 нафари қизлардир. Билим даргоҳларида ёшларимиз пухта билим олиш билан бирга, муайян касб-ҳунар сирларини ҳам пухта эгаллаганлар.

Битирувчи қизлармиз билан тўрт томонлама шартномалар тузилди, айни кунда уларнинг 2166 нафари бандлиги таъминланди. Коллежларни тамомлаётган қизларимизда 240 нафари ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар олишга ҳужжат топширган.

- Келгуси режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Хотин-қизлар билан ишлаш тизимида фаолият бошлаганимга кўп бўлмади. Бироқ бу соҳада ишлаш масъулиятли ва мароқли эканлигини янада чуқурроқ ҳис этдим. Олдимизга улкан режаларни қўйганмиз. Энг аввало, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган ишларни изчил амалга ошириш, қолаверса, опа-сингилларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Энг муҳими, зиммамизга юкланган барча ишларни бекаму кўст адо этиб, одамларимизни, аёлларимизни ўз ҳаётларидан мамнун яшашларига, давлатимиздан, Президентимиздан миннатдор бўлишларига эришишдир.

- Газетамиз муштарийларига, опа-сингилларимизга айтмоқчи бўлган дил сўзларингиз...

- Аёл энг аввало, оқила, маънавиятли ва гўзал хулқли бўлиши керак. Бундан ташқари, оиласи, яқинлари учун жонфидо, касбига фидойи бўлиши лозим. Шундагина унинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ва мавқеи  юксак бўлади. Бундан-да муҳими, опа-сингилларимиз аёллик, оналик бахтини ҳис этиб яшасин. Шу ўринда "Иқбол" газетаси аёлларимизга маънавият улашаётганлиги, уларни хайрли ва эзгу ишларга бошлаётганлигини алоҳида эътироф этишим лозим. Менимча, ҳар бир аёлнинг мунтазам газета ва журнал ўқиб бориши фойдадан холи бўлмайди. Ўқимишли аёлдан, хонадондан фақат яхшилик чиқади.

-      Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош

 

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

ХОТИН-ҚИЗЛАР ФАОЛЛИГИ ЯНАДА ОРТАДИ

(25- сон)

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан Асака тиббиёт коллежида "Қатъий ҳаётий қарашлар ва ўз позициясига эга бўлган инсонни тўғри йўлдан қайтариб бўлмас" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи доирасидаги мулоқотлардан келиб чиқадиган вазифалар, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама этилди. 

- Давлатимиз раҳбари Андижонга ташрифи доирасидаги мулоқотларда вилоятимиз иқтисодиётини янада юқори босқичга кўтариш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифаларни белгилаб берди, - дейди ЎзЛиДЕП Андижон вилоят кенгаши бўлим мудири Рисолатхон Ниёзова. -  Ана шу вазифалар партиямиз дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлигини, уларнинг ижросини таъминлашда фаол қатнашиш, айниқса, турли диний-экстремистик ғоялар, "оммавий маданият" таҳдидлари кучайган бугунги кунда қатъий ҳаётий позицияга эга, етук ва юксак салоҳиятли ёшларни тарбиялаш зиммамизга улкан масъулият юклайди.

Тадбирда "Тинч ва осуда ҳаёт шукронаси", "Жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш - муҳим масала" сингари қатор мавзуларда маърузалар ўқилди. Иштирокчилар томонидан  маърузалар, мавзу доирасидаги ишларни такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтариш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, тадбирда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавиятини юксалтириш, оила ва маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ролини ошириш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида партия аъзоларининг фаол иштирокини таъминлаш, фуқаролар билан мулоқотлар кўламини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш  зарурлиги қайд этилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

 

Марҳабо  АКБАРАЛИЕВА, жамоатчи мухбир.

ГУЛХУМОР - ЭНГ НАМУНАЛИ МАСЛАҲАТЧИ

(25- сон) танлов

Андижон шаҳридаги З. М. Бобур номли вилоят театрида "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" республика кўрик-танловининг вилоят   босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони, мазкур фармон асосида шаклланиб, фаолият олиб бораётган маҳалла фуқаролар йиғинлари диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маслаҳатчилар фаолиятини юқори даражага кўтариш, уларни фаолиятини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Фуқаролар йиғинининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" кўрик-танловининг аҳамияти йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Айни кунда вилоятдаги фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган 868 нафар диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг ҳаётимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштироки ва фаоллиги тобора ортиб бормоқда.

  "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бўлиб ўтган танловнинг вилоят босқичи ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан 16 нафар маслаҳатчи иштирок этди. Қатнашчилар фаолиятлари бўйича ҳудудда амалга ошираётган ишлари, ютуқлари, илғор иш тажрибалари бўйича тақдимот, "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлиги борасидаги фаолияти, турли масала ва муаммоларни ҳал этишга оид билим ва малакаси юзасидан савол-жавоб ҳамда ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилиятларини намойиш этиш шартлари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, Хўжаобод туманидаги "Сарқамиш" маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Гулхумор Ўрмонова ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Пахтаобод туманидаги "Маърифат" маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Ҳодисахон Отажонова иккинчи, Шаҳрихон туманидаги "Вахм" маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Соҳибахон Хожиматова учинчи ўринга  сазовар бўлди.

- Маслаҳатчи ўта масъулияти вазифа, шу боис зиммамдаги ҳар бир ишни пухта бажаришга ҳаракат қиламан, - дейди танлов ғолибаси Гулхумор Ўрмонова. - Бир неча йилдирки маҳалламизда салбий ҳолатлар умуман қайд этилгани йўқ. Бу албатта, маҳалла фаоллари, қолаверса, кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда олиб бораётган ишларимизнинг самарасидир. Танловда ғолиб бўлганлигим мен учун шараф, шу билан бирга, зиммамга янада катта масъулият юклайди. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Танловда иштирокчилар ва маҳалла фаоллари оилаларни мустаҳкамлаш, маҳалладаги тинчлик-хотиржамлик, маънавий муҳит барқарорлигни таъминлаш, миллий анъана ва            қадриятларни кенг тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, маҳалла нуфузини ошириш юзасидан ўзаро тажриба алмашдилар.

Танлов доирасида фуқаролар йиғинлари фаолиятига оид кўргазмалар намойиш этилди.

Fолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.

ДЕПУТАТЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

(25- сон) тадбир

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик  партияси фракцияси аъзоси А. Жумабоев ҳамда партиянинг вилоят кенгашидаги депутатлар гуруҳи раҳбари С. Мамитова "Ёшлар" ва "Аёллар" қанотлари фаоллари билан мулоқот ўтказди.

 "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг  "Депутат билан юзма-юз мулоқот" лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда 5,5 минг нафарга яқин ёшларни, 7 мингдан зиёд хотин-қизларни ўз сафига олган партия вилоят кенгашининг "Ёшлар" ва "Аёллар" қанотлари фаолиятини кучайтириш, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда аъзоларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Депутатлар иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар қайтарди. 

Абдурасул FУЛОМОВ,

 

ЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби.

Ватан, сенсан энг гўзал диёр

Кўзларимда умид порлайди,

Омад, бахтлар мени чорлайди,

Боғларида орзу гуллайди,

Ватан, сенсан энг гўзал диёр.

 

Самоларда учар кабутар,

Тинчлик сўзин баралла куйлар,

Уланмоқда тўйларга тўйлар,

Ватан, ўзинг қадрдон гўша.

 

Отам каби меҳридарёим,

Онам каби ширин каломим,

Синглимдайин кўзи жайроним,

Ватан, сенсан энг азиз диёр.

 

Хилпирасин ҳаворанг байроқ,

Йўлларимни ёритган чироқ,

Юрагимда сен ўзинг титроқ,

Ватан ўзинг қадрдон гўша.

 

 

Малика ТУРСУНОВА, Андижон тумани.

"ЯШИЛ ЧИРОҚ" МУСОБАҚАСИДА МАРҲАМАТ ТУМАНИ ЖАМОАСИ FОЛИБ БЎЛДИ

(25- сон) Танлов

 

Андижон шаҳридаги Болалар шаҳарчасида умумтаълим мактаблари жамоалари ўртасида "Яшил чироқ" мусобақасининг вилоят босқичи  бўлиб ўтди. 

Мусобақанинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашдилар. Тадбир доирасида Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Марҳамат туманидаги 30-умумтаълим мактаби жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Булоқбоши туманидаги 13-умумтаълим мактаби жамоасига 2-ўрин, Андижон шаҳридаги 35-ДИМИ жамоасига 3-ўрин насиб этди.

Fолиб ва совриндорлар ҳамда фаол қатнашган ўқувчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Исроилжон ХУДОЙҚУЛОВ

МУҲАББАТ – ҲАЛАСКОР

(24 - сон) Ҳикоя

Сардор бир неча кундан буён пештоқига "Наркология диспанcери" деб ёзилган бино атрофида айланиб юрди. Бироқ, нимагадир у ерга киришга юраги бетламасди. Анчадан буён "бугун албатта, кираман, даволанишим керак", деб аҳд қилади-ю...

Сардор ўзи яхши бола, лекин ёмон касалга чалинган. Уч-тўртта безори йигитлар билан танишиб қолиб, шу кўчага кирди. Заҳри қотилни бир татиб кўриш учун оғзига олди-ю, унга боғланиб қолди. Бу дарддан қандай қутулишни билмасди. Фақат юрагида биргина умид бор. Бу ҳам бўлса унинг муҳаббатидир. Бор куч-мадорини тўплаб, у касалликни енгишга, даволанишга ахд қилди. Севгилиси Дилдора бу ҳақида билмайди. Билса қай аҳволга тушиши маълум. Улар бир-бирларига ишонишади. Дилдора Сардорни меҳнаткаш, содда йигит деб билади. У оила қуришга тайёр. "Ўлимдан бошқа ҳеч нарса бизни айиролмайди", деб бир-бирларига ваъда беришган.

Бундан бир йил олдин Сардор Дилдорани биринчи бор китоб дўконида учратганди. Тасодифий танишув, янги китоблар борасидаги суҳбат уларни бир-бирига яқинлаштирди. Аввалига дўст бўлишди. Сардор автокорхоналардан бирида ишлар, Дилдора олийгоҳ талабаси эди. Қиз яқинда ўқишни тамомлайди. Бу орада улар тез-тез учрашиб турадиган бўлишди. Вақтлар ўтиб, Сардор қизникига совчи жўнатди. Қиз тараф розилик билдиргач, ҳар икки томон келаси баҳорда тўй қилишга келишишди. Улар учрашганларида Дилдора ҳар гал келажак ва орзулар ҳақида сўзлаб, Сардорнинг ҳаётга бўлган ишончини алангалатарди. Гиёҳванд модда таъсирида юрган Сардор қизнинг гапларини индамай тинглар, унинг бахт ҳақидаги хаёлларини эшитиб, ўзини албатта, ўзгариши зарурлигини ҳис қиларди.

Сардор суюклисининг хаёли билан "Наркология диспансери" ёнига бориб қолганини сезмай қолди. Тўғри эшикдан ўтиб, ичкарига кирди. Қабулхонадан қаерга учраши кераклигини сўради. Унга йўлак охиридаги хонани кўрсатишди. Хадик билан эшикни тақиллатди. Ичкаридан "кираверинг" деган овоз унга мулойим бўлиб туюлди. Шифокор аёл уни илиқ кутиб олди. Сардор ўриндиққа ўтиргач, барини сўзлаб берди.

- Ҳар бир дарднинг давоси бор. Фақат бардошли бўлишингиз керак, шунда албатта, бу дардни енгасиз. Бунга аввало ўзингизда ишонч бўлсин, - деди шифокор унга мулойимлик билан.

Сардорга бу гаплар таскин бағишлади. Шу куниёқ касалхонага жойлашди. Гарчи доктор маслаҳатларига амал қилиш қийин бўлса ҳам у ўз хатосини тўғрилаш ҳамда муҳаббатига етишиш учун соғайиши кераклигини яхши англарди. Қанча машаққатлар билан кунлар ўта бошлади. Орадан анча вақт ўтиб, Сардорга уйга қайтишга рухсат беришди. У энди ўзини соғлом ҳис қиларди. Эски оғайнилари улфатчилик қилгани чақиришганида уларга қатъий "йўқ" деб жавоб қайтарди. Бу кўчадан энди сира ўтмасликка, захри қотилни иккинчи оғзига олмасликка аҳд қилди. Агар кайф-у сафога берилса, ўз оиласидан, муҳаббатидан айрилиб қолишини яхши биларди. Шунинг учун неча-неча инсонларни ширин ҳаётини зулматга айлантирган, яқинларидан йироқлаштирган бу оғудан йироқ бўлди, янги ҳаёт, янги-янги орзулар ҳақида ўйлай бошлади.

Яна аввалгидек ишга бориши, севгилиси билан ширин-ширин суҳбат қуриши ҳақида ўйлаб юраги хапқирди. Қизга қўнғироқ қилиб учрашадиган бўлишди. Ўзини олиб қочадиган, кўп нарсаларга беписанд бўлиб қарайдиган бўлиб қолган Сардор бугун бутунлай ўзгача. Тартиб билан кийинган, ҳатто қўлларида суюклиси ёқтирган оқ атиргуллар ҳам бор. У учрашув жойига - анҳор бўйига яқинлашгач, қизни интиқиб кутди. Бир оздан кейин қиз ҳам етиб келди. Бироқ унинг кўзлари йиғидан қизариб кетганди.

- Қаерларда эдингиз, қўнғироқларимга ҳам жавоб бермай қўйгандингиз? - деди қиз кўзларидаги томчини яширмоқчи бўлиб. Йигит эса бунга парво қилмай унинг қўлига атиргулларни тутқазаркан:

- Хизмат сафарида эдим, - дея олди. Дилдора Сардорга разм солди. Унинг кўзларидаги ишонч ва қувонч худди аввалгидек порлаб турарди. Буни кўриб жилмайди. Ахир у сўнгги пайтларда бутунлай беписанд бўлиб қолганди. Қиз йигитнинг бошидан кечирганларидан хабардор эди. Қиз бунга сукут билан жавоб берди. Агар муҳаббати кучли бўлса, дардни енгиб, ёнига қайтишини интиқлик билан кутганди. Мана ниҳоят, ўша кун келди. Унга қаттиқ ишонганидан бир сўз демади. Муҳаббати учун уни кутганди.

Машҳура РАҲМОНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

 

ҚУВВАТБАХШ ИЧИМЛИКЛАР: фойдалими ёки зарарли?

(24 - сон) билиб қўйган яхши!

Бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам одамларнинг қувватбахш (қувват берувчи) ичимликлар ичиши одатга айланмоқда. Тетиклаштирувчи бундай ичимликларни ичиш авваллари ёшлар орасида урф бўлган бўлса, ҳозирда уларни турли ёшдаги кишиларнинг истеъмол қилаётганлигини кузатиш мумкин. Ҳатто, бунга муккасидан кетган, кунига бир неча литрлаб ичадиган одамлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда савол туғилади: бундай ичимликларни ҳаддан ортиқ ичиш фойдалими ёки зарарли?

Албатта, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг хавфсиз экани ҳақида гапиришлари табиий хол.   Аслида ҳам шундайми? Келинг, яхшиси бу ҳақда мутахассисларнинг фикр-мулоҳаза ва хулосалари билан танишиб кўрайлик.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, асосан икки турдаги ичимликлар мавжуд. Биринчисининг таркиби кофеиндан иборат бўлиб, у ишга кўмилган одамлар, доим кеч қолувчи талабалар учун фойдали бўлса, иккинчиси углевод ва витаминларга бой ичимликлардир. Бундай ичимликлар кўп жисмоний ҳаракат қилувчи кишиларга мўлжалланган.

Маълумки, кофеин мия фаолиятини кучайтиради ва юракнинг чидамлилигини оширади. Бироқ чарчоқ нималигини сезмаслик учун организм камида 3 та идишдаги қувватбахш ичимлик ичишни талаб қилади. Кучли стимуляторли бу турдаги ичимликларни кўп миқдорда ичиш эса, зарар ҳисобланади.

Ичимлик таркибида гуаран моддаси мавжуд бўлиб, кучли жисмоний зўриқиш чоғида оғриқларни камайтиради, жигарни тозалайди, атеросклерознинг олдини олади. Қолаверса, бу турдаги ичимликларда женьшень мавжуд ва у чарчоқни, тушкунликни камайтиради, бутун организмнинг ишлашга бўлган иштиёқини оширади.

Бундан ташқари, ичимликлар таркибида таурин, карнитин, матеин ва мелатонин каби компонентлар ҳам бор. Биринчиси юракнинг ишчанлигини оширади, холестеринни озайтиради, қувват беради. Иккинчиси инсон организми тўқималаридаги ёғли кислоталар парчаланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди. Матеин очликка қарши курашади.  Бошқача айтганда, тўқ тутади. Мелатонин инсоннинг кунлик ритмини мўътадиллаштиради.

Хўш, қувватбахш ичимликларнинг қандай плюс ва минус томонлари бор.

 Ижобий томонлари:

- кайфиятни кўтаради;

- ақлий фаолиятни кучайтиради.

Салбий жиҳатлари:

- кўп миқдорда ичиш организмга салбий таъсир кўрсатади. Яъни кунига 2 банкадан ортиқ ичилса, артериаль босим ва қондаги қанд миқдорини оширади, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори;

- гипертоник ва гипотоник касалига чалинганларга қувватбахш ичимликлар ичиш тавсия қилинмайди;

- асаб тизимининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин;

- доимий равишда ичиб юриш юрак урушининг меъёрини бузади;

- қаттиқ жисмоний ҳаракат, спорт машғулотидан кейиноқ қувватбахш ичимликларни ичмаслик лозим. Чунки у организмдаги суюқликни чиқариб юборади.

Хулоса

Кўпинча қувватбахш ичимликлар инсон организмига қувват беради, дейишади. Аслида эса у организмнинг ички қувват манбасини очиб юборади. Тана ичимликнинг эмас, балки ўзининг энергия захирасидан фойдаланади. Шуни унутмаслик керакки, бугунги кучли ишчанлик иштиёқи эртага организм учун уйқусизлик, чарчоқ ва депрессияни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, қувватбахш ичимликларга кўп ҳам ружу қўйманг. Ҳамма нарсанинг меъёри бўлгани яхши.  Халқимиз бу борада топиб айтган: "Асалнинг ҳам ози ширин".

 

 

Муслим МИРЗАЖОНОВ тайёрлади.

ОНА ДУОСИ

(24 - сон) турмуш чорраҳаларида

Талабалик йилларим эди. Ўқишдан уйга қайтаётган эдим. Кун қизигандан қизирди. Шоҳбекат ҳар кунгидан-да, одамлар билан гавжум, сабаби бугун якшанба. Асосан, аёллар оғир сумкаларни кўтариб юришар, кўнгиллари тўлгунича қилган ҳаридлари гўё бу юкларининг оғирлигини сездирмагандай эди.

Эҳ аёллар-аёллар, дунёнинг бор шодлигию аламлари сизнинг сумкангизга жойлашиб олганми дейман. Ёнма-ён ўриндиғдаги ҳамроҳимнинг сумкасини жойлашишига ёрдамлашдим. Ҳа, сумкаси ҳақиқатдан ҳам анчагина оғир экан.

У раҳмат айтиб,  самимий жилмайди. "Шукур" дея ёнимга жойлашди.

Шу пайт ҳайдовчи йўловчиларга яна бир карра огоҳлантириш берди.

Бу овоз шунчалик таниш бўлиб кетганки, доим ўқишга қатнайдиган баъзи талабалар бир-бирларига унинг сўзларини айтишиб кулишарди.

"Паспортингизни, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингизни олишни унутманг. Йўлда постдан ўтамиз!"

Автобус оғиргина жойидан қўзғалиб, йўлга тушди.

 Очиқ ойналардан кираётган майин шаббода, машина ичидаги иссиқ ҳароратни бироз мўътадиллаштирди. Радио орқали янграётган ажойиб мусиқани   тинглаб, ширин хаёллар оғушида борар эканман, қандайдир илҳом парилари мени ўз қуршовига олгандай эди гўё.

"Марҳаматга қиз узатган эдим, набиралик бўлдим. Ўғил кўрди, қизим ўғил кўрди!"

Ёнимдаги аёлнинг шодлигига шерик бўлиб, уни табрикладим.

"Муборак бўлсин, умри, ризқ-насибаси билан берган бўлсин!"

Суҳбатдошим йўл бўйи ўғли йўқлигини, уч қизни вояга етгазиб, муносиб жойларга узатганини гапириб кетди. 

- Сиздайларни "Жаннати"дейишади, онажон, - дейман кўнглини кўтариш учун.

Биз постга келиб қолганимизни, паспортларимизни тайёрлаб туришимизни ҳайдовчи яна бир бор эслатди.

Ниҳоят, текширув навбати бизга етиб келди. Очиқ турган эшикдан чиқиб келган бўйдоргина аскар йигит салом бериб,  синчковлик билан паспортларни текшира бошлади.

Ўз ҳужжатини кўрсатиб бўлган ҳамроҳим сумкасини ковлай бошлади.

Мен ажабланганча уни кузатиб турардим. Ўз ишини тугатиб, автобусдан тушмоқчи бўлиб турган йигитни бир дақиқа тўхташини сўраган ёнимдаги онахоннинг овози ҳаммани ҳайратлантириб, ўзига қаратди.

Айниқса, ҳайдовчининг капалаги учиб кетди. Сергаклик билан қараган аскар йигитга қўлидаги оппоқ дуррани узатар экан, онахон шундай деди:

- Болажоним, мана бу сомсаларни ўз қўлларим билан ёпганман, ўртоқларинг билан енглар. Дуо қилинглар, янги туғилган набирам улғайганда сизлардай аскар бўлсин.

Кўзлари ифтихор билан самимий кулиб турган аскар, сомсаларни олар экан, соддадил онахонга:

 - Раҳмат, онажон, ниятингиз улуғ экан, набирангиз албатта, аскар бўлади. Сиз ҳам бизни дуо қилинг, хизматимизни чиройли ўташлик насиб этсин, деди.

Она қўлларини юзига яқинлаштириб, "Азиз болажонларим, иллоё бўй-бастингизга кўз тегмасин, тану жонингиз соғ, бошингиз омон бўлсин, юртимиз тинч, юртбошимиз омон бўлсин", дея узундан узоқ дуо қилди. Онахоннинг истарали, нурли сиймоси қалбимга бир умрга муҳрланиб қолди.

... Орадан йигирма йиллар ўтди. Ҳаёт тасодифини қарангки, туман марказидаги  боғ ичига қўйилган ўриндиғда ўша онахон бир аёл билан суҳбатлашиб ўтирар эди.  Бир кўришда талабалик давримдаги ўша воқеани эсладим.

... Кун исигандан исирди. Онахон ва аёл билан сўрашиб, уларнинг ёнига ўтирдим. Бироз суҳбатлашгач, онахонга ўша воқеани эслатдим. Онахон ҳам қийналмай ўша воқеани эслади. Билганим шу бўлдики, онанинг чин дилдан қилган нияти, дуоси албатта, ижобат бўларкан. Бугун унинг набираси ҳарбий билим юртида ўқиётган экан.

 

Саида ЗИЁ