+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Аёл бор муҳаббат, ишқ яшар қалбда

(21-сон)

Аёл борки олам нурга тўлажак,

Юртда янграр тинчлик садоси.

Ҳар неки бало-ю қазодан асрар,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Иффатдан яралган баланд минордур,

Аёл бор, хазонлар, ёзлар баҳордур.

Эркак бўйнидаги олий тумордур,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Тўмарис, Барчинлар, гўзал Нодира,

Улар деб жонланар буюк хотира.

Кавсардек биллурдур ғоят бокира,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Аёл бор муҳаббат, ишқ яшар қалбда,

Қоронғу зулматнинг тушмас сояси.

Ҳамиша бошимиз асрайди омон,

Аёлнинг қўл очиб қилган дуоси.

 

Гулноза ҲОШИМОВА

"БАХТЛИ ОИЛА САРИ"

 (21-сон)

З. М. Бобур номли вилоят театрида "Бахтли оила сари" деб номланган кўрик-танлов бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими ҳамда олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда вилоятимиздаги олий ўқув юртлари жамоалари иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида  ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, Андижон давлат университетининг "Андижон ёшлари" жамоси "Энг кучли жамоа" деб топилди. Иккинчи ўрин қишлоқ хўжалиги институтининг "Парвоз" жамоасига, учинчи ўрин Андижон давлат тиббиёт институтининг "Авеценна" ҳамда Андижон машинасозлик институтининг "Нурли келажак" жамоаларига насиб этди.

 

Х. СИДДИҚОВА

ЎҚУВ-СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

(21-сон)

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан "Касаба уюшмалари, меҳнат муносабатлари ва меҳнат қонунчилиги" мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей,  касб-ҳунар коллежлари  ҳамда маданият ташкилотларининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, Кенгаш ва раёсат аъзолари иштирок этдилар.

Семинарда жорий йилнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳамда қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, тизимда қайта ишлаб чиқилган норматив ҳужжатлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Шунингдек, Кенгаш томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат жамоаларида "Қаҳрамонлик, бурч ва фидоийлик", "Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият" шиорлари остида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилди, 120 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кўп болали меҳнат фахрийлари, нафақадаги ходимларга байрам туҳфалари топширилди.

Н. ТЎРАҚУЛОВА

 

 

ОТА ШАЪНИГА ЭНГ ОҒИР МАЛОМАТ

(20-сон) Турмуш чорраҳаларида

Тун билан ухламай, бу ёнбошдан у ёнбошга ағдарилиш билан тонг оттирган бўлса-да, ёстиқдан аранг бошини кўтарди. Бутун жисми қақшаб оғрирди. Ташқарига чиқди. Ҳамма жой сув қуйгандек тинч эди.

- Ҳей, қаердасан?!  У шундай деб бақирдию, кимга, нега жаҳл қилаётганини билмасди.

- Дадаси... Хотини ошхонадан оёқ учида юриб олдига келди. Хотинининг юзига ҳам қарамай ювиниш хонасига ўтди. Бошидан муздай сув қуйиб, бироз тетикланган бўлиб, нонушта қилиш учун  дастурхонига ўтирди.

- Қани, болаларинг?

- Ўқишига кетишди... Қизингиз ичкарида... Нонушта қилмайман, деди... Хотинининг қалтираб чиқаётган овозига бир раҳми келса, бир ғаши келарди.

- Ичкарида нима қилади, уйига қачон қайтаркан?!

- Дадаси... Хотини йиғламсираган товушда сўз бошлаб "қилт" этиб ютинди. - Қудаларингиз сўраб келишмаяпти-ку...

- Келмайди ҳам! У заҳрини хотинига сочиб, бақирди.

- Кутмаларинг қуда-пудангни! Келмайди барибир! Сенларга бошидан айт-гандим, бу одамларнинг кўзи очга ўхшайди, бунақа тоифадан яхшилик кутиб бўлмайди, деб. Ундай дединг, бундай дединг, ўз билганларингдан қолмадинг. Ана оқибати, қизинг олти ойда тўрт марта аразлаб келди. Турмуш бунақа бўлмайди. Ўлса ўлиги ўша уйдан чиқади, тамом-вассалом!..

Чойини ҳам ичмай, жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб ўрнидан қўзғалди. Дарвозадан чиқишга чиқдию, бир муддат қаерга боришни билмай туриб қолди. Бугун дам олиш куни. Ҳамма оиласи бағрида, кимдир меҳмон кутган, биров меҳмонга борган, кимдир ҳафта давомида тўпланиб қолган ишини адо этиш билан машғул. Фақат у уйига сиғмайди. Ҳозир кўчада ҳам сарсон юрибдию, йўлидан биров чиқиб қолишидан, кимгадир рўпара келишдан чўчияпти. Биров тугул шу онда ҳатто, ўзидан ҳам уялади у. Бир кўнгли куёвининг, эркак қуданиннг олдига бориб эркакчасига гаплашмоқчи ҳам бўлди. Бироқ... Уялди. Тўйдан олдинги қизи билан куёвининг "томоша"лари, никоҳ кунидаги қилғиликлари кўз олдига келиб, қудасига ҳам, куёвига ҳам рўпара келишга юраги дов бермади.

...Унаштирувдан кейин эрталаблари қизи ясан-тусан, пардоз-андоз қилиб уйдан чиқиб кетаётганига бир-икки кўзи тушган эди. "Ҳадеб унаштирилган йигит билан учрашиши яхши эмас" деб ичида ғашлангандию,  қизига ҳам, хотинига ҳам индамаганди. Никоҳ базмида ўшанда қизидан қаерга кетаётганини сўраб-суриштирмагани учун пушаймон қилди. Базм ўртасига бориб тўйхонада чироқлар ўчди. Ҳайрон бўлиб, сабабини билиш учун тўйхона маъмуриятига учрамоқчи бўлганди, хотини кулиб қайтарди:

- Дадаси, чироқ ўчмади, ўзлари ўчиришди. Ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишади-ку? Ҳалиги нимайди "Лав стори" бўларкан...

- Нима деганинг у?

- Ёшларнинг тўйдан олдинги учрашувлари суратга туширилган, ҳозир ўша суратлар меҳмонларга кўрсатилади...

- Нима деяпсан сен?! - Унинг ғазаби қайнади. Қизинг билан куёвнинг учрашуви тўйга келганларга нима қизиғи бор экан?!

- Дадаси, ахир, ҳозир ҳамма тўйда шунақа қилишяпти-ку!? Бу урфга айланган. Унаштирилган йигит-қиз тўйгача суратга тушиб, фотоалбом қилади. Тўй куни шу суратлар меҳмонларга катта экранда кўрсатилади...

- Ҳе ўша урфингни... - Сўкингани олиб борувчининг пайдар-пай сўзлари босиб кетди. Экран ёришиб унда қизи билан куёвининг суратлари кўрина бошлади. Бир суратда куёви қизини қучоқлаб тушган, бошқасида қизи йигитнинг пинжига тиқилган... Унинг нафаси қайтиб, бошига оғриқ кирди. Кўзларидан олов чиқаётгандек юзи ёнар, худди ҳамма қўлини бигиз қилиб, уни кўрсатганча "Ана, шарманда қизнинг отаси шу!" дегандек бошини эгиб, букчайиб қолганди. Шармисорлик томошаси анча пайт давом этди. Унинг кўзи суратларда эдию, ҳуши ўзида эмасди. Ёнида ўтирган катта экранда термулиб қизининг беҳаёлигини ғурурланиб томоша қилаётган хотинига нимадир демоқчи бўлар, лекин овози чиқмай, бўғзига тугун тиқилганди. Йигитлар қийқириб ҳуштак чалар, қизлар чинқирар, у эса қўллари билан бошини чангаллаб "Бўлди, тўхтатинглар" демоқчи бўларди. Ҳартугул чироқ ёнди. Энди экранда тўй саҳналари кўринаётганди. Тўсатдан хотинининг кўзи унга тушди:

- Дадаси, тузукмисиз? деганди, хотинига нафрат билан тикилди:

- Қиз туғмай ўл! Қиз узатмай ўл! Тириклай ерга киргиздиларинг бугун!..

- Хотини эса бу гапларни эшитмагандай тураверди.

Бироз ўтгач, бундан ҳам шармандали ҳолат юз берди. Бир пайт куёв билан қизи даврага қўлтиқлашиб чиқиб келдилар. Ер ёрилсаки ерга кириб кетса. Кўзи тиниб кетди. Келин-куёв қўлтиқлашиб ўйинга тушаяпти, йигит-қизлар қийқириб уларни олқишлаб ирғишлаяпти. У эса мана шу шармандаликни ҳамма қатори томоша қилиб ўтирди...

...Биринчи марта қизи аразлаб келганида хотини шикояту қарғишни бошлаганди, оғзига урди:

- Никоҳ ўқилмаган йигит билан қўлтиқлашиб расмга, тўй куни сакраб-сакраб ўйинга тушган қизинг эрининг уйига бормасдан ўзини беқиймат қилиб бўлган! Энди овозингни ўчир! Тўй куни мени тириклай ерга тиқдинг икковлашиб, энди урсаям-сўксаям қизинг ўшаларнинг айтганини қилсин. Қизингга айтиб қўй, ҳар куни бўғчасини қўлтиқлаб уйга келавермасин! Сен эса қудаларингдан ғийбат қилиб, бошимни қотирма!..

Ўшандан бери қизи тўрт марта аразлаб келди. Бу гал қорнидаги ҳомиласини ҳам ўйламай ҳайдашибди. Хотини қўрқа-писа қудағай "Энди қайтиб келма, ўғлимга бошқа қизни олиб бераман!" деб дағ-даға қилганини айтди. Хотинининг дийдиёларини эслаб юраги санчиб оғриди. Ўзини беқадр қилган, ўз ҳурматини билмаганни биров қадрламайди, ҳурмат қилмайди. Тўйдан олдин турли жойларга бориб суратга тушган, никоҳ базмида куёв билан ўйинга тушган келинни қайнона ҳурмат қилармиди? Қизининг шунчаликка боришида унинг ҳам айби бор. Қизи унаштирилган йигити билан суратга тушишдан ҳаё қилмабдими, демак, у отасидан ҳам ҳаё қилмаган. Никоҳ базмида ҳаммани ўзига қаратиб, ўйинга тушган қиз отаси, акасини ҳурматини ерга урган эди. Онасичи, нимага у бунга йўл қўйди? Қизининг қилғиликларини била туриб, уни бу йўлдан қайтармади. "Бу ишни тўхтат!" демади. 

Вақтида тузатилмаган хато ортидан хатолар келаверади. Нима бўлганда ҳам қизининг оиласини сақлаб қолиши керак. Шунчасига томошабин бўлиб турганидек, қизининг оиласи бузилишига томошабин бўлиб турса, эртага яна ўзига жабр бўлади. Буёғига ҳушёр туриши керак. Кимдир паст кетиши, ўзини қурбон қилиши керак бўлса, у оила бошлиғи, ота бўлиб, ғурурини қурбон қилади. Қизи, унинг бахти учун нима керак бўлса қилади. Ота бепарво бўлган оиланинг аҳли аёли шарманда бўлади, деган ҳаққиқатни ўғилларига уқтириш учун бош эгишга тайёр туриши керак. Ахир эгилган бошни қилич кесмайди, дейишади-ку. Ҳозир қудасиникига бориб, қудалари, куёви билан гаплашади.  Ҳар қандай ҳолатда вазиятни юмшатиб, қизини оиласига қайтаришга уринади. Ота учун "қизи эрдан қайтиб келган" деган маломат жуда оғир. Бу маломатни эшитгандан кўра қудаларининг пойига бош уриш енгилроқ...

У хаёлидан кечган ўйлардан руҳланиб, томоғига қадалган аччиқ тугунни ютди-да дадил қадамлар билан олға юриб кетди...       

        

 

Умида АДИЗОВА

ТУНДА УЙҚУ КЕЛМАСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

(20-сон) Саломатлик - туман бойлик

 Мутахассисларнинг таъкидлашича, болалар ёшига қараб, суткасига ўртача 8-14 соат, катталар эса 7-8 соат атрофида ухлашлари меъёр ҳолат ҳисобланади.

Албатта, тунда мириқиб ухлаган киши роҳат қилади. Куни билан тетик ва бардам юради. Ухлай олмаган одам эса қийналиб юради, кўп ҳолларда ишлари ҳам юришмайди. Баъзи кишилар тунда яхши ухлай олмасликдан, бу билан боғлиқ салбий ҳолатлардан азият чекишади.

Уйқу табиат қонунига бўйсунади, фасл алмушинуви, куннинг тун билан алмашиниши, табиатдаги шунга ўхшаш ўзгаришлар уйқуга таъсир этади. Кундузи киши ишлаётганида ички органлардан тортиб, бош миягача зўр бериб фаолият кўрсатади. Бунда вегетатив асаб тизими ҳукмронлик қилади. Уйқу вақтида эса бош миядан тортиб, ички органларгача ўз фаолияти суръатини пасайтириб, дам олади.

Олимларнинг таъкидлашича, мия хужайралари кечаси ҳам кундузига ўхшаб ишлайди, кун бўйи жамлаган маълумотларни ўзининг узоқ вақт сақланадиган "хотираси"га жойлаш билан овора бўлади. Одам уйғоқ пайтида мия ҳужайралари кўп қўзғалади. Ҳар бир ҳужайра, ҳар қандай тўқима иш вақтида ўзидан катта қувват йўқотади, уларнинг фаолияти узоқ давом этиши учун сарфланган қувват ўрнини тўлдириш лозим бўлади.

Уйқу пайтида кишининг, аввало, бош мия мағизи (тугунчалари) ташқи хабарлардан холи бўлиб, мия ўзига зарур бўлган маълумотларнигина қабул қилади. Зарур бўлмаганини эса инкор этади. Шу орқали фойдали маълумотлар хотирада узоқ вақт сақланади. Яхши ухлай олмаган кишида эса ана шу тизимнинг фаолияти меъёри бузилади. Бу албатта, хасталикнинг бир кўриниши ҳисобланади.

Яхши ухлай олмайдиган кишилар қуйидаги воситалардан фойдаланиши мумкин. Бир ошқошиқ асални ёки икки қошиқ шакарни бир пиёла илиқ сувда эритиб, уйқуга кетишдан 1-1,5 соат аввал ичиб олса, уйқусини яхшиланади. Уйқу олдидан оёқни иссиқ сувга ботириб ўтириш ёки оёққа «грелка» қўйиш ҳам яхши натижа беради.

Уйқудан олдин очиқ ҳавода сайр қилиш, ёқимли куй тинглаш ёки бирон бир бадиий китобни мутолаа қилиш ҳам ниҳоятда фойдалидир. Хуллас, ўз вақтида уйқу келмаса дарров уйқу дориси ичмаслик, тушкунликка, ваҳимага тушмаслик керак. Бундай тушкунликлар аксинча уйқуни қочиради.

 

Лобар ЗОКИРОВА, олий тоифали шифокор.

ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ

(20-сон) Мушоҳада

 

Бир яқин таниш аёлникига меҳмонга боришга тўғри келиб қолди. Унинг бир-биридан ширин фарзандлари: бир ўғил, икки қизи бор эди. Эндигина уч ёшга тўлган қизалоқ беш ёшли акаси билан ўйинчоқ толашаяпти. Болаларда бундай ҳолат  бўлиши табиий албатта, аммо уч ёшли қизалоқнинг тилидан чиққан хунук гапларни эшитиб, очиғи  ҳайрон бўлдим.

Кейинги гал бу хонадонга келганимда аёл ёш болаларини қилган шўхликлари учун жазолаётган эди. У фарзандларига уятли сўзлар билан дакки берарди. Бугун эшитганларимни ўтган сафар келганимда, жажжи қизалоқнинг тилидан эшитгандим. Шундан сўнг халқимизнинг "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ҳикматли гапи бежиз айтилмаганлигига яна бир бор амин бўлдим. 

Тўғри, у аёлнинг болалари жудаям шўх эдилар. Аммо ҳеч бир андишасиз, ўйламай айтилган сўзлар орқали берилган тарбия болага салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Эртага фарзандлари улғайгач, тилидан бундан ҳам ёмонроқ сўз чиқмайди, бундай сўзларни боғчада, мактабда айтмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу каби тарбия билан улғаяётган болалар ҳаётда ўз ўринларини топишга қийналишлари аниқ. Чунки, кўпол сўзлашадиган, муомала маданиятини яхши билмайдиган киши ҳар қадамда муаммоларга учраши мумкин, ҳурмат, обрў-эътибор топиши ҳам қийин бўлади.

Шу боис, барча ота-оналар, устоз ва мурраббийлар фарзандлар, ёш авлод тарбиясида сўзлашиш, муомала борасида чиройли тарбия беришга алоҳида эътибор қаратиши, уларни ширин сўз ва меҳр билан тарбияламоғи лозим. Агарда улар хато қилса, оғир ботмайдиган, аммо таъсирли сўзлар билан онг-шуурига таъсир ўтказишлари яхши самара беради. Бола ниҳолдай гап. Ахир ниҳолни қанчалик яхши парваришласанг, у вақтлар келиб шунчалик ширин мева беради. 

 

 

Марҳабо ЗИКИРОВА

ОНАЛАРГА ТАЪЗИМ

(20-сон) эҳтиром

Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,

Биттадир дунёда Она деган ном.

Дарҳақиқат, шоир айтганидек, Она ва Ватан ягонадир. Уларсиз инсон ўзлигини англай олмайди, ҳаётни, келажакни тасаввур эта олмайди.

Она! Бу сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Ҳаёт давомчиларини дунёга келтиргувчи мўътабар зотнинг уммондан-да улкан меҳр-муҳаббатини бирор нарса билан қиёслаш мумкин эмас, фазилатларини эса айтиб адо қилиб бўлмайди. Оналаримиз ҳаётимиз гултожи, оиламиз таянчи, бизнинг камолимиз учун керак бўлса, жон фидо этгувчи буюк хилқатдир.

Оқила, саришта онажонларимиз бизга энг аввало, ҳаёт сабоғини, одамлар орасида ўз ўрнимизни топа олишимиз учун зарур барча билим ва тарбияни берадилар.

Буюк олиму фозилларимиз она меҳрини қуёшга қиёслайдилар. У фарзандларининг ҳаёт йўлини ёритади. Унинг фарзанди учун қилган хизматларини ҳеч бир мезон билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Она болаларига ҳаёт билан бирга, ўзидаги меҳру-муҳаббат, инсонийлик сингари юксак фазилатларини ҳам бахшида этади. Она берган меҳрини сувга чўкмайдиган, ўтда куймайдиган муқаддас туйғу, деб атасак асло муболаға бўлмайди. Чунки онамиздан олган,туйғулар, тарбия мезонлари умрбод бизга ҳамроҳ бўлади.

Оилани ҳам, жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файзу-барокат киритадиган, хонадонларимизни нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиздир. Улар оқилалиги, ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни сақлаб турадилар.

Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда уни Она сиймосига қиёс этганлар, шунинг учун дунёда "муқаддас" деган сўзга энг муносиб зот ҳам Онадир.

Улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий шундай ёзади:

 

Оналар оёғи остидадир,

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғин туфроғи.

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: "Аёлларимизни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули, деб эъзозласак, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз", деган эди. Дарҳақиқат, онани эъзозлаш миллатимиз, халқимиз учун энг олий қадрият даражасига кўтарилган юксак фазилат саналади. Улуғ зотга ҳар қанча таъзим қилсак, эъзозлаб, эҳтиром кўрсатсак кам.

Фарзандлар камоли, бахти учун жонфидо оналаримиз бахтимизга ҳамиша омон бўлсин.

Зиёдахон СОДИҚОВА,

Манзурахон АБДУЛҲАМИДОВА,

 

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежи она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари.

САМАРБОНУ - МАЪРИФАТПАРВАР ШОИРА ЭДИ

(20-сон) Ўзбек шоиралари

Мумтоз адабиётимиз тарихида ўзининг ижоди билан ёрқин из қолдирган шоиралар кўп. Бундай шоираларимиз қаторига Увайсий, Нодира, Анбар Отин, Дилшоди Барно кабилар киради. Улар кўнгилга яқин, бадиий жиҳатдан мазмунли ва таъсирли ижод намуналари билан шеърият ихлосмандларининг қалбидан жой эгаллаган.

Ана шундай шоиралардан бири ХIХ асрда Марҳаматнинг Ўқчи қишлоғида яшаб, ижод қилган Самар бонудир. Ўзбек адабиётининг илғор вакилаларидан бири сифатида гўзал шеър ва ғазаллар битди. У 1837 йилда Ўш шаҳрида таваллуд топган. Асли машҳур шоир Хувайдонинг чевараси бўлган Самар бонунинг отаси Сирожийдан фалсафа ва шеърият назариясидан сабоқ олади. Шоира 18 ёшида мингтепалик боғбоннинг ўғлига, яъни отасининг шогирди Шарифжонга турмушга чиқади. Орадан бир йил ўтмасдан Шарифжон фожеали тарзда вафот этади. Бону 19 ёшида қўлидаги чақалоғи Заҳириддин билан ёлғиз қолади. Шоира шеър ва ғазалларида ҳаёти оғир синовлар билан ўтса-да, умрининг охирига қадар турмуш ўртоғига содиқ қолиб ҳаёт кечирганлигини баён этади:

Бону айтар бу оламдаки, ғамсиз юрмадим ҳаргиз,

Бу дунё даврини шодмону хандон сурмадим харгиз.

 

Жаҳонда юрдиму турдим, неча чектим жафоларни,

Жафосин кўрдим, эй дўстлар вафосин кўрмадим ҳаргиз.

 

Аё дўстларки, мен ёлғиз, ғариби бенаво қулмен,

Топай аҳли аёл, атфол деюб қайғурмадим харгиз.

Ҳаёти зиддиятларга, меҳнату машаққатларга тўлиқ бўлган Самар бону бобоси Хувайдо, отаси Мавлавий Сирожий каби ижод билан шуғулланишдан асло  тўхтамади, мактабдорлик қилади, отинбибилик фаолияти билан ҳаёт кечиради. У ўзи яшаган Ўқчи қишлоғида қизлар учун мактаб очади. Қизларга нафақат диний, балки хуснихат, адабиёт, шеъриятдан билим беради. Ўтган асрнинг 50-60 йилларигача шоиранинг ўқувчилари, қиз набиралари тез-тез йиғилишиб, шеърхонлик қилишар, адабий суҳбатлар, мушорилар ўтказишган. ХХ аср бошларида Мингтепада ғазалхонлик,     шеърхонлик кенг ёйилган бўлиб, бу эса ўша давр аёлларининг маънавий комиллиги, фозила ва оқила бўлганидан далолат беради.

ХIХ асрда  аёллар ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан махрум бўлган бир даврда кўплаб адолатсизликларга қарши туришга ўзида куч, матонат топиб, маърифатга, манавиятга ошно бўлган Самарбонунинг ижоди ва ҳаёти биз ёшларга ибратдир. Қолаверса, у миллатимз аёлларининг ёрқин томсолларидан бири сифатида қалбларимиздан муносиб жой олади.

 

Гулноза ХОШИМОВА, Андижон шаҳри.  

ШУКРОНАЛИК

(20-сон) Мушоҳада

Кенг ўрмон яқинидаги кичик бир қишлоқда икки ўтинчи яшар экан. Улар тонг сахарда ўрмонга ўтин тергани йўл олишар ва терган ўтинларини бозорга олиб бориб сотишар экан.

Бу икки ўтинчи ўз оиласи билан шундай ҳаёт кечираркан.

Ўтинчилар ҳар иккаласи ҳам бирдек меҳнат қилишади. Бири ўзининг топган даромадига ва ўз ризқига шукур келтирар экан, бироқ иккинчи ўтинчи эса шохона ҳаёт кечиришни истар ва  ҳаётидан доим норози бўлиб, нолиб юраркан.

Шу зайлда ойлар, йиллар ўтибди. Биринчи ўтинчининг топганида барака бўлиб, тўкис ҳаёт кечира бошлабди. Буни кўрган иккинчи ўтинчи ҳайрон бўлиб, ўзига ўзи "нега иккимиз ҳам бир хил меҳнат қиламиз-у, аммо мендан кўра унинг ҳаёти яхшиланиб бормоқда" деган саволни берар экан. Саволига ҳеч жавоб тополмай, шеригидан бунинг сабаби нимада эканлигини сўрабди. У шундай жавоб берибди:

- Бунинг сабаби оддий. Мен ўз ишимдан, ҳаётимдан доим рози бўлиб,  берилган ризққа шукур келтириб яшайман. Сен эса аксинча, ишингдан ҳам ҳаётингдан ҳам ҳеч қониқмагансан, шукроналик ҳиссини билмайсан.

Қиссадан ҳисса шуки, борига қаноат қилиб, сабр-тоқат билан меҳнат қилган кишининг ризқига ризқ қўшилиб, топганида барака бўлади. Шукур қилмоқлик фазилатларнинг энг олийси бўлиб, инсонни саодатга олиб боради.

Жумагул МАЛИКОВА,

 

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

АЁЛ, СЕН ЯРАЛДИНГ...

(20-сон) дил туFёни

Дунё ҳам орасталанди,

Пойингни сўроқлаб гул дасталанди,

Қоши ёйинг каби пайвасталанди,

Сенинг, борлигингга минг бора шукур.

Шоирнинг ушбу мисралари аёл ва гўзаллик бир-бири билан уйғун ва чамбарчас боғлиқ эканини англатади. "Дунёни гўзаллик қутқаради" деган ҳикматли фикр ҳам аёлларга қарата айтилган, десак асло муболаға бўлмайди. Ахир аёл - поклик, гўзаллик ва меҳр-муҳаббат тимсоли эмасми?

Ҳар бир ўзбек аёли ибо ва ҳаё билан ўзига ярашган либосларни кийиши, момоларимиздан мерос бўлган қошга ўсма қўйиш, кўзга сурма суриш удумларига содиқ қолганликлари ҳам уларнинг саришталиги ва гўзал бўлишга интилишидан далолатдир. Ўзбек аёллари азал-азалдан ўзининг иффати, доно ва оқилалиги, меҳнаткаш ва ҳалоллиги билан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаб келганлар. Уй ва рўзғор тутумида, фарзандлар тарбиясида эътиборли бўлганлиги сабаб кўпчилик олдида ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлган.

Бугун ўзбек аёллари илм-фан, санъат, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзининг иқтидор, истеъдод ва маҳорати билан дунё аҳлини лол этмоқда. Қолаверса, оқилалиги, фидойи ва меҳнаткашлиги, билими ва салоҳияти, ҳаё ва иффати ила  диёримизга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик ҳаваси ва ҳурматига сазовор бўлаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Чиндан-да ҳаё ва иффатни ўзига либос билган, уят ва андишадан юзига парда тўсган, ўз ҳаёти ва умрини оиласи ва фарзандларига бағишлаган зот қандай қилиб эъзозланмасин?! Зеро, ҳалол меҳнати ила омадга эришган ҳар бир ўзбек аёли ҳурмат ва эъзозга, бахтли бўлишга лойиқдир.

 

 

Шоҳидахон ОМОНОВА