+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ТАРБИЯДА АДАШМАЙЛИК

 (20-сон) Муносабат

Замон тобора тараққийлашиб бораётган бугунги кунда ёшлар тарбияси масаласи барчамизга катта масъулият юклайди. Айни ўқиб-ўрганиш лозим бўлган пайтда айрим ёшлар вақтини беҳуда нарсаларга сарфлаётгани кўпчиликни ташвишга солади.

Айниқса, уяли телефон, интернетдан ўринсиз фойдаланиш фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлиги бор гап.  Аслида ушбу жиҳозлар уларнинг маъанавиятини юксалтиришга, теран фикрлашга, атрофидаги воқеа-ҳодисаларга тўғри ёндашиш, илм-фан  сирларини чуқурроқ эгаллашларига кўмак беришга хизмат қилиши лозим. Тан олишимиз керакки, бугун айрим ёшларимиз уяли телефон ва интернетдан турли ўйинлар ўйнаш, клип ва ҳар хил кинофилмьларни томоша қилиш мақсадида фойдаланмоқда. Бундай ҳолат албатта, уларга наф келтирмайди. 

Тарбия  - жуда муҳим масала. Бу борада адашиш ёки эътиборсизлик вақтлар келиб тузатиб бўлмас оқибатларни келтириб чиқариш мумкин. Шундай экан, тарбия борасида    фарзандларимизни, ёшлармизни тўғри йўлдан юришларига кўмак берайлик. Жамиятимизнинг илғор кишилари, зиёлилар, айниқса, ота-оналар ва устоз ва мураббийлар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари зарур.

Шаробидин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳри.

МУҚАДДАС МАСКАН

(20-сон) дил туFёни

Киши руҳиятини бир дам ўйга солгувчи хотира майдони ҳазрати инсон дея аталмиш - кўнгли ойнадан-да нозик хил-қатга қандай озуқа беради?

Хотира майдони...

Хотирлашимиз зарур бўл-ган жами ўтган аждодларимиз - ота-боболаримиз,буви-ю момоларимиз мангу қўним топган жой.

Ҳар сўзин қадри дунёларга тенг бўлган халқ, миллат    тинчлиги йўлида жон фидо қилган жондан азиз Ватандошларимиз номлари зикр этилган тарих битилган майдон...

Кўз очиб юмгунча ўтиб кетгувчи умр мобайнида инсон нималарга улгуриб, келажак авлодига нима қолдира олди? Ана шу ўлмас меъроснинг аҳамиятини англай олсак, унинг инсониятга ибрат бўладиган жиҳатларига ҳавас билан боқмоқликни қалбимизга жо эта олсак, бу масканнинг бизга бергувчи неъматидан баҳраманд бўла оламиз.

Донолар кишининг хасислигини қабристон олдидан ўтиб бора туриб, ўтганларнинг хаққига дуо қилмаслигидан билиб олар эканлар. Улуғ миллат авлодлари сифатида биз нафақат қабристонда, балки борар ҳар бир манзилимизда, ўтганларнинг хаққига дуо қилайлик. Хотира майдонини обод айлаб, ўзимиз учун руҳий қувват оладиган муқаддас масканга айлантирайлик.

 

Саида ЗИЁ

ЯХШИ ИНСОН ЁДИ

Хотира - учмас туйFу

Баҳор мангуликка кетган инсонлар қўним топган макон - қабристонлардан бошланади. Хотира эса қабрлар устида очилган қип-қизил лолақизғалдоқларнинг шивири -  майин шаббода билан ҳамоҳанг тебранади.

Ҳар йили Хотира ва қадрлаш кунида мен учун азиз бўлган инсон хотирасини ёд этиш, ҳаққига дуо қилиш учун қабристонга йўл оламан. Қабри устида турар эканман, у кишининг самимий чеҳраси, ҳаёти давомида амалга оширган    хайрли ва ибратли ишлари кўз ўнгимда намоён бўла бошлайди. Унинг ҳаққига дуолар ўқийман.

Бу инсон асли қирқ йиллик умрини банк соҳаси ривожига бағишлаган, ўзининг меҳнатсеварлиги, ишига фидойилиги, ишбилармон, талабчан ва масъулиятлилиги билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган устозим Ўлмасхон опа Хўжамбердиевадир.

Опа мен каби жуда кўп соҳа ходимларига устозлик қилган, ишнинг паст-баландини ўргатган, ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун қўлидан келганча самимий ва беминнат кўмак берган инсон эди. У 1976 йилда Тошкент молия кредит техникумини тамомлаб, Андижон туманидаги омонат касса бўлими (ҳозирги Халқ банки Куйганёр филиали)да оддий назоратчи вазифасида иш бошлаган. Кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институтининг Андижон филиалида сиртдан таҳсил олиб, билим ва маҳоратини янада оширди.

Барчага бирдек самимий, меҳрибон ва сахий Ўлмасхон опа фаолияти давомида оддий назоратчиликдан мутахассис, бўлим бошлиғи, раҳбар ўринбосари, банк бошқарувчиси даражасига кўтарилди.  Умрининг охирига қадар эса кредит бўлими бошлиғи лавозимида меҳнат қилди. У асосий иш билан бирга, жамоатчилик асосида Акциядорлик тижорат "Халқ банки" Куйганёр филиали касаба уюшмаси қўмитаси раиси сифатида ҳам  кўп йиллар самарали фаолият юритди. Ишчи-хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида жуда кўп ишларга бош-қош бўлди.

Катта касбий ва ҳаётий тажрибага эга бўлган Ўлмасхон опа кўплаб шогирдлар етиштирди, уларга ўзининг яхши ҳислатларини сингдира олди. У кишининг сабоғини олган Ферузахон Қосимова, Дилдорахон Собирова, Азизахон Азизова, Нодирбек Пармонов сингари кўплаб шогирдлари ҳозирда опанинг изидан бориб, хайрли ишларини давом эттиришмоқда.

Ҳа, яхши инсон ёди яқинлари, уни таниган, билган инсонлар қалбида бир умр сақланиб қолади. Унинг яхши ҳислатлари, эзгу амаллари ёшларга ибрат бўлади. Ўлмасхон опанинг ҳам ҳаёти кўплар учун ибрат мактабидир. Устозимизнинг хотираси шогирдлари қалбида умрбод сақланиб қолади.

 

Олтиной ҚУРБОНОВА,

Акциядорлик тижорат "Халқ банки"

 

Куйганёр филиали касаба уюшма қўмитаси раиси.  

САОДАТХОН АЯНИНГ САОДАТИ

(20-сон)  Фахрийлар фахримиз

Булоқбоши туманидаги Хонтепа маҳалласида бир файзли хонадон бор. Ушбу хонадонга ташриф буюрган ҳар бир киши ҳовлидаги анвойи гулларни кўриб, баҳри дили очилади. Инсон қўли билан яратилган гўзалликдан, мўъжизадан баҳра олади.

Ушбу гулларни хонадон бекаси Саодатхон ая Сатимова кенжа келини Дилбархон билан парваришлайдилар. Шунинг учун ҳам маҳалладошлари аяни "гулчи Саодатхон ая" деб атайдилар.

Айни кунда ўзининг 76 ёшини қарши олган онахон ёшлигидан гулга меҳр қўйган, гул парваришининг ҳадисини олган. Аянинг  меҳнатсевар,  серҳаракат ва жонкуярлиги унинг ишга муносабатидан, юз-кўзидан шундоқ билиниб туради. Онахон узоқ йиллар тумандаги турли хўжаликларда самарали меҳнат қилди. Қаерда ишламасин фаол ва илғор теримчи, тажрибали пиллакор сифатида ўзини кўрсатди.

- Инсонни меҳнат улуғлайди, - дейди биз билан суҳбатда Саодатхон ая Сатимова. - Болалигим урушдан кейинги оғир даврларга тўғри келган. Олти-етти яшарлигимдан онамнинг ортидан юриб, унга кўмаклашардим. Эллигинчи йиллар ҳам анча оғир ўтган. Умуман, ҳаётимда нима оғир иш бўлса бажардим, меҳнатдан ўзимни олиб қочмадим. Шукрки, меҳнатларим ортидан ҳурмат-эътибор топдим, кам бўлмадим.

Саодатхон ая турмуш ўртоғи Ҳалимбек ота билан 8 нафар фарзанд - 5 ўғил, 3 қиз кўрдилар. Афсуски, бу кунларни кўриш Ҳалимбек отага насиб этмади. Ота қарийб йигирма йиллар аввал оламдан ўтгач, фарзандлар тарбияси, рўзғор ташвишлари Саодатхон аянинг зиммасига тушади. Қанчалик қийин бўлмасин, онахон рўзғор камини бут қиламан, деб тиним билмади, фарзандларининг ўқиши, бекам-у кўст яшашлари учун меҳнат қилди, фарзандларини ўқитди, уйли-жойли қилди. Ўғиллари Мирзажон, Муҳаммаджон, Маҳмуджон, Аҳмаджон, Акбаржон, қизлари Салимахон, Майрамхон, Марғубахонлар ҳозирда турли соҳаларда самарали фаолият юритадилар, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб камол топганлар.

Бугун фарзандлари меҳрибон оналарини кўкларга кўтаришади. Саодатхон ая   фарзандлари, 27 нафар невара, 25 нафар чевараси ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Онахон уларни жони дилидан суйиб, эркалайди, фарзандлари ҳаққига, юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз тўкинлигини сўраб, дуолар қилади.

Саодатхон ая меҳрибон она, севимли буви, шунингдек, ардоқли қайнона ҳамдир. Беш нафар келиннинг бирортасига қаттиқ гапирмаган, аксинча хато-камчиликлари бўлса яшириб, уларни ўз йўриғига сола олган ва ҳаётнинг паст-у   баландларини ўргатди. Шу боис ҳам келинлари Саодатхон аяни ўз оналаридек яхши кўришади, ҳурмат қилишади.

Онахон уй ишларида жонкуяр бўлибгина қолмай, маҳалланинг фаолларидан бири ҳамдир. У маҳалладошларининг аҳил-иноқ бўлиши, оилалар мустаҳкамлигини, кўча ва гузарларнинг обод, саранжом-саришталигини таъминлашга ҳам  муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шу сабабли онахон маҳалла аҳли орасида катта ҳурмат-эътибор топган

Нияти пок, дуогўй Саодатхон ая сингари онахонларимиз бахтимизга соғ-омон бўлсин.

 

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 

Булоқбоши тумани Маънавият тарғибот маркази "Фахрий аёллар билан ишлаш" гуруҳи раиси, "Шуҳрат" медали соҳибаси.

САХОВАТ ДИЛНИ ПОКЛАЙДИ

(20-сон)

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган отин аёллар ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш кунига бағишланиб, Андижон шаҳридаги "Саховат уйи"да "Саховат дилни поклайди" деб номланган тадбир ўтказилди.

 "Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қолаверса, халқимизга хос инсонийлик, саховат, кўнгли ўксик дилларга меҳр-оқибат кўрсатишдек хайрли амалларининг намунаси сифатида ташкил этилган тадбирда "Саховат уйи"да яшаётган отахон ва онахонлар, хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, отин аёллар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Қосимова, вилоят бош отинойиси Саодатхон Расулова бошқалар барчани байрам билан муборакбод этиб, юртимизда кексаларни, уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шаҳаримиздги маҳаллаларнинг отинойилари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир ҳам  тақдир тақазоси билан "Саховат уйи"да яшаб келаётган, яқинлари меҳрига муҳтож отахон ва онахонлар қалбига шодлик, қувонч улашди.

Ушбу масканда яшаётган инсонлар билан суҳбатлашар эканмиз, яратилган шарт-шароитлар, қулайликлардан айниқса, бу ерда уларга хизмат қилаётган ширинсўз шифокорлар, ҳамширалар, бекалардан беҳад мамнун эканликларини яширмадилар. Тўғри, бу ерда ҳамма нарса муҳайё, яшаш учун барча шароитлар бор бўлса-да, яқинлари меҳрига, ширин сўзга интиқ бу инсонларнинг кўнглини кўтаришга интилдик. Илоҳим, ҳаётда ҳеч қачон  ота-она  фарзандлари меҳрига, болалар эса ота-оналари меҳрига зор бўлиб яшамасин.

Меҳр-оқибат, саховат, инсонийлик яратганнинг бандаларига инъом этган улуғ неъматларидир. Қаердаки, ана шу амаллар устун бўлса, ўша ерда файзу-барака, тинчлик-хотиржамлик ҳукм суради. Шукрлар бўлсинки, бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида ана шундай эзгу ишлар ва амалларга гувоҳ бўлиш мумкин. Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бу каби ишлар кўлами кундан кунга ортиб бормоқда. Шу боис ҳам юртимизда қут-барака, тинчлик-осойишталик бор. Илоҳим, тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, аллоҳ Ватанимизни турли офату балолардан асрасин. Одамларимиз ўртасида меҳр-оқибат, одамийлик ришталари янада мустаҳкамлансин.

Тадбир давомида "Саховат уйи"да яшовчи инсонларга турли совға-саломлар топширилди. Дилдан қурилган суҳбат, уларнинг кўнглига хушнудлик ва кўтаринки кайфият улашди.

Хосиятхон МАМАЖОНОВА,

 

Андижон шаҳар бош отинойиси.

МУСТАҲКАМ ОИЛА - ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ

(20-сон) 15 май - Халқаро оила куни

Юртимизда оила азал-азалдан юксак қадрланган. Айниқса, истиқлол йилларида оила аталмиш маскан янада сайқал топди.    Халқнинг, миллатнинг ривожини таъминловчи, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни дунёга келтириб тарбияловчи муқаддас маскан бўлган оиланинг жамиятдаги роли, ўрни, нуфузи ортди.

Маълумки, юртимизда оилани мустаҳкамлаш, унинг муаммоларини ўрганиш, умуман, оила билан боғлиқ масалаларга алоҳида аҳамият қаратилади. Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил, 2 февралдаги "Республика "Оила" илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори билан Республика "Оила" илмий-амалий маркази, вилоятларда эса марказнинг бўлимлари ташкил этилган ва самарали фаолият юритиб келмоқда.

Марказнинг асосий мақсади, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб-асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдан иборат. Шунингдек, оилани ҳар бир аъзосининг ҳуқуқий, тиббий, психологик саводхонлигини ошириш, муаммоларини илмий тадқиқ этиш ва фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Марказимиз оила саломатлигининг тиббий, биологик асослари, оиланинг репродуктив фаолияти, оила психологияси, маънавияти, оила ва ҳуқуқ асослари, демография ва оиланинг ижтимоий, иқтисодий истиқболи асосларини ўз ичига олган йўналишларда фаолият олиб боради.

Жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида оилалардаги ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг тиббий кўрикдан хабардорлиги, унинг мазмун-моҳиятини қай даражада тушунишлари юзасидан сўров ва социологик тадқиқотларнинг, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган тадбир ҳамда давра суҳбатларининг ўтказиб келинаётганлиги бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, Халқаро оила куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, ўрта махсус касб-ҳунар ва халқ таълими бошқармалари, Маънавият тарғибот маркази, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимлари,  "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши билан ҳамкорликда вилоятимиздаги таълим муассасаларида, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида "Оилада соғлом муҳитни шакллантириш", "Оилавий тадбиркорни ривожлантириш", "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш", "Миллат саломатлиги - келажак пойдевори", "Ижтимоий иллатларнинг оилани барқарор ривожланишига салбий таъсири", деб номланган маънавий - маърифий тадбирлар ҳамда мустаҳкам оилаларни шакллантириш ва оиладаги фаровонлик обод турмуш асоси эканлигига бағишланган "Оилавий тадбиркорликнинг оила фаровонлигидаги роли", "Тиббий кўрикнинг аҳамияти: эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари" мавзуларида давра суҳбатлари ва учрашувлар, олий ўқув юртлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида "Ёш оила қурувчилар" танлови, "Менинг оилам", "Оила муқаддас даргоҳ" мавзусида иншолар танловлари, "Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги" асосида "Бир болага етти қўшни ота-она" мавзусида ота-оналар иштирокида мулоқотлар, "Оталар йиғинлари" ўтказилиб келинмоқда. Шу кунларда "Бахтли оила сари" танлови ўтказилади.

Бугунги кунда вилоятимизда 768   мингдан зиёд оилалар истиқомат қилади. Уларнинг 21 фоизини ёш оилалар ташкил қилади. Бир йилда 30-32 мингга яқин оила фарзандлари никоҳдан ўтадилар. Бир кунда эса 50-60 нафар янги оилалар барпо бўлади. Оилаларнинг мустаҳкам бўлишида ФҲДЁ бўлимлари қошидаги "Оила дорилфунини" ўқув  машғулотларининг йўлга қўйилганлиги ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган "Ота-оналар университетлари", "Яраштириш комиссиялари"нинг роли муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мухтасар айтганда, жамиятимизда оилалар мустаҳкам бўлсагина, юртимиз янада юксалади, тинчлик-осойишталик, барқарорлик ҳукм суради. Шундай экан, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун бўлимимиз томонидан зарур барча ишлар олиб борилади.

 

Дилдорахон САМАТОВА,

 

"Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими директори.

"ХОНОБОД ТАРОВАТИ" ФЕСТИВАЛИ

(20-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

кўнгилларга хушнудлик, ёшларга шижоат улашди

 Гўзал ва мафтункор Хонобод шаҳрида "Хонобод таровати" анъанавий ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида халқ сайли тарзида ташкил этилган фестиваль тадбирларида нафақат, хонободликлар, балки вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан келган меҳмонлар, ёшлар иштирок этди.

Фестивалда сўз олганлар томонидан президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, юртимиздаги бун-ёдкорлик, ободонлаштириш, шунингдек, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфаси кундан кунга гўзаллашиб бораётганлиги, умуман, ҳаётимиздаги ана шу ўзгаришлар юртдошларимиз кайфиятини, руҳиятини кўтаришга, айниқса, ёшлар қалбида эртанги кунга умид, ғурур ва шижоат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги  таъкидланди.

Хонобод шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида фестиваль доирасидаги қатор тадбирлар ўтказилди. Қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтган миллий ўйинлар мусобақалари, турли кўрик-танловлар, санъаткорлар билан учрашувлар барчада катта таассурот қолдирди.

- Ушбу фестиваль халқимизнинг тинч, осойишта ва фаровон ҳаётининг, юртимиз ёшларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг намунасидир, - дейди тадбир иштирокчиси, Хонабод педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Фарангиз Кимсанова. - Айниқса, ёшларга шижоат, келажакка умид бахш этиш билан бирга, бизни янада фаол, юрт равнақи учун фидойи бўлишга ундайди.

Бадиий жамоалар, қизиқчилар, аскиячилар гуруҳларининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди. Вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг бадиий дастурлари, шунингдек, лицей, касб-ҳунар коллежларининг иқтидорли ўқувчилари томонидан ташкил этилган мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, миллий ҳунармандчилик ва қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмалари юртимиз ёшларининг истеъдод ва имкониятлари нечоғли юқори эканлигини  амалий намойиши бўлди.

Фестиваль доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган "Оилам - бахтим менинг" шиори остида "Намунали оила", "Меҳрибон қайнона", "Ҳунарманд оила", "Ибратли ёш оила", "Санъаткорлар оиласи" кўрик-танловларининг вилоят босқичлари ўтказилди.

-  Оиланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада кўтариш муҳимдир, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. - Шу маънода ибратли фарзандлар тарбиялаётган намунали оила соҳибларининг бой ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, ибратли ёш оилаларни рағбатлантириш, халқимизнинг ўзига хос оилавий удумларини улуғлаш, миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитиш, оилаларда соғлом  ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ўтказилаётган танловларимиз муҳим аҳамият касб этади.

Ўз йўналишлари бўйича танловнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган оилалар вакиллари халқимиз турмуш тарзига хос тажрибалар, миллий анъана ва удум-ларимизни тарғиб этиш, оила маънавияти, қайнона-келин муносабатлари, оиланинг маҳалла ҳаётидаги иштироки, рўзғор тутуми сингари қатор жиҳатларни ўз ҳаётларида қай даражада шакллантира олганликларини намойиш этдилар. 

- Ўғлим, келиним билан "Меҳрибон қайнона" кўрик-танловида иштирок этдик, - дейди  Пахтаобод туманидаги "Овушқа" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одинахон Абдураҳимова. - Келинларимни ниҳоятда ҳурмат қиламан, уларни ўз қизларимдай кўраман. Маҳалламизда оналар, қайноналар ўртасида ўз хонадонларида мана шундай муҳит ва муносабатни шакллантириш зарурлигини тарғиб этаман. Бу оилаларимизни мусатаҳкамлигини таъминлайди.

"Отам, онам ва мен спортчи оиласимиз" деб номланган спорт мусобақаларида эса спортчи оилалар белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашдилар.

- Танловда ғолиблар қаторидан жой олдик, - дейди Қорасув шаҳридаги Пахтачи маҳалласида яшовчи Лутфулло Эгамбердиев. - Очиғи, ушбу танлов оилалар ўртасида  соғлом турмуш тарзининг чин маънодаги тарғиботи бўлди. Мана шу жараёнга қайсидир даражада ҳисса қўшганлигимиздан беҳад мамнунмиз.

Қизиқарли ўтган "Ош сайли" танловида моҳир ошпазлар миллий таомимиз - полов таёрлаш бўйича ўзаро беллашдилар.   

Якунда барча кўрик-танловлар бўйича ғолиб ва сов-риндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 Фестиваль тадбирлари таниқли санъаткорлар, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастури билан  якунланди.

Фестиваль тадбирларида Андижон вилояти ҳокими       Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

"МЕН ФАРЗАНДИМГА КИТОБ СОВFА ҚИЛАМАН"

(20-сон) акция

Андижон давлат тиббиёт инс-титути қошидаги академик лицейлар ахборот-ресурс марказлари ташаббуси билан "Мен фарзандимга китоб совға қиламан" деб номланган акция ўтказилди. 

Китоб - инсон тафаккури ва маънавиятини юксалтирадиган бебаҳо манбаа, юрар йўлимизни ёритувчи нурдир. У ҳамиша кишиларни эзгуликка, бунёдкорликка чорлайди. Ўтган кунимиздан хулоса чиқариб, келажакда тўғри йўл топишимизга ёрдам беради.

Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бу борада хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицейлар ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, шунингдек, институтнинг акушерлик ва гинекология кафедраси ўқитувчилари иштирок этди.

Акцияда Ўзбекистон Республикаси Перезидентининг 2017 йил, 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, маҳаллалар, таълим муассасаларидаги ахборот-ресурс марказларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлаш борасидаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда лицей ўқувчиларининг ўзлари севиб ўқиган китоблар асосида саҳна кўринишлари намойиш этишлари, хал-қимизнинг севимли шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Зулфия, Саида Зуннунов, Муҳаммад Юсуф шеърларидан намуналар ўқишлари ҳамда  ижодкор ўқувчиларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди

 Ақцияда Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси, акушерлик ва гинекология кафедраси ўқитувчилари, ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан лицейлар ахборот-ресурс маркази фондини бойитиш учун турли мавзулардаги адабиётлар тақдим этилди.

Китоб инсоннинг ҳақиқий дўстига айланиши керак. Шу маънода ўтказилаётган бу каби хайрли тадбирлар шубҳасиз,  ҳар бир киши, айниқса, ўқувчи ёшларнинг китобга бўлган меҳрини, мутолаа маданиятини оширишга хизмат қилади.

Ойдиной РИЗАЕВА,

 

 АДТИ қошидаги 2-сон академик лицей АРМ раҳбари.

"МЕҲР-МУРУВАТДАН ЯШНАР КЎНГИЛЛАР"

(20-сон) Тадбир

Андижон туманидаги Мурувват ногиронлар интернат уйида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан "Меҳр-мурувватдан яшнар кўнгиллар" деб номланган маънавий-маданий тадбир бўлиб ўтди.

Байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда ногиронлар, жамоада меҳнат қилаётган шифокор ва ходимлар, шунингдек, меҳнат фахрийлари иштирок этди. Тадбирда муассаса директори Д. Ибрагимов сўз олиб, айни кунда 300 нафардан зиёд ногиронлар истиқомат қилаётган мазкур масканда уларнинг яшашлари, саломатликларини назорат қилиш учун зарур барча шароитлар яратилганлигини таъкидлаб, барчани байрам билан муборакбод этди.

Хонанда Шуҳрат Аббосалиев раҳбарлигидаги санъаткорлар жамоаси томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Якунда тадбир иштирокчиларига совға-саломлар улашилди.

 

Гулираъно АҲМЕДОВА

ЗАРНИГОР - ТАНЛОВ FОЛИБАСИ

(20-сон) танлов

Андижон шаҳрида "Ҳамшира - 2017" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўрта тиббиёт ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантиришда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йил ҳамшираси" кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этади. Мазкур танловда унинг қуйи саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган 12 нафар ҳамшира иштирок этиб, белгиланган бешта шарт  бўйича  ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.

Якуний натижаларга кўра, республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали нейрожонлантириш бўлими ҳамшираси Зарнигор Давронова биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ўрин вилоят болалар кўп тармоқли тиббий маркази ҳамшираси Мадина Жумабоевага, учинчи ўрин Андижон шаҳридаги 50- оилавий поликлиника ҳамшираси Моҳира Абдураҳмоновага насиб этди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА