+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ЁНИМДАГИ ФАРИШТА!

(25- сон)

Эрталаб уйғонганимда ҳар доим у ҳовли супураётган бўлади. Бугун ҳам ҳар кунгидек ҳовлида супургининг овози эшитиларди. Бунча сахарлаб туриб олмаса? Ўйланиб қолдим. Нозимага севиб уйланмаганман. Унда нимагадир кўнглим йўқ. Феруза бошқача эди-да. Насиб этмаган экан, онам унга уйланишимга рози бўлмадилар. Лекин хаёлларим барибир Ферузага кетаверади.

Ишдан бўшаб қолсам, Ферузанинг  ўқиши  олдига  бораман. Узоқдан унга  тикиламан,  нақадар гўзал қиз. Лекин афсус,ёнига бора олмайман. Хаёлларимни бўлиб соат олти бўлганини огоҳлантириб, жиринглайди. Эринибгина тураман. У ҳалиям ҳовлида куймаланиб юрибди. Унга норози қараб қўйдим. Эшик олдида ҳар доимгидек иссиқ сув тайёр. Ювиниб олиб, ошхонага кирдим. Стол устида нонушта ҳам тайёрланган. Нозима югуриб келганча, жилмайиб чой куйиб берди. Қовоғимни уйганча чой ичдим. Жуда мазали бўлса ҳам ширинликдан озгина едим. "Мазали бўлибдими?" сўрайди у. "Яхши" қўлимни оппоқ сочиққа артиб туриб кетдим. Кўйлак, шимларим аллақачон дазмоллаб қўйилган. Галстукни кўтариб югуриб келади. "Ўзим боғлаб қўяман" "Йўқ ўзим" бепарво жавоб бераман.

Феруза бўлганда қандай бахтли инсон бўлардим. Яна онамдан ўзимча ҳафа бўламан. Феруза ҳақида ўйласам Нозима кўзимга ёмон кўриниб кетади.

Нозима ҳар доим табассум билан ишга кузатиб қолади. Кўнглимда ғашлик тарқамаган, университет олдида машинамни тўхтатиб, қараб қолдим. Феруза оппоқ, ўзига жуда ярашган либосда охиста юриб келмоқда. Олдига тушиб бирор-бир сўз айта олмайман. Бўлмаса ёмон кайфиятда ишга йўл оламан.

Иш пайтида Нозима телефон қилди. "Уйга бориб келсам майлими, онамнинг тоблари йўқ экан". "Ҳайрият-ей", дейман ичимда, "Ҳа, майли бора қол" дедим овозимни баландлатиб. "Шу кунларда ёлғиз қолгим келиб турганди. Ишдан сўнг кеч уйга бордим. Хонамга кирдим, бирам совуқ, ошхонага ўтаман қозонда овқат бор-у лекин совиб қолган. Гугуртни қидира бошлайман. Қаерда туради бу лаънати? Қўшиқ хиргойи қилиб, овқатни исита бошлайман, шу пайт телефон   жиринглаб қолди. Яқин дўстим экан анча гаплашдик. Ошхонадан ғалати ҳид кела бошлади. Югуриб чиқсам, овқат куйиб ётибди.  Начора қорним оч ухладим.

Эрталаб ҳар дойимгидек соат олтида туриб ҳовлига чиқаман, куз фасли бўлгани учун дарахтлар барг тўкиб атрофни бефайз қилиб турибди. Хижил кайфиятда ювинмоқчи эдим сув йўқ! Муздек бўлсаям  майли эди. Хотиним қачон сувни иситиб улгирар экан, шу хаёлимга келди. Очиғи, эрталабдан барча ишларга улгирадиган хотинимга ачиниш ҳисси қалбимни чўлғаб олди. Чой қўйдим, ошхона ҳам тартибсиз эди. Эрталабда иссиққина бир нима егим келиб, тухум қовурдим. Лекин нимагадир Нозима тайёрлаб берганидай мазали эмас, дамлаган чойим ҳам ғалатироқ. Шу пайт қўй-молларга қараш кераклиги эсимга тушди. Нозима келин бўлиб тушгандан бери бу ишларни бирор бир иддаосиз бажарарди.

Томга чиқиб хашак тушириб, уларнинг олдига ташладим. Шошилганча кийиниб, ишга отландим. Ҳамма негадир менга ғалати қарагандай туйиларди. Ҳайрон бўлиб ойнага қарадим кўйлакларим ғижим эди.

Ишдан сўнг хоҳламайгина уйга бордим, очиғи тартибсизликларни кўргим келмасди. Уйга борсам эшик очиқ. Нозима келибди шекилли. Шошилиб кираман ҳовли топ-тоза, ошхонада бир нима пишираяпти. Хурсанд бўлиб кетдим. Аста бориб сўрашдим.

...Қанчалар гумроҳман, ёнимдаги фариштани сезмай юрган эканман!

 

Фаррух АБДУЛЛАЕВ

СУЮНЧИ

(25- сон) турмуш чорраҳаларида

Қўшни қишлоқда яшайдиган бир оилани яқиндан танийман. Бахтиёр ва Нилуфар бир-бирини севишиб, турмуш қуришган. Кўрганларнинг уларга ҳаваси келар эди.

Улар бирин-кетин бир қиз, бир ўғил фарзандли бўлдилар. Иккаласи ҳам ўқимаган, қўлларида бирор ҳунарлари ҳам йўқ эди. Рўзғор ташвиши Бахтиёр ва Нилуфарнинг анча эрта сочларига оқ, юзларига ажин туширди. Шундай пайтларда ўқимаганликлари, бирор ҳунарнинг этагини тутмаганликлари учун афсусланишарди. Уйлари бозорга яқин бўлганлиги боис Бахтиёр аравакашлик қилиб рўзғор тебратарди.

Вақтлар ўтди, катта фарзандлари Гулноза ҳадемай коллежни битиради. Ўзлари ўқимаганига яраша, фарзандларининг ўқишига алоҳида эътибор қаратдилар. Қизлари коллежни аъло баҳоларга тамомлади, лекин иститутга  кира олмади. Қийинчилик билан ўсган Гулноза одоб-ахлоқли, гўзал қиз бўлиб вояга етди. Унга совчилар кела бошлади. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган ота-онаси фарзандини яхши яшашини истар эдилар. Шунинг учун қизларини ўзига тўқ узоқроқ қариндошларига узатишни маъқул кўришди. Минг машаққатлар билан қизга сарпо-суруғ қилишди, маҳаллага ош бериб, чиройли тўй ўтказишди. Бунинг учун қарз ҳам кўтаришди. Тўйдан сўнг қарзни узиш учун Бахтиёр анча кўп меҳнат қилди.

"Орадан ойлар ўтиб, қизи она бўлди. Бундан чексиз қувонса-да, отанинг боши яна ташвишда қолди. Таниш-билишлари қизи ўғил фарзанд кўрганлиги учун куёвболага суюнчи учун юз доллар бериши кераклигини тинмай уқтиришарди. Эндигина қарздан қутулган ота учун бу катта муаммо эди. Емай, ичмай, бозорда 10-12 соатлаб ишлади. Бу орада чақалоқ боқишди. Қизи, набираси ва куёвига сарполар, бешик ва бола учун зарур нарсалар сотиб олишди. Чақалоқнинг чилласи чиққунча тирикчилигидан ошириб йиққан пуллари аранг 50 доллар бўлди. Ота кўп ишлагани боис соғлигини ҳам йўқотганди.

Набирасининг чилласи чиқадиган куни уларни олиб кетгани куёви келди. Суюнчисига эллик долларни унинг қўлига тутқазди. Кеч қолгани учун узр сўради, елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ота-она қизи ва куёвини чиройли меҳмон қилиб кузатдилар, ортидан: "Тиниб-тинчиб, бахтли яшанглар" дея дуо қилиб қолдилар.

Афсуски,  эртаси кун қизи чақалоғини кўтариб, кўзда ёш билан кириб келди. Бетобланиб ётган ота ҳайрон бўлиб, қизига пешвоз чиқди. Уй юмушлари билан банд онаси ҳам минг хавотир билан уларнинг ёнига югурди.

Қизи: "Қайнонам ота-онанг суюнчига эллик эмас, юз доллар бериши керак эди. Агар суюнчини юз доллар қилиб олиб келмасанг, уйга келмагин, деб ҳайдаб юборди" дея йиғларди.

Буни эшитган хаста ота юрагини чангаллаб, хушини йўқотди. "Тез ёрдам"ни чақиришди. Докторлар етиб келганида у ҳаёт билан видолашган эди. Бундай жудоликни кўтара олмаган она эса руҳий касалликка чалинди.

Чақалоғи билан аро йўлда қолган қиз эса армон ва азоб дардига кўмилиб қолди.

Азиз газетхон! Ушбу ҳаётий воқедан хулосани ўзингиз чиқариб олинг.

Хулкарой АСАТУЛЛАЕВА

 

Булоқбоши саноат касб- ҳунар коллежи ўқитувчиси.

ЯХШИ МУОМАЛА КИШИНИНГ КЎРКИ

(25- сон) ҳаёт - ибрат мактаби

Бир донишманд: "Таълим олувчи киши инсонлар билан чиройли муомалада бўлиши ва ўзига тегишли бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслиги лозим", дея эътироф этган экан. Ҳақиқатан ҳам, атрофдаги одамлар билан яхши суҳбатдош бўлиш қалбга сурур бағишлайди, ҳамда кишига маърифат эгаллашда ёрдам беради. Яна шу жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак-ки, яхши муомаланинг асоси ёши улуғ кишиларни ҳурмат қилиш билан намоён бўлади.

Бир киши шу хусусда сўз очиб шундай дейди: "Мазам бўлмасдан ҳудудимиздаги тиббий муассасага боргандим. Ногоҳ навбатда турганлар орасидаги бир нуроний онахонга кўзим тушди. Беморлар кўп эди. Шу пайт шифокор қабулига   навбат кутиб турганлар орасидаги бир йигит зийраклик қилди: кўринишидан анчайин соғлиги кетган, беҳол турган онахонга ўз навбатини бериб, шифокор ҳузурига киритиб юбораркан, унга чиройли муомалада бўлди. Олдинроқ эса кекса аёлга самимий муносабат кўрсатиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаганди. Кейин эса бояги йигитнинг эзгу йўлдаги хатти-ҳаракатидан атрофдагиларда ҳавас уйғонди. Шунингдек, яхши муомалали бўлиш учун кишидан юксак фаросат, хушёрлик талаб этилиши лозимлигини англаганлари одамларнинг юз-кўзидан яққол кўриниб турарди..."

Дарҳақиқат, инсон ҳаётини яхши сўз, ўринли гап, гўзал хулқ яна-да, зийнатлантиради. Хушмуомалалик ҳақиқий инсонларга хос гўзал бир фазилат бўлса, қўполлик, аччиқ сўзлилик барча ёмонликларнинг аслидир. Киши самимийлиги, зукколиги, ширинзабонлиги билан жамиятда иззат-икромга муносиб, халқ эътиборига эса мушарраф бўлади, шундай эмасми?

 

Ҳайрулло СУЛАЙМОНОВ,

 

Андижон шаҳри.

ОТА - ОИЛАНИНГ ҚЎРFОНИДИР

(25- сон) Ҳидоят нури

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг устуни ота ҳисобланади. Оилада унинг ўрни ва роли беқиёс албатта. Фарзандлар, бутун оила аъзолари у кишининг    соялари остида паноҳ топадилар. Мана шу паноҳгоҳнинг елкаларига барча рўзғор ташвишлари билан бирга, фарзандларни тарбиялашдек улкан ва масъулиятли вазифа ҳам юкланган.

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни нечоғлик муҳим бўлса, отаники ундан ҳам юқорироқдир. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир оиланинг равнақ топишида, маҳаллада, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун энг кўп қайғурадиган инсон отадир. Оталар оиласи тинчлиги учун бор куч-шижоатини, ғайрати ва ақл-заковатини ишга солади, фарзандлари учун жонини фидо қилади.

Бу мукаррам зотнинг қадрига етиш, доимо эъзозлаш ҳамда уларга итоатда бўлиш фарзанднинг бурчидир. Албатта кун келиб, ота кексайган чоғида унга олдингидан-да хушмуомила бўлиш керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Афсуски, ўз оталарига нисбатан қўпол муомала қиладиган ёшлар ҳам йўқ эмас. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в) бу ҳақида шундай марҳамат қиладилар: "Оталарингизни ҳурматлаб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилади". Ваҳоланки, фарзанд ота-она учун қанчалик яхшилик қилмасин, уларнинг ҳақларини тўла адо қилолмайди.

Абу Хурайра (р.а.) бу хусусида: "Бола отасининг ҳаққини қайтара олмайди" деб айтганлар. Динимизда, халқимизда ота-онани ҳурматлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш баробаридан жуда кўп ҳикматли битиклар, ибратли воқеалар борки, улар бизга бу борада сабоқдир. Жумладан, Умар ибн Зарр айтадики: "Агар кундузи юрсам, ўғлим одоб юзасидан ортимда келар, кечаси юрсам менга бироз озор етишдан қўрқиб олдимда борар, мендан юқорида бўлмаслик учун мен турган уй томига ҳам чиқмас эди".

ҳар бир фарзанд ҳамиша отанинг кўнглини хушнуд қилиши,  дуоларини олиши, доим хизматларига шай бўлиб туришлари лозим. Абдураҳмон ибн Муҳаммад Абдулқодирийдан шундай ривоят келтирилади: "Умар ибн Абдулазиз отамнинг ёнида кетаётганимни кўриб, "Отанг ёнида юрма, сен отангни орқасидан юришинг керак" деди. Шунда отам: Мен уни қўлига таяниб кетябман" деди. У киши: "Ундай бўлса, майли" деб айтдилар". Демак, отани қанчалик даражада ҳурмат қилиш кераклигини ушбу ривоятдан ҳам  англаб етиш мумкин.

Агар ота ўтиб кетган бўлса-ю у отаси учун яхшилик қилмоқчи бўлса, у кишининг яқин кишиларига ва ўз ака-укаларига яхшилик қилиш буюрилади. Яхши фарзандлар ота-оналари ўтгандан кейин ҳам уларнинг ҳаққига дуо ва истиғфорда бўлиб, номини улуғлайдилар. Отадан кейин уларнинг ака-укалари ва яқин дўстларини йўқлаб турадилар. Муқаддас китобларимиздан бирида шундай ривоят келтирилган: "Умар ибн Хаттоб: "Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин". Агар фарзанд отасининг ака-укаларига ният билан яхшилик қилса, худди отасига яхшилик қилган билан баробар бўлади.

 

Абдурашид НОЗИРОВ,

Жасурбек СУЛТОНОВ,

 

Избоскан тумани, Чувама қишлоғи.  

МЕН ҲАМ ШИФОКОР БЎЛАМАН

(25- сон) дилнома

Яқинда қаттиқ оғриб қолдим. Уйда онам ва бувимнинг қилган дори-дармонлари наф бермади. Сўнг мени шифохонага олиб боришди. У ерда болалар шифокори Манзура Яхшибоева мени текширувдан ўтказиб, ичишим керак бўлган зарур дориларни ёзиб берди ва бир-икки кун ичида тузалиб кетишимни айтди.

Аввалига доктор опадан қаттиқ қўрқдим. Уни хушламай саволларига жавоб бергим келмади. Улар аста-секинлик ва ширин сўзлар билан мени овутди. Хушмуомилалик билан ўзини қизиқтирган саволларига мен қайсар қиздан жавоб олди. Мен шу қисқа суҳбат давомида у кишини ширин сўзларига, хушрўй чеҳраларига маҳлиё бўлиб қолгандим. Манзура опани гўё юзидан нур ёғилаётгандек, оппоқ халатлари ҳам ўзига ярашган эди. У ердан уйимга ўзгача ҳавас билан қайтдим.

Шифокор опанинг тавсиялари билан мен тезда соғайиб кетдим. Яна аввалгидек бемалол ўйнаб, чопқиллаб юра бошладим. Бундан жудаям хурсандман, айниқса, Манзура опадан беҳад миннатдорман. Улар сабаб митти қалбимда орзу ва мақсад уйғонди. Мен ҳам катта бўлсам албатта, Манзура опа сингари болалар шифокори бўламан. Улар сингари, ширинсухан, малакали бўлиш учун яхши ўқишни, кўп билимга эга бўлишни олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Орамизда Манзура опа сингари шифокорлар кўпаяверсин. 

Дилбарой ТУРСУНОВА,

Жалақудуқ туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси/

Хаёл

  (25- сон) ТуйFу

Бу ҳаётда хаёл сурмаган одамнинг ўзи йўқ, бўлмайди ҳам. Чунки  ширин хаёл суриш яхши нарса.Одамларга хос нарса...

Одатда кўпинча ёши улуғ одамлар узоқ хаёл суриб қолишади. Ҳатто, ёнига борганингзни сезишмайди. Келганингизни билишгач эса сесканиб кетишади. "Қара-я келганингни сезмай  ҳам қолибман" дея узр ҳам сўраб қўйишади.

Хаёлга бир зум эрк берилса бўлди. У ҳаётдаги бор хотираларни аста ёдга солади. Ўйноқлаб учади, манзилга бир зумда етади. Хаёл шундай бир дайди ўқки узоқ -узоқларда учиб юрса ҳам нишонни аниқ уради. Кўнгилни  гоҳ ҳуш, гоҳ ноҳуш этади.

 Одамлар кўпроқ болалигини эслашади. Беғубор болалик юлдуздек олис. Аммо хаёл унга бир зумда етади. Ота-она бағридаги эркаликлар, чопқиллаб ўйнашлар... Ўша сизга ярашган гулли кўйлак, ғизиллатиб минил-ган велосипед. Елкага осилган сумка...

Ўқувчилик энг унутилмас дамлар. Бир партадаги партадош, билмаганни билгандан сўраш, кўчириш. Кўйлакка томган сиёҳ. Ярмидан бўлинган нон. Болаларча севиш, севилиш. "Йўқ, йўқ буларни ҳозир ҳеч кимга айтиб бўлмайди. Фақат  у хаёлда  бўлади".

Кўпинча болалар орасида "хаёлпараст" деган лақаб гапирилади. Инсон юрса ҳам, турса ҳам фақат хаёл суради. Хаёл инсонга куч, қийналганда юпанч беради. 

Хаёл барибир яхши, ҳудди қадрдон акага ўҳшайди. Елкасига миндириб узоқларга олиб кетади. Катта опанинг тўйи. Чилдирма чалиб айтилган ёр-ёр. Машинага юкланган  юк, сеп... кўзи ёшланган ота. Поччадан олинган пичоқ, қўл соати. Ҳувиллаб қолган уй...

Икки ёш  бир-бирларини ёқтириб қолишса ҳам хаёл суриш бошланади. Қаерда бўлишса ҳам бири-бирларини ўйлашади. "Нега хаёл суриб қолдинг, бўлмайсанми" дейишса чўчиб кетишади. "Нима, ҳалиги ҳозир" дея ўзларини тутиб  олишади.

Шоир ва ёзувчилар эса ҳаммадан-да кўп хаёл суришади. хаёл суриб ёзишади. Муҳаммад Юсуф хаёл суриб     "Кўкламойим"ни ёзган. Абдулла Қодирий хаёлан Кумушни ўлдириб, бундан  ўзи йиғлаган.

"Яхши ният ярим мол" дейишади. Яхши ният, унинг ижобати ҳам кўпроқ  хаёл суриб сўралади. Ота хаёлида данғиллама уй солди, ўғлини уйлаб, қизини узатди... Елкасидан тоғ тушди. "Дадаси, ҳой дадаси" деган аёли сўзидан ўзига келди,  ярим синиқ сўрисида ўтириб, хаёли кетган экан...

Хаёл, хаёл яхши. У инсонга хотиржамлик инъом этадиган туйғу.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ

МУҲАББАТ

(25- сон) Дил туFёни

Севги бу туйғуга дучор бўлмаган инсон ҳаётда учрамаса керак. Бу туйғу кутилмаганда юракларга ташриф буюриб, инсонга энг тотли лаҳзаларни ҳадя этади.

Севги қалбда гўё гул бўлиб очилади, сизни ўзгача оламга олиб кетади. Бу лаҳзалар шундай такрорланмаски, бутун вужудингизни титроққа солади. Бу онларда етмиш икки томирингизда қон тўлқинланиб оқади гўё. Юрагингиз бўғзингизда ураётгандек, қинидан чиқмоқчидек бўлади. У қалбингизга шунчалар мустаҳкам ўрнашиб оладики, ҳатто қандай қилиб боғланиб қолганингизни билмай қоласиз. Қалбингиз, хаёлларингиз эгаси учун жонингизни ҳам ҳадя қилишга тайёр бўласиз, фақат у дардингизга малҳамдек туйилади.

...Муҳаббат ҳақида қандай тарона бўлса ҳам тинглаганингизда беихтиёр уни ёдга оласиз. Бирга ўтказган бахтли онларингизни эслаб, энтикасиз. Афсус, у доимо ёнингизда бўлавермайди, лекин бир кун келиб у билан бирга бўлишингизга қандайдир кўринмас куч сизни ишонтиради.

Ёмғир ёғганида, тунда ой чиққанида, тонгда, шомда ҳам унинг сизга қадрли бўлган чеҳраси кўз ўнгингизда намоён бўлаверади. Ихтиёрсиз янада кучлироқ севаверасиз. Кўнглингизга яқин ана шу инсонни учратганингизда илоҳий куч унга нималарнидир айтишга, муҳаббатингизни изҳор этишга ундайди. Бу вақтда сиз ўзингизни йўқотиб қўясиз. Сизни сеҳрлаб олган инсон ортидан маҳлиё бўлиб қолаверасиз. Бироқ севишингизни айтиш истаги сизни тинч қўймайди. Унинг "кўнглига озор бериб қўймасмиканман", деб ўйлайсиз. Агар муҳаббатингизни рад этса, қалбингиз муз каби қотиб қолишидан қўрқасиз. Аксинча бўлса-чи! Уни чин севгингизга ишонтира олсангиз, у буни қабул қилса, дунёда сиздан бахтлироқ инсон бўлмайди.

Чин муҳаббат инсонларни бир-бирини тушунишга,  бахтли, саодатли қилишга ундайди. Агар бу ишқингиз ўткинчи, синовларга бардошсиз бўлса, билингки, бахт сиздан юз ўгиради. Шунинг учун чин муҳаббатнинг қўлидан маҳкам тутинг, уни ҳеч қачон қўйиб юборманг, уни асраб-авайланг, шунда у ҳам сизга ҳамиша тиргак бўлади. 

Ўғилой ҚУРБОНОВА,

Асака тумани.

АЁЛ ҲАЁТНИ ЯНАДА ГЎЗАЛ ҚИЛАДИ, - дейди Бўз тиббиёт бирлашмасининг тажрибали ҳамшираси Донохон опа Давлатова.

(25- сон) Фаол аёлларимиз

Халқимиз саломатлигини сақлашда тиббиёт ходимларининг ўрни ниҳоятда катта. Ушбу шарафли касб эгалари шаънига ҳар қанча таҳсинлар айтсак арзийди.

Ширинсўз, касбига фидойи тиббиёт ходимларидан бири Донохон Давлатовадир. У қарийб 32 йилдан буён Бўз тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги кўп тармоқли поликлиникада  шифокорлик касбини эъзозлаб меҳнат қилиб келмоқда.  Донохон опа асли Хўжаобод туманида туғилиб ўсган. Отаси раҳматли Ҳабибулло ака оддий ишчи бўлган, табиатан одамоҳун, жонсарак ва самимий инсон эди. Онаси Маҳфиратхон ая эса, гарчи ўрта маълумот эгаси бўлса-да, илм-маърифатга интилган, китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратган аёл эди. Ота-онанинг илм-зиёга интилиши, юксак маънавияти болаларининг келажагига ижобий таъсир кўрсатди. Оилада барча фарзандлар ўқимишли, юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиб камол топди. Раънохон ўқитувчи, Улуғбек, Нозимжон, Козимжонлар тадбиркор, Донохон ва Барнохон ҳамширалик, Ҳушнудбек эса шифокорлик касбини танлаганлар. Бугун улар оилаларида аҳил-иноқ, ишларида эса ибратли фаолият юритмоқдалар.

- Мен Жиззах тиббиёт билим юртини тамомлаганман, - дейди Донохон опа. - 1984 йилнинг август ойида йўлланма асосида туман марказий шифохонасининг болалар бўлимида  ҳамшира вазифасида иш бошлаганман. Ўша пайтларда шифохонада Марҳабо Боймирзаева, Зулхумор Қулмуҳаммедова, Валентина Хитрова сингари тажрибали инсонлар менга устозлик қилган.

Йиллар ўтди. Опа касбининг сир-асрорларини пухта ўзлаштирди, беморларга ширинсўз бўлди. Касбий билим ва малакасини доимий равишда ўстириб борди, устозларига муносиб бўлишга ҳаракат қилди. Айни кунда тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли  поликлиникада бош ҳамшира бўлиб ишлаб келмоқда.

- Имкон қадар ҳамкасб аёл ва қизларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этишга ёрдам бераман, - дейди Донохон опа. - Чунки аёлнинг ишда муаммоси бўлмаса, оиласи тинч бўлса, у ҳаётни янада гўзал қилишга, фарзандларига чиройли тарбия беришга интилади.

Ҳа, Донохон опа малакали ҳамшира, ибратли оила соҳибаси, қолаверса,  ўзининг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги ва қатор инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик орасида катта обрў-эътибор топган. Донохон опадай фаол ва фидойи аёлларимиз сафи кенгаяверсин.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ

Суратда: Д. Давлатова ҳамкасблари билан.

ТЕЗ ЧАРЧАБ ҚОЛИШНИНГ САБАБИ НИМА?

(25- сон) шифокор минбари

Баъзан узоқ-яқинларимиздан тез чарчаб қолаётганликларини эшитиб қоламиз. Аслида бунинг боиси нима ва бу маълум вақт ўтгандан кейин бирор касаллик келиб чиқишига сабаб бўладими? Бу каби саволларга олий тоифали шифокор, терапевт Зуҳра Ортиқбоева жавоб беради:

- Чарчаш организмнинг ҳаддан ташқари зўриқиши натижасида меҳнат қобилиятининг           пасайиши билан кечадиган физиологик ҳолат ҳисобланади.

Ақлий чарчоқ интеллектуал меҳнат маҳсулдорлигининг камайиши, диққат ва фикрлашнинг сусайиши, лоқайдлик, иштиёқнинг пасайиши, ҳолсизлик, ўз ишини бажаришдан мамнун бўлмаслик, болаларда эса, мушакларнинг шалвираб қолиши ва ҳаракатланишининг сусайиши каби кўринишда кечади.

Тез чарчаб қолиш бу оддий ҳолат бўлмай, муайян касаллик белгисидир. Сурункали чарчоқ синдроми нотўғри овқатланиш, турмуш тарзининг тартибсизлиги ва баъзи касалликлар сабабли ҳам келиб чиқади. Шунингдек, унга юрак касалликлари, қандли диабет, хафақон, қалқонсимон без касалликлари, йод етишмаслиги, бош мия жароҳатлари, камқонлик (анемия), асаб хасталиклари ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Оғир касалликни бошдан кечирган кишиларда чарчоқ тез юз беради. Арзимаган ва айтарли узоқ давом этмайдиган зўриқиш ҳам уларда бош оғриғи, ҳансираш, юрак уришининг тезлашиши, терлаш ва ҳолсизланишга сабаб бўлади.

Ўсмирлар организмида дармондорилар етишмаслиги туфайли ҳам чарчаш кузатилади. Болаларда эса, бу анча мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки, улар организми анатомофизиологик хусусиятига кўра, ҳатто, унчалик уринмаганида ҳам тез чарчаб қолиши мумкин. Мисол учун гўдак уйқуга тўймаганда, бола мактаб партасида узоқ ўтирганда ҳам кузатилади. Шунингдек, кун тартибининг нотўғрилиги, бир турдаги машғулот, ортиқча ўйин-кулги ҳам болани тез чарчатади.

Болаларда чарчоқ белгилари кўпинча хатти-ҳаракат бузилишида кўринади: улар тоқатсиз, эътиборсиз, дарс вақтида гаплашадиган, яъни нитизомсиз бўлиб қолади. Касалликни бошдан кечирган айрим болалар бўшанг, ҳорғин, кучсиз бўлиб, яхши фикрлай олмайди.

Уйқу меъёрида бўлиши бу, албатта, ҳамма учун ижобий ҳолат. Болалар эса саккиз ва тўққиз соат тиниқиб ухлаши лозим. Тез чарчашнинг олдини олишда меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, иш куни давомида қисқа муддатли танаффуслар қилиб туриш, иш жойини тартибга солиш ва ўзида озгина ҳорғинлик сезганда чарчоқни ёзадиган машқлар бажариш муҳим аҳамиятга эга.

Болалар тез чарчаб қолишининг олдини олиш учун уларда кун тартиби маромининг бузилишига йўл қўймаслик, машғулот ва дам олишни тўғри тақсимлаб, очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилишига имконият яратиш лозим.

Эрталабки бадантарбия, югуриш, сузиш фойдали. Агар кишида чарчаш ҳолати сурункали давом этаверса, зудлик билан шифокор кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқ.

 

Фаррух БЕРДИЁРОВ ёзиб олди.

БИР-БИРИМИЗГА МЕҲРЛИ БЎЛАЙЛИК

(25- сон) мулоҳаза

Аслида биз киммиз? Нима учун дунёга келганмиз? Асл мақсад ва муддаомиз нимадан иборат? Бу каби саволларга албатта, ҳар ким ўзича жавоб беради.

Инсон умри давомида синовлар ичида ҳаёт кечиради. Ҳаёт мураккаб ва унинг жумбоқлари бисёр. Инсоният оламшумул ихтиролар қилишга, беқиёс гўзалликлар яратишга, улкан бинолар қуришга қодир. Лекин дил оғриғига даво бергувчи бирор бир жиҳозни ярата олгани йўқ. Аслида ана шу оғриқнинг келиб чиқишига йўл бермайдиган меҳрни, оқибатни йўқотиб қўйяпмиз. Назаримда ўз яқинларимиздан бир оғиз ширин сўзимизни, меҳримизни қизғоняпмиз, ёрдамимиз керак бўлганда улардан ўзимизни олиб қочяпмиз.

 Қаёққа шошаяпмиз, нима учун? Наҳот, бирдамликда, аҳил ва иноқ бўлиб, яшаш инсонлар учун шунчалик қийин бўлса? Турли маросим ва йиғилишларга боргани, бозор-учар қилгани, бегоналар билан соатлаб беҳуда суҳбатлашгани вақт ажратамиз-у, бироқ бизни дунёга келтирган ота-онамизнинг ҳолидан тез-тез хабар олишга ярамаймиз. Меҳримизни, муҳаббатимизни қизғонамиз. Бунинг устига турли иддаолар билан ҳаётимиздан нолиймиз, ҳеч бир арзимайдиган сабаблар билан ўз яқинларимиздан ранжиймиз ёхуд уларни ранжитамиз.

Илгарилари қўни-қўшничиликда қандай муаммо бўлса маҳалла аҳли бирга, йиғилиб, маслаҳат билан иш кўрилган. Ҳозирчи, бир девор қўшнимизнинг ҳоли бизга аён бўлса-да, дадил ёрдам қўлларимизни чўзишга жазм этмаймиз.

Нима учун меҳрни, ширин сўзларни ўз яқинларимиздан, ака-опаларимиздан, ота-онамиздан, ҳамкасб-у дўстларимиздан қизғонамиз. Айниқса, меҳрсизлик қайнона-келин, эр ва хотин ўртасидаги муносабатларда шу қадар кучайганки, натижада қанчадан-қанча оилалар парокандаликка юз тутмоқда, ажралиб кетмоқда, ёш болалар етим бўлиб ўсмоқда. Бундай оилаларда болалар оқибатсиз ва меҳрсиз бўлиб   улғаймайди, деб ҳеч ким айтолмайди.

Менинг наздимда энг катта жиноят, энг оғир гуноҳ  - меҳрсизликдир. Азиз ўқувчи, юмушларни четга суринг-да, ота-онангиздан, яқинларингиздан хабар олинг. Улардан ширин сўз ва меҳримизни аямайлик. Аслида, уларга бундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас.

Хосият АБДУРАҲМОНОВА