+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЁЛҒИЗ АЁЛ

(21-сон) ТУРМУШ ЧОРРАҳАЛАРИДА

Ҳали 30 ёшга кирмаган гўзал Салтанатхоннинг эри ошқозон касали билан хасталаниб вафот этди. Икки қиз - 6 ёшли Нодира, 4 ёшли Шоира отасидан айрилиб, онасининг қарамоғида қолишди.

Тақдирга тан берган аёл бор кучи билан меҳнат қилди. Фабрикада ишлади. Кечалари чеварлик қилди. Икки қизни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялади. У болаларга ҳам оналик, ҳам оталик қилди. Таниш-билиш, баъзи одамлар ёлғиз умри ўтаётган бу аёлга "Ҳали ёшсиз, турмушга чиқинг!" дейишди. Салтанатхон кўнмади. Турли ўй-хаёлларга борди. "Қандай бўларкин? Иккинчи эр қизларимни малол олса чидай олармиканман?" деган андишага борди. "Таниш-билиш, эшитган қариндош-уруғ нима деб ўйлайди" деди. Ҳуллас, у эрга тегмай ўтди.

Йиллар ўтиб қизлар ҳам бўй чўзишди. Бирин-кетин балоғат ёшига етишди. Улар ўқиб, ўрганиб маълум мутахассисликни эгалладилар. Катта қизи - Нодирани турмушга чиқарди. Салтанатнинг ота-она, ака-укаси тўйда ёнида тик туришди. Улар келинчак қизга отасининг йўқлигини билдиришмади. Вақти соати етиб, кенжа қиз Шоира ҳам муносиб хонадонга узатилди. Икки қизни чиқарган Салтанатхоннинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Эркин нафас олди. У тўйни ўтказиб, мазар ташидию, тезда келин-куёв чақириқ маросимини ўтказишни ният қилди. Икки ёш келин-куёвнинг оила аъзолари, ошна оғайниси билан чиройли меҳмон қилишни хоҳларди.

Бу тўғрида қудалар билан маслаҳатлашди.

- Мен эри йўқ хотиннинг уйига меҳмонга бормайман, - дебди бу гапни хотинидан эшитган куёвнинг дадаси Иброҳим ака. - Хаётда эрсиз яшаш жуда қийин. Хотин қуда шунча йил қийналиб, ёлғиз ўзи икки қизни тарбиялаб, вояга етказибди. Турмушга узатибди. Буларни бажариш ёлғиз бошига осон бўлмагандир. У кенжа қизини ҳам турмушга узатиб, ўз вазифасини бажарибдими, бўлди бас, Салтанатхоннинг болалари олдида қиладиган вазифаси тугабди. Энди кўпроқ ўзини ўйлаб, ўзи учун яшасин. Бошида эри бўлган қизларининг ғамини еб, ўзини ўққа-чўққа урмасин. Ойда бир марта бериладиган маошга қараб яшайдиган аёл кишига ҳозирги кунда «чақирди» қилиш осонми?! Салтанатхон бизни деб овора бўлмасин. Сарпо-суруғ оламан деб, қарз кўтармасин. Ўғлимиз тўйдан олдин ҳам кийим топиб кийиниб юрган, энди ҳам ўзига кийим керак бўлса, ўзи топиб кияди. Мен маросимга керакли бозор-учарни сизларга қилиб берай. Чақирдига келин билан ўғилнинг ўзи борса бўлди. Бизнинг ўғлимиз энди Салтанатхонга ҳам ўғил бўлди. Уларни ҳам жўнатмасак, қуда ҳафа бўлади. Хоҳласанг синглингними ёки опамними олиб сен ҳам бор, хотин. Боринглару, қудани кўп уринтирманглар...

- Ханифа опа эрининг гапларини Салтанат опага етказди. "Эри йўқ хотиннинг уйига бормайман" деган сўз унинг қулоғига ғалати эшитилган бўлса-да, бу гапнинг таг-замирида эрсиз аёлни авайлаш, қийналиб ортиқча ҳаражатлар қилишига йўл қўймаслик маънолари борлиги уни ич-ичидан севинтирди. Қизнинг онаси қуда томонни авайловчи шундай диёнатли, кишининг қадрига етадиган одамларга қуда бўлганидан қувонди.

"Илоё, умринг зиёда бўлгур янги қуда - Иброҳим ака шунақа антиқа одам экан -а!" дея ичида алқаб қўйди Салтанатхон.

Унинг хонадони билан қуда бўлиб ҳеч қийинчиликка учрамади. Тўйни кам харажат, кам чиқим қилиб, жуда чиройли тарзда ўтказишди. Тўйдан олдин онаси ўзича катта талабларни қўяётган бўлғуси келинчак Шоиранинг ҳам "уни ўчди", қолди. "Сиз қийналманг, нима керак бўлса, ёшлар тўйдан кейин ўзлари ишлаб, топиб олишади. Ўшанда ҳар бир буюм улар учун қадрли бўлади. Қарзга келган нарсаларни уйимга киргизмайман" деганди қуда ўшанда.

Салтанатхон тўйдан кейин мазар, тоғора-тоғора егуликлар ҳам ташиб қийналмади. Иброҳим ака бу бидьатни ҳам таъқиқлади.

Икки қизни узатиб уйда ёлғиз қолган аёлга таниш-билишлари:

- Энди қизларнинг ғалвасидан қутилдингиз, ўргилай. Энди ўзингизга муносиб бирортасига турмушга чиқинг-да, - дейишди.

Чақириқ маросими бўлди. Орадан маълум вақт ўтди. Салтанатхонга эркак қуданинг гаплари оғир ботдими, кейинги гал қизи уникига меҳмонга келганда:  - Бошимда агар эрим бўлса, даданг бизникига меҳмонга келар эканми, - деди у қизи  Шоирага. - Ундай бўлса, энди сенларга янги дада топганим бўлсин...

Тақдир эканми, ниҳоят 45 ёшли, аёллик нафосатини йўқотмаган Салтанат нафақага энди чиққан яхши бир эркак билан умрини боғлади. Ҳаётда бахтли инсонлар кўпайди. Салтанатхон ва Каримжон акалар хонадонидаги меҳмондорчилик янги қудаларнинг ташрифи билан янада кенгроқ тарзда ўтказилди.

* * *

Ҳурматли газетхон! Бу воқеага, Иброҳим аканинг хатти-ҳаракатига сиз қандай қарайсиз, билмадиму, лекин мен хонадонларимиздаги оила бошлиқларини худди Иброҳим акага ўхшашини жуда-жуда хоҳлардим. Зеро, эркакларимиз оиламиз бошлиғи. Ҳар бир иш уларнинг бошчилигида, рухсати билан амалга оширилиши керак, деб ўйлайман.

Оилада эркакнинг борлиги бахт. Унинг йўқлиги кўргулик, алам. Лекин уни оиладан ўлим бевақт олиб кетган бўлса-чи?! Йўқлигига чидаймиз. Барча вазифаларни аёл ўз бўйнига олиб, сабр ва тоқат билан уларни бажаради. Ҳозирги ким ўзарга бўлаётган дабдабали тўй маросимлари анча-мунча бели бақувват эркакларни ҳам шошириб, ўйлантириб қўймоқдаки, бошида эри йўқ аёллар қиз чиқариб, ўғил уйлаш пайтида нима қилсинлар, қайга бориб бошини урсинлар?! Шундай вазиятда Иброҳим акага ўхшаган танти, ўзининг қатъий сўзи, фикри бўлган эркаклар оқилона иш тутиши билан тул хотинларга енгиллик бериши одамийлик, савоб ишлардан бири эмасми?!

 Ҳаётда ўлим, ажралиш можаролари бор экан, дунёда ёлғиз яшовчи, эрсиз аёллар бор. Биз - инсонлар, эркакми, аёлми, ким бўлмайлик, аёлни ёлғиз эканлигини билдикми, унга қўлимиздан келганча мадад беришга шошилайлик. Уларнинг ҳаёт ташвишларини енгиб ўтишларига, айниқса, улар ўтказаётган тўй маросимларини камчиқим, чиройли бўлиши учун кўлимиздан келганча кўмак берайлик. Чунки у ёлғиз, ҳаёт синовларига дош бериши жуда қийин. Зотан, ҳофиз ўз қўшиғида айтганидай:

 

Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг,

У оғир аравани тортиб боради.

 

Ойдин МАМАДАЛИЕВА