+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 2 июнь куни аҳолининг дам олиши учун муносиб шароитлар яратиш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этиш, экспортни кенгайтириш   лойиҳалари билан танишди, янги намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашди. Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, жумладан, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат  дастурида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Президентимиз 3 июнь куни Андижон шаҳридаги "Ёйилма" маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғида маҳалла ҳаёти билан танишди, одамлар билан мулоқот қилди. Маҳалла фуқаролар йиғини гузари қурилиши лойиҳаси, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, кутубхона, минимаркет, қариялар дам олиш жойи, болалар майдончаси, фаввора, тренажёр майдони, сартарошхона, "Гўзаллик салони", новвойхона қурилмоқда.

Маҳалла аҳли билан мулоқотда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб   тарбиялаш ва адашганларни тўғри йўлга қайтаришда нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш масалалариҳақида сўз юритилди.

Фарзандларимизни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президентимиз. Бунинг учун муносиб шароит яратишимиз керак. Улар чиройли, обод жойларда яшаса, кўп китоб ўқиса, маънавий олами бой, ватанпарвар бўлиб вояга етади.

Ёйилма маҳалласидаги 60 дан ортиқ кўп қаватли уйда 5 минг 800 нафардан зиёд турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Ҳудудда 8 болалар майдончаси, мини-футбол, баскетбол, футбол майдонлари бор. 1 коллеж, 1 умумтаълим мактаби, 2 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз маҳалладаги кўп қаватли уйлар, коллеж, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари атрофини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Маҳалла профилактика инспектори Фаррух Fаниев хонадонида бўлди.

Профилактика инспекторларини маҳаллалар марказида хизмат уйлари билан таъминлаётганимиз бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев. Профилактика инспектори маҳаллада яшаб, фаоллар билан бамаслаҳат иш олиб борса, ҳудудда маънавий муҳит яхшиланади, жиноят содир этилмайди. Бу аҳолининг адолатга, давлатга, эртанги кунга ишончини оширади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил, 22 ноябрдаги қарорига мувофиқ Андижон шаҳрида кўп қаватли 37 замонавий уй-жой бунёд этилиши белгиланган. Бугунги кунда Султон Жўра номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида 294 хонадонга мўлжалланган еттита кўп қаватли турар жой бунёд этилмоқда.

Бу турар жойлар биринчи галда уйга муҳтож одамларга берилади. Ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши, мустақил, эмин-эркин яшаши учун шароит яратади.

Андижон шаҳрида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Андижон шаҳрининг бош режасига мувофиқ шаҳар ҳудудини кенгайтириш режалаштирилган. Кўп қаватли уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари қурилиши мўлжалланган.

Универсал спорт мажмуаси улардан бири. Мажмуа лойиҳасини такомиллаштириш, фаолиятини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Мажмуа кўп тармоқли, кўплаб спорт турларига ихтисослашган бўлади. Спорт федерациялари шу ерга жойлашади. Мажмуада халқаро мусобақалар, оммавий-маданий тадбирлар ўтказиш учун зарур шароит яратилади.

Президентимиз ташаббуси билан Андижон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хиёбони ва мактаби ташкил этилмоқда. Бу борадаги режалар билан танишув чоғида хиёбонда Муҳаммад Юсуф ҳайкалини ўрнатиш, мактаб фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.

Андижон шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кардиология ва Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларини ташкил этиш, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасини реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш режалаштирилган.

Бу шифохоналар ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида ўтказиш, касалликларни самарали даволаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Аҳоли ҳаёти, саломатлиги билан боғлиқ бу шифохоналарни тезроқ ишга тушириш, вилоят туманларида уларнинг субфилиалларини ташкил этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, профилактика ишларини кучайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари эски "Андижонмаш" акциядорлик жамиятида бўлди. Бу ерда ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зонаси     лойиҳаси билан танишди.

Бўш турган ер майдони 19,16 гектар бўлган мазкур ҳудудда ташкил қилинадиган саноат зонасида енгил саноат, электрокабель, чарм-пойабзал маҳсулотлари, эшик-ром, мебель, дори-дармон, пластмасса ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари қайта ишланади. 2 минг янги иш ўрни очилади.

Саноат зонасида тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан 127 миллиард сўмлик 15 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

"Engelberg Group" МЧЖнинг янги фабрикаси ана шу лойиҳалардан бири. Алюмин профилли ромлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Туркия ва Германиядан келтириладиган замонавий технологиялар билан жиҳозланади. "Роҳат савдо сервис" МЧЖ томонидан суспензиялар, тиббий мазлар, ампулалар, сироп ва таблеткалар ишлаб чиқарилади.

Президентимизнинг 2017 йил, 23 февралдаги "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан вилоятда изчил ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятдаги хусусийлаштирилган ва бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Бу борада шаҳар ва туманларда қўшимча хатлов ишлари олиб борилмоқда. Шу кунга қадар 5 минг 697 бино-иншоот хатловдан ўтказилиб, уларнинг 283 таси бўш турганлиги аниқланган. Шулардан 210 тасида янги лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган.

Президентимизга тақдим қилинган лойиҳалар кичик ва йирик ГЭСлар қуриш, газ таъминоти тизимини такомиллаштириш, цемент ва оҳак ишлаб чиқариш каби йўналишларга мўлжалланган.

Булоқбоши туманида Хитой технологияси асосида йилига 21 минг тонна кимёвий чўктирилган бўр маҳсулоти ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Маҳсулот тўлиқ маҳаллий хомашё - оҳактошдан олинади. Корхона ишга тушгач, чет элдан сотиб олинаётган шу турдаги маҳсулотга бўлган талаб қондирилади, уни экспорт қилиш йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳа ташаббускорлари - тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

"Ўзфармсаноат" компанияси ва тижорат банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

"Трастбанк" томонидан Андижон туманида "Zamin Bio Health" жамиятида йиллик қуввати 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа амалга оширилгач, 100 киши иш билан таъминланади.

"Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси ва тижорат   банклари томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган мазкур соҳани ривожлантириш дастури лойиҳаси яратиладиган иш ўринларининг кўплиги билан эътиборни тортди.

Президентимиз "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси Андижон вилоятида амалга оширишни режалаштирган лойиҳалар билан танишди. Янги автомобиль русуми - "Chevrolet tracker"ни ишлаб чиқариш бўйича маълумот берилди.

Бунда енгил автомобилларнинг ускуна ва жиҳозларини модернизация қилиш, енгил автомобиллар қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, янги моделдаги автомобиллар учун интерьер, штампланган, пайвандланган панеллар, радиатор, кондиционер тизимлари, ўриндиқлар, овоз сўндиргич тизими қисмлари, газ чиқариш тизимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Андижон шаҳри Миллий тикланиш кўчаси, 24-уйда жойлашган мазкур қабулхонада халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи - одамлар билан самимий мулоқотлар, сафар давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

ЎзА

БАРДОШ

(23-сон) Ҳикоя

 

-      Бақирсаммикан?

Бақирса дарахтларда сийрак қолган баргларни юлқиб кетаётган куз шамоли овозини қишлоқ бўйлаб ёйиб юборади.

Овозини эшитган қишлоқ аҳли бири ишини қўйиб, бири чопонига ўраниб кўчага чиқади. Сўнг катта-кичик овоз чиққан жойга тўпланади.

Бақирмади тишини-тишига қўлларини бошига қўйиб деворга ёпишгудай бўлиб, оғриққа дош берди.

Бақирса бошқаларнинг эшитишидан эмас, ота-онаси, акалари эшитишидан қўрқди. Эшитса онаси-ку йиғлар, отаси-чи, отаси ғазабланади, акалари қахрланади. Кейин ўзи бир умр бу уйнинг эшиги тупроғига зор бўлиб ўтади.

Бошига яна қамчи келиб тушди. Оғриқ... жонни зирқиратадиган оғриқ...

Хирсдай гавдали Чавандоз ғазабдан кўкариб, ҳансираганча қамчига зўр берарди. Ойсулув янга совуқ қотган мусичадек қунишиб, навбатдаги қамчидан бошини қўллари билан пана қиларди.

Оғзидан ароқ ҳиди келаётган, оёғида зўрға турган эридан Ойсулув янга икки қадам ташласа қочиб қутулади. Ана оғилхона эшиги очиқ, ташқарига чиқиб олса бўлди. Лекин янга қочмайди.

- Додламайман, ҳозир ўзи урушдан тўхтайди, яхшиям оғил ичидалигимда келиб қолди. Ҳеч ким эшитмайдиям, кўрмайдиям.

- Ойсулув янга қўллари орасидан, жаҳлдан кўзлари пиёладай катталашиб кетган, ташланиб қамчи солаётган эрига қарар экан, нимадир эсига тушди.

***

- Кетайлик, Ойсулув. Отанг совчиларимни қайтарса ким деган одам бўламан?

-      Ота-онам... дуоси-чи, Чавандоз ака?

- Сени, бой отанг мен етимга қиз бермайди. Агар совчиларим қайтса, бу қишлоқда қандай бош кўтариб юраман? Сени узоқларга олиб қочиб кетай, Ойсулув...

Ой нурида дарахтлар орасида ер тепинаётган от жиловини қўйиб, йигит қизнинг қўлларидан маҳкам ушлади. Шунда қизнинг кўзлари ер чизди. Бир дамлик ойдин тун сукути. Сўнг қиз нимадандир  чўчигандай, оғиз жуфтлади:

-      Менинг беш акам-чи? Улар       кейин қандай бош кўтариб юради, Чавандоз ака?

***

Совчилар... совчилар кулиб-кулиб қайтишди.

Тўй бўлди, катта тўй.

***

- Жоним, Ойсулувим!

Тўйдан сўнг бир йил ўтди.

***

- Йиғлама, жоним!

Икки йил ўтди.

***

Кутамиз Ойсулув, кутамиз.

Уч йил ўтди.

***

-      Энди сен... боргин, Ойсулув.

-      Йўқ, Чавандоз ака, яна дўхтирларга борамиз. Яхши дўхтирлар бор.

-      Дўхтирларга бордик-ку?!

-      Дўхтир бўлмаса табиблар бор!

-      Эйй..! уларниям қанчасига бордик Ойсулув.

-      Дўхтир бўлмаса, табиб бўлмаса, Худо бор Чавандоз ака.

Тўрт йил ўтди.

***

- Ойсулув ҳали этак-этак бола кўрасан. Боргин энди.

- Йўқ, Чавандоз ака, ҳайдаманг.

Беш йил ўтди.

***

- Ичдингизми?

- Ичдим!

- Олти йил ўтди.

***

-      Ҳадеб ичаверманг, Чавандоз ака. Худойимниям бизга атагани бордур...

Етти йил ўтди.

***

- Ассалому алайкум! Турдингизми? Кеча сал кўпроқ ичган экансиз.

- Ҳалиям кетмадингми? Нима дегандим сенга?

Саккиз йил ўтди.

***

- Келинг, эна уйга киринг.

- Келдим, болам. Яхши ўтирибсизларми? Вой ўлай, менга қара, кўзинг кўкарганми? Нима қилди? Илоё, урган қўлларинг синиб тушсин! Бепушт!

- Қарғаманг, эна, қарғаманг.

- Отангга бориб айтаман. Бу уйда бир кун ҳам яшамайсан. Акаларинг келсин бу зўрнинг олдига.

- Айтманг энажон.

- Йўлимни тўсма! Ойдай адо бўлдинг-ку, қизим! Қўй энди, шу хўкизни! Олиб кетай, жон болам.

- Бир йил кутайлик, энажон бир йил.

- Тўққиз йил ўтди.

***

Ўнинчи йил ҳам келди. Туш маҳал Ойсулув янга ғарамдан панхаша билан емиш олиб оғилхонадаги сигирга бераётганида, ҳовлидан овоз келди:

- Ҳов, қаердасан? Нима ўлиб  қолдингми?

Ойсулув янга билди, Чавандоз яна ичиб келибди. "Ҳозир уради". Ойсулув янга қўлидаги паншахани нари отиб, жимгина девор ёнида тураверди.

"Оғилхонадан чиқмайман, дўст кўзидан ҳам, душман кўзидан ҳам пана", ичидан ўтказди Ойсулув янга.

Оғилхона эшигидан тушаётган нурни тўсиб, чавандоз кўринди. Қўлида қамчи.

- Кет демаганмидим сенга? - Чавандоз ичкари кирди. Ойсулув янга баттар деворга ёпишди. - Кетасанми-йўқми?

Биринчи қамчи тушди, сўнг яна... яна...

"Пича чидасам урушдан тўхтайди".

Ичиб келган Чавандоз хотинини уриб-уриб уйга кирарди-ю, дуч келган ерга ағанаб ҳуррак отишга тушарди. Ойсулув янга орқасидан борарди. Чавандоз кўрпа устида ётган бўлса яхши, бўлмаса унинг оғир гавдасини зўрға бир ён ағдариб, тагига кўрпа солиб, устини ёпади. Оёғидан қишин-ёзин ечмайдиган этигини торта-торта суғуриб олади.    Кейин эри тургунича овқат тайёрлаб қўяди. Уйқудан уйғонган Чавандознинг биринчи гапи шу бўлади:

- Кетмадингми? Кет дегандим-ку, сенга.

Лекин бу сафар Чавандоз уришдан тўхтайдиганга ўхшамас, баттар қутурарди. Ойсулув янга эрига бир қараб қўяркан, эрининг белбоғидаги пичоққа кўзи тушди. Ўлса-ю, ўзига урса. Йўқ, ўзи ўлиб қутулса, Чавандозни ҳоли нима кечади. Чавандозни ўйлаганда Ойсулув янга ўлгиси ҳам, ундан ажралиб кетгиси ҳам келмайди. "Менсиз қандай яшайди", деган саволни ўзига берган янгани яна бир нарса қийнайди: "Менчи..."

Бошига қамчи кетидан қамчи тушаётган Ойсулув янганинг кўзида бир томчи ёш кўринмайди, ҳатто эрини бир оғиз қарғамайди. Ойсулув янга учун эр - пайғамбар. Пайғамбарни ҳам қарғаб бўладими?!

Қўллари орасидан эрига яна бир қараган янга Чавандозни орқасига бир қадам ташлаганини кўрди. "Ана кетяпти", - деб ўйлади Ойсулув янга. Лекин бирдан белида пайдо бўлган кучли оғриқдан дод солиб юборди:

-      А-а-а...

Нарида ётган паншахани иккинчи марта хотинига урган чавандоз бироздан сўнг ўзига келди.

-      Ойсулу-у-у-у-в!!! У-у-в.

 

Азамат ХАЙРУЛЛАЕВ

ҚУЛУПНАЙ - САРАТОНГА ҚАРШИ

(23-сон) Табиат неъматлари

Қулупнай инсон организми учун минералларнинг асосий манбааларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибида C ва    Б 5 витаминлари, темир, магний, калий, калций, рух, марганец, фосфор, кремний, мис моддалари мавжуд. Шунингдек, у овқат ҳазм қилиш тизимига яхши таъсир қилади, иштаҳани яхшилайди, пешоб ҳайдаш хусусиятига эга.

Қулупнай организмни тозалайди, шунингдек, унинг таркибидаги антиоксидантлар организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради. Халқ табобатида қулупнай камқонлик, гипертония, атеросклероз, бачадондан қон кетишида қўлланилади. Бу мева турли ичак инфекцияларини, грипп вируси қўзғатувчиларини енгишга қодир. У моддалар алмашинуви жараёнларини кучайтиради, семиришга ёрдам беради.

Қулупнай организмдаги қанд моддасини камайтириш хусусиятига эга. Янги тайёрланган қулупнай шарбати эрталаб оч қоринга ичилганда ўт-тош касаллигини бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, у ажойиб парҳез ҳисобланади, организмдаги ортиқча сувни чиқариб ташлашга кўмаклашади. Унинг барглари ва мевасидан тайёрланган дамлама артериал қон босимини ва организмдаги моддалар алмашинувини меъёрга келтиради. Қулупнай уйқусизликда ҳам яхши ёрдам беради, уни анемияга чалинган беморлар рационига қўшиш ҳам тавсия этилади.

Ошқозон яраси ва гастритдан азоб чекаётганлар қулупнай истеъмол қилишда эҳтиёт бўлишлари лозим. Чунки қулупнай уруғлари ошқозоннинг шиллиқ пардасига салбий таъсир қилади. Бўғим хасталигидан азият чекаётганлар ҳам қулупнайни кўп истеъмол қилмасликлари керак.

 

ХОСИЯТХОН тайёрлади.

СОFЛИFИНГИЗ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА

(23-сон) Халқаро кашандаликка қарши кураш куни

Айни пайтда ер юзи аҳолиси ўртасида кўп тарқалган зарарли одатларнинг хавфлиларидан бири ҳисобланган тамаки чекиш инсон соғлиғи, фаол ҳаёти ва умрига завол бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Муаммонинг долзарблиги ҳисобга олиниб, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан 1980 йилдан бошлаб, 31 май жаҳонда тамаки чекишга қарши курашиш халқаро куни, деб эълон қилинган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотига қараганда ер юзида бир йилда 5 миллиондан ортиқ киши тамаки асоратларидан вафот этмоқда. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг учдан бир қисми тамаки истеъмол қилади ёки чекувчилар сони 1 миллиард 300 миллион нафарни ташкил қилади. Агар бу зарарли иллатнинг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, 2020 йилга бориб чекувчилар сони 2 баробар ошиши мумкин.

Ҳозирда Ўзбекистонда қарийб 2 миллион нафарга яқин одам тамаки чекади. Ҳар йили чекиш асоратларидан 30 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Афсуски, ёшлар ўртасида тамаки чекишга ружу қўяётганлар сони ортиб бормоқда. Ана шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, саломатлик ва тиббий статистика институти, унинг ҳудудий филиаллари, даволаш-профилактика муассасалари ҳамкорлигида аҳоли ўртасида тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари, унинг олдини олиш юзасидан зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тамаки ва унинг тутуни таркибида киши танасига таъсир этувчи моддалар мавжуд бўлиб, улар юрак қон-томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш, асаб, ички секреция безлари аъзоларига зарар кўрсатади. Оқибатда, миокард инфаркти хавфи 6-8 марта, мияга қон қуйилиши хавфи 4-6 марта, ошқозон яраси касаллиги ва раки 12 марта, ўпка раки 25 марта, ўпканинг сурункали яллиғланиши 10-15 марта ортади, шунингдек, кўкрак бези ва жинсий аъзолар касалликларига чалиниш ҳам ортади.

Чекишнинг бошланғич даврларидан бошлаб организмда заҳарланиш давом этса-да, унинг аломатлари узоқ вақтгача юзага чиқмайди. Вақт ўтиши билан оғир заҳарланиш аломатлари пайдо бўлади. Агар киши бирданига кўп тамаки чекса, тезда заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Ҳомиладор аёлларнинг чекиши бўлажак ҳомила (бола) ривожини кечиктиради, муддатдан олдин туғиш, боланинг ўлик туғилишига олиб келади. Тамаки чекилгандан кейин 20 дақиқа ўтгач, эмизувчи ёки ҳомиладор аёл қонидаги никотин бола организмига сут ёки йўлдош орқали ўтади. Тамаки чекиш наслга ҳам салбий таъсир қилиб, фарзандсизлик, боланинг заиф, ногирон, жисмоний нуқсонлар билан туғилишига олиб келади.

Чекиш туфайли тишлар сар-ғайиб, сочлар тўкилади. Тамаки таркибидаги заҳарли бирикмалар таъсирида танада модда алмашинуви бузилади. Хусусан, витаминлар етишмовчилиги натижасида чекувчи ўсмир ривожланишдан орқада қолади. Хулоса қилиб айтганда, тамаки таркибидаги заҳарли кимёвий бирикмалар инсон танасининг барча аъзоларига салбий таъсир кўрсатади.

Афсуски, чекувчилар ўз соғлиқлари қадрига кеч, яъни оғир дардга чалинганларидан кейин етадилар. Агар чекишга ружу қўйган бўлсангиз, юқоридаги фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, тамаки чекишдан воз кечинг. Бу билан бебаҳо соғлигингиз мустаҳкамланиши, ҳаётда фаоллигингиз ошиши, умрингизга умр қўшилиши, оилангиз тинчлиги ва атроф-муҳит мусаффолигига катта ҳисса ҳўшган бўласиз.

 

Соҳибахон РАСУЛОВА, Саломатлик ва тиббий

 

статистика институти Андижон вилоят филиали шифокори.

МУҚАДДАС ОЙДА ФАЗИЛАТЛИ БЕКА БЎЛИНГ

(23-сон)

Муқаддас Моҳи Рамазон ойининг шарофатли кунлари ҳам бир-бир ўтиб бормоқда. Бугун файзли хонадонларида рўзадорлар ибодат билан машғул бўлган бегойим қизу келинларга айрим маслаҳат ва тавсияларимиз бор. Муборак ойнинг фазилатлари сизнинг ҳам покиза қалбингизга нур индирсин ва гўзал феълингиздан юзингиз ёруғ бўлишини истаймиз.

Рўзадорга хизмат қилиш ҳам ибодат

Саҳарлик учун зарур юмушларни тунда бажарганингиз яхши. Бунда саҳарликда шошиб қолмайсиз, ҳар бир ишни мукаммал ва ораста адо этиш имконингиз етарли бўлади. Эсингизда бўлсин, рўзадорга хизмат қилиш ҳам  ибодат. Шунинг учун астойдил, иймон ва ихлос, гўзал ният билан рўзадорларга хизмат қилинг. Ҳар бир амалингиз учун савоби хайр сўрашни унутманг. Чунки мўминнинг нияти амалидан афзалдир. Саҳарлик ва ифторлик дастурхонини тайёрлашда қуйидагиларга амал қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Рўзадор учун энг фойдали озуқалардан бири бу - қатиқ. Уй шароитида ўзингиз қатиқ ивитганингиз яхши. Саҳарлик учун тунда қатиқ ивитиб қўйишни унутманг. Мева шарбатлари, компотларни ҳам тунда тайёрлаб, саҳарлик  дастурхонига мўлжалланганларини имкони борича музлаткичда эмас, салқинроқ жойда сақлаганингиз маъқул. Табиий мева шарбатларига шакар аралаштирманг, ширинлик рўзадорни чанқатади.

Саҳарлик дастурхонига ҳўл мевалар билан бирга, қуруқ мевалар ҳам қўйишни унутманг. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик дастурхонида албатта араб хурмоси бўлсин. Саҳарликка ёғли, қовурилган таомлардан воз кечиб, дуккакли маҳсулотлардан фойдаланинг. Юмшоққина ширгуруч, мастава, гречка шўрва қилсангиз ҳам ҳазми енгил, ҳам озуқавий қиймати кучли бўлади. Энг муҳими, рўзадорни чанқатмайди.

Ифторлик дастурхонига ҳам алоҳида тараддуд кўринг. Рўзадан мақсад - тақво, Аллоҳнинг розилигига эришиш. Шунинг учун исрофдан сақланинг. Рўзадор кўп овқат тановвул қила олмайди. Айниқса, ҳазми оғир, қовурилган, ёғли    овқатлар рўзадор ошқозонига оғирлик қилади. Буғда пиширилган таомлар, мева-сабзавот шарбатлари, салатлар, кўкатлар билан дастурхон тузанг.

Рўзадорларга хизмат қилаётганингизда яхши ният билан, оғринмасдан, малол олмасдан хизмат қилингки, савобингиз ажри Аллоҳ ва яқинларингиз олдида даражангизни зиёда қилсин!

 

Ҳар бир амални холис ва эзгу ният билан бажаринг

Рамазонда уй бекалари рўзадорлар учун ифторлик дастурхони ёзиб, савоб олишни истайдилар. Албатта, рўзадорни тўйдириш билан киши катта савоб ва ажрга  муяссар бўлишлиги мазмунида ҳадислар ривоят қилинади. Аммо ният савоб олишдир, исрофдан сақланиш лозим.

Муқаддас битикларда "Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади", дейилади.

Таассуфки, инкор этилмайдиган бир ҳақиқат мавжуд  - аксарият бидъат ва исрофлар бошида аёллар туради. Эркаклар кўп ҳолда аёлларнинг такаббур, мақтанчоқлиги учун қурбон бўладилар. Келинпошша, агар сизда шундай хусусият бўлса, феълингизни ислоҳ қилиш учун Рамазондан фойдаланиб қолинг. Ифторлик дастурхонини манманлик учун эмас, савоб учун ёзинг. Рўзғорингизга барака, фарзандларингизга умр, офият ва улуғликни ният қилинг. Ниятда гап кўп. Ҳар бир амални холис ва эзгу ният билан, Аллоҳ розилиги учун бажаришга ўрганинг.

Дастурхонни турли неъматлар билан тўлдириб ташлаш, қолаверса, фарзандларингизнинг ризқидан қийиб қилган ифторлигингиздан савобга умидвор бўлишлик оқил инсоннинг иши эмас.

 

Савобдан бебаҳра қолманг

Рамазон меҳр-мурувват, солиҳ амаллар учун савоблар кўпайтириб бериладиган ой. Нажот ва барака ойининг ёғдуларидан бебаҳра қолмаслик учун яхши амалларни кўпайтиринг. Рўзадор ота-онангиз, қайнона-қайнотангизга оғринмай хизмат қилишингиз - солиҳ амал. Кечки овқатдан бир коса сузиб рўзадор қўшнингизга чиқаришингиз ҳам солиҳ амал. Бемор маҳалладошингиз, камхарж ҳамкасбингизнинг эҳтиёжига ёрдам беришингиз ҳам хайрли иш. Яқинларингиз, жигарларингиз холидан хабар олишингиз, дуоларингизда уларнинг исмини тилга олишингиз яхшилик. Фарзандларингизга жилмайиб, табассум билан насиҳатлар қилишингиз билан ҳам савоб оласиз. Шошилинг, ғафлатда қолманг. Савобингизни кўпайтиринг,  яхшиликда комил бўлишга эришинг. Fанимат дамларни бой берманг....

 

Хосиятхон Мамажонова,

 

Андижон шаҳар бош отинойиси.

ТИЛИМИЗНИНГ СОФЛИГИНИ САҚЛАЙЛИК

 (23-сон) Мулоҳаза

Бугунги кунда баъзи бир тенгдошларимиз нафақат кийиниш, ўзини тутиш, муомалада, балки сўзлашишда ҳам ўзларини замонавий қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади.

Айрим қизларнинг гаплашаётганларида русча, инглизча сўзларни қўшиб гапиришлари  ярашмаса-да, улар ўзларича бундан мамнун бўлишлари очиғи, кулгилидир. 

Кузатишларимдан шунга гувоҳ бўлдимки, "замонавий" сўзлашишга интилаётганлар энг кўп ишлатадиган сўзлар "обезательно", "конечьно" сўзлари экан. Уларга савол билан мурожаат қилсангиз, "Ҳа, албатта" деган жавоб ўрнига ,,Албатта, конечьно" қабилидаги жавоб беришларини нафақат мантиқсизлик, балки билимсизликнинг бир кўриниши десак асло муболаға бўлмайди. Аслида бу сўзнинг таржимаси "албатта" сўзидир. Аммо, гаплашишда айнан бир маънодаги сўзни икки тилда қўллаётганига эътибор бермасликнинг ўзи савиясизликдир.

Афсуски бу каби айрим ёшлар ўз нутқларида русча сўзлардан фойдаланиб, замонавий бўлиб кўринмоқчи бўлишади. Аммо бу замонавийлик эмас, аксинча  нуқсон эканлигини улар англаб етишмаяпти. Муомала маданиятдаги бу нуқсон инсоннинг тарбияси, одоб-аҳлоқи қай даражада эканлигини кўрсатади.

  Албатта, чет тилларини билиш, ўрганиш яхши, лекин бир сўзни икки тилда ишлатиб гаплашиш она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Қолаверса, ўша шахснинг тилга бўлган ҳурмати суст, муомала ва нутқи маданияти паст эканлигиниг белгисидир.

Ота-боболаримиз, авлод-аждодларимиз асрлар давомида қанча қийинчиликни бошидан кечириб, она тилимизнинг софлигини, бойлиги ва жозибасини сақлаб, бизгача етказган. Бугунги ёшлар ота-боболаримизнинг ана шу анъаналарини муносиб давомчиси бўлиши, тилимизни асраб-авайлашлари зарур. Энг муҳими, биз тилимизни ҳурмат қила билсак, жаҳон майдонида ҳурмат топа олишимизни англаб етишимиз керак.

Ҳидоят ЗУҲРИДДИНОВА,

АДУ қошидаги 2-сон академик лицей ўқувчиси.

СЎЗЛАР ЖОЗИБАСИ

(23-сон) Мутахассис минбари

 

 (Адабиёт дарсларининг ёш авлод

дунёқарашини юксалтиришдаги аҳамияти)

Маълумки, умумтаълим мактаблари ўқув дастурида она тили ва адабиёти фанига кенг ўрин берилган. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Энг асосийси, ушбу фан ўқувчи қалбига энг яқин бўлган билимларни, қолаверса, уларнинг саводхонлигини юксалтириш, тафаккур даражаси ва қобил-ятини ўстириш, эркин фикрлашга, мулоҳаза юритишга ўргатиши билан муҳим аҳамият касб этади.

Ўқитувчи дарс жараёнида ўқувчиларга айни лаҳзада ўрганиши зарур бўлган мавзуни қандай етказишга пухта тайёргарлик кўради. Бу жараёнда у дарсни қизиқарли ўтиш, илғор педагогик усуллар, техник воситалардан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратиши муҳимдир. Аниқ режалаштирилган дарс ўқув соатига мос бўлиши керак.

Адабиёт фанининг яна бир афзал жиҳати шундаки, у ўқувчига нафақат билим беради, балки унинг маънавиятини юксалтиради, тафаккур даражасини ўстиради. Адабиёт ўқитувчиси ўқувчи шуурида янги дунё очади, дарсликка киритилган асарларни ўрганиш жараёнида унинг мазмун-моҳиятидан, ўқиганларидан хулоса чиқаришни, ибратли томонларидан сабоқ олишни ўргатади.  Ўқитувчининг, умуман, дарснинг бош мақсади, юксак маънавиятли, билимдон, кенг тафаккурга эга, ҳар жиҳатдан етук авлодни тарбиялаш экан, дарс соатининг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратиш лозим.

Қўлимизда ёрдамчимиз - адабиёт дарслиги бор. Ўқитувчи имкон қадар қаҳрамонларнинг хусусиятларини, уларнинг бор бўй-басти билан очиб бериши керак.  Табиийки бунда ўқитувчининг нутқи равон, таъсирли, сўзга бой бўлиши зарур. Масалан, Алишер Навоийнинг "Хамса" асаридаги "Фарҳод ва Ширин" достони образлари таҳлилида Фарҳод - мардлик, меҳнатсеварлик, Ширин эса гўзаллик, юксак билим ва  одоб-ахлоқ соҳибаси тимсоли эканлиги айтилиб, инсонийлик, нафсни енга олиш, эзгу ишларга ўзини сафарбар этиш каби гўзал фазилатлар кишини мақсадга етказиши тушунтирилади.

Ёки Абдулла Қодирийнинг "Меҳробдан чаён" асаридаги Анвар ва Раъно образлари ўрганилганда, Анвар - камбағал, бироқ ўқимишли, ақл-заковати билан ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, бошқалардан ёрдамини аямайдиган,  Раъно эса билимдон, ўз муҳаббатини ҳимоя қила оладиган тимсол сифатида талқин этилади. Бундан ўқувчи ҳар бир даврда билимдонлик, комиллик, саводхонлик, мустақил фикрга эга бўлиш ҳаётнинг турли муаммоларига ечим топишнинг  омили бўлиши ҳақида хулосага келади. 

Адабиёт дарси, хусусан, китоб мутолааси инсон маънавий дунёсини бойитадиган жараён. Шу сабаб адабиёт фанининг асл моҳиятини англай билиш, ҳар қандай асарни тушуниб, уқиб ўқиш керак. Маъноси теран, қўнгилга осон сингийдиган, содда ва жозибали сўзлардан ўз ўрнида ва ўринли фойдаланиш ўқувчига дарснинг асл моҳиятини тушунтиришга, унинг пухта билим олишига яқиндан ёрдам беради. 

Адабиёт дарсларини юқори савияда ўтказиш, асарларнинг маъно-моҳиятини бўямай, аслидагидек ўқувчига етказиш ўқитувчидан катта билим, тажриба ва касбий малака талаб этади. Энг муҳими, ўқитувчи сўз сеҳрининг бор жозибасидан, самарали фойдалана оладиган сўз сеҳргари бўлиши керак.

Мадина НАБИЕВА,

Олтинкўл туманидаги 45- умумтаълим мактабининг

 она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

 

 

ФАРЗАНД, ЁШЛАР ТАРБИЯСИНИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН ҚЎЙИШИМИЗ КЕРАК

(23-сон) Хотин-қизлар қўмиталари фаолиятидан

Инсон боласи оила аталмиш мўъжаз масканда кўз очиб, тарбия топади. Бу қадрдон гўшанинг инсон камолотидаги ўрни беқиёс ва бебаҳо. Шунданми, халқимиз пойдевори мустаҳкам оила қуриш, уни асрашга ниҳоятда масъулиятли вазифа сифатида қарайди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб ном олган жорий йилда оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, ундаги муаммоларга ечим топишдек эзгу жараён кенг қулоч ёзди. Ушбу жараён хотин-қизлар қўмиталари олдига ҳам муҳим вазифалар қўймоқда. қўмита ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудларда ўрганишлар олиб борилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

Бугун туманимизда истиқомат қилаётган 193 мингга яқин аҳолининг 87 минг нафардан ортиғи хотин-қизлардир. 205 та корхона, ташкилот ва  муассасада хотин-қизлар бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда. Бундан  ташқари, 64 та таълим масканида      "Ораста қизлар", 65 та маҳаллада "Ораста қизлар давраси", 28 та мактабгача таълим муассасасида "Зумрадойлар давраси" тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга 32 мингдан зиёд қизлар жалб этилган. Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган комиссия ва секторларда белгиланган йўналишлардаги ишлар изчил олиб борилмоқда.

Ўрганишлар давомида минглаб оилаларнинг яшаш шарт-шароитлари билан бевосита танишилди, оилалардаги мавжуд муаммолар имкон қадар ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, бу келгусида оилалар билан ишлашда ўзига хос тизим ва тартибни шакллантириб олиш имконини берди.

Тумандаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳар бир кўчада низоли оилаларни яраштириш бўйича ишчи гуруҳлар, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси томонидан зарур ишлар олиб борилмоқда. Бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар ташаббуси билан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунда М. Абдураҳмонова, Ш. Каримова, Г. Ҳамидова, Н. Болтабоева, Г. Қодирова, С. Бобоматова каби фаолларимиз, шунингдек,   Ф. Турғунова, З. Зуҳриддинова, Г. Раззақова,       Л. Абдураҳмонова, Л. Қорабоева, Н. Имомова сингари фахрий онахонларимиз бизга яқиндан ёрдам бермоқда. Қўмитамиз қошида фаолият кўрсатаётган "Аёллар маслаҳат маркази"да "Қайноналар мактаби" мунтазам фаолият юритиши натижасида оилавий муносабатлардаги муаммоларга барҳам берилмоқда. 

Ҳар бир оиланинг турмуш тарзи, одатлари, муносабат шакллари турлича. Аммо оилани оила қиладиган бир ўзак борки, бу ўзаро ҳурмат, ишонч ва меҳрдир. Бу туйғулар барқарор бўлса, оила соғлом, мустаҳкам, ҳар жиҳатдан ибратли бўлади. Акс ҳолда унда турли муаммолар юзага келиб, бундай оила жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланади.

Ҳар бир маҳаллада намунали хонадонлар жуда кўп, аммо биз юқорида тилга олган нохуш ҳолат юзага келган, оила аъзолари муносабатларига дарз етган оилалар ҳам йўқ эмас. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар давомида йил бошидан шу кунга қадар туманимизда 121 оила яраштирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, эр-хотин, қайнона-келин, келин-қайинсингил ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги муросасизликлар ўзаро келишмовчилик, моддий етишмовчилик, мунтазам спиртли ичимлик истеъмол қилиш, оила бошлиғининг ўзга юртга иш излаб кетиб қолиши каби сабаблар натижасида пайдо бўлмоқда. Кўлбўйи, Ифтихор, Аълам, Адолат, Фаровон, Дарёбўйи маҳаллаларида ана шундай носоғлом вазиятга тушиб қолган оилаларда ажрим кўпроқ учраётгани бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этди.

Шунингдек, кўп оилалардаги муаммоларнинг туб илдизи унда фарзандларга берилаётган таълим-тарбияга бориб тақалмоқда. Фарзанд тарбиясидек мажбурият ва масъулиятга жиддий қаралган оилаларда соғлом муҳит барқарор бўлишини афсуски, айрим ота-оналар англаб етмаяпти. Профилактика кунлари давомида мутасаддилар томонидан 218 нафар назоратсиз вояга етмаганлар борлиги аниқланди. Давомат тадбирлари, сайёр суд мажлислари, муҳокамалар натижада фарзандининг таълим-тарбия олишида бепарволикка йўл қўйган ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг фарзанд тарбияси, назорат қилиш борасидаги бурчига масъулиятсизлиги масъул идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги сайёр йиғилишларда муҳокама этилмоқда.

Бизнинг мақсадимиз ҳар бир оилани муқаддас ва қутлуғ остонага айлантиришдир. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.

Кўп ҳолларда тўлиқ бўлмаган, яъни, ота ёки она ишлаш учун четга чиққан  оилаларда низолар келиб чиқмоқда, бунинг устига болалар қаровсиз қолмоқда. Мўмай пул топган аёл оиласини,  аёллигини унутиб қўйиб, эридан устун бўлишга интилади.  Эркак бундай муносабатни ҳазм қилолмайди. Натижада ўртадаги муроса йўқолади, меҳр қочади. Баъзан ажримларга қайнона ва келин муносабатларининг издан чиқиши ҳам сабаб бўлмоқда. Янги келин мисоли бир ниҳол. Уни парваришлаб, соя ва мева берувчи дарахтга айлантириш ҳам, кўкартирмаслик ҳам қайнонанинг қўлида. Ўзининг  мустақил фикри йўқ, тирноқ остидан кир қидириб уйининг чироғини ёқиб қолувчи, авлодларининг давомчиси бўлган келинга зуғум ўтказадиган қайноналарга қарата оналик меҳрингиз қаерда қолди, ахир келин ҳам фарзанд-ку, бир оғиз ширин сўзингизни, меҳрингизни ундан дариғ тутманг, дегим келади. Қарс икки қўлдан чиқади. Келинлар ҳам  қайнонасини ўз онасидай кўриши, ардоқлаши зарур. Улар  ҳар бир нарсага яхши кўз билан қараб, яхшиликка йўйса олам гулистон. Бу аввало, унинг ўз оиласида олган тарбиясига боғлиқ. Ҳар бир она қизини мулойим, сабрли, ширинсўз қилиб тарбияласа,  фарзанди албатта, борган жойида мустаҳкам ўрин топа олади.

Хотин-қизлар ва ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича  ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Жойларда турли тадбирлар ўтказиб,  кенг кўламли  тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Аёллар, коллеж битирувчилари учун янги иш ўринлари яратилмоқда. Юртимизда ўқийман, ишлайман деган инсон учун барча имкониятлар  бор. Бироқ уларнинг қадрига етмай, четга ишлаш учун кетаётган аксарият фуқароларимиз одам савдосининг қурбонига айланиб қолаётганлигидан ҳам тўғри хулоса чиқариб олишимиз керак. Ёшлар, ўсмирлар учун билимдан ортиқ бойлик йўқ. Афсуски, буни вақтида англаб етмаган, онгида маънавий бўшлиқ ҳосил бўлган айрим ёш йигит-қизлар қимматли вақтларини беҳуда ўтказаётганлиги эса ачинарлидир.  Улар "Оммавий маданият" ортидан кўр-кўрона эргашиб, компьютер, қўл телефони орқали ўз онгини ўзлари заҳарламоқда.

Яратган аёлга оналик бахтини ато этган. Шундай экан, бу тенги йўқ бахтнинг қадрига етмоқ керак. Оилада аёл қадрланса, унда камол топаётган фарзандлар оқил, аҳли солиҳ бўлиб етишади. Давлатимизнинг ёшлар тарбияси тўғрисидаги сиёсатини изчил амалга ошириш ёрқин келажагимиз учун муҳим пойдевор яратади. Бу ишда аёлларимиз фаол бўлиши, фарзанд, ёшлар тарбиясини ҳар нарсадан устун қўйиши зарурлигини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим.

Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

 Балиқчи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

УЮШМАГАН ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ: ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

(23-сон) Профилактика тадбирлари

Вилоятимизда ўтказилаётган профилактика куни тадбирлари доирасида Андижон туманидаги Бўтақора маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят ички ишлар, халқ таълими  бошқармалари ҳамда Андижон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида уюшмаган ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳамда уларнинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш  масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши  вакиллари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари ҳамда уюшмаган ёшлар иштирок этган тадбирда ёшлар ўртасида, айниқса, уюшмаган ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларни юзага келтираётган омиллар атрофлича таҳлил этилди.

Йиғилишда сўз олган туман ҳокими ўринбосари Д. Саримсоқов, вилоят ички ишлар бошқармаси ХООБ бошлиғи, подполковник З. Fофуров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г. Омонова, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси          Н. Зокирова ва бошқалар томонидан уюшмаган ёшлар билан ишлаш, бу борада йўл қўйилаётган  камчиликлар, ёшларимиз томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги ишларни юқори    босқичга кўтариш, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

  - Минг афсуски, бугунги кунда айрим ёшларимиз билиб-билмасдан диний-экстремистик ғоялар, норасмий диний оқимлар таъсирига тушиб қолмоқда, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Гулҳаё Омонова. Бундан кўринадики, биз энг аввало, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришимиз, маънавияти, ҳуқуқий билим ва тушунчаларини юксалтириш,  оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамкорлигини мустакамлаш орқали уларни доимий назорат қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш механизмини шакллантиришимиз, умуман, мазкур йўналишда зарур ишларни олиб боришимиз лозим. 

Бўлиб ўтган учрашувда уюшмаган ёшлар билан бевосита суҳбатлар ўтказилди. Ёшларнинг муммолари, турли масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалари тингланди, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

Хосият СИДДИҚОВА

ФАОЛ ЁШЛАР ВА ВОЛОНТЁРЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

 (23-сон) Танлов

Вилоят қўғирчоқ театрида "Биз ёшлар Қизил Ярим Ой жамиятининг инсонпарварлик фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз" деб номланган беллашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти ташаббуси билан вилоят Фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ўтказилган беллашувда вилоятдаги олий ўқув юртлари жамоалари  ўзлари таҳсил олаётган таълим даргоҳида турли табиий офатлар ва бахтсиз ҳодисалар юз берганда қандай ҳаракат қилишлари, Қизил Ярим Ой жамияти фаолиятини     тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича кўргазма ва тақдимот, савол-жавоб, табиий офат ва бахтсиз ҳодисалар юз берганда ҳаракатланиш бўйича саҳна кўриниши сингари шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.

- Ташкилотимиз томонидан аҳолининг, айниқса, ёшларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракатланиши ва жабрланувчиларга биринчи ёрдам кўрсатиш борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш, ёлғиз кексалар, ногиронларга маиший ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, умуман, юртдошларимиз ўртасида инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Холида Мирзараҳимова. - Хусусан, мазкур беллашувни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлар ўртасида кўнгилли волонтёрлар сафини кенгайтиришдан иборат.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда Қизил Ярим Ой жамияти вилоят ташкилоти томонидан "Меҳр-шафқат ҳамширалари" хизматини ташкил этиш, ёлғиз кексалар, ногиронлар, кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш, умумтаълим мактаблари, академик лицей, коллежлар ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшларни инсонпарварлик фаолиятига жалб этиш, Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамияти тарихи, фаолиятини кенг тарғиб этишга қаратилган кўплаб акция ва тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу кунларда умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида "Инсонпарварлик йўлида" мавзусида иншолар танлови ўтказилмоқда. Куни кеча коллежлар ўқувчилари ўртасидаги ушбу танловнинг вилоят босқичи якунланди. Унда Олтинкўл саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Моҳичеҳра Ҳамидова биринчи, Олтинкўл  саноат ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқувчиси Мухтарамой Исмоилова иккинчи, Жалақудуқ агросаноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Суғдиёна Ҳамидова учинчи ўринга сазовор бўлдилар.

Олий ўқув юртлари жамоалари ўртасидаги қизиқарли беллашувнинг якуний натижаларига кўра, энг юқори балл жамғарган Андижон машинасозлик  институти жамоси ғолиб деб топилди. Иккинчи ўрин Андижон қишлоқ хўжалиги институти, учинчи ўрин Андижон давлат университети жамоаларига насиб этди.

Fолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ