+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

24 Май 2017

ЛОҚАЙДЛИК - ЭНГ ОFИР ЖИНОЯТ

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(22-сон) бугуннинг гапи

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган  2017 - 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида бешта устувор йўналиш белгиланган. Хусусан, қонун устиворлигини таъминлаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши ҳам муҳимдир.

Улуғларимиздан бири: "Жиноятлар ичида энг оғири лоқайдликдир" деган эди. Дарҳақиқат, лоқайдлик барча жиноятларга, қабиҳликларга йўл очиб берадиган иллатдир. Бу иллат жамиятни ичидан емирилишига сабаб бўлади.

Бугун лоқайдлигимиз туфайли айрим ёшларимизнинг компьютер ўйинлари асирига айланаётганлиги, "оммавий маданият" деб аталаётган иллат таъсирига тушиб қолаётганлиги кўпчиликни жиддий ташвишга солади. Айниқса, баъзи бир ўқувчи ёшларимизнинг компьютердаги жангари ўйинларга берилиб, вақтини беҳуда сарфлаётгани, онг-шуури захарланаётганлигини асло оқлаб бўлмайди.

Психологларнинг таъкидлашича, бу иллат ўсмир болаларнинг келажакка бўлган интилишини сўндиради, ҳаётга ҳам жангари ўйинлар таъсирида заҳарланган фикр билан қарай бошлайди. Бу эса ота-онаси, туғишганлари, тенгдошлари билан муносабатининг бузилишига олиб келади. Қолаверса,  унинг табиатида жиззакилик, тундлик пайдо қилади. Шу даражага етади-ки, атрофидаги ўзгаришлар, жамиятдаги жараёнларга  бефарқ бўлиб қолади.

Шу ўринда савол туғилади, ёшларимизнинг бундай ҳолатга тушиб қолишига ким айбдор? Бунда болани айблаш адолатдан эмас. Халқимизда: "Ниҳолни қайси томонга эгсанг, шу томонга қараб ўсади", деган ҳикматли гап бор. Менимча, фарзандларимизнинг шу ҳолга тушишларига энг аввало, бизнинг лоқайдлигимиз, тарбиядаги эътиборсизлигимиз сабаб бўлмоқда. Баъзи ота-оналар фарзанд тарбиясидан кўра, кўпроқ ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб қолмоқдалар. Ҳаттоки, фарзанди вақтини бекор ўтказмаслиги учун компьютер олиб бермоқда, лекин ундан қай тарзда фойдаланаётганлигини умуман, назорат қилмаяпти. Боласини кўчада бемаҳал юришдан, ножўя ишлардан асрагандай бўладилару, аммо, интернетдаги оғу унинг руҳий-маънавий оламига чанг солаётганига лоқайдлик билан қарамоқдалар.

Муҳаммад Қуроновнинг "Эзгу ғоялар рўёби" китобида екатеринбурглик ўсмир компьютерда 12 соатлик узлуксиз ўйиндан кейин мия инсультидан вафот этгани ҳақида сўз боради. Ўйин пайтидаги узлуксиз руҳий зўриқишдан бола миясининг қон билан таъминланиши бузилган, жазавага тушган ўсмир ўзининг ўлаётганини билса ҳам ўйинни тўхтатмаган. Зўриқишдан мия томирлари ёрилиб кетган.

Компьютер ўйинлари ҳаётимиздан сиқиб чиқараётган қадимий, миллий ўйинларимиз инсонни зукко, иродали, довюрак ва ҳалол инсон қилиб тарбиялаган. Миллий ўйинлар замирида самимийлик, ростгўйлик, ҳалоллик каби олийжаноб фазилатлар инсонни камолотга етказган. Минг афсуски, бугун катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган миллий ўйинларимиз  унутилиб бормоқда.

Машҳур руҳшунос Турман Сорнуриснинг "Замонавий технология инқилоби олдин маълум бўлмаган компьютер ва интернетга қарамлик каби руҳий касалликларни келтириб чиқарди. Бу касалликларнинг хатари омма хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатишда    гиёҳвандликка берилишдан асло кам эмас. Кейинги йилларда асаб ва инсон руҳияти билан боғлиқ бошқа касалликлар кўпайди. Бунга компьютер, интернет, видео ва уяли телефоннинг оммалашгани сабаб бўлди. Чунки, булар инсоннинг ёлғизланишига, оилавий алоқаларнинг узилишига олиб келди. Булар инсонни  бошқаларга эътиборсиз, фақат ўзи билан ўзи банд бўладиган қилиб қўйди", деган    фикрлари мавзуга янада ойдинлик киритади. 

Хулоса қилиб айтганда, ёшлар онгини юксак маънавий, одоб-аҳлоқ ва миллий қадриятларимизга хизмат қиладиган билимлар билан бойитишимиз ва аждодларимиздан мерос одамийлик фазилатини уларда шакллантириб бориш ўта долзарб вазифадир. Мустақил Ўзбекистонимиз истиқболининг порлоқ бўлиши ёшлар қўлида экан, бугун уларни интернетнинг бузғунчи ғояларидан асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз.

 

Сардорбек ХУДОЁРОВ,

 

Асака тумани.

Прочитано 2629 раз Последнее изменение 24 Июнь 2017