+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ожиз юрак

(24 - сон) Дил туFёни

Бу йўлнинг боши ёдимда йўқ. Аммо йўлга тушганим аниқ. Йўл четидаги анвойи гулларни термоқчи бўлдим, узма сўлиб қолади, дейишди.

Мурғак, аммо важоҳати дунёни тутадиган вужудимни кўтаришдан фахрланаётган жажжи оёқларим, остона ҳатлашга улгурмай фурсат билан қувлашмачоқ ўйнай бошлайди. "Ҳали сенга эрта" дедилар. Қувончдан бошқа нарсани англамайдиган қорачиғимга ҳамма нарса сукунатдек туюлди. У ўз уммонининг сатҳига чиқмоқчи бўлди. Аммо бу уммоннинг сатҳида унга жой йўқ эканлигини айтдилар.

Ўша важоҳатли вужудимни ўз измига солаётган, яна унинг бағрига яширинган юракчи... У муҳаббат бўстони сари илдам қадамлар ташлади. Ҳеч ким йўлини тўсмади. Энг чуқур    жойига экиб қўйилган орзу гулларини юлиб олишди. Ҳеч ким сўлиб қолиши ҳақида ўйламади, ҳеч ким бу бўстонга киришинга ҳали эрта демади.

Эй, юрак, сен шундай кучлисан-ки, ҳеч ким йўлингни тўса олмади. Вужудимни аро йўлларда қолдирганинг эса бу энг ожиз эканлигингдан даракдир. 

Наима ТУРДИЕВА, Андижон тумани.

ШОН-ШУҲРАТНИНГ ОFИР ЮКИ

(24 - сон) Ҳидоят нури

Ривоят қилинадики, Ҳазрати Довуд (а.с.) вафот этганидан сўнг подшоҳлик ва пайғамбарлик ҳазрати Сулаймон (а.с.)га қолди. Аллоҳ Таоло уни ер юзининг подшоҳи этиб тайинлади, шу билан бирга, инс-жинслар, парранда-ю қушлар, қурт-қумурсқалар ва барча ҳайвонларни унга тобеъ қилиб берди. Шу боис ҳазрат Сулаймон (а.с.) барча жонзотларнинг тилини тушунар эдилар.

Кунларнинг бирида ҳазрат йўлга отланиб, лашкарлари билан кетиб борар эди. Йўлда бир чумоли фарёд уриб дедики: "Эй, менинг тобеъимдаги мурчалар ер остига қочинглар, акс ҳолда ҳазрат Сулаймон лашкарининг оёғи остида қолиб нобуд бўлурсизлар".

Пайғамбар бу сўзни эшитиб лашкари билан тўхтади. Унинг ёнига бир оқсоқ чумоли келиб салом қилди. Ҳазрат Сулаймон: "Нима сабабдан уларни қочирдинг?" деб сўрадилар.

Чумоли деди: "Сиз ҳаммага подшоҳ бўлганингиздай мен ҳам ўз тоифамга подшоҳдурман. Улар сизнинг лашкарларингиз оёғи остида поймол бўлса, уволи менга бўлур".

Ҳазрат Сулаймоннинг "сен ўзинг нега қочмадинг?" деган сўроғига чумоли жавоб берибди: "Мен аларнинг каттасидирмун. Катталар балоларга ўзларини рўбаро қилиб, кичикларни халос қилса яхшидур".

Шундан сўнг чумоли у кишидан бир неча савол сўрашга рухсат сўради. Ҳазрат рози бўлдилар. Чумоли сўради: "Ҳақ таолодан нима талаб қилдингиз?" Ҳазрат Сулаймон дедилар: "Бир мамлакат сўрадимки, ҳеч кишига анингдек давлат бермаган бўлсанг деб".

Чумоли деди: "Бахил экансиз. Мендан бўлак султон бўлмасин, дебсиз. Ҳақ Таоло агар юз ҳисса давлатини бир кишига берса ҳам асло давлати кам бўлмас. Шунча талабингизга нима берди?

Дедилар: Шамолни мутеъ қилиб берди. Мени аркони давлат, аёни мамлакатим билан шамол кўтариб юрадур.

Деди: "Буни маъниси шулдирки, бу дунёнинг ишлари елдек ўтар-кетар. Ани барчаси елга ўхшаб кўзга кўринмас, қўлда тўхтамас. Андоғ елни мингунча, маҳфират отини минсангиз, кўз очиб юмгунча арши аълога етардингиз. "Яна нима берди?

Дедилар: Бу узукни берди. Уни тақсам, барча истагим дарҳол бажо бўлади.

Деди: Бир бандаси минг йил ибодат қилса, хоҳласа маъқул бўлур, бўлмаса йўқ. Агар минг йил умрни фисқу-фасод, гуноҳ билан ўтқазиб, бир маротаба чин кўнгилдан оҳ тортса-ю, тавба қилса жаъми гуноҳлари ўша тортган оҳида куйиб кул бўлгай. Сизга бутун оламни тобеъ қилиб берибдур. Аллоҳ Таолонинг наздида унинг баҳоси бир тошдекдур. Бас, шундай экан, Унга таманно бўлманг.

- Яна нима берди?

Дедики: Инс-жинс, дев-париларни асир қилиб берди.

Деди: Сабр қилсангиз фаришталар келиб сизни тавоф қилур эдилар.

Дедилар: "Эй, чумоли, мунча илм ва ақлни қайдан олдинг?"

Деди: Барча илмни мен биламан дермидингиз? Ҳамма нарсани билдиргувчи Аллоҳдур. Сиз қўл остингиздаги халқ ҳолидан хабардормисиз? Мен шу заиф ҳолим билан ҳар кеча ухламай халқимдан хабар оламан. Касал бўлса, Аллоҳ Таолодан шифо тилайман.

Аллоҳ Таоло менга осмондан жой бериб, машҳур қилишлигини айтди. Мен айтдимки, мендек мавжудотга катталик ярашмас. Шуҳрат юкини кўтаролмасман, деб жавоб бердим.

Ҳазрат Сулаймон заиф ва оқсоқ бир мурчадан бу сўзларни эшитиб: "Мен ўзимни доно билиб юрган эдим. Менинг илмим чумолининг илми олдида дарёдан бир томчи экан" деб тавба тазарру қилдилар.

Дарҳақиқат, бандага катталик ярашмас. Улуғлик фақат Аллоҳга хосдур. Ҳар қандай меҳнат ёки яхшилик ортидан шуҳрат келиши мумкин. Шон-шуҳратга эришганда ўзгаларни, ҳатто ўзини унутиш мумкин. Шуҳрат инсон учун нафсоний озуқадур. Мақтов туфайли шуҳрат шохсупасига чиқиб олганлар кибр балосига дучор бўлурлар.

Шунниг учун Пайғамбаримз (с.а.в) огоҳлантириб дебдурлар:: "Шуҳрат - офатдур". Шуҳрат юки оғир бўлади, шунинг учун киши шон-шуҳратга эришганида аввалги ҳолига ҳам  назар солмоғи, фикр қилмоғи дурустдир.

Халқимизда: "Эй, аёз ўтган кунингни унутма, ҳар чориғингни қуритма" деган нақл бежиз айтилмаган.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА хожи қизи тайёрлади.

ҚИЗ

(24 - сон) қатра

Эҳ, ёмғир-а! Шу топда ҳам ёғадими? Аксига олиб юпун  кийиниб чиқибди. Ижара уйга етгунча, роса ивиб кетадиган бўлди.

Қиз кўчада шошиб кетаркан, устози Насиба опанинг уйи яқинлигини эслади. Ёмғир тингунча ўша ерга борса-чи? Баҳонада кўриб келади, анчадан буён факультетга келмай қўйганди. Шошилганича қўлидаги сумкасини бошига пана қилиб югуриб кетди. Эшик қўнғироғини аста босди. Ичкаридан "Ким?" деган сас эшитилди. Бир дақиқага иккиланди, қайтиб кетсамми, деган ўй яшиндек чақнади миясида. Лекин совуқ баданини жунжиктирар, тезроқ исиниш майли устунлик қиларди.

"Устоз, бу мен, Гулнозаман". "Ширқ" этиб очилган эшикдан кўзлари шишинқираган, юзи сарғайган аёл - устози кўринди. Аввалига таний олмади. Сўнг устозининг бошига тушган мусибатнинг нечоғли оғирлигини туйди. Ичкарида синиққина суҳбат бошланди. Қизгина нима дейишини билмас, бир онанинг дардларини тинглаб музтар бўлиб ўтирарди. "Қандай аёл эди-я?! Бутун факультет соясига салом берарди. Майиздеккина бўлиб қолибди-ку?!"

Шу пайт кўз олдига онаси келди. Қишлоғидан келаётганда рўмолининг учини тишлаб, кўзларига келган ёшни зўр-базўр тийиб хайрлашганди онаизори. "Она она экан-да..." кўз олдига келтирди-ю, бир нима эсига лоп этиб тушди. Устозига дилидаги барча хамдардликни билдириб, хайрлашди-да,  лифтни ҳам кутмай югуриб туша кетди. Бирдан тўхтади, сумкасидан телефонини олиб, шошганча рақамларни тера бошлади. Узун-узун чақирувдан сўнг нариги томондан овоз эшитилди. Қизнинг нафаси тиқилиб, тутила-тутила гапирарди. "Ало, ало... Онажон... онажон, сизни яхши кўраман!" 

Шоҳиста НИЁЗМУҲАМММАД

Дўстлик узилмас ришта

(24 - сон) қатра

Дугонам Гўзал билан  қадрдон дўст эдик. Мактабда бирга ўқиб, бирга улғайдик. Энг    қувончли дамларни ҳам, қайғуларимизни ҳам бирга баҳам кўрдик. Мактабни тамомлаётганимизда орамизга Мафтуна      исмли синфдошимиз қўшилди. У бадавлат оиланинг қизи бўлгани учун қиммат кийимлар кияр, пулни истаганча сарфлар ва бизга ҳам тушлик олиб берарди. Хуллас қаерда бўлмасин уччаламиз бирга юрадиган бўлдик.

Шундай кунларнинг бирида Гўзалнинг дадаси чет элга кетиб, тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. Ишлари юришиб уйга яхши пул жўнатадиган бўлди. Гўзал, Мафтуна билан бирга юрганимизда улар бамайлихотир оналари берган пулларни сарфлашар, мен эса бундай ҳолларда нима қилишни билмай қолардим. Уларга бу ёқмади шекилли иккиси мендан узоқлашиб кетишди. Гўзал ҳам, Мафтуна ҳам мағрурланиб, кетишганди. Содда,  беғубор Гўзалдан асар ҳам қолмаганди.

Мактабни битириб, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Улар билан учрашиб қолсам шунчаки саломлашиб қўярдим. Бир куни синфдошим Наргизани кўриб қолдим. У Гўзалдан гап очди. Айтишича, дадасининг ишлари юришмай чет элдан уйга қайтиб келган эмиш. Оиласи катта қарзга ботиб, Гўзал иш қидириб юрганмиш. Кўнглимда Гўзалга нисбатан ачиниш ҳиссини туйдим. Чунки мен хали ҳам уни дўстим деб билардим. Йўл-йўлакай уйига кирдим. У мени яхши кутиб олди, қилган хатоларидан пушаймон эканлигини айтди. Гўзал билан анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбатимиз сўнгида мени кузатиб қўяр экан, у билан олдингидек қадрдонликни ҳис қилдим.

 

Озода МАМАЖОНОВА,

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар

 

коллежи ўқувчиси.

МАШҲУРА УМИДЛИ ИЖОДКОР

(24 - сон) Янги китоб

Пахтаобод тумани кўплаб таниқли ижодкорлар камол топган маскан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам тумандан кўплаб иқтидорли ижодкор ёшлар етишиб чиқмоқда. Айниқса, адабиёт йўналишида ижод қилувчи ёшлар талайгина. Ана шу ёшлардан бири Машҳура Ботировадир. У Кўктўнлик қишлоғида таваллуд топган, тумандаги 37-давлат ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олади. Ёш бўлишига қарамай, Ватан, ота-она, оила, табиат ва дўстлик мавзуларида ўзига хос шеърлар ёзмоқда.

Яқинда Тошкентдаги "Машҳур-пресс" нашриётида унинг "Ватан меҳри" номли илк шеърий тўплами чоп этилди. Шеърият ихлосмандларига тақдим этилган ушбу мўъжаз тўпламга киритилган шеърларда болаликнинг беғубор онлари, самимийлик, меҳр-оқибат, дўстлик, эртанги кунга интилиш каби юксак инсоний туйғулар тараннум этилган. Айниқса, ёш ижодкорнинг "Ватан меҳри", "Юксалиш шиоримиз", "Ниҳол", "Райхон", "Анҳор" деб номланган шеърларидаги мазмун, фикр ва ўзига хос ташбеҳлар уйғунлигини алоҳида эътироф этиш мумкин. Хусусан,

Ниҳол бўй чўзади кундан-кун ўсиб,

Серсоя дарахтга айланар бир кун.

Шохлари атрофга виқор-ла боқиб,

Кўпларнинг корига ярайди кун-тун.

 

Машҳура ушбу мисраларда фикрнинг тиниқлигига, сўзларнинг бир-бирига уйғунлигига эътибор қаратган. Бошқа қатор битикларида ҳам у ана шу жиҳатларга амал қилишга ҳаракат қилади. Бундан ёш ижодкор қизимизда интилиш, шеъриятга меҳр, унинг қонун-қоидаларини ўрганишга иштиёқ кучли эканлигини пайқаш мумкин. Машҳура ўқишдан, изланишдан тўхтамай, ўзидаги ана шу истеъдодни ўстириб борса, у келажакда яхши ижодкор бўлиб етишишига ишонамиз. Унга янги-янги ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

 

 

ТАҲРИРИЯТ

ЭРТА ТУРМУШ КЕЛТИРГАН ТАШВИШ

(24 - сон) бугуннинг гапи

Ёхуд фарзандлар тақдирига бефарқ қараш уларга

бахтсизлик олиб келишини унутмайлик

- Йигитнинг топиш-тутиши жойида экан. Отаси ҳам обрўли, яхши жойда ишлармиш. Уй-жойлари ҳам данғиллама, бунинг устига орзу-ҳавасли оила экан, берсак шундай жойга берамиз-да, дадаси.

- Сенга маъқул келган бўлса майли, онаси. Бироқ қизимиз нима деркин?...

- У ҳали ёш, нима десак кўнаверади. Айниқса, сиз рози бўлсангиз бунга қаршилик қилмайди. 

Эндигина ўн етти ёшга кираётган қизининг эпчиллиги, чеварлиги, пазандалигию саришталигини кўриб ғурурланган,  "Қизимиз  бир хонадонни гуллатади-да, бахтли бўлгур" дея қувониб юрган ота-онанинг ўртасида кунда, кунора шундай суҳбатлар бўлиб турарди. Қадди-қомати келишган, одоб-ахлоқи ҳам рисоладагидек Маҳбубани ҳавас қилганлар қишлоқда кўп эди. Тез орада совчиларнинг кети узилмай, қиз томонни шошириб қўйди. Тожиддин ака ҳам, Муҳаррам опа ҳам қизларини тезроқ узатиб, қуда бўлиб тўрларда ўтириш, тўплаган сарпо-суруғларини кўз-кўз қилиб, элнинг оғзига тушишдан бошқа нарсани ўйламас эдилар. Шундай қилиб, Маҳбуба ҳар куни эшик қоқиб келаётган бадавлат оилалардан бирининг ўғлига унаштирилди.

Орзу қилинган данғиллама тўй ҳам бўлиб ўтди. Қизнинг мақсадлари, келажаги, лоақал соғлиги билан ҳеч ким қизиқмади. Энг ёмони, яхши ният билан бошланган иш хайрли якун топмади. Куёв томон ҳали чилласи чиқмаган келиндан айб топа бошлади. Нима эмиш, эрига яхши гапиришни, меҳмонлар билан муомалани билмасмиш. Меҳнатни кўчадан келган хизматкор ҳам қилаверади-да. Икки ой ўтиб-ўтмай, яна гап чиқди, келин касалванд эмиш, эртадан кечгача ёстиқдан бош кўтармасмиш...

Маҳбуба куёвнинг уйига умуман сиғмай қолди. Бояқишнинг ҳомиласи тушди-ю, шу баҳонада "Қиз тарбиялашни билмаган ота-онаси энди  ҳолини бир кўрсин" деган дашномлар билан уни ота уйига ташлаб кетишди. Шу тариқа келинга куёвдан "жавоб" бўлди. Ҳайратдан ёқа ушлаб сабабини сўровчилар "Келин бизнинг оилага муносиб эмас экан..." деган жавобни олишди. Аслида куёвнинг кўнгли бошқада бўлиб, у ҳам ота-онасининг қистови билан уйланган экан.

Ёш оилани тиклаш йўлида ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, бирор наф чиқмади. Шунда  ўз орзу-ҳаваслари қурбонига айланган, фарзандлари ҳали болалик билан хайрлашмаган, жисмонан, маънан, руҳан балоғатга етмаган, шу сабаб турмушнинг зарбалари олдида эсанкираб қолганини жуда кеч англаган ота-онанинг афсус-надоматлари кўкка етди...

Оила-муқаддас даргоҳ. У жамиятнинг асосий бўғини ҳамда давлат муҳофазасидадир. Ўзбекистонда ота-она ёки улар ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга узатиш ёки уйлантиришни таъқиқловчи қонунлар бор. Бироқ уларга ҳамма бирдек амал қиляптими? Айрим ота-оналар орзу-ҳавас деб қилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларга маҳалла, қариндош-уруғ, кенг жамоатчилик нега томошабин бўлиб қараб турибди.  Ахир ундай кишиларга таъсир кўрсатиш, тўғри йўлни танлашларига ёрдам бериш у қадар қийин эмас-ку!? Бу борада бизнинг энг катта оғриқли нуқтамиз бефарқ ва лоқайдлигимиз, ""менга нима" қабилида иш тутишимиздир.

Ўйлаб кўрайлик, Маҳбубанинг бахтсиз бўлишида ким айбдор? Орзу-ҳавасларга берилиб, фарзандининг кўнгли билан қизиқмаган ота-онами ёки ҳали турмуш нималигини билмай туриб ўзга хонадонга қадам қўйган қизми? Ёки бу ишларга эътиборсиз қараб турган қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўйми? Энди ўн гулидан бир гули очилмай туриб сўла бошлаган қизнинг келажаги, тақдири нима бўлади?  Бу билан жамиятимизда бахтсиз инсонлар сафи кўпаймайдими? Бу каби ҳолатлар фақат бир оиланинг ташвиши эмас, бутун бир жамиятнинг ташвиши эканлигини қачон ангаб етамиз!?

Азиз юртдошлар, опа-сингиллар фарзандларимиз тақдири, уларни уйлаш, турмушга бериш масаласига жиддий эътибор қаратайлик. Бу ҳақда эртароқ ўйласак, кенгроқ мушоҳада қилсак, юқоридаги каби юракка оғриқ берувчи саволлар туғилмасди. 

Зуҳрахон РАҳМОНОВА,

 

Балиқчи туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ОИЛА - ТАРБИЯ ЎЧОFИ

(24 - сон) Мутахассис минбари

Дунёда ўзбек халқидай болажон халқ бўлмаса керак. Ёши улуғларимиз фарзандни "кўзимизнинг оқу-қораси", дея алқашади. "Болалик - подшолик" деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадаки, болани калтаклаш билан уни ёмон ишлардан қайтариб бўлмайди. Бу чора маълум муддат қайсидир даражада самара бериши мумкин. Бироқ тарбияда калтаклаш, турли жазоларни қўллаш болада қилган ишидан афсусланиш ўрнига ота-онасидан аччиқланиш, уларга нисбатан нафрат туйғуларини юзага келтиради.

Баъзи оилаларда тарбияда отанг қаттиққўлликни асосий қурол қилиб олганига гувоҳ бўламиз. Бундай оталар фарзанд билан ҳисоблашиб, унинг қизиқишларини тинглагандан кўра, қўрқитишдан фойдаланишни маъқул кўрадилар. Буни ўзларича самарали тарбия усули, деб ўйлайдилар. Афсуски, ўта талабчанлик, бўлар-бўлмас тақиқлар болани иккиланадиган, қўрқоқ бўлиб қолишига олиб келади.

Болани уриш ёки жазолашдан олдин ота-она аввало ўзини тутишни билиши, оилада чиройли муҳитни шакллантиришга эътибор қаратиши лозим. Бола йиғлаётган вақтда уни бирдан жим бўлишга ундаманг. Бола ўзидаги турли ҳислардан йиғи орқали озод бўлгиси келади. Бола йиғламас экан, демак у нафратни ичида сақлайди. Нафрат эса кейинчалик унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Руҳшунослар бола учун йиғи ўз эҳтиёжларини ифодалашнинг ягона йўли, деб ҳисоблайдилар. Шундай экан, биз йиғининг сабабини ўрганишимиз керак. Ана шунда мавжуд муаммога ечим топамиз. Айрим тадқиқотчиларининг огоҳлантиришича, ёш болани, ҳатто силкитиш унинг ақлий ва жисмоний ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. 

"Инсон инсондай яшаши, инсондай қилиқ кўрсатиши учун унинг яшаётган муҳити инсоний бўлиши керак", деб ёзган эди олим Fайбуллоҳ Ас-салом. Шундай экан, фарзандимизнинг тошбағир бўлиб бораётганидан шикоят қилиш ўрнига аввало, оиламиздаги муҳитни ўзгартиришга уриниб кўрайлик.

Эътибор қилсангиз, ота-она ҳам меҳрлироқ боласига суянади, унга бошқа фарзандларига нисбатан кўпроқ умид ва ишонч билан қарайди. Фарзандларнинг маьнан камол топиши эса аввало, оиладаги муҳит, уларнинг  дунёқараши шаклланишига қандай эътибор берилганлигига, ота-оналик масъулияти қай даражада адо этилганига боғлиқ. Бинобарин, ўсмир-ёшларнинг хатти-ҳаракатлари, вақтини нималарга сарфлаётганлиги, қизиқишлари оиладаги катталарнинг назаридан четда қолмаслиги жоиз. Акс ҳолда бу эътиборсизлик боланинг оила ва унинг азалий инсоний анъаналаридан, ота-онадан маънан бегоналашувига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, келажагимиз, жамиятимиз равнақи ёшларимизга қай даражада тарбия бераётганимизга боғлиқ. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига ташлаб қўйсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин. Энг аввало, биз ҳаётимизнинг давомчилари - ўғил-қизларимиз тарбиясига, уларни ҳар жиҳатдан етук инсон қилиб тарбиялашга ҳаёт-мамот масаласи, деб қарашимиз лозим.

Зулхумор РАҲМАТОВА,

 

АДТИ тиллар, педагогика ва психология кафедраси ўқитувчиси.

"КУМУШ ТОЛА" ХИРМОНИ ЮКСАЛМОҚДА

(24 - сон) "Пилла-2017"

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил, 29 мартдаги "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қароридан руҳланиб меҳнат қилаётган вилоятимиз пиллакорлари томонидан шу кунларда етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари  қизғин олиб борилмоқда.

Пахтаобод тумани, Озод массивидаги Абдумўмин Нуралиев раҳбарлик қилаётган кўп тармоқли "Зебунисо пиллачи" тутчилик йўналишидаги фермер хўжалиги аъзолари бу йил 34 қути хориж     навли ипак қуртини белгиланган агротехника қоидалари асосида парваришладилар. Самарали меҳнат ўз натижасини бериб,  мўл ҳосил яратилди.

Хўжалик раҳбари ўз хонадонида турмуш ўртоғи Зуҳрахон Нуралиева билан 20 қути ипак қурти парваришлаб, кўпчиликка ибрат кўрсатди. Қолган 14 қути ипак қурти Дўнгқишлоқ маҳалласининг илғор пиллакорларига тарқатиб берилди. Хўжалик тассаруфидаги 5,4 гектар майдондаги тутзор эса ипак қуртига тўйимли озуқа манбаи бўлди.

- Ипак қуртини боқишнинг ўзига яраша машшаққатлари бўлади, - дейди уста  пиллакор Зуҳрахон Нуралиева.  - Энг муҳими, белгиланган ишларни ўз вақтида бажариш, қуртни тўйдиришдир. Тут баргларига тўйинган ипак қуртлари бўлиқ пилла ўрайди, кутилган даражада ҳосил олинади.

 Шу кунга қадар фермер хўжалиги аъзолари томонидан териб олинган пилла миқдори 1 тоннадан ошиб кетди. Пилла териш ишлари давом этмоқда.

Юртбошимизнинг қароридан келиб чиқиб, Зуҳрахонга мададкор бўлган маҳалла пиллакорлари Дурдонахон Худойбердиева, Гулнорахон ва Ойдиной Араббоевалар, Муҳаррамхон ҳамда Гулнорахон Собировалар ҳамда Зилолахон Тожибоевага меҳнат дафтарчаси очилди. Оддий пиллакор меҳнатига бўлган рағбат, берилган бу каби  имконият шу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир кишини беҳад қувонтирмоқда.

Кўп тармоқли фермер хўжалигида нафақат пиллачилик, балки асаларичилик, балиқчилик йўналишларида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда 40 қути асалари оиласи, 0,3 сотих майдондаги ҳовузда балиқлари парваришланмоқда. Тут қатор ораларига экилган буғдой пишиб етилди, яқин кунларда эса тарвуз, помидор, карам, булғор қалампири пишади.

Айни кунларда тумандаги барча хўжаликлар, пиллакорлар етиштирилган чилги ҳосил - пиллани териб олиш  белгиланган давлат режасини бажариш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар. Уларнинг тинимсиз изланишлари, интилишлари албатта, ўз самарасини беради, "Кумуш тола" хирмони бундан-да баланд бўлишига асло шубҳа йўқ. 

 

Нафиса ЮСУПОВА

ИЛМ ФАНГА БАХШИДА УМР

(24 - сон) тадбир

Андижон давлат университетида "Пўлат Хабибуллаев йирик олим, улкан давлат ва  жамоат арбоби" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда университетет профессор-ўқитувчилари, физика-математика факультети талабалари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда илм-фан тараққиётини юқори  босқичга кўтариш, унинг ривожи йўлида самарали фаолият юритган олимлар, фан арбоблари ҳаёти, фаолияти, хусусан, Ўзбекистон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган олим Пўлат Хабибуллаев илмий меросини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотининг соҳиби, физика-математика фанлари доктори, профессор Сирожиддин Зайнобиддиновнинг "Пўлат Хабибуллаев йирик олим, улкан давлат ва  жамоат арбоби" мавзусидаги маърузаси тингланди. Маъруза юзасидан, умуман, олимнинг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

- Ушбу тадбирда академик  Пўлат Хабибуллаевнинг ҳаёти ва бой илмий мероси  ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдик, - дейди Андижон давлат университети физика факультети талабаси Моҳларой Абдусаматова. - Айниқса, олимнинг илмий салоҳияти халқаро миқиёсда эътироф этилганлиги ва юксак баҳоланганлиги қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Халқимизнинг бу каби йирик олимлари, фан арбоблари илмий ишларини давом эттирадиган юртимизнинг муносиб фарзанди бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.   

Физика-математика факультети декани Мадаминжон Маҳкамов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Андижон вилояти    шарҳловчиси Фахриддин Ибайдуллаев ёшларни фаол бўлишга, фақат аъло баҳоларга ўқишга, юртимиз тараққиёти, илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камол топишга чақирди.

Тадбир доирасида талаба ёшларга Пўлат Хабибуллаев ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган видеофильм намойиш этилди.

 Нигора РаззоқоВА

ЮРТБОШИМИЗ ТАШРИФИ БИЗЛАРГА ҚАНОТ БЎЛДИ

(24 - сон)

Кўнгилдаги гаплар

Ўтган ҳафта бутун андижонликлар, айниқса, бизнинг маҳалла аҳли ҳаётида тарихий воқеа юз берди. Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи доирасида маҳалламизда бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишди, одамлар билан суҳбатлашди.

Маҳалламизда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечириб, барпо этилаётган маҳалла гузарининг қурилиши бўйича таклиф ва тавсияларини берди. Кўп қаватли уйлар орасида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилари, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари, шунингдек, аҳолини дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши, сифатли савдо, маиший хизматлардан фойдаланиши учун кутубхона, минимаркет, қариялар дам олиш жойи, болалар майдончаси, фаввора, тренажёр майдони, сартарошхона, "Гўзаллик салони", новвойхона сингари қатор иншоотларни тез кунларда қуриб фойдаланишга топширилиши    режалаширилган. Бу маҳалламиз аҳолиси, айниқса, хотин-қизларимиз, болалар ва кексаларимиз учун кенг имкониятлар, янада қулай турмуш шароитларини яратиб беради.

Юртбошимиз маҳалла аҳли билан мулоқотда мамлакатимизда ҳукм суриб турган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, келажагимиз ворислари бўлган ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш ва турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолганлар, адашганларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида гапириб, бу йўналишларда нуронийларнинг бой тажрибасидан фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

Ёшлар таълим-тарбияси хусусида фикр билдириб, уларни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялаш лозимлиги, оилада, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг маънавиятини юксалтириш орқали юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига  садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш зарурлигини айтиб ўтди.

Маҳалламизда 60 дан ортиқ кўп қаватли уйда 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Улардан 3441 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалламизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Қизларимизни турмушга тайёрлаш, миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини ўргатишни кўзлаган "Ораста қизлар давраси" тўгараги самарали фаолият юритиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида маҳалламиз қизлари, келинлари иштирокида турли тадбирлар, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди. Шу кунларда қизларимиз "Маҳалламиз маликаси" кўрик-танловида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Ўтказилаётган мана шундай тадбирлар ёшларимиз тафаккурини бойитишга ва ўзаро аҳилликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ушбу ишларни ташкил этишда маслаҳатчи Махфузахон Эргашева, котиб Махфиратхон Шокаримова, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Зулфия Алибоева, посбон Fайрат Қамбаров, фаолларимиздан Fофиржон Қамбаров, Насибахон Раҳимова, Нозимахон Аҳмедовалар ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

Президентимиз маҳалла профилактика инспектори Фаррухбек Fаниев хонадонида бўлиб, унинг оиласига яратилган шароитлар билан танишди. Профилактика инспекторини маҳаллада хизмат уйи билан таъминлангани бизнинг катта ютуғимиз бўлди. Энг аввало, фуқароларимиз хавфсизликни тўлиқ ҳис этиб яшайдилар, қолаверса, маҳаллага бегона одам ўйлаб қадам босади.

Муқаддам бемаҳалда бирор кўнгилсизлик бўлса, профилактика инспектори уйидан етиб келгунига қадар анча вақт ўтар эди. Мана энди у маҳалла аҳли билан ёнма-ён яшаб, хизмат қилмоқда. Турмуш ўртоғи Гуландон Fаниева Андижон педегогика коллежида руҳшунос бўлиб ишлайди. Келинимиз маҳалламизда ёшларимиз руҳиятини ўрганиш, айниқса, қизларимизнинг оилавий ҳаётга руҳий-психологик жиҳатдан тайёрлаш борасидаги ишларда яқиндан ёрдам беради. 

Бизнинг тинчлигимиз, фаровон ҳаётимизни ўйлаб амалга оширилаётган мана шундай хайрли ишлар замирида қанча меҳнат ва инсонпарварлик мужассам эканлигини барчамиз чин дилидан ҳис этамиз. Ана шу ғамхўрлик ва эътиборга жавобан ҳар биримиз ўз хонадонимизни, маҳалламизни обод қилиб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, ривожланишига, фарзандларимизни Ватанга муносиб ўғил-қизлар қилиб тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор. Юртбошимиз билан бўлиб ўтган учрашув бизни ана шу эзгу мақсадлар йўлида оғишмай ҳаракат қилишимиз учун улкан қанот бўлди.

 

Жамилахон ОТАБОЕВА,

 

Андижон шаҳридаги «Ёйилма» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.