+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

Ўтмиши ҳам буюк бўлган аждодингдан айланай,

Аждодингга муносиб ёш авлодингдан айланай,

Осмонларни бўйлаётган бунёдингдан айланай,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Истиқлолнинг шарофати юртда ҳаловат бўлди,

Марраларга етишдик кўп орзу, иноят бўлди,

Бобо, момо дуолари бу кун ижобат бўлди,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

 Фидо бўлдинг мен ҳам сенга фидолар бўлай,

Ўзга юртда шоҳ бўлгунча гадолар бўлай,

Таьрифингга шеърлар ёзиб, наволар бўлай,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Билдим сени демаганлар қоладилар зорликда,

Ватан ўзи нима азиз сендан бўлак борлиқда,

Сени деса Шоҳсанам ҳам етгай бахтиёрликка,

Сен менинг фахримсан, ҳам ифтихорим,

Таянчимсан, суянчимсан, Ўзбекистоним!

 

Шоҳсанам ЭРГАШЕВА, Асака тумани.

САРОБГА АЙЛАНГАН ОРЗУЛАР

(19 - СОН)

Ҳикоя

Нуржаҳон коллежни имтиёзли диплом билан тугатди. У энди олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи. Бунинг учун у тинимсиз китоб ўқир, уйдагилари ҳам унга ҳеч бир юмуш буюришмасди. Кунларнинг бирида яқин дугонаси Бибисора чақириб қолди. "Гап сотмай дарсингни қил", дегандай ишора қилган онасига "беш дақиқа" деди-да, кўчага отилди. Бибисора, аввал, унга эгнидаги бежирим кўйлагини мақтанди.

- Вой, мунча чиройли, қаердан олдинг? - ҳаваси келди Нуржаҳоннинг.

- Холам хориждан олиб келди. Бу ҳеч нарса эмас, у ерда-чи, хоҳлаган нарсангни топа оласан, холам айтди. Арзимаган ишинг учун бир дунё пул тўлашар экан.

- Масалан, қанақа? - қизиқсинди Нуржаҳон.

- Масалан, оддий дўконда сотувчилик, энагалик ёки уй тозалаш шунга ўхшаш ишлар...

Бормаймизми-а? Бир йил ишлаб келсак, бир умр мазза қилиб яшардик. Холам у ерда савдо-сотиқ билан шуғулланади. Ўзинга бирор шерик топсанг, олиб кетаман, деяпти.

- Имтиҳонга бир ҳафта қолди. Омадим келиб кириб кетсам, нур устига нур, киролмасам, бир гап бўлар...

- Омадингни берсин, дугонажон, майли, мен борай, ишларим кўп, -  Бибисора қандай шошиб келган бўлса, шундай шошиб кетди.

Бир ҳафта ҳам шамолдек тез ўтиб кетди. Нуржаҳон имтиҳонларни топширди. Натижасини интиқ бўлиб кутди. Ниҳоят, тест натижалари эълон қилинди. Лекин у ўқишга кира олмаган эди. Тушкун кайфиятда юрган бир пайтда Бибисорага ўртоғига маслаҳат берди:

 "Ўқиш бўлмаса, бу ерда ҳаммага кулгу бўлиб юрасанми? Гуруҳдошларингнинг кўпчилигини яхши ўқимаслиги учун устидан кулар эдинг. Энди улар ҳам сенинг устингдан кулишади,   "Осмондаги ой ерга тушуб қолибдими?" деб масхаралашади".

Бу гаплар Нуржаҳонни ўйлантириб қўйди. Тун-у кун кўз ўнгида  гуруҳдошларининг масхараомуз нигоҳлари кетмай қолди. Аввалдан сезгандай, ўқиши бўлмади, имтиҳондан йиқилди. Дард-у дунёси қоронғи бўлиб турган пайтда яна дугонаси Бибисора кириб келди. Унга Туркиядаги "гўзал ҳаёт"дан сўз очди...

- Биз коллежнинг ҳисобчи йўналишини тамомлаган бўлсак, савдо-сотиқ нима, хамирдан қил суғургандай гап, аввал пул топайлик, ўқиш ҳам бўлади, кўрмаган жойларимизни кўрганимиз қолади, дугонажон. Холам билан Туркияга бирга борайлик, - деди.

Нуржаҳон бу масалани онаси, уйидагилар билан маслаҳатлашиши кераклигини айтиб, дугонасини кузатиб қўйди.

-    Хўп, майли, бўлмаса, мен эртага келаман ишни "пишитгин", - дея Бибисора уйга кетди. Нуржаҳон туни бўйи Бибисора тасвирлаб берган чет элни ўйлаб чиқди. У ерга боришга кўнгли унчалик чопмади. "Онам бизни ёлғизқўллик билан       ўстиряпти, бу ёқда опамни узатиш керак, бунинг устига укаларим... Яхши ишласам, онамга ёрдам бўлади".

У ширин хаёлларининг чексиз уммонида сузар эди. Лекин бу тинч уммоннинг тўлқинлари ҳам борлигини ўйламади.

- Ахир Бибисора энг яқин дугонам бўлса, менга ёмонликни раво кўрармиди, у билан доим бирга бўламиз, дея онаси ва опасини кўндирди.

Онаси билан Бибисоранинг уйига боришди, унинг Туркияда ишлаб юрган  холаси билан телефон орқали гаплашишди. У қизларни бу ерга келишса, иш топиб беришини, ўзи доимий назорат қилишини қайта-қайта айтди. Шундан сўнг онасининг кўнгли бироз тинчигандай бўлди.

Туркияга бориш учун улар тегишли ҳужжатларни расмийлаштирдилар. Шундан сўнг Бибисоранинг холаси телефонда жияни ва дугонасини аэрапортга бориб, бир қизга учрашларини айтди. Аэропортда уларни Диля исмли қиз кутиб олди. Қиз уларга дарров хорижга учадиган самолётга билет олиб берди, эртасига улар Туркияга жўнаб кетишди.

Бибисоранинг холаси қизларни кутиб олди. Бир ой иккисини ҳам ўзи билан савдода олиб юрди. Маош оладиган пайт келганда, бу икки қизни Самира исмли аёлга топширди.

Ширин хаёлларнинг сокин уммонида тўфон бошланди. Самира бу икки қизни қасрнамо уйига олиб кетди. Бир кун меҳмон қилди, бежирим кийимлар берди. Аста секин уларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган фахш ишларни қилишга мажбурлади. Ўз холасидан буни кутмаган Бибисора бир ҳафта ичида телбасифат бўлиб қолди...

Бир куни Самира янги қизларни топиб келиш учун кетганида Нуржаҳон уйдан қочиб кетди. Қаерга боришини билмай, бир дўконга кирди.

У ерда бир отахон кўзойнак сотиб ўтирарди. Қиз унинг чеҳрасидаги самимийликни кўриб умид билан сўз қотди. Тилимга тушунмаса ҳам ёрдам сўраётганимн англаса керак, деб ўйлади. Бахтига отахон бир пайтлар Ўзбекистонда яшаб, собиқ Иттифоқ қатағонлари пайтида хорижга келиб, ноиложликдан у ерда яшаб қолган кишилардан бири бўлиб чиқди...

Кабир отанинг ёрдами билан Нуржаҳон элчихонага мурожаат қилди. Бибисора ҳам қулликдан озод этилди. Олисдаги саробни олтин фахмлаган икки дугона юртимизга юзлари шувут бўлиб қайтиб келишди...

Эҳ, Нуржаҳоннинг қанча орзулари бор эди-я! Аввал олийгоҳда, кейин магистратурада ўқимоқчи, илмий иш қилмоқчи эди. Энди бу орзуларнинг барчаси армонга айланди. У оёғи остига қараб эмас, осмонга қараб юрганлигини ва охир-оқибатда билмай тиккани босганини англади. Бу тиканнинг заҳри шунчалар аччиқ эдики, ундан нафақат ўзи, балки барча яқинлари ҳам азият чекишар, эл-юрт олдида уларнинг ҳам бошлари хам эди...

Дилобар

 

 МУҲАММАДСОЛИЕВА

FАЗАБ ОРГАНИЗМГА САЛБИЙ ТАЪСИР ҚИЛАДИ

(19 - СОН)

Билиб қўйган яхши

Аччиқланиш нафақат атрофдаги одамлар билан муносабатларимизда, балки бизнинг ички, жисмоний ҳолатимизда ҳам ўз аксини топади.

Салбий ҳиссиётлар жўш урганда қайси аъзолар азият чекади? Кўп йиллик тадқиқот ва ўрганишлар натижасида бир гуруҳ мутахассислар бу ҳақда қуйидаги хулосага келган.

Мия

Маълум бўлишича, ғазабланиш натижасида бизнинг қонимиз қайнаш ўрнига ивир экан. Гарварддаги соғлиқни сақлаш мактабида ўтказилган текширишларга кўра, томирда ивиб қолган қонлар келтириб чиқарадиган ишемик ҳужум хавфи ғазаб алангасидан бир неча соатдан кейин уч мартага ортиши аниқланган.

Юрак

Текширишлар натижасига кўра, 2 соат давом этган ўз салбий ҳиссиётларини назорат қилолмаслик ҳолати инфаркт хавфини 8,5 марта оширар экан. Шунингдек, кўпроқ келишмовчилик ҳолатига ғазабли муносабат билдирувчи кишилар юқори қон босими, кўкрак қафасидаги оғриқ ва бошқа юрак-томир тизими муаммолари билан боғлиқ касалликларга дучор бўлиши кузатилган.

Тери

Юзнинг  жаҳлдан қизариши тери ҳолатига зарар етказади. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, бундай ҳолат терини атопик дерматит хуружигача олиб келади.

Ўпка

Юқори "қайнаш даражаси" ва ғазабни бошидан кечирган одамнинг ўпкаси заиф ҳолатда келади. Мутахассислар фикрича, ғазаб туфайли стресс гормонларининг юқори миқдори нафас йўлларининг яллиғланишига олиб келади.

Хулоса - ҳар қандай, ҳатто энг қалтис вазиятларда ҳам ақл билан иш тутишга ҳаракат қилинг ва жаҳлнинг шахсий ҳаётингизга ва соғлиғингизга зиён етказишига йўл қўйманг.

 

 

Умидахон тайёрлади.

ТОРЧ ИНФЕКЦИЯСИ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК? УНИ ДАВОЛАШ МУМКИНМИ?

(19 - СОН)

мутахассис минбари

Кейинги пайтларда айрим ҳомиладор аёлларнинг ТОРЧ инфекцияси билан зарарланишлари оқибатида ҳомиласининг тушиб кетиши ҳолатлари учрамоқда. Ҳатто, айрим ёш болалар ҳам ёшига етиб етмасдан нобуд бўлмоқда. Шифокорлар томонидан бунинг асосий сабабларидан бири болаларнинг қонида турли инфекциялар борлиги учун шундай ҳолат юз бераётганлигини таъкидланмоқда. Умуман, ТОРЧ инфекцияси нима? Уни даволаш мумкинми? Инфекция келиб чиқишининг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Ана шу саволларга вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, 4- бўлими мудири, педиатр-инфекционист Эркинжон БОЗОРОВ  қуйидагича жавоб беради:

- Тиббиётда шундай касалликлар борки, уларнинг қўзғатувчилари одам организмга тушиб, неча йиллар давомида саломатлигига хавф туғдирмаслиги мумкин. Аммо бўлажак наслга катта зиён етказади, яъни бепуштлик ҳамда ҳомиланинг туғилмай нобуд бўлишига сабаб бўлади. Ана шундай хавфли хасталиклардан бири  TORCH инфекциясидир. TORCH - бу қисқартма сўз бўлиб, бешта хасталикнинг лотин тилидаги ёзуви биринчи ҳарфларидан олинган номдир. Яъни:

T - токсоплазмоз;

O - гепатит, заҳм, ОИТС, хламидиоз ва бошқа вируслар;

R - қизилча (краснуха);

C - цитомегаловирус;

H - герпес  (жинсий органлар гарпеси).

Мазкур инфекцияларнинг юқиш йўллари турлича бўлгани боис, деярли барча кишиларда учраши мумкин. Умуман, ушбу вируслар ҳақида кишилар муайян тушунча ва билимларга эга бўлиши муҳим.

Токсоплазмос - кўп ҳолларда хом гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан юқади. Белгилари инсонда сезилмай ўтади. Организмда 3 хил формадаги иммуноглобулин ҳолида аниқланади. М, j, А - иммуноглобулинлари юққандан кейин бир умрлик иммунитет пайдо бўлади. Ушбу инфекция ҳомиладорлик вақтида биринчи марта 3 ойликкача юқса, ҳомилага жиддий зарар етади ва ҳомила тушиб кетади. Бунда иммуноглобулин М аниқланади. Агар у ҳомиладорликнинг кейинги даврларида юқса, даволаш чоралари кўрилади ва ҳомиладорлик асоратсиз ўтади.

Гепатит, захм (сифилис) - жинсий алоқа йўли билан тирналган жойларга инфекция чақирувчиси стерохетанинг тушиб қолиши билан юқади. Бу ҳомиладорликнинг ҳамма ойларида хавфли. Деярли юз фоиз ҳолларда онадан болага юқиши кузатилади. Касаллик инсонда даврий жараёнларни ўтказади ва у ҳар бир даврига хос белгиларни намоён қилади. Организмдаги барча тизмларни жароҳатлайди. Ҳомилада туғма нуқсон пайдо қилади.

Краснуха (қизилча) - ҳаво томчилари орқали юқади. Агар ҳомиладор аёл аввал, болалигида бу дард билан оғриган бўлса, унда бир умрлик иммунитет ҳосил бўлади ва касаллик қайта юқмайди. Бу инфекциянинг биринчи марта юқиши ҳомиладорликнинг уч ойигача хавфли ҳисобланади.

ЦМВ (цитомегаловирус) - бу вирус организмдан ажраб чиқувчи барча биологик суюқликлар, яъни қон, сперма, кўз ёши, сут, сўлак орқали юқади. Кечиши белгисиз. Айрим ҳолларда эса енгил шамоллашга ўхшаб ўтади. Ҳомиладор аёл бу вирусни биринчи марта юқтирса, камдан кам ҳолларда ҳомилага ўтиши мумкин. Даволаш монотерапия йўли билан амалга оширилади. Бунда фақатгина бренд препарати қўлланилади.

Герпес - инфекциянинг генитал белгилари ташқи жинсий органларда, сон соҳасида қизариш, пуфакчали тошмаларнинг пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, тинка қуриши билан намоён бўлади. Ушбу вирус болага туғруқ вақтида юқади. Агар тошмалар туғруққача 6 ҳафта олдин пайдо бўлган бўлса, туғруқ кесарево йўли билан ўтказилади. Агар тошмалар туғруққача 6 ҳафтадан олдинроқ тошган бўлса, уларни даволаб, аёлни табиий йўл билан туғдириш мумкин. Бироқ чақалоқнинг қонини албатта, текшириш лозим.

Юқоридагиларни тўғри англаган ҳолда бугунги кунда бўлғуси оналаримиз ҳомиладор бўлишдан аввал тиббий кўрикдан ўтиб, ТОРЧ инфекциясига қон таҳлиллари топширишлари шарт. Агар организмда бу инфекция борлиги аниқланса, ҳар икки томон - эр ва хотин бир вақтда даволаниб, сўнгра фарзанд кўришлари мақсадга мувофиқдир.

ТОРЧ инфекциясидан холи бўлиш учун кишилар энг аввало, соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда ҳаёт кечиришлари, шу билан бирга, ўз соғлигига эътибор қаратиши, муайян муддатларда шифокор кўригидан ўтиб, зарур тавсия ва маслаҳатларни олиб туришлари лозим.

Нигора ЎРМОНЖОНОВА

 

ёзиб олди.

Ўғрилик - оғир гуноҳ

(19 - СОН) Ҳикмат

Ўғрилик барча давр ва жамиятда оғир жиноятлардан бири ҳисобланган. Ўғриликнинг энг қабиҳи халқ, кўпчиликнинг мулкини ўғирлашдир.

Баъзи одамлар: "Бошқалар ўғирлаяпти-ку, биз ҳам олсак олибмиз-да!" - деб ўзгалар мулкини ўзлаштиришни хаспўслашади. Аслида кўпчиликнинг мулкини ўзлаштириш, ўғирлаш оғир гуноҳдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Тухум ўғирлаб қўли кесилган, арқон ўғирлаб қўли кесилган ўғрига Аллоҳнинг лаънати бўлсин!" - деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, ўғирликнинг катта-кичиклигига эмас, балки унинг оғир гуноҳлигига эътибор қилишлигимиз лозим. Минг афсуслар бўлсинки, бугун инсонлар орасида кўпчиликнинг ҳаққини ўғирлаб олиш ёки ўзганинг ҳаққини бермай, ўзлаштириб олиш ҳоллари учраб турибди. Бу ҳолатлар ўзгалар ҳаққига ҳиёнатдур.

Билиб-билмай ўғирлик қилган киши аввало, Яртаганга  тавба қилиши, сўнг ўғирлаган нарсасини эгасига қайтариб бериши шарт. Ошкор ёки   пинҳона йўл билан бўлсин, фарқи йўқ, молни эгасига қайтариб беришлиги лозим бўлади. Мабодо молнинг эгасини ёки унинг меросхўрларини топа олмаса, бундай ҳолда савобини молнинг эгасига ният қилиб, унинг номидан тўлалигича садақа қилади.

Барчамизни яратган зот ўзидан кечирим сўраб тавба қилишга буюриб, шундай марҳамат қилади:  "Аллоҳдан кечирим сўранг, Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир" (Нисо сураси, 106-оят). Яна шуни яхши билишлигимиз лозимки, банданинг тавбаси қабул бўлишининг бир неча шартлари бор. Булар қуйидагилар: гуноҳига пушаймонлик; гуноҳга энди асло қайтмасликка азму қарор қилишлик; гуноҳларни бутунлай тарк этиш.

Демак, инсон қилган гуноҳларига юқоридаги шартларга мувофиқ тавба қилса, гуноҳлари мағфират этилади ва ҳатто ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади.

 

     Абдуҳалим  ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳри.

"ҲУНАР ИНСОННИ УЛУFЛАЙДИ"

(19 - СОН)

Орамиздаги аёллар

Инсон ҳаётда меҳнати, ҳунари билан ҳурмат-эътибор топади. Андижон тумани Хакан қишлоғидаги Ёғқовоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Жанонахон ая Арабова ҳам ҳалол меҳнати, ҳунари орқали ҳурмат қозонган аёллардан бири.

Жанонахон ая болалигидан тикувчиликка қизиқди, каштачилик ҳунарини эгаллашга астойдил ҳаракат қилди. Мактабни тамомлабоқ собиқ Бадиий буюмлар фабрикасининг гилам тўқиш цехига ишга кирди. Ёш бўлса-да, тиришқоқ ва меҳнатсеварлиги билан ҳамкасблари орасида обрў топди.

Маҳалладоши Исмоил ака билан турмуш қуриб, аҳил-иноқ ҳаёт кечирдилар, оилада ҳам ҳавас қиларли даражада бека бўлди. Улар 6 нафар фарзанд кўриб, чиройли тарбиялаб вояга етказдилар, уйли-жойли қилдилар.

Жанонахон аяни моҳир ва қўли гул чевар десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки у тиккан дастурхон ва чойшабларни кўрсангиз, гўё  санъат асари дейсиз. Ўз ҳунарини кўплаб қиз-аёлларга ўргатди, уларни иш билан таъминлади. Маҳаллада қайси хонадонга кирманг бўш ўтирган қизларни кўрмайсиз, шогирдлари мустақил иш бошлаб, каштачилик бўйича буюртмалар қабул қилаётганлигининг гувоҳи бўласиз.

Жанонахон ая бугун 20 нафар невара, 13 нафар чеваранинг севимли бувижонисидир.

- Ҳаётда зиммамдаги барча юмушларни чиройли адо этдим, айниқса, ҳунарим ортидан кўп нарсаларга эришдим, - дейди онахон биз билан суҳбатда. - Бугун оилам тинч, тўкис, невара-чевараларим ардоғида ўзимни беҳад бахтиёр ҳис этяпман. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Ҳунар инсонни улуғлайди. Бу гапни  фарзандларим, айниқса, невараларим - Дилдорахон, Ойгулой, Гулсорахонларга ҳам бот-бот уқтираман. Невараларим эса ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишлари туфайли ёнимга кириб каштачилик сирларини пухта ўрганиб олишган. Ҳозирда келинлар учун  турли нақшлар билан чойшаб ва дастурхонлар тикишмоқда.

Ҳа, Жанонхон аянинг юксак инсоний фазилатлари жуда кўп. Шу боис ҳам у нафақат оиласида, балки эл-юрт, айниқса, шогирдлари орасида катта ҳурмат-эътибор топган. Маҳалла қиз-аёллари Жанонахон аяни ардоқлаб, "Бизнинг иккинчи онамиз" дея алқайдилар.

 

Нигора САЙДАЛИЕВА

ЁМҒИРЛИ КУН

(19 - СОН)

Дил туFёни

Майинлик оламини яратиб, дилни қайтадан кашф этиб, кўнгилга тўлиб-тошиб ёғаяпсан, ёмғир. Сўровларинг дилга ташна. Ҳароратинг бир оз совуқ бўлса-да, ҳечам ўксинмайман. Чунки сен, ўксимоқдан анча нари кетишликка чоғланган белгисан.

Муҳаббатнинг оғриқ нуқталаридан чаккиллаб томчиларинг исёнимни тинчитади. Хотирамнинг энг сўнгги тубига сенинг хонишларинг муҳрланади. Гоҳо куйлайсан, кўнгилга тўймаган муҳаббат каби, гоҳо тўхтайсан сарсонликдан хайдалган ишқ каби. Нега сенинг сўзларинг таъналардан узоқ. Узоқ ўлкалардан босиб келаётган, ёқимли паривашга ўхшайсан. Яхшилик оламига қайтадан ранг бериб, гул-ғунчалар ифорларини ҳар ён таратиб, гўзал лаҳзаларни ёдимизга соласан.

Умидлардан узилмас сенинг шивирли сўзларинг гўё нималардир деяётганга ўхшайди. Севги сўзлашдан чарчаса, сен негадир чарчамайсан? Чунки, сенинг сўзларинг севгидан ҳам улуғ, сокин ва ғамгин. Сен оламга мусаффолик ҳадя этиб, лола-ю бинафша, бойчечагу майсалар оромини ўғирлаб ёғиб ўтасан.

Висолинг дийдори ишқнинг гуллари, сенинг куйларинга маст. Ишқинг соғинчи ялпизлардан маст. Севинчимнинг ҳамдардига айланган чечаклар каби, юрагимнинг чечагисан. Қайтиб келаётган эртаксан. Барисини унутмаган ҳолатда мен сенга талпинаман. Соябонсиз кезаман оламни. Гўё ивиб кетган дардларим ёмғирнинг поёндозига ўҳшайди. Муҳаббатим иродали бўлишида сен менга куч бердинг.

Оҳ... ёмғир... ўксимасдан ёғавер, чунки сени дунё севади, ер бағрига олади.  Соғинчингнинг сирли сўзлари, тарновлардан оқиб тушиб, жаранглаган майин садолар, дунёни тебратаётган хаёлга ўхшайди. Ҳар лаҳза сени соғинаман, ёғиб турсанг ҳам.

 Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА,

 

 Андижон тумани.

ЖОНСАРАК ҚАЛДИРҒОЧ

(19 - СОН)

ҳаёт – мўъжиза

Эрта баҳор. Айвонимиз пештоқида бир жуфт қалдирғоч келиб айланди. Ин қуриш учун қулай жой қидириб, роса безовта бўлишди. Охири пештоқнинг бир ерини маъқул кўришди шекилли, ўша кундан бошлаб икковлон ҳудди одамлар сингари астойдил "иморат" қуришни бошлади.

Уларнинг ишига жуда ҳам қизиқиб, синчковлик билан ҳар куни кузатдим. Ариқ бўйларидан ёки ёмғирдан кейин ҳосил бўлган кўлмакчалар ёнидан ўша "иморат" деворига мос келадиган лойлардан топиб, уни тумшуқлари билан юмалоқлаб, пишитиб, яна тумшуғида кўтариб келиб, моҳирлик билан деворга ёпиштиришади.

Қойил қолса бўладиган жойи шундаки, девор мустаҳкам чиқиши учун бўлса керак, ҳар бир қатор лой терилгандан кейин албатта, қатор орасига чўплар жойлаштириб чиқишди. Бу чўплар мустаҳкамлик вазифасини бажарса керак.

Тез орада ин қуриб, тухум қўйишга ҳам улгуришди. Орадан бироз вақт ўтгач, полапонлар ҳам    дунёга келди. Ана энди ҳаёт янада қизиди. Икки қалдирғоч навбатма-навбат емиш келтиришарди. Бири учиб кетса, иккинчиси полапонларини бегона жониворлардан, мушуклардан ҳимоялаш учун навбатчиликда зийрак туриб, соқ-чилик қилади. Парвоздагиси эса, ҳар хил ҳашаротларни тутиб келтиради. Полапонлар сони тўртта экан. Озуқа етиб келиши билан тўртовлон бараварига оғзини катта очиб чирқирашади.

Не ажабки, озуқа беришда қатъий қоидага биноан  полапонларга навбати билан овқат берилади. Бирор марта адашиб бир оғизга икки марта луқма ташланмайди. Полапонларни учирма қилмагунча улар на ҳаловат, на тиним билди. Болаларини учишга ўргатишда ҳам моҳир мураббийлар сингари ўта меҳрибонлик кўрсатишди. Шу қисқа вақтда бу жонсарак жониворларнинг бажарган режали ва пухта ишларига офарин дейишдан, ҳаётнинг мўъжизакорлигига қойил қолишдан ўзга чора тополмадим.

 

Дурдона

 

ШАРАФИДДИНОВА

МЕҲНАТ ТАЪЛИМИ ФАНИ ЎҚИТУВЧИЛАРИ ТАЖРИБА АЛМАШДИ

(19 - СОН)

Қўрғонтепа туманидаги 6-умумтаълим мактабида меҳнат таълими фанини ўқитишнинг самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда тумандаги барча мактабларнинг мазкур фан ўқитувчилари иштирок этиб, фаолиятга илғор иш услубларини жорий этиш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан  ўзаро тажриба алмашдилар.

 Семинар доирасида ташкил этилган кўргазмада мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган турли буюмлар, ижодий ишлар намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ўқувчиларнинг маҳорат ва истеъдодига юқори баҳо бердилар.

Мазкур мактабнинг меҳнат таълими фани ўқитувчилари         М. Исроилова, Б. Фозилов томонидан "Нозмунчоқдан гул ва безаклар  ясаш", "Ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик санъатининг ривожланиши"   мавзуларида ўтган кўргазмали очиқ дарслар барчада катта таассурот қолдирди. Ўзига хос усулда ўтилган дарс давомида мавзу бўйича кенг маълумотлар берилди, амалий ишлар намойиш этилди.

Тақинчоқлар ёрдамида идишларга ва бошқа турли буюмларга бежирим безак бериш, ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик санъати ўқувчиларда меҳнат кўникмасини, балки эстетик тарбияни юксалтиришга, шунингдек, уларнинг қалбида миллий анъаналаримиз, миллий санъатимизга, шу орқали Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Очиқ дарслардан сўнг меҳмонларга қўғирчоқ театири намойиш этилди. Унда меҳнат таълими фани дарсида ва тўгаракларида тайёрланган милий қўғирчоқлардан фойдаланилди.

Якунда семинар ва фанни ўқитиш доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутахассиси М. Усмонова ва  бошқалар ўзларининг таклиф, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Иштирокчилар илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга келишиб олдилар.

Д. ҚОРАБОЕВА,

мазкур мактабнинг она тили

 

 ва адабиёти фани ўқитувчиси.

ЎЗБЕК АЁЛЛАР САБР ВА МАТОНАТ ТИМСОЛИДИР

(19 - СОН) Эҳтиром

Бугун орамизда тарихнинг энг оғир даври - Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида жасорат кўрсатиб меҳнат қилган онахонлар яшамоқда. Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз уларнинг фидойилиги, метин иродаси, тоғдек бардошидан барпо бўлган, десак асло муболаға бўлмайди. Уларнинг кўрсатган жасорати ҳеч қачон инсоният ёдидан кўтарилмайди

Ана шундай табаррук онахонлардан бири Асака туманидаги Ўзбекистон маҳалласида истиқомат қилаётган Саодатхон ая Абдурасуловадир. Ўзининг табаррук 90 ёшини қарши олаётган момо бугун тўрт нафар фарзанди, кўплаб набира ва чеваралари бағрида, қолаверса, эл-юрт ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Онахон билан суҳбатлашар эканмиз, улуғ ёшда бўлишларига қарамай, хотирасининг тиниқлигига, тетиклигига, қувноқ гап-сўзларига ҳавасимиз келди.

Саодатхон аянинг болалик, ёшлик даврлари айни қахатчилик ҳамда уруш йиилларига тўғри келди. Ўша йиллари бир бурда нон учун эртадан кечгача меҳнат қилган опа-сингилларимиз қатори у ҳам далада ишлади, тиним билмади.

Саодатхон ая 1946 йили Мамарасул ота билан турмуш қуришади. Машъум урушнинг асорат ва жароҳатлари битмаган оғир йилларда жамоа хўжалигида меҳнат қилди.

- Эркакларнинг кўпи ҳали урушдан қайтмаган, келганларининг ҳам кўпчилиги ногирон эди, - дея   онахон кўзларига ёш олиб, ўша йилларни эслайди. - Шу сабаб барча оғир ишлар, асосан аёлларнинг, болаларнинг зиммасида эди. Ана шундай оғир кунларда  опа-сингилларимиз барча қийинчиликларга елка тутиб, сабр ва матонат билан меҳнат қилишган.

Аянинг турмуш ўртоғи Мамарасул ота кўп йиллар жамоа хўжалигида, қатор корхоналарда омборчи ва бошқа турли вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилди. У кишининг ҳалол, самарали меҳнатлари қадрланиб, қатор орден ва медаллар билан тақдирланган. Афсуски, отахон эрта оламдан ўтди.

Эл-юрт, маҳалладошлари ардоғида яшаётган онахоннинг ҳам фидокорона меҳнатлари улуғланиб, "Меҳнат фахрийси" медали билан тақдирланди.

Ҳозирда фарзандлари барчаси уйли-жойли бўлиб, ўзларидан кўпайишган. Қизлари - Ҳалимахон, Рўзихон ва Ҳабибахон опалар нафақада, оналарининг дуосини олиш, суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун унинг ҳузурига тез-тез келиб туришади.

Саодатхон аянинг файзли хонадони фарзандлари, қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, маҳалладошлари билан доимо гавжум. Уларнинг ардоғи, меҳри онахоннинг кучига куч қўшади. Уларга ўтмишдаги қийинчиликлар, ҳалол меҳнат қилиш инсонни юксак мартабаларга етказиши ҳақида сўзлаб беради. Юртимиз тинчлиги, фарзандлари, набиралари камолини тилаб, дуолар қилади.

Ҳаёт йўли ибрат бўлган Саодатхон ая сингари пиру бадавлат онахонларимиз ҳаётимиз кўрки, хонадонларимиз файзидир. Бахтимизга улар доимо омон бўлсин. 

 

Ойгул ЭГАМБЕРДИЕВА