+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАЙЛИК!

(26- сон) Мулоҳаза

Оиланинг соғлом, мустаҳкам ва барқарор бўлиши бевосита жамиятнинг тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади. Саломатлик эса инсон ҳаётидаги энг муҳим жиҳат ҳисобланади.

Шу ўринда саломатликни мустаҳкамлаш, унга салбий таъсир кўрсатадиган омиллардан ҳимоя қилишда оила ҳамда жамиятнинг қатор вазифалари мавжуд. Ушбу вазифаларни тўғри амалга оширилиши жамият аъзоларининг соғлом ва фаровон турмуш кечириши ҳамда жамиятимизнинг юксалишида муҳим аҳамият касб этади.

Бола дунёга келган кундан бошлаб ота-она унинг тарбияси учун жавобгардир. Боланинг соғлом, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли инсон бўлиб вояга етишида оиланинг, ушбу қутлуғ маскандаги тарбиянинг ролини ҳеч нима билан тенглаштириб бўлмайди. Бугунги кунда оилавий тарбия миллийлик, қадим анъана ва одатларимизни замонавийлик билан уйғунлаштиришни, юксак интелектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашни тақазо этмоқда. Тарбия борасида ёш авлодниг зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, гиёҳвандлик ва ҳаказо), "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларига асло йўл қўймаслигимиз лозим. 

Ёшлик ва ўсмирлик даврида фарзандларимизнинг қизиқиши юқори даражада бўлади. Айниқса, улар катталарнинг хатти-ҳаракатларига, атрофидаги жараёнларга тақлид қиладилар. Шу боис ҳам ана шу   даврда катталар, хусусан, ота-она ўзининг намунали юриш-туриши билан уларга ибрат бўлишлари керак.

Тамаки чекиш, спиртли ичимлик ичиш киши мия нерв ҳужайраларини зарарлайди, боланинг ақлий қобилиятига путур етказади. Бундай киши диққат-эътиборини бир жойга тўплай олмайди, хотира қуввати, масъулиятни ҳис этиш туйғуси пасаяди, уни иш ҳам, оила ҳам, ижтимоий ҳаёт ҳам қизиқтирмай қўяди. Бу эса аянчли оқибатлар келиб чиқиш эҳтимолини оширади.

 Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар, бу борадаги мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, улар ҳақида ёшларга кенг ва тўлақонли тушунчаларни бериб бориш, бир сўз билан айтганда, уларни салбий иллатлардан ҳимоя қилиш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Нодира БОБОНАЗАРОВА,

 Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

(26- сон)

Гиёҳвандлик - аср вабоси, инсонни таназзулга етакловчи жирканч иллатдир. Ушбу иллат охир оқибат инсон ҳаётини захар-зақумга айлантиради, яқинларидан айиради, жиноятга етаклайди.

Аслини олганда бировнинг бошига кулфат солиш эвазига даромад орттиришга асосланган бу қора "бизнес"да гиёҳвандлар қанча кўп бўлса, оғуфурушлар даромади ҳам мўл бўлади.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик жиноят ҳисобланади. Гиёҳванд моддаларини сотиш, олиб юриш, истеъмол қилиш қонун бўйича таъқиқланади. Хусусан, вилоятимизда ушбу жиноятнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини тушунтириш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим кимсаларнинг бойлик орттириш мақсадида ушбу жиноят йўлига киришларини асло кечириб бўлмайди.

  Андижон вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлимига тезкор маълумот келиб тушади. Унга кўра, Пахтаобод тумани, Шомат маҳалласида яшовчи Абдухалим Шерзодов "гашиш" гиёҳванд моддасини сотиш  пайида эканлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича зудлик билан "назорат-харид" тадбирини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди. Махсус харидор телефон орқали суҳбатлашиб, 1000 АҚШ доллар қийматидаги "товар"ни Андижон шаҳрига етказиб беришга келишади.

Абдухалим ҳамқишлоғи Карим Халимов бошқарувидаги "СОBALT" русумли автомашинада Андижон аэропорти олдидаги бекатга етиб келганида уни махсус харидор ва контрабандага қарши курашиш бўлими ходими кутаётган эди. Абдухалим харидор билан нарх бўйича талашиб-тортишади ва 600 АҚШ доллар эвазига 30.29 грамм "гашиш" гиёҳванд моддаси сотишга келишади. Икки бўлак оқ рангсиз целофан пакетга ўралган захри қотилни сотаётганида қўлга олинади.

Суриштирув давомида А. Шерзодов гиёҳванд моддани қаердан, кимдан ва нима мақсадда сотиб олганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Ҳар қандай жиноятнинг охири "вой" эканлигини била туриб, осон даромад олиш илинжида нафсини тия олмайдиган бу каби юртдошларимизнинг борлиги барчамизни ташвишга солади. қолаверса ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат, жиноят  учун жазо муқаррар эканлигини барчамиз яхши билиб олишимиз керак.

 

Фарҳодбек КАРИМОВ,

 

Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи.

ХАЛҚ МУЛКИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА

(26- сон) Огоҳлик - давр талаби

Мамлакатимизда халқ хўжалиги объектларини қўриқлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда қўриқлаш хизмати тизимининг роли жуда катта.

Мазкур тизим ривожига қаратилаётган эътибор натижасида  кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами йилдан йилга ортмоқда. Жумладан, бу борада Марҳамат туманида ҳам ибратли ишлар олиб борилмоқда.

  Айни кунда туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмаси томонидан тумандаги 200 га яқин объектларда қўриқлаш хизмати жорий этилган. Шу йилнинг ўтган 5 ойи давомида тизим ходимлари томонидан майда ўғирлик  билан боғлиқ 11 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Бундан ташқари, ички ишлар бўлимининг тегишли хизмат соҳаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг қамровли тадбирлар доирасида 2 нафар гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланган ҳамда 3 нафар қидирувда бўлган шахслар қўлга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида ўтказилаётган  профилактика куни тадбирларида қўриқлаш хизмати ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Яъни  маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.

 "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари маъмуриятлари ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва оқибатлари атрофлича муҳокама этилиб, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, аҳоли ҳамда турли мулкчилик шаклидаги корхона ва муассасалар раҳбарлари билан  суҳбатлар ўтказилиб, уларга қўриқлаш хизмати, видиеокузатув жиҳозлари ўрнатишнинг афзалликлари хусусида кенг тушунчалар берилмоқда.

Мухтасар айтганда, туман қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан объектларда тинчлик-осойишталикни сақлаш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, салбий ҳолатларнинг камайишига эришилмоқда.

 

Наргизахон ЗОИТОВА,

 Марҳамат тумани ИИБ Қўриқлаш бўлинмаси

 

ТҚП кузатувчиси.

ЁШАР ТАРБИЯСИ - МУҲИМ МАСАЛА

(26- сон) муносабат

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳил, иноқ, тотув оила бўлиб яшаб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалиши йўлида ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёда исломга эътиқод қилувчи энг қадимий заминлардан бири бўлиш билан бирга, мусулмончилик илмининг ислом оламида ҳамма тан олган анъаналарига ҳам эга. Ислом маданияти бир неча асрлар давомида ўзбек халқи маънавиятининг асоси бўлиб келган. Мустақиллик йилларида миллий ўзликни англаш, диний бағрикенглик йўналишида олиб борилган ишлар халқимизнинг азалий миллий, диний қадриятларини тикланишига хизмат қилмоқда.

Истиқлолнинг дастлабки йилларда юртимиздаги тинчлик-тотувликни кўра олмайдиган айрим ташқи кучлар кишиларнинг соддалиги, турли иқтисодий, ижтимоий муаммолар гирдобида турганидан фойдаланиб, нотўғри диний таълим бериб, уларнинг онгига бузғунчилик ғояларини сингдиришга уриндилар. Оқибатда дунёқараши паст, оқ-қорани ажарата олмайдиган баъзи одамлар халқимиз узоқ йиллар давомида эътиқод қилиб келган ислом динига мутлақо бегона  ақидалар таъсирига тушиб қолди.

Жорий йилнинг 15 июнь куни  Тошкентда "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш - давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз раҳбари ушбу соҳада бажарилиши лозим бўлган жада кўп вазифалар ҳақида гапирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев адашганларни тўғри йўлга қайтариш ҳақида: "Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний "Олижаноб кишилар узрни қабул қилур", деб таъкидлаган эканлар. Халқимиз - мард ва олижаноб халқ. Ким чин дилдан узр сўраса, тавба қилса, албатта гуноҳидан кечади. Шунинг учун ҳозирги кунда қанча адашганларни кечириб, тўғри йўлга   соляпмиз. Бирини ўқишга, бирини ишга, бирини касбга қайтаряпмиз", - дедилар.

Шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳитни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ёшларни турли диний  экстремистик оқимлар таъсиридан асраш барчамиз учун энг асосий масала бўлиб тургани, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўналишида муқаддас ислом динини ниқоб қилиб олган жоҳил кимсаларга ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайдиган, ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка йўл қўймайдиган дин эканлигини тушунтириш зарурлигини, ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш халқимизга тўғри келмаслигини таъкидладилар.

Анжуманда фарзандларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, уларнинг оила-аъзоларини яккалаб қўймасдан жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш чораларини кўриш борасида бизнинг олдимизга қатор вазифаларни қўйдилар.

Дарҳақиқат, биз бугун маҳаллаларда, оилаларда мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, осойишталикнинг қадри, халқимизга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида фуқароларга кенг тушунча бериш билан бирга, адашган инсонлар ҳамда уларнинг оила-аъзоларига соф ислом динининг мақсади тинчлик, эзгулик эканлигини, турли норасмий диний оқимларнинг кўзлаган нияти бузғунчилик, хунрезлик, одамларни қўрқув ва мутеликда ушлаб туришдан иборатлигини ҳаётий мисоллар ёрдамида, асосли қилиб тушунтирмоғимиз даркор.

Кўтарилаётган муҳим масалалардан бири ёшларга диний таълим бериш бўлиб, айрим ота-оналар ўз фарзандларини чаласавод мулланинг қўлига топшириб қўймоқдалар. У болани ўқитаман, деб гумроҳга айлантирмоқда. Оқибатда билимсиз бола диний оқим тарафдорларининг тайёр ўлжасига айланмоқда.

Мамлакатимизда диний таълимга кенг имкониятлар яратиб берилган. Чин дилдан ўқишни истайдиган ёшлар учун барча эшиклар очиқ. Шундай экан турли норасмий ҳужраларга бориш ўрнига қонуний билим даргоҳларида таҳсил олиб, ўз мақсадига эришиш ҳар томонлама манфаатли эканлигини ота-оналар унутмаслиги керак.

Юртбошимиз анжумандаги маърузасида: "Бир боланинг йўлдан адашиши - бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради", дедилар. Бу иборанинг  маъно-мазмунини чуқур таҳлил қилиб, қалбимиздан ҳис этмоғимиз, эртага биз туфайли адашган бола ўзимизга ташвиш келтирмаслиги учун тарбияни ҳеч қачон бўшаштирмаслигимиз лозим.

"Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала - бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким - ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан", дея таъкидлади Президентимиз.

Бу вазифалар мактаб, оила, маҳалла, бутун жамоатчилик зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, биз отинойилар эртамиз эгалари тақдирига бефарқ бўлмаслигимиз, юртбошимиз билдирган фикрларидан тўғри хулоса чиқариб, олдимизга қўйилган вазифаларни сидқилидан бажариш  учун астойдил меҳнат қилишимиз лозим.

Саодатхон РАСУЛОВА,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакили - вилоят бош имом-хатибининг

 

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.

ЗИЛОЛА ТАНЛОВНИНГ МАМЛАКАТ БОСҚИЧИГА БОРАДИ

(26- сон) танлов

Андижон шаҳридаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида "ХХI аср аёли"  республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши томонидан "Донолик ва ташаббускорлик - сиёсий етакчилик мезони" лойиҳаси доирасида партия аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқий-сиёсий маданиятини юксалтириш, сиёсий етакчи аёлларни шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар аёл иштирок этди.

 Танловда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш,  ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, барча йўналишларда уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда самарали фаолият юритишлари учун имкониятлар яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Иштирокчилар "Партия менинг тақдиримда", "Агар мен депутат бўлсам..." ҳамда"     Лойиҳалар танлови" деб номланган уч шарт доирасида партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини тарғиб этишдаги, шунингдек, турли даражадаги депутатлар билан ишлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш борасидаги фаолияти ҳамда Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси сайловолди платформасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган     лойиҳалардаги иштироки бўйича тақдимот ва чиқишлари асосида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган Олтинкўл тумани вакиласи, Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зилола Тоштемирова ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бўз тумани вакиласи, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси шифокори Мактуба Абдуманнопова иккинчи, Андижон тумани вакиласи, тумандаги 21- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диёра Мусаева учинчи ўринга сазовор бўлди.

 - Сиёсий етакчи бўлиш киши зиммасига катта масъулият юклайди, - дейди танлов ғолибаси З. Тоштемирова. - Партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлидаги ҳаракатларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Ушбу муваффақият зиммамга катта масъулият юклайди, янада кўпроқ ва шижоат билан ишлашга ундайди.

Fолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик    совғалар билан тақдирланди.

 

Абдурасул FуломовЎзМТДП вилоят кенгаши матбуот котиби.

Суратда: танлов ғолиби З. Тоштемирова.

СЎЗИ ВА ИШИ МУШТАРАК МУКАРРАМА ОПА

(26- сон) 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан

Ижод кишиси бўлиш, журналистика соҳасида қалам тебратиш, етук журналист сифатида одамлар эътирофига сазовор бўлиш осон эмас. Журналист зиммасида катта масъулият ётади. Эл-юрт нигоҳида бўлиш, ўқиш, изланиш, интилиш, айтар сўзни ўрнида ўринли айта олиш, ҳар бир ишда одамларга намуна бўлиш... Бу рўйхатни яна кўп давом эттириш мумкин.

 

Зиммасидаги ана шу вазифаларни бекаму кўст адо этиш, ўткир қаламига, жамиятда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб этавермайди.

Устоз журналистлар ҳақида гап кетганда юқорида айтилган сифатлари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган жонкуяр, касбининг фидойилари бўлган Раҳбархон Файзибоева, Заҳриддин Муҳитдинов, Муқумжон Ниёзов, Маҳмуджон Норхўжаев, Тошпўлат Тешабоев, Мўминжон Маъмуров, Муҳаммаджон Абдукаримов, Илҳомжон Эгамназаров, Тўйчибой Мамасолиев сингари марҳум устозларни эсламаслик, ҳозирда Андижон журналистлари фахрига айланган Махпиратхон Тожихалилова, Назиржон Саидов, Комилжон Нишонов, Мукаррама Холматова, Адҳамжон Комилов, Абдулла Комилов, Узоқбой Саксонбоев, Тўлқин Сиддиқов, Маҳмуджон Ибаев сингари фидойи инсонларни алоҳида эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу инсонлар ўткир қалами, юксак инсоний сифатлари билан барча ижодкорларга ибрат бўлиб келмоқда. Уларнинг маслаҳат, панд-насихатлари биз учун ҳамиша қимматли ва қадрлидир. Бу инсонларнинг ҳар бири ҳақида жуда кўп илиқ гапларни айтиш мумкин.

Мен устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мукаррама опа билан тез-тез суҳбатлашиб тураман. Очиғи, опадаги сахийлик, касбга фидойилик, меҳр-оқибатни, бағрикенгликни кўриб қойил қоламан. Опа сахийлик бобида ўрни келганда таниган, танимаган одамларга яхшилик қилишига, қўлидан келганича кўмак беришига ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман. Энг асосийси, у қилган яхшилигини одамларга овоза қилмайди. Ўзаро суҳбатларимизда "Ўнг қўлинг билан берган нарсангни чап қўлинг билмасин" деган иборани кўп гапиради.

Касбига фидойилик дедик. Бу борада ҳам опадан жуда кўп жиҳатларни ўргансак арзийди. Сўзи ва иши муштарак инсонгина ҳақиқий ижодкор бўла олади. Шу маънода Мукаррама опа ўз сўзига муносиб, ҳалол ва фидойилик билан қалам тебратган журналистлардан десам асло муболаға бўлмайди. Яна опа ижодда ҳалолликни ўзига қурол қилиб олган эди. Меҳнат фаолияти давомида ҳалол ишлади, ҳамиша тўғри сўзни айтди.  Хатто ёнида бирор сўм пули қолмаган пайтларда ҳам бировдан бирор нарса таъма қилиб мақола ёзмади. Балки шундандир унинг ёзганлари барчага бирдек маъқул ва манзур бўлди.

Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш керакки, опанинг мақолалари нафақат, бирор бир муаммони кўтариши, инсон қалбининг нозик кечинмаларининг баён этилиши, балки содда тили, ўқилиши равон, ўзига хос услубда ёзилиши билан ҳам  кўпчиликнинг эътирофини қозона олган.

Мукаррама опа фаолияти давомида ҳеч қачон мансаб, мартабага, турли танловларда ғолиб бўлишга интилмади. Кўнглини пок тутди. "Мен аёлман, аёл оддий бўлиши керак" деган ақидага амал қилиб, ҳамиша оддийликка интилди.  Қарангки, кўнгли пок инсонни яратганни ўзи ҳам қўллар экан. Самарали меҳнатлари, фидойилиги ҳисобга олиниб, опа Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирланди.

Устозлик мақоми - энг улуғ мақомлардан бири. Мукаррама опа кўплаб ёшларга устозлик қилиб, уларни ижодкор сифатида камолга етказди. Ҳозир ҳам таҳририятларга келиб, биз шогирдларига қимматли маслаҳатларини беришдан чарчамайди.

Яқинлашиб келаётган касб байрамимиз олдидан Мукаррама опа ва у сингари журналистика соҳасининг барча фахрийларини ана шу қутлуғ айём, қолаверса, рамазон хайити билан муборакбод этамиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Суратда: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист М. Холматова.

БОЛАЖОНЛАР МАРОҚЛИ ДАМ ОЛМОҚДА

(26- сон)

Булоқбоши туманидаги 1-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган "Камалак" кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳида айни кунда 130 нафар бола дам олмоқда.

Оромгоҳда ўтказилаётган тадбирлар, спорт турлари бўйича ташкил этилган тўгарак машғулотлари,  мусобақалар ва беллашувлар болажонларнинг мароқли дам олишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мактабнинг маънавий ва марифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Қодирова, бош етакчи Ўктамхон Исломова ҳамда Бекзодбек Қувватовлар ташаббуси билан "Салом, оромгоҳ", "Салом янги дўстлар", "Биз - буюк аждодлар давомчисимиз", "Қувноқ стартлар" каби мавзуларда тадбирлар, мусобақалар ташкил этилиши болажонларнинг мароқли хордиқ чиқаришларига хизмат қилмоқда.

 

Шухрат КЕЛДИЕВ

"БИЛИМЛАР БЕЛЛАШУВИ" FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

(26- сон) тадбир

Вилоят "Баркамол авлод" болалар марказида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган "Билимлар беллашуви" вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Беллашувда фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчилар, уларнинг устоз ва ота-оналари иштирокида ўтган тадбирда юртимизда ёш авлоднинг пухта билим олиши, ўз иқтидор ва имкониятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилганлиги таъкидланди.

Якунда беллашув ғолибларидан энг юқори натижаларни қўлга киритган 28 нафар ўқувчига Тошкент вилоятидаги "Қуёшли" болалар оромгоҳида дам олиш учун йўлланмалар топширилди.

 

Хосият СИДДИҚОВА

Жаннатим – онам

Соддадил онам-а, қалбигул онам,

Хокисор бўлмаса, бунча кўнглингиз.

Хавотирсиз ўтган кунингиз борми,

Борми... беҳаловат бирор тунингиз.

 

Қадоқ қўлларингиз тафти бўлакча,

Бугун ҳам шу тафтни соғиндим бирам.

Борсам-да - бормасам менга илиниб,

Дастурхон четида тузу насибам.

 

Бошимга иш тушса, бораман йиғлаб,

"Болалатиб" минг бор армонингизни.

Йилда бир янгилаб беролмайман гоҳ,

Тандир куя теккан рўмолингизни.

 

Қадрдон ижара уй шифтига боқиб,

Зангори орзулар сўзлаб боламга.

"Шоирлик - шўрлилик" унвонин тақиб,

Нима қилиб бердим, сиздек онамга....

 

Кўз ёш кемасига айланди кўзим,

Кўнглим бамисоли дардли ғамхона.

Қалтирар бўғзимда ягона сўзим,

Сизни йўқотишдан қўрқаман ... Она!

 

Соддадил онам-а, қалби гул онам.....

 

Нилуфар ДАВИДОВА

ВАҚТ ҚИЙМАТИ

(25- сон) Жаҳон адабиётидан намуналар

О.  ГЕНРИ, Америка адиби.

Ота одатдагидай ишдан кеч қайтди. Ҳорғин, ҳафсаласиз, гавдасини аранг судраб остона хатлади. Бўсағада уни мижжа қоқмай кўзлари тўрт бўлиб, интиқ кутаётган беш яшар ўғли қаршилади.

-      Салом, дада! - деди у қувончдан кўзлари порлаб.

-      Салом, бўталоғим, ҳалиям ухламадингми?

- Йўқ. - дея жавоб берди бола ва   сабрсизлик билан сўради. - Дада, майлими сизга савол берсам?

- Майли. Қани эшитайликчи,   оромингни ўғирлаб, алламаҳалгача сени йўлимга интизор қилдирган қандай савол бўлди у?

- Бир соатда қанча пул топасиз? - кўзларини пирпиратиб болаларга хос содда самимият ила сўради болакай.

Беш яшар боланинг фавқулотда берилган антиқа саволи отани хайрон қолдирди ва жаҳлини чиқарди.

- Бемаҳалда бошқа бўлмағур савол ўйлаб тополмадингми? Қолаверса, бу сенинг ишинг эмас, зумраша.

- Дада, илтимос, мен шунчаки билмоқчи эдим, айта қолинг, бир соатда қанча пул топасиз? - оёқ тираб туриб олди болакай.

       Боланинг ҳукми пошшонинг ҳукмидан устун эмасми, ота қараса, жавоб бермаса бўлмайдиган, жовдираб тикилаётган покиза кўзлар билан нигоҳи бақамти келганидан кўнгли ийди ва:

- Бир соатда 20 доллар ишлайман қўзим, - дея жавоб қилди у боласининг бошини силаб.

- Яшасин! - қичқириб юборди кичкинтой. - Дада, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?

Буниси ҳаммасидан ўтиб тушди ва дарғазаб отанинг сабр-косаси тўлиб, ортиқ жаҳлини яширолмади:

- Ие, тағин яна нима ўйлаб топдинг. Қаердаги кераксиз ўйинчоқларни сотиб олишинг учун дадам 10 доллар беради, деб ўйласанг чучварани хом санабсан. Қани ҳозироқ жойингга бориб ёт ва охирги пайтларда қанчалар худбин бола бўлиб ўсаётганинг ҳақида ўйла! Мен ҳар кун бетиним меҳнат қиламан ва жоним халқумимга келиб аранг уйга қайтаман. Сенинг хархашаларинг ва инжиқликларингни кўтаришга тобим йўқ!

Мўлтираб турган кўзларга ёш қалқиди. Болакай индамай ортига ўгирилди. Чарчаган ота дам олгани ўрнига чўзилди, бироқ ҳар қанча хориган, жисмонан эзилган бўлмасин ҳадеганда кўзларига уйқу инай демасди. Асаблари дош бермай, боласига бақиргани учун кўнгли бузилди. "Тун ярмигача ухламай, топган саволини қаранг. Қизиқ, 10 доллар унга нега керак бўлиб қолдийкин?". Шу йўсинда орадан бир соат ўтди. Ота у ёнига ағдарилди, бу ёнига ағдарилди, лекин кўзлари юмилмади. Бу туришда саҳаргача ухлолмаслигини англаб, ўрнидан турди. Ҳовуридан тушган ота сокин ўй сурар экан: "Чиндан ҳам болам шу 10 долларга муҳтож бўлса, мен жигаргўшамнинг гапини эшитмай туриб, кутганини ҳам рўйхотир қилмай уришиб бердим", дея кўнгли хижил бўлди.

У ўғлининг хонаси томон йўналди. Эшикни секингина очиб:

- Ухлаяпсанми, болажоним? - деб сўради.

-      Йўқ, уйғоқман, дада.

- Сенга нисбатан ноҳақлик қилганимни тушундим. Шунинг учун бўлса керакки, мижжа қоқмадим. Мендан ранжимадингми? Баъзан катталар ҳам хато қиладилар. Мана сенга 10 доллар, энди эски гиналарни унутамиз.

Бола пулни қўлига ҳам олмай, ёстиғининг остидан бир даста ғижимланган пулларни чиқарди. Ўғлининг ҳаракатларини сукут сақлаб кузатиб турган ота ҳайратда эди.

- Шунча пулинг бор экан, мендан тағин 10 доллар сўраганинг нимаси, бўталоғим?

- Пулим борликка бор эди-ку-я, аммо етмасди-да! Мана... 20 доллар бўлди. Дада, энди менга бир соат вақт ажратинг!

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси.

 

Пак Ин СУК,  корейс адиби.

Дадам берган гул

Якшанба кунлари дадам сигир ёки чўчқа етаклаб бозорга йўл олади.

- Бугун эртароқ келинг, илтимос. Фақат ароқ ичманг, - ойим ҳар доим дадам кетишидан олдин шундай илтимос қилади, бироқ дадам бу гапларни эшитмагандек ўз билганича иш тутади.

- Эрта келишим кераклигини ўзим ҳам биламан, кўп гапирасан-да, - дейди дадам норози оҳангда.

Ҳар доим ахвол шу. Ойимнинг гаплари беҳуда кетади. Дадам бозордан қайтишда чайқала-чайқала қўшиқ хиргойи қилиб келади. Онам бечора... ярим тунгача сават тўқиб дадамни кутиб ўтирадиган онам... оёқда зўрға юриб келган дадамнинг қўлида қора халта бўлади. Дадам қўпол бўлса-да, менга у-бу нарса кўтариб келиши у кишининг одатига айланиб қолган. Халта ичида эзилиб кетган хурмо, бурдаланиб ётган ширинликлар, совиб қолган нон ҳамма егуликлар билан аралашиб ётарди. Ўша вақтда сигирни сотган пулдан қанча қолганини билмасдим-у, онамнинг норози қиёфасини ҳеч эсимдан чиқара олмайман.

Кунлар шундай ўтаверди, отамнинг сочларига қиров қўнди, мен эса турмушга чиқиб, бир уйнинг бекасига айландим. Фарзандларини улғайтириш учун жони оғриса-да, даволанишга вақт топа олмаган онам ётиб қолдилар. Онамнинг бетоблиги боис ҳатто лағмон қайнатишни билмайдиган дадам умуман ўзгариб қолдилар. Доим борсам, ошхона чиннидай ялтираб турарди, егуликнинг тур-туридан топса бўларди. Ишониш қийин бўлса-да, дадам ҳеч ўзига ўхшамасди. Бир неча йил олдин қишлоққа - уйимизга келгандим. Онамни кўриш учун хонага киришим билан стол устида вазага солиб қўйилган бир дона атиргулга кўзим тушди.

- Ойи, атиргул қаердан келди? Жуда чиройли экан, - дедим ундан кўзимни узмай.

- Ҳа, даданг томоша қилиб,  завқланиб ўтирасан, дея олиб келганди, - деди онам кўзларида ўзгача меҳр порлаб.

Яна бир неча ойдан сўнг борсам, ҳамон ўша атиргул стол устида турарди. Ойим бу қовжираб қолган атиргулдан кўз узмай ўтирарди.

 - Ойи, қуриб қолган атиргулни асраб ўтирибсизми, ташлаб юборинг, - дедим атиргулга қўл чўзиб. Ойим бўлса, гулга меҳр билан қараб шундай деди:

-      Бу ахир, дадангнинг юраги-ку, уни қандай ташлаб юбораман.

Бир муддат қалбимда хаяжон турди. Дадам ёшлигида қалбда асраб келган муҳаббатини онамга энди қариб қолганда ўз ишлари ва мана шу гул орқали намоён этаётган эди. Дадам ва ойимнинг қайноқ меҳрининг нишонаси бўлмиш мана шу бир дона қуриб қолган атиргул кўзимга гўзаллик ва муҳаббат тимсоли бўлиб кўринди. Беихтиёр кўзимда ёш қалқди-ю, лабимга табассум югурди.

 

Малохат FАФФОРОВА

 

таржимаси.