+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЭРТА НИКОҲ – МУАММОЛАРГА ЙЎЛ ОЧАДИ

(30-cон) Муносабат

Маҳалламиздаги бир хонадонга келин тушди. Келин кўрдига кирган маҳалланинг қиз-аёллари келинчакнинг сеп-сидирғалари кўп ва ранг-баранглигига маҳлиё бўлдилар. Аммо келин жуда ёш эканини кўрганларнинг кўпчилиги "оилани эплаб кетармикан" деган ўйни хаёлларидан ўтказди.

Минг афсуски, бир неча қишлоққа овоза бўлган тўйлари ёш оилага, унинг соҳибу соҳибасига бахт келтирмади. Ҳали чилласи чиқмаган келинчак кўч-кўронини кўтариб ота уйига қайтиб кетди. Орзу-ҳавас деб ёшгина қизни келин қилган оилада тўйдан   кейиноқ қатор муаммолар чиқа бошлади.  Нима эмиш - қиз рўзғор тутумларини яхши билмаскан, тонгда эрта туролмас, эри оила аъзоларининг кўнглини олишни эплай олмаганмиш. Келинчак ҳам ёш эмасми, қайнонасининг қаттиққўллиги, инжиқлиги, хадеб иш буюраверишидан норози бўлибди. Шундай сабаблар туфайли ёш оилага дарз кетди. 

Хўш, бундай бўлишига ким айбдор? Аслида қарс икки қўлдан чиқади. Демак, ёш келинчак оила юмушларини бажаришга тайёр эмас экан, нима учун қайнона келинини ўз қизидай кўриб,  унга уй ишларини, турмуш ва ҳаётнинг паст ва баландини ўргатмади. Наҳотки, қайнона ҳали ўн саккизга тўлмаган қиз унинг барча истакларини муҳайё этади деб ўйласа? Ахир бу ҳақда тўйдан олдин ўйлаш керак эмасмиди? Келин қайнонанинг ҳавои орзу-истаклари қурбони бўлиши керак эмас. 

Албатта, келинчак ҳам ўзининг камчиликларини билган ҳолда қайнонанинг гап сўзларини оғир олмаслиги, у кишини ўз онасидай қабул қилиб, турмушда, оилада ўз ўрнига эга бўлиш учун курашиши, барига сабр қилиб, юмушларни масъулият билан бажармоғи лозим эди.

Афсуски, ундай бўлмади. Эндигина оила қўрғонини барпо этишга киришган икки ёшнинг тақдири ва ҳаёти издан чиқди, парокандаликка юз тутди. Орадан бир йилга яқин вақт ўтса-да, на куёв томон, на келин томон муросага келишни истамаяпти. Наҳотки, ота-она фарзандлари оиласига, уларнинг тақдирига шу қадар эътиборсиз қарасалар? Эшитишимча, пулдор, амалдор қудалар ёш оилани тиклаш ўрнига бир-бирларини айбдор қилиш билан овора, бир гапдан қолиб, кудасининг айтганини қилса ҳаётдаги мавқеи тушиб кетишидан чўчиётган ота-оналар ёшлар - фарзандларининг кўнглига қулоқ тутишни ҳатто ўйлашмаяпти ҳам. Аслида бундай худбинлик сабаб эндигина ўн гулидан бир гули очилган қизнинг пешонасига ажрашган деган тамға босилгани  барчамизни жиддий ташвишга солиши керак. 

Бугун бу каби ҳолатлар ҳаётимизда тез-тез учрамоқда. Ёш оилаларнинг барбод бўлиши, норасида гўдакларнинг тирик етим бўлишига юқоридаги каби эътиборсизлик, шошқалоқлик, ёхуд ота-оналарнинг хою-ҳаваслари асосий сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, эрта никоҳлар туфайли ногирон болалар туғилиши кузатилаётганлиги ҳам ачинарлидир. 

Янги турмуш бўсағасида турган икки ёш оила қурар экан, улар аввало, руҳан ва жисмонан соғлом бўлиши, оилавий ҳаётга тайёр - йигит ҳунарли, ишли, жойли, қиз уй-рўзғор юмушларини яхши билмоғига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Агар йигит-қизда бундай кўникма ва жиҳатлар етарли бўлмаса, оила парокандаликка юз тутиши аниқ. Шунинг учун ҳам хонадон катталари, ота-оналар фарзандларини оилавий ҳаётга тайёрлаб боришлари жуда муҳимдир. Айниқса, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга асло йўл қўймаслигимиз, бунинг ортидан жуда кўп бошқа муаммолар келиб чиқишини асло унутмаслигимиз керак. Бу ишда маҳалла-кўй, кенг жамоатчилик четда турмаслиги, эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган чораларни қўриши зарур. Шундагини курилажак ёш оилаларимиз мустаҳкам бўлади.

Фарида МАТКАРИМОВА,

 

Улуғнор тумани.