+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

03 Авг 2017

БИЗ ҚАЙ ДАРАЖАДА ГАЗЕТХОНМИЗ?

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

(32-сон) Бугуннинг гапи

Ёхуд газета, журнал ўқишга, матбуот нашрларига обуна

бўлишга етарли эътибор қаратяпмизми?

Жамиятимизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуот нашрларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида: "Мен сиз, муҳтарам матбуот аҳлининг ҳаётимизни янада эркин, обод ва фаровон этиш учун доимо фидойилик кўрсатиб яшашингизни яхши биламан ва сизларни шу йўлда ўзимнинг энг яқин ҳамкорларим ва ёрдамчиларим деб ҳисоблайман. 

Сизларнинг машаққатли ва масъулиятли меҳнатингиз ўз муносиб баҳосини топиши, янада самарали бўлиши учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини албатта сафарбар этамиз" деган фикрлари соҳа ходимларига куч, шижоат бахш этиш билан бирга, зиммаларига катта масъулият ҳам юклайди.

 Айни кунда соҳа вакилларини қандай муаммолар ташвишга солмоқда, фуқароларимизнинг газеталарга бўлган муносабати қандай, умуман, вилоятимиз аҳолиси қай даражада газетхон? Қуйида ана шу саволлар доирасида фикр-мулоҳаза юритамиз.

 

Қай даражада газетхонмиз?

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолиси босма матбуот нашр-лари билан қай даражада таъминланган? Келинг, факт ва рақамларга мурожаат қилайлик. Вилоятимизда "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" МЧЖ томонидан жорий йил бошида ҳафтасига обуна бўйича 231,5 минг нусха, чакана сотув бўйича эса 56 минг нусха хорижий, республика, вилоят, туман ва шаҳар газета ва журналлари тарқатилди. Бундан ташқари, вилоятимиздаги турли таҳририятлар орқали 4,5 минг нусха газета ва журнал обуначи ва харидорларга етказиб берилди. Вилоятимизда обуна ва сотув бўйича тарқатилган қарийб 289 минг нусха газетани вилоятнинг 3 миллион аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак,  тахминан ҳар 10,4 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келди. Йилнинг иккинчи ярмига келиб, обуна ва сотув бўйича тарқатилаётган газета ва журналлар умумий тиражи 96 минг нусхани ташкил этмоқда. Буни вилоят аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак, ҳар 31 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келишини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич бизни газета, журнал ўқишда мақтанадиган даражада эмаслигимизни кўрсатади.

Шу ўринда қуйидаги   статистик маълумотни келтириб ўтамиз, яъни жаҳон миқёсида ҳар 11 кишига бир нусха кундалик газета ёки журнал тўғри келар экан (2016 йил маълумоти).

Фуқаролар жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида қанчалик фаол иштирок этса, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, жамиятда демократик тамойиллар мустаҳкамланиши, энг асосийси, жамиятнинг тараққиёт даражаси юқори поғонага кўтарилиши, провардида халқимизнинг турмуш фаровонлиги яхшиланиши табиий. Шу ўринда фуқароларимиз, газетхонларнинг савияси масаласи ҳам муҳим роль ўйнайди. Афсуски, аксарият газетхонлар жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар ҳақидаги материал-ларни ўқишдан кўра, кўнгилочар, енгил-елпи материалларни ўқишни маъқул топаётган-ликларини асло оқлаб бўлмайди.

 

Обуна ихтиёрийми ёки мажбурий?

Обуна, газета сотиб олиш ҳақида гап кетганда айрим  юртдошларимизнинг "Газета сотиб олгандан кўра, бошқа бирор бир эҳтиёжим учун маблағ сарфлаганим афзал", яна бир тоифа кишилар эса "Ишхонамизда мажбуран обуна   қилдиряпти, раҳбарни устидан ёзиш керак" деган гапни айтишдан уялмаётганлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Очиғини айтганда, ана шундай тушунчага эга кишини мажбурлаб ҳам газета ўқитиш қийин. Лекин бўлгани шу деб ундайларга бефарқ қараш ҳам тўғри эмас. Чунки у жамиятимизнинг бир аъзоси, унинг ва атрофидагиларнинг маънавиятини юксалтиришга, фикрлаш доирасини кенгайтиришга кенг жамоатчилик, айниқса, зиёлилар масъул (минг афсуски, зиёлиларнинг орасида мана шундай тушунча билан юрганлар ҳам йўқ эмас). Агар уларни тарбиялашга ҳаракат қилинмаса, орамизда бефарқ-лар, жамиятдаги жараёнларнинг асл  моҳиятини англаб етмайдиганлар сафи кенгайиб бораверади. Бу эса жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, маълумотидан қатъи назар газета, журнал ўқийдиган, ўз дунёқарашини, маънавиятини ошириб борадиган кишидан ёмонлик кутиш мумкинми? Йўқ, албатта. Минг афсуски, бугун бизнинг газета, журнал ўқишга, уқиб ўқишга етарли даражада эътибор қаратмаётгалигимиздан кўз юмиб бўлмайди. 

Обуна ҳақида гап кетганда бу борадаги ҳамкор ташкилотлар "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ вилоят филиали ҳамда "Андижон матбуот тарқатувчи" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан боғлиқ айрим жиҳатларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.

Деярли барча нашрларга почта бўлимлари орқали обуна ташкил этилган. Тўғри, обуна нашрлар обуначига етказиб берилмоқда. Ҳар ҳолда жиддий эътирозлар юзага келгани йўқ. Бироқ обуна маблағларини тўлаш масаласида вилоят почтаси таҳририятларни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Ўзаро шартномага кўра, обуна маблағининг 85 фоизи йил бошида, қолган қисми эса  йил давомида таҳририятларга ўтказиб берилиши белгиланган. Бироқ почта томонидан обуна пулларининг тўланиши йил охирига қадар чўзиб юборилмоқда. Бу таҳририятларга газетани чоп этиш билан боғлиқ қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Умуман, почта ташкилоти ҳамкор сифатида бундай тартибдан воз кечиш чораларини кўриши керак.

"Андижон матбуот тарқатувчи" томонидан эса обуна, сотув бўйича маблағлар ўз вақтида ўтказиб берилаётганлигини ижобий баҳолаш керак. Жамият обуна даврида обунанинг бориши ҳақида   таҳририятларга мунтазам  маълумот бериб боради. Обуна даври тугаб, якуний буюртма берилганда эса маълумотларда кўрсатилган миқдордан анча оз тиражга буюртма берилади. Сабаби суриштирилганда маълум миқдордаги газетанинг маблағи тушмаганлиги айтилади. Бу каби ҳолатни деярли барча газеталар мисолида кўриш мумкин. Шу ўринда мана шу фактга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Қайсидир мутасадди раҳбарлар томонидан кўзбўямачилик учун ташкил этилаётган бундай обуналар ўзимизни ўзимиз алдашдан бошқа нарса эмас. Обуна қилувчи ташкилот ходими бундай сохта обунани расмийлаштирмаслиги керак.

Баъзида эса бирор нашрга обуна бўлиши керак бўлган шахс ёки ташкилотнинг юқори идораларга нотўғри маълумот тақдим этиш ҳоллари ҳам учраб туради. Ёлғон, алдаш ҳисобига кимдир обуна бўлмасдан маълум миқдордаги маблағни тежаб қолар. Бу унга қанчалик фойда келтиради? Ундан кўра, ўша шахс газета ёки журналга обуна бўлса, нафақат ўзи, балки оиласидагилар - турмуш ўртоғи, ўғли, қизи, келини, набираси йил давомида газета ўқиб, ундан маънавий озуқа олиши мумкинлигини наҳотки англаб етмаса?

Шу ўринда вилоят матбуот ва ахборот    бошқармаси ташаббуси билан имконияти мавжуд туман, шаҳар газеталари таҳририятлари томонидан нафақат ўзларининг, балки вилоятдаги бошқа нашрларнинг обунасини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар илгари сурилмоқда. Бу борада Олтинкўл, Хўжаобод туманларида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 

ЙиFинлар ижобий натижа бермоқда

Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан жорий йил март ойидан туман, шаҳар, тармоқ газеталари таҳририятлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, нашрларнинг мазмун-моҳияти, сифати ва тиражини, обуна ишлари самарадорлигини оширишга кенг жамоатчиликни жалб этишдек эзгу ният билан жойларда семинарлар ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу сайъи ҳаракат ижобий натижалар бермоқда. Журналистлар, муҳаррирлар туман ва шаҳар газеталаридаги мавжуд шарт-шароитлар, илғор иш тажрибалари билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Бироқ газета тиражини ошириш, обуна ташкил этиш борасида кутилган самаралар бўлаётгани йўқ.

Шу ўринда мулоҳаза туғилади, газеталар учун оғир иқтисодий бир шароитда вилоят ҳокимлиги томонидан таҳририятларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинаётган саъйи ҳаракатга нима учун кенг жамоатчилик, хусусан, тиббиёт, таълим тизими мутасаддилари, фермер ва тадбиркорлар етарли даражада эътибор қаратмаяпти? Ахир ўтказилган йиғилишларда ана шу соҳалар мутасаддилари "Газета ўзимизники, уни албатта, қўллаб-қувватлаймиз" деган фикрни айтишмоқда, лекин амалий натижа кўринмаяпти. Бундан айрим раҳбарларнинг матбуот нашрларига бўлган муносабати қандай эканлиги яққол кўриниб қолмоқда. Жумладан, Андижон шаҳри, Булоқбоши, Улуғнор, Хўжаобод, Пахтаобод туманларида "Иқбол" газетаси обунасига ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаётганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.

Ҳар бир таҳририят ўз газетасига обуна ташкил этиш, провардида кутилган натижага эришиш учун муассислар, ҳамкорлар ҳамда газетхонлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиши, аниқ ва тизимли ишлар олиб бориши лозим. Ижтимоий-сиёсий газеталар обунасида эса вилоят ҳокимлигининг кўмаги муҳимдир. Обунага етарли даражада эътибор қаратилмас экан, муаммолар, айрим газеталарнинг йил   ярмига ёки ярмидан ўтиб тўхтаб қолиши, ходимларга ойлик иш ҳақларини беролмаслик сингари салбий ҳолатлари давом этаверади. Бу вилоятимиз матбуоти ривожига, тарғибот ишлари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. 

 

Газета фуқарони фаолликка ундайди

Матбуот нашрларининг мазмуни ва савияси ҳақида гап кетганда, албатта, касбий маҳорат ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Журналистик иқтидори, қобилияти бўлмаган киши ҳеч қачон матбуот соҳасида ишлай олмайди. Лекин малакали, ўз ишининг етук мутахассиси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.  Журналист сиёсий жиҳатдан етук, ижтимоий-иқтисодий соҳани яхши тушунадиган, кенг дунёқарашга эга бўлсагина, у тайёрлаган материаллар кўпчиликка маъқул ва манзур бўлади. Журналистда ана шу жиҳатлар бўлмас экан, унинг ёзганлари оддий баёндан иборат бўлиб қолаверади. Айни кунда матбуот нашрларини малакали мутахассислар билан тўлдириш ҳам муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Мухтасар айтганда, барчамизнинг ишимиз, мақсадимиз ягона. Бир-биримизга кўмак бермасдан тўлақонли фаолият юрита олмаймиз. Шу боис ҳам, ҳамкорлик, ижтимоий шериклик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Газеталаримиз саҳифаларида берилаётган материалларнинг аксариятида ўқитувчилар, шифокорлар, тадбиркорлар, фермерлар, қўйингки, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, иқтидорли ёшларимизнинг ҳаёти, фаолияти, ибратли ишлари ўз аксини топмоқда. Газета том маънода газетхонни ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, эртанги кунга умид билан қарашга, юксак    маънавиятли, шижоатли, юрт учун фидойи, эзгу ишларга камарбаста инсон бўлишга ундайди. Шу боис, ҳар бир юртдошимиз ўзи истаган матбуот нашрига обуна бўлса, мунтазам газета, журнал ўқиб борса фойдадан холи бўлмайди.

Вилоятимизда жорий йил бошида обуна ва сотув бўйича  тарқатилган қарийб 289 минг нусха газетани вилоятимизнинг 3 миллион аҳолисига тақсимлайдиган бўлсак,  тахминан ҳар 10,4 кишига бир нусха ҳафталик газета тўғри келди.

 

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Прочитано 2405 раз Последнее изменение 11 Сен 2017